Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Шабнамларга қоришди оҳим

Нурмуҳаммад АЗИЗ – 1990 йилда туғилган. Андижон давлат университетининг
филология факультетини тамомлаган. “Биринчи китобим” лойиҳасида “Зариф ғуссалар”
номли шеърий китоби нашр этилган.

Нигоҳ
1.
Узоқдан қарасанг, тоғлар навқирон,
Узоқдан қарасанг, дарёлар бир кафт.
Узоқдан қарасанг, афсона Ҳирот,
Узоқдан қарасанг, узо-о-оқларда бахт.
Шеърпараст юрагинг меҳробидир Шош,
Узоқдан қарасанг, шоир чўққидир.
Узоқдан қарасанг, уфқдаги қуёш
Шарт кесилган бош,
Кеча бир китобда ўқидим.
Узоқдан қарасанг, муҳаббат мавҳум,
Биров тўлғонади, биров тонади.
Ранги-рўйи Орол, кўзлари Жайҳун,
Узоқдан қарасанг, она онадир.


2.
Яқинига борсанг, тоғлар мўйсафид,
Яқинига борсанг, дарёлар лобар.
Яқинига борсанг, Ҳирот…
Йўл сайин
хароба устига хароба.
Яқинига борсанг, Шош – дийдаси тош,
Уфқ эса жаннатга туташган ҳовли.
Яқинига борсанг, севги…
Эҳ, бебош,
Яқинига бориб бўлмас оловнинг.
Яқинига борсанг, шоир ҳам одам,
Ичади, йиғлайди, ёнади.
Яқинига борсанг, метин ирода,
Яқинига борсанг, она онадир.


* * *
Ой шуъласи ойнамда,
Ҳайтовур, таскин бўлар.
Сукут чўмган оламга,
Руҳимда босқин бўлар.


Туннинг тили бўлсайди.


Булутлар ноз уйқуда,
Юлдузлар ҳам соқовдир.
Шаби ҳижрон мулкидан
Ҳасратинг хатлаб олдим.


Туннинг тили бўлсайди.


Тирикми қурт-қумурсқа,
Уйғонарми дов-дарахт?!
Йўл узун, сайр қисқа,
Бошдан аёғим қарахт.


Туннинг тили бўлсайди…


… Одамлардай яшасам,
Шоирлардай ўлсайдим
Бир қайғули бўлсайди,
Ва ё мудҳиш – дарагим.


Туннинг тили бўлсайди,
Сенинг эса юрагинг.


***

Шаррос-шаррос ёмғирда уйиб,
Тун фаромуш боқар дарчадан.
Хаёлимда айланар қуюн
Шеър бўлмаган тарқоқ парчалар.


Ботинимда бир таниш соя,
Бармоқ нуқир – таъқиқу танбеҳ.
Мени кимдан қилар ҳимоя,
“Ундай ёзма, бундай ёзма”, эҳ-ҳ-ҳ.


О, бу кураш…
Ҳаёт ва Ўлим,
Парчаланар қай кун иродам.
Илҳоми ғайб халоскор бўлиб,
Руҳим чиқиб кетар жиловдан…


Тонг васфига ташбеҳлар териб,
Ҳалол куйлаб ўтмоққа шайман.
Сен ўлимни енгиб бер, шеърим,
Ҳаётни мен бир амаллайман


* * *
Кўз ёшига қоришиб сиёҳ
Сатрлардан ғамнок боқса-да.
Шоирнинг ҳам ҳаётига гоҳ
Мўралайди бахтли лаҳзалар.


Шунда масиҳ туюлар ҳаво,
Солланади табиат – гулгун.
Кўриб қўй, эй хушчақчақ авом,
Шоирга ҳам ярашар кулгу.


Шодлик эса турфа, ранго-ранг,
Гоҳи бир “воҳ”, гоҳи бир байтдир.
Гоҳ узунроқ шеър аро жаранг
сочар, бошдан ўтказиб айтдим…


Аммо ҳозир сўзга муҳтожман,
Сўзки, атиргулдай қип-қизил.
Сен келгунча келган қувончлар
Соя экан бор-йўғи, қизим!


***

Қайрағочни қулатган қуртдай
Ғайратимни кемирар қоғоз.
Ахир тугаб бормоқда муддат,
Мен улгурмоқ истайман холос.


Инграб ётар ичимда йўлбарс,
Исёнини бурда-бурдалаб.
Орзуларим шаҳиддай ўлмас,
Ўлдиради мaйда-чуйдалар.


Ниқобида виқорли борлиқ
Сохта алқов ортидан чопар.
Етти иқлим оралаб оғриқ
Ори баланд шоирни топар.

Алдов!
Алдов!!
Бўғиламан мен,
Рост сўз учун қаддим ростласам.
Атрофимда томир ёзар ке-е-енг,
Ёлғон қарсак ва ёлғон қасам…


Ёлғиз сенинг кулгуларинг чин,
Кўзимнинг нур – шуъласи болам.
Кел, ўйнаймиз, от бўламан, мин,
Елкамдан тоғ қуласин, болам!


Шоир


Далли июль, дарғазаб июль,
Кетаверди қилмай хайр-хўш.
Бир муждага ичиккан кўйи
Кўзларим тўрт, дафтарим бўм-бўш.


Дайдибадар кечалар – соҳир,
На салом, на алвидо ёздим.
Шабнамларга қоришди оҳим,
Манглайини ўпмай қоғознинг.


Сўнг сен келдинг, келгандай момом
Қанд-қурс олиб маърака-тўйдан.
Ва зим-зиё сукунат тамом,
Мисраларга йиқилди ўйлар.


Саф-саф турар ташбеҳлар – қўшин,
Яшаб олай келмасидан куз.
Мозорбосди ғамларга қўшиб,
Шода-шода илҳом бер, август.


***

Август.
Юрак зим-зиё.
Сиёҳ.
Кўзларимга қувилган доднинг
Аксириғи шеърми, дийдиё?
Тобора талх, тобора тотли.


Менинг ярам, руҳ талвасаси
Қўшиқ бўлар учқур қанотли.
“Тановор”дай ҳазиндан ҳазин,
Тобора талх, тобора тотли.

Шамол ҳайрон, гул ёқавайрон,
Яқинига йўламас шодлик.
Учиб борар тип-тиниқ фарёд,
Тобора талх, тобора тотли.


Дейдиларки: “… ўн беши ёруғ”,
Ёруғи шу бўлса ҳаётнинг
Яшасин тун, яшасин оғриқ
Тобора талх, тобора тотли.


***

Кўксимдаги сайроқи қумри,
Забт этамиз бир куни моҳни.
Гоҳ пиёда кўрсатиб ҳунар,
Мот қилиши мумкин-ку шоҳни.


Кўксимдаги сайроқи қумри,
Доғда қолсин зоғ ҳам, қарға ҳам.
Садқаи сар кўз ёшинг, улар
Тош отишар пайғамбарга ҳам.


Кўксимдаги сайроқи қумри,
Йиқилса-да енгилмас ботир.
Муз йўлларда сирпаниб, қулаб,
Қайта турмоқ асл ҳаётдир.


Талон-тарож бўлса-да умрим,
То тирикман, шошма ҳали сен.
Кўксимдаги сайроқи қумри
Овозингни дунё танисин.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 10-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil