
Робия ХУДОЙБЕРДИЕВА – 1972 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Мақолалари республика
матбуотида эълон қилинган.
Буюк мутафаккир Алишер Навоий насрий-шеърий характердаги “Маҳбуб
ул-қулуб” асарида ўзининг насиҳатгўй ровий, файласуф, олим, ори, ринд каби
жиҳатларининг барчасини намоён эта олган. Бу асардаги ҳар бир “ҳикоят”,
“танбеҳ”ларда, аслида, шоир ўз “мен”и билан юзлашади, назаримизда. Яъни
“Навоий сиймоси ўзаро умумлаштирилса, шоирлиги олимлигидан, мутасаввифлиги
мутафаккирлигидан, ошиқлиги орифлигидан, давлат арбоблиги жавонмардлигидан
баланд беназир даҳо бир Шахсга юзлашгандай бўламиз”1. “Маҳбуб ул-қулуб”да
ана шу фазилатларнинг барчаси яққол ифода топган. Қолаверса, бу асарда Алишер
Навоий мансуб бўлган даврнинг турли ижтимоий, сиёсий, маданий ва адабий
масалалари ҳам атрофлича очиб берилган.
“Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги риндлик мавзуси ҳақида фикр юритарканмиз,
энг аввало, “ринд”нинг луғавий маънолари бўйича айрим маълумотларни ҳам ёдга
олсак.
Ушбу сўз “Фарҳанги Нафисий” луғатида: “Ринд – зийрак, ҳушёр, айёр, лоқайд,
қўрқмас, бодапараст, майхўр, ахлоқсиз, мусофир, густоҳ, шўх одамдир. Шунингдек,
зоҳиран маломатли ва ботинан саломат бўлган киши”дир2 дея изоҳланган. Форс
тожик адабиётининг етук намояндаси Саъдий Шерозий эса “Гулистон” асарида
риндлик ва дарвешликни қўйидагича таърифлаган: “Зикр, шукр, ҳидмат, тоат,
сирор, қаноат, тавҳид, таваккул, таслим бўлмоқлик (Оллоҳнинг ажру азобларига)
ва таҳаммул этиш дарвешлик тариқатидандур. Ҳар кимдаги ушбу хислатлар
мужассам бўлса, у ҳақиқатдан ҳам дарвешдур, зоҳиддур… Тилига нимаки келса
сўйлайдиганлар риндлардур”3.
1 И.Ҳаққул. “Навоийга қайтиш”. 5-китоб. “Тафаккур нашриёти”. 2024. 10-бет.
2 Восеъ Қ. “Ойини ринди ѐ маслаки Ҳофиз”. – Душанбе: Ирфон, 1991. – С. 14.
3 Саъдий Шерозий. Гулистон. Душанбе Ирфон.1990. – С. 56
“Ринд” сўзи кўп луғатларда асосан салбий сифатларга соҳиб образ сифатида
талқин қилинган. Бироқ мумтоз адабиётда риндлик қалби ҳуррият, руҳияти
маърифатга ошно некбин тимсол сифатида гавдалантирилгани гувоҳи бўласиз.
Сулаймон Улудоғнинг ёзишича, ринд – “халқ маломатларидан қўрқмайдиган,
кўнгил ҳукмига кўра ҳаракат қиладиган, сархуш, ботини ирфонга тўла, илмли
бўлган ҳолда халққа таъма қилмайдиган файласуф. Улар кўпроқ ризо аҳлидир ва
ҳар бир воқеа ҳодисани Ҳақдан деб биладиган Комил инсондир. Таваккулнинг
олий босқичини эгаллаган кишилар. Риндлар маломатий ва қаландарларга ўхшаб
ҳурфикрлиликни ёқловчи кишилар бўлиб, улар кўпроқ илоҳий маърифатдан
сархуш ҳолда умр кечирганлар”4. Дарҳақиқат, мумтоз адабиётда ринд бу дунёга
этак силкиган, олам ҳодисаларига кўнгил кўзи ила боқувчи, ҳақиқат йўлига кирган
мураккаб поэтик тимсол саналади5.
Мумтоз адабиётдаги риндона маъно ва лирик қаҳрамон характерини
монографик тарзда ўрганган адабиётшунос Мақсуд Асадов араб адабиётида
хамрият жанрининг юзага келишида юнон мифологияси, яъни узумчилик ва май
маъбуди ҳамда ҳурфикрликни, эркни ифода этувчи қанотлар ҳомийси ҳисобланган
Дионис шарафига куйланган мадҳиялар таъсир кўрсатганини ёзади. Шунингдек,
олим шарқшунослар фикрларига таяниб, қадимги даврлардан бошлаб форс
тожик тилида сўзлашувчи халқлар орасида узум ва шаробга инсон дунёқараши ва
фикрий оламини кенгайтирувчи сеҳрли куч бор, деган қараш мавжуд бўлганлигини
таъкидлайди6. Шубҳасиз, нафақат май тимсоли, балки ринд образининг юзага
келишида турли халқларнинг ўз қарашлари таъсири ҳам бўлган, албатта.
Май тимсоли илоҳий ишқ-маърифат, ёр жамоли мушоҳадасидан ошиқ дилида
пайдо бўлган кучли завқ-илҳом, беҳад хурсандлик, сурурнинг рамзий ифодаси,
майпарастлик эса тасаввуфда “бу буюк нур чашмасидан ҳузурланиш, висол
беҳудлиги, ҳаёт ва табиат зеболиги”7 деб изоҳланади. Демакки, майпараст – ринд,
ана шундай – зебо образ.
“Маҳбуб ул-қулуб” асарининг биринчи қисми (“Халойиқ аҳволи ва афъоли ва
аҳволнинг кайфияти”) ўттиз тўққизинчи фасли (Харобот аҳли зикри)да риндлар
таърифига бағишланган. Жумладан, улуғ шоир “ринди хароботий”ни:
“Ринди хароботийки, май ичмак билан ўтар авқоти, ҳубобдек бода ҳавоси
бошида, сироҳидеку бош қўяр еру соғар қошида. Дайрда ҳар қаёнки базме кўруб
сабушкашлик восила билан ўзун текуриб, Номус дасторини бошида олиб, бир
журъа учун майфуруш аёғига солиб, Майхона тараддудин бехонумонлиги, паймона
тааллуқидин бесару сомонлиғи, ҳар муғбача илгидинки жому тортиб, Жамшеддин
истиғно ва шавкати ортиб Муғбачалар юзи олдида бутпараст, дайр пири аёғида
боши туфроққа паст ”8 дея тавсифлайди.
Кўринадики, Навоий ижодида инсонни маънавий таназзулга бошловчи
шаробхўрлигу майпарастлик эмас, балки маънавий ҳузур-ҳаловатни тамсил
4 С.Улудағ. “Тасаввуф теримлери сўзлуғу”. Истанбул. 1991 й. 15-бет.
5 Асадов М. Соқийнома: тарих ва поэтика. – Тошкент: Тафаккур, 2020. 72-бет.
6Қаранг. Асадов М. Ўзбек мумтоз шеъриятида риндона маъно ва лирик қаҳрамон характери. Филол. фан
бўйича фалсафа док. дисс. … автореф. – Тошкент, 2017. 12-бет.
7 А.Навоий. Ғазаллар шарҳи. Н.Комилов.Тимсоллар тимсоли. “Камалак” 1991 . 100-бет.
8А.Навоий. “Маҳбуб ул-қулуб”. Тўла асарлар тўплами. 9-жилд. Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий
уйи .2011. 481-бет.
қилувчи маърифат улуғланган. Ринд эса маърифатга соҳиб камолот эгаси
ўлароқ тавсифланган. Чунки “Ҳайрат ул-аброр” достонининг “Жаҳл майининг
дурдкашлари санъатидаким” деб бошланувчи 15 мақолотида буюк мутафаккир
майпарастликни кескин танқид қиларкан:
“Ким эрур ушбу иши қаллошлиқ,
Ринду қаландарвашу авбошлиқ.
Кўнглига кирмай бу маломат анинг,
Жонини олмай бу хижолат анинг”9, дейди.
Яъни кўча-кўйда маст-аласт тентираб юрувчи – ахлоқи нокомил кимсалар
адабиётда эътироф топган ҳақиқий ошиқлар – риндлардан кескин фарқ қилади.
Шу сабабли, шоир “тавба” мақомига эришган ринднинг ҳолатини бадиий бўёқлар
билан мана бундай чизади:
“Бани Исроилий Ринднинг ўзлукидин тавбаси уйи иртифўли қасам қофи
тошлари фалакка чиққони ва май селоби ул бинони йиққони:
Кўп қилибон тавба, вале синдируб,
Кўнглини тавба ишидин тиндуруб.
Баски қилиб тавбада нуқс ошкор,
Тавба қилурдин бўлубон тавбакор
Бир саҳар қилди ҳавойи сабуҳ,
Етти иноят эшигидин футуҳ.
Ҳотифе ун чектики, эй бул-фузул,
Тавба қил эмдики, етишди қабул”10.
“Лисон ут-тайёр” достонида ҳам тожу тахтдан воз кечиб, сулукка кирган
балхлик Шоҳ Иброҳим ибн Адҳам ошиқ ринд деб таърифлангани бежизга эмас.
Чунки ринд дунёпарастликдан тамоман йироқ, кўнгли фақр нури билан ёришган,
илоҳий ишқдан сармаст – Ҳақ ошиғидир:
Ким бу йўлда мулку тахту кишварин,
Ўйнади, ташлаб бошидин афсарин.
Жанда кийди кўргузиб юз минг ниёз,
Йўлға тушди шоҳи ринди покбоз11.
Ёки:
Ринди соҳиб ҳиммат онда чун етар,
Ул сурукни бир гадоға базл этар.
Риндга ҳиммат била бўлса карам,
Нақди анжумдур анга харжи дирам”12.
9А.Навоий “Ҳайрат ул-аброр” . Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2019. 285-бет.
10 А.Навоий “Ҳайрат ул-аброр”. Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2019. 291-бет.
11 А.Навоий “Лисон ут-тайр”. Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2019. 172-бет.
12 Ўша манба. 173-бет.
Кўринадики, ҳақиқий риндлар – ҳиммат соҳиблари. Навоийнинг “Маҳбуб ул
қулуб” асарида ҳимматли инсонлар эр кишилар, деб таърифланган. Олий ҳиммат
одам баландпарвоз лочинга, ҳимматсизлар эса сичқон овловчи калхатга ўхшатилади:
“Ҳимматсиз киши эр сонида эмас руҳсиз баданни киши тирик демас. Олий ҳиммат
шоҳбозедур баланд парвоз ва беҳиммат сичқон сайёде юрутачи боз”13.
Улуғ шоир “Лисон ут-тайр” достонида Шарқ адабиётидаги энг машҳур
қиссалардан бири бўлган “Шайх Санъон қиссаси” га ҳам алоҳида ўрин ажратган.
Жумладан, унда Шайх тилидан ишқ майи бодасидан маст бўлмоқ қисматида
борлиги ҳақида айтилади:
Бода ичмак, ринду маст ўлмоғни ҳам,
Тарк этиб дин, бутпараст ўлмоғни ҳам.
Ошиқу Мажнуну майдин маст ҳам,
Дарду бехудлуқ била ҳамдаст ҳам14.
Тарсо қизига ошиқ бўлган шайхни машаққату риёзатларда тобланиб, Ҳақиқий
Ёр васлидан ирфоний ҳузур туймоғи учун муриди – ринди покбознинг муножоту
дуолари ҳам сабабдир. Қиссада ринд гўзал ахлоқли, устозга ҳурмати юксак,
маломатгўй ва исёнкор қиёфада гавдалантирилган. Шунингдек, ринди комилдан
бошқа шогирдлар ҳали камолотга етмаган, ишқ йўлида қийинчилик ва тўсиқлар
учраса, тезда таслим бўладиган ноқис кимсалар сифатида ҳам талқин қилинган. Бу
эса исёнкор ринд образини янада яққол тушуниш имконини беради:
Тенгри даргоҳида ринди покбоз,
Кечаю кундуз тўкар эди ниёз.
Иш анга – қилмоқ муножоту дуо,
Айлабон шайхиға махлус муддао15.
Аввал фақат зуҳду тақво билан диний билимларга эришган тақводор зоҳид
Шайх Санъон Рум диёрида тарсо қизи билан учрашиб, унга ошиқ бўлади. Шайх
“шароби антаҳур”дан маст бўлиб, сукр ҳолатига киради. Тарсо қизи орқали шайх
турли синовлар билан имтиҳон қилинади. Бу, аслида, маънавий юксалиш йўли. Бу
йўл шариат босқичидан тариқатга, маърифатга қадам қўйишни англатади.
Умуман олганда, ринд образи ахлоқий гўзаллик тимсоли сифатида нафақат
Алишер Навоий ижоди, балки ўзбек мумтоз адабиётида ҳам алоҳида мавқе тутади.
“Маҳбуб ул-қулуб” асари мисолида билдирилган юқоридаги мулоҳазаларимиз ҳам
бу фикрларнинг яққол исботидир.
13 А.Навоий. “Маҳбуб ул-қулуб” 9-жилд. Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2011. 507-бет.
14 А.Навоий “Лисон ут-тайр”. Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2019. 114-бет.
15 Ўша манба.117-бет.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 11-сон