Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Биринчи севгидек бирам беғубор

Саида ЗУННУНОВА – (1926-1977). Ўрта Осиё давлат университетининг (ҳозирги
ЎзМУ) филология факультетини тамомлаган. Шоиранинг “Қизингиз ёзди”, “Янги
шеърлар”, “Гуллар водийси”, “Қизларжон”, “Бир йил ўйлари”, “Нилуфар”, “Гулбаҳор”,
“Гулхан”, “Олов”, “Бўйларингдан ўргилай”, ”Она”, “Кўзлар” номли китоблари нашр
этилган.


Чўли ироқ


Тарихни сўзлама менга, эй одам,
Битта чалиб бергин “Чўли ироқ”ни.
Битта чалиб бергин, токи яна ҳам
Яхшироқ ажратай қорани, оқни.


Бу куй асрларнинг баридан тортиб
Чўлларда толиққан ҳорғин карвондай
Минг хил тақдирларни устига ортиб,
Қалбимдан жимирлаб ўтади қондай.


Тарихнинг энг олис қатламларида
Армонда ухлаган орзу-аламлар.
Дунё манглайига ажин туширган,
Дардни, қариликни яратган ғамлар.


Саҳро чечагининг аянч кулгуси,
Ёмғирдан жон кирган тупроқнинг иси,
Ҳаммаси ўтади қалбимни ўйиб.
Туя бўйнидаги қўнғироқларнинг
Ташналик эслатган жаранги бўлиб
Ҳаммаси ўтади қалбимни ўйиб.


Тарихни сўзлама менга, эй одам,
Битта чалиб бергин “Чўли ироқ”ни.
Битта чалиб бергин, токи яна ҳам
Яхшироқ ажратай корани, оқни.

Ҳаддидан ошганга уни чалиб бер,
Дўстлар дийдорини ғанимат билмай,
Саробга шошганга уни чалиб бер!
Чалиб бер, чалиб бер, андиша қилмай.
Ўтмишни сўзлама, ўгит керакмас,
Шу куйни бир марта чалиб берсанг бас.


* * *
Анҳор лабида жуфт-жуфт соялар,
Жилмайиб ўтаман кўз қирин ташлаб.
Гоҳ хаёл қурмағур олиб кетади,
Баҳона топгандай ёшликка бошлаб.


Йўқ-йўқ, мен турмадим ойдин тунларда,
Сувлар ёқасида ишқ ўтида маст.
Мен бундай дамларни йўлга термулиб,
Интизор ўтказдим ҳар он, ҳар нафас.


Ёшлигим, умримни, ҳаловатимни
Мардона топшириб вафо қўлига,
Ойларни, йилларни минутлаб санаб,
Туну кун қарадим ёрнинг йўлига.


Ҳали бегонайдик ажралишганда,
Кўришдик жуда ҳам қадрдон, иноқ.
Юлиб олса ҳамки ҳижрон ёр васлин,
Қилиб кетган экан унга яқинроқ.


* * *
Шеър ўқигим келар,
Қуйма сатрлардан
Юрагимга тушса жимгина ларза.
Мени бошлаб кетса ажиб туйғулар
Яшиллик югурган қир, адирларга,
Яланг оёғимни силаса майса.


Шеър ўқигим келар,
Чарчоқ ҳисларга,
Сўлим ва мусаффо ҳаво пуркаса.
Қалбдаги бўшлиқни тўлдириб,
Оламни муаттар исларга,
Яна чаманларга буркаса.


Шеър ўқигим келар,
Нотинчликка чанқоқ,
Қанотли ўйларга ташна юрагим.
Сергак этса оҳанглар, куйлар,
Ўтказдириб тунларни уйғоқ,
Ташна лабга ўхшар юрагим.
Шеър ўқигим келар…


* * *
Майса ниш урибди ариқ бўйида,
Биринчи севгидек бирам беғубор.
Қуёшга талпинган қиёқларида
Биринчи севгининг соддалиги бор.


Кўрмаган саратон офтобини еб,
Кузнинг тўзонларин мутлақо билмас.
Булут кўз ёшидан талтайиб, ишқ деб,
Баҳор елларига кўз тутади маст.


Майса ниш урибди ариқ бўйида,
Биринчи севгидек бирам беғубор…


* * *
Йўқламаган ҳар кунинг йилча бўлурми, ҳай-ҳай,
Шунчалик шафқат билмас дилча бўлурми, ҳай-ҳай.


Хуш суратинг бир нафас тарк этмас хаёлимни,
Кўз шаҳло-ю, қош эса нилча бўлурми, ҳай-ҳай.


Ҳар сўзда юз андиша қилғум донолиғингдан,
Кўнглингнинг нозиклиги қилча бўлурми, ҳай-ҳай.


Гоҳ ханжар, гоҳ асалдек сўзларингдан доғдамен,
Жон олиб, жон бергувчи тилча бўлурми, ҳай-ҳай.


Васлингнинг умидида дунёдан ўтиб боргум,
Қаноатда Саида филча бўлурми, ҳай-ҳай.


* * *
Гуллар юзида ханда – бу боғдан ёр ўтдими,
Одатин қилмай канда, яна бедор ўтдими?


Еллар нечун сарсари, кетолмайдилар нари,
Кўнглимнинг моҳ пайкари кўзи хуммор ўтдими?

Райҳонга рашк қилиб гул, бағри қон бўпти буткул,
Яна райҳон ҳидлаб ул, бундан такрор ўтдими?


Ҳар нарсада нур, виқор, ҳатто тупроқ бахтиёр,
Бир-бир босиб беозор, ул беозор ўтдими?


Дилда такрорлаб отин, тилаб умру давлатин,
Сояси бўлиб тағин Саида зор ўтдими?


Қизларжон


Севги ўт ташласа юрагингизга,
Ойдин тун бермаса тинчлик ва уйқу.
Олам куйлагандай кўринса сизга
Ҳамда асир этса ажиб бир туйғу.


Тасалли излайсиз ҳисларингизга,
Ғазаллар ёдлайсиз варақлаб китоб.
Гулдек қалбингизни яшнатар шунда
Севги сатрлари бўлиб офтоб.


Шундай кезда, қизлар, пок ишқингизга
Таржимон бўлолса биронта байтим,
Сирдош бўлиб қолсам ҳамиша сизга,
Шу менинг орзуйим, шодлигим, бахтим.


* * *
Ёшимни сўрама, бемаъни бу оқ
Оралай бераркан сочларга ҳар вақт.
Шу ўтган озгина умримга бироқ,
Ҳеч вақт ачинмайман, шунинг ўзи бахт.


Хиёнат, ғийбатни билмадим сира,
Нодонлик йўлига қўймадим оёқ.
Ишқим бўлсин, дедим, нурдек покиза,
Балки шунинг учун сочимдаги оқ.


* * *
Сира чидолмайман, қувноқ чеҳрангда
Қайғунинг шарпаси кезса бир нафас.
Кўнглимга тикандек оғир ботди,
Сенинг йўлларингда кўрсам хору хас.


Мен уни сочим-ла супуриб олгум,
Пояндоз деб йўлга жонимни солгум.
Хоҳ билгил, хоҳ билмагил,
Садоқатда бир умр қолгум.


Хоҳ билгил, хоҳ билмагил,
Ҳаммасига мен бўлай рози.
Ахир нима қилай, ахир не қилай,
Ишқ учун йўқ экан тошу тарози.


* * *
Ҳаётдан нолиса биров, суймайман,
Айниқса, соғ бўлса қўли, оёғи.
Ҳаёт сийлар бизни қувонч, бахт билан,
Не ажаб бўлса гоҳ алами, доғи.


Курашсиз, меҳнатсиз шодлик, кулгуни
Ўғирлик мол дейман, қиламан ҳазар.
Қалбимнинг парчаси сингмаса агар
Розимасман биров ҳадя этса зар.


Ғамимни айтмасам, токи ўзганинг
Кўнглига бир он ҳам ғашлик солмасам,
Бахтимни дўстларга хушнуд ёйсаму
Лекин уни ҳеч вақт йиғиб олмасам.


Ҳаёт тўлқинида бир хасдек ожиз,
Увол аталишга қилмасман тоқат.
Умримнинг бир они ўтмаса беиз,
Худди ана шундай яшасам фақат.


Қалб


Ҳар нарсага куйма, дейишар менга,
Куймаган юракни нима қиламан.
Ортиқча юк қилиб уни танага,
Ёнмаган юракни нима қиламан.


Мен-ку, шоир ахир, ҳар бир инсон ҳам,
Бебахтдир қалбининг қўри бўлмаса.
Чироқ ардоқланмас эди дам-бадам,
Парпираб ёнмаса, нури бўлмаса.


Сўнгги йўл


Қадамлар, шарпасиз оғир қадамлар,
Кўзлар пардасига қалққан аччиқ ёш.
Энг сўнгги сафарга кимни узатар,
Ҳамкасбми, қўшними ёки қариндош?
Гуллар ҳусни шунча совуқми асли,
Висол дамидаги кўрки қаерда?
Бугун табиатнинг қанақа фасли,
Ҳеч ким пайқамайди, кўзлари ерда.
Майлига, ранглар ҳам ўчсин бир нафас,
Майлига, офтоб ҳам беркинсин бир дам.
Майлига, бир зумга йўқолсин ҳавас,
Майлига, зил юкдай туюлсин қадам,
Ахир орамизда кетмоқда одам!
Мотам сукутидан юрак қийноқда,
Юрак қийноқдаки, бермагундай тоб.
Аммо, мен истардим, юрак шу топда
Ўз-ўзига шундай беролса ҳисоб:
Дардин эшитдингми тириклигида?
Бирон шодлик куни гул тутганмидинг?
Ёки ўша кунни унутганмидинг?
Қадрига етдингми тириклигида?
Шу сўроққа тутса кўнглимиз бизни,
Балки ўлим яна кетарди йироқ.
Одамлар! Қадрланг бир-бирингизни,
Гул ҳам, муҳаббат ҳам тирикка керак.


* * *
Дутор йиғлар эмиш, ҳар пардасида,
Елларга юз тутган чоғларин қўмсаб,
Баъзан севишганлар ўйиб танасин
Очган жароҳати – доғларни қўмсаб.


Бир вақт шохларини яшнатган барглар
Шивири торларин куйлатар эмиш.
Шундан у инсонни вафога чорлаб,
Соғинчга ўргатиб ўйлатар эмиш.


* * *
Ақлим танибманки, миннатсиз бир бахт,
Миннатсиз умрни қиламан орзу.
Кам-кўстсиз ҳаётни этаман деб тахт,
Танҳо ташвиш чексанг, дилим эзилар.
Йўқ, сира юк бўлмай, бўлайин мадор,
Токи равон бўлсин мен-ла йўлларинг.
Йиқилсанг йиқилгум демасман зинҳор,
Турғизмоққа чўзгум нозик қўлларим,
Йўқ, сира юк бўлмай, бўлайин мадор.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil