Эврил ТУРОН (Мамадали Маҳмудов) – (1940–2020). Чўлпон мукофоти соҳиби.
Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультети журналистика
бўлимини битирган. Унинг “Тоғ оҳуси”, “Боғдон қашқири”, “Ўлмас қоялар”, “Ойнур”
номли қатор китоблари чоп этилган.
Қизим сенга айтаман,
Келиним сен эшит.
Эски турк сўзи
Дўлана
Ёш дўстим Паҳлавон Содиққа
Музликларга ошён тоғлар. Улар табиатнинг узоқ, совуқ хилватгоҳи. Бу оромсиз
юксакликларда бўрон, жала, дўллар қўпади.
Бу қалтис жойларда дўланалар ўсади. Уларнинг илдиз, шохлари эгри-бугри,
чайир, барглари кўм-кўк, мевалари йирик-йирик, ширин бўлади.
Султон шу ёввойи табиат бағридан бир туп ниҳол олиб келиб ўз ҳовлисига
ўтқазди.
У вақти-вақти билан ниҳол тагини юмшатар, дори солар, сув қуяр, шохчаларини
тўғрилаб қирқар эди. Шунга дўлана тик, силлиқ ўсди.
Лекин… лекин бу дўлананинг илдиз-шохчалари ингичка, барглари сарғиш,
мевалари кичкина-кичкина, таъмсиз бўлиб қолди.
Балки…
Балки, у ваҳший яшинлар ваҳшати, фалакни тилка-тилка этгудай ўкирган
момақалдироқлар даҳшати, қутурган бўронлар талафоти билан олишиб ўсмаганлиги
учун шу ҳолга тушиб қолгандир?..
Чотқол, Бирустун ота
От
Эга жиловни силтаб, отга қамчи босиб бораяпти. Озғин Қорабайир дам ўнгга,
дам чапга, дам тикка, дам қияга учмоқда .
Жонивор қора терга ботган, зўрға-зўрға нафас оляпти.
Эга унга заррача шафқат қилмаётир. Арғумоқнинг бошига қамчи солмоқда,
қорнига тепмоқда.
Отнинг кўзидан ёш, оғзидан кўпик оқяпти.
Шўрлик ҳали замон йиқилади.
Аммо эгага озор беришни ўйламаяпти…
1983. Дўрмон
Ит
Воқеа
Эшмат деҳқон сой бўйига уй қурди. Лекин насиб этмади.
Шўрликни яшин урди.
Уйни бошқа киши эгаллади.
Киши уйланмаган, худбин ва судхўр эди. Уйга турфа ранглар билан сайқал берди
ва уни ноёб нарсалар билан безади.
Сўнг айлана атрофини тош девор билан эгирди.
Сўнг қопи1 ўрнатди.
Сўнг темир қопи олдига улкан итни занжирлаб қўйди.
Энди ит у ёқдан-бу ёққа занжирини судраб юрар, чўнқайиб ўтирар, шарпа сезса
қулоғини динг қилиб, жунларини ҳурпайтириб ирилларди.
Эвазига эгаси:
– Яша, Олапар! – дея уни эркалаб, шапатилаб қўярди. Эркалашдан ийган ит
думини ликиллатиб эгасига суйкалар ва унинг оёғини ялар эди. Сўнг ўтганқайтганга ер титиб, акилларди.
Энди эгаси уни қолган-қутган емак билан сийларди.
Энди тўқ ит:
“Эгам мурувватли!”, дегандай улирди.
Энди эгаси:
“Ўлма, Олапар!” деб қичқирарди.
“Энди ит:
“Эгам ягона!” дегандай улирди.
Эгаси садоқатли итдан ичида хурсанд бўларди.
Лекин уни занжирдан бўшатмасди.
1983. Москва
Ҳайрат
Занжирли тоғлар бағрида яралган қоя осмонга устундай гердайиб турибди.
Иложини топса қуёшга тенглашади.
Иложсиз.
Занжирланган.
Барибир бу атрофда ундан баланд қоя йўқ.
Теграсида ой, юлдузлар парвона бўлмоқда.
Оломон ҳайратланмоқда.
Қоя парво қилмаётир.
Қуёш билан сирлашаётир.
Шоир унга мадҳия ёзмоқда.
Рассом уни чизмоқда.
Қоя парво қилмаётир.
Қуёш билан сирлашаётир.
Қоя остида майсалар кўкартириб жилға оқмоқда.
Ҳамма чанқоғини қондираяпти.
Бироқ…
Бироқ ҳамма қоядан ҳайратланмоқда.
Боғдон
Каклик
Воқеа
Боғдонда, Очил овчиникидаман.
Супада, тол чивиқдан тўқилган қафасда каклик сайраяпти.
Балки дон сўраётгандир?
Балки сув?
Балки эрк?
Балки қафасни мадҳ этаётгандир?
Балки эгани?
Балки супани?
Билмадим, қуш тилини қуш билади.
Суқ бармоғимни қафасга тиқдим. Каклик менга човут солиш ўрнига жонини
ҳовучлаб қочди. Нафрат аралаш ғазабим келди. Ўзимни тутиб туролмадим, сўкдим:
– Қаерга қочасан, аҳмоқ!
1983, Боғдон
Битик
Ёзда Туркистон тоғига чиққандик. Дам олишга бир булоқ бошини танладик.
Лаш-лушларимизни ўтлар орасига қўйдик. Шерикларим тепамиздаги қорли чўққига
ўрлаб кетишди. Мен арчазор ўрмон оралаб юрдим ва кўм-кўк қояга дуч келдим.
Кўзим ёғин-сочин, шамол-бўрон тегмайдиган қора тош камардаги тасвирларга
тушди. Бу битиклар қояга қанча чуқур ўйилмасин, занжирли асрлар зарбидан хира
тортиб қолган эди.
Тасвирларга синчиклаб тикилдим.
Биринчи битик:
Одам ўқ-ёй билан бўрининг орқасидан бораяпти.
Иккинчи битик:
Одам ўқ ёй билан бўрининг орқасидан бораяпти.
Учинчи битик:
Одам ўқ ёй билан бўрининг орқасидан бораяпти.
Тўртинчи битик:
Одам ўқ ёй билан бўрининг орқасидан бораяпти.
Бешинчи битик:
Одам ўқ-ёй билан бўрининг орқасидан бораяпти.
Олтинчи битик:
Одам ўқ-ёй билан бўрининг орқасидан бораяпти.
Еттинчи битик:
Одам ўқ-ёй билан одамнинг орқасидан бораяпти.
Булоқ бошига йиғилганимизда, бу ҳақда ҳамроҳларимга айтдим. Улар еб-ичиб,
ўйнаб-кулиб ўтиришгани учунми, эшитиб-эшитишмади. Фақат рассом йигит
Исфандиёр ҳайратланди:
– Агар гапинг чин бўлса, бу ғаройиб ҳодиса! – деди ўрнидан туриб, – қани юр,
ўша битикларни менга кўрсат.
Уни қора тош камарга бошлаб бордим. У қадимги тасвирларга узоқ тикилиб
қолди ва сўнг ўзгача ҳаяжон билан деди:
– Бу милоддан олдинги йиллар тасвирлари. Дўстим, у келажак авлодга битилган
мактуб…
30.12.1983. Дўрмон
Раҳна
Тиниқ ҳавога Она:
Тоғлар тиниқ,
Майсалар тиниқ,
Оғочлар тиниқ,
Тиниқ сувга Она:
Булоқлар тиниқ,
Қорлар тиниқ,
Музлар тиниқ.
Тиниқликлардан тиниқ сой туғилди.
Сой тиниқ оқаяпти.
Сайёд сув ичди.
Сувга сўлаги тушди.
Тўнғиз сув ичди.
Сувга тезаги тушди.
Сой тиниқ оқмоқчи эди…
1983. Сухуми
Фидо
Тоғнинг тиниқ суви далага етди.
Бўлинди.
Лойқаланди.
Буғланди.
Сингди.
Дала мовий куйга тўлди.
1983. Дўрмон
Тўда
Қўрққанга қўша кўринар.
Эл сўзи
Куч бирликда.
Амир Темур
Ўрмон адоғи. Оқ, қизил, зангори… Чечаклар, ўт-ўланлар беором чайқалади.
Сийрак оғочлар мунгли шовуллайди.
Қўтослар кенг ёйилиб ўтлаяпти.
Бу шундай тўдаки, бирлашса сиртлон, қоплон, арслонларни ҳам енгади.
Буни ўзи биладими?
Ҳар бир қўтос филдек кучли.
Ҳар бирининг шохи қиличдай ўткир.
Ҳар бири йўлбарсни енгишга қодир.
Буни ўзи биладими?
Куч юракда, ишончда, бирликда.
Шуни англаш қийинми?
Тўда ўтлаяпти.
Хавфдан бехабар ўтлаяпти.
Дунёдан ҳам…
Маккор ёв шуни истайди…
Маккор ёв шуни кутади…
Шуни…
Ана, ўсиқ ўтлар оралаб оч қоплон келаяпти.
Писиб, судралиб, сездирмай келаяпти.
Тўда сезмаяпти.
Ниҳоят у тўдага ўқдек отилди.
Тўда довдираб қолди.
Сўнг ҳар бири ўз жонини ҳовучлаб қочди.
Ўтлоғини ташлаб қочди.
Болаларини ташлаб қочди.
Тариқдек сочилиб қочди.
Буни кўриш оғир…
Буни ўйлаш оғир…
Бутун бошли тўда…
Бир қоплон…
Чирчиқ. 9 январ. 2011 йил
Туғилиш
Туманли тоғлардан туман-туман жилғалар оқади. Улар дам қояларга уриларди,
дам тошлардан сакрайди, дам дараларга шўнғийди.
Бу жилғалар одамзот ва мавжудотларнинг вужудларидан ташқаридаги қон
томирларига ўхшайди. Чунки улардан ҳаётнинг ўзи ҳаёт ичиб ҳаёт.
Олис юлдузлар парчаланади.
Довулли, довулсиз асрлар кечади.
Уқувли, уқувсиз насллар ўтади.
Жилғалар тинмайди.
Оқаверади.
Оқаверади.
Охири бир гўзал манзилга бориб қўшилади.
Бу қўшилишни дунё
Дарё деб атайди.
1973. Туркистон
Самарқанд
Тонгда ёмғир шаррос қуйди. Сўнг ҳаво очилди. Намхуш йўлакдан Улуғбек
мадрасасига бораётган эдим. Ногоҳ мени бир тўда сайёҳ тўхтатди. Елкаларига
фотоаппаратлар осиб олишган бу кишилар озғин, узун, сарғиш ва рангпарликлари
билан бир-бирларига ўхшаб кетишарди. Афтидан улар ё Америка, ё Англия
фуқаролари эди. Бир жозибали хоним менга назокат билан савол берди:
– Мени маъзур тутгайсиз, жаноб, Темур инсон бошидан қаср қурган эмиш, шу
тўғрими?
Мен кўзлари осмон, юзлари нилуфар рангларидан андоза олган гўзал хонимга:
“Бу Москва туҳмати”, демоқчи бўлдим. Бироқ оқибатини ўйлаб, тилимни тийдим.
Бунинг ўрнига:
– Ҳа, шундай, хоним, – дедим сирли оҳангда.
– Жаноб, илтимос, малол келмаса, шуни бизга кўрсатиб юборсангиз.
– Ана, хоним, – мен ўнг қўлимни Регистонга чўздим.
– Шулар каллалардан қурилганми? – сайёҳ ажабланди.
– Ҳа, хоним.
– Ишонгим келмайди.
– Фақат Темур хоқон… – атайлаб гапимни тугатмадим.
– Айтинг – айтинг, нимайди? – ҳаяжонланиб сўради инглиз хоним.
Мен атрофга олазарак қарадим. Исковичлар кўринмади. Шундан кейин унга
кулиб боқиб дедим:
– Буюк Темур инсон бошларидаги фикрлардан Самарқандни қурган.
Хоним ҳайрон бўлди. Сайёҳлар ҳам.
Кейин жилмайдилар.
Чирчиқ, 14 апрел. 2011 йил
Орзу
От кишнайди, ер тепиниб, кўкка сапчиб кишнайди:
– Жилов бўшалса! – дея.
Ит ҳуради, девор бўйлаб югуриб ҳуради:
– Занжир узилса! – дея.
Қуш сайрайди, симларга бошини уриб сайрайди:
– Қафас бузилса! – дея.
29.10.1985
Тоғ дарёси
Ўркач-ўркач тоғларни оралаб дарё оқаяпти.
– Алвидо! – деб қолмоқда тоғлар.
– Алвидо! – деб елмоқда дарё.
Бир кун ногоҳ тошлар кўчиб, дарёни тўсиб қўйди.
Дарё бўғиқ ҳайқириб, тўсиққа урилди.
Тўсиқ “қилт” этмади.
Дарё шаштидан тушмади:
Тўсиқни ёриб ўтишга интилди.
Зеро, бошқа йўл йўқ эди.
1983. Тибилиси