Дўстбек СУЛАЙМОНОВ – 1981 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг
ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Чўққиларга интилиб”,
“Салом қани?”, “Завол бўлган умрлар”, “Бадиий ижод сирлари”, “Бўрилар афсонаси”
номли китоблари нашр этилган.
Адиб насрида бадиий нутқ масаласи ёзувчининг эстетик тафаккури, дунёни
идрок этиш усули ва тилга муносабати билан бевосита боғлиқдир. Бадиий нутқ
воқеликни оддий ахборот тарзида эмас, балки эстетик қайта ишланган шаклда
ифодалашга хизмат қилади. Шу жараёнда лексик ресурслар асосий ифода воситаси
сифатида майдонга чиқади.
Собир Ўнар тил масаласида талабчан эди. Адиб асарлари тили ортиқча
тафсилотлар, узундан-узоқ изоҳлардан холилиги билан ажралиб туради. Жумлалар
ихчам, содда тузилади. Ёзувчи кўпроқ Қўшработ шеваларига хос сўзлардан
фойдаланади. Унинг асарларида йўқолиб бораётган, кўпроқ кекса авлод тилида
сақланиб келинаётган сўз ва иборалар кўп учрайди. Масалан, “Қиш кунларининг
бирида” ҳикоясида “Кўпинча, қурут қотилган овқат ичилади. Қуртоба ичиб олсанг
совуқ кунда ҳам ичингни иссиқ сақлайди”1 гапида “қуртоба” кўпинча Қўшработнинг
тоғолди қишлоқларидаги таом номини билдиради. Яна “Чамбилбелнинг ойдаласи”
қиссасида “кўлик” – улов сўзи ишлатилади. “Бир раҳмдил чиқди, ўзи чавандозман,
деди, отангдан эшитганим бор, кўлигинг бўмаса, танкамда обораман, тожигингни
топамиз, деди”2.
“Бибисора” қиссасида “Дераза пардасини тортиб қарасам, чол жегдасининг
ўнгирини белидаги қизил белбоққа қистирган кўйи ташқарида қор кураб ётибди”3
гапидаги “жегда” яктак, енгил тўн маъносини англатади.
Ёзувчи асарларида маҳаллий удумлар, одат, анъана, маросимлар кенг учрайди.
Масалан, “Бибисора” қиссасида чегачи чолнинг мис ва чинни идишларни ямаш
усули келтирилади: “Чолнинг хуржунида бир белбоғ, қора ялтироқ кўмир, уни
пуфлаб ёндирадиган найсимон мис асбоб, чинни идишларни ямайдиган майда
1 Ўнар, Собир. Кунсулувнинг сирли хатлари. – Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги НМИУ, 2021. – Б. 22.
2 Ўнар, Собир. Танланган асарлар (Матн). – Тошкент: Саҳҳоф, 2024. – Б.12.
3 Ўнар, Собир. Бибисора: Қиссалар. Ҳикоялар. Эсселар. – Toшкент: Ўзбекистон, 2011. – Б. 11.
тунука ва елимлар юради. У ҳар бир чойнакни чегалар экан, буни алоҳида
маросимга айлантирарди. Ҳовлига чиқиб кичкина ўра қаздирар, унга бир ҳовуч
кўмир ташлаб, яна пайраҳа, ўтин опкелтирар, мослашиб ўтириши учун ўриндиқ
талаб қиларди. Айни замонда Хитой чиннилари арзанда эдими, топилмасди чоғи,
синган чинниларни одамлар Иштихондаги мўлтони ёхуд Каттақўрғондаги араб
дўконларига олиб жўнаб, кечқурун қир ошиб қайтиб келишарди. Отам бир замонлар
армияда Владивостокда хизмат қилиб хитойлардан катта сариқ чинни чойнак
сотиб олиб келган экан. Ҳадеганда чойи адо бўлавермайдиган чойни бобом кўп
қадрлар эди. Нетонгки, катта энам бир гал ўчоқ бошида чойнакнинг тумшуғини
офтобага уриб олиб, тумшуқ иккига бўлиниб тушган, шунда ҳам темир чойнакдан
обрўли, афзал бўлганидан бобом уни ишлатишни қўймас эди. Кунларнинг бирида
мана бу чол келди-ю, чойнагимиз темир ямоқ билан бўлсаям тузалиб, бобомнинг
кўнгли жойига тушди…”4
Собир Ўнар қаҳрамонлари нутқида мақол, матал, қарғиш, айтим кабилардан ҳам
самарали фойдаланади. Масалан, “Егани бир туйир нон, ичгани бир коса шўрва”,
“Тўйнинг тўппаси тўрт кун”, “Тарвузинг ёрилди, илигинг қуриди, қулоғингдан
ой кўринаяпти”, “Мен ҳали унинг ковушини тўғирлаб қўяман”, “Номаъқулнинг
нонини ебсан”, “Елкамнинг чуқури кўрсин”, (“Бибисора”), “Жонининг ҳузурини
обдон билар эди бу чоли тушмагур”, “Ушбу ҳолат ҳам Қирғий бобомиз учун бир
тарки одат”, “Бало урмас бу чолга, бўри ермиди”, “Суянсам, тоғим бор, деб кўп
куявермади”, (“Чамбилбелнинг ойдаласи”) кабилар келтирилади.
Маълумки, лақаб жонли сўзлашувда, халқ оғзаки ижодида фаол қўлланилади.
Кишиларга лақаб қўйиш уларнинг насл-насаби, касб-кори, жисмоний
кўринишлари, феъл-атвори кабиларга боғлиқдир. Собир Ўнар ижодига хос энг
муҳим хусусиятлардан бири, унинг аксарият асарлари қаҳрамонларига лақаб
қўшиб айтилишидир.
Адиб асарларида лақаб қўллашнинг турли кўринишлари учрайди. Уларни
қуйидагича таснифлаб ўрганиш мумкин:
- Кишиларнинг касби-кори, мансаби, вазифасига қараб берилган лақаблар:
почтачи Қўниш ака, Султон полвон, чегачи чол, Марди муаллим, Сайпи муаллим,
Фахриддин муаллим, Аҳмад муаллим (“Бибисора”), Болта маллим, Турдиқул
чўпон (“Қиш кунларидан бири”), Холназар подачи (“Кунсулувнинг сирли
хатлари”), Саритой (“Жинкўчадаги муштипар”), Қўлдош бригадир, Шариф
дўхтир (“Алағдалик”), Темир тегирмончи, Холдор тракторчи (“Ўлмайдиган
одам”), Нарзулла муаллим (“Офат”), Машариф дўхтир (“Алла”), Саксонип
муаллим (“Қуш”), ҳожи бобо, Қорабош полвон, Норбўта полвон, Олмос чавандоз
(“Ака-укалар”), Очил қори (“Фаришта”), Нозик қушноч, Муҳаммад оқсоқол
(“Чамбилбелнинг ойдаласи”), Самоварчи Шурик, Комиссар Маҳмуд, завхоз
Мадамин (“Инқилоб кечаси”); - Кишиларнинг ташқи белгилари, айрим жисмоний нуқсонларига қараб
берилган лақаблар: Қора ота (“Бибисора”, “Қора чол”), Қозоқ амаки (“Йигитлардан
бири”), Нурмат тўрткўз (“Олишув”), Эшбой сариқ, Михли узун (“Фаришта”),
Отақул Қирғий (“Чамбилбелнинг ойдаласи”), Қорин домла, Жалол нашаванд,
қўқонгул Мадина (“Инқилоб кечаси”);
4 Ўнар, Собир. Бибисора: Қиссалар. Ҳикоялар. Эсселар. – Toшкент: Ўзбекистон, 2011. – Б. 7. - Кишиларнинг феъл-атворига қараб берилган лақаблар: Абдулла қайнар
(“Алағдалик”), Жума тентак (“Олишув”), Шоди гуппи (“Чўл ўртасидаги шийпон”).
Умуман, адиб асарларида лақаблар қаҳрамонларнинг феъл-атвори, характер
хусусияти, ички ва ташқи қиёфасини кўрсатишда муҳим омиллардан бўлиб хизмат
қилган.
Собир Ўнар ўз асари мазмун-моҳиятини очиш учун асар руҳига ҳамоҳанг
эпиграфлардан фойдаланади. Эпиграф сифатида кўпинча халқ мақоллари, афоризм
ва шеър парча ва бошқалар келтирилади. “Чамбилбелнинг ойдаласи” қиссасида:
“Чамбилбелнинг ойдаласи даладир, Ойдалада қўйлар ётиб қоладир. У қўйларни
Собир билан Ўткир ҳайдаб келадур-ей… (Отамнинг қўшиғи); “Бибисора” қиссасида
қозоқ адиби Ўлжас Сулаймоннинг “Уларда дард ва изтироб не қилар, Улар
фақат кишнаб юрган йилқилар” шеърий сатри, “Ўғрилар” қиссасида халқ мақоли
“Орнинг кучи, савлати”, “Инқилоб кечаси” қиссасида “Йигирма йил кечикиб
қилинган дийдиё”, “Шаффоф манзил” қиссасида Ҳофиз Таниш Бухорийнинг
“Сен томонга ўзингдан бошқа ким йўл кўрсатади, Бекик йўлни ўзингдан бошқа
ким очади?” шеърий сатри ва халқ ҳикмати “Энг ашаддий душманинг – ўзинг”,
“Йигитларнинг бири” ҳикоясида халқ мақоли “Қаноат қорин тўйдиради”, “Қора
чол” ҳикоясида Тинибек бобом қиссагўйлик қилатуриб айтган: “Ай болам-ай,
суйламакни эмас, суймакни эплаганлар суйсин-да ахир”, “Алағдалик” ҳикоясида
“Ҳар йигирма ё ўттиз йилда қай гўрдан ҳам бир бало бир ёпирилиб келади. Шунда
ҳамма таҳликага тушади, қисинади. Ўзларини ғариб ва ночор ҳис этишади, тўрт
томонга югуришади. Кейин…”, “Бегона меҳмон” ҳикоясида “Бу бир ривоят. Лекин
ўзим ишондим. Тўқиган жойларим ҳам бор, тўқимаганларим ҳам. Лекин ғалати.
Сабаби…”, “Кун бошланди” ҳикоясида Ҳамид Олимжоннинг шеърий сатри “Ҳар
баҳор ҳам шу бўлар такрор…” кабилар эпиграф сифатида танланган.
Ёзувчи асарларининг аксарияти хабар бериш мазмуни, макон ва жой тасвири
билан ибтидо олади. Айрим ҳолларда тўғридан тўғри диалогдан асар воқелиги
бошланиб кетади. Масалан, “Сел” ҳикоясида шундай манзарага дуч келамиз:
“Чеча, чеча дейман, – худди онам унинг сўзларини эшитмаётгандай, аммам
турткилайди. – Бир томоғим куйишди-я, товоним ҳам қизиди. Ортидан борай
дедим. Чопиблар кетай дедим, тизза сабил қақшайди, чол ўлгурга қарасам, оғзида
нос, узалиб мудраяпти. Худо мени бойлади, мен ҳаром ўлгурни бойлади.– Қизжон, тақдирга таъбир йўқ. Ойингиз ботса, офтобингиз чиқиб келяпти.
Оллодан домонгир бўлманг. – Чеча, чечажон-ов…”5
Қолаверса, адиб асарларида диалог айрим драматик вазиятларда воқеликдаги
шиддат, кескинлик, конфликтни кучайтиришга хизмат қилган. “Дунё шундоқ
турурми?” қиссасида Ширинқул Махфират билан бўлган драматик вазиятда бу
яққол намоён бўлади.
Собир Ўнар воқеликни муаллиф, ҳикоячи-қаҳрамон орқали ифодалайди.
Ҳикоячи-қаҳрамон нутқи одатда анъанавий баёнчилик усулидан қочиб,
тасвирланаётган воқеликка эркин, жонли ёндашиш имконини беради. Масалан,
“Инқилоб кечаси” қиссасида бу усул тасвирланаётган воқеани енгил, қизиқарли
баён этишда қўл келган. Айнан ушбу қиссада саргузашт-детектив руҳ устувор
5Ўнар, Собир. Кунсулувнинг сирли хатлари: Ҳикоялар. – Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги НМИУ,- – Б. 282.
бўлганлиги боис, воқеликни тасвирлашда ҳикоячи-қаҳрамон нутқи унинг янада
жозибали, жонли чиқишида муҳим ўрин тутган. Қисса шундай ибтидо олади:
“Аввалига ўша кунлар, ўша жойларни эсладим-у юрагим гупуриб кетди: оҳ,
у кунлар! Жой эса… жой ўша осойишта, имиллаб ўтувчи, бироқ севги, рашк,
демакки, юракда тўполонга тўла кунларни беихтиёр ёдга туширувчи восита,
холос”6.
Муаллиф қиссада ҳикоячи-қаҳрамон орқали воқеликни баён этар экан, асар
қаҳрамонлари қиёфасини унинг нигоҳи орқали очади. Воқелик унинг ўзига хос
сўзлаш оҳанги, мулоҳазалари, дунёқараши орқали намоён бўлади. Қисса тили
енгил, сўзлашув тилига яқин.
Адиб асарларида қаҳрамонларнинг ички кечинмалари баъзан ички монолог
орқали ифодаланади. Масалан, “Қурбон ўлам” ҳикоясида қаҳрамоннинг ички
кечинмалари шундай тасвирланади: “Эсингдами, ўшанда Аврам Толмаснинг ёзги
саройдаги концертига кирган эдик, концерт кечикиб бошланганди. Унгача Давлат
ҳаммани лақиллатиб ўтирган, улфатимиз Олим аканинг ёнида келган маъшуқасига:
“Янга, кўзингиз сигирникига ўхшаркан”, деганида боёқиш бирданига ҳўнграб
йиғлаб юборган, шу кўйи аразлаб саройдан чиқиб кетганида Олим ака роса хафа
бўлган, “Давлат, сен одам-подам эмасакансан, бу нима қилганинг!” дея каловланиб
қолган ва “севган ёри” ортидан новча бўйига ярашмаган ҳолда лўкиллаб жўнаган
эди, бир муддатдан сўнг “Қурбон ўлам” қўшиғи бошланганида, ҳов бир чеккада
“ошиқ-маъшуқлар” бир-бирига суянган кўйи қўшиқ тинглашаётганига гувоҳ
бўлганмиз, кулишганмиз, концерт тугаганда тағин улар билан қўшилиб, Давлат
ваъда қилган ҳовли-кафега кетганмиз. Эсингдадир, ҳа, эсингда. Давлатнинг ёнида
бўйи пакана, бироқ жуда сулув қиз бор эди, қўйиб берса улар шу ердаёқ суйкалишни
бошлашар, аммо Давлатнинг ғурури баланд, гўзал қизни қўлга илинтиргани билан
мақтанишни ўзига эп билмас, аксинча, ўзига тирғалиб келувчи жононларни кўпинча
жеркиб берар, сўкиб ташлашдан ҳам тоймас, негадир сулувлар унинг сўкинишига
парво қилмас, гўё шундай бўлиши керакдай баттар тирғалишаверарди. Буни сен
билмасдинг, албатта”7.
Юқоридаги парчада қаҳрамоннинг хаёлан севганига мурожаатида унинг ички
кечинмалари, ўйлари ифодаланади. Адиб қаҳрамоннинг ҳолати, ўй-хаёлларини
кўрсатиш учун ички монологдан фойдаланади.
Хулоса тарзида таъкидлаш жоизки, бадиий тасвир воситалари, халқ оғзаки
ижоди дурдоналари бўлган мақол, матал, афсона, шартлилик воситаларида, халқ
жонли сўзлашув тилининг шева ва архаик сўзларидан самарали фойдаланиш Собир
Ўнар ижодининг муҳим жиҳатларидандир.
6 Ўнар, Собир. Танланган асарлар (Матн). – Тошкент: Саҳҳоф, 2024. – Б.143.
7Ўнар, Собир. Кунсулувнинг сирли хатлари: Ҳикоялар. – Тошкент: Ғ. Ғулом номидаги НМИУ,- – Б. 253.