Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Умид АЛИ. ДАРВОЗА (ҳикоя)

Кутилмаганда гирди баланд тош деворлар билан ўралган ётоқхонамиз ҳовлисидаги дарвозани алмаштиришди. Энди ичкарига кириб чиқиш аввалгидан неча карра мушкулроқ кечадиган бўлди. Узрлими, узрсиз, белгиланган вақтда етиб келмадингми, тамом: жонсиз пўлат қошингда эрталабгача “соқов” бўлиб тураверади. Тилдан қолгунча ялиниб-ёлворма, йиғлаб-сиқтанма, бенаф, остонадан нарига ўтишга йўл йўқ. Биров сени у ерга олиб киришга ҳам ҳад қилолмайди. Дақиқа, соат санаб тонг отишини кутасан.
Илгари, бўсағадан сал берироқда ўзига ўхшаб қариб-қартайган ёғоч ўриндиқда ўтирган кўйи ўтиб-қайтаётган талаба йигит-қизлардан кўз узмайдиган қоровул амакининг кайфиятига қараб кириш-чиқиш қилардик. Занғар, эшик қулфланадиган вақтдан ақалли бир сония кечиксак ҳам ичкарига қўймайман, деб туриб олар, тоза одамни қон қилиб сўров-суруқ тизгинини ёйиб юборарди:
“– Шу маҳалда қайдан келяпсан? Нима иш қилиб келяпсан? Нега кечикдинг? Нимага тартибни бузяпсан? Соат неча бўлганини биласанми?..”
Ёмғирдек ёғилган саволларнинг ҳар бирига маънили жавоб қайтарсанг ва ҳар бир сўзингга далил келтирсанг, олам гулистон бўлардику-я, мабодо акси бўлса, онангни учқўрғондан кўришинг тайин эди. Тўғри, “терговчи” (биз, талабалар унга шундай лақаб қўйган эдик) таъзиримизни бериш учун саваламасди (бунга ҳақи йўқ эди), аммо бундан беш баттарини қиларди. Шундай юзинг олдида эшикни тарс ёпиб, далага қувардики, қаҳратонми, жазирами, фарқи йўқ: зим-зиё кўчада азонгача қалтираб-қақшаб юришдан ўзга чоранг қолмасди. Аммо-лекин у тирик жон, юрак дегуликдан бор эди. Кўнглига йўл топа олсак, “шлагбаум” йўлимиздан кўтариларди…
Дарвоза янгисига алмашган куни кайфиятим кўтарилиб кетди. Негаки, у баҳор фаслини эслатиб, қалбларга бир олам нашида таратадигандай эди. Билмадим, қопқа бошқаларда қандай таассурот уйғонди, аммо мен унинг қуюқ яшилга чапланганидан шод эдим.
Бироқ бу пўлат дарвоза ранги яшил бўлгани билан руҳи, жони йўқ… кошки унда қалб дегуликдан бўлса…
Энди аввалги қоровул амаки ҳам йўқ (ким билсин, ўлиб нетганми ё ишдан ҳайдашганми), ҳайбатли эшик компьютер ёрдамида бошқарилар, афтидан ўз-ўзини идора қиларди.
Ётоқхонага кириш-чиқиш тартиби тоза метин тус олиб борарди. Ётоқдошлар тунда эшикдан нарида қолиб кетмаслик учун интизом сақлашга тиришишар, ён чўнтакларидан талабалик гувоҳномасини жилдиришмас, зарил ишлари бўлса, кундузи бирровга кўчага чиқиб келишар, шунда ҳам тезроқ қайтишга ҳаракат қилишарди.
Янги дарвозанинг найранглари у ўрнатилгандан бир ҳафта ўтар-ўтмас, тешик қулоққа чалина бошлади. Аввалига талабалардан кимдир “бошимизга ёнғоқ чақиладиганга ўхшаяпти, бу адо бўлгур кундузи ҳам бизга йўл бермаяпти, роса бир соат кутдим очилгунича” дея маломат қилган бўлса, кейин бошқаси “ўз кўзим билан кўрдим, яшил ранг дарвоза бирдан қондай қип-қизил бўлиб қолди, ўлай агар, рост гапиряпман” деб ҳамманинг капалагини учириб юборган эмиш. Яна биттаси “қизил эмас, ранги сап-сариқ, тилладай сап-сариқ” деб ётоқдагиларнинг кўнгилга ғулғула солибди.
Бу гаплар уналик ваҳима қилгулик бўлмаса ҳам, йигит-қизлар худди ажал шарпасини сезишгандек қўрқиб-писиб, титраб-қақшаб, пичирлаб сўзлашарди.
Рост. Ётоқхонадагиларнинг тинчи бузилган эди. Улар қанчалар тартибга келиб, бу ердаги темир интизомга сўзсиз бўйсунишмасин, сир-синоатга лим бу пўлат дарвоза ҳақидаги гаплар кундан кун даҳшатли тус олиб, ҳамманинг ўтини олиб қўйган эди. Юрак олдириб қўйган талабалардан бири кечки хўрак маҳали ётоқхонадан бошқа ерга кўчмоқчи бўлиб, лаш-лушларини жомадонига солиб хонаси эшиги олдига келса, ёпиқмиш. У бир соат тер тўкибди очишга. Бечора эшик тутқичини тортқилавериб-тортқилавериб, мадордан ҳам қолибди. Хонадоши келиб қолибди бахтига. “Ҳа” деса, “Тутқич магнит бўлиб қолибди, кошки ундан қўлимни узолсам” дер эмиш. Дугонаси унинг гапи ростми-ёлғонми деб, бориб тутқичдан ушласа, ҳаммаси рисоладагидай. Кейин уни хаёлпараст, деб кулибди. Сўнг шошиб ўзи қўл узатса, ростдан тутқичда бояги “жон” асорати йўқ…
Мен бу каби ланж, болаларни қўрқитиш учун атай ўйлаб топиладиган эртакларга ишонмас эдим, йўқ. Қад-қомати Алпомиш-у Барчинга келбат берадиган талабаларнинг бу қадар қўрқоқлиги, бачканалиги ғашимни келтирарди. Аммо бир куни шундай мудҳиш воқеа юз бердики, оғиздан оғизга кўчиб юрган сўз-гапларнинг, миш-мишларнинг ҳақиқат эканлигига ишонишдан бошқа чорам қолмади.
Ўша куни тўрт жуфт соат дарсимиз бўлса-да, иккитасига аранг чидаб ўтирдим. Бошим шу қадар лўқиллаб оғрирдики (кечаси алламаҳалгача телефон титкилаб ўтирганман), охири чидай олмаганимдан, танаффусга қўнғироқ чалиниши билан аудиториядан чиқиб, тўғри ётоққа келдим.
Ҳайбатини тўкиб турган, на тутқич, на дарчаси бор яшил ранг пўлат дарвоза яқинлашишим билан оғзи ланг очилди-ю, аммо сония ўтмай шиддат билан тағин беркилди. Зарғалдоқ тусга кирди. Юрагим шув этиб кетди. Мен бўсағага келиб қолган, агар оёғимни у ерга қўйганимда дарвозанинг пичоқдай кескир қирралари нақ иккига бўлиб ташлаши мумкин эди. Ён-веримга қарадим: ҳеч зоғ йўқ. Ҳам қўрқув, ҳам нафратим тошиб, ўзимни тия олмадим. Тилимдан шундай хунук сўзлар отилиб чиқа бошлади.
-Лаънати! Оч! Оч, деяпман…
Билиб турибман, дарвозанинг жони йўқ. Жони бўлмганидан кейин қалби ҳам, онг-у шуури, қулоғ-у забони ҳам йўқ. Мен эса шу темир нусха гапларимни мисоли тушунадигандек, жаҳл устида уни ҳам сўзлар билан савалаб, ҳам “тезроқ очил” деб буйруқ беряпман:
– Очил лаънати, очил тутуруғи йўқ темир-терсак эшик… Оч деяпман….
Шу сўзларни айтишимни биламан, дарвозанинг чекка-чеккаларида майда-майда қон томчилари тепчиб чиқди. Сесканиб кетдим. Ҳаял ўтмай улар кенгайиб, тангадек каттарди, сўнг яна ўсди, хуллас кўз юмиб очгунча дарвозани қип-қизил рангга қориштириб ташлади. Ҳа, ҳа, бир нафас олдин кўзим олдидаги бу яшил ранг қопқа сариқ тусга инган, мана энди баҳайбат қон ранг дарвозага айланган эди. Гўё у шу топда ҳовуз тўла қизил бўёққа ботириб олинганга ўхшарди.
Юрагим увишиб кетди. Ҳайкалдек қотибман-қолибман. Оёқларим шу қадар ерга бойлангандики, жонимни асраб қолиш учун орқага тисланишга, қочиб қолишга ўзимда куч тополмаётган эдим. Тилим танглайимга ёпишган, бирор калимага айланмас, миямга тузукроқ ўй ҳам келмасди. Афтидан, жон маълум муддатга вужудимдан юлқиниб чиқиб, осмону фалакка учиб кетган-у, мен қуруқ гавда бу қонранг қопқадан кўз узмай тикилиб турардим.
Қанча вақт шу кўйи турдим, билмайман. Атрофда “чуғур-чуғур” бошланиб, қулоғимга сабоқдошларимнинг таниш овозлари киргач, ўзимга келдим. Аммо эс-эс биламан, кўз узмай қараб турганим – алвон ранг дарвоза сарғиш тус олиб, сўнг тағин аввалги ҳолига қайтаётганди.
– Ие, бу ерда нима қилиб турибсиз, кирмайсизми ичкарига?
– Яхшимисиз, бирор гап бўлдими?
– Тинчликми? Дарвоза ёпилиб қолган эканми?
Тўрт томонимдан ётоқдошлар мени давра қилиб олишиб, саволлар дўлини ёғдира кетишди. Бир неча лаҳза олдин ҳолим абгор эди, ҳозир ҳам бир аждаҳо оғзидан тирик қайтгандек ҳис қилиб тургандим ўзимни. Аммо ён-веримдагилар ваҳимага тушмасин, деб сир бой бермадим:
– Ҳаммаси жойида. Кетдик…
Ёлғон. Ҳаммаси жойида эмас эди. Юрагимга ваҳм уя қурган, вужуду борлиғимни қўрқув ришталари чирмаб ташлаган, фароғату роҳатлар ўрнини азоб-у изтироблар эгаллаганди.
Шу кеч кўзларимга уйқу келмади. Ўзимни мажбурлаб ухлашга чоғландим. Йўқ, кўзларимни юмдим дегунча тасаввуримда ётоқхона дарвозаси лоп этиб пайдо бўлар, қонга бўккан қип-қизил девдек “вужуди” ваҳшат уфура бошларди.
Ўрнимдан туриб кетдим. Хонадошимнинг бўм-бўш ўрнига нигоҳим тушиб, хўрсиниб юбордим (у кеча қишлоғига кетганди).
Тунни уйғоқ ўтказдим. Китоб ўқидим, телефон ёқиб, интернетда видеороликлар томоша қилдим. Шу тахлит ўзимни чалғитишга уриндим. Аммо саҳарга бориб, бўшашдим. Уйқу охир ғолиб келди.
Эрталабки чинқириқдан уйғониб кетдим. Тура солиб, деразадан овоз келган томонга – дарвоза тарафга мўраладим. Бир ётоқ одам тўпланган, нималарнидир муҳокама қилётганга ўхшарди. Хонадан отилиб чиқиб, ўша ёққа югурдим.
Пўлат дарвозага яқинлашганимда, ҳамма тўзиди. Юрагим така-пука бўлди.
– Ўзи нима гап? – сўрадим қаршимдан чиққан бир талаба йигитга.
– Битта қиз саҳармардонлаб кўчага чиқмоқчи бўлган экан. Қаймоқ егиси келибди. Дўконга бораман, деб дарвозага яқинлашаса, очилмабди. Ҳамма ёқ ўз-ўзидан қон бўлиб кетибди. Кўзига кўринган. Қўрққан-да.
“Қўрқмай бўладими? Ўзим кеча шу кўйга тушдимку?”
Афтидан, йигит янги келганга ўхшарди. Бўлаётган гаплардан хабари йўқми… Ундан бошқа ҳеч нима сўрамадим. Йўлига кетди. Мен хонага қайтиб келдим. Юз-қўлларимни ювдим. Бироқ нонушта қилмадим. Иштаҳам бўлмади.
Шу куни кечқурун қўрқув исканжага олган бу лаънати маскандан бош олиб чиқиб кетиш режасини туздим. Кечқурун чиқиб кетишнинг иложи йўқлиги аён, шу боис бу ишни фақат кундузи, дарсдан сўнг амалга ошириш мумкин эди…
Дарслар тугаб, сабоқдошлар тўғри ётоқхонага йўрғалашганда мен йўлни бошқа томонга, шаҳар ичкарироғига бурдим.
Бир ҳафта олдин университетда ўқиётган мактабдош ўртоғим Самад менга телефон қилиб, ижара уйда бир хонадоши билан яшаётгани, тағин яна бир ижарашин кераклигини айтганида, топилса, ўша он қайтиб қўнғироқ қиламан дегандим. Мана, ижарашин топилди. Ўзим. Ҳозир у ўрнашган уйни излаб, маҳаллага кириб келяпману, юрагим қувончга, сурурга тўлиб боряпти:
“Бўлди. Қутулдим. Лаънати ётоқхонани энди елкамнинг чуқури кўрсин. Ўртоғимникида озод бўламан. Хоҳласам, ярим оқшом чиқиб бемалол шаҳарни айланиб келаман. Мен озод қушман…”


…Тун ярмида уйғониб кетдим. Самад девор томонга ўгирилиб ёнбош ётар, шериги ундан сал берироқда тош қотиб ухларди.
Сув ичгим келди. Ўрнимдан туриб, ошхонага йўналдим. Келиб, сув жўмрагини бурагандим, “пшш” деб овоз чиқдию ақалли томчи томмади.
“Лаънати, қурибди шекилли”.
У ер-бу ерга кўз ташладим. Пақир тагида икки косача сув бор экан. Челакни кўтариб, косанинг лабини оғзимга келтиргандим, кўнглим беҳузур бўлди. Сув, афтидан, бир неча кун турган шекилли, ҳид олганди.
“Э, ташқарида ҳам кран бор-ку!”- миям ишлаб кетди шу дам.
Кундузи кўчадан дарвозага яқинлашаётиб, кўзим илкис чеккадаги сув кранига тушиб ажаблангандим. Бунинг сабабини дўстимдан сўраганимда тузукроқ фикр айтмади, “ана, ошхонада ҳам бор-ку” деди беғамлик билан. Тузукку-я, аммо мана бундай пайтлар яна кўчага йўрғалашга мажбур бўлсан-да.
Ошхонадан йўлак оша ҳовлига чиқдим.
Ой ҳамма ерни ёритиб турарди.
Дарвозага яқин келиб, дарча тутқичидан тортгандим, очилмади. Кираверишда зеҳн солмаган эканман, бу ҳам яшилтоб экан. Аммо негадир очилмаяпти. Қулфлоғлиқмикан, деб мурватга энди кафт ургандим, илкис дарвоза зарғалдоқ тусга кирди. Кейин ҳаял ўтмай…
Ё, алҳазар! Тушимми? Ўнгимми? Ҳозиргина ойдинда ялт-юлт этиб турган яшил эшик институтимиз ётоқхонаси дарвозаси сингари алвонлашиб, даҳшат уфура кетди.
– Овора бўлма. Оқшом очилмайди барибир.
Ортимда Самаднинг шарпасини сездим. У менга яқинлашиб, бир қўлини елкамга ташлади.
– Ўз уйинг бўлмаганидан кейин чидашга мажбур бўларкансан. “Хозяйка” ҳар кеч устимиздан қулфлаб кетади.

Умид АЛИ – 1978-йилда туғилган. 2001 йилда Самарқанд Давлат университетининг Ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Эрудит” МЧЖ таркибидаги қатор газета ва журналларда ишлаган. Айни дам Ургут туманидаги 98-ўрта умум таълим мактабида ўқитувчи. Ижодкорнинг “Дилмоҳим”, “Кўнгилга йўл”, “Салом, ширин туйғулар”, “Кўнгилга сайр”, “731-қадам”, “Икки қутб” каби шеърий ва насрий китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмас аъзоси.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil