Қўшработ туманида китобхонликни тарғиб этишнинг ўзига хос ва қизиқарли формати йўлга қўйилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Ёшлар ишлари бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган «Қўшработ китобхонлари–2026» мусобақаси футбол чемпионати тизими асосида ўтказилаётгани билан аҳамиятли.
Танлов 12 турдан иборат бўлиб, ҳар бир тур учун биттадан бадиий асар танланган. Ҳар ой якунида иштирокчилар ўқилган асар юзасидан компьютер орқали тест синовидан ўтади. Ҳар бир турда тўпланган очколар умумий жадвалга қўшиб борилади. Йил якунида энг кўп очко жамғарган мактаб жамоаси чемпион деб топилиб, тақдирланади. Шунингдек, ҳар бир турда энг яхши натижа кўрсатган ўқувчилар алоҳида номинациялар бўйича рағбатлантирилади.
Тестлар орқали ўқувчиларнинг мутолаа маданияти, асар мазмунини тушуниш, қаҳрамонлар ва воқеаларни эслаб қолиш, мантиқий фикрлаш ҳамда таҳлил қилиш кўникмалари баҳоланади.
Ҳозирга қадар мусобақанинг 6 та тури ўтказилиб, уларда 4100 нафардан ортиқ ўқувчи қатнашди. 24 нафар иштирокчи «Турнинг энг яхши китобхони» номинацияси билан тақдирланди.

Мусобақанинг дастлабки олти турида ўқувчилар Антуан де Сент-Экзюперининг «Кичкина шаҳзода», Собир Ўнарнинг «Чамбилбелнинг ойдаласи», Тоҳир Маликнинг «Алвидо, болалик», Ғафур Ғуломнинг «Шум бола», Эрнест Хемингуейнинг «Чол ва денгиз» ҳамда Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асарларини мутолаа қилиб, билимларини синовдан ўтказишди.
Мусобақани сифатли ташкил этиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган. Унинг таркибига олий тоифали она тили ва адабиёт ўқитувчилари, ёзувчи-ижодкорлар, журналистлар ҳамда соҳа мутахассислари жалб қилинган. Улар томонидан мусобақа низоми ва ўқиладиган асарлар рўйхати ишлаб чиқилган. Туман ахборот-кутубхона маркази мутахассислари эса ҳар бир тур учун махсус тест саволларини тайёрлаб бормоқда.
«Қўшработ китобхонлари–2026» китобхонлик мусобақаси мутолаани оммалаштиришда самарали тажрибага айланмоқда. Футбол чемпионати формати ўқувчиларни йил давомида мунтазам китоб ўқишга, ўз устида ишлашга ва соғлом рақобат муҳитида билимини синашга ундамоқда. Энг муҳими, китоб ўқиш бир кунлик тадбир эмас, балки узлуксиз интеллектуал беллашувга айланди.
Шаҳобиддин Равшанов,
Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси бош мутахассиси.