Нодира ОФОҚ – филология фанлари доктори. 1966 йилда туғилган. Бухоро давлат
университетининг тил ва адабиёт факультетини тамомлаган. Унинг “Баҳорнинг
бошланиши”, “Аросат фасли”, “Кўнгил шеваси”, “Сўз айвони”,“Қора наво”, “Ватан
дарслари”, “Бизнинг эра” каби китоблари нашр этилган.
Туркум
Ушбу туркум улуғвор ҳазрат Навоийдан ҳайратнинг ожизона
чизгиларидир. Яъники, туркумдаги ҳар бир ғазалнинг сўнгги мисраси
Ҳазрат қаламига мансуб.
1
Муҳаббат шавқидан борлиқни қилдинг, Раббано, пайдо!
Муҳаббат шавқидан борми бўлак бир шавқ яна аъло?
Муҳаббат шавқидан этдинг қаро тупроқни юксак, сўнг
Қаро тупроқ бўлиб шуъла била пайванд – самар зебо.
Муҳаббат шавқини солдинг – яратмоқ завқи бу, ё Раб!
Юрак чоқин йўлин юргай. Куяр, кул ўлмагай илло.
Муҳаббат шавқидан кўзлар этар мўъжизалар зоҳир:
Қуёшдай порлагай тунлар ичинда чеҳраи Лайло.
Муҳаббат шавқидан мастлар бўлиб, тўймай шаробига,
Яна хуммор, яна махмур; яна ошиқ, яна шайдо.
Муҳаббат шавқидан мажнун эсам, ахтарсалар чора,
Муножотлар қилай: “Ҳаргиз бу шавқдан этмагил айро!”
Муҳаббат шавқидан фоллар очибмен; чиқди бу, Ҳазрат:
“Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо”.
2
Эй! Набий ҳамда расуллар ўтдилар кўб, эй ҳабиб,
Бўлдингиз марғублар ичра бунча марғуб, эй ҳабиб.
Офтобдур – теграсида коинот юлдузлари
Ким, қиёсу миқёсингиз шунга тортиб, эй ҳабиб.
Бўлди пайдо барчадан аввал у нури Мустафо,
Сизни суймиш – шундан эрмиш буйла тартиб, эй ҳабиб.
Бунча фазлу, бунча рутба! Ҳам “Ҳабибуллоҳ” санаб,
Аллоҳ-Аллоҳ! Иззатингиз бунча ортиб, эй ҳабиб!
Тушларимга кирсангиз… Кимман таманно этгали?
“Суратим, – дебсиз, – фақат ўзимга мансуб”, эй ҳабиб.
Тунлари Мино намоён – тоғ эрур, ойдоғ эмас,
Ой эмас кўк қўйнида Сиздан у мактуб, эй ҳабиб.
Бу муҳаббат шевасиким – иштиқоқу1 иншиқоқ2:
“Ҳақ ўзин қилди муҳиб, сен ойни маҳбуб, эй ҳабиб”.
3
Кел, менинг жонимни олгил, сиғмаяпти – тормен,
Жонни олса ул фаришта, деб йўлингга зормен.
Билмадим, топгаймисен, чунки маним ҳолим будур:
Йўқ хабар ўздин ўзимга: йўқми мен ё бормен?
Қўрқаманким: топсангу шахд этмасанг, раҳм айласанг,
Ўлмагим нақд, олмасанг жонни – ажаб абгормен.
Токи бу абгор аро жондан бўлак ҳам кўп ғаним:
Жонни қўй, кўнглимни олгил – шунга ҳам тайёрмен.
Таъна қилма сўйладинг деб ҳуш била беҳуш аро,
Олдинг ақлу ҳушни ҳам қандоқ бўлай ҳушёр мен?
1Иштиқоқ – ар. ажратиш. Ўзакдош сўзларни қўллашдан иборат усул, бадиий санъат. Ҳазрат На
воийнинг мисраси бизнинг байтда тазмин қилинган наът-ғазали бошдан-оёқ мазкур бадиий санъат
асосида яратилган.
2Иншиқоқ – ар. ёрилиш. Муҳаммад (с.а.в.) томонларидан кўрсатилган ойни иккига бўлишдан
иборат мўъжизага ишора. Қуръони каримда “Иншиқоқ” номли сураям мавжуд.
Ишқ недир? Кўзга кўринмас сирдурур ишқ. Худдики,
Шул кўринмас заррадин мен хастамен, бедормен.
Кел кечикмай, қонидан кеч мендан ўзга ишқ элин,
“Не тирикмен, не ўлик, не соғ, не бемормен”.
4
То соғинмоқ бўлди касбим, ваҳ, мени соғинди зуҳд,
То унутмоқ бўлди касбинг – менга бу олам унут.
Ё борурга изн бергил, ё ўзинг кел… Во дариғ!
Бори исён бундайин шарт айламак. Маъзур тут.
Ишқ – ё дард, ё шифодур; ёки малҳам, ёки заҳр –
Англамак осон эмас – мен гоҳи бехуд, гоҳи худ.
Ё ҳушим айланса тушга – ҳажридан кетсам йироқ,
Ё тушим айланса ҳушга – васлидан келса умид.
Ё ҳажрдан, ё васлдан – ваҳ, муқаррар биттаси –
Ёрилур охирда бу дил, тўзғигай пардек вужуд.
Ҳар на айтсам, ҳар на қилсам – эл билар, ўтгай кулиб,
Боиси – гул фасли таъсир айламиш мажнунга зуд.
Бу алаҳлаш хастанингдир – қилма парво, инжима:
“Ё соғинмоғни соғин, ёхуд унутмоқни унут!”
5
Бўл омон. Сенким, менга қисмат қадарли беомон,
Бу омонлик баҳсида мен – бир, икингиз – бир томон.
Исминг айтсам гар, тушар титроққа товуш пайларим,
Ул арузлардан равон – булбул тилини тишлабон.
Тим қаро осмонда сузса ой тўлин, девонаман,
Мўъжизадирким, кўзинг акси эмиш ой-осмон.
Ўзни қўймоқ истарам бир дам хаёлан ёнинга,
Ваҳ, шу ҳам бўлмас муяссар. Бу нечук сир – ноаён?
Жабрингу қаҳринг, жафойинг, иддаойинг яхшидир,
Эътиборсиз қўймадинг, бас. Қилмасанг парво – ёмон.
Ихтиёрим бўлса, тушмас эрдим ишқинг домига,
То тушибмен: “Тушмаганларга, – дегаймен, – алъамон!”3
3 “Ёрдам бер!” маъносидаги ундов сўз.
Яхшилик қилмоқ эсанг, бас, бир “ёмонимсан” десанг,
“Яхшилардин яхшисен сен, мен – ёмонлардин ёмон…”
6
Куйма дерлар дўстлар, бу хорижи имкон эрур,
Ғам эрур куймаслик ортиқ, куймагим осон эрур.
Куймак эрмиш то туғилмай аҳли ишқнинг қисмати,
Ҳақ ўзи ўт солган – ошиқ кўкси оташдон эрур.
Тунда оҳим учқунидан илма-тешикдир фалак,
Доғ эрур ой асраёлмай, тунги гар посбон эрур.
Ўт била ўйнашгай ошиқ – балки, чорлар фитрати;
Билмадим, парвона оё; балки бир нодон эрур.
Балки, асли қуш яралган – бунча шиддат, бунча тафт!
Бир нафас қўнмиш заминга, ошён – осмон эрур.
Ўт бўлай, тупроқ бўлай – қадримга етса-етмаса,
Қадр сўрмак шеваси йўқ – ишқ ажаб лисон эрур.
Икки ўтдир жону жонон – ўртанурман ўртада:
“Жон эрур, жонон эмас, ё жон эмас, жонон эрур”.
7
Сўрма ҳолим… Айланиб минг, етти осмон бўлди паст,
Ер тубанлар сори учди… Қайдаман мен шул нафас?
Очилиб, оташ бўлиб, гоҳ сочилиб, гоҳ замҳарир…
Тўрт фасл бир лаҳзалик ҳол шарҳига тамсил эмас.
Сўрма ҳолим боисин билсанг агар, бўлди азал
Ким, бино олам биноси – не сабаб, не эрди қасд.
Ҳам “Сиғар”дир, ҳам “Шабоб”, гоҳи “Васат”, гоҳи “Кибар” –
Барчаси ҳолимдан айтур – ишқпарастмиз, ҳақпараст.
Гоҳи даврон, гоҳи маҳрам, гоҳи кўнгил бўлдилар,
Шоири бечорага ағёр – бу оё янгимас?
Бода ич, синдир қадаҳни! Бошни ол, кет бир сари!
Жаври ағёр бирла ёрдин шул шиорим бўлди, бас!
Минг синиб, минг бут ўлибман. Энди билдим, Ҳазратим:
“Билмагай ҳолим шикастин кўрмаган бунча шикаст”.