Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

У сайр қилади хаёл даштида


Маҳмуд ДИЁР – 2002 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
филология факультети талабаси. Шеърлари республика матбуотида эълон қилинган.


Қиш ташрифи


Тўкилади асаблар ерга,
Оппоқ илинж чиқади униб.
Ва бошланиб кетади бирдан
Қиш ташрифин биринчи куни.


Балчиқ кезар қўрада деҳқон,
Куймаланар ўчоқда онам.
Бардош бот-бот қон ютади, қон!
Такбир айтиб қайрағоч ёнар.


Деразани йўқламас ҳеч ким,
Унда камол топади мармар.
Сандал кутар чўғни ичикиб,
Катта энам оёғин чирмар.


Қуёш тезда тортар пардани,
Ҳувуллайди залворли кўча.
Кўтармайди совуқ гарданин,
Тез орада чироқ ҳам ўчар…


Қор…
Ва кўпчиб кетар отамнинг
Куракда очилган йўллари.
Аёз турар…
Қиш – бу онамнинг
Совуқдан қақраган қўллари.


Трагедия

Бадбин сўзлар хаёлни ювар,
Жаз тинглайди хонадош бунда.
Жаз тинглайди тўртала девор,
Пардалар ҳам паришон шундан.

Ой кўринар – уринар шуъла
Кун саҳфаси бўлганда таслим.
Ёлворади қалам пичирлаб
Ки, саждага бош қўйган муслим.

Қўшни хона шовқини оқар,
Жўн чиқади муаллиф диди.
Қоғоз ғижим бўлар, димоққа
Ўтиради сиёҳнинг ҳиди.

Бўй кўрсатар қуёш – терговчи,
Сўроқ қилиш мақсади ерни.
Ва қоламан столни қучиб,
Тугатолмай тун ҳақда шеърни…

* * *
У маъюс термилиб боқди жаҳонга,
Оламнинг шоирга раҳми келмади.
Ўзни уриб кўрди бир оломонга,
Оқибат, юракни олди элатиб.


У сайр қилади хаёл даштида,
Уни саҳифалар тинмай ўкситар.
Ёзади, ўйлайди, ёзади,
Шунда…
Шоир ўлиб қолар сўзнинг кўксида.


Юраги ёрилиб кетар қоғознинг,
Йиғлашга сиёҳи тугаган қалам.
Йиғлашга дармони қолмайди сўзнинг,
Шоир қуриб кетар шеъридан қалъа.


Илҳом денгизида юрганда сузиб,
Саҳифа тўлди-ю
Паймона тўлди.
У бунда ахтариб топмаган сўзни
Бошқа ердан излаб кўрмоқчи бўлди.



Тарк


Ўтмишимни олиб қўлимга
Ташқарига чиқсам югуриб,
Ғов бўлади сергак йўлимга
Икки даста маккасупурги.


Уввос солиб улий бошлар ит,
Жон ҳолатда мўлтирар мушук.
Қайтишимга боғлайди умид
Ўчоқбоши олдимга тушиб.


Йўлак узра ҳасрат ястанар,
Айрилиққа бурқсийди ҳаво.
Қилмишимдан ҳайрон остона,
Термилади, назари – савол.


Гарчи ҳали шом ястанмайин
Сакраб чиқар қаршимга бақа.
Мени йўлдан урмоқ истайди,
Димоғида гапирар фақат.


Улар қатор турар қаршимда…
Барини итқитиб боладек
Кетмоқчи бўлганда қаршимга
Кўйлакчан чиқади болалик!


Етим


Бу қизча осмонга омонат,
Тонг каби мусаффо ўйлари.
Булутдек қақраган самода
Униққан, йиртилган кўйлаги.


Мўлтираб термилар кўзчалар,
Дунёнинг у билан иши йўқ.
Бир бўлак егулик кўчага
Ташланар – ҳаётга иштиёқ.


Офицер сўрайди: – Қаерда
Волиданг,
Ё отанг,
Ё аканг,
Қаровчинг?..
Худдики шу ерда бўлардай
Кўрсатар икки бўш ҳовучин.


Юзига қалқади кулгичи,
Қилмишин йўяди шўхликка.
Айтинг-чи, йиғламай бўларми,
Бу қадар муттасил йўқликка?


Ташландиқ


Куз сўнггида ғариб бир япроқ
Ёлғиз турар дарахт шохида.
Нигоҳлари – қаҳратон сўроқ,
Қиш ҳаймиқар унинг оҳидан.


Титрар,
қақшар,
силкинар банди
Узилгудек сал ишоратга.
Ҳамроҳлари қайларда санқир
Уни ёлғиз ташлаб ғоратга?!


Ёғилади кечанинг сели,
Ваҳм уни қучиб ётади.
Шамол унинг бандидан тутиб,
Узиб олмоқ учун тортади.


Бўйин чўзиб гоҳида бақа
Ўтган йилдан сўйлар асотир.
Бир мавҳумлик қийнайди фақат,
Уни қийнар кузнинг жасади.


Нигоҳлардан жунжикар бадан,
Юрагини юлар гоҳида.
Босолмайин боққа бир қадам
Қиш ҳайиқар унинг оҳидан!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil