Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Яшар ҚОСИМ. ЎЗБЕК ВА ОЗАРБAЙЖОН ОЛТМИШИНЧИЛАРИ

Яшар ҚОСИМ – филология фанлари доктори. 1955 йилда туғилган. Боку давлат университети ва Тошкент давлат университети филология факультетини тамомлаган. Ўзбек адабиётига доир юздан ортиқ адабийтанқидий мақолалар муаллифи. “Сўз нури”, “Уйғониш садолари”, “Сеҳрли дарахтлар”, “Озарбайжон эртаклари”, “Илк лириканинг жозибаси”, “Миллий уйғониш ва ўзликни англаш лирикаси”, “Янги ўзбек шеърияти поэтикаси” (Toшкент) каби оригинал ва таржима китоблар муаллифи. Ўзбек адабиётининг қатор намуналарини озар тилига ўгирган.

ЎЗБЕК ВА ОЗАРБAЙЖОН ОЛТМИШИНЧИЛАРИ

Адабий-назарий ва қиёсий-типологик паралеллар

Сўз санъатидаги ҳар бир янгилик аввало унинг қаҳрамони моҳияти ва характеридаги ўзгаришлардан бошланади. Янги қаҳрамон эса бадиий тафаккурнинг ривожида навбатдаги босқич дегани. Аниқроқ айтганда, янги қаҳрамон бадиий жараёндаги сифат ўзгаришларининг дастлабки кўрсаткичи. Сўз санъатида оригинал ижодийлик принсиплар ва янги эстетик меъёрлар доимо янги қаҳрамон характерининг талаби билан шаклланади. Шу маънода Иоганн Бехернинг “янги адабиёт янги инсондан бошланади” деган фикри ғоят асосли. Чунки бадиий қаҳрамон – адабиётнинг замон ва макон жиҳатидан аниқ реал воқеликка муносабатини ифодаловчи асосий ижтимоий-эстетик мезондир. Бошқача айтганда, адабиётнинг нуқтаи назари ва моҳиятини унинг бош қаҳрамони белгилайди.

Академик Исо Ҳабиббейли олтмишинчи йиллар поетик жараёнининг етакчиларидан бири, Озарбойжон халқ шоири Маммад Араз ҳақида шундай ёзганди: “Ҳеч бир иккиланмасдан айтиш мумкинки, саксонинчи йиллар охиридан бошланган миллий озодлик ҳаракатини йиллар давомида тайёрлаган, етиштирган шоирлар сафининг олдинги қаторида Маммад Араз туради. Миллийлик ва мустақиллик, озодлик ғояси, ҳушёр ва фаол фуқаролик позициясининг шеър орқали бетакрор ифодаси Маммад Араз ижодининг моҳиятини ташкил этади. У ҳақиқий маънода, буюк истиқлол шоиридир”. Йирик адабиётшуноснинг ушбу мулоҳазаларини озарбойжон ва ўзбек олтмишинчиларининг аксарият вакилларига ҳам татбиқ этиш мумкин. Дарҳақиқат, ўша даврнинг қизғин адабий-фалсафий ҳамда маънавий-эстетик курашлари контекстида яқин келажакнинг миллий-сиёсий контурлари шаклланганди. Умуман олганда, ХХ асрнинг иккинчи ярмида миллий истиқлол тафаккурининг туғилиши ва етуклашувида олтмишинчи йиллар беқиёс босқич ҳисобланади.

Озарбойжон миллий илмлар академияси аъзоси Й. Қараевнинг “Истиқлол ва суверенлик идеали”нинг “ҳар доим аввало адабий-фалсафий фикрда шаклланиши”, кейинроқ эса “давлат тафаккури, ижтимоий-инзиботий тузум ва сиёсий режим ҳақиқатига айланиши” ҳақидаги қарашлари илмий ҳақиқатни обектив умумлаштиради. Бу фикрлар 60-80 йилларнинг поетик жараёни, бадиий тафаккурнинг ўша даврдаги адабий-эстетик изланишлар йўналиши ва моҳиятини тўлақонли, ҳар томонлама англаш имконини беради.

Шеъриятда олтмишинчи йиллар бошидан бошланган юксалиш ўша даврнинг ўзидаёқ назарий-эстетик тафаккур ва адабий танқиднинг эътиборини тортгани масаланинг долзарблигини кўрсатади. Буюк ўзбек ёзувчиси ва ҳикоянависи Абдулла Қаҳҳор ўша йилларда адабий ёшларнинг дастлабки ютуқларини назарда тутиб, узоқни кўрган ҳолда шундай деганди: “Ўзбек адабиёти келажакда буюк адабиёт бўлади”. Бадиий тафаккурда юз берган туб ўзгаришлар, улкан янгиланишнинг моҳият ва кўламларини устоз санъаткор шундай хулосага келган. Орадан кўп ўтмай юзага чиққан ва миллионларнинг қалбини забт этган миллий уйғониш руҳидаги ҳамда интибоҳ нафаси уфуриб турган адабиёт ана шу башоратнинг тасдиғи бўлолди.

Таниқли ўзбек адабиётшуноси ва танқидчиси, профессор Озод Шарафиддиновнинг “Олтмишинчи йиллар адабиётимиз тарихига бадиий ижод ва хусусан, поэзия гуллаб-яшнаган даври сифатида киради” дея айтган фикрлари ўша даврдаги бадиий жараённинг бор-йўғи бир неча йиллик тажрибасига, янги авлод вакилларининг дастлабки адабий асарларига таянган ҳолда билдирилганди. Аммо адабий ҳаётдаги кейинги жиддий сифат ўзгаришлари, адабиётда юз берган салмоқли ва асосли янгиликлар буюк танқидчининг реал ҳаётдан келиб чиққан мулоҳазаларини тасдиқлади.

Таниқли танқидчи ва шеършунос олим И. Ғафуровнинг қуйидаги фикрлари ҳам олтмишинчи йилларда айтилганини инобатга олсак, уларнинг қанчалик муҳим эстетик қиймат касб этишини тасаввур қилиш мушкул эмас: “Мен ҳозирги ёшлар шеъриятининг абадият сари юз тутаётганидан фахрланаман. Бу поэзиянинг моҳиятида ҳеч қачон сўнмайдиган бир нур ва ҳарорат келишига катта умид ила қарайман. Бу истеъдод алангаси ва ҳарорати Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Жамол Камол, Рауф Парфи, Гулчеҳра Нуруллаева, Муҳаммад Али, Омон Матжон, Чўлпон Эргаш, Ҳалима Худойбердиева ва бошқа ёш шоирларнинг шеърларида кўринади. Уларнинг илк тўпламлари поэзия оламига чинакам поетик туйғу ва янги шоирона образ эгалари кириб келганидан дарак беради”.

Ўзбек ва озарбойжон олтмишинчилари эллигинчи йиллар охири ва олтмишинчи йилларнинг бошларида шеърият осмонида тонг юлдузидек порладилар. Бу авлод ўтган асрнинг энг машҳур ва курашчан адабий авлодларидан биридир. Уларни узоқ ва яқин адабий авлодлар ичида фақатгина “ўттизинчилар” билан қиёслаш мумкин. Аммо бу қиёс ҳам тугал эмас. Масала шундаки, адабиётшуносликда “ўттизинчилар” атамаси қатъий шаклланмаган ва собиқ совет адабий маконида кенг тарқалиш имконига эга бўлмаган. Шу боис, у қўлланиладиган, функционал эстетик истилоҳ даражасига кўтарилмади. “Олтмишинчилар” атамаси эса аллақачон илмий адабиётларда кенг ёйилиб, назарий тажрибада қабул қилинди. Бу икки поетик босқич орасида типологик ўхшашлик нуқталари ҳам, қарама-қарши жиҳатлар ҳам талайгина. Уларни яқинлаштирувчи асосий типологик белги – ҳар икки авлоднинг бадиий тафаккур оламига уни ўзгартириш ва янгилаш азми билан кириб келганидир. Бу вазифани қандай адо этиш масаласида эса улар бир-биридан кескин фарқланардилар. Тўғрироғи, бу икки авлоднинг эстетик мақсадлари мутлақо бир-бирига қарама-қарши эди. Иккинчи томондан, улар олдиларига қўйган улкан ва умуммиллий маънавий-маданий янгиланишни қандай ижтимоий-сиёсий шароит ва муҳитда амалга ошириш нуқтайи назаридан ҳам тубдан фарқловчи хусусиятлар юзага чиқарди.

Ўттизинчилар ва олтмишинчиларни энг кўп яқинлаштирган жиҳат улардаги инкорчилик ва исёнкор руҳ эди. Биринчилар ўзларидан олдинги минг йиллик классик маданий тажрибани инкор этган бўлсалар, иккинчилар сўнгги 40-50 йилларда совет тизимининг таъсири ва таҳрики[1] билан яратилган адабиётни рад этишарди. Ўттизинчилар классик маданиятни қабул қилмай, мутлақо янги бадиий тизим яратишни мақсад қилган эдилар. Олтмишинчилар эса классик адабий меросга қайтишни, миллий адабий анъанани тирилтириш ва жонлантиришни исташарди, бироқ бу ғоя, эстетик мақсад олтмишинчиларни ўзига хос ва янгиликсевар поетик авлод сифатида баҳолашга асло тўсқинлик қилмайди. Профессор Озод Шарафиддинов масаланинг айнан шу жиҳатига эътибор қаратиб, етмишинчи йилларда Абдулла Орипов лирикаси мисолида “Унинг истеъдодидаги ўзига хослиги нимада? Поэзияси қайси фазилатлари билан ўқувчининг эътибор ва меҳрини қозонди?” деган асосли саволларни қўйди ва уларга жавоб излади. “Қалб ҳарорати” номли мақоласида олим шоир ижодининг муҳим хусусиятларини қуйидагича умумлаштиради: “Аввало, таъкидлашим керакки, Абдулла Орипов ўзбек шеъриятида кескин бурилиш яратмаган. У шеър тузилишини ислоҳ қилмаган, аксинча, унинг барча шеърлари анъанавий вазнларда ёзилган. У поетик тафаккурнинг янги қонуниятларини ҳам кашф этмаган. Бошқа ўнлаб, юзлаб шоирлар сингари Ватан, муҳаббат, меҳнат, яратиш ва инсон ҳақида ёзмоқда. Лекин шунга қарамай, лирикаси ҳозирги ўзбек поэзиясида янги бир саҳифани ташкил этади, чунки у ўз моҳиятига кўра новатор лирика”.

 Таниқли олим илгари сурган масалалар ва қўйган саволлар устида ўйлаган киши олтмишинчиларнинг энг катта янгилиги − улардан аввалги, яъни 20-50 йилларнинг мафкуравий шеърият тажрибасини инкор этишдан иборатлиги ойдинлашади. 60-80 йиллар адабий жараёнидан сўз юритган профессор Ш. Олишонли ҳам бу даврнинг мураккаб ва зиддиятларга бой поетик манзарасини илмий жиҳатдан обектив умумлаштиради: “50-60 йилларда эса поетик тафаккур ҳаёт ҳақиқатига йўналтирилган ижодий изланишларда консерватив дунёқараш билан кураш олиб боришга мажбур бўлди. Поэзиянинг тарихий кескин ҳақиқатларини, шахсиятнинг бугунги тақдирини санъатнинг асосий предметига айлантириш йўлидаги кураш адабиётга ҳаётнинг иссиқ, тароватли нафасини олиб кирди”.

Айнан шу нуқтайи назардан айтиш жоизки, уларнинг олдиларига қўйган эстетик мақсадлари ва танлаган ифода воситаларининг фарқлилигига кўра бу икки поетик авлоднинг миллий бадиий тафаккур тарихидаги ўрнини модернизм ва анти-модернизм доирасида белгилаш мумкин. Яъни ўттизинчилар – модернист, олтмишинчилар эса анти-модернист эди. Аммо бу икки авлоднинг нафақат олдиларига қўйган мақсадлари, балки фаолият юритган муҳитлари ҳам бир-бирига ўхшамасди. Ўттизинчилар совет социалистик тизими – янги юзага келган пролетар диктатурасининг таҳрики ва ёрдами билан адабиёт майдонига чиққан эдилар. Олтмишинчилар эса, табиийки, бундай ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашдан маҳрум эдилар. Чунки уларнинг бадиий идеалининг моҳиятини ва ядросини совет тизимини инкор этиш ҳамда нима бўлганда ҳам миллий истиқлолни яқинлаштириш ташкил этарди.

Адолат юзасидан айтишимиз даркор, олтмишинчи йилларда совет репрессия машинаси анча кучсизланган, совуқ сиёсий иқлим бироз юмшаганди. Энди шоирларни фақат ўз Ватанини ва миллатини севганлиги учун очиқчасига отиб ташлашмасди. Аммо бу қудратли давлатнинг тоғдек оғирлигини ёш ижодкорлар илк қадамлариданоқ ўз нозик елкаларида сезишди ҳамда умр бўйи ўзларининг курашчан ва исёнкор табиатини ана шу шафқатсиз босим остида яшатишга мажбур бўлишди. Барча бадиий ислоҳотларини, поетик инқилобларини унинг оғриқ ва азобларига мардона чидаб, кўплаб йўқотишлар орқали амалга оширишди.

Бу ерда икки авлодни бирлаштирган ва олтмишинчиларни характерлайдиган инкор этиб бўлмас яна бир жиҳатни ҳам таъкидлаш лозим. Улар ўттизинчиларнинг ёниб кетган орзулари кулидан туғилишганди. Яъни олтмишинчилар ўттизинчи йиллар поетик ёшлигининг бўғилган, чўктирилган овозининг акс-садоси эди. Формал мантиқ билан ёндашадиган бўлсак, ўттизинчилар авлодининг бевосита ва табиий давомчилари қирқинчилар, эллигинчилар ҳисобланмоғи керак эди, бироқ диалектик мантиққа кўра, ўттизинчиларнинг энг яқин давомчилари, энг содиқ издошлари айнан олтмишинчилар бўлди. Янги авлод ижтимоий-сиёсий бўронлар ва қирғинларда “йўқолган ёшлик”ни майин бир туйғу билан эсларди. Олтмишинчилар уларнинг маънавий матонати, севгиси ва алданишлари ҳақида афсоналар, ривоятлар эшитган эдилар. Қатл қилинган ёшликнинг фожиаси йиллар ўтса ҳам қалби ва хотираларида яшаб қолган эди.

Олтмишинчилар “Ёдимдадир, дейишарди, Бу дунёда Мушфиқ отли жуда гўзал шоир бўлган…”[2] дея ўша олов ёшларни эслашарди. Улар ёшликнинг бевақт кетган ўша етакчисини шеъриятнинг қуёши дея мадҳ этарди. Халил Ризо Улутурк абадий ёш устозини “Батамом отмаган Қуёш” деб атади. Маммад Араз эса бу шеърият қуёшини сўндирганлар, уни қатл қилганларни қоралаб, улуғ шоирнинг шарафи учун “Қуёшни айблаганлар” элегиясини ёзган. Қизиғи, поетик авлоднинг нафақат маънавий олами, балки эстетик дунёқарашини ҳам ўша давр қурбонларининг тақдири ва оқибатлари белгилаб берганди. Бошқача айтганда, йўқлик борлиқни туғган, йўқ қилинганларнинг фожиавий тақдири ва соғинчи натижасида янги, ўз шаҳид оталарига ўхшамаган авлодлар пайдо бўлганди.

Ўзбек ва Озарбойжон олтмишинчиларини яхлит поетик авлод сифатида шакллантирган ва характерлаган бир қатор омиллар, эстетик белгиларни тилга олиш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Ушбу авлоднинг ўзига хос хусусиятлари нафақат соф поетик зарурат ва жараён, балки ўзининг табиий тарихий-биографик ҳаёт йўлидан келиб чиқиб, илк асарлари ва бадиий тўпламларидаёқ эътиборни тортганди.

60-йилларда поетик тафаккурда юзага келган катта юксалишнинг туғилиши ва тақдири бевосита ўша даврда шеърият оламига кириб келган ёш қалам эгаларнинг дастлабки ижодий ишлари, илк адабий тўпламлари билан чамбарчас боғлиқ эди. Али Карим, Маммад Араз, Халил Ризо, Фикрат Қўжа, Воқиф Самадўғли, Ҳусайн Курдўғли, Фикрат Содиқ, Алакбар Салоҳзода, Наримон Ҳасанзода ва Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Омон Матжон, Муҳаммад Али, Жамол Камол, Маъруф Жалил каби истеъдодли шоирларга мансуб бўлган бу авлод шеърият оламига фақат ёшликка хос бўлган жўшқинлик, янги поетик қараш ва нафас билан кириб келишди. Авлоднинг ўз сўзи ва тақдирига бўлган ишончи уларнинг илк поетик тўпламлари номида ҳам ўз ифодасини топганди. Маммад Аразнинг “Севги нағмаси” (1959), “Уч ўғил онаси” (1961), “Араз оқар” (1964), “Онамдан ёдгор қўшиқлар” (1965), “Умр карвони” (1967), Халил Ризоннинг “Баҳор келар” (1957), “Севган кўзлар” (1959), “Муҳаббат достони” (1961), “Менинг қуёшим” (1963), “Қўлларингни кенг оч” (1965), “Янги чўққилар” (1970), Фикрат Қўжанинг “Чағалай” (1963), “Ҳаммадан қарздорман” (1965), “Денгизда ой чўмилганда” (1967), “Ухлолмаган тунларимда” (1970), “Гул умри” (1971) тўпламлари, ўзбек адабий ёш авлодининг ўша даврда адабий жамоатчилик хотирасида чуқур из қолдирган машҳур китоблари – Эркин Воҳидовнинг “Тонг нафаси” (1959), “Ёшлик девони” (1966), Абдулла Ориповнинг “Митти юлдуз” (1965), “Кўзларим йўлингда” (1967), Рауф Парфининг “Карвон йўли” (1968), “Акс-садо” (1970), “Тасвир” (1973), “Хотирот” (1975), “Кўзлар” (1978), Чўлпон Эргашнинг “Тонг юлдузи” (1965), Омон Матжоннинг “Очиқ деразалар” (1967) тўпламлари эътиборни бежиз ўзига жалб этмаганди. Ўша давр хотирасида қолган машҳур шеърий китобларнинг тўлиқ бўлмаган рўйхати ва мазмунли, ваъдакор сарлавҳаларига эътибор қаратганимизда, ёш шоирларнинг жўшқин поетик руҳияти ва ўзларига бўлган кучли ишончи, аниқ эстетик ният ва мақсадлари яққол ифодаланганини кўришимиз мумкин.

Ўзбек ва Озарбойжон олтмишинчиларининг адабий фаолият ҳамда курашга кириш тарихлари, ҳар икки мамлакатда бу адабий ҳаракатнинг шаклланиш ва юксалиш динамикаси ҳамоҳанг эди. Аввало айтиш керакки, бутун Иттифоқ республикаларидаги олтмишинчиларнинг поетик биографиялари ва фуқаролик таржимаи ҳоллари, бошқа бадиий-биографик параметрлари деярли бир-бирига тўғри келар, авлоднинг кўпчилик етакчилари ва фаоллари 30 йилларда дунёга келганди. Қирғин ва даҳшатли репрессиялар бу болаларнинг онги ва хотирасига ўз муҳрини босганди. Дунё юзини кўрибоқ тақдирнинг фавқулодда синовларига дуч келган бу болаларни дунёнинг энг катта уруши ҳам синаб кўрди. Демак, олтмишинчилар ота-оналари ва болалик бахтидан жуда эрта айрилишганди. Улар, ё 30 йилларда қатл этилган, ё Иккинчи жаҳон урушида фарзандларига бир парча қора қоғозни ёдгор қолдириб кетган одамларнинг болалари эди. Дунёга келган кундан қонли қатағонлар ва урушларнинг гувоҳи бўлган бу болаларнинг ўзига хос дунёқараши, ҳамманикидан фарқ қилувчи ҳаётий идроки ўта табиий шароитда шаклланган эди. Улар ҳатто ўзларидан беш-олти ёш катта одамларга қараганда ҳам ҳаётга кўпроқ сезгир ёндашарди. Беғубор ва покиза болалик хотирасида катталар одат қилиб улгурган ҳаёт тарзи ўчмас из қолдирганди. Катталар кўниккан ва “келишган” ҳаёт билан улар ҳеч қачон келишишни истамасди. Мана шу ўзига хос туғилиш ва ибтидо ҳам авлоднинг ўзига хослигини белгилаб берганди.

Дунё ва тақдирнинг ғаройиб тазодлари бор. Чунки бу авлоднинг биологик туғилиши қирғинларга тўғри келди десак, ўсмирлик ва ёшлик даврлари, яъни адабиёт ва санъат одами сифатида туғилишлари “Халқлар отаси”нинг ўлимидан кейинги уйғониш даврига тўғри келганди. 50 йилларнинг иккинчи ярмида улкан империянинг беҳисоб, тасаввур қилиб бўлмас даҳшатлари бутун дунёга ошкор бўлиши ёш ва нозикқалб қалам эгалари учун бошқалардан кўра кучлироқ таъсир қилган эди. Олтмишинчиларнинг поетик ёзув услуби ва эмоционал услубий янгилиги айнан мана шундай инкор этиб бўлмас ҳаётий омиллар билан белгиланади.

Ижтимоий-сиёсий давр ва такрорланмас ўтиш даври янги авлод лирикасида ўзига хос образлар кўринишида абадийлашди. Ўзгараётган ижтимоий воқелик билан бевосита мулоқот ва алоқада бўлиш янги шоирларга мутлақо янги эстетик муносабат ҳамда ифода шаклларини яратиш имконини берди.

Олтмишинчилар ижодида илк бор пайдо бўлган улкан эстетик янгиликлар – янги лирик зиддият ва қарама-қаршиликлар, оригинал эстетик эффект яратган фожиавий лиризм, янгича поетик тасвир воситалари, образ ва образлар тизими, бетакрор ибораю ифодалар, семантик-лексик комбинациялар ҳамда сўз бирикмалари, яна кўплаб бошқа поетик кашфиёт ва топилмалар асосида айнан шу – ёш ижодкорларнинг эски эстетик ифода тизимини бузиб, янги эстетик инъикос услубига ўтиши турарди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа шеърияти ва насрида илдиз отган “инсониятга ишонч фожиаси” ва “трагик оптимизм” (Алберт Камю) каби асрнинг поетик йўналишини белгилаган фалсафий-психологик-эстетик тенденсиялар Иттифоқ адабиётларига ҳам айнан олтмишинчиларнинг адабий жасорати туфайли кириб келди. Воқеликни фожиавий қиёфалар ва трагик тарзда акс эттириш истаги ва тажрибаси инкор этилган муҳитда ҳаётнинг қарама-қарши томонини тасвирлаб кўрсатиш эҳтироси ёш қаламкашлар учун катта маънавий эҳтиёжга айланиб қолди.

Ўзбек ва Озарбойжон олтмишинчиларига хос бўлган поетик ифода ва иборалар, лексик-семантик бирликлар давр ҳамда авлоднинг бадиий услуби ҳақида, эстетик тафаккур тарзининг ўзига хослиги ҳақида мукаммал тасаввур бера олади: “Орзу тўлқини”, “Орзу жазираси”, “Севги пешини”, “Сўзнинг мақсади”, “Бўронлар рақсида йўқолган одам”, “Бир оқшом таксидан тушиб куз сари”, “Маюс севинч”, “Асрлар узра эҳтиёт юрамиз”, “Жим турибди гўзаллик қўрқиб кетмасин деб, шамол ҳам, барг ҳам, сўз ҳам”, “Кўп ўтмай ой ботди, кеча ҳам ётди”, “Ғамимни бир тош каби кўйганман оёғим узра орқага қарай-қарай”, “Кадар макон-маскансиз, хонасиз қолсин”, “Кўнглин отган сувларга абадий лангар каби”, “Сочларида кунларнинг оёқ чанглари қолган”, “Буюк эътиқодидан бир мисра ҳам инмасин”, “Уйқумни уйдан ҳайдаб шеърим кирган ўрнига”, “Тоғларнинг отли белидан тушди”, “Бир кўзида қувонч, бир кўзида ғам”, “Дудоқда табассум, кўзларимда ёш”, “Чуққурликка шўнғийди ғамгин кўнгил”, “Шодлик, сени айтиб ғамга ботаман”, “Осмон бугун қоп-қора қор ёғар”, “Кибор чўққиларда музлаган баҳор”, “Кўзларимда юмалоқ севги, кипригимда тиниқ ҳаяжон”, “Йўллар аскарларни кийиб кетади, йўллар аскарларни ечиб кетади”, “Жасорат юракнинг истеъдодидир”, “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси” каби ўнлаб, юзлаб мисолларни келтириш мумкин.

Шу ўринда Ўзбек ва Озарбойжон олтмишинчиларининг авлод бирлиги ҳамда умумийлигини таъминлаган муҳим тарихий омилга ҳам тўхталиш жоиз. Бу муҳим табиий ва ҳаётий омилга жаҳон бадиий тафаккури тарихида илк бор дуч келингандир, эҳтимол. Тилга олинган бадиий юксалишнинг вақти ва кўлами ниҳоятда ҳайратланарли эди. Чунки кўп мамлакатли, кўп миллатли ва кўп қиррали улкан бир империяда бир вақтнинг ўзида камида ўн беш-йигирмата бир хил эстетик мақсад йўлидаги адабий кучлар эҳтирос билан майдонга чиқишганди. Шуни ҳам инобатга олиш керакки, бу уйғониш фақат адабиёт оламида эмас, бадиий тафаккур ва санъат, фан ва маданиятнинг барча соҳаларида рўй берган бўлиб, бошқа авлодлар қаторида олтмишинчилар ўз пешқадамлиги билан ажралиб турарди. Ана шу ҳолни ҳисобга олиб, машҳур олтмишинчилар Андрей Вознесенский ва Воқиф Самадўғли 60 йилларнинг улкан ва кўп қиррали маданий юксалишини “микроренессанс” деб аташди. Ҳақиқатан ҳам, ўша даврда иттифоқдош адабиётлар ва маданиятларда юз берган ҳодисаларни сўзнинг тўғри маъносида миллий уйғониш сифатида баҳолаш мумкин эди.

Олтмишинчиларни бир авлод сифатида бирлаштирган ва марказлаштирган муҳим омиллардан бири – уларнинг ғалабаю мағлубиятлари, қувончу аламларининг ўхшашлиги, бир хил тўсиқ ва зарбаларга дуч келишгани эди. Бу эса авлоднинг бирлиги ва ўзига хослигини янада теранлаштирарди. Қизиқ жиҳати шундаки, Москвада Евтушенко, А. Вознесенский, Р. Рождественский, Б. Окуджава, Б. Ахмадулина, Бокуда Али Карим, Маммад Араз, Халил Ризо Улутурк, Фикрат Қўжа, Воқиф Самадўғли бир хил изтиробларни бошдан кечирарди. Тошкентда эса Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Жамол Камол, Чўлпон Эргаш ва бошқалар ҳам худди шундай босимлар остида қалам тебратиб, бир хил зарбаларга дуч келарди. Рус олтмишинчилари бадиий идеал рамзи сифатида А. Блок, С. Есенин, М. Цветаева, А. Ахматова, Б. Пастернакларни улуғлашарди. Андрей Вознесенский эса: “Не продаётся Ахматова, Не продаётся Пастернак” дея маънавий салафлари билан фахрланарди. Ўзбек олтмишинчилари Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Ойбек ва бошқа репрессия қурбонлари, изтироб чекканларнинг руҳи ва шаънига марсиялар битишарди. Озарбойжон олтмишинчилари эса М. Ҳодий, Ҳ. Жовид, Ж. Жабборий, А. Жовид, М. Мушфиқларни миллий озодлик идеали сифатида юксакларга кўтаришар, Озарбойжон шеъриятининг порлоқ юлдузларини сўндиришга уринганларни айблашарди. Халил Ризо Улутурк тили билан олтмишинчилар “Мен балки севмасдим Озарбойжонни, Сен каби ўғиллар ўстирмаганда!” (1962) дея ёш устозлари Микойил Мушфиққа хитоб қилишарди.

Ўзбек ва Озарбойжон олтмишинчиларининг авлод сифатидаги бутунлиги ва бирлигини белгилаган нарса, энг аввало, уларнинг ижоди ҳамда поетик биографиялари эди. Ўзига хос тақдирга эга бу ёшларнинг адабий орзу ва идеаллари, туғма дарду муаммолари, тез-тез мурожаат этган севимли мавзу ҳамда образлари, ҳал этишга интилган долзарб лирик конфликтлари, бадиий сўз, умуман олганда, санъатга муносабатлари, дастлабки эстетик хулосалари бир-бирига жуда яқин оҳангда жаранглар, уйғунлик касб этарди. Шу билан бирга, уларнинг поетик йўлларидаги ва биографияларидаги ўхшашликлар ҳам айни кўтарилиш ва пасайишлар, имкону имкониятсизликлар, тўсиғу курашларнинг табиати, “анатомия”си гўёки эгизакларники каби бир-бирига ўхшар, бир-бирини тўлдирарди.

Барча олтмишинчилар миллий ва умуминсоний классик меросга чуқур ҳурмат ила ёндашарди. Уларнинг илк лирикасида Дада Қўрқут, Низомий, Навоий, Фузулий, Шекспир, Гёте, Байрон, Пушкин, Лермонтов, Шевченко ва бошқа жаҳон миқёсида шуҳрат қозонган даҳоларга бағишланган асарлар ўзига хос жозибаси билан ажралиб турарди. Шарқ ва Ғарб классикларининг энг гўзал асарларини катта илҳом билан ўз она тилларига таржима қилишарди. Буюк рус шоири Пушкин ёш олтмишинчиларнинг энг севимли адабий манзиллари ва образларидан бири эди. Уларнинг Пушкиндан қилган таржималари нафақат муҳим бадиий-эстетик аҳамиятга эга, балки барча замонларнинг абадий ёш даҳоси билан гўё санъат мусобақасига чиққандек таассурот қолдирарди. Рус, умуман, славян тилли шеъриятдагина эмас, балки Озарбойжон ва ўзбек шеъриятида ҳам Пушкиннинг тақдири, асарлари ҳамда қаҳрамонларига ўнлаб шеърлар бағишланганди. “Пушкин”, “Пушкинга”, “Пушкин ҳайкали қошида”, “Пушкин ҳақида ўйлар”, “Пушкинга хитоб” ва шу каби ўнлаб шеърлар ёзилган, у барча олтмишинчилар учун идеал образ эди.

Маълумки, 50 йиллар охири ва 60 йиллар бошларида жўшқин Москва адабий муҳитида Б. Пастернак, А. Ахматова, А. Твардовский сингари ўтган асрнинг қудратли санъаткорлари ёш авлоднинг чинакам ҳомийлари сифатида танилганди. Бежиз эмаски, уларни фақат рус адабий ёшлари эмас, балки бутун Иттифоқ олтмишинчиларининг маънавий таянчи деб билишарди. А. Твардовский бош муҳаррирлик қилган “Новий мир” журнали улкан империя ҳудудидаги янги ва демократик бадиий фронтнинг адабий трибунаси бўлиб қолганди. Ўша даврнинг энг исёнкор ва жанговар ёзувчиси А. Солженициннинг машҳур асарлари ҳам айнан “Новий мир” саҳифаларида нашр этиларди. Тўғри, чекка ҳудудларда А. Твардовскийнинг кенг кўламли фаолияти ва жасоратидан сўз юритиш қийин эди, бироқ республикаларнинг ҳам ўз “Твардовскийлари” бор эди. Ўзбекистон адабий муҳитида бу миссияни Абдулла Қаҳҳор, Миртемир ва Мақсуд Шайхзода сингари бутун ижодий фаолияти давомида совет мафкурасининг кишанлари ва босимларига қарши курашиб келган санъаткорлар бажаришган. Ўша йиллардаги Озарбойжон адабий муҳитининг эса Пастернаги ҳам, Твардовскийси ҳам устоз Расул Ризо эди.

Олтмишинчиларнинг ҳаётга мана шундай туйғулар билан кириб келиши нафақат адабиёт, балки ҳаётнинг ўзини ҳам тубдан ўзгартирадиган бир кучнинг туғилганидан дарак берарди. Янги лирик қаҳрамон замоннинг адабий-эстетик дидини ҳам, умуман ижтимоий-маънавий муносабатлар тизимини ҳам янгилайдиган бир энергиянинг ташувчиси эди. Умумий хулоса шундан иборатки, бадиий дид ва услубларни ўзгартириш истаги билан адабиёт майдонига қадам қўйган ёшлар кўп ўтмай ўзлари мансуб бўлган жамиятнинг кечириб бўлмас нуқсонларини кашф этишди. Уларнинг адабиётни қайта қуриш ва яратиш иши жамиятни тубдан ўзгартиришга айланди. Олтмишинчиларнинг эстетик уйғониш мужоҳидларидан ва инқилобчиларидан жамиятни янгиловчи куч-ижтимоий инқилоб фидойиларига айланиши ҳам айнан ижод жараёнида юз берди.

Адабиёт тарихида давлат ва ҳокимиятни нишонга олган, унинг интиҳосини яқинлаштириш учун барча имкониятларини сафарбар этган адабий даврлар, бадиий тизимлар унчалик кўп бўлмаган. Олтмишинчилар авлоди ана шундай нодир адабий босқичлардан бирининг иштирокчилари сифатида кўп минг йиллик сўз санъати тарихида шарафли ўрин эгаллади. Ижтимоий орзулар билан тўлиб-тошган ҳамда демократик йўналишли буюк рус шеъриятидан таъсирланган Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг ўша даврдаги ёш шоирлари ҳам ўз халқларининг миллий истиқлол маънавиятини шакллантиришда асосий ва ҳал қилувчи рол ўйнади.

Аммо 70 йиллардан бошлаб бадиий ижод олдига қўйилган турли шартлару баҳоналар, жиддий тўсиқлар унинг эстетик табиатига таъсирсиз кечмади. Шеъриятда сатрости маънога, кўп қаватли истиораларга, мураккаб ва мазмунли рамзларга мурожаат кучайди. Олтмишинчиларнинг ижодида ўзига хос рамзий образлар, умуман, поетик рамзий тафаккурнинг етакчи мавқега чиқиши мавжуд ижтимоий-сиёсий босим ва таъсирларнинг бадиий фикр оламидаги акс-садоси эди. Ҳақиқий ижодкор қаттиқ ва шафқатсиз ижтимоий ҳақиқат билан келиша олмайди. У ўз ички ва руҳий оламида фақат сўз одамларига хос бўлган нозик сезгирлик билан атрофдаги дунёнинг номутаносиблигини, оламнинг тартибли ва тартибсиз тизимини кўрсатишга эҳтиёж сезади. Чин шеърият эса бу асосий вазифасини турли йўл ва усуллар орқали бадиий жонлантиради.

Абдулла Ориповнинг 60 йилларнинг бошида чоп этилган “Гиёҳ”, “Булоқ”, “Булут”, “Жимирлайди митти юлдуз”, “Бургут”, “Дорбоз”, “Темир одам”, “Номаълум одам”, “Жаннат” ва шу каби бир қатор рамзий мазмунга эга шеърлари ҳамда улардаги машҳур рамзий образлари айнан шу тарзда юзага келганди. Озарбойжон олтмишинчиларидан, хусусан, Али Каримнинг “Ток”, “Ниқоб”, “Кўктемир от”, “Метро эшиклари”, “Озод одам”, “Кунгабоқар” ва бошқа шеърларида ҳам рамзий инъикос услубининг намоён бўлишига дуч келамиз. Ўзбек ва Озарбойжон олтмишинчиларининг рамзий лирикасидаги образлар, умуман, образ яратиш усулини, рамзий-бадиий инъикос йўлини аниқ ва қисқа шаклда қуйидагича таснифлаш мумкин:

 1. Мумтоз рамзлар.

 2. Маконий рамзлар.

 3. Замоний рамзлар.

Ҳақиқий ижодкорлар ҳеч қачон золим замоннинг амалларига ҳомийлик қилмайди, бундай салтанатнинг юзсиз ёлғонларига гувоҳ бўлмайди. ХХ асрнинг изтиробли ҳақиқат ҳимоячиси Александр Солженицин айтганидек, ёлғонга гувоҳ бўлмасликнинг ўзи ҳам жасоратдир. Буюк рус ёзувчиси сўз санъатининг ҳақиқат ва ёлғонга муносабатини ниҳоятда нозик сезгирлик билан белгилаган: “Ёзувчилар ва рассомлар катта иш қилиши мумкин: улар ёлғонни енгишлари зарур! Ёлғон билан курашда эса санъат доимо ғолиб келган ва бундан кейин ҳам ғолиб келажакдир! Бу ҳаммага кундек равшан! Ёлғон бу ер юзида кўп нарсага қарши тура олади, аммо санъатга қарши тура олмайди. Шу боис ёлғон юзага чиққач, зўравонлик яланғоч бўлиб қолади ва ҳолдан тойган золимлик қулашга мажбур бўлади”. Бадиий ижоднинг табиати ва моҳиятини чуқур очиб берувчи бу мулоҳазалар олтмишинчиларнинг қалбидаги кечинмаларни ифодалайди.

Авлоднинг шахсияти ва мустақиллигини уларнинг сўнгги тақдири ҳам белгилайди. Совет даври олтмишинчиларга ўзларининг битмас бадиий энергиясини охиригача сарфлашга имкон бермади. Ажабланарлиси шундаки, совет режимига қарши улкан кураш тўлқинларида сўз санъати майдонига чиққан олтмишинчиларнинг бадиий юксалиши ҳам империянинг қулашига бориб тақалади. Бу эса адабиёт тарихида ўзига хос ҳодисалардан бири сифатида муҳрланиб қолди. Адабиёт, худди парвона сингари, ўзи севган оловнинг қурбони бўлди. Тарих синовидан ўтган машҳур ҳикмат – “Адабиёт тақиқлар даврида гуллайди, озодликда эса ўлади” (Ж.П.Сартр) гўё олтмишинчилар учун айтилгандек. Ана шу ғамгин якун ҳам олтмишинчиларнинг энг сўнгги ва унутилмас типологик белгиларидан бири сифатида тарихга айланди.

Академик Й. Борев олтмишинчиларнинг ХХ аср бадиий тафаккур тарихидаги адабий хизматлари ва ўрнини таърифлаб: “Менинг авлодим ХХ асрнинг энг буюк авлодларидан, балки барча камчиликлари ва юксак жиҳатлари билан биргаликда Совет сивилизацияси ва маданияти деб аталган буюк тажрибанинг энг яхши самара ва натижаларидан биридир”, деганда ҳақ эди. Замонавий адабиётимизнинг классиги Анар ҳам олтмишинчиларнинг адабий-тарихий миссияси ва ролини юксак баҳолайди: “Ким нима деса десин, 60 йилларда жамият кайфияти ва муҳитини ўзгартиришда, одамлар онгининг тиниқлашиши, уларни эркинроқ ўйлашга ундашда, шу тариқа замонани анча илгарилашда “олтмишинчилар” адабий авлодининг ўзига хос ўрнини инкор этиб бўлмайди”.

Анар олтмишинчилар ҳақида ёзган сўнгги ва энг яхши мақолаларидан бирида ўтган асрнинг бу буюк адабий ҳаракати билан боғлиқ фикру туйғуларини умумлаштириб, ўз авлоди ҳамда замондошлари ҳақидаги чуқур инсоний-эмоционал изтиробини образли тарзда ифода этади: “Булат Окуджава, Владимир Соколов, Андрей Вознесенский, Белла Ахмадулина, Римма Казакова, Роберт Рождественский, Василий Аксёнов, Владимир Висотский, Иосиф Бродский – олтмишинчиларга шуҳрат келтирган ижодкорлар… Замоннинг шафқатсиз ҳукми уларнинг барчасини бирма-бир саралади, шамол ҳаммасини кетма-кет олиб кетди… Бу тўдадан қолган сўнгги могикан – Евгений Евтушенкодир. Олтмишинчилар авлодига қарши бугунги ношукурликнинг ҳануз тирик қолган сўнгги гувоҳи ҳам у. Бир пайтлар унинг уйидан чиқишини кутиб, кўриш учун навбатга тизилган одамларнинг ўрнини эгаллаган янги авлоднинг бепарволигини ҳис қилиб кўраётган ҳам Евгений Евтушенко. Сўниб қолган ўчоқнинг кулини титкилаётган ҳам у. Шафқатсиз замоннинг яна бир қурбони. Барча тенгдошлари, дўстлари, ҳамкасблари, бир пайтлар севган ва энг нозик шеърларини бағишлаган шоира аёлни охиратга кузатган, ўз юрти эмас, балки замон ғурбатига ботган ҳам Евгений Евтушенко…”

60 йилларда ҳар бир чиқиши ва шеъри ҳатто империянинг чекка ҳудудларида ҳам акс-садо берган машҳур ижодкорлар осойишта ва бешовқин ўлим билан ўз миллий юртларида абадиятга қўшилишди. Миллий истиқлол учун бениҳоя азоблар кўрган, чексиз изтироблар чеккан, замоннинг энг машҳур шахсиятлари ҳисобланган шоирлар тарихнинг оддий бир кунида оддий бандалар сингари ўз муҳитини тарк этди. Бу ҳам ғалатики, олтмишинчиларнинг ҳар бир асаридан жўшиб оқиб чиққан, уларнинг поетик нидосидан ларзага келган собиқ империя чегараларига ўша исёнкор ёшликнинг ўлим хабарлари етиб бормади. Бу ғайриоддий шоирларнинг адабиётга фавқулодда кириб келиши ва ниҳоятда оддий кетиши ҳам замон ва дунёнинг яна бир зиддияти бўлиши билан бирга, ўтган асрнинг энг буюк поетик авлодларидан бирининг умумий, муштарак белгисидир.

Аммо миллий маънавиятнинг бойиши ва ижтимоий-эстетик дунёқарашнинг янада теранлашишида олтмишинчиларнинг хизматлари беқиёс. Академик Исо Ҳабиббейли олтмишинчиларнинг, хусусан, Маммад Аразнинг халқимизнинг миллий мустақиллик йўлидаги кураш тарихи ва тақдиридаги миссиясини, шоир бадиий идеалининг аллақачон миллий идеалга айланганини таъкидлаб шундай ёзганди: “Маммад Араз идеалларини алоҳида шоир, умуман, қалам аҳли эмас, балки сўзнинг кенг маъносида бутун Ватан аҳли кўтариб юради. Бу эса ўз навбатида халқ шоири М.Аразнинг маънавий бойликка, ички покликка, миллийлик ва фуқаролик руҳига, шунингдек, мустақиллигимизнинг янада мустаҳкамланишига олиб борадиган буюк, магистрал йўлнинг асосий, қудратли поетик локомотиви эканини билдиради. Миллий юк ортилган бу шеърият-санъат поезди нафақат ўз муаллифи, балки бутун халқимизни ХХI асрга олиб бормоқда”. Устоз адабиётшунос олимнинг бу илмий-назарий хулосасини замонавий назарий-эстетик фикрнинг ифодаси ўлароқ баҳолаш мақсадга мувофиқдир.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ҳабиббейли И. Халқ шоири Маммад Араз. Озарбойжон Давлат Нашриёти. Боку, 1999 й.

2. Қораев Й. Озарбойжон адабиёти: ХIХ ва ХХ асрлар. Боку, “Илм”, 2002 й.

3. Шарафиддинов О. Замон, қалб, поэзия. Тошкент, Давлат бадиий адабиёт нашриёти, 1962 й. 3 б.

4. Ғафуров И. Жозиба. Тошкент, Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1970 й., 19 б.

5. Шарафиддинов О. Қалб ёлқини. “Гулистон” журнали, 1978 й., №7.

6. Олишонли Ш. Сўзнинг эстетик хотираси. Боку, “Илм”, 1994 й. 129 б.

7. Межелайтис Э. Контрапунктлар. Москва, 1971 й.

8. Камю А. Ижод ва эркинлик. Мақолалар, эссе ва кундаликлар. Москва, “Радуга”, 1990 й.

9. Қораев Й. Поэзия ва наср. Боку, “Ёзувчи” нашриёти, 1979 й.

10. Солженицин А. Нобел маърузаси. “Новий мир” журнали, 1989 й. №7.

11. Анар. Замона бешафқатлиги. “Адабиёт газетаси”, 2012 йил 21 июл.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2025 йил, 12-сон.


[1] Ундови.

[2] Али Карим сатри.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2025 йил, 12 сон.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil