Нурмуҳаммад АБДУЗОИР – 1999 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон
тиллари университети талабаси. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин
семинари иширокчиси. “Дилсирот” номли шеърлар тўплами нашр қилинган.
Дилсирот
1
Қиличдек қайралган йўлим – дилсирот,
Сен томон борурман, кетма, ғизолим,
Ҳар қадам босганим, қонли изтироб,
Йиқилсам тамуғдир,
Ўтсам – висолинг…
Қон сизар бармоғим ораларидан,
Оёғим кесилур тобора чуқур.
Мени йиқитмоқ-чун олов қаърига,
Йўл неча силкинар… йўлларим – учқур.
Пастда эса дўзах ямлашга тайёр,
Қалқийман шу узун киприкларингда.
Кўприкдан нарида бари муҳайё,
Ўтолсам басдир шу кўприкларингдан…
2
Саратон кучайди, қизарди йўлим,
Неча бор тоблади қилични олов.
Энди кесилади оёғим, қўлим,
Энди узилади бошим бемалол.
Вужудимни йўнар, айлайди ғорат,
Энди сенга томон дил билан юрам…
Йўл баттар ўткирдир. Кескир тобора,
Шунда ҳам қошингга интилгум хуррам.
Хоҳласанг учиргил киприкларингни,
Йўлларим узилсин, сирпанмай аммо,
Ортиқча оғирим тушмасин етар.
Мен неча йиқилай, ўлмам, барибир,
Айланиб оловга тушгунимча то,
Юрагим қанотга айланиб кетар…
3
Мана мен қақнусман, ёнингга чақир
Ва яна оловга улоқтир қулинг.
Не учун дўзахдан қўрқайин, ахир,
Юрагим самандар экан-ку, гулим.
Ниҳоя
Шўхчан нигоҳингиз ҳазин тус олди,
Япроқдай қалтираб айтдингиз: қўйинг,
Кўнглимга ўт тушган ғариб бир ҳолда
Йиғлагим келди, воҳ, дунёдан тўйиб.
Қоп-қора тушлардан бошим алағда
Қошингизга бекор борибман, дилбар.
Йиқилиб кўргандим гарчи фалакдан,
Ранжитдим қалбингиз оғриғин билмай…
Ва кетдим бутунлай ҳаётингиздан,
Англаб кутганларин бермаслигин рўй.
Кўзларингиз тикиб оёғингизга,
Ҳеч не демадингиз, ҳеч не парирўй.
Битта сўз кутяпман шундан сўнг бехос,
Қолгандир тилингиз учида, балки.
Тушларимдан чиқиб келар бир овоз –
Қайтинг!
Мувозанати бузилган боғ
Яна декабрда гуллади бодом,
Яланғоч баданин ҳеч ким кўрмасин.
Қартайиб қолганми, негадир осмон
Бу йил ҳам кечикиб қоқар кўрпасин.
Бу йил ҳам шу сабаб учар ҳавога,
Содда дарахтларнинг бор меҳнатлари.
Қуруқ шох – қўлларин очар самога,
Худога ёзади япроқхатларин.
Ортар майхонага қатновлар сони,
Нега (саволга мос куй чалар чолғу)?
Қўли очиқ бодом – тирноққа зору,
Боши очиқ токлар – боши қоронғу.
* * *
Ёвқур жангчи бўлмоқчи эдим,
Ёғийлар кўксига тиғ урган аскар.
Телбаликка, мардликка мойил,
Юрагим қақшар…
О, Нажмиддин Кубролар ёниб,
Жонин фидо айлаган пайтда –
Туғилган бўлсайдим, ёв кўксин ёриб
Ҳайдаб чиқарардим Ватандан.
Топилмайди дурустроқ ғаним,
Йиғлайман, ишлабон қўл учи билан.
Алам қилар пиёз тўғраётганим
Амир Темур қиличи билан.
* * *
Дарахтларнинг қув шохларида
Сўнгги қушлар парвозга тайёр…
Ногоҳ янграр куз боғларида
Лабларингдан учган вовайло.
Япроқлар бу – қанотсиз қушлар,
Ерга ўгай, кўкка ўгайдир.
Қанотлари ўсиб чиққунча
Ҳаётлари ногоҳ тугайди.
Ҳали нажот бордир атрофда,
Таваккал қил, ҳаёт ё мамот.
Исботлайди бир кун япроқлар
Учиш мумкинлигин беқанот.
Топиб борар ҳар ерга ажал,
Қаршилик қил – жон чиқар тайин.
Ўлсанг арзир кўкдан ергача
Этилган ҳур парвоздан кейин.
Қатъият
Покиза деб лаб теккизмай, оҳ,
Дилда сақлаб юрганинг сувга
Оёқларин ювди бир гумроҳ,
Балки бундан аввал ҳам ювган…
Энди сенинг икки йўлинг бор,
Афзал билиб кўзинг юммоқни.
Ҳамон пок деб сувни ичгин ё
Бориб ўлдир ўша гумроҳни.
* * *
Гулюзим, ранжима, дунё – бевафо,
Басма-бас айиргай кўнгли борларни.
О, мен ҳам кетмайин дайдиб, телбаҳол,
Қоним-ла гуллатиб тиконзорларни.
Гулюзим, юлдуз ҳам, ой ҳам алдайди,
Муҳаббат – бешафқат, ўчмас аланга.
Айрилиқ ногоҳон келмиш, найлайлик,
Ишқни ҳақ дегувчи девоналарга.
Гулюзим, бу йўлга борингни сарфла,
Дунёда бахт кўрмай,
Унмасин йўлим.
Қайғургил, келмасин хиёнат, нафрат
Ва бизни айирсин биргина ўлим…