Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ЎЗ КОИНОТИ БОР ШОИР

Ғайрат МАЖИД – 1976 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Гул санам”, “Ҳеч кимга ўхшамайсан”, “Кўзларингни соғинаман”, “Ишққа борар йўл”, “Айиқчанинг туши”, “Беш дарс”, “Мумкин эмас сени йиғлашинг”, “Кўксимдаги юлдузлар”, “Бунда булбул китоб ўқийди”, “Йўлдаман, нурли йўлда” номли китоблари нашр этилган.

ЎЗ КОИНОТИ БОР ШОИР

Шоир Ҳамид Олимжон ижоди адабиётшунослик илмида атрофлича ўрганилган бўлса-да, уларнинг асосий қисми шўро даври нуқтаи-назаридан тадқиқ этилганини кўриш мумкин. Шунга қарамай, ўз ижодида тириклик, комил инсоннинг эзгу хислатларини ҳақиқий миллий қадриятлар васфи намунаси сифатида тараннум этган шоир ижодида мукаммал инсонни соғиниш ҳисси устуворлик қилгани гувоҳи бўламиз. Ваҳоланки, шўро даври адабиётидаги “ҳурлик” тушунчаси, Иброҳим Ғафуров таъкидлагандек: “ватанпарварлик, ҳурлик, инсонпарварлик, коммунизм – булар бари шўроларнинг қарашлари ва ақидаларига тамомила бўйсундирилган ғоялар бўлиб, улар ва жумладан, “шўро ахлоқи”, маданияти халқ ва унинг зиёлиларига, тўхтовсиз “қизил террор” воситасида сингдирилган эди. Шўро адабиёти миллий мустақиллик ва миллий тараққиёт ва умуман миллатнинг асосини ташкил этувчи барча зарур унсурлар ва уларнинг ривожи устида фикр, муҳокама юритишдан мутлақо маҳрум эди.”

Ҳамид Олимжон ижодини адабиётшунос Сарвар Азимов махсус тадқиқ этган, йирик олим Наим Каримов адиб шеъриятига хос хусусиятларини умумлаштириб, “Ҳамид Олимжон” номли ижодий портрет яратган. Шунингдек, Салоҳиддин Мамажонов, Сайдулла Мирзаев, Баходир Саримсоқов, Уммат Тўйчиев, Йўлдош Солижонов каби олимларимиз томонидан ҳам Ҳамид Олимжон ижоди бўйича тадқиқотлар олиб борилган. Ҳозирги пайтга келиб шоир ижодига мурожаат қилиш камайгандек. Айнан ҳозирги кунлар эса, аксинча, Ҳамид Олимжон ижоди ва биографиясини холисона, одил фикр, ҳақгўйлик асосида ўрганиш, ўтган даврларда очиқ гапириш иложи бўлмаган жиҳатларни баралла, ҳеч қандай қолипларсиз, синфийлик ва партиявийликдан холи тарзда илмий таҳлил қилиш имконини беради.

Чунки, юқорида айтилганидек, ҳақиқатдан ҳам шўро адабиётида ҳурлик ғояси ниқобланган ва бу ҳурлик тубида қуллик бўлган эсада, қуёш ҳаммага бирдай нур сочганидек, оламда умуминсоний фазилатлар, эзгулик тушунчаси ҳам барҳаётлигича қолди. Ахир инсондаги меҳр-муҳаббат, яхшилик каби фазилатлар барча учун хос. Ҳар қандай оғир шароитда ҳам инсон инсонлигича қолади ёхуд шунга қаттиқ жидду-жаҳд, ҳаракат қилади ва бу маънавий жасорат дейилади. Ҳамид Олимжон ўз ҳаёти ва ижоди давомида шундай маънавий жасоратни қила олган шоир. Унинг сиймосида Уюшма раиси бўлган кезларда ҳам, ижодий ва илмий тадқиқотларида ҳам куюнчак, меҳнаткаш ва маънавий бой қалб эгасини кўрамиз. Шу боис шоир ҳаёти ва ижодига янгича нуқтаи назардан баҳо бериш, асарларини жаҳон адабиётшунослиги ракурсида ўрганиш ва шеърларини истифода қилиш зарурати пишиб етилган эканки, бунда олим ва мунаққидлар Наим Каримов, Ҳотам Умуров, Абдулла Улуғов, Дилмурод Қуроновларнинг изланишлари катта аҳамиятга эга.

Ҳамид Олимжон қисқа умр (1909–1944) кўрганига қарамай, XX асрнинг 30-йиллари ва Иккинчи жаҳон уруши даври маданий ҳаётида бу шижоатли шоир иштирок этмаган, ўз ҳиссасини қўшмаган бирорта тадбир бўлмаган. Унинг архивида ватанпарварлик руҳидаги шеърият ва тарихий драматик асарлар, актуал муаммоларга бағишланган, чуқур ва илғор маънолар ташувчи, халқ донишмандлиги ўз ифодасини топган достон ва эртаклари билан бир қаторда публицистик ҳамда адабиётимиз тарихини тўғри талқин қилишга ёрдам берувчи илмий-тадқиқот ишлари ҳам бўлган.

Тўғри, Ҳамид Олимжон ижодида янгича совет ҳаётини тарғиб этиб, эскиликка қарши курашга чақирувчи оташин сиёсий – лирик, асосан партияни алқайдиган, коммунистик тузум ва доҳийларини улуғлайдиган асарлар кўп. Бу ҳолат Ҳамид Олимжон бутун ижоди қаймоғи, асл истеъдод намагини шу синфий курашга бағишлагандек таассурот уйғотади. Бироқ ўша шиддатли ва мураккаб давр ҳақида шоирнинг волидаси Комила ая Азимованинг манбалардаги ҳикояси кўп жиҳатларга ойдинлик киритади:

“Абдулҳамид болалик чоғларида отадан етим қолгани учунми, ё одам зотига кўпроқ меҳр қўйгани учунми, яхши одам бўлиб ўсди. У ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотди, оқ-қорани билди. Ўтмишнинг ўроғини, кечмишнинг кетмонини кўрди. Унинг болалиги ғурбатли кунларнинг заҳри, кулфатли тунларнинг қаҳри билан ўтди. Абдулҳамид бола экан, ҳали уруш бошланмай, мардикор деган гап пайдо бўлмай туриб ҳам халқнинг азоб-уқубати беҳад эди. Мардикор деган нарса оловга ёғ қуйгандай бўлди. Жиззахдаги халқ ҳам бирваракайига оломон бўлиб кўтарилди. Извошда келаётган тўраларни, ҳокимларни ўлдириб юборишди. Шаҳардаги амалдорларни тутиб олишди, қолганлари қочиб қутулди. Орадан бир ҳафтача ўтгандан кейин (Жиззахга) гала-гала аскарлар келиб тушди, қиёмат қирғинини солди. Кейин “Ҳамма халқ бозор бошига йиғилсин!” деган буйруқ чиқди. Мен ҳам бордим. Аскарлар милтиғини ушлаб қатор турар эди. Одамлар тўплангандан

кейин, аскарбошилар халққа қараб: “Отишгамисанлар, ҳайдашгамисанлар?” деб сўради. Халқ “Ҳайдовгамиз”, деб жавоб берди. Шундан кейин халқни бола-чақа, эркак-аёл – ҳаммасини шаҳардан ҳайдашди. Чуввос-тўполон бўлиб кетди. Шунда Абдулҳамид қўлимда, Асолат (шоирнинг опаси) ёнимда эди. “Энди қаёққа борар эканмиз?!” деб нима қилишни билмай йиғлаб турган эдим, Абдулҳамиднинг тоғаси – иним Аширмаҳмуд пайдо бўлиб: “Эй, жиянларим, бошларингга қандай кулфатлар тушди?” деб йиғлаб келиб, Абдулҳамидни орқаларига опичиб олдилар.

Одамлар билан бошлашиб, даштга чиқиб кетдик. Бизни олиб бориб ташлаган жойлари сувсиз, экинсиз ер эди. Биз у жойни “Қили” деб атардик. “Қили”даги “ҳайдов”да бир ҳафта турдик. Уддасидан чиққан одамлар чайла-пайла тикиб олишди. Кўп одамлар шундай очиқ ҳавода ётиб-туриб юришди. Орадан ўн кунча ўтгандан кейин: “Оқялов” бўлди!” деган гап тарқалди. Бизга жавоб бердилар.

Болалар билан шаҳарга келдик. Ҳовлимизни таниб бўлмас эди. (Чор ҳукумати томонидан) Шаҳардаги бутун хонадонлар, дўконлар, расталар тўпга тутилиб, ўт қўйиб юборилганди. Шундан кейин далага чиқиб кетдик. Ўша ерда қишлаб, ўша ерда тирикчилик ўтказадиган бўлдик. “Оқялов”дан кейин яна бошланган мардикорлик қутулмас бало бўлди. Қариндош-уруғларимиздаги эркакларни ҳам Харьков губерниясига юборишди. Тўққиз ойдан кейин “Жавоб бўлди!” деган гап тарқалди. Кейин билсак, инқилоб бўлган экан. Абдулҳамид бу воқеаларни ўз кўзи билан кўрди. Оғир кунларнинг ошини ошаб, муборак кунларда ёшини яшаб, ўсди. Ўтмиш қамчисида эзилган одамларнинг инқилобдан кейин толели бўлганлигини кўрди. Кўрдигина эмас, у бу нарсани ўз бошидан кечирди. Қайси бир шеърида:

Мен бир қора кунда туғилдим,

Туғилдиму шу он бўғилдим,

деган эди Абдулҳамид. У мана шу шеърини ёзганда, эҳтимол ўша Жиззах қирларида сарсон-саргардон бўлиб юрган кунларни кўз олдидан ўтказгандир. Ўша қора кунларни ёд қилгандир. Абдулҳамид, мен айтганимдай, кечмиш аэобини тотди Инқилобни, янги ҳаётни кўрди. Кечмиш билан янги замон орасида осмон билан ерча фарқ борлигини билди. Шунинг учун ҳам у ҳамиша бахтли замонада яшаётгани билан қувонди. Эсимда бор: Абдулҳамид “Агар инқилоб бўлмаганда, ҳали ҳам Жиззах қирларида сарсон бўлиб юрардик”, деб дамо-дам айтиб қўярди”.

Мана шу фожеани, оғир кунларни ўз бошидан кечирган Абдулҳамид учун янги тузум нажот кемасидек кўринади, унинг мафкурасига тушади, унга ишонади, борини бериб ижод қилади. Шоирнинг баҳорга, тўкисликка, ободликка муштоқ бола юраги ўшанда гувранган, эл ёруғликка чиқишига қаттиқ ишонган ва шу ҳиссиёт билан камол топгандир балки… Кейинроқ янги шўро тузумининг нималигини англаб, тубига етган чоғида ҳам энди ортга йўл йўқ эди. Шу маънода, шоирнинг ҳаётини “қил устидаги умр”га менгзаш мумкин.

Ҳамид Олимжон Наримонов номидаги бошланғич мактабни тугатгач, 1923-1926 йилларда Самарқанд педагогика билим юртида ўқиди. 1926-1931 йилларда Ўзбек Педагогика академиясида таҳсил олди. Замондошлари эслашича, талабалик йилларидаёқ ижодга меҳр қўйган. Илк шеърий машқлари 1926 йилдан “Зарафшон” газетасида чоп этилади ва 1927 йилда айни шу газета таҳририятида ишлай бошлайди. 1929 йил шоирнинг “Кўклам” номли илк шеърий тўплами, кейин эса кетма-кет “Олов сочлар” (1931), “Ўлим ёвга” (1932), “Пойга” (1932) каби шеърий тўпламлари чоп этилади.

Шоирни ёшлик йилларданоқ халқ оғзаки ижоди намуналари мафтун этганини англаш мушкул эмас. Негаки унинг ижодидаги халқона жўшқин овоз, кенглик ва теранликка айни шу ошуфталик йўл очгани шубҳасиз. Ҳамид Олимжон ижоди юксаклигинининг яна бир жиҳати шундаки, шоирнинг бобоси мулла Азим ва онаси Комила ая ҳам ниҳоятда зеҳнли, халқ оғзаки ижодини севган инсонлар бўлишган. Айниқса, мулла Азим бобонинг турли бахши ва ўланчилардан иборат кўплаб дўсту ёрлари унинг хонадонига тез-тез ташриф буюришган, ёш ва тийрак кўзли Ҳамиджон ана шу суҳбатларнинг ҳақиқий ошуфтаси бўлиб, вояга етган эди. Шоирнинг онаси Комила ая Азимова ўғлининг теран хотираси ва тенгқурларига нисбатан сўз бойлигининг қанчалик тез ошиб бориши ҳақида шундай деган экан:

“Олим аканинг (Ҳамиднинг отаси) фарзандига бўлган бинолари зўр эди. Абдулҳамиднинг ўткир одам бўлишига у кишининг кўзлари етарди. “Бўладиган бола бошидан маълум”, деб шуни айтсалар керак-да! Ҳар ҳолда, ким билади, у кишининг “ёзувчи бўласан”, деган ишончлари қаттиқ эканми, болагинам ёшлигидан бошлаб чўпчакларни, эртакларни тинглагани-тинглаган, ўзи ҳам эртаю-кеч нималарнидир ёзгани ёзган эди. Унинг қистови билан мен кечалари эртак айтганим айтган эди. У мен айтган эртакларга мириқмай туриб ухлай олмасди. Халқнинг ғаройиб эртакларига ниҳоятда қойил қолар, унга алоҳида манзур бўлган эртакларнинг гашти билан неча кунлар лол бўлиб юрар эди.”

Ҳамид Олимжон машҳур бахши шоир Фозил Йўлдош ўғли билан ҳам ўша кезларда дўстлашганди. Кейинчалик, шу бахши шоир айтимлари асосида 1939 йилда “Алпомиш” достонининг илк вариантини тайёрлаб, нашр эттиради. Зеро, машҳур фольклоршунос олим Ҳоди Зариф шоирни “Ўзбек фольклорининг жонкуяри” деб баҳо берганида юз карра ҳақ эди.

Ёшликда эгалланган ҳар қатра илмнинг тагзамини бақувват бўлади. Ҳамид Олимжон тўплаган фольклор хазинаси ҳам улкан дорилфунунга тенг эди. Шу сабабли унинг асарларига халқона оҳанглар, самимий мисралар, халқ достонлари, мумтоз адабиётимиз анъаналари сингдирилган, шеърлари ўқувчиларни сеҳрлабгина қолмай, халқнинг асрий орзулари, дарду аламлари, қалбини ларзага солган туйғулари, кечинмаларидан огоҳ этади.

Ҳамид Ғулом “Йиллар, йўллар, устозлар” ҳужжатли қиссасида шундай деган эди: “Мана, энди орадан шунча вақтлар ўтгач, ўттизинчи йиллардаги адабий муҳитни, ўйлаб қарасам, биз ўзбек ёзувчилари ва шоирлари унутилмас дўстимиз ва дарғамиз Ҳамид Олимжон раҳбарлигида жуда катта ижодий мактаблардан ўтибмиз. Бу мактаблардан биринчиси, халқ ижодининг битмас-туганмас хазина манбаидир. Ҳамид Олимжон фольклорга жуда катта эътибор берди. Ҳоди Зариф бошлиқ бир гуруҳ ўзбек олимларини ўзбек оғзаки ижоди асарларини тўплашга, бахшилардан ёзиб олишга сафарбар қилди. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Пўлкан шоир ва бошқалар Тошкентга таклиф қилинди. Улардан миллионлаб мисра достонлар ёзиб олинди. Ўша йиллари биз халқ бахшилари билан ҳамсуҳбат бўлдик, халқ шеъриятининг соф булоқларидан тўйиб симирдик.”

Шу боис Ҳамид Олимжон ижодида неча асрлар давомида бадиий анъанага айланиб улгурган фольклор ва ёзма адабиётнинг ўзаро ижодий алоқаларига хос эстетик қонуниятлари ҳамоҳанг келишини кузатиш мумкин. У ўз замонасида биринчилардан бўлиб, халқ оғзаки ижоди образларини адабий асарларга кўчирди. Бу билан адабиётни поэтик изчил, бадиий бақувват қаҳрамонлар бойитди. Умуминсоний ғоялар, ёрга садоқат, ҳалоллик, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби инсоний хислатлар тажассуми шоирнинг “Семурғ”, “Ойгул билан Бахтиёр” каби асарларига кўчди. Бундай асарлар ижодкорнинг эстетик идеалини бойитишга чуқур таъсир кўрсатди. Шоирнинг халқ оғзаки ижодини чуқур ўрганиш асосида йиғилган ижодий тажрибалари унинг индивидуал услуби ва жўшқин поэтик қиёфаси шаклланишида, юксак пафосга эга адабий қаҳрамонлари бадиияти теранлик касб этишида муҳим замин бўлиб хизмат қилди.

Бадиий асар матнига халқ оғзаки ижодига хос турли-туман эпик сюжетлар, мотив ва образлар, поэтик воситалар ҳамда тасвир усулларини сингдириб юбориш, фольклор сюжетларини стилизация қилиш ёки синтезлаштириш орқали тасвирланаётган воқелик талқинига барҳаётлик бахш этган Ҳамид Олимжон бир умр шу достонлар ичида яшади, дейиш мумкин. Шу боис унинг ижодида миллий фольклор булоғи яратган бадиий асарларида композицион асос вазифасини бажариб келган. Буларнинг барчаси – юксак ахлоқий-эстетик қарашлари ва доимий янгиланиб, бойиб борган, кенг қамроқли бадиҳагўйлик орқали инсон руҳий оламини теран акс эттириш – шоир қувваи-ҳофизаси бақувват бўлганлиги далолатидир. Бир сўз билан айтганда, асарларидаги бадиий тасвир воситалари ва эпик сюжетлари беқиёс миллий-этнографик колорит билан тўйинган Ҳамид Олимжон учун бу оламни идрок этишнинг энг кўҳна шаклларидан бири бўлган адабиёт – ўз коинотига айлана олган эди.

«Sharq yulduzi» jurnali 2025-yil 10-son

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil