Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Йилларни кафтида ғижимлар аёл

Дилноза КАМОЛ


Ҳайрат


Куз.
Изтиробларга тўла тўлин ойни
елкасида опичлаб
сўнгги йўлга кузатаяпти булут…
ёмғир қуяди шекилли…
Куз.
Янги туғилган ойни
елкасида бешикдай авайлаб
турибди булут…
ёмғир қуяди шекилли…


Узум доналари


Стол устида узум доналари…
Чалғиди хаёл.
Узумдек ширин болалик,
Узум доналаридек сочилган дугоналар…
Тақдир ва йилларни
Кафтларида ғижимлар аёл.
ҳаммасини ўзгартириш мумкин эди…
Йўқотилган болалик,
йўқотилган кулгулар
йўқотилган вақт…
Болалик
ўзи қаердан бошланади… қаерда тугайди?
Кун ва тун қўшилиб кетганидан
соат милларига қарамай қўйганидами…
рўзғор камини тўлдириш илинжида
қўллари қайчининг изидан қаварганидами…
баданлари калтакнинг дастидан эзилганидами…
ўз уйида, пойгакда, бегонадек уялиб, тортиниб,
ўзи пиширган нонга қўл узатганидами…
болаларининг ҳаёти ширин бўлсин деб,
халтадан тикиб олган катта сумкасидан
бирини елкасида, бирини қўлида кўтарганча
зил-замбил қовунларни
уйига ташиб келган эркаксифат аёл
узум доналарини кафтида ғижимларкан
ўйларди…
Болалик
қачон бошланганди, қачон тугаганди…


Нур ташрифи


Мен ёмғирдан олиб бўса,
Кўзёшимни ҳўплаб кўрдим.
Оёғимга ботса ҳам тош,
Тош устида ўйнаб кўрдим.
Гир айландим, қулоч ёзиб,
Руҳим учди кўкка томон.
Нуқта бўлиб кўринди ер
Асл ҳаёт бошланган он…
Ақл ўчган, ҳис – илоҳий,
Эрка руҳим ўйнаб юрар.
Юлдузларни пуфлаганча
Менга недир қараб турар…
Бу нимадир, кенг бўшлиқда
Яшнаб турар улкан чўғ –
Қуёш билан бирлашаман,
Ҳайратдаман,
Ёнганим йўқ!
қанотларим ўсиб борар,
сизиб борар ялтироқ нур!
кўринмайди бирор нарса
фақат
нур,
нур,
нур!


Руҳимни яйрат


Тўкилса юрагим тўкилди фақат,
Қаламдан қоғозга томди дарди ҳол.
Ғам-ситам ўрлаган тундек қалбимга,
Ҳилол ёғдусидан олиб бер мисқол.
Яратган, руҳимни бир лаҳза яйрат,
Кенглигин ҳис қилсин мовий осмонни.
Оҳиста тутибон элтай ўзингга,
Тандаги омонат шу битта жонни.
Сен ишқ тулпорига босиб бер эгар,
Сўнг унинг жиловин тутайин маҳкам.
Ё Роббий, ўзингдан ўзини сўрар,
Қисматини сенга топширган одам!


ИЛҲОМИ ДОИМО БЕДОР БЎЛСИН


Мен Дилноза Камолнинг матбуот ва ижтимоий тармоқларда чоп қилинаётган
шеърларини анчадан бери кузатиб келаман. Унда хоҳ шеър бўлсин, хоҳ мақола ёхуд
бирор пост бўлсин, кўнгил изҳори ёки у ёки бу муаммога муносабат билдириш
орқали ўзини излаётган безовта қалбни кўраман.
Безовталиги шундаки, дунёни бекаму кўст кўрмоқ истайди, унинг кемтикларини
куюнчак фикри билан тузатмоқ, тафти баланд сатрлари билан тўлдирмоқ истайди.
Мана шу куюнчаклиги – хоҳ шеър, хоҳ мақола, хоҳ ижтимоий тармоқлардаги
постлари бўлсин – бир сўз билан айтганда, кенг маънодаги поэзияга айланади.
Ўша куюнчаклик аччиқ ташбиҳларга дўнади:
…Йўлларга сочилдим – боримни тўкдим…
…Тақдир ва йилларни
Кафтларида ғижимлар аёл…
Ёзганларини ўқиб келасиз-да, “Узум доналари” шеърига келганда, ўқувчини
сескантирувчи савол ўртага ташланади:
Болалик
ўзи қаердан бошланади… қаерда тугайди?
Йилларни кафтида ғижимлар аёл
Сўнгра жавоб излаш жараёнида бундан-да оғир жавоб ўрнини босувчи саволлар
қўйилади.
Кун ва тун қўшилиб кетганидан
соат милларига қарамай қўйганидами…
рўзғор камини тўлдириш илинжида
қўллари қайчининг изидан қаварганидами…
баданлари калтакнинг дастидан эзилганидами…
ўз уйда, пойгакда, бегонадек уялиб, тортиниб,
ўзи пиширган нонга қўл узатганидами…
Шу тариқа ҳаётнинг барча тўсиғу кўргиликларини енгиб ўтган аёлнинг армонли
портрети чизилади ва ўртага “Болалик қачон бошланганди, қачон тугаганди…”
деган юракни ўртаб юборувчи якуний савол қўйилади.
Айрим ўқувчилар аёл портретини бунчалик қорамтир рангларда чизиш
керакмиди, деган савол бериши мумкин. Ҳа, керак эди! Шу тариқа оиласи учун
ўзини ўққа-чўққа уришдан тоймайдиган, ҳар қандай маҳрумиятга чидашга тайёр
ва иродаси букилмаган, кучли аёл гавдаланади кўз ўнгимизда. Унинг ҳаёти биз
кўникиб қолган қолипларга сиғмайди. Аёлнинг аёллиги, ҳаёти, уни тасвирлаётган
шеърнинг эса ҳақиқий шеърлиги мана шу бўлса не ажаб.
Мен Дилнозага инсон қалби деган буюк уммондан тинмай дурлар тераверишни
ва илҳоми доимо бедор бўлишини тилаб қоламан.
ФАХРИЁР,
шоир


Ташқарида
Ташқарида ҳамма нотаниш,
Ўралашиб ётаман дардга.
Минг хаёллар қилмоқда сархуш,
Изғиб юрар тантиқ руҳ, якка.
Оловланар дил дардга асир,
Кўкдан шафақ юракка кўчган.
Умр мезон ўлчови ҳам сир,
Умид номли илинжлар ўчган.
Емирилар асов бардошим,
Беҳаловат юрагим хаста.
Залворли юк дунёнинг тоши,
Бўғзимгача тиқилар аста.
Эзиламан, ололмам нафас,
Руҳ истайди мовий кенгликни.
Энди бориб, қоғозга эмас,
Оқ булутга ёзгум битикни.
Ва ниҳоят йўргакланди тан,
Аллалайди дунё бешиги.
Мен бир умр орзиқиб кутган,
Очиляпти само эшиги.
Ташқарида ҳамма нотаниш…


Севдим


Ниҳолман, шамолда кетмадим синиб,
Кутаман, ёмғирлар қолади тиниб,
Юрганда чанглари эгнига иниб,
Бобом шудгор қилган заминни севдим.
Қасам ич, дедилар, ростини сўзла,
Дедим, отар бўлсанг манглайни кўзла,
Тупроқни безаган хазонлар узра,
Момом мангу ётган заминни севдим.
Йўлларга сочилдим, боримни тўкдим,
Гоҳ шеърга айландим, ўқиб ўтди ким…
Анинг борлигини кузатганда жим,
Фалак юлдуз отган заминни севдим.


Юрагимда бир сўз ловуллар


Жиловланмас ҳисларим енгиб,
Юрагимда бир сўз ловуллар.
Навоийдек топилмас тенги,
Шоири йўқ юртлар ҳувуллар.
Сукут сақлаб бўлмайди ортиқ,
Туркистонга бўлайлик ровий.
«Буюк тарих» қилмоқда тортиқ –
Самарқандда Имом Бухорий!
Тушларимда кўк кўрпасидан,
Юлдуз сочган Мирзо Улуғбек.
Пойи Калон қобирғасидан,
Дунёларга танилган ўзбек!
Мен бир оддий Китобнинг қизи,
Ўтдим майса сочин шоналаб.
Тоғларида пайғамбар изи,
Тошларини тердим доналаб…
Йилларни кафтида ғижимлар аёл
Кўзни олар кўкда мис танга,
Кундузлари берибди чирой.
Кечалари муаллақ турган –
Балдоғимга ўхшар тўлин ой!
Эркинликнинг завқу шавқида,
Яшаяпман қалбимда жаннат.
То ўлгунча Ватан ишқида,
Ёнмоқликнинг ўзи катта бахт!


Энди йиғламайман


Кўча совуқ…
Атроф жимжит!
Тилло ранг баргини тўкиб,
яланғоч яшашга маҳкум бўлаётган дарахтларда
маҳзунлик кайфияти тобора
авж олиб борар экан,
серғавғо умримнинг сўнгги фаслини
кузатаётгандекман гўё!
Яна ким билсин?!.
Булутлар ортида асир бўлиб турган қуёш,
секин мўралаб,
заррин нурини бир сочади-ю,
яна ғойиб бўлади.
Дарди кўп ошиқдек тинмаётган шамол
ҳамон сочларимни
у ёқдан, бу ёққа тортқилаш билан овора.
Мен суянган бир тоғ қулади.
Бу муҳаббат тоғи,
Бу ишқ тоғи эди.
Энди эса ундан фақатгина доғ қолди, холос.
Қалбимда мунгли сукунат ила
совуқдан ачишаётган кўзларимдаги
ёшни арта туриб,
ўз-ўзимга секин пичирлайман –
Энди йиғламайман!


Энди ортга қарамасман


Энди ортга қарамасман бас,
Йўлингизга бўлмам интизор.
Кечалари дилсиёҳ бўлиб,
Ортиқ сиз деб йиғламасман ёр!
Туйғуларим жиловлаб кўмдим,
Юрагимнинг чуқур қаърига.
Сиздан қолган хотираларнинг,
Қўл силтагум бари-барига.
Ишқни дея ёнган бу кўнгил,
Қайтиб ишққа босмагай қадам.
Ёдга сизни бегона этиб,
Ўчиргайман исмингизни ҳам.
Қайғурманг ҳеч ёлғиз эмасман,
Гарчи сиздан бўлганман жудо.
Орзулари беғубор қизни,
Ёлғизлатиб қўймагай Худо!


Яна ёлғиз…


Яна ёлғиз юрибман дайдиб,
Титраб турар чап кўксим ҳамон.
Энди сенга қўшиқлар айтиб,
Сен томонга боришим ёлғон!
Жонга даво – дийдор қайдадир,
Кўргин сенсиз яшашга шайман.
Фалаклардан наво қайтадир,
Чалар бўлса арзирли найман…
Ёқиб боргум эшитган жонга,
Томирларда қон каби илиб.
Етсанг бўлар мендек ёмонга,
Фақатгина кўкка термилиб…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil