Латофат АМИРОВА – 1997 йилда туғилган. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
университетининг филология факультетини тамомлаган. Шеърлари республика
матбуотида эълон қилинган.
Тугаса дийдорлар тугайди,
Биздан кейин тугаб қолмайди ҳаёт.
Қалбдаги залворлар тугайди.
Тугаса, тугасин! Дод! Ҳайҳот!..
Кетар бўлсам отмай қолмас қуёшингиз,
Кечар бўлсанг, осмонларим қолмас ойсиз!
Менсизликнинг сўқмоқлари йўлдошингиз,
Яна бахтли бўлоламиз тушунинг, сиз!
Мен кўп кутдим қалб эшигим очиб ҳайҳот,
Кирдингизу эшикларни ёпмадингиз!
Биз кутгандек бўлмас экан доим ҳаёт!
Севдингизу, мендан мени топмадингиз!
Тугаса дийдорлар тугайди…
Биздан кейин тугаб қолмайди ҳаёт!
Мен бир тўлдим, денгизларга ағдаргулик …
Сезяпсизми? Юрагимда бахт ёғалоқ…
Қаранг, ишқнинг яноқлари қирмиз гуллик,
Сизга бунча ўхшайди-я, бу қизалоқ…
Юрагимнинг пештоқига ҳилол қўнди,
Кўзларимда долғаланди етти олам,
Савол тинди, завол тинди, хаёл тинди,
Қувончлардан бунёд бўлди ҳар зувалам!
Баҳорги майсадек титранди кўнглим,
Бир ҳузур симирди қақраган руҳим
Абри найсонлардек қароғим лим-лим,
Самодек пойимга чўкди аллаким…
Гулларга ўранди вужудим оташ,
Бахтдек ёғиб келди, кулди жамолим,
Руҳи равонимда бир ҳис жонталаш,
Сени дунёларча севдим, ҳалолим!