Шаҳриёр ШАВКАТ
Бухоро
Бухоро бордиму кела билмадим,
Оҳулар мўлтираб ўртади, воҳ-воҳ!
Амирлик аркининг ўрнидек қадим
Муҳаббат дилимни этди қароргоҳ.
Тирилди кўзимда мудраган орзу,
Такаббур ўйларим тортганда лоҳас.
Саҳрога туядек чўккан шаҳар бу,
Минори калону
калондимоғмас…
Ҳайратим ҳапқириб сўрайди ёрдам:
Бу ўша – лаблари чиройли ҳовуз!
Бу – Сомон йўлининг илмини ёвдан
Донишманд қумларга яширган улус!
Топмадим. Рақибим – қоп-қора қутқу,
Асабим, ғазабим терлади излаб…
Қизилқум чўлига дўнаман буткул,
Чой қуйиб узатса ойчеҳра қизлар.
Дарвоқе, Ситорам… маъсума, музтар,
Менинг тош бағримга қулаган чинни…
Зулумни шарт қирққан қайчини, дўстлар,
Кўрдиму
унутдим амирлигимни…
Энг ноёб лавҳани синдирди уйқу,
Ўшанда жувонмарг бўлди тамаддун.
Алмисоқ кунидан бир кун ўтди-ю,
Етти йил йиғладим етти пир учун…
Энди кўзёш томмас қуруқ лабимга,
Қайси кўз умрида хато қилмаган?
…Ва мана одамлар чор тарафимда –
Бухоро келгану кета билмаган…
Тимсоҳлар аждар эди,
Игналар ханжар эди.
Қанча сув тутса лаби,
Шунча дил чанқар эди.
Ҳур эмас, ҳулкар эди,
Қувласам ҳуркар эди.
Келмоғи – “Қадри наво”,
Кетмоғи – “Ўртар” эди.
Манзили Қашқар эди,
Дийдори Маҳшар эди.
Кўзларим кўрсам, куяр,
Кўрмасам, қақшар эди.
Қорсевар қишлар эди,
Боғ тўла ёшлар эди.
Қўл солиб чўнтагимга,
Қўлимдан ушлар эди.
Кун-туним япроқ эди,
Унсурим тупроқ эди.
Даромад камроқ, бироқ,
Каромат кўпроқ эди.
Кемамиз улкан эди,
Орзулар елкан эди.
Тишлари бор омадим
Кулгани-кулган эди…
Ҳур эмас, ҳулкар эди,
Қувласам ҳуркар эди.
Келмоғи – “Қадри наво”,
Кетмоғи – “Ўртар” эди.
Яккашохлар анқога қўшни,
Ўрдакчалар иркит, бадарға.
Юлдуз
Сувга йиқилиб тушди,
Мафтун бўлиб қурбақаларга.
Май
Бошидаги пушти чамбарни
Бузоқларга едирди ғамгин.
Қидираман мушки анбарни
Кийикларнинг киндигида – кин…
Сутлар қора.
Сўғонлар чирик.
Қуртлар пўстлоқ ичинда нобуд.
Одамови одамгарчилик
Келажакка йўнмоқда тобут.
Йиллар учар –
Патлари совуқ,
Учар улар Маҳшарга довур.
Гул истайман, йўқол, чирмовуқ,
Йўқол, итдек хунук тасаввур!
Нур истайман, туриб Ҳисорда,
На Мусоман, на остимда Тур.
Aммо аниқ кутаман ёрдам,
Нур истайман, нур истайман, нур!
Ундан тортиб рубобимга тор,
Чуқур сингиб вужуд қаърига,
Ўз ўқидан чиққан руҳки бор,
Қайтараман ўзанларига.
Шунда мастлик бергуси чоғир,
Ўз-ўзидан кечар безаклар.
Бир қуйилсин саҳрога ёмғир,
Токи ёниб кетсин кесаклар.
Афсунгар
Дирижёр
Афсунгарман. Қўлда таёқча.
Ҳаммангизга тақаман қанот.
То қапишиб кетманг тупроққа,
Токи ерда кечирманг ҳаёт.
Мусаввирман. Бўм-бўш ҳавога
Чаққон-чаққон соламан сурат.
Осмон ранги тўлган навога
Термиласиз. Кўнгилда ҳайрат.
Чайқаламан. Саҳна бу – кема.
Пишқиради денгиздай оҳанг!
Қуюқ ҳасрат. Босиқ ваҳима.
Мусиқа – оч наҳангдир, наҳанг!
У ямлайди мени бус-бутун.
Оғринаман. Юзимга қаранг!
Чал-эй, машшоқ,
мени ҳам тушун,
Юрагимнинг торлари таранг!
Манов нота!
Ҳўв, анавиям!
Ҳар биттаси аждарҳо тиши!
Санчилади бағримга, бирдан
Йўқолади ернинг тортиши!
Мен муаллақ қоламан кўкда,
Сўнгги нота. Бутун саҳна жим.
Ажаб! Менинг ўрнимда тўхтаб,
Таъзим билан жилмаймоқда ким?
Афсунгарман. Қўлда таёқча.
Ҳаммангизга тақаман қанот.
То қапишиб кетманг тупроққа,
Токи ерда кечирманг ҳаёт.
Шундай куйнинг тубидан илло
Омон чиқмоқ – жасорат.
Демак,
Чидаб бердинг, сенга тасанно,
Қарсакларни қабул эт, юрак!
Янa тун
Чиқиб кетгинг келмайди тундан,
Оромингга қуйилса ғулғул.
Ғуроб томиб турса узумдан,
Ёнгинангда куйласа булбул.
Пешайвонда қатиқ тўрва ҳам
Сатилга ёш йўллайди – зардоб.
Ҳаётидан мамнунми карам,
Ичгани нур, кийгани зарбоф?!
Рубоийлар ёқиб ичингни,
Юрагингни шаршара қилса,
Қурбақалар ёлғизлигингни
Томоғида ғарғара қилса.
Шовулласа дарё жунунваш,
Ёшлигини қумсаб ётса тол,
Томоғингни ўланга ўхшаш
Aлангалар чулғаса алҳол,
Чиқиб кетгинг келмайди тундан!
Ҳайрат босиб келар баландроқ.
Чиқиб кетгинг келмайди чиндан,
Э-воҳ бунинг чораси қандоқ?!
Шаҳринозга
Овозингни созлайвер, қизим,
Бор кучингни жамла томоққа.
Ҳеч кимсага бермагил изн
Овозингни парчаламоққа.
Овозингни созлайвер, қизим,
Курашасан сукутга қарши.
Ич-ичидан чириган тизим,
Моғорлаган муҳитга қарши.
Ҳали йўлда ошкора сирни
Ярим-юлуқ уққанлар чиқар.
Нуҳ тўфони босганда ерни
Сувдан қуруқ чиққанлар чиқар.
Ҳалимлигинг, бежиримлигинг
Ўтолмайди «норозимиз»дан…
Кучли бўлсин сенинг жимлигинг,
Бизнинг ожиз «овоз»имиздан.
Қақнус қизим, осмонни йиртсин
Ханжар каби ўткир парвозинг.
Қултойлардан озода этсин,
Шу Ватанни озод овозинг!
Ҳақиқатни кўзларидан қўрқамен.
Чўлпон
Латтахўрлар шўрога маҳси,
Данагидан бемаза мағзи.
Оллоҳ дедим, бўғзимда такбир,
Манглайимда милтиқнинг оғзи –
Қўрқмасман!
Жодугарнинг жодиси тездир,
Ажалимнинг чалғиси кескир.
Қаро қуртлар ақлимни кавшаб,
Тез кир, дейди, лаҳадга тез кир –
Қўрқмасман!
Корчалонлар ҳаддидан ҳатлаб,
Олди мунис юртимни хатлаб.
Мард йигитлар мардикор, аттанг,
Додхоларим юрибди додлаб…
Ҳайрат босиб келар баландроқ
Келди номус найзабошига,
Эл қайишмас қайғудошига.
Жангчиларим тобора тобе
Мошхўрдага –
оз маошига…
Улус юпун.
Амалдор эса
Суваракдай сабрингни еса…
Қани дейсан, ҳар дўппили бош
Кўтарилса,
қўрқмасман!
…деса…
Қандай даҳшат,
ҳазрати Чўлпон,
Олмос умрим очкўзга ўлпон!
Ҳақиқатнинг тишларида тош,
Ҳақиқатнинг кўзларида қон…
Қўрқмасман!
Қизларнинг сочига умрини боғлаб,
Суворий йигитлар ҳўнграган замон.
Сени ҳақоратлаб,
Сени арқоғлаб
Яшарман, эй сочи тўзғиган макон.
Шарафнинг энг ўткир қуйқасидир бу,
Қонталаш юзингдан ўпарман аранг,
Бўғилиб, босиқ оҳ тортади бурғу,
Тобора асабдек қизиб борар жанг.
Қўймижоз нотиқнинг бошида маҳси,
Сўйларкан, эгнида шойи ва баҳмал.
Ширакайф хуружнинг қондаги рақси
Қорбарси сингари бўғзимга маҳтал.
Aлаф ялаётир атрокнинг боғин,
Бутаси, томири ханжар ташигай.
Хўмрайиб кезарман атрофни ҳорғин
Қўшини бодахўр лашкарбошидай.
Янаям урчийди кескин ҳақорат,
Синдириб тавозе ғаладонларин,
Уйғонинг! Aрқонни кессин ҳарорат,
Сочларга ўралган Қоражонларим!