Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ой хира ёғдусин сепар сайҳонга

Жамшид ПРИМОВ – 1948 йилда туғилган. Хўжанд давлат университетини
тамомлаган. Ижодкорнинг “Майса ҳиди”, “Ёруғ сўз”, “Хазонрез кунлар”, “Ибодат”,
“Карвон”, “Бўладиган эл”, “Моҳият”, “Ишқ жоми”, “Тийрамоҳ” каби ўнлаб шеърий
тўпламлари нашр этилган.


Кечикиш

Йўлинг кутдим.
Нега кечикдинг?
Зангор барглар сарғайиб қолди.
Кўз тикмоқдан кузги боғларда
Умидларим, ўйларим толди.


Тинмай эсар совуқ шамоллар,
Пой остига хазонни тўшаб.
Мен кезмайман энди мажнунвор,
Сен келмайсан Лайлига ўхшаб.


Ҳаволарда кучаяр аёз,
Дийдирайди ошиқлар боғи.
Хазонларнинг гулхани ўчиб,
Музлаб қолар кузнинг қучоғи.


Қиш тушади бирдан, бесўроқ,
Ва йўлларда кўпаяр хатар.
Қор остида қолувчи ҳар из,
Нечундирким сени эслатар.


Қўйгил энди, ишқдан сўз очиб,
Хотир тахтин бузмагил ҳеч ҳам.
Бу фаслда жони ширинлар
Тушлар кўриб ётибди беғам.


Ҳаммаси тугади…


Ҳаммаси тугади,
Билиб турибман,
Чўзиб бўлмас соқов имкониятни,
Айтиб юбораман
Бир журъат билан,
Тил учида турган энг сўнгги гапни.


Барглар видо айтди,
Айтди ёмғирлар,
Бизнинг талх қисматнинг гувоҳи бўлиб,
Ой хира ёғдусин сепар сайҳонга,
Тонг ҳам отаётир
Юлдузлар сўниб.
Сенингсиз,
Менингсиз қандай яшарлар?
Қадрдон оҳулар кўзларимда нам,
Энди шеърларимга тизаман олиб
Ёлғон сўзларингни мактубларингдан.


Ҳаммаси тугади,
Тугаганини
Бешарҳ ифодалар айтиб турибди.
Валекин биргина сўз макон топмай
Орамизда нолон дайдиб юрибди.


Наҳот, шунча оғир алвидо айтмоқ?
Шундай ажрашайлик,
Сўзламагил, бас.
Билмам, қаён боргум олислаб сендан?
Сен томон қайтмоқ ҳам қўлимдан келмас…


Самимият


У томонда майин шамоллар эсар,
Жийданинг ҳузурбахш бўйин таратиб.
У томон қуёши беғараз, сахий,
Майсаларни нур-ла сийпар яйратиб.


Поёнсиз кенгликда оқ туман аро,
Илоҳий бир шарпа ўзига чорлар.
Кимгадир ўхшарди, кимга?.. Эслолмам,
Тузукроқ қарашга қўймас ғуборлар.


У томон мен учун қўл етмас олам,
Нотаниш кимса ҳам армоним бўлди.
Бобомга ўхшатиб хаёлан уни,
Юрагим аччиқ бир аламга тўлди.


Бош чайқаб бесадо, бетин чорларди,
Ястанган ҳув мовий кенгликлар томон.
Гўё ўша ерда биҳишт боғлари,
Гўё ўша ерда биз билмас жаҳон.


Қўл чўздим, етмади, ўртада ахир
Оқиб ётар телба бўтана сувлар.
Билмайсан, ҳислар ҳам қоришиб кетган,
Сочилган хазондай эзгу туйғулар.


Бу қирғоқда ётган одамтуслилар,
Бадан қизартирар йиғиб уятни.
Улар етти ухлаб тушда ҳам кўрмас
У қирғоқда турган самимиятни.


Танҳолик


Уйда танҳо яшайди кампир,
Пиёласи, ёстиғи танҳо.
Қирқ йилдирким, сукутга асир,
Қирқ йилдирким, юрагида оҳ.


Кириб чиқар озғин жуссаси
Жимжитликка бир нишон бўлиб.
Фалак тинглар унинг ғуссасин,
Оқшомлари бағри қон бўлиб.


Алпомиши қани? Энди йўқ…
Чироқ ёниб дарров ўчади.
Хотиралар – кўксидаги ўқ,
Хаёлларин олиб учади.


Деворларга ёзилган “хат”дан
Ўғлин қўлин кўргандай бўлар.
Ва ногаҳон келган журъатдан
Ўксиб, хиёл кулгандай бўлар.


Қачон чоли қилганди қазо?
Фикри тўзган, бефайз ҳовли, уй.
“Эй Худойим, бу нечук жазо?
Қилдай жоним тезроқ узу қўй!”

Уйга кирди хешу ақрабо,
Кўз қароғи – ўғли кирмади.
Уйга кирди баҳорги сабо,
Эна эса… қайтиб турмади…


Мен ҳам ғариб


Орзу қанот қоқар бир кун,
Ҳар юракдан армон ариб!
Эй биродар, кўп куюнма,
Мен ҳам ғариб, сен ҳам ғариб.


Молу мулкдор бўлди бисёр,
Худони ёд этар қариб.
Бу боғда ким сархушу маст,
Мен ҳам ғариб, сен ҳам ғариб.


Пойгалар кўп, ким ошди кўп,
Қувлашади отлар ҳориб.
Текин экан томошоси,
Мен ҳам ғариб, сен ҳам ғариб.


Солма асло кўз қирингни,
Дунё турар кўп сарғариб.
Чин йўловчи танҳо кезар,
Мен ҳам ғариб, сен ҳам ғариб.


Мусаввирга


Арғимчоқ солгандай кўкка турналар,
Бийдай чўл бағрида судралар карвон.
Бу ҳолдан кимнингдир бағри тирналар,
Бир хачир ортидан ўн туя равон.


Ҳайратда термулгум мағзин чақолмай,
Бунда не сир пинҳон, нимадир маъни?
Шунча йил яшабман бир сабоқ олмай,
Шунча йил билмабман ичин кимсанинг.


Атай бу мавзуга қўл урдинг, нечун?
Юк ташиб юрганни кимларга йўйдинг?
Намойиш қилгандай мўйқалам кучин,
Туяни хачирга арқонлаб қўйдинг!

Сукунат


Сукунатни бугун туш кўрдим,
Ётганмишман момиқ бағрида.
Ҳулво ҳидин уфурар еллар,
Эрка қушман гуллар даҳрида.


Турфа ўйлар бошимдан учмиш,
Безиб чархнинг ғавғоларидан.
Бу не макон, мосуво буткул,
Замин аҳлин савдоларидан.


Юзим сийпар оппоқ патлари,
Унда на кек, на бордир таъма.
Бул ғаройиб юртда бамисли
Фариштадек яшайди ҳамма.


Жаҳолатдан тўйган жонки бор,
Шуълаларни симириб ётар.
Ажиб эртак сўйлар оқшомлар,
Ажиб қўшиқ бунда тонготар.


Қўй, уйқумни тўзғитма, болам,
Тушларимнинг сўнгига етай.
Бир кечгина тиниб ташвишдан,
Сукунатга қўшилиб кетай.


* * *
Умр сувдай оқдию кетди,
Орзуларга ким етмай, етди,
Чеҳраларни ҳусн тарк этди,
Гулзорларим, яхши қолингиз.


Чертилмаган соз эди ёшлик,
Айтилмаган роз эди ёшлик,
Эсинг олар ноз эди ёшлик,
Озорларим, яхши қолингиз.


Ишқ юракда армондай қолди,
Киприк қоққан бир ондай қолди,
Ким ким учун ёмондай қолди,
Ночорларим, яхши қолингиз.


Биздан сўнг кўп баҳорлар келар,
Кўп абрлар, кўп қорлар келар,
Дийдорига кўп зорлар келар,
Пок қорларим, яхши қолингиз.


Кетсам, гулим орзудай кетай,
Юзингни кўр – кўзгудай кетай,
Ўз йўлимдан бир сувдай кетай,
Ай, зорларим, яхши қолингиз.


Бахт
Шавкат Раҳмонга


Энди бу боғларда бахт гуллаб берар,
Ҳеч кимдан озурда бўлмайди толлар.
Ифорларин сочиб шамоллар юрар,
Гуркираб ўсади ўктам ниҳоллар.


Ширин хобларингни бузмас азозил,
Тушлар кўражаксан суюмли, алҳол.
Дуркун орзуларга бўласан восил,
Боланг шўхликлари келмайди малол.


Бу боғлар хуш кунни байрам қиладир,
Қуёш нур улашар баркаш ва баркаш.
Омонат пўкаклар қарс-қарс синадир,
Тарқалиб кетади дилингдаги ғаш.


Руҳинг яйралади, минбаъд кўрмайсан,
Нопок кимсаларнинг кўланкасини.
Япроқ чиқардингми, энди сўлмайсан,
Саркашлар қирқибди ғафлат дастини.


О, элим, сарбаланд гоҳи хок элим,
Кўзингга сиққанда бутун коинот,
Бошдан минг балони кечирдингму жим,
Ҳақпараст шоиринг кўрмадинг, наҳот?


Энди юрт ойнасин ғуборин арит,
Ва боққил атрофга… бирам мафтункор.
Сен бахтни қўйворма, бағрингда қарит,
Уни асрагувчи шоирларинг бор.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil