Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Бир товуш келади аллақаёқдан

ФАХРИЁР – 1963 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг ўзбек
филологияси факультетини тамомлаган. “Дарднинг шакли”, “Аёлғу”, “Геометрик
баҳор”, француз тилида “L’os des larmes” (“Кўзёш сояси”, Париж), “Излам” шеърий
китоблари, “Янгиланиш анъанаси” публицистик мақолалар тўплами ва “Метаҳикоялар
оралаб” адабий-танқидий мақолалар, интервьюлар тўплами нашр этилган.

Бувим


Мукаррам бувим хотирасига


баҳор осмонида
сузиб кетаётган парқут булутнинг
бир бўлагин узиб олиб,
ичидаги дўлларини чигитлаб ташлаб,
шолчага солар
ва
таёқ билан саваб булутни,
солар неварасин кўрпачасига.


ишкомдаги токнинг бўлиқ барглари
орасидан сўрига тушган
нур қатими билан қавийди кўрпачани.


сўнгра
янги чиққан ойга белар неварасини
кўрпача тўшаб.
елбешик бўлар ой.


тонгласи
ечиб олар уни бешикдан,
азон айтар қулоғига тўрғайлар,
қалдирғочлар тилаб берар ризқин Худодан.

тушиб қолмаслиги учун бола юраги
жавзо
яшин билан қалдироқни
ўчириб турар
келаси кўкламгача.


ариқ чулдирашни,
қушлар чуғурлашни ўргатар унга,
қуш тилида тили чиқар боланинг аввал,
кейин ўтиб кетар инсон тилига.


энди сўзлашни ўрганган бола
фаришталар тилини
тилимизга таржима қилиб
ҳайратга солади ҳаммани,
завқланамиз унинг ғалати
саволу топилдиғидан.
йиллар ўтиб унутади қуш тилини болакай,
ҳайратлари босилади сут тиши оғриғидай
қўшилиб кетади қаторга.


болакайнинг оёқ остига тушиб
издай босилаётган ҳайратларини
бир-бир териб олар ва асраб қўяр
эртаклар учун.


унинг кўнглини
лавҳга солиб ўқиб ўтирар
тақдирига
тангридан таҳрирлар тилаб бермоққа
девонайи машрабу
қисас ул-анбиё хатмидан
бир нафас тин олиб…

2017 йил, 3 июнь


постмодернизм


ҳарфларни тенг кўрмоқ
ва қоғознинг зарил нуқталарига
териб чиқмоқ уларни бир-бир
теппа-тенг кўриб
катта-кичик
босма ёки ёзмаларига
ажратмай

айирмачи тиниш белгиларини
киритмамоқ
сўзлар оралиғига


кечинмаю эҳтиросларни
бир-биридан кам кўрмаярак
шамолда қолган
қоғоз уюмидай улар устига
бошин косасига тортиб олган тошбақа мисол
ташбеҳларни бостириб чиқмоқ


метаҳикояларни
каллақанддай ушатиб бир бир
нафратга едирмоқ
ва ўлдирмоқ қанд касал қилиб
душманни ҳам яхши кўрмоқлик учун


эрксиз миллат каби ихтиёрини
иқтибосга берган матнни
бошқа матнларга сочиб юбормоқ


яна иқтибос қилиб
анор доналаридай
умрни вақтдан
бир бир ситиб олиб
смартфоннинг
ҳайдашовурга кирган ипак қуртидай
кунхўр дастурларига
тақсимлаб чиқмоқ


занглаб қолмаслиги учун тушларни
номозбойнинг тиллаларидай
офтобга чиқариб қуритмоқ


касалланганларига
умид билан ростнинг оралиғидан
таъбир топиб бермоқ
ва муттасил алдаб турмоқ кўнгилни


тушда аён бўлган алағдаликни
бўяб чиқмоқ кўзга яқин рангларга
оғиб қолмаслиги учун ҳислар эсидан


2015–2017

фақат


Бир товуш келади аллақаёқдан
дарё
йўлингга ташланган ойна,
сузиб ўтасан.


ўрмон
орқовулдан бошланган тароқ,
кезиб ўтасан.


тоғ
борар манзил тўсиғи,
ошиб ўтасан.


туш
дарвозаси тақа-тақ берк боғ,
қочиб ўтасан.
фақат
чиқиб олсанг бўлди
ўзингдан.

2017 йил, 29 декабрь


армон


тансиз вужуд
ёнма-ён юради сен билан


бирга овқатланар
телевизор кўрар
мошинда бирга
айланиб келгани
чиқади шаҳарга


ёки бозор қилиб келар сен билан
дам олиш куни
экобозорга бориб


эко нималигин сўрайди
ўйланиб қоласан гарчи билсанг ҳам
нафақат олд қўшимча
ҳатто бирикманинг маънисин


айтолмайсан-ку
тансиз вужудга
янги бозорда
бир-икки сўм арзонига
кўзни бўяб беришини олибсотарлар

бирга борасан маъракаларга
товоқ ташир маҳалладаги
йигитларга қўшилиб


қайсидир ўқишга бориб келади
бегим кунлари
имтиҳондан йиқитган


домласин баъзан
сўкар чангитиб


сўкинишлари
эшитилиб турса баралла
ғалати эмасми ҳайҳотдай уйда


мошинингни ювиб берар дам олиш куни
ҳатто миниб келишга
ижозат сўрайди
ҳайдовчилик гувоҳномаси
бўлмай туриб ҳам


қизиқ бўлар экан тўғриси
ўзи йўқ одамнинг
мошин ҳайдамоқчи бўлгани


ундан ҳам қизиқ
мелисага тушиб қолишин
ўйлаб хавотирга тушиб ўтириш


тунов куни
уйлантириб қўйинг деса бўладими
бу ҳам етмагандай
фалончининг қизини олиб беринг
деса қўққисдан


ичингни бир нима тирнаб ўтар ва
ҳиқилдоғингга
тиқилиб қолар
ахир
тансиз вужудга
фалончининг қизини
қандай сўраб борасан?


борлиқ билан унинг иши йўқ
айтганини қилдиргиси келар
иложи йўқ қилишнинг
қилмасликнинг ҳам


2018 йил 9 март – 12 август


иложсизлик


ўртадаги ришталарни
узиб чиқдинг бирма-бир


эринмай
учрашмаслик учун ҳатто маҳшар куни ҳам


энди оғрир ришта узилган жойлар


у билан учрашиш эҳтимоли бор
келгу кунларин
бир-бир синдириб дарахт шохидай
тутаб ёнаётган ўтга ташладинг


тутунидан кўзинг ёшланди


юрагингни қўлингга олиб
сени кўрмоқ умидини қирмочдай
қириб олдинг ундан
бир-бир


ачиди жонинг


на деворли
на дарвозали
оппоқ сурпдай тушларга
кириб келаверар бергман қаҳрамонидай
ўчириш тугмаси йўқдир тушларнинг


қаён қочасан

2017 йил, 6 декабрь


лолажон

дўстимнинг шеъри


исминг бунча гўзал сенинг, лолажон,
унда қушлар куйлаб берар баҳор баётин,
тунлагани келар унга осмонида жунжиккан юлдуз
сузиб юрар унда эгасиз қайиқлардай
жавобсиз муҳаббатлар

алвонларга бурканади адирлар,
осмон чақинларин чақиб беради,
булут ёмғирларини ёғиб беради
армон қилиб, лолажон!


исмингга борар йўллар
девнинг ҳамласи,
ажина чолғуси бекинган
асқартоғдан ошиб ўтади


девни енгмоққа
на қиличи ва на камони
бўлмаган бўз йигитлар
юрагини яроғ қилиб ва қалқон қилиб
йўлга отланади гуррос ва гуррос


исминг сингари
ишққа элтгувчи йўллар
ошиқларнинг лошига тўла


сенга элтар йўлларда
қонга бўялган
лолалар унади алвон ва алвон


сенга борар йўл
бунча олис бўлди, лолажон?


ошиқларингни
нечун чечак билан алдайсан?


сен сари
бир фасллик йўл бор, лолажон,
селлардан,
гуллардан,
қуллардан,
қўллардан
ўтиб йўл босилар сенга етгунча.


исмингда
селлар озори бор,
гуллар бозори бор,
қуллар мозори бор,
қўлларнинг зори бор,
лолажон!

соғинчларим карвон бўлди, етмадим,
баҳорларим алвон бўлди, етмадим.
исмингга дунёлар жо бўлган санам,
ўшал дунёларда бормисан ўзинг?


2020 йил


қишлоқ ҳовузи


тонгги ҳовуз сукунати теран ва сербар
само чўкиб ётар тубига
каҳкашону буржлари билан


само устида
самоъ рақсин тушар
тонг эпкини қўзғаган


ҳалқоблар


чир айланар дунёлар узра
хирқасини эгнига илиб
мавлавия тариқати дарвешларидай


сўнгра жойнамозга дўнади ҳовуз
бомдод ўқигани
энар
ёхуд
чиқиб келар ҳовуз тубидан
юлдузлар

2020 йил, 9 октябрь


ҳолат
(метафизик шеър)

бир товуш келади аллақаёқдан
тинимсиз чорлайди
чақирар тинмай
руҳингни
сукунатнинг ортида туриб


тасаввурнинг динг қулоқларин
босасан
сукунат деворига…
на сўзи бор
на саси бор товушнинг
тушда сўзланмаган сўзларни
аниқ эшитганингдай
ёки овоз чиқармай ўнгда


йўллагандек уларга жавоб
садо бергинг келар


бироқ
бу товушнинг тўлқин диапазони
сен суйганин билмаган
аёл муҳаббатидай
номаълум


тасаввурни зўриқтирар руҳ
вақт ва макон чегараси ортидан
келаётган товушни
моддий тасаввуринг
сиғдира олмас
зўриққани билан барибир


тусмоллаб кўрасан товушни
неларгадир менгзамоқчи бўласан
бироқ менгзам йўқ


бир товуш келади аллақаёқдан


октябр, 2024


Октябрлаб бўлди тийрамоҳ,
Видо ранги қоплар борлиқни,
Изтироблар билан чийрамоқ
Иши. Суймас бахтиёрликни.


Вақт ҳукмини ўтказа бошлар,
Ҳазинлашиб бормоқда фасл.
Юрагингга чўкади тошлар,
Кўнгилда бир ҳис – аллатасин.


Ёлғизлигинг ортар бу кезда,
Чийратади кўнглингни ғусса.
Қароғингда уммонлар сузар.


Хазонрезги бўлади жуссанг,
Ичдан тўкиласан ҳар сўзда,
Вужудингни айролиқ бузар.


2024 йил

қайғули шеър


юзингга ажинлар тушибди, севгилим,
нигоҳларинг ҳам
анча улғайибди
кўришгандан бери биз сўнгги дафъа


нега бунча ҳоритдинг
нега бунча қаритдинг
мен суйган шикаста табассумингни


уни суяр эдим ҳар недан ортиқ
нур бўлиб кирарди бўсаларингдан
қалбимга


энди бу табассуминг
намозгар пайти
шафақлаган қуёшдай
зўрға ёритади зимистон ботинимни


бироқ шу табассуминг
тутиб турар мени ҳаётда
тақводорнинг эътиқодидай


2024 йил


трансцендент уринч


дунёсизлик – гўзал, чиройлик,
ўзинг билан ёлғиз қолганда:
на офтобли ва на бир ойлик,
на гул ҳаяжонга солганда…


кераги бўлмаса тоғларнинг,
боғларнинг кераги бўлмаса…
кераги бўлмаса йиғларнинг,
кўзларингга кулги тўлмаса…


ёнмаётган уй чироғидай
умидларни ўчириб қўйсанг.
қуриган денгиз қирғоғидай


бўшаб қолса атроф-жавониб,
қурбонликка кўнгилни сўйсанг,
қон билан тўласанг товонин…


2014 – 2024 йиллар

тушлар сояси
тушлар соясида
дамқисма руҳингни
севгилингнинг ёди билан елпийсан


* * *
туш улов
руҳингни ташиб юрар
оламларнинг оралиғида
вақт ва макон чегарасини
тушлар бузади фақат


* * *
иморат солишга ер сурилган пайт
қўққис чиқиб қолган бош суягидай
аёл кечинмаларин
тушларига элтиб кўмади шоир
оёқости бўлмасин дея


ўтган аёлнинг
бир замон
қиличдай бош узра муаллақ турган
аммо энди эгасиз қолган
Кечинмалари


● муҳаббат армони
● дунёга келмаган фарзанди учун
тутган азаси
● умр йўлининг
ҳеч бир тақдир кесиб ўтмаган
ҳузун чизиғи
● маъюс табассумли дил фарёдлари
● ва ҳоказо


туш
қўйиндиси
аёл кечинмаларин
қўйиндида яшаб бўлмайди ахир


руҳларнинг оғзи йўқ


йўқ оғизни ёпиб бўлмайди
на чойнакнинг қопқоғи билан
на шароб шишанинг тиқини билан


энди одамларнинг кўнглида
сўзлайди руҳлар


руҳлар оламин
сарҳадлари тақатақ беркдир


руҳларга суйкалиб тозармоқ
истаги ҳам иш бермаc
зеро
у ёққа фақат
визаси бор дуонинг

2025 йил, 24 август


сенсиз ишқимни
энди ўзим билан
кетаман олиб


ерга тушган нон увоғидай
бўлмасин увол
оёқлар остида


қолмасин лоши
имонга қўшиб
уюртириб оламан уни
кетар олдидан


бўм-бўш қўл билан
бориб бўлмайди ахир
Яратганнинг қошига


2025 йил, 9 сентябрь

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 11-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil