Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Миллий ғурур қасидаси

Ғайрат МАЖИД – 1976 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Гул санам”, “Ҳеч кимга ўхшамайсан”, “Кўзларингни соғинаман”, “Ишққа борар йўл”, “Айиқчанинг туши”, “Беш дарс”, “Мумкин эмас сени йиғлашинг”, “Кўксимдаги юлдузлар”, “Бунда булбул китоб ўқийди”, “Йўлдаман, нурли йўлда” номли китоблари нашр этилган.

МИЛЛИЙ ҒУРУР ҚАСИДАСИ

Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби улуғлардан кейинги авлодга мансуб ҳамда Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳорлар билан бир даврда ижод қилган бетакрор истеъдод, муҳташам қалб соҳиби Ҳамид Олимжон мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти ўртасидаги олтин кўприклардан биридир. Ўзига хос халқчил ва шу билан бирга замонавий шеърияти билан ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган шоир ижодий мероси собиқ шўролар даврида кўп ўрганилган, тадқиқ ва тарғиб этилган, юртимиз мустақилликка эришгач бу адабий мерос юзасидан эътирофга молик янгича ёндашувлар, ўзига хос шарҳларга уринишлар бўлганига қарамай, бугунги кунда даврнинг ўзи шоир асарларини ҳозирги замон руҳидан келиб чиққан ҳолда таҳлил этиш

эҳтиёжини тақозо этмоқда. Шундан келиб чиққан тарзда шоирнинг Ватан мавзусидаги машҳур – “Ўзбекистон” қасидаси юзасидан баҳоли қудрат ўз кўнгил кечинмаларимизни баҳам кўргимиз келди.

Ўтган асрнинг 1939 йилида ёзилган ва:

“Водийларни яёв кезганда,

Бир ажиб ҳис бор эди манда…

Чаппар уриб гуллаган боғин,

Ўпар эдим ватан тупроғин…”

сатрлари билан бошланадиган бу шеърни билмайдиган адабиёт ихлосманди бўлмаса керак. Негаки Ватан шаънига битилган бу улуғвор қасида миллат куйланган ўлмас турку, ҳаёт ва табиат тараннум этилган мангу тарона, шоир қалбини ўртаган, бироқ кўп кечинмалари қалбининг туб-тубида қолиб кетганидан ишоралар бергувчи изтироб ва армон меваси ҳамдир. Тан олиб айтиш керак, бу шеър нафақат ўзбек адабиёти, балки ХХ аср шеъриятининг мислсиз дурдоналаридан бири бўлаолган. Қасиданинг бадиий ва ғоявий хусусиятларига тўхталадиган бўлсак, мумтоз адабиёт ва халқ оғзаки ижод анъаналари уйғунлашиб кетгани бу асарда шеърий санъатнинг

ташбеҳ, жонлантириш, тазод, муболаға, метафора, сифатлаш каби жиҳатлари ўта маҳорат билан қўлланилгани гувоҳи бўлиш мумкин. Бу шеърдаги биргина:

Чиройлидир гўё ёш келин,

Икки дарё ювар кокилин…

жумлаларининг ўзиданоқ янги ҳаёт остонасида турган Ватан тимсолининг пок ва гўзал келинга қиёс этилгани ўзбек шеъриятида кам учрайдиган ва шоирнинг ўзига хос бадиий топилмаси сифатида эътиборни тортадиган ташбеҳдир. Шеърнинг:

Тоғлардаги қип-қизил лола,

Бўлиб гўё ёқут пиёла…

мисраларни ўқишингиз билан кўз ўнгингизда чиндан ҳам “ёқут пиёла” каби лолаларга бурканган тоғлар пайдо бўлади. Алҳол, шакли ва ранги қимматбаҳо

тош – ёқутдан ясалган қадаҳга менгзалаётган лола орқали ватан табиати нақадар гўзаллиги таъсирчан ифода этиларкан, бу эса шоирнинг нозик кузатувчанлигини кўрсатади. “Ўзбекистон” қасидасининг асосий руҳини жонсиз нарсаларга инсоний фазилатлар бериш санъати бўлган ташхиснинг ёрқин намуналари:

“Икки дарё ювар кокилин…”

“Бунда булбул китоб ўқийди…”

сатрларида ярақлаб намоён бўларкан, дарёлар инсон каби келинчакнинг (Ватаннинг) сочларини юваётганига, булбулнинг сайраб-сайраб китоб ўқиётганига ишонасиз. Яъни шоир жонлантириш санъати орқали табиатни тирик мавжудотдек тасвирлайди. Бу эса ўқувчида Ватанни жонли ва ҳис этиладиган макон сифатида қабул қилиш туйғусини кучайтиради.

Шоир “Ёвларига осмон тутундир” ва “Достонларда битган гулистон” каби сатрларида эса сўзнинг кўчма маънода ишлатилишидан (метафора) унумли фойдаланган. Бу ердаги биринчи мисрада ишлатилган “тутун” сўзи душман учун чорасизлик, қоронғилик ва мағлубият рамзи сифатида қўлланилган бўлса, “Достонларда битган гулистон” мисраси орқали шоир Ватанни гулларга бурканган боғ дея таърифлайди.

Ўзбек адабиётида “қуш учса қаноти куяди” ибораси кенг қўлланилади ва бу гап ёз чилласи чоғлари чўлу биёбонлардаги ҳаво ҳарорати 50-60 даражагача жазирамага етадиган серқуёш юртимизга хос гап бўлишига қарамай, аслида, албатта муболаға. Шеъриятда айнан шу санъатдан кўп фойдаланилади. Ҳамид Олимжон эса “Қуш

учганда куймас қаноти” деркан, юртнинг соя-салқинлиги ва боҳаво гўша эканини ифодаларкан, одатда жазирама иссиқ табиат сифатида таърифланадиган иборани тескари талқин қилиб, муболаға орқали ижобий тасвир чиза олган.

Бунда қорнинг тагларида қиш,

Баҳор учун сўйлайди олқиш…

сатрларидаги “қиш” ва “баҳор”, “қор” ва “олқиш” сўзларини зидлаш орқали эса табиатнинг узлуксиз айланиши ва келажакдан умидворлик моҳирона ифодаланган.

Шоир тазод, яъни бир-бирига зид тушунчаларни келтириш орқали маънони кучайтиришга эришган бўлса, нарса-ҳодисалар белгисини бадиий бўёқдор қилиб кўрсатиш учун “ажиб ҳис”, “гўзал бўстон”, “қип-қизил лола”, “азиз тупроқ” каби сифатлашлари орқали ўзининг Ватанга бўлган чексиз муҳаббати ва ҳайратини намоён этган.

Булардан ташқари, ижодкор шеър байтларида бир-бирига боғлиқ ва яқин тушунчаларни англатувчи таносуб санъатидан моҳирона фойдаланган ва бу жиҳатларнинг барчаси шеърнинг мусиқийлиги ҳамда ўқувчи қалбига тез етиб боришини таъминлаган.

Бош ғояси – Ватанга бўлган чексиз муҳаббат ва унинг бахтиёр келажагига ишонч ҳисобланадиган “Ўзбекистон” шеъри 1939 йил – Сталин қатағони авж олган палла, Иккинчи жаҳон уруши бўсағасидаги ўта оғир замонларда ёзилганини яна бир бор ёдга олар эканмиз, бир жиҳатга эътибор қаратишни истадик. Гарчи айнан ўша

даврда шоир собиқ иттифоқ расмий адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири бўлганига қарамай, унинг “Ўзбекистон” шеъри чуқурроқ таҳлил этилса, бевосита бўлмаса ҳам, билвосита бу асар замирида миллий мустақиллик ва ҳуррият соғинчи яширинганини англаш қийин эмас.

Мустабид тузум халқларни “совет граждани” деган умумий тушунча остида яхлитлаштиришга уриниб келган бир пайтда Ҳамид Олимжон айнан Ўзбекистонни, унинг табиати ва жўғрофий ўрнини алоҳида ажратиб кўрсата олган. Яъни у ўша давр талаби ва эътимодига кўра “Ватаним – СССР” деб эмас, балки “Ўхшаши йўқ

бу гўзал бўстон – Ўзбекистон дея аталур” деркан, фақат киндик қони томган тупроқ, яъни ўз юртини диққат марказига қўяди. Бу ҳолатни маълум маънода ўзига хос “маънавий мустақиллик” ифодаси сифатида талқин этиш мумкин.

Шеърдаги баъзи сатрлар эса мустабид тузумнинг қора кунларига ишорадек туюлади: “

Даласида ўсмас тиконлар, / Чўлларида чопмас илонлар; / Қуш учганда куймас қаноти”…

Бу сатрлар шунчаки табиат тасвиригина эмас, балки қўрқувдан

холи, эркин ҳаёт ҳақидаги некбин орзулар кабидир. Қуш учганда “қаноти куймаслиги” – инсоннинг ўз фикри, дунёқараши ва эътиқоди учун жазоланмаслиги, озод парвоз қилиши рамзидир.

зод парвоз қилиши рамзидир. Албатта, мазкур шеърда давр талабига мос “пахта”, “Текстиль”, “канал” каби образлар бор. Аммо бу каби айрим мафкуравий деталлар мавжудлигига қарамай,

улар асарнинг умумий ғоясини тўлиқ белгиламаган. Аксинча, асар орқали сиёсий тузумлар ўткинчи, лекин “Аму билан Сирдан сув ичган” халқ ва тупроқ боқийдир, деган ғоя илгари сурилган.

Адабиётшуносликда уч нуқта сукут билан айтилган фикрни ифодалайди. Ҳамид Олимжондек сўз санъаткори учун эса бу нуқталар шунчаки тўхташ ёки тин олиш эмас, балки мафкуравий деворларга урилиб, ичга ютилган ғам-алам ифодаси ҳамдир. Масалан, унинг “Бунинг қизиқ ҳикмати бордир…” сатрларидаги

уч нуқтани шунчаки тўхташ эмас, балки шоирнинг айтилмаган дарди, очиқ ифода этиб бўлмайдиган фикрларининг ишораси сифатида талқин қилиш мумкин. Шоир Ватаннинг гўзаллигини, бойлигини таърифлайди-да, нега шундай бой ва қудратли ўлка бошқага тобеъ, мутеъ бўлиши кераклиги ҳақидаги саволга келганда, “ҳикмат” дейиш билан чекланади. Шу маънода бу уч нуқта – “нега биз мустақил эмасмиз?” деган аламли саволнинг ўрнини босган.

Тарихдан маълум, бу шеър ёзилишидан атиги бир-икки йил олдин ўзбек ойдинларининг энг саралари – Қодирий, Чўлпон, Фитрат кабилар “халқ душмани” сифатида отиб ташланган эди. Ҳамид Олимжон уларнинг фожиасини кўриб, билиб турган. Менга шеърдаги “Омон бўлсин оғайнилари, Омон бўлсин дўстларнинг

бари” деган сатрлар ва ундан кейинги уч нуқталар – шаҳид кетган дўстлар учун дуо ва бевақт хазон бўлганлар ортидан надоматнинг унсиз ифодаси бўлиб туюлади.

Табиий, Ҳамид Олимжон очиқдан-очиқ мустақилликка чақира олмас, бу ўша вақтда ўлим билан баробар эди. Нима бўлган тақдирда ҳам у Ватанни шу қадар баланд пардаларда, шу қадар муҳаббат тўла қалб билан куйладики, бу ўқувчида барибир ва беихтиёр “шундай буюк юрт, улуғ халқ нега ўзгаларга тобеъ бўлиши керак?” деган фикрни уйғотади.

Шундай шеърлар борки, адабиётда катта бир давр, юксак мавзу бадиий анъанасини бошлаб беради. Шу маънода Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон” шеъри ўзининг халқона руҳи, миллат қиёфаси баланд пардаларда куйлангани, бармоқ вазнининг жозибасини ёрқин акс эттиролгани боис ҳам янгича “Ватаннома”

туркумларини бошлаб берди. Бу руҳий баландлик ва миллий пафос кейинчалик Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Саййид шеъриятида ҳам давом этганини кузатиш мумкин. Зеро, бу шеърлардаги юксак руҳий эпкин, баланд миллий тўлқин, халқ қалбига яқинлик каби мантиқий занжир давом эттирилган. Адабиётшунос олима Раъно Муллахўжаева таъкидлаганидек, одатда, “истеъдод мавжуд анъаналарни қабул қилади, янгилайди, бойитади, ўзлигини намоён этиб, келажак авлодга етказади. 70–80-йиллар ўзбек шеъриятига кириб келган авлод ўз истеъдод ва иқтидорини салафларининг ижодий тажрибаларини ривожлантириш орқали намоён этди”.

Шоир халқнинг миллий қиёфасини – алла айтаётган оналар, ғазал ёзаётган шоирлар, меҳмон кутаётган қариялар тимсолида гавдалантиради. Бу ўзбек халқининг азалий қадриятлари ва маънавияти ҳали ҳам барҳаёт эканини кўрсатади.

Ҳамид Олимжон “Ўзбекистон” шеърининг якунида фақат ўз юрти эмас, балки бутун дунё учун тинчлик ва омонлик тилайди: “Шундай бўлсин бу бутун жаҳон”. Ва бу ғоя асарни маҳаллий доирадан чиқариб, умуминсоний аҳамиятга олиб чиққандир.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон” шеъри – миллий ғурур, тинчлигу фаровонликка бўлган ташналик ва ёруғ келажакка ишонч қасидасидир. Бу муаззам адабий обида ҳали узоқ асрлар давомида миллат фарзандларини ватанпарварлик ва миллатпарварлик, мустақилликни асраб-авайлаш руҳида тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.

«Шарқ юлдузи» журнали 2026 йил 4-сон.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil