
Шуҳрат МАТКАРИМ – 1960 йилда туғилган. Хоразм давлат Педагогика институтини
тамомлаган. Унинг “Устоз ҳақида сўз” хотира-эссеси, “Кун шунлай бошланади”,
“Йилон”, “Салав”, “Қум этагида Оқ уй”, “Мақар”, “Болжон” ҳикоялар ва қиссалар
тўплами нашр этилган.
Одамлардан, айниқса, ижоддан бехабар, ижод моҳиятини англамайдиган
кишилардан, “Шоир нима учун шеър ёзади ўзи? Айниқса ҳозир, ҳеч ким унга пул
бермаса, ҳеч ким мажбур қилмаса, яна ҳеч кимни адабиёт қизиқтирмаса?” деган
саволларни эшитиб қоламиз. Қани унга жавоб бериб кўрингчи? Ундай дейсиз,
бундай дейсиз. Лекин унинг тушунмаётганини кўриб ижоднинг моҳиятини бир
сўз, бир ибора, бир гап билан тушунтириш жуда қийинлигига яна бир марта имон
келтирасиз. Хўш, одам (шоир) нима учун шеър ёзади? Нима уни мажбур қилади?
Яқинда Дурпошшонинг Тошкентдаги Fractal нашриётида чоп этилган “Илинж”
тўпламини варақлаётиб, менда кашфиёт содир бўлди: мен “Шоир нима учун шеър
ёзади ўзи?” деган саволга жавоб топдим. Шоиранинг “Нимадир бор эди баҳордан
бўлак” сатрлари худди ана шу “Шоир нима учун шеър ёзади?” деган саволга
жавобдир. Биз оддий одамлар атрофимизда ёзни кўрсак ёз, кузакни кўрсак кузак,
қишни кўрсак қиш деймиз. Табиий атрофимизда баҳор бўлса, баҳор келди, деймиз
да яна ўз ишимиз билан кетаверамиз. Таъсирчанроқларимиз баҳорнинг илиқ
шамоллари эса бошлаганидан, қумриларнинг қуқуллашлари-ю қалдирғочларнинг
вижирлашларига қулоқ тутиб роҳатланамиз. Баъзан уялибгина, тортинибгина бу
ҳақда кимларгадир айтамиз. Тентакми бу, шу оддийгина нарсаларга ҳам эътибор
бериб, таъсирланиб ўтирибди, дейишларидан тортинамиз-да. Шоир одам, ижодкор
одам тортиниб, қимтиниб ўтирмайди. Юрагини тўлқинлантирган туйғулар
ҳақида фақат яқинлари, сирдошларига эмас, ҳаммага, таниш-у нотаниш, билган-у
билмаганига айтади. Айтадигина эмас, жар солади. Хўш, нега жар солади у? Нима
мажбур қилади уни жар солишга? Чунки у (шоир, ижодкор) атрофдаги сиз-у биз
кўрмаган нарсани кўради, ҳис қилади. Ана шу воқелик уни ўзи сезган неъматни
ҳамма билан ўртоқлашишга ундайди. Натижада шеър дунёга келади. Дурпошшо бу
туйғуни баҳорда ҳис қилганлигини ёзади:
Нимадир бор эди баҳордан бўлак,
Ўрик шохларига гуллар қадаган.
Ҳаётбахш нафасми бедор, жонҳалак,
Ям-яшил ташрифин баҳор атаган?!
Ҳа, биз баҳор деб атайдиган фасл табиатни гуллашга, қушларни сайрашга
мажбур қиладиган баҳор билан бирга яна нимадир келади. Аслида табиатни баҳор
эмас, худди ўша нарса гуллатади! Дурпошшо худди ана шу нарсани илғайди ва
бизга ҳам бу ҳақда хабар бераётир.
Дурппошшонинг қўлимиздаги “Илинж” тўпламини варақлаймиз ва ўша
“нимадир” шоиранинг қулоқларига шивирлаган назмий жавоҳирларни ўқиб
роҳатланамиз.
Қулоғингга шивирласа… бахт,
Кўнгил сўрса: жонингни тутсанг.
Алмийсоқдан… ўшал кўҳна аҳд:
Ҳилолланиб-ойланиб кетсанг…
Қулоғингга шивирласа бахт,
Дунёларни зумда унутсанг…
Қотиб қолсанг бир нафас карахт,
Сўнг ёғдуга айланиб кетсанг…
Дурпошшонинг қулоғига ўша “Баҳордан бўлак нимадир” бахт бўлиб шивирлар
экан шоира “Ҳилолланиб-ойланиб” боради ва “Сўнг ёғдуга айланиб” дурлар
яратишда давом этади:
Мени уйғотади навбаҳорий руҳ,
Секин қамраб олар жисм-у жонимни.
Шафтоли гулидай тўкилар андуҳ,
Чечакларга буркаб кўз-осмонимни.
Бирдан ўз қадрини йўқотар замон,
Маконлар йўқота бошайди қадрин.
Ғариб дилситоним – жозиб бир жаҳон,
Йўлимда ҳар гиёҳ – наргиз, настарин…
Одамни навбаҳорий руҳ уйғотиб унинг жисм-у жонини бу руҳ эгаллаганида
кишининг руҳи равони қандай енгиллашиши ва унинг жисм-у жони қайғу
ғамлардан қай йўсин озод бўлишининг тасвирини қаранг. Ҳа-ҳа, тасвирнинг:
“Шафтоли гулидай тўкилар андуҳ”, бу ҳолатни бундан ҳам гўзал, ўзгараётган руҳий
ҳолатнинг бундан ҳам аниқ тасвири, суврати ва картинасини чизиш мумкинми?
“Шафтоли гулидай тўкилар андуҳ…” Беихтиёр “Оҳ!” деб юборади одам. Андуҳ
шафтоли гулидай тўкилар экан, киши дунёга бошқа кўз, бошқа нигоҳ билан
қарайди ва “Йўлимда ҳар гиёҳ – наргиз, настарин…” деб пичирлайди ногоҳ. Мана
сизга руҳий тозаришнинг гўзал тасвири!
Шоиранинг “Яна… Ёмғир” шеъри юқоридаги шеърнинг давомидай жаранглайди.
Йўқ, тўғрироғи шивирлайди:
Ёмғир ёғар шивир-шивирлаб,
Руҳимнинг либоси – шалоббо.
Азизим, дилимда нур тараб,
Қароғимда – ёмғирли дунё.
Қароғимда – ёмғирли дунё.
Кўчиб кирган гўё каҳкашон:
Канорига сиғмасдан аммо
Сочилиб кетади… Ногаҳон…
Бугун куз ва шоира нигоҳига бизни қамраб олган кузакдан бўлак яна “нимадир”
кўринади: шоира руҳи кузакнинг биз билмаган асрорларини англайди. Куз ҳақида
гап бошлар экан, “Сарғайган баҳорни юлқилар шамол”, дейди. Қаранг-а, куз шоира
учун “сарғайган баҳор”. Куз ҳақида бундан ўтказиб яна нима дейиш мумкин?
Англайсизки, гап фақат куз, оддий бир фасл ҳақидагина эмас. Гап инсон умрининг
кузи ҳақида ҳамдир. Умрининг бу фаслини ўтказаётган инсонларга таниш ҳолат
бу. Улар умр кузагини кечирароқ тез-тез болалиги, ёшлигини эслайди, қўмсайди.
Куз улар учун сўзсиз “Сарғайган баҳор”. Баҳорга эса яшариш ва яратиш хос. Гарчи
у “сарғайган” бўлса ҳам:
Сени орзуларга бошлар куз фасли,
Тўхтайсан ортингга муттасил қараб.
Хазон деганлари ҳеч нарса асли,
Куз ахир… руҳингни олади ўраб.
Ва шарбат тутади… борлиғи ийиб,
Мажнуншуносликдан айтиб афсона.
Сен эса заъфарон либосинг кийиб
Тинглагинг келади – маҳзун, мастона.
Қоласан… Шафақранг кўйлагин йиртиб,
Елкаларинг оша соча бошлар куз…
Азизим! Кўнгилга мактаблар битиб
Маъюс шивирлайман: Умидингни уз…
Сени орзуларга бошлаб кетар куз…