Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

АЛМАТИ ХАЛҚАРО АДАБИЙ ФОРУМИ

Сувон МЕЛИ – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
Филология фанлари доктори. 1951 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Абдулла Орипов”, “Сўзу
сўз, “Адабиёт фалсафасига чизгилар”, “Глобал илмий-бадиий талқин поэтикаси” “Тонг,
Тошкент ва Ғафур Ғулом (Ижод поэтикаси)” китоблари чоп этилган.


Бугун турли минтақавий ва глобал таҳдидлар кучайган замонда Марказий
Осиё халқлари, хусусан туркий жумҳуриятлар барча соҳаларда яқинлашишга
интилмоқда, бу жараён 2016 йилдан бошлаб Янги Ўзбекистон воқелигида юксак
босқичга кўтарилди. Ушбу жараёнда бадиий адабиётнинг алоҳида ўрни борлиги
шубҳасиз. Зеро, адабиёт маънавий яқинликка олиб боргувчи кучли омил бўлиб, у
яқин қўшни ва қардош халқлар орасидаги қондошлик ришталарини мустаҳкамлаши
тайин.
Шу йилнинг 3 октябрь санасида Қозоғистон Республикасининг иккинчи
пойтахти ҳисобланмиш Алмати шаҳрида “Сўз санъати: миллий адабиётларнинг
келгуси тараққиёти” деб номланган 2-халқаро адабий форум бўлиб ўтди. Унда уч
туркий давлат – Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасининг ёзувчи ва
адабиётшунослари қатнашди.
Анжуман бошланишидан олдин қозоқ адиблари ҳақидаги “Сўз заргарлари”
китоби тақдимоти ва Давра столи (уни қардошлар “Дўнгелик устел” дейишар экан)
атрофида меҳмон ва мезбонлар орасида танишув ва дилкаш суҳбат бўлиб ўтди.
Унда ҳар бир иштирокчи ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Мен қозоқнинг
атоқли оқсоқоллари Ўлжас Сулаймонов ва Мурат Аувезов (Мухтор Аувезовнинг
ўғли, йирик файласуф) ҳақида сўрадим. Ўлжас оғани бироз бетоб дейишди. Мурат
оға беш йилча олдин қайтиш қилган эканлар, таъзиямни билдирдим. Сўнг мен
бундан ўн йиллар муқаддам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида у киши билан
учрашганимиз, оқсоқолдан қозоқнинг икки даҳоси ҳақидаги: “Абайни Абай эткен
Мухтар, Мухтарни Мухтар эткен Абай” деган ҳикматни эшитганимни айтганимда,
мезбонлар аввал эшитмаганларми ёки мендай меҳмон оғзидан тинглаётганлари
учунми, ғоят мутаассир бўлишди.
Форум Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган бўлиб,
эътиборли жиҳати уюшманинг бош қароргоҳи Алмати шаҳрида бўлиб, пойтахт
Астанадаги ташкилот уюшманинг филиали эканки, бу ҳам Алмати шаҳрининг
мамлакат маънавий ҳаётидаги юксак мавқеидан далолатдир.
Анжуманни Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси Мереке Кулкенов
кириш сўзи билан очди. Бунда у мустақиллик даврида туркий халқлар адабиётлари,
жумладан уч давлат ёзувчилари ўртасидаги адабий алоқалар сустлашиб қолгани,
совет даврида ҳеч бўлмаса турли декадалар туфайли учрашиб туришгани, эндиликда
эса бу алоқаларни янада юксак, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурияти
ҳақида гапирди.
Сўнг Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот министри Аида Ғалимқизи
Балаеванинг ва Алмати шаҳри ҳокимининг табрик сўзлари ўқиб эшиттирилди.
Мени мамнун қилган нарса шаҳар ҳокими қутловида Абай ва Чингиз Айтматов
номлари аввалида бизнинг бобомиз, туркий тилнинг буюк жонкуяри Алишер
Навоий номи алоҳида эҳтиром билан тилга олингани бўлди.
Қирғиз Республикаси халқ оқини, таржимон Қожагелди Култегин “Ҳозирги
қирғиз-қозоқ адабиёти алоқалари” ҳамда таниқли мунаққид ва истеъдодли
ёзувчи Бағашар Турсунбай ули “Адабиётнинг бугунги йўналиш ва мақсадлари”
мавзуида сермазмун маърузалар қилишди. Мен тайёрлаб борган мавзу: “Адабий
танқид. Адабиёт ва иймон” деб номланиб, жумладан ундаги “Инсоният онгли
мавжудод сифатида яшаб қолишни истар экан, у қайсидир даражада ўзини яратган
зот, яъни Тангрига қайтиши, ўзидан юксак Олий онг ва куч мавжудлиги, Унинг
илоҳий китобларида қайд этилган талаб – қоидалари, аҳкомларига риоя қилишга
мажбурлигини ялпи равишда аввал ҳис этмоғи, сўнг англамоғи даркор. Бу иймонга
ёппасига қайтиш демакдир” деган қараш иштирокчиларда айрича фикр уйғотди,
деб ўйлайман.
Навбатдаги маъруза М. Авезов номидаги Адабиёт ва санъат институтининг
етакчи илмий ходими, PhD Айнур Ахматова “Замонавий қозоқ, ўзбек, қирғиз
адабий матнлари: туркчилик ва Туркистон талқини” деб аталиб, унда ушбу уч
халқ адабиётидаги туркчилик ва Туркистон ғояси қиёсий аспектда таҳлил этилди.
Таҳлил жараёнида ўзбек адабиётидан Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар”
ва Исажон Султоннинг “Билга хоқон” романлари ҳам тадқиқ этилдики, шунда ушбу
долзарб ғоя барча туркий халқ ва давлатлар учун муштарак эканлиги ўз илмий
тасдиғини топди, десак бўлади.
“Ҳозирги қозоқ ҳикоячилиги” деб номланган маъруза филология фанлари
доктори, профессор Гавҳар Болтабоевага тегишли бўлиб, унда замонавий қозоқ
ҳикоячилиги, ундаги мавзу, ғоя ва жанрий ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот ва
илмий таҳлиллар тақдим этилди. Мен учун янгилик бўлган бир жиҳат – янги қозоқ
ҳикоячилиги қамров доирасида фусункор проза, виртуал проза каби жанр турлари
пайдо бўлгани ва айни бир вақтда бу мутлақ янгилик бўлмай, бундай асарлар XX аср
бошларида қалам тебратган машҳур қозоқ адиби Шокарим Худойберди ули ижодида
мавжуд бўлгани аниқ мисоллар ёрдамида очиб берилди. Шунда мен бизнинг жадид
адабиётимиз, хусусан Фитратнинг “Қиёмат”, Ҳамзанинг “Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ
қурбонлари” асарларида, қатор жадид драмаларида (Шуҳрат Ризаевнинг “Жадид
драмаси” китобига қаранг) мистик унсурлар кўплаб учраганини ёдга олдим. XX
аср бошларидаги Туркистонда адабий жараён яхлит ва муштарак ҳолда кечганига
яна бир исбот-далил – бу.
Бундан ташқари адабий форумда Қирғиз Руспубликаси давлат мукофоти
совриндори Қодирбек Сегизбой ули, қозоғистонлик таниқли ёзувчи Жусипбек
Қорғабек, донғир шоир, халқаро “Алаш” адабий мукофоти совриндори Ерлан
Жунис, Қирғиз Республикасининг “Жетеген” журнали бош муҳаррири Абдиламит
Жуматов, қозоқ адиби, “Тонгшолпан” журнали бош муҳаррири Нурлибек Сафин
чиқишлари ҳам анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек,
Алмати шаҳри марказлашган кутубхоналар тузулмаси директори ўринбосари
Бахтижамол Оспанова шаҳардаги кутубхоналар фаолияти ҳақида қизиқарли
маълумотлар келтирди. Масалан, ушбу форум ўтаётган кутубхона кеча-ю кундуз,
яъни 24 соат ишлаши ва китобхонлар учун барча шарт-шароит яратилгани ҳамда
шу кунда Алмати шаҳрида 28 кутубхона мавжуд бўлиб, яна учта кутубхона
қурилаётгани ҳақидаги маълумот ҳаммада қониқиш уйғотди. Зеро, кутубхона
ҳамиша илм ва одоб тарқатувчи зиё маскани экани исбот талаб қилмас ҳақиқатдир.
Яна бир чиқишда “руҳоний тавилсизлик” (улар мустақилликни шундай аташар
экан) ҳақида гапирилдики, бу бизнинг буюк Чўлпон ёзган “Кўнгил, сен бунчалар
нега, кишанлар бирла дўстлашдинг”, яъни руҳий кишанларни улоқтириш вақти
келган ҳақидаги ғояга ажиб мос келади.
Адабий анжуманнинг мусиқий қисмида халқаро ва республика танловлари
ғолибаси, “Алатау” санъат театри хонандаси Ўлжан Ағлақованинг соҳир овози
иштирокчиларда масрур кайфият уйғотди, бу овозда дашти қипчоқнинг беадад
мунги жо бўлгандек эди гўё.
Алматида бўлган суҳбатлар жараёнида бизни хурсанд қилган яна бир
янгилик ҳақида эшитдим. Атоқли ёзувчимиз Хайриддин Султоннинг икки
машҳур қиссаси – буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги “Саодат
соҳили” ҳамда аллақачон кино экранларига кўчган “Ёзнинг ёлғиз ёдгори” қозоқ
тилига таржима қилинмоқда ва бу китоб тақдимоти аввал Алмати, сўнг Тошкентда
ўтказилиши мўлжалланмоқда экан. Менга бу ҳақда Қозоғистон Ёзувчилар
уюшмасининг масъул ходими Дидар Кўменов гапириб берди.
У шахсий суҳбатларимиз давомида яна бир муҳим фактни айтди. Маълумки,
Туркистон жадидларининг саъй-ҳаракати билан минтақада чор босқинидан
кейинги илк давлат, Қўқон шаҳрида тузилган Туркистон Мухториятида ўзбек,
қозоқ, қирғиз, туркман, тожик халқ вакиллари, масалан мухторият раҳбарларидан
бири Мустафо Чўқаев қозоқ бўлган, шунга қарамай делегатлар ягона туркий тилда
гапиришган, бир-бирларини жуда яхши тушунишган. Ҳозир эса бир-биримизни
чала тушунадиган бўлиб қолдик. Ўша бирликни қайта тиклашимиз учун янада
яқинлашмоғимиз зарур, дейди Дидан Кўменов.
Айтгандай, Алматида икки ноёб китоб – бири қозоқ ёзма адабиёти асосчиси
Абайнинг аслиятдаги икки жилдли тўла асарлар тўплами (Алмати, “Жазуши”,
2013) ҳамда оламга машҳур япон буддашуноси Д.Т. Судзукининг инглиз тилидан
ўгирилган “Дзэн и японская культура” (СПг. “Наука, 2003”) номли ноёб асарни
харид қилдим. Шахсий кутубхонам икки нодир китоб билан бойиди. Ва буни ҳам
мен шу халқаро адабий анжуманнинг шарофати, деб билдим.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil