Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ПАНЖШЕР ҚЎШИҒИ

Талант ТОЛЕРАНТ – 1985 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги ўзбек тили
ва адабиёти университетини тамомлаган. “Феруза осмон”, “Мангу афсона”, “Илоҳий
қўшиқ” каби шеърий китоблари чоп этилган.


Белканто. Ёднома ва чизгилар.

1

‒ Гоби саҳросининг жанубий чакалакларида яшаган Со қабиласини қўшни
қабиладагилар чавақлаб чиқишгач, улар орасидан биргина тўққиз ёшли шаҳзодани
тирик қолдиришади. Шаҳзода Шане билан дўстлашди. Шанени эса сувли ўлка
қабилалари ҳурмат билан А Шина деб атардилар. А Шина шаҳзодани Олтой тоғлари
томон етаклаб, қишни шу тоғ ғорларида ўткарди ва шаҳзода билан қовушди. Қиш
аянчли, очлик ҳукмрон. Шане шаҳзодани бўғизлади. Момоқаймоқ гуллаган дамлар
А Шина аталмиш бу “Она Бўри”дан ўнта фарзанд туғилди. Бир неча авлод ўтиб, Ася
Тянше исмли бўрисифат одам ўз уруғлари билан ғордан чиқиб келди. Ася Тянше
Она Бўрининг тўнғич фарзанди томонидан набираси эди. Тўнғич фарзанди ғордан
чиққач, оққушга айланиб ғарбга учиб кетади, ‒ сўзида давом этарди Искандар.
Унинг ҳақиқат яширинган афсоналари тугай демасди.‒ Айтишларича ҳиндулар ҳануз ўша Оққуш патларини муқаддас билиб,
бошларига тождек қўндириб юришаркан. Она бўрининг бир дона тирноғи эса
Оққуш тумшуғида кетган экан, ‒ луқма ташлайди ёнимда ўтирган қоровул.‒ Йўқ, бўйнига тумор қилиб учиб кетган. Ё Сибирда, ё тинч талунда йўқотган, ‒
гапга қўшиламан истеҳзо билан.‒ Бундан бир ярим минг йил олдин Византия элчисига саккиз уруғнинг
беги Турксанф айтган гап ҳам шу оққуш қанотида кетган эканда, а? Ё буёққа
қайтганмикан?‒ Қайси гап? ‒ сўрайди Искандар тамаки чекаётган қоровулга ўгириларкан.‒ “Илк қуёш нурлари тушадиган ерлардан то қуёш ботадиган уфққача бўлган
барча ерлар менга бўйсунади. Эй, толеъсизлар, аланларга, утургурларга қаранглар,
улар ўз кучига ишониб, енгилмас туркутларга қарши қилич кўтарди, лекин
умидлари чиппакка чиқди. Энди улар бизнинг қулларимизга айланди”.‒ “Бўри” ва “турк” сўзлари синоним.‒ Турк асолари, тамғалари, яловларига бўрининг олтин калласи зеб берган.‒ У вақтлар жоҳилият даври бўлган, ‒ қуйироқда ўтирган, ҳали маст бўлиб
улгурмаган жоҳилроқ чаламулла суҳбатга аралашади.
‒ Дунёда қиёмат қўпса ҳам, биргина бўри овози қолармиш.‒ Ҳаммамиз бўриларга ем бўламиз, қани, олдик. Шеър: Бўри ва одам! Эшитинг:
Нажоткор олов ҳам бормоқда сўниб,
Ва лекин бу оқшом умидлар сўнмас.
Бўри ҳам кетмайди очликка кўниб,
Одам ҳам тақдирнинг ҳукмига кўнмас.
Бу оқшом кимнингдир қурийди шўри,
Бу оқшом бир хилда сўрайди сабот,
Очлик қўшиғини куйлаган бўри,
Ва яшаб тўймаган одамдан ҳаёт.
Ажал тишларини қайрамоқдадир,
Ажал ярқирайди ханжар тиғида.
Ажал, жилва қилар: яйрамоқдадир,
Бўри ва одамнинг қорачиғида.
Қузғунлар ризқини ташлаб қаровга,
Тонгда ҳаёт яна мўътабар, ҳотам..,
Бўри овладим, дер шу кун бировга,
Ажал нималигин билмаган одам.
Қоровул ўз шеъридан сархуш бўлиб, бу давра суҳбатига якун ясамак тараддудини
кўрди. Бу лутфдан сўнг ҳамма бироз сукутга чўмди.
“Перашка”хонадаги давра тарқалди. Қоровулга “эртага кўришамиз” дея анчайин
маст бўлиб қолган Искандарни кузатиш учун йўлга отландим.
Эрталаб метронинг “Чилонзор” бекатидан чиқиб, Қатортол томон юрдим.
“Олтин мерос” жамғармасига келдим. Қоровул жойида йўқ. Зинадан иккинчи
қаватга кўтарилдим. Қабулхона томондан тахта устида чўпчиётган тошлар овози
эшитилди. Кирдим. Хўш-хўшлашиб бўш ўриндиққа чўкдим. Қоровул катта-катта,
порлаб тургувчи кўзларини нарднинг ўнг майдонига қадади. Бир тош олтиликда,
учта тош икки ва учликда. Рақибнинг икки тоши ҳам бирликда. Қоровулда бир
марта ташлаш имконияти бор. Ё ғалаба, ё мағлубият! Бу ёғи ‒ шашқол тошларининг
бир айланиб тушмагига боғлиқ. “Олтилар” керак! Зиракларни чап қўлидан ўнгига
олди. Аввал ўзига, сўнг қаршисидаги рақибига разм солди…
Қоровул жуда юпун, эгнида кирланган пиджак. Намиққан оёғини иситиш учун
раҳбарнинг хонасига кирганди. Раҳбар шу ташкилот хўжайини, шу катта бинонинг
қутволи, қоровулнинг дўсти.
Бу дайдибадар қоровул уйсизликдан, жойсизликдан, қишдан қочиб совуқ
кечаларда шу каттакон бинонинг фойесидаги кичкинагина тахта кароватда
ухларди ‒ қоровуллиги шу. Аламли дийдаси тош қотиб зиракларни қайта-қайта
ғижимларкан, сўради:‒ Тушадими?
“Йўқ”, дегандек бош силкидим.
Зиракларни ғижимлаб турди-да, яна сўради:‒ Тушадими?
“Билмадим”, дегандек елка қисдим.
№ 10 2025 63
Талант ТОЛЕРАНТ
Бироз муддатдан сўнг зиракларни қайта айлантириб, боягидан баландроқ
оҳангда сўради:‒ Тушадими?‒ Тушса керак, – жавоб қилдим ниҳоят.
Мийиғида кулди. Сўнг нигоҳларини нардга қадаб:
Бу дунё арзимас фидо бўлишга,
Бандасан, уринма Худо бўлишга.
Ҳар неки тақдирдир Оллоҳдан бўлак,
Шоҳмисан тайёр тур гадо бўлишга,
деганча тўртликни ёддан, майин овозда шивирлаб ўқиб, тошларни майдонга
ташлади. Кўзлари қувончдан яшнаб кетди. Юзида болаларча беғубор шодлик
балқиди:‒ Айтдим-ку! Шеър ва қўшиқ инсонни сақлайди, деб! Кўп айтаман-ку… Шеър
шу ерда тугаган, билмайман Муҳриддин қолган сатрларини қайдан тўқиб қўшиқ
қилган… ‒ дея ғалаба завқидан сархуш сўзларди у.
Қоровулнинг исми Мухтор. Ўзи айтганидек шеър ва қўшиқ уни доим сақлади.
Аёллар хиёнат қилганда ‒ қўлига ханжар олишдан, дунё алдаганда ‒ ҳою-ҳавасдан,
дўстлар сотиб кетганда сотилишдан сақлади. Минг балолар ичра бўлса-да ўзини
замон ва макондан баланд сақлаб қолишига шеърият сабабчи эди. Илк бор “шеър
ва куй сақлаганда” ёш, озғин, новчадан келган, чайир, ўнг томонга қайириб
таралган тимқора сочлари қалин, қалби ёниқ, исёнкор, ўктам йигит эди. Ўшанда
Туркистон ҳарбий округидан келтирилган Мухтор Германиянинг шимолий-ғарбий
чегараларида ўз хизмат вазифасини ўтаётганди. Қисм бошлиғи келиб Мухторга
тайинлади:‒ Эртага ҳарбий қисмдаги барча осиёликларга сафарбарлик чақируви эълон қил.
Ҳарбий хизматнинг қолган даврини ўз тупроғида ўтайди!
Давомини айтмади, айтилмайди. Зобитлар сўрамайди. Қаерга боради, нима
қилади номаълум. Москупнинг бош ҳарбий бошқармасига “нега асосан Осиё
ҳудудида хизмат бурчини ўтаётган ҳарбийлар бориши керак?” каби гап-сўз етиб
боргани учун ҳам, буйруққа Осиёдан ташқари ҳудудлар ҳам тиркалган эди. Аммо…‒ Қандай ажойиб! Ҳамма ўз юртида ҳарбий хизматни ўтайди. Тупроғи таниш,
суви таниш…
Ватан соғинчи барчага бирдек таъсир этади, эслатади; онасини, дарёсини,
гуллаган ўригини, севган қизини, болалигини…
Мухторнинг ҳарбий хизмат ҳақида, Ватан ҳақида, соғинч ҳақида куйиб-пишиб
гапиришлари ва ҳарбий йигитларни рўйхатга олишига бир ҳафта вақт кетди.
Дунёнинг талатўпларидан бехабар олис ўлкаларда Ватан соғинчи, тупроқ ҳисси
билан яшаётган асосан осиёлик ҳарбий йигитлар кўзларида шодонлик порлаб,
юрти томон учар чоғини интизорлик билан кута бошлашди.‒ Виргиния, омон бўл. Мен кетяпман. Ватанимга. Соғинаман… ‒ кўзи жиққа
ёшга тўлиб аранг немисча-русчани чатиштириб гапирарди Мухтор қаршисидаги
берлинлик хизматчи қизга.‒ Бис эр канн спречен, ду муст ан cоммен! – дерди Виргиния ҳиқ-ҳиқ йиғлаб,
чамаси туғилишига бир ой қолган фарзандига ишора қилганча. Бу икки қалб шундай
айрилишди. Иккаласида икки сурат ва улар ортига битилган манзиллар қолди.
Мухтор айрилиқ ҳақида шеърларини айтиб кетди. Виргиния ортига қайрилиб
қайрилиб кетди.
64
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Қатор-қатор ҳарбий учоқларга йигитлар чиқа бошлашди. Ўша кун ўттиздан ошиқ
ҳарбий учоқлар, улар қанотида мингдан ошиқ йигит ҳавога кўтарилди. Фалакда
уларнинг тақдири айтилди: “Совет тинчликсевар ва байналминал қўшинлари…
Афғонистонга… Инсонпарварлик ҳимоясига… Ватан олдидаги бурч…” яна
алламбалолар… Ҳавога кўтарилган сафларнинг айримлари бир ой давомида у
ҳарбий қисмдан бунисига сарсон юриб, кейин урушга борган бўлса, айримлари
Туркманистонга, айримлари Термиз қўналғаларига қўнишди. Айримлари эса
тўғридан-тўғри жангга киришди. Учоқ байтида жим кетаётган Мухтор қалбида
барча тақдирга тан берган аскарлар учун жавобгарлик ҳисси кезарди. У учоқ
ойнакидан ерга қаради. Олисларда Афғонистон! Афғон… Оҳу-нола… Уруш.
Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган, темурийлар, бобурийлар, сафавийлар
ҳукмронлигида бўлган, бу улуғ мамлакат, Бухоро амирлигининг энг бой ва обод
ҳудуди ҳисобланган, Омонуллахон етакчилигида пуштун қабилалари давлат тузган
бу қутлуғ юрт тала-тўплар ичида. Қирғинбарот, ёвузлик, маҳв этмак, ўлдириш,
қон, мангу кузак, нафрат, қаҳат, очлик, култепалар, вайронагарчилик, азоб, сўнгсиз
нолон, уввв… барчаси шу муқаддас тупроқда.
Жангга эса фақатгина аскарлар киришади, нўёнлар эмас!
Ўт билан, юрт билан ўйнашмоқ ахмоқнинг иши, дейдилар. “Совет тинчликпарвар
қўшинлари…” ўт билан ҳам, юрт билан ҳам ўйнашган, мағрур бошларни
бўйсундирмоқчи бўлган эди.
Мусулмон қўшинлари ниқоби остида афғон ҳарбий кийимларини кийган совет
КГБсининг “Алфа” гуруҳи ҳамда махсус жангарилар декабр тунида Тожибек
қароргоҳига қўпорувчилик ҳужуми уюштириб, Ҳафизулла Амин ҳамда унинг
яқинларини, оила аъзолари, аёли, фарзандларини отиб ташлади. Эрталабки
нонуштада Ҳафизулло Аминни заҳарлашга бўлган уриниш мувафаққиятсизликка
учрагани сабаб, амалиётнинг иккинчи қисмига ўтилган, жараёндаги асос энг
уддабурон махсус кучлардан ташкил топган мусулмон баталёни зиммасида бўлиб,
унинг жангчилари сифатида ўзбек, тожик ва туркман аскарлари орасидан чеҳраси
афғонга ўхшаганлар саралаб олинганди. Бу ‒ Чирчиқда махсус тайёргарликдан
ўтган 40-қўшиннинг бир қисми бўлиб, уларни бошқаришга Хитой чегарасида
хизмат қилаётган генералларни келтиришганди. Тайёргарлик ишлари мутлақо
махфий олиб борилар, Московда режа аллақачон пиширилган, олти ой давомида
ушбу ҳужумга тайёргарлик бўлган, қарор Андропов томонидан ҳали Совет
қўшинлари Афғонистонга киришидан анча аввал қабул қилинган эди. Бу босқин
сабаби сифатида эса Марказий кузатув бошқармаси Ҳафизулло Аминни Америка
жосуси деб расмий эълон қилиниши кўрсатилганди. Аслида Ҳафизулла Амин
совет қўшинларини Афғонистон тинчлиги учун киритилишини сўраган бўлса-да,
ўрисларнинг нияти Аминни тахтдан ағдариб, Афғонистонни ўз таркибига қўшиш
бўлди. Чирчиқдан Баграмга етиб келган қисм бу ерда бироз ушланиб тургач,
Кобулга йўл олди. Энг юқори даражада тайёргарликдан ўтган, аҳолидан сир
сақланган бу ҳарбийлар Афғон миллий армияси формасини кийиб, сарой атрофига
тарқаб кетишди. Қароргоҳ атрофида афғон ҳарбий қисмлари ва хавфсизлик хизмати
жойлаштирилганди. Афғон ҳарбийлари кийимидаги совет қўшинлари улардан
кейинги халқага ўрнашди. Режага кўра булар афғон ҳарбийлари билан жангга
кириб чалғитгандан сўнг, 9-ротанинг “Алфа” ва “Зенит” махсус кучлари саройга
ҳужумни бошлашлари керак эди.
1979 йил 27 декабри, соат 16:00 да барча офисерлар ҳарбий қисм жойлашган
уйларга чақиртирилди ва “Ҳужум – 333” номли амалиёт бугун бошланиши ҳақида
хабардор этилди. Барчага ўзига хос топшириқ юклатилди. Ҳамманинг ўз ҳудуди бор.
№ 10 2025 65
Талант ТОЛЕРАНТ
Битта бўлинма афғон ҳарбийлари йўлини тўсса, бир бўлинма ҳужумга ўтади, бир
бўлинма саройга киради. 19:30 буйруқ янгради: “Ҳужумга!” Афғон ҳарбийларидан
фарқ қилиш учун, совет қўшинларининг Чирчиқда тайёргарликдан ўтган махсус
мусулмон баталёни билакларига оқ белги танғиб олган эди. Қоронғида бу белги
кўринмади. Қирилиб кетди, тириги кам қолди. Буларга ёрдам бериши керак бўлган,
Витебск десантчилари ва “Чақмоқ” махсус гуруҳи белгиларни пайқамасдан ўз
сафдошларига қарата ўқ уза бошлади. Анчайин талофат эвазига сарой олинди.
Саройнинг учинчи қаватида Амин ва унинг кенжа ўғли ўлдирилган ҳолатда ётарди.
Ярим тунда эса Кобул радиоси Ҳафизулло Амин суд қарори билан ўлимга ҳукм
қилинганини эълон қилди. Шу билан қирғинбарот уруш бошланди.
Ҳаводаги аскарлар эса бундан бехабар. Ўрта Осиё ва Туркистон ҳарбий
майдонларидан ўн минглаб, юз минглаб ҳарбийлар, ҳарбий асорлар, танклар,
вертолётлар Афғонистон томонга, турк-туркни, форс-форсни, мусулмон
мусулмонни, одам-одамни ўлдириши учун ҳаракатланарди.
Афғонистон ҳудудининг 183та нуқтасида совет лашкаргоҳлари, Покистоннинг
180та нуқтасига мужоҳид аскарлари жойлашган, лекин буларнинг баридан бехабар
аскарлар ҳамон озод қушлар каби ҳавода учиб борарди. Туркманистоннинг Тажан
қўналғасига қўниб, яна ҳавога кўтарилган бир учоқ аскарлар эса ўз вазифасини
сидқидилдан тушунишди. Уларнинг вазифаси “Туркман-Хуросон тоғлари оша
Эрондан ўтиб, Афғонистонга кириб келаётган жангариларни яксон қилиш, тоғлар
орасида қўпорувчилик ва безорилик билан шуғулланаётган “куч”ларга қарши
курашиб “қизиллар” олдидаги “қизиллик” бурчини ўташ…”.
Шу зайлда Кушка орқада қолгач, жанггоҳ устида “Ташланглар!” деган буйруқ
янгради. Махсус тайёргарликдан ўтганлардан ташқари баъзи аскарлар илк бора
парқанотдан сакраши эди. Бирортаси ерга етиб келолмади ‒ ҳаводаёқ ўққа учди.
Аскарлар эмас парқанотлар тирик, ўлжа ушлаган афғон бургутларидек
панжасидаги ўлик аскарларни олиб, бошқарувсиз ҳар томонга сузарди… Учоқнинг
ўзи ҳам осмонда портлатилди. Бир учоқ аскар бир қучоқ кулга айланди, қолди.
Ерда ўрмалаб юрган чумолилар, ҳавода учган қушлар, дарёда сузган балиқлар
ҳам ўз музофатларини биладилар, маконларини ҳис қиладилар. Ўрмондаги шеър
ҳам, боғлиқ турган ит ҳам, чўлдаги илон ҳам, девордаги ари ҳам ўз ошёнларини
қўриқлайди. Бегонани йўлатмайди. Мужоҳидлар учун, афғонлар учун, афғондаги
туркийлар учун, афғондаги форсийлар учун, ўзбеклар, тожикилар, қозоқлар учун,
пуштинлар, ҳазоралар, афғондаги туркманлару турклар учун Иттифоқ қўшинлари
бегона эди.
Амир1 Қушбегисининг тус невараси бўлмиш Мухтор учоқ байтида саросима
ичра қайга, нима учун кетаётганлигини тушуниб етганди. Ўрис элликбоши
“мусулмон жангариларга қарши жанг” деганда, юзлаб ҳадисларни ёд билган
Мухтор аскарларга қараб: “Пайғамбаримиз, жаноб расулулуллоҳ саллаллоҳу алайҳу
ва саллам айтганидек: “Мўмин мўминни туташ бинолардек суяб турмоғи керак”
дея олмасди. Булар қизил юлдуз таққан байналминал жангчилар эди. Бутун туркий,
форсий уруғларни ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, турк, афғон деб бир-бирига кож
қилиб, ёв қилиб ажратиб кейин эса ўзларини гўё “байналминал” деб кўрсатаётган,
аслида ўзлари ғирт миллатчи ‒ “шовинист” сиёсатчиларнинг қўғирчоқ аскарлари
эди. Бу сиёсатдонларнинг бирортаси уруш майдонларида қурол кўтармаган ёлғончи
ва фирибгарлар эди. Уруш авжида осмондан қаралганда Афғонистон тасвири
жаҳаннамга ўхшарди.
1 Амир – Саййид Олимхон
66
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи


Термиз ҳавопортидан кўтарилган ИЛ-164 русумли учоқ қирқ-эллик дақиқалар
ўтиб дукур-дукурлаб пасая бошлади. Хавфсизлик камарлари тақилди. Пастда
Ҳиндукушнинг баланд ва мағрур чўққилари қор билан қопланган. Тоғлар
орасидаги ‒ Афғонистон! Тоғлар орасидаги ‒ Кобул! Кобулистон! Кобулистоннинг
афғони. Ибн Хавқал тасвирлаган қадимий Кобул! Тупроғи олтинга тенг Кобул!
Ўрта асрларнинг энг бой ва машҳур шаҳри! Ҳунармандчилигу шаҳарсозликнинг
бешиги бўлган шаҳар! Заҳириддин Муҳаммад Бобур яратган “Боғи Жаҳоноро”,
“Ўрта боғ”, “Боғи шаҳроро”, “Боғи Бобур”, “Боғи Вафо” ‒ барчаси шу тупроқда
эди. Оиласи билан шу тупроқда, Боло Ҳисор қалъасида яшаган. Шу тупроққа
меҳри ийган. Бу ўлка ҳақида “Бобурнома”да тўлиқиб, гўзал тасвирлар берган.
… Лекин айни дам Кобул жаҳаннам ичра ёнаётган эди. Ўқ ёмғирлари остида эди.
Аскарлар нажотталаб бўлиб қайта-қайта ойнакдан пастга қарар, барчасининг
ичида қўрқув ва ҳадик. Учоқ пўртана қаърига шўнғиётган хасдек шамол оғушида
кезарди. Пастдаги уруш эса ўқ тегмаган дамлар гўё мушаквозликдек туюларди.
Улуғвор тоғлар ҳавопортга жуда яқинлашган, учар(ракета)га, ўққа учрамаган учоқ
шу заминга омон қўнганди.
Термиздан кўтарилган бу учоқда бир тозагир бор эди…
Аскарларни Кобулдаги турли лашкаргоҳга тарқатишди. Беш-олтида аскар билан
тозагирни Кобул шаҳридаги мотоўқчилар бўлимида қолдиришди. Тонгда эса…
Эрта тонгда бир соҳир овоз шукуҳудан, ўзгача туйғудан аскарлар эти,
томиридаги қони жимирлай бошлади. Кобулда Шоҳ Жаҳон томонидан ўн еттинчи
асрда қурилган маҳобатли масжид мезанасида туриб муаззин азон айтаётган,
маҳобатли Жомеъ масжид қуббасига ўрнатилган карнайдан таралган жозибали
оҳанг шамол оғушида кезганча аскарлар борлиғини сеҳрлаб қўйганди. Ахир
Совет Ўзбекистонида буларга “Худо йўқ” деб ўргатишган. Қайси бирлари отасини
жанозасиз кўмган, қайси бирлари онаси вафот этганда яширинча жаноза ўқитган,
қайси бирлари яширинча намоз ўқиган! Совет Ўзбекистони масжидларидан азон
таралмас эди. Улар замон қурбонлари эди. Халқ сайиллари ҳам тақиқланган давр
фарзандлари эди. Ўқилаётган азон миллат танламаётганлигини булар ич-ичидан
ҳис қилиб турарди. Барчасининг боши қуйи солинганди.
Ҳафта ўтар-ўтмас ярим тунда торбурғу янгради.
Аскарлар оёққа қалқди. Уларни Чорикор томонга олиб кетишди.
Кобул билан Чорикор оралиғи ўттиз чақирим. Чорикор йўлининг чап томони
узумзор, ўнг томони чакалакзор. Адирга яқинлашган сари чакалакзор ва узумзор
қуюқлашиб, бирлашиб кетган. Чорикор каттагина кент. Кобул – Чорикор
шоҳйўлининг ярми ана шу бутазорлар оралаб ўтади. Аскарларни узумзор
атрофига фавиж-фавиж қилиб ажратишди. Тозагир фавжига узумзор ораларини
тозалаб чиқиш, пистирмадаги душманларни, чакалакзорлардан қочиб чиқаётган
жангариларни йўқ қилиш топширилди.
Ҳукм шундай эди; миллатнинг азалий қардошлари, диндошлари, Афғонистон
ҳудудидаги барча “Совет солдат”лари таркибида бўлмаган етти ёшдан етмиш
ёшгача ҳаммаси душман деб қаралар, Афғонистон озодлиги деб, Ватан деб урушга
кирган оддий халқ ҳам жангари, босмачи, қўзғолончи дейиларди. Уларга ёрдам
берган мухолиф кучлар эса ‒ мужоҳидлар! Бегона тупроққа бостириб кирганлар ‒
“Совет тинчликсевар ва байналминал қўшинлари”.
Тозагир топширилган ҳудудни текшираётганда ўн қулочлар чамаси нарида
турган танк тўсатдан минага тушиб портлади. Зарб тўлқини навкарни йиқитди,
бир зум қулоқлари битиб, ўзини йўқотиб қўйди. Секин ўзига келгач, оёқ-қўлини
№ 10 2025 67
Талант ТОЛЕРАНТ
қимирлатиб кўрди, қорнини-кўкракларини пайпаслади. Ҳамма жойи соғ!
Шивирлаб калима қайтарди. Ҳа, калима қайтарди! “Худо йўқ” деб “мафкура”
томонидан тарбияланган бу аскар тириклигини ҳис қилиб Худога шукрона айтди.
Сакраб ўрнидан турди-ю снаряд парчаси оёқларига теккан ва оғриққа чидай олмай
типирчилаб бақирётган ўнбошига ёрдам беришга шошилди. Танк устида бир
ўзбек йигити ўтирган эди. У танкдан етти-саккиз қулоч узоқликда қонига беланиб
ағанаб ётар, мия қопқоғи очилиб, тирик ҳужайралар тупроққа қорилган, миянинг
най томирларидан кўпиксимон суюқлик ерга томчиларди. У эртага севган қизига
хат юбормоқчи эди. Ажал орзуларинг билан ҳисоблашмайди. У энди йўқ! У яшаш
ҳуқуқидан маҳрум.
Ёрдамга етиб келган аскарлар танкнинг қопқоғини очиб, танк ичида
мажақланиб ётган жасадларни зўрға суғириб олишганча танк тасмасига ётқизиб
қўйишди. Атрофда эса илк бора ўлик кўраётганлар ҳам бор эди. Ўлик кўрганда
ҳам қўрқинчли ўликларга илк бора кўзи тушаётган ҳур йигитлар бор эди. Қўрқиб
ҳушидан айрилганлар бор эди. Урушдаги ўлик билан, урушдаги ўлим билан оддий
ўликнинг, оддий ўлимнинг осмон билан ерча фарқи бор. Ваҳм туби – денгиз,
чўкасану кетасан!


Қутволни нардада ютиб ғалаба нашидасидан масрур Мухтор эшикдан чиқар
ўлароқ сўради:– Қаёққа борамиз?– “Гўзал” маҳаллага, – дедим.– Зўр ютдим-а?!– …
Пиёда-пиёда, йўл-йўлакай Қатортол улгуржи бозорига тушдик. Шароб
дўконидаги турли-туман ичимликлардан кўзларимиз чақнаганча хуржунга солдик.
Бозор дарвозасидан чиқишда Мухтор йўлни у томонидаги, рўпарамизда қаққайиб
турган – баланд, ҳашаматли бинога тикилганча, қўли билан ишора қилди-да:– Кўряпсанми? – деди, – Манглайига “Эл банки” деб ёзилган мана шу бинонинг
пастки қавати ошхона. Ишламаяпти. Ошхона банкка тегишли. Банк ходимлари
овқатланади. Шу ошхонани юритиш керак. Ишлатсак, бошпана муаммоси ҳам,
ошқозон муаммоси ҳам ҳал бўлади. Қиш яқинлашаяпти. Хўжайинини бир дўстим
танийди. Ишлатиш учун пул керак. Кўп эмас озгина пул…
Биз шу кўйи гурунглашиб метрогача келдик. Йўл режасини пишитдик.
“Пахтакор”дан чиқамиз-да , “44”га ўтирамиз. Манзил яқинмас. “Янга уйида йўқ
экан” деганим Мухторнинг кайфиятини яна-да кўтарди. Тирноқ олиш керак,
ювиниш керак, емак керак, бир қулочга икки қулоч бўлган тор қоровулхонада эмас,
кенг-мўл ростмана уйда мириқиб ухлаш ҳам роҳат. Кийимларни ювиб, алиштириб
олиш мумкин. Мухтор Комил таъбири билан айтадиган бўлсак, “Туркманнинг
сахийлиги тутса, сарпо ҳам туҳфа қилади”. Биз ҳазиллашиб “43- сон меҳрибонлик
уйи” деб атайдиган Яшнобод тумани, “Гўзал” маҳалла, “Гўзал” кўчасида жойлашган
43-хонадон – номи-ю косаси оқармаган, чўнтаги қаппаймаган барча ижодкорлар
учун гоҳида бошпанага йўл олгандик.
Бу маскан эгаси билан Мухтор Комил анча йиллардан буён таниш.
Рауф Парфи таништирган.
Ўшанда Нурулла Остон Ленинграддан келган, “Ёзарлар уйи”га шошиб кетаётган,
чорраҳадан йўлни кесиб ўтаётган ҳам эди-ки, ортидан “Нурулла” деган таниш овоз
эшитилди. Йўлни ўртасида туриб ортига қайрилиб қаради. Рауф Парфи буёққа кел
68
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
дегандек уни қўли билан имлаб чорларди. Аспалт ўртасидан изига қайтди. Рауф
Парфи ёнида бир нотаниш йигит турарди. Учови хўш-хўшлаганча “Олтин бошоқ”
томон юришди. Овқатланишди, қиттаккина май ичишди. Рауф Парфи қўққисдан
хаёлига бир нима келгандек Нурулла Остонга қаради-да:– Э, таништирмабман-ку, сен буни танийсанми? – деб ёнидаги йигитни кўрсатди.– Йўқ!
Рауф Парфи ажабланди-да, ёнидаги йигитга юзланди:– Сен-чи?! Сен буни танийсанми?
Мухтор катта-катта кўзларини пирпиратганча, бироз ўйланиб “ҳозир, ҳозир…”
дегандек, бошини бироз қуйи солган ҳолатда қаршисидаги одамга нигоҳини қадади
ва:– Сиз, сиз Ну… Нурулла Остон! – деди.
Нурулла Остон хурсанд бўлиб кетди.
Эҳтимол, шеърларимни ўқигандир деган хаёл ўтди фитратидан.
Дунё шундай яралган, агар сен яхши одам бўлсанг, сени танишса хурсанд
бўласан. Яъни айтилган-ку: “Бир куни Суқрот бир бой билан йўлга чиққан экан.
Йўлда, қароқчилар шу ўртада изғиб юрибди деган хабарни эшитиб қолибди. Бой:– Оббо, Худо урди! Улар мени таниб қолишса нима бўлади? – деса, Суқрот:– Оббо, Худо урди! Улар мени танимай қолишса нима қиламан? – дебди”.
Шунақа гурунглар билан шу кундан бошлаб бу хушчақчақ йигит билан Нурулла
Остон апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Нурулла Остон ўша куни “Кетдик, ҳашарга
борамиз” дея бу йигитни бир шоирникига етаклади – шоир уй қураётган экан. Ва
бу шоир бутун умр уй қурди. Лабзакдан олган ерига аввал хом ғиштдан қурди,
кейин пишиқ ғиштдан, кейин замонга мослаб, аввал тахтадан эшик қурди, кейин
темирдан қурди. Бош ачитиб китоб ёзганидан кўра, уй қургани ҳам маъқул. Ўша
дамлар қурилишнинг илк босқичлари эди. Нурулла Остон эшикдан Мухторни
етаклаб келди. Шоир Нурулла Остонни бир четга имлади-да:– Нурулла, буни нимага олиб келдингиз? – деди.– Ҳашарга!– Йўқотинг буни.– Нега?– Бу – шпион, қуда томон!– Шпион бўлса ҳам деворингни қуришга ёрдам беради, шу деворга фойдаси
тегади, – деди Нурулла Остон.
Мухтор Нурулла Остоннинг миясига ўй бўлиб ўрнашди. Бу йигитни яхши таниб
олгандан сўнг қаътий фикрга келди: бу бола на шоирларни, на шеърларни писанд
қилади, амалдорларни ҳам назарига илмайди, демак, бу менинг шеърларимни
ўқимаган! Аммо, мени қайдан таниди экан? Ё, ҳақиқатдан ҳам шпионмикан?!
Анча йиллар шу ўй миясида юрди. Орадан йиллар ўтгач яна тарозига солиб
кўрди-да, ўзининг соддалигидан кулиб юборди. Ахир, ўша куни Рауф Парфи уни
чақираётганда “Нурулла” деб эди-ку!
Метро олдида Мухтор Комил таққа тўхтади.– Биттадан бемалол сигарет чекайлик. Кейин тушамиз. Вақтимиз бор. Чексак
ҳам бизни ҳеч ким отиб кетмайди, – деди.
Бекат ёнидаги кампирдан найтамак олиб тутатдик.
У доим билиб гапирарди, рост гапирарди.
Бизни ҳеч ким отиб кетмади.
№ 10 2025 69
Талант ТОЛЕРАНТ


Мухтор учоқ ойнагидан кўз олмасди. Учаётган қушлар равшан кўринар, гоҳ
бургутлар ўзини осмон ҳукмрони деб билганича ўзларини учоққа урар, гоҳ мажруҳ,
гоҳ нобуд бўлардилар. Мухтор кўзида мунг, юрагида дард ила уларга термуларкан,
ич-ичидан ўзини фалакда қафас ичра учиб кетаётган маҳзун қушдек ҳис этарди.
Паст жаҳаннам. Жаҳаннам бўлгани билан осмондан қараб, уруш бўлмаяпти деб
ўйласанг, беқиёс, гўзал хушманзара ватан эканлигига гувоҳ бўласан!
Бу улуғвор ватаннинг тўртдан уч қисми тоғлару ясситоғлар, қия адирлардан
иборат. Баланддан қуроқи каштадек кўринадиган қадимий шаҳарлару гўзал
қишлоқлар асосан шу тоғ оралари, этакларида, адирларнинг ёнбағирларида
жойлашган. Даралар, дарёлар, яшил водийлар, сарғимтир саҳролар – барчаси
уйғунлашиб, бунда улуғ бир Ватан борлигини ҳис эттиради.
Бобур мирзо Кобулдан Аграга кетгандан кейин ҳам, Бобурийлар салтанатини
инглизлар босиб олгандан сўнг ҳам Мирғобдан то Ҳиндикушгача давлат тили турк
тили бўлган ўндан ошиқ мустақил давлат бўлган эълон Ватан эди: Ақча хонлиги –
сўнгги хони эшон Арвоҳ Хон, Андихой хонлиги – сўнгги хони Давлат Хон, Бадахшон
хонлиги – Шоҳибек (Шайбоний)нинг чевараси Ёрбекхон Самарқандий томонидан
эълон қилинган, Балх хонлиги – Кистин Қора Султон томонидан асос солинган,
Қундуз хонлиги – андижонлик Қувват Хон томонидан эълон қилинган ва сўнгги
хони Али Берди Хон бўлган, Сарипул хонлиги – сўнгги хони Мир Муҳаммад Хон…
Кейин яна – Маймана хонлиги, Шибирғон хонлиги, Дарзоб хонлиги, Хулум хонлиги,
Гурзивон хонлиги… Буларнинг барчаси ўзбек хонликлари эди.
Шарқдан ғарбигача она Ўзбакия ястаниб ётарди.
Бу хонликлар ўн тўққизинчи аср охирида тоғлик босқинчилар, айни шу вақтда
икки дарё оралиғидаги Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари эса ўрис босқинчилари
томонидан босиб олинди.
Шарқий Туркистон, Ғарбий Туркистон, Туркистон, турк ҳоқонликлари энди
йўқ эди. Бирлашмади, бўриларга ем бўлди. Айиқларга ем бўлди. Бу ёввойи
туркийларнинг бир-бирига кожлиги, эҳтимол Маҳмуд Ғазнавийдан мерос. У ўз
қавмдошларини мана шу маъшум тупроқда қиличдан ўткарди. Ғазнани пойтахт
этди. Туркийларнинг бир уруғи ғурийлар етакчиси Аловиддин эса Маҳмуд Ғазнавий
давлатини қулатди, ғурийларни эса Хоразмшоҳлар қиличдан ўткарди.
Айни дам эса Гришк, Қандаҳор, Дилором, Маймана, Шибирғон, Боламурғобдан
тортиб то Эроннинг Дашти Кабир саҳросигача уруш оловидан жизғанак. Кушка,
Тарағандай, Шиндант, Қаълаи Нав шоҳйўлининг чорраҳасида жойлашган, Ҳерируд
дарёси жон суви ҳисобланган, Шоҳруҳ Мирзо-ю Ҳусайн Бойқарогача подшойим
деб севган, Лутфий-у Навоийни улғайтган, Афғонистон шимолий ғарбида
ўрнашган Ҳирот шаҳри ҳам бу оловдан бебаҳра эмас. Бу шаҳарнинг пахта уйида,
ун тортиш, шоли тозалаш, гилам тўқиш ишхоналарида, дўконларда, тор кўчаларида
отишмалар, портлашлар бўлиб турарди.
Афғон урушидаги энг қўрқинчли хавф тоғли ҳудудларда. Тўсатдан ҳужум –
отмасанг, сени отади. Тошларга тегиб ҳар томонга учаётган ўқлар овози қулоғингда
чийиллайди, қулоғингни юлиб кетади. Ўқ ёмғири остидан қайси тоғ, қайси тош
панаси, қайси чуқурга бекинишни билмайсан. Гоҳида тошлари ҳам йўлингни тўсиб,
душманга тутиб беради. Лекин уларнинг душманлиги шуки – шу юрт эгалари.
Уларнинг ўқлари ҳам, тошлари ҳам сенга кўз очишга имкон бермаяжак.
Фалакка рангли учарларни йўллаб ёрдам чақирган билан, ёрдам кучлари келгунича
тақдиринг ҳал бўлади. Поташ (аскарларнинг дам олиш пайти) пайти ҳам, юрагингда
ҳадик. Қайси бир тош ортида бирор мерган – снайперини қўриқдан чиқишингга
70
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
мўлжаллаб қўйган бўлади. Тонгги ҳожатга чиққан пайтинг ҳам иштонинг боғини
кўтармасдан, тезагингга қоришиб ҳалок бўласан. Нажас билан қоннинг бир жойда
қоришиб кетганини фақатгина шу жирканч урушда кўриш мумкин.
Тунлари эса бемалол битта найтамак ё наша чеколмайсан.
Мерганнинг бир кўзи “йилт” этиб ёнадиган чўғда бўлади.
Биргина тамаки тортиш учун Худо берган жонни қурбон қиласан – ўқ
манглайингга қадалган, мерган яқинроқда бўлса миянгнинг қопқоғини чақиб
кетган бўлади. Чоҳдан бош кўтара олмайсан. Иштонингни кўтариб ўласанми,
душмандан қочиб ўласанми, тошга йиқилиб ҳалок бўласанми, найтамак тутатиб,
ҳалок бўласанми фарқи йўқ – ўлимингни ёрлиғи бир хил ёзилади: “Чуқур қайғу
билан сизларга шуни маълум қиламизки, Совет қўшинларининг палон-палон
қисмида ўз хизмат бурчини сидқидилдан ўтаётган ўғлингиз, Палонов Палон
Палончиевич ҳарбий байъатга содиқ қолган ҳолда, жангавор топшириқни бажариш
чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлди ва палон-палон нишонга раво кўрилди”.
Сен ўлгансан! Вассалом!!!
Сенинг ўлигинг темир тобутга солиниб, Совет Ўзбекистонига юборилади. Чала
ҳайкалинг ўрнатилади ё бирор мактабга номинг қўйилади.
Аммо, сен ўлгансан!
Тўйингни кўрмаган онанг, отанг, ёр-биродарларинг юм-юм йиғлаётган бўлади.
Сочини юлиб йиғлаётган қондошинг ҳам тақдирга тан бериб аста-секин сени
унутади.
Адашиб минани босиб қўйсанг, парчаланиб кетган танангни тупроқлар орасидан
елкадошинг қидириб юрган бўлади. Топса бир парча этингни ёки узилган қўлинг ё
оёғингни топиб, темир тобутга солади. Таниб бўлмас даражага тушгансан. Ўлигинг
ё қузғунга, ё юмронқозиққа, ё шоқолга ем бўлади. Гоҳида адашиб, бошқанинг
бармоқларини ё бир парча итнинг гўштидан темир тобутга солиб юборган ва уни
очишга рухсат бермаган бўлади.
Совет Ўзбекистонида сенинг исмингни айтиб йиғлаётган ака-уканг елкасида
ит гўштини кўтариб кетаётганлигини билмайди. Расм-русмларни расмана адо
этишади, қабр ковлашади. Атрофда “шпион” йўқмикан дея фотиҳа ўқишади. Қабр
устида ёдгорлик тошлари ўрнатилади. Қабр ўтларини эса ҳар баҳор онаизор келади
да, йиғлаб-йиғлаб юлиб кетади, йиғлаб-йиғлаб тупроқни искайди.
Гоҳо эса бойлик манбаи бу темир тобут.
Қишлоқларни талаган аскарлар нимаики бойлик бўлса, нимаики тақинчоқ
бўлса ўнбошиси билан бўлишади. Ўнбоши-ю элликбошилар қандай йўл билан бу
бойликларни олиб кетишни билади, яхшигина билади. Ёниб кул бўлиб кетганлар,
изсиз йўқолганларга аталган тобутлар ичида савдоси юқори ҳисобланган тилло
ҳам, қурол ҳам, наша ҳам олиб кетилади.
Бирор вилоят ҳарбий қўрғонида унинг қопқоғи очилиб яна ёпилади. Магар
қўрғондагилар бу махфий ишларни амалга ошира билмаса бойлик шу ҳолича
кўмилади. Ярим кеча қабр ковланиб, баъзан тобути билан бирга олиб кетилади,
баъзан ичидаги бойликлар олиб кетилади ва қабр яна ўзидек кўмилади. Шошганда
эса қабристон қоровули эҳ қабр чўкибди-да, деб уни қайта тўғрилаб қўяди.
Очилишига қатъий йўл қўйилмайдиган темир тобутларнинг ўз белгиси бор! Улар
асосан жасади буткул куйиб кетган ё изсиз йўқолган ё калласи кесиб кетилган ё
минага тушиб парчаланган аскар тобутини очгани қўйишмайди.
Тахминан саккиз юз етмиш чақирим карраси миналаштирилган Афғонистондан
тирик қайтиш мўъжиза. Нафақат аскарлар, балки афғон элидан ҳам бу миналарга
тушиб йилига минглаб инсон ҳаётдан кўз юмаётган эди. Айиқлар, кийиклар,
№ 10 2025 71
Талант ТОЛЕРАНТ
бўрилар, қоплонлар, яккам-дуккам қолган шерлар, турон ва ҳинд йўлбарслари,
каклигу подшо илонларгача бу миналарга тушиб ҳалок бўлар – Она табиат ҳам
қирилиб борарди.
Бу урушда тозагирларнинг ўзлари ҳам ҳалокатга учраб, бу оламни тарк этарди.
Улар икки тоифага бўлинади; белгиланган ҳудудларни минадан тозалайдиганлар ва
белгиланган ҳудудларни миналаштирадиганлар.
Тозагирлик ажал билан ҳамроҳлик дегани.
Ўлим билан ҳамнафас юрасан.
Миналарнинг гоҳ “гўдаг”ига дуч келасан, гоҳ “чақалоғ”ига. Аскарлар минани
“чақалоқ” деб аташади. Қўшқаватини “гўдак” деб, эҳтимол гўдакдек авайлагани
учундир, чақалоқдек қучоқлагани учундир, мина остига тўшамча тўшаб қўйилиши
учундир…
Ҳар бир тозагир ортидан ўз ўлими соядек эргашиб юради. Олаётган нафасинг
озгина чуқурроқ бўлиб кетса, ё хўрсиниб қўйсанг, ё акса уриб юборсанг сен учун
ўша нафас ҳам, ўша йўталинг ҳам сўнги нафас, сўнги йўтал.
Минани эса тилло излайдиган асорга ўхшаш асор билан излайсан. Ўн
чақирим, ўттиз чақиримлаб пиёда тоғу тошлар ичра кезасан. Юраётган ҳарбий
карвонлардан, сарбонлардан олдин, КаМАЗдан олдин, танкдан олдин сен пиёда
пиёда ҳаракатланасан. Хатар бошингдан кетмайди. Қадамба-қадам минага дуч
келасан. Асоринг мина бор жойни “дедде”лаб кўрсатади. Ҳарбий йўриқнома бўйича
қаршингдан чиққан минани портлатиб юборишинг керак, аммо ўнбоши ҳар доим
ҳам бунга рухсат бермайди. “Бўшат” дейди. Буйруқ ортида қанчалаб қурбонлар
ётади. Оврупадан оқиб келадиган қўшқават тури яна-да хавфли, шамолга ҳам
портлаб кетади. Парча-парча бўлиб кетасан. Улардаги сезгисимлар кичик тўлқинни
ҳам, озгина тебранишни ҳам дарров сезади. Рангинг сомондек сорариб ё бўздек
оқариб уни зарарсизлантирмоқчи бўласан. Елкангда ажал фариштаси қўниб
туради – ўлим билан оралиқдаги вақт бир сония. Тиззанг қалтираб “ҳаёт ё мамот”
учун ажал нафасига яқинлашасан. Жасадинг бурда-бурда бўлишини ҳис қилиб,
ўзингни ўлимга чоғлайсан. Елкангдаги автомат ва ҳарбий хуржунингни ерга
қўйиб, қушдек енгил бўлганча, бир тиззангни секин ерга қадаб, мина кўмилган
жойга энгашасан. Баданингдан тер қуйила бошлайди.
Лаҳзалар ичида болалигингни эслайсан, кўз олдингдан қишлоғинг ўтади, ота
онангнинг чеҳраси намоён бўлади. Қўшни қизни эслайсану дунёга келиб ҳали бирор
бир қизнинг билагидан ушлаб кўрмаганингга, сочларини силаб кўрмаганингга,
бўса нима эканлигини ҳис қилмасдан бу дунёдан ўтиб кетишингни била туриб ич
ичингдан тўкилиб кетасан.
Юрагинг куя бошлайди.
Оҳиста-оҳиста бармоқларингни тупроққа яқинлаштирасан.
Нафақат сен, бармоқларинг ҳам яшашни истаётган бўлади.
Ўз-ўзидан титроғи қолади.
Титраётган бармоқ билан минани зарарсизлантириб бўлмаслигини тирноғинг
ҳам сезади.
Ичингда қайта-қайта “Худо” деётган бўласан.
“Чақалоқ” кўмилган жойга қўл узатиб “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим” дейсан
пичирлаб. Мандилингдаги ўроқ-болға ҳам, мундирингдаги қизил юлдуз ҳам
ёдингга келмайди. Худо эсингга тушади! Гуноҳларинг учун кечиримлар сўрайсан.
Ўлимга тик қараш, уни сезиш, бўшашмаслик, қўрқмаслик, сўнгги дақиқаларга
қадар дадил туриш ҳадисини олган бўлсанг-да бу дамларда бенаф бўлади, ироданг
синган бўлади. Чеккан нашангнинг ҳам, қилинган морфиннинг ҳам таъсири айни
шу дамларда тугаган бўлади.
72
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Ўлим даҳшатидан ўлиш ахмоқлик бўлса-да, сен ўлим даҳшатини ҳис қилиб
ўлаётган бўласан. Қўлинг минага текканда олаётган нафасингни энг сўнгги
нафас деб биласан, шайбани еча бошлайсан; бир резба… Ва ниҳоят минани
зарарсизлантириб, жойингдан турасану икки қадам қўймасдан ўргимчак тўридек
жойлаштирилган миналарнинг бошқасига тушиб ҳалок бўласан.
Бир йигит – бир элга ризқ дейдилар, эл ризқи шундай тугаб борарди…
Мина тозаловчи бўлиб хизмат қилаётган аскар уч ойдан сўнг, мина қўювчи
навкарга айланади. Ки, аскарларга “Ал-қасосу мин-ал Ҳақ” бегона. Қасос Ҳақдан
бўлиши уларга ғалати, қасосни ўзлари олиши керак. Миналар ҳалокатидан,
йўқотилган аскарлардан сабоқ чиқаришмайди. Буйруқни бажаришади. Ахир
қўйиладиган минага Парвардигорнинг ожиз бир бандаси тушади, буни барча яхши
билади. Жонни Яратган ато этишини, унга хиёнат қилиш оғир гуноҳ эканлигини
ҳис қилмайди.
Тинч жамиятда бир одамни ўлдирсанг қамаласан, баъзи давлатларда отиласан.
Уруш кечаётганда қанча кўп одамни ўлдирсанг шунча кўп тақдирланасан. Шунча
кўп раҳматнома берилади. Аларнинг фикрича, Худонинг раҳмати на бўлғай
қўмондонлар, нўёнлар имзоси бор раҳматномалар олдида, шода-шода медаллар
олдида? Қанча кўп ўқ бўшатса, шунча ғурурлангай. Бирор аскар қўйган минада
қанча кўп инсон ҳалок бўлса, “бирор аскар” шунча кўп яйрагай !
… Бир тозагир бор эди, уч ойдан сўнг мина қўювчига айланди..
Уларнинг ҳарбий қисми Чорикор канди ва Чорикор қаршисидаги тоғ оралиғида
жойлашган. Уларнинг тозагирлик ва қўпорувчилик бирлашган қисмида учта фавж,
ҳар фавжда учтадан саф ҳар сафда учта ўттизма бўлиб, “45-миналаштирувчи қисм”
деб аталарди.
Лашкаргоҳдан кандгача ҳам икки-уч чақирим, тоғгача ҳам икки-уч чақирим
масофа. Хатарли музофат бўлганлиги сабабли теварак шахмат услубида
миналаштирилган. Элликбошилар томонидан харитада белгилаб берилган
ҳудудларни миналаштириш учун “ўттизлик-ўттизлик” бўлиб қисмдан ойлаб чиқиб
кетишарди.
Ҳар бир аскар хуржунида ўқ-дори, пиёдалар учун мўлжалланган икки турдаги
мина; ўнтагача қувватли мина, бештагача ов минаси, бир ҳафталик озуқа, кўза
(сувдон), багтар, белкурак, тўртта садоқ, автомат, мандил, иккита гиранат; бир
халта буғдой оғирлигига тенг юк билан тоғларга чиқишнинг ўзи бўлмайди.
Толиқиш, азоб, уриниш-суриниш йиқилаётганда тиззага суяниб қолиш ва
шу ҳолатдан қайта туришу кимдир бехос туртиб кетса бегона тошларга юзтубан
бўлиб йиқилиш… Бегона тупроқдан – девона тупроқдан нафратланиш; кийимлар
йиртилган, юзлар шилинган, тиззалар қонаган, хуржундаги гиранат ва миналарни
бехос портлашидан хавотирланиш, ўлимга рози бўлиб йўлга отланган аскарлар учун
бу чидаб бўлмас азоб эди. Хаёлларида эса барибир ўламан-ку, шартми шу қирларни
ошиш каби саволлар билан гоҳ юкларни елкадан итқитиб бир бор қушдек енгил
бўлгиси келарди. Бир дона минани ерга кўмса ҳам ўзида йўқ хурсанд бўлишарди.
Ахир гартаккина бўлса-да юк енгиллашади!
Русумлари турли бўлган миналарнинг ўзига хос кўмиш усуллари, ўрнатиш
расмлари бор. 30, 100, 40 русумли ҚМ минаси қувват каллагининг боши рақиб
келадиган томонга қаратиб кўмилиб, ўттиз метрлар келадиган қармоқ ипидек
ингичка толалари бирор бутага чатиб боғланади. Бу толаларга тегилса, боши
кўмилган томондаги бирор душман омон қолмайди, ён томонларидан ҳам юз
метргача ҳудуддаги ҳар қандай жони борни жароҳатлайди.
№ 10 2025 73
Талант ТОЛЕРАНТ
Пусиб ётган каклик ҳам, илон ҳам, тустовуқ ҳам, қуён ҳам бу ипларга бехос
тегиб кетиб аскарларнинг жонига қирон келтириши мумкин.
Ов минасини ўрнатишда эса сезгични ерга кўмиб, унинг теграсига
бешта пақиллоқ ўрнатилади. Пақиллоқлар сезгичдан ўн метрлар узоқликка
жойлаштирилиб, сезгичга толаси бириктирилиб, бу толалар ҳам ерга кўмилади.
Ҳар бир пақиллоқда икки мингдан ошиқ шарли заррачалар бўлади. Бу пақиллоқлар
шу қадар сезгирки, ердаги энг кичик тебранишларни ҳам қабул қилади. Инсон
қадами етишига беш-олти метр қолганида ажал ҳаракатга келади.
Йўлга отланганига ўн кунлар бўлиб қолган тозагир ҳам ўша ажал уруғларидан
бирини белгиланган нуқтага жойлаштирди-да яна олдинга қараб ҳаракатлана
бошлади. Робитанинг қуввати тугаган, алоқа йўқ. Ҳамма чарчаган, толиққан. Озуқа
тугаган, сув тугаган…
Эрта тонг ўт-ўланлар баргини ялаб, илдизидаги сувни симириб кетаётган
аскарларнинг қай бирларининг оғзи яра бўлиб кетган, томоқлар қақраган, лаблар
ёрилган. Шу ҳолатда энди, душман ёдидан кўтарилиб, қорин ғамида ташна, оч
ўрмаларди. Атрофда эса на чўпонларнинг ўтови кўринади, на қочқинлар, на
лўлилар, на бирор қишлоқ; отишга на одам, на жонивор бор, дейсиз. Гоҳ-гоҳида
қуёш иссиғида зах тошларга кўксини бериб юқорилаб кетаётган аскарлар қўққисдан
қушлар чуғурини эшитиб, тўғриларидаги қия дарага дурбин билан қарашди.
Чашма! Чашма бор экан! Баданига морфин киргандек қайта жонланишди. Қиялаб
туша бошлашди. Ҳатто ўнбоши ҳам аскарлар ортидан эргашди.
Чашмага етиб келган аскарларнинг учтаси жойида ўлди, ичгани икки қултум сув
бўлди. Қолганлар таққа тўхтади: чашма заҳарланган экан.
Жанговар ҳаракатлар пайти очиқ сув ҳавзаларидан сув ичиш мумкин эмаслигини
яхши билган аскарлар устидан нафс ғолиб келганди.
Очликдан қорни ғулдираётган аскарлар ўлган аскарларга қаради.
Уларни еб ҳам бўлмайди.
Ўлигини олиб кетиб ҳам бўлмайди, ёрдамга куч чақириб ҳам бўлмайди.
Бир аскар ўлган аскарнинг тиззасига бошини қўйди-да киртайиб қолган,
мунглиғ, умид учқунлари сўнган кўзлари билан осмонга термулганча жим чўзилди.
Жисмонан толиққан инсон миясига қўрқув ҳам уя қўя билмайди.
Бу аскарлар на илон, на чаён, на қорақурт чақиши, на қобон на бўри дуч
келишидан қўрқарди.
Дуч келса бас – отарди ерди.
Забун, паришонҳол аскарлар бир амаллаб тунни ўтказиш илинжида пастга
эна бошлади. Неча кунки этик ечилмаган. Оёқлар терлаб, сасиб, шишиб кетган.
Товонлар ёнаётгандек эди. Этик ечилса, қайтиб кийиш имкони йўқ – оёқ бу шиши
билан қайта кирмайди…
Қуёш қиялай бошлаганда икки қир ўртасида ўтов кўринди.
Аскарлар ўтовга яқинлашган дам милтиқ кўтариб эллик ёшлар атрофидаги
мош-гуруч қора-оқ соқолли эркак ва иккита ит вовуллаб чиқди. Эркак милтиғини
ўқлашга ҳам имкон топа олмади. Автоматдан отилган ўқлар унинг ўзига қўшиб
итларни ҳам вангиллатганча қулатди. Аскарлар ўтовга бостириб киришди – ҳеч
ким йўқ.
Туршак, бир талай зоғора нон, қопда эса қотган нон ва ун, сув, ширинликлар
бор эди. Аскарлар ютоқиб овқатлана бошладилар. Қоринлари тўйгач уйқу элитди.
Ўнбоши эса ўтовни миналаштириб, харитадаги бошқа манзил томон кетиш ҳақида
айтди.
74
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Аскарлар ўтовни миналаштириб, ўтовдан чиққан ҳам эдилар-ки, олисроқда
чодрасиз ўттиз-ўттиз беш ёшлар атрофидаги гўзал афғон аёлига бир аскарнинг
кўзи тушиб “Аёл!” дея бошқаларни огоҳлантирди.
Аёлни отишмади, отамиз деб огоҳлантириб аёлга яқинлаша бошлашди. Бироқ
аёл кимгадир дурронийлар лахжасида алланималар деб бақирди-да, қоча бошлади.
Нарироқда турган беш-олти ёшлар чамасидаги болакай буталар орасига кириб
ғойиб бўлди. Урушда юравериб ёвузлашиб кетган ўнбоши болакайга қарата икки
учта ўқ узди, тозагир тўхтатиб қолди.
Бироқ уларга “аёл” керак эди. Ахир улар “эркак” эди.
Аскарлар аёлга етай-етай деганда, аёл ўзини қоядан ташлади. Аскарлар алам
билан яна олдинга қараб кета бошлади. Бир қир ошмасларидан орқада ўтов
портлади. Тозагир “бечора бола” деб шивирлаб қўйди. Оқшом чўкай деб қолганда
тоғнинг бир қўнжига қўноқ бўлишди. Яғринларини тошга берганча кийимлари
билан пинакка кетишди.
Ҳар бир аскарга бир соатдан навбатчилик тайинланди. Қаттиқ гапириш, ўқ
отиш, олов ёқиш, мушак ёритиш маън этилди.
Улар туш кўрарди; тушларида ўз остоналари…
… Бир тозагир бор эди, ҳозир йўқ.
Бу дунё ўтар-кетар, юзи қоралик қолар…


Меҳмондорчилик қуюқ бўлди.
Соғлардан кўра сархушлар кўп.
Тонгда бош ғувуллаганча кечадан қолганларини сабуҳий қилдик ва биз ҳам
йўлга отландик.
Режа шундан иборат: бугун Ёзарлар уйида тадбир бор, тадбирдан сўнг зиёфат.
Бош мақсадимиз танишлардан бир-икки сўм пул олиш ва “Эл банки”нинг биринчи
қаватидаги ошхонани юритиш.
Уй Мустақиллик майдонидан “Халқлар дўстлиги” метросининг бир бурчагидаги
қора ойнали бинога кўчирилган эди.
Тадбирга кирмадик. Мухтор ҳоҳламади. У бу уйга келишни кўп ҳам ҳоҳламасди.
Чўлпон, Усмон Носир, Фитрат, Қодирий асарларни шахсан Исталин ўқимаганига
амин эди. Ойбекни тилидан тутгану Шайхзодага кун бермаган ҳам шу уй эканлигига
ақли етарди.
Элликка кириб ҳам бирорта китоби чиқмаган Мухтор Комил ҳаммасини яхши
биларди.
Пастдаги емакхонада тадбир тугашини кутдик.
Бу уйга кўп келардим. “Навқиронлик” жаридасида ишлайдиган Олтин бола
қадрдон жўрам эди. Сариқдан келган, новча бу йигит иқтисодий ва ижтимоий
аҳволимни сўраб турарди. Шеър ҳам ёзмасди, мақола ҳам, ҳикоя ҳам, лекин халқаро
журналистикани тугатган эди.
Қайси бирига мен, қайси бирига шеър керак бўларди.
Мен шеър ёзиб берар, у тахлар, китоб тайёр бўлгач, пулин олиб келиб берарди.
Ҳарқалай ёзиб берган шеърларим эвазига “Заркокил” қизлар мукофотини олганлар
ҳам бўлди. Бу тузумдан ўзимни кўп йироқ сақлолмадим. Адабиётнинг бу махфий
қорабозорида анчайин машҳур эдим.
Гоҳо, қўнғироқ қиларди:
“Иқтисодий аҳвол қандай?”
“Доимгидек”…
№ 10 2025 75
Талант ТОЛЕРАНТ
“Ҳикояга мижоз бор, сотиладиганлари борми?”
Доим чанг босиб ётганлари топиларди.
Гаҳи, мен сотган ҳикоялар ажойиб сўзбоши-ю, адабиётшуносларнинг ғаройиб
мақолалари остида жаридалар юзини безаб турган бўларди… Шунда ўзимга
таскин берардим: рассом расмини сотади, ҳунарманд ясаган кўзасини, мен ҳам ўз
меҳнатимни пуллаяпман.
Мухтор эса хонандаларга қўшиқ ёзиб бериб кун кўрарди. Лекин бундай яшаш
қийин. Мижоз ҳар доим ҳам топилавермайди.
Бу жамиятнинг қашшоқ тоифасигина ижодга қараб йўрғаларди.
Улар қотиб қолган масхарабозлар эди.
Тошкентдаги сарсон кезишлар учун эса кўп пул керак бўларди. Буни Мухтор
яхши тушунарди.
Мухторни эса сиёсат қизиқтирмас, у мухолиф ҳам, мужоҳид ҳам эмас, зикр
аҳлидан эди. Истеъдоди унинг тўпиғи даражасида бўлмаганлар ҳам “кимсан ‒
фалон!”, нафақат кимсан, “эл шоири” унвонларига эга эди. Уларнинг эшигига
бориш Мухтор ғужурига тўғри келмади. Адабиёт ўқувчилари орасида тенгдошлари
аллақачон шуҳрат топган.
Газит ва тилвизирда ҳар кун кўриниш берар, бу уларнинг шуҳратига шуҳрат
қўшарди. Оламшумул шуҳратлари бор эди, аммо ўз адабиёти йўқ эди.
Мухтор буни адабиёт санамасди. Ёнига боришга ғурури йўл қўймасди.
Мен ғурурни суриб бордим.
Уй “кимсан”лари “Заркокил”нинг саралаш босқичига оммавий кетишган экан.
О, бу “Заркокиллар”…
Биттаси санъат институтига имтиҳонсиз кириб, давлат пулини ҳавога совуриб
юрди, сўнг “жиҳод” дея Сурияга кетаётган пайт қўлга олинди.
Эҳ, Сурия… Сурия пойтахти Дамашқ қадимдан кечагача энг машҳур, энг
гўзал шаҳар эди. Уч минг йилдан буён пойтахт эди. Бутун дунёдан интиларди
боришга. Дамашқ араб давлатлари ичида биринчи бўлиб электр токидан фойдалана
бошлаган, араб давлатлари ичида биринчи автомошин Дамашқ кўчаларида юрган,
халқаро банклар араб давлатлари ичида илк бор шу шаҳарда очилган. Сурия аёллар
овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган биринчи давлат эди. Американинг Пенсилвания
штатидаги Тиббиёт университетини биринчи қалдирғочлари Суриялик талабалар
эди. Қон айланиш тизими ҳақида илк бор Суриялик табиб Ибн Нафис рисола ёзган.
Тарозини илк бор Суриялик киши ихтиро қилган…
Эҳ, Сурия…
Ва ниҳоят, ҳукуматда ўзгариш сезилди. Эркинлик сезилди.
Янги олий раҳбар четдаги ўзбекларга томошабин сифатида қарамади. Қўлидан
келганча уруш нуқталарида хор бўлаётган ўзбекларни Суриядан келтирди. Эски
ҳукумат бўлганда бу адашганлар ўша ёқларда ўлиб кетарди. Инсон қадри учун
кураша бошлади. Чегараларни очди. Йигирма йиллаб кўришмаган қариндошлар
кўришди… Қадимий қардош, ёндош эллар ўзбек, қирғиз, қозоқ, тожик, туркман,
афғон, турк, озар яна бир-бирларини бағрига боса бошлади. Озод ва эркин…
инсондан гапира бошлади инсонлар…
Мухтор йўқолган йиллар эди.
Унинг ҳам топилишидан умид қилардим.
Абдулла Орифнинг шогирди Мухтор эди. Бу сўзни Абдулла Ориф Мухторга
айтган.
Мухтор Абдулла Ориф шогирдиман деб бирор жойга бормаган, қолган
шогирдлари эса Абдулла Орифга тўн ёпганини таъна қилишдан ташқари, унинг
номидан минглаб тешикка кириб чиқиб ўз ишини битирадиган мардаклар эди.
76
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи


Тадбир тугади.
Ҳомийлардан мўмай пул қўлга киритдик.
Амир хазинаси чангалимизда.
Тошкентни сотиб оладигандек мағрур кетяпмиз.
У ёққа бордик, бу ёққа бордик. Найтамакларни доналаб эмас, қутиси билан
олдик.
Тубанлашиб кетган жамият ичра эдик.
Онги сусайган, маданияти қолоқ, иқтисод инқирозга учраган эл қул бўлишга
маҳкум. Ўрисга қул бўлди. Сўнг рақсни ҳаром деган “муллалар” “танса” тушди.
Ўрислар Қўқонни олаётганда, Чингизхон Самарқандни олаётганда ҳам биринчи
бўлиб ватанни сотганлар ўша тоифа эди. Ҳадисдан бехабару иккита ҳадисни ёдлаб,
динни ниқоб ва рўкач қилган билимсиз, савиясиз, кўзи оч тоифа эди. Бу тоифа кеча
“ўрис арақни обкелиб ҳаммани диндан чиқарди” деди, гўё Ҳусайн Бойқаро ўрис
келгач маст ҳолатда ўғлининг ўлими ҳақидаги ёрлиққа имзо чеккан.
Биз туртиниб-суртиниб кетиб борардик.
Менга одамларнинг кайфияти тушкундек туюлар, негадир хушчақчақ самимий
чеҳралар камдек… Жамиятдан норозиликмикан бу, билмадим… Эҳтимол янги олий
раҳбар ҳам бу кайфиятга эътибор бериб “халқни рози қилайлик” деётгандир?
Аммо, отасидан ҳам рози бўлмайдиган бу жамиятни рози қилиш қийин. Бу
одамларнинг аниқ етмиш-саксон фоизи чаласаводликка маҳкум бўлганлардек
туюларди. Туюлмасди, аниқ шундай! Негаки, булар ичида Ленин мавзолейига
бориб, очиқ ётган мурдани ҳайрат билан томоша қилган коммунистлар ҳам бор,
қотирилган бир асрлик мурдани ҳаёжон ва завқ билан томоша қилишу, келишгач,
бу ҳақида тўлиб-тошиб гапириш даражасига етган одамсимонлар ҳам бор. Хуллас,
Ватанимиз тарихи деганда Пётрни тушунадиган, “босмачи”ни ўлдирган қизил
аскарни қаҳрамон деб биладиганлар ичида кетаётгандик.
Ўрислар томонидан “баран”, “чурка”, чурбан”, “чорний” деб кутиб олинса-да,
ўша томонларга мардикорчиликка кетаётган оми йигитлар бор эди қаршимизда ‒
ўй-хаёли Московдан қайтиб, мошин олиш ва ойнасини қорайтириб кўчада мақтаниб
юришдан ортиқ бўлмаган оми йигитлар эди.
Ўзбек эканлигидан фахрланишни билмайдиган, бошини баланд тутиб,
“Ўзбекман!” дея олмайдиганлар бор эди.
Улар Ўғизхонлигини, Ўзбекхонлигини батамом унутган, қайга борса Московдаги
хўжайинини “унча пул беради, мунча пул беради” деб мақтайдиган бир тўда эди.
Китоб ўқимаган, илдизидан бехабар қорни тўйса бас, хуррак отиб ухлайдиганлар
кўп эди. Биз бу “ўзбексимон”лардан қочиб, “Олтин мерос” ташкилоти ёнидаги
перашкахонанинг бир бурчагига қўндик. Искандарни кута бошладик.
У йўқ эди.
Қўнғироқ ҳам қилмади.
Доим даврани қизитиб турадиган битта гапирувчи одам керак. Мухтор кўп
гапирмайди. Даврани қизитадиган хушчақчақ инсон керак бўларди доим. Бу ‒
Ўлжабой, лекин у ҳам йўқ. Нуротага кетганми, Сирдарёгами, йўқ. Яна бир даврани
кўрки бўладиган қадрдон Д.Насафий, лекин у ҳам бу даврага “ноқулай”.
Бу дарвешона даврада Насафий анча тортиниб ўтиради.
Қаландарқалб, юриши дарвешона-ю, лекин ҳукумат одами.
Одамлар таниб қолмасин дейди. Одамлар таниб қолса истолдан камтарлик
кетади, истолимиз шоҳона истолга айланар, ўтирган даврамиз мармар кошоналарга
№ 10 2025 77
Талант ТОЛЕРАНТ
кўчарди. Насафий ўта тийрак, билимли, “катта ўқитувчи” эди. Олий Машваратда
ишлади, Бошқарувда ҳокимларга дарс берди, “Нозирлик Академиясида”да минглаб
нозирларга дарс берди. Барига чидаб дарс берди.
Яна бир дўстим Зойир, мен уни овози йўғон ва ширали бўлгани учун Зойир
Аҳмад дердим, биз бир пайтлар Аҳмад Зойир қўшиқларини шу йигит билан
эшитардик, куйлардик. Аспирант, катта талаба. Искандарни бўралатиб сўкдим-да,
Зойирга қўнғироқ қилдим. Етиб келишини айтди.
Искандарни бемалол вулгар адабиёт билан сийлай олардим, ёшимиз тенг, жўра
эдик. “Пахтакор” ёнидаги шахмат мактабида танишганмиз. Искандарни тушунса
бўлади. У ишқ гирдобида. Билмадим нечанчи бор севиб қолиши. Унинг ҳар
муҳаббати бир афсона. Охири ҳажр. Кейинги муҳаббатига менинг кўрсатмам сабаб
бўлди. Айб менда.
Искандарнинг бу севгисига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.
Тул Дили Дилкаш бир кўришганда, каттакон бир ташкилотда бўш иш ўрни
борлигини, бориб учрашишимни айтди. Бир гўзал қиз кутиб олишини, эрга
тегмаганлигини, гап орасига қистириб, “буюк иқбол ва қўшша фарзанд” ҳам
тилаб юборди. Дили Дилкашга Искандарни юборишимни айтдим. Соат ўн еттилар
атрофида ишсиз юрган Искандар Дили Дилкаш айтган манзилга борди. Қаршисида
жуда ҳайбатли мармар кошона. Искандар остонадаги соқчиларни “темир қути”сидан
ўтиб бўлимлар каталогига қаради. Темир қутининг ўзи ҳам икки бўлимдан иборат
экан, ёққични қолдириб кетинг деган соқчига қайрилганда шунга ҳам эътибор
берди. Бири онаси, бири боласи. Онасидан одамлар кириб чиқади, боласидан
хуржун ‒ ишқилиб ашқол-дашқол…
Хавфсизлик барибир яхши, одамларни одамлардан ҳимоя қилиш керак.
У узун коридор бўйлаб юрди. Пештоқига “144” деб ёзилган қия очиқ эшик ёнига
келиб эшикни секингина чертди.‒ Ҳозир… уфф… кираверинг, ‒ деган қизболанинг ўзига тортадиган оҳанг
рабодек овози янгради. Овоз фавқулодда тиниқ ва ширали эди.
Қия очиқ эшикдан хонага кирди. Шинам хона. “Т” шаклидаги каттакон бенданғ,
устида байроқ, тўрда қора чарм курси, истол устида ёзманур, қўлпон, тилпон, безак
учун идора саватчаси, қумсоат…
Икки қаторлик жавонда “Навоий” сайланмаси, очиб ҳам кўрилмаган шекиллик;
ярақлаб турибди. Ва қора чарм папкалар. Девор ўнг томонида тахминан 2х1 метрлик
“ландшафт” манзараси, остида каттакон аквариум; сариқ ва қора балиқчалар
“дунёни шу ҳовуздан иборат” деб сузиб юрибди. Девор чап тарафида ҳам каттакон
картина; қизил ва қора отлар – жон кирса картинада кўрсатилган адирдан дарёга
отилгудек…
Картина тагидаги ойналик истол устида эса шахмат! Терилган шахмат! Доналар
жангга шай! Овоз соҳибасидан эса асар йўқ.
Искандар ҳайронлик билан у ёқдан бу ёққа аланглади.
Истол остидан аввал қуюқ, қалин тим қора сочлар, кейин қабоғи томон
баландлаб ёналаган қалин қайрилма қошлар; маҳорат билан терилган, ундан кейин
узун-узун киприклар, ёруғ, сувлари лим-лим кўзлар, қирра бурун, устки қисмига
нисбатан остги қисми бироз қалинроқ бўлган пушти, қонталаш лаблар, лаб остида
эса билинар билинмас чуқурликка эга бетакрор зақан, буғдойранг чеҳра кўриниб:‒ Уфф… Узр, келинг… Компютерни кабели чиқиб кетган экан, аранг уладим… ‒
деди Дили Дилкаш таърифлагандан ҳам кўра жозибали қиз. Нимадир демоқчи
бўлиб яна Искандарга қаради. Қандайдир ғусса, қандайдир шавқ, қандайдир
аланга, қандайдир ҳорғинлик аралаш порлаб турган шоир кўзларига кўзи тушиб:
78
Шарқ юлдузи
‒ Келинг, ‒ деди яна қайта.
Панжшер қўшиғи
Унинг-да Искандарнинг-да кўз қорачиқлари бироз кенгайгандай бўлди.
Искандар унга маҳлиё бўлди, қолди.
Аммо дарров ўзини қўлга олди-ю, яна уч-тўрт қадам босди-да унга яқинлашиб:‒ Келдим, ‒ деди истеҳзо ва киноя аралаш.
Қиз унинг сўзи-ю қилиғига ҳайрон боқди.
Ҳаётни теран англаган икки мағрур қалбнинг илк учрашуви эди бу.
Қизнинг қаршисида ёш, навқирон ва мағрур шоир йигит кулибгина турарди.
Қиз қалби ўзи истамаган тарзда унга бўй эгаётганди.
Бориб креслога секин чўкди. Ўзида бироз ҳолсизлик сезди, аммо бу дарров
йўқолди.
Искандар папкасидан “обективка” ва сўровнома олиб унга узатди.‒ Кейинроқ…‒ Ихтиёр сизда…
Қизнинг овози йигитни сеҳрлаган сари, йигитнинг овозидаги шукуҳ қизда
қўрқув ва ожизлик туйғуларини уйғотди. Айни дам қиз йигитнинг кетишини,
йигит эса бу даргоҳни тарк этишини истамасди. Қиз ўрнидан туриб, малларанг
ойна қопланган дераза томон юрди. Ҳали кун ёруғ, ташқари совуқ, ичкари иссиқ;
бу мутаносиблик ўртасидаги дераза ойналари бироз буғланган. Искандар қизга
разм солди, ўша қуюқ сочлари битта қилиб тугилган ‒ Искандар билагидан йўғон.
Белига яқинроқ тушган. Бўйи анчайин узун; тор қора жемпери келишган қоматини,
тор кўк жинси шими эса узун-узун оёқларини бемалол кўз-кўз қиларди.
Искандар терилган шахмат ёнига борди-да оқ доналардаги марказий пиёдалардан
бирини э2-е4 хонасига тақ этиб қўйди.
Қиз ялт этиб унга қаради.
Сўнг Искандарнинг қаршисига келиб тўхтади.
Нафаслари бир-бирига жуда яқин эди.
Икаласи ҳам бир-бирининг нафасларини аниқ ҳис қилиб турарди.
Ўртада биргина муҳаббат каби қадимий ва ҳамиша янги шахмат!
Қиз марказий қора пиёдани c7-c5 хонасига сурди.
Ижодкор билан ижодкор бир-бирини қандай ҳис қилса, шахматчилар ҳам
бир-бирини шундай тушуна олади. Шахматдошлар ҳам бир-бирига елкадош
муносабатда бўлади. Кўз қири билан қизга қараб қўяётган Искандарнинг кўксида
нималардир ғалаён, исён қиларди. Қизнинг хаёлида эса қаршисидаги инсонга
нисбатан қизиқувчанлик яна-да ортиб борарди.
Искандар қизга зимдан қаради. Қиз яҳудий эди, аммо осиё мугатларидан эмас.
Қиз Дили Дилкашнинг гапларини эслади: “Барчамизга ўхшаган одам, шоир,
яхши бола. Ҳали уйланмаган, қолгани ўзингга боғлиқ…”
У уйланмаган сўзига урғу бериб гапирган эди.
Қиз қўлларини истолга тиради-да:‒ Яхши ўйнаркансиз, бироқ от суришингизга майдон торлик қилиб қолди, ‒
деди.‒ Мен Капабланка эмасман; гўзал қизлар билан шахмат ўйнасам “таслимман”
дея оқ шоҳни йиқитгани…‒ Биламан. Шоирсиз!‒ …‒ Ўзи қанақа шоирсиз?‒ Кўриб турганингиздек…
№ 10 2025 79
Талант ТОЛЕРАНТ‒ Йўқ, тушунмадингиз… Аё, тушунтира олмадим! Қандай шоирсиз: Ўзбекистон
халқ шоирими ё?..
Йигит жилмайди. Уни нима демоқчи бўлганини англаган эди.
Қайсидир кино ёдига тушиб:‒ Буюк шоирман! – деди.
Ўйин дуранг билан тугади.
Қиз шахмат доналарини қўлида ўйнатиб:‒ Шахмат яхши ўйин. Мен шахматни яхши кўраман, ‒ деди.‒ Мен эса сени яхши кўраман! – деди шахмат доналарини қайта тераётган
Искандар.
Қиз йигитга ялт этиб қаради.
Нима дейишини билмади.
Сўнг кўзларини ерга тикди.
Боягина кўришган бўлса, бу севги изҳорими?!
Хушомадми?! Дарров сансираб гапиришига ким ҳуқуқ берди?
Сукутга чўмди.
Искандар эса доимгидек гапга тушиб кетган, тинмай сўзларди:‒ От суришимга бу майдон тор. Бу олам ҳам, кўкрак қафасим ҳам ‒ юрагимга
тор, сенинг эгнингдаги кийимларинг ҳам жуда тор, айт, юрагингни сиқмайдими?
Ўлжабой “Миллий матбуот маркази”га келган қизларга илҳоми қайнаб қандай
бетўхтов гапирса, Искандар кўрган қизига шундай гапирарди. Ўлжабой пулсиз
пайтлари ҳам қиз-аёлларга қайдандир совға-салом топса, Искандар ҳам қизлар
учун ернинг тагидан бўлса-да, маблағ ва совға-салом топиб келарди. Қизларнинг
қулоғига айтадиган ҳикояларининг охири ва нуқта вергули йўқ эди. Қиз ҳайрат
билан унга тикилиб турар, йигит хушомад урмаётган, самимий гапираётган эди ‒
унинг сўзларини бўлгиси келмади…
Уни кўпроқ эшитгиси келди:‒ … Айнан, шу лаҳзалардан бошлаб сен мени ҳаёт ҳақидаги ҳукмимга ўзгартириш
киритдинг… Сенинг мана шу чақноқ кўзларинг, Парвардигор мўъжизаси бўлган
латофатли чеҳранг менинг қул эканлигимни ёдимга солди, энди оқ қоғозлар узра
фақат сенинг чеҳранг намоён бўлади…
Искандарнинг сўзи кўп эди, кейинги кунлар давомида севги изҳорларига қўшиб
юрагидаги дардларини ҳам қизнинг ҳовучига тўкди:‒ Мана бу совғалар сенга. Қара энг яхшисини танлаб олдим. Кабинетинг жуда
шинам экан. Мана буни эса, мана бу ерга иласан. Шахматни ҳам алмаштирамиз…
Йўқ, алмаштирмаймиз. Янги шахмат оламиз. Қалай, бўладими? Фикрим маъқулми?
Фақат, иккаламиз ўйнаймиз. Майдон кенг бўлади…
Қиз Искандарни тинглаган сари ўзини унга мутеъдек ҳис қиларди.
Қиз ўзининг гўзал эканлигини ҳис қилар, аммо бу гўзаллик шоир қаршисида
қироллик эмас, айнан Искандарга қуллик учун берилгандек туюларди.
Искандар эса “эслайсанми, кўп гапирардим…” деб ёзганидек, кўп гапирарди.
Кейинги ҳафталар эса қиз шоир қаршисида ўзини эркин қушдек ҳис қила
бошлади.
У ҳам қалдирғочдек вижир-вижир чуғурлади:‒ Энди нима иш қиласиз?‒ Яшайман.
Искандар юрагидаги дардни шу сўзлари билан бу дунёга етказган эди. Буни
фақатгина шу қиз эшитди.
Қиз битта оқ қоғоз олиб устига “Бутун умр сен билан” деб ёзди.
80
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Искандар вароқни олиб чиройли қилиб буклади ва чўнтагига солиб қўйди. Сўнг
ортига бурилиб “Яхши қол” дея чиқиб кетди.
Қиз ҳароратдан ёнаётган юзини кафти билан бекитди, тушдан кейин бу бўлимда
деярли одам кам бўлса-да, у бориб эшикни қулфлади. Креслога чўкиб, ҳўнграб
ҳўнграб йиғлади. У севиб қолган эди…
Бу қиз учун илк бўса эди… бу ‒ бутун умрлик муҳр эди…
Бу то қабргача борадиган ўчмас хотира эди…
Ўзгача бир туйғудан унда масрурлик уйғонганди.
Жуда мағрур қиз ҳайрон; унинг қалбига бемалол бостириб кирди бу босқинчи.
Бу ҳам бировнинг қизи деб ўйламади…
Ўша куни уйга бориб туни билан ухламади. У ёққа ағнади, бу ёққа ағнади.
Тўлғониб чиқди. Хаёлидан Искандар сиймосини қувишга қурби етмади. Тонгга
яқин бирозгина мизғиб олди. Уйқудан тургач, ойна олдида ҳар кунгидан кўпроқ
ўтирди. Ўзига роса оро бериб ишхонага отилди. Ва… кута бошлади.
Ҳар эшик очилганда унинг сиймосини кўргиси келарди. Аммо, кута-кута
чарчарди. Ўзи англамаган ҳолда ўзига қайта-қайта оро берар, яна кутарди. Искандар
эса йўқ эди… У қайда? Нима қиляпти?..
Ишхонага келар, эшикка термулар, дамба-дам эшикни очиб коридорнинг
узун йўлагига қарар… Ҳар эшик тақиллаганда юраги ҳапқирар, кейин тақиллаш
оҳангига қулоқ солиб ҳафсаласи пир бўларди…
Ўша куни ҳам ундан сўнг ҳам Искандар эшикни кўрсатгич бармоғи орқали
тақиллатмаган эди. Учта бармоғи ёрдамида оҳистагина куйдай қилиб чертганди,
куйдай қилиб чертарди. Барча-барчаси кўз олди-да қайта-қайта жонланар, қиз
изтироблар ичра нигорон бўларди…
Дақиқа ўтди, соат ўтди, кун ўтди, ҳафта ўтди…
Ҳар бир лаҳза улуғ интизорлик бўлди…
Искандарни интизор кутаётган дамлар; бетайин, манзил-маконсиз, дайдибадар
Искандар ўз дўстлари билан чеки йўқ шаробхўрлик қилиб, тунни тонгга, тонгни
тунга улаб аламларини сипқораётган эди…
Ёдида ва ёнида бошқа жононлар!
Бир бор келмади…
Қиз охирги кунларни бирма-бир кўз олдидан ўтказар, қалби фарёд уриб
Искандарни чорларди ‒ кел, эй, ғойибона, дўст! Қадаҳларга шароб тўлат! Бу умр
қадаҳидир! Умринг гўзал бўлсин! Кел, эй Соқий! Юрагим тошаяпти, қадаҳларга
шароб тўлдир!
Ахир, эслайсанми гулгун, лолагун, бинафшаранг, оқ, биллур турли қадаҳларни?!
Икаламиз ҳам маст ҳолатда ишхонадан қувилган дамлар?!
Ёдингдами бари?
Тонг эди.
“Мустақиллик майдони” метроси ёнида ишхоналарнинг очилишини кутаётган
эди. Қизга Искандар шивирлаб Рауф Парфининг тонг ҳақидаги шеърини ўқиди:
…Тонг отмоқда, мусаффо тонгга,
Юрагини тутар одамлар,
Шу тонг учун келган жаҳонга,
Шу тонг дея ўтар одамлар.
Тонг отмоқда…
Бу тонг отадими? Бу қанақа тонг эди? Шу тонг учун келиб жаҳонга, тонгни
кўрдимикан?
№ 10 2025 81
Талант ТОЛЕРАНТ
Одамлар гавжумлашди. Дўконлар, ишхоналар бирин-кетин очила бошлади.
Аввал суратлар галлериясини томоша қилишди. Кейин Марказий дўконга киришди.
Пиёдалар учун ўн олтита майда биллур қадаҳларни танлаб олишди. Кейин эса
бошқа доналар учун ҳам шакли шамойили, ҳажмига қараб шоҳ, вазир, тўра…
дея танлашди-ю, сотиб олишди. Ўттиз иккита қадаҳ! Шарқшунослик мадрасаси
билан Шаҳар ҳокимиятини боғлаган кенг кўчадан пиёда тушишди. “Вино-водка”
деб ёзилган дўконни излашди. Иккита оқ итальян виноси, иккита қизил франсуз
виносидан олишди. Ва ўша нуфузли ишхонага келишди. 144-хонани ичкаридан
қулфлашди. Шахмат доналарини сидириб, қоғозлар уюми қалашиб ётган ахлат
челакка ташлашди. Сипоҳлар ўрнига қадаҳларни териб чиқишди. Оқ доналар
вазифасини бажараётган қадаҳларга италян оқ виносини, қора доналар вазифасини
бажараётган қадаҳларга қизил франсуз виносидан тўлатиб чиқишди.
Ўлдирилган сипоҳ қони ичиларди.
Оқ томондаги рақиб қизил винони, қора томондаги рақиб оқ винони ичишарди.
Маст бўлиб қолган Искандар эса: “Қонга тўймаган Сезар, қонга тўймаган Доро,
қонга тўймаган Гитлер! Шундайгина одамларнинг қонини сипқоришаяпти, биз эса
вино ичяпмиз!” дерди. Бу уларнинг энг сўнгги партияси эди. Ҳушига келганда эса
ертўланинг зах бағрида ётарди.
Ишқ жунуни аср этганди.
Ахмоқгарчиликнинг эса чегараси йўқ.


Ўртада тамаки, газак, ароқ… қаршимда эса қанча ўлимлардан ҳатлаб келган
қадрдон улфатим Мухтор деразадан ўткинчиларни кузатиб, манглайини бироз
тириштириб тамаки тутуни ичра ташқарига қараб турарди.
Кўзларида сўнгсиз ғусса. Эҳтимол Бомиёндадир, эҳтимол Панжшерда ‒ хаёли
олисларда кезинарди. Балки ўлимни қай шаклда келишини ўйлаётгандир?
Бу дунёда ҳеч ким ўлиб ўлим кўрмаган. Одам ўлим нималигини билмайди.
Хаёллар ҳам ўлимда тўхтайди. Ўлим ваҳимаси гўзал ҳаётга зид.
Бешафқат уруш бу инсоннинг дийдасини қотирган эди.
Мухтордан ҳеч қачон уруш ҳақида сўрамаганман. Гоҳ-гоҳида ўзи “қўшиқ
ўлимдан сақлайди”, деб айтарди. Матонати борга ўлим қўрқуви таъсир этмайди.
Мухтор матонатли эди. Афғонистон тупроғи бу шоирнинг ёшлигини ўғрилаганди.
Афғонистон умрни ўғирлайдиган юрт эди.
Умр қисқа, инсон ўз фарзандлари тақдирида қайта яшай бошлайди, лекин бу
ибора Афғонистон ҳудудига тегишли эмас. Ҳар қадамда ўлим билан юзма-юз
бўлиб бўз йигитлар ўлимдан қўрқмай кетиб борарди. Ўлимдан қўрққаннинг ҳаёти
ҳам тугайди.
Афғонистон ҳаёт қадрини ҳис қилдирадиган юрт эди.
У ердаги ҳақиқий ҳаёт кино тасмаларидан бошқача эди.
Кинода асосий қаҳрамонларни жисмонан бақувват, ўктам, келишган аскарлар
бажаради. У ерда эса қаҳрамонлик Худо кимни танласа ўшанинг елкасида бўларди.
На жусса, на исм, на юрак сўралади.
Умр бир йўлдир, фақат сенга номаълум йўл.
Афғон тупроғида ҳайдовчи бўлсанг, йўлларда ҳар қадамингда ҳадик ва ўлим.
Йўлларга қараб завқлана билмайсан, атрофингдаги гўзалликдан ҳайратлана
олмайсан. Шавқ ўрнини ҳамиша хатар ва таҳдидлар эгаллаган бўлади. Уйингга
айланиб қолган мошинингни рул чамбарагига қапишганча атрофга олазарак боқиб
82
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
кетасан. Йўллардан сесканмасдан ўтмасликнинг иложи йўқ. Ҳар қаричида қон,
ҳарбий араваларнинг кулга беланган қолдиқлари…
Бу йўллар ‒ қотил йўллар!
Ўйдим-чуқурларга кулфатлар кўмилган, беҳисоб ғамлар яширинган.
Бу йўлларда одамлар одам овлаш учун овга чиқишади.
Бир ҳайдовчи бор эди, ҳозир йўқ…
Сен учувчи бўлсанг ою юлдузларни томоша қилмайсан. Булутлар устидан учиб
завққа тўлолмайсан. Сенга ўқ ёмғирлари ою юлдуз, жанг тутунлари булутлардир.


Бир учувчи бор эди Қандаҳорда.
Калатининг ҳаво қўшинлари қисмида.
Бу қисм икки бўлинмадан иборат: парпаракчи қирувчилар, бумбардимончи
учоқчилар.
…Май ойида мужоҳидлар ўз ватанидан бегоналарни қувиш учун Калатига ҳужум
қилишди. Шаҳарни қуршаб олган мужоҳидларни енгишнинг ягона йўли ‒ ҳаво
орқали ҳужум қилиб қамални ёриш эди. Бу ҳужум амалга ошмай қолса, Қандаҳорда
жойлашган Иттифоқ қўшинларининг энг катта қисми қирилиб кетиши, асирга
тушиши аниқ эди. Ми-24 русумли ҳарбий қирувчи парпаракларнинг ўндан ошиғини
Катали устига, қолганларини душман жойлашган турли ҳудудларга тарқатиб
юборишди. Бу парракли учоқлар икки юз метрдан ошиқ баландликда кета туриб
ҳам нишонни аниқ мўлжалга оларди. Ён томондаги махсус қанотларига ўттиз
иккитадан олтмиш тўрттагача реактив синаряд, ёхуд махсус бумбалайдиган учар
орта биларди, тумшуғида ўн икки калибрли пулёметлари ҳам бор эди. Замбарак
ва парпараклардан қилинган ҳужум душманни чекинишга мажбур этган эди.
Жанговар парракли учоқлар тинимсиз ўқ ёғдирарди.
Ҳали ўн олтига тўлмаган ўсмир афғон болалари “Ўз молингни қўриқлаш ҳам
шаҳидликдир” деб жон берарди.
Ҳаводан берилган ҳужумлар одам танламасди: аёллар қириларди, гўдаклар
қириларди. Афғон тупроғида ёши улуғ бобо ва момоларни учратиш амри маҳол,
ўлим чегараси ўрта ёш бўлиб қолганди.
Парпараклар ҳужумидан кейин эса бумбирдимончи учоқлар ҳавога кўтарилди.
Учувчи бўлаётган воқеаларни ўз кўзи билан кўриб турарди.
Ватан бомбардимон бўлаётганди.
Бадахшоннинг дурлари, Бақтриянинг учқур отлари бомбардимон бўлаётган эди.
Тарих осмондан ўққа тутилаётганди! Ватан чанг-тўзон ичида, Кушон ҳукмдори
Канишканинг саройи ўт ичида, Баграм ўққа тутилаётган ‒ тупроқ ичида кўмилиб
ётган тарих ўлдирилаётган эди.
Фил суягидан ишланган турли буюмлар, бронза ҳайкаллар, қадимги Римдан
келиб қолган афсонавий нишонлар ҳам тупроқ ичида бомбалар овозини
эшитётганди. Буддавийлик ҳам, ислом ҳам ўққа тутилаётганди. Кофиристон ўққа
тутилаётган эди; йигирманчи асргача исломни тўлиқ қабул қилмаган Кофиристон
ўққа тутилаётган эди. Исломни қабул қилгач, Нуристон деб аталган шаҳар вайрон
бўлаётганди.
Гарчи буддавийлик Ҳиндистонда вужудга келган бўлса-да, унинг тараққий
этиши, ривожланиши, дунёга ёйилишида бу забун тупроқнинг оналиги бор эди.
Динсизлар томонидан дин, маданиятсизлар томонидан маданият бомбардимон
бўлаётганди. Қояга ўйиб ишланган Будданинг дунёдаги энг катта ҳайкаллари
Бомиёнда ўққа тутилаётганди. Ибодатхоналар ‒ Зардўштийлик ибодатхоналари
ўққа тутилаётган, Аҳраман ғалаба қилаётган эди!
№ 10 2025 83
Талант ТОЛЕРАНТ
Буддавийликнинг Гандаҳара мактаби айнан шу тупроқдан Буюк Ипак йўли
орқали Мўғилистон, Хитой, Корея, Япония, Тибетга ёйилган. Кобул, Жалолобод,
Қандаҳор, Балх шаҳарларидаги қадимий қадамжолар, тош ҳайкаллар, остодонлар,
чойхоналар, оловхоналар; дўзахий олов ичида эди.
Учувчи бомбаланиши учун буйруқ берилган қадимий маданият ўчоғи бўлмиш
Бомиёнга осмондан қарарди. Бу шаҳарга Кобулдан Хожикек довони орқали босиб
ўтиладиган масофа юз чақиримдан ортиқ бўлиб, йўл бутунлай қиррали харсанг
тошлардан иборатлиги учоқдан аниқ кўринарди.
Пастдаги манзара шунчалик гўзалки, гуллаган водий томон чўққилардан қорли
чойшаб ёйилгандек туюлади. Қизғиш ер ва қор чегарасида арчалар кўкка бўй
чўзган. Бомиёнга яқинлашиб, тўсатдан бош айлантиргудек баландликда осилиб
турган қизғиш қояларда қадимги шаманнинг қудратли қалъалари қолдиқларини
кўриш мумкин.
Фирдавсий таърифлаган Заххок қўрғони шу ерда, халқни қутқарган темирчи
Кованинг водийси шу Бомиёнда эди. Баландлиги йигирма қулочга етадиган, пишиқ
ғиштдан тикланган Заххок қаъласи ва қўрғони ўққа тутилаётган эди, бутун дунёга
маълуму машҳур темирчилар водийси темир парчалари билан тўлаётган эди.
Қизил пишиқ ғиштлар, қизил тоғу тошларга қўшилиб кетган, Қизил шаҳар деб
номланган бу қадимий қалъа… инграётганди.
Қондан яна-да қизарётганди…
Роҳиб Фа Шен Бомиён ҳақида шундай ёзган: “Бу мамлакатда Будданинг косаси
бор. У ерда Будданинг тиши ҳам бўлиб, унинг учун кишилар ибодатхона барпо
қилган. Бу даргоҳда мингдан ортиқ роҳиблар хизмат қилади… Бу мамлакат пиёзшакл
тоғлар орасида жойлашган бўлиб, унда қор ёзда ҳам, қишда ҳам бор. У ерда заҳарли
аждаҳолар ҳам бор. Улар безовта қилинса, оғизларидан заҳарли ҳаво пуркаб, қор
бўронларини, қумли, темирли, оловли ва тошли булутлар ёғдирадилар… ҳеч ким
нажот топа олмайди…”
Заҳарли аждарлар безовта қилинганди.
Энди ҳеч ким бу ёғаётган тошли, оловли булутлардан, ўқлардан омон қолмаётган
эди.
Бу шаҳарни оламан деб Чингизхон энг севикли набирасидан айрилди. Бутун
шаҳарни қиличдан ўтказишга қарор қилди. Туркий қабилалар сардори Бомиён
ҳокимининг қизи Лали Хотуннинг ёғий аскарини севиб қолиши ва хоинлиги
эвазига, отасининг иккинчи марта Мўлтонлик қизга уйланганлигини кечиролмай,
шаҳарни сув билан таъминлайдиган сой йўлини махфий равишда Чингизхонга
етказдиргач, Бомиён маҳв этилди.
Асли туркийларнинг қиёт уруғидан бўлган Улун янганинг ўғли Темучин
шаҳар аҳлини ёшу қарисига қарамай қиличдан ўткарди. Туркийлар бир-бирини
қирган Бомиёнда мусулмон мусулмонни суяш ўрнига бир-бирини отаётганди.
Меъморчилик, рассомчилик ва ҳайкалтарошликнинг қадимий ноёб намунаси
бўлмиш “Минг ғор” ўққа тутилаётганди.
Барчасини учувчи кўриб турарди.
Бир учувчи бор эди, ҳозир йўқ!
Бу жаҳаннам узра Мухтор ҳам бор эди.
Мухтор учоқ ойнагидан кўз олмасди. Шивирларди: “Маҳзун бир қушга
айлансам, Учиб кетсам…”
Йўқ. Мухтор учиб кетмади. Улар ерга қўнишди. Афғонистоннинг Панжшерига.
Мухтор десантчи қўшинлар таркибида эди. Бир куни Панжшернинг тўрт томони
тоғлик ҳудудида, сайҳонликда; олдинда танк, иккита БТР ва ўндан ошиқ юк
84
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
машиналарида десантчилар колонна бўлиб, бутун бошли взвод қўшимча аскарлари
билан бораётган эди. Йўл бошидаги чўққи ортига қуёш ботаётган, уфқ оловранг
тусда эди. Йўл кўринарди. Манзил гўё уфқ ортига кўчгандек кўринарди.
Бу йўл қанақа йўл, ҳеч ким билмасди.
Аввал олдиндаги танк ва БТР, сўнг энг охиридаги юк машинаси учар билан уриб
портлатилди. Энди на олдинга, на орқага йўл бор. Йўлсизлик ва чорасизлик ичра
қолган аскарлар ўлимга маҳкум эканлигини ҳис қила бошлади.
Ҳаракат тўхтаган. Ҳамма саросимада. Олдиндаги танк ва БТР ёна бошлади, сўнг
орқадаги мажақланган юк машинаси ёна бошлади. “Все на укритье!” бақирди взвод
командири. Барча аскарлар апил-тапил, тапур-тупур машиналардан сакраб тушиб
ҳар бири кападай-кападай харсанглар ортига югурар, беркинишга уринардилар.
Барчанинг ўлими аниқ бўлиб қолди.
Қирғийдан қочган чумчуқдек, қуюқроқ пана изларди. Тўрт томондан пулёмат
тариллар, аскарлар тутдек тўкиларди. Йўл ўликка тўла бошлади.
Бирин-кетин юк машиналарнинг қолганлари ҳам портлатилиб, ўқ ёмғири ва
аланга сели ичида ёнишди. Чорасиз қолган аскарлар тоғларга қарата таваккал
ўқ уза бошлади. Мужоҳидларнинг мерганлари энди снайпер билан байналминал
аскарларини битта-битта тера кетди. Мужоҳидлар тоғ тепасида, совет аскарлари
эса сайҳонликда, очиқ майдонда қолганди.
Тошлар остига кириб кетгудек жуда ноқулай аҳволда жон сақларди.
Мужоҳид снайпери жойидан салгина қўзғалмоқчи бўлган Мухторнинг ёнидаги
оддий аскар Тўлаганни ерга қулатди. Эмаклаб тошни орқасига айланиб ўтишмоқчи
бўлган ҳам эдики, ён томондан отилган снайпер ўқи Эдикни жойидан қимирлатмай
қўйди. Қуён, оҳу овлагандай битта-битта овланаётган эди аскарлар. Ҳамманинг
ўлими муқаррар бўлди.
Худо йўқ деб уқтирилган совет ҳукуматидаги аскарларнинг қайси биридир
калимаи шаҳодатни қайтарса, қайси биридир йиғламсирарди. Омон қолишига кўзи
етмаган ўрис командирлари эса чўқинарди.
Мухтор эса:
Уфқнинг ортида зангори йўл бор…
Ўлим эрк устига қадалган туғдир.
Бас, кетаман уфқ ортига
Хаёлим мунаввар, йўлим ёруғдир…‒ дея ўлим оралаб тилига келган шеърни оҳиста пичирларди…
Булардан кейинги тош ортида бухоролик аскар Абдунаби эса ўлимдан олдин
қўшиқ айтиб ўлгиси келарди. Бўғзини куй тирнаётган эди. Томоғи қақраб, лаблари
гезариб бўғзидан қўшиқ отилиб чиқа бошлади. Ўлим бўйинга олиб айтилган қўшиқ
барибир бошқача бўлади. Бу қўшиқ Жўрабек Муродов томонидан куйланган,
Мирзо Турсунзоданинг “Дили модар”и эди.
Урушга фарзандларин берган она фарёди эди.
Абдунаби бор овозда куйлай бошлади:
Агар аз гиря кардан об мешуд дил, дили ман буд…
Агарчи мурдани фарзандро дар чанг дидам ман,
Агарчи борҳо бегонаи дилсанг дидам ман.
Ба уммеди, ки бинам чоҳканҳоро ба зери чоҳ,
Намурдам, гарчи бо чашмам ачал ҳар ранг дидам ман…
№ 10 2025 85
Талант ТОЛЕРАНТ
(Ўгирма:
ОНА ФАРЁДИ
Тамом ғамда сел бўлган кўнгил – у кўнгил манимдир,
Жолаларга чўккан қай манзил – у манзил манимдир,
Такбири йўқ бор эса мушкил – у мушкил манимдир,
Дарё ювиб кетган соҳилки – у соҳил манимдир.
Тупроқ тирнаб фарзанд доғини уруш маҳал кўрдим,
Тошбағир бу дунёни битта жонга маҳтал кўрдим.
Ковланган ҳар чуқурдан излаб бўлди кўзим гирён,
Ўлмадим мен гарчи ўзим минг тусда ажал кўрдим.
Ўлмадим мен жим улғаярди ахир яна бир жон,
Дуо қилдим, тўй кечасида йиғладим шодумон.
Гумон қилдим толеъдан, о, бағри куйган онаман,
Гўёки, кўз ёшимни этдим келинимга маржон.
Энди фарзанд доғин кўришга қолмади тоқатим,
Саросар бу ўтдан юришга қолмади тоқатим.
Гўдакларни отасиз кўришга тоқатим йўқдир,
Инсон умрин еган урушга қолмади тоқатим…)
Абдунаби кўзларини юмиб куйларди.
У оламни унутган эди. Ҳар иккала томон ҳам жим эди. Автоматлар шақилламас,
пулёматлар тирилламас, фақат, сайҳонликда қатор ёнаётган юк машиналарнинг
часур-чисири эшитилиб турарди.
Ҳар икала томон ҳам бениҳоя гўзал, соҳир овозга маҳлиё.
Аввал бошида куй қўшиқ билан кирган жон, энди қўшиқ билан чиқишга
чоғланган. Қўшиққа тоғу тошлар акс садо бераётганди. Олисларга таралаётганди.
Қояларга урилиб қайтаётган оҳанг бир-бирига улашиб, бутун дарани қоплаб
борарди. Бу акс садо ичида Абдунаби эмас тоғлар куйлаётгандек туюларди.
Агар аз гиря кардан об мешуд дил, дили ман буд,
Ба сели ашк мешуд ғарқ манзил, манзили ман буд.
Агар осон намегардид мушкил, мушкили ман буд,
Ба зери мавчи дарё монда соҳил, соҳили ман буд.
Ўлим ва ўлдириш туйғулари йўққа чиқди. Қўшиқ ўлимни енгиб, тоғу тошларга
жозиба бағишлаётган эди. Мухтор ҳали қони совиб улгурмаган сержант Эдикнинг
ёнига ағанаб атрофни кузата бошлади. Қўшиқ барчани сеҳрлаганди.
Қўшиқ айтаётган инсонни отиб бўлмайди.
Мухтор шарт ўрнидан туриб уст-бошини қоққанча Абдунабига жўр бўла
бошлади:
Намуурдам, зистаам фарзан-дии хурдамроо калоон кардаам,
Шабууу тўйи арууси ашки шодироо равоон кардаам.
Гумоон кардаам, ки оби диидаа марчоон гашт, марчоонро-о
Ба кеелиин пешкааш кардаам, дуоо чун моодароон кардаам.
86
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Нариги тош остидан взвод командири бақирарди: “Ложис! Умрёш!!”
Мухтор эса: “Э-э, тепер не умру. Не убют. Благодаря этой песни”, дея қўшиқни
давом эттирарди:
Ба ҳар як хона тифли бепадар дидан дигар ҳаргиз,
Ҳаёти одамиро дар хатар дидан дигар ҳаргиз.
Бу бир-бирига қардош осиёликлар ҳис қила оладиган туйғуни, бу ерда тирик
қолган биргина ўрис – взвод командири барибир тушунмасди.
Қўшиқ тугаётганда Мухтор бориб Абдунабини жойидан турғизди. Бағрига
босди. Бу дамда тоғдаги мужоҳидлар бошлари эгик ҳолда автоматларини тушириб
қайтиб кетаётган эди.
Мухтор йиғлаб бир-бирини қучаётган аскарларга қаради. Ярадорлар билан
умумий йигирма етти киши қолишган экан. Бухоролик Абдунаби ўлимга маҳкум
бўлган бутун бошли взводдан йигирма етти кишининг ҳаётини асраб қолганди…
Қаршимда бир қўшиқ туфайли ҳозиргача яшаб юрган Мухтор деразадан
ташқарини кузатиб жимгина тамаки тутатарди. Биринчи қадаҳни тўлатиб,
гапирмасдан симирдик. Қадаҳ деётганим ‒ чойхоналардаги каттакон пайла.
Иккинчи қадаҳга келганда эса галма-гал иккита шеър ўқиди:
…Беҳуш гул юзига шабнам сепар тун,
Гезара бошлайди осмоннинг лаби.
Бутпараст аёлнинг талаби учун,
Диндан чиқаётган мусулмон каби.
Муҳаббат кучлидир эрлар оридан,
Эҳтимол номусдан оғирдир тоши…
У шеърни биз ўрганиб қолган шоирлардай ё ойналардаги бошловчилардай
эмас, оддий шеър муҳиби бўлган одамдай майин, қийналмай, тушунарли ва тиниқ
ўқирди.
У бўғриқмасди, кучанмасди, минбарларда қўлларини ҳавога кўтариб,
алламбалони тушунтираётган машҳурлардай ҳам ўқимасди. Овозига ҳам, оҳангига
ҳам сайқал бермасди. Тусланмай, турланмай ўқирди.
Овозини ортиқча ҳашам билан безамасди, жарчилик қилмасди. Эшитилганда
тиниқ булоқнинг живирлашидай эшитиларди.
…Санғиб раҳномасиз қолган сўқирдай,
Юрсам-да оламни мудом кузатиб.
Бирор жой топмадим… ул жаҳонгирдай,
Ҳордиқ чиқаргали оёқ узатиб.
Йиғладим. Ҳаётнинг мушкул пайти,
Тақдир расволикни кўрганида эп;
Кўрлар кўрмайди деб ахир ким айтди,
Ким айтди эркаклар йиғламайди деб?…
№ 10 2025 87
Талант ТОЛЕРАНТ


Мухтор “Олтин мерос” фондининг барибир бу ерда олтинлари йўқ,” ‒ дея
эшигини тамбалаб, биз билан Себзорга ‒ Яҳё Тоғанинг уйига кетди. Яҳё Тоға
ижодхонасини жойсиз қолганимизда яшаб туришимиз учун бизга бериб қўйган.
Кичкинагина кулба, ўртада битта хонтахта уч ёнида униқиб кетган кўрпача,
хонтахта устида бир қарич келадиган телевизор. Кулбадаги ҳар қандай буюмдан
тамакининг аччиқ ҳиди анқирди. Бурчакда бир қулочга бир қулочлик жавон.
Жавоннинг юқори қисмида ишлатилишдан қолган машинка, ёнида эса чанг босиб
ётган биринчи давр ёзманури. Булар ҳам бир киши ўрнини бекор эгаллаб турарди.
Чиқариб ташлашга янгадан қўрқардик. Деразанинг ости ҳам эшикдан бир қарич
баланд. Бу мўъжаз кулбада уззу кун меҳмондорчилик бўларди. Меҳмонлар беш
кишидан ошса, олтинчи меҳмон деразани очиб ташқарига битта курси олиб келиб
қўнарди. Ўша ёқдан суҳбатга қўшилар, ичкаридаги дастурхонга дераза оша қўл
узатарди…
Тошкентнинг қадимий маҳаллаларидан бири. Тоғанинг уйи ҳам ўшанга яраша
ўзгартиш киритилмаган ҳолатда турарди. Униқиб, тўкилиб қолган. Тўғридаги
катта-катта хоналарга ҳеч ким кирмасди ‒ том босиб қолмасин, пол тушиб кетмасин
дея. Деразалар илма-тешик, қишда совуқ, ёзда эса оқава сувлар ҳиди анқирди. Яҳё
Тоға “Ўзбектелефилм” муҳаррири, қўли калталик қиларди. Қўшимча маблағ учун
сериаллар, кинолар шу уйда таржима қилинар, ёзиларди. Аммо, давлат унитар
корхоналари арзимаган чақа беришарди. Чет эл кинолари-ю, сериалларини ўзбекча
ўзбекдай шу уйда гапиртирарди. Актёрларнинг лаби ёпилганда ундош бўғин,
лаби очилганда унли бўғинли сўзлар излаб қолардик. Бир қаричлик тилвизорга
термулиб, актёрларнинг оғиз очишини пойлаб турардик. Дубляж маҳорати овоз
берувчи актёрларга эмас, аксинча кино таржимонларининг бўғинма-бўғин ҳар бир
сўзни жойида топиб актёр лабига туширишига боғлиқ. Албатта, инглизча “ҳелло”
деган сўзни “Ассалому алайкум” деб таржима қилсак, актёрнинг лаби кўпроқ
қимирлаб кетади. Бу учун “ҳелло”га мос икки ҳижоли сўзни топиб келтириш керак
бўлади. “Салом” десак, охирида лаб юмилиб қолади, “Қалай?” деб юборишга тўғри
келарди, гоҳ… Кейин бу таржима телевиденияга ‒ дубляжга олиб кетиларди. Раҳмат
ҳам, маблағ ҳам дубляждаги актёрларга.
Меҳмонлар келгач, хонтахта устидаги даста-даста вароқлар йиғиштирилар
ё шахмат, ё нарда китобдай очиларди. Кеч тушавергач эса меҳмондорчилик
бошланарди. Қайсидир ижодкор тўлиб-тошиб келиб қолар, бу давомий эди.
Вилоятлар тўла ижодкор, Тошкентга келса шу жойга қўнадиганлари кўп эди.
Эрталаб эса хонтахта устидаги вароқларга гоҳ қўл артилган бўлар, гоҳ овқат
тўкилган…
Яҳё Тоға ҳам бу дунёнинг қинғирликларидан зада бўлган эди, тинимсиз чекарди.
Хоинлар минбардан туриб Ватан ҳақида лоф ураётганда, Яҳё Тоға уларга қарсак
чалолмасди. Ғужури баланд инсон эди. “Мени ундан, уни мендан айирма, эй тун,
Олиб учар қанотимни қайирма, эй тун…” каби қўшиқларини Шерали Жўраев
ижросида бутун Ўзбекистон эшитарди. “Нима қилса қилди янгалар, Бағримизни
тилди янгалар…” каби қўшиқлари ошиқлар тилидан тушмасди. “Ёр-ёр”, “Тўй”
каби қўшиқлари барча тўй кечаларида янграрди. Рустам қори Турсунов, Валижон
Қодиров, Бахтирёр Холхўжаев, Аҳрор Усмонов, Матлуба Қудратова, Зоҳида
Умарова… дан то ҳозирги ёш хонандаларгача унинг шеърларига куй басталаб
қўшиқларини ижро этарди.
Ҳинд филмларидаги қўшиқилар матнини таржима қилиб берарди. “Шерлок
Холмс”, “Эсмералда”, “Ох”, “Махфий дипломат”, “Севги сароблари” каби филмлар
Яҳё Тоға таржимасида эфирга кетарди.
88
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Қизиқчилар, Обид Асомовдан то Ортиқ Султоновгача унинг сатираларига
мурожаат қиларди. Кўплаб китоблар, кўплаб бадиий филмлар муаллифи эди.
Адабиётга кириб келган дамлар устози Рауф Парфи, яқин дўсти Муҳаммад
Юсуф эди. Икаласи ҳам бу дунёни тарк этди.
“Ҳамид Олимжон” метроси ёнидаги ўрис кампирнинг болохонасида Муҳаммад
Юсуф билан бирга узоқ дам ижарада турди. Болохонада дарс қилиш учун битта
истол, битта сутул; ётиш учун битта карават бўлар, Яҳё Тоға Муҳаммад Юсуфни
“Тўрам” деб, Муҳаммад Юсуф эса Яҳё Тоғани “Хўжам” деб атарди. Эрталабдан
кечгача карават Муҳаммад Юсуфга, кечда Яҳё Тоғага тегишли бўларди.
Бир куни кечки пайт Муҳаммад Юсуфга юзланиб сутулни кўрсатди ва деди:‒ Тўрам, тахт сизга мунтазир.‒ Хўжам, бир сатр беринг.‒ Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин, қўлларига бир асо таёқ тушсин, ‒ деди
Яҳё Тоға Муҳаммад Юсуфнинг бир-иккита эрта оқ туша бошлаган сочига қараб…
Эрталаб истол устида саккиз қатор шеър турарди.
Кейинчалик барча тўйларда айтиладиган гўзал шеър ўша пайт яралган эди.
Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин,
Ажин тушсин юзларига, доғ тушсин.
Ҳар кимнинг ҳам қувват кетиб белидан,
Қўлларига асо ‒ бир таёқ тушсин.
Имони соф, юзга кириб ёруғ юз,
Тўйлар кўриб елкасидан тоғ тушсин.
Жисмига сўнгги сафар олдидан
Ўз боласин қўлидан тупроқ тушсин.‒ Бу шеър сизники, ‒ дея Муҳаммад Юсуф вароқни Яҳё Тоға томон сурди. Яҳё
Тоға “Йўқ, сизники…” дея Муҳаммад Юсуф томон сурди.
Етти-саккиз дафъа вароқ истол устида у томонга борди, бу томонга келди.
Қайлардадир қолиб кетди. Шеър ёзилган санадан ўн йиллар ўтгач Муҳаммад
Юсуфнинг тўпламидан жой олди.
Муҳаммад Юсуф сатрдан илҳом ола биладиган шоир эди.
Дард тўла юраги оламга сиғмасди, шеърларидан кўра юраги кўпроқ “шоир” эди.
Ҳозир шеър меники дея, сатр меники дея талашадиганлар шоирликка даъво қила
бошлади…


Кейинги кун Яҳё Тоғанинг уйидан чиқиб режани амалга ошириш учун
манзил томон кетдик. Ўша баланд, қора ойналик банкнинг биринчи қавати
тўлиқ тассаруфимизга ўтди. Ҳамма нарса тайёр, фақат ошқозони бор одам керак.
Қўлимизда пул, қозонда шўрва. Фақат нўхат шўрак қилмасдик. Ишни юрита
бошладик. Барча шароит муҳайё ‒ ўн хил қозон, турли токли, газли печлар. Идиш
товоғу қадаҳларнинг барча тури муҳайё. Санчқидан тортиб қошиқлар ҳам ранг
баранг, бежирим истол-устуллар чанг босиб ётибди. Икки юз кишидан ортиқ
одамга мўлжалланган овқатланиш хонаси ва шунга яраша жиҳозлар етарли эди.
Ошхона ичкарисида кенг ва ёруғ иккита хона, душ ва бошқа шароитлар муҳайё.
Дам олиш учун юмшоқ дивандан тортиб тинчликкача бор. Хонанинг биттасини
мен эгалладим, бирини Мухтор. “Ётиб бемалол шеър ёзсанг бўладиган жой сен
учун”, дерди. Биз ишни ошхонани тозалашдан бошладик.
№ 10 2025 89
Талант ТОЛЕРАНТ
Банк эгалари қандай яшашни билади, овқатланишни билади. Ишхонага қандай
ресторан жойлаштиришни билади. Шу хаёл билан ошхона тозаладик. Битта катта
тўй ўтказсак бўладиган ресторан эди. Йўлнинг нариги беткайида, қаршимизда
“Қатортол” улгуржи бозори. Мен нима таом пишира олсам масаллиғини танлардим,
Мухтор нима пишира олса шуни масаллиғини танларди. Мухтор анча пазанда, бу
“сир” менга маълум эди. Унинг отаси Мурод аканинг Китобда каттакон ошхонаси
бўлиб, у ўша жойда “тўқ” улғайган. Отасининг ёнида юрган, болалигидан
пиширишга пишиб кетган. Ҳар қандай мижоз билан ҳам бемалол “ширинсухан”
суҳбат қура оларди. Китобда Ўрисқишлоқ ҳам бор. Улар ўрисча таомларни шу
“ресторан”дан ерди.
Бошида бироз қийналдик. Банк ходимларининг ошқозонига йўл топиш қийин
кечди, айниқса уларда нозиктаъб олифта хонимлар кўп эди. Аммо, банк раҳбарининг
ошқозони яхши ошқозон чиқиб қолди. Котибасини юборарди, овқатни котибаси
лифтдан олиб чиқиб кетарди. У кўпинча кабенитида овқатланарди.
Икки ҳафта деганда у бизни қутлаш учун пастга тушди ва банк ходимларини
тушлик пайти кўчадан овқатланишини қатъиян тақиқлади. Мижозимиз яна-да
кўпайди. Пулимиз ҳам. Ошхона эгалари нега бой бўлишини ўшанда билган эдим:
ўн сўмлик масаллиқ йигирма сўм фойда келтирарди. Биз бу ресторан учун бир дона
қошиқ олмаган, ижара пули тўламас эдик, шундай тайёр ва текин жой Тошкентдек
бешафқат шаҳарда фақат авлиёсифат Мухторга берилиши мумкин эди. Ошхонага
ташқаридан ҳам, ичкаридан ҳам йўл бўлиб, иккаласи ҳам каттакон ойнаванд эшикли
эди. Кўчадагилар кўз ташлаб, ресторан эканлигини билиб ўтарди. Фақат, кўча
томон панжара билан ўралган, иккита панжарали катта дарвоза ўрнатилган, бири
мошин кириши учун, бири кетиши учун. Иккита дарвозада иккита нозир буткада
ўтирган бўларди. Биз у билан ҳам келишдик: нозир дарвозаларни кечки йигирма
иккигача очиб қўядиган бўлди. Эвазига улар текин овқат ерди. Кўчага ҳам афиша
чиқардик. Одам яна-да гавжум бўла бошлади. Янгича ва ўзгача, ҳушимизга келган
овқатни барча туридан бор. Бошида ўз-ўзига хизмат эди, кейин эса баъзи нозиктаб
мижозларни ҳисобга олиб битта хизматчи ва битта повур олдик. Банкнинг бир
гўзал ходимаси ҳар кун келиб уйғурча лағмон сўрарди. Магазиндан лағмон сотиб
олардик ўхшамасди, биз олган баковул эса лағмонни барибир ўзбекча чўзарди.
Мухтор бир кеча йўқолди-да, қайдан бўлса ҳам бир гўзал уйғур аёлни топиб
келди. Миллати уйғур, тили уйғур, туғилган жойи Шарқий Туркистон, лағмонни
уйғурча билакларига миндириб уйғурчасига чўзарди. Шу аёлнинг лағмони учун
ҳам мижозимиз яна-да кўпайди. Мухтор ўша аёлга ёрдамчи бўлди. Мени эса
ишчиларни назорат қилиш ва йиғилган пулни тахлаб қозонга солишдан бошқа
ишим йўқ эди. Ошхона бурчагидаги тахта қопқоқли катта қозон ишлатилмасди. У
бизнинг пул қозонга айланди. Сейфга пулни тахлаб солиб, уни қулфлаб, қайта очиб
олгандан кўра шу қулай эди. Кейин бир шаҳрисабзлик гўзал тожик қизни ишга олиб
келди. Уни гиргиттон деб сайладик. Гиргиттонга мен гиргиттон бўлдим, тожикчани
ўргандим. Якшанба куни ишламасдик, галалашиб бозорга чиқардик. Даврамиз
гўзал, барча самимий. Бошқа кунлари ҳар кеча қизиқарли; янгича таомлару
одамлар. Кечга томон Олам тиллари мадрасасининг толиблари бидонларини
кўтариб келарди. Оқ тепа доирасидан пиёда-пиёда келарди. Йигитлар кам, қизлар
кўп келарди. Шекилли мадрасада толибалар кўп, йигитлар оила боқиш илинжида
илмдан йироқлашиб кетаётган дам эди. Биз уларга қараб барча вилоят ҳаётидан
хабардор бўлардик. Улар ортиб қолган овқатларни қозонлардан бидонига ағдарар,
қийналганлари пул ҳам олар, шаҳрисабзлик қизга қўшилиб ошхонани чиннидек
қилиб кетарди. Талабаларга текин овқат ёқарди, “Бир яхши бой бор ресторанидан
90
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
текин овқат тарқатади” деган гап-сўз, бир гадо Мухтор учун етарли эди. Биз ишдан
кейин ҳар кеч ошхона бурчагида ўн ё йигирма чоғлик одамга истол тузатардик.
Мухтор ҳеч кимни бегона қилмас, тўкин дастурхон тузатарди. Саломат Вафо
сафида келганлар ёзувчиман деб, Амирқул Карим сафида келганлар шоирман деб
иддао қилолмасди. Мухтор тўғрисини юзига айтарди, қўярди. Келган хонандаларга
қўшиқ айттирардик, хиргойига қўшилардик.
Мухтор Комил шундай зиёфат берарди, қўли очиқ инсон эди.
Сўнгги чақасигача сарфлаб, ўзи йўлга пиёда кетадиган инсон эди.
Ҳамма тарқалгач, улардан қолган сарқитларни йиғиштирар, келганлардан,
кетганлардан гаплашардик.
Мухторнинг дўстлари ташрифида бу шоирни жойидан қўзғатмасликка ҳаракат
қилардим. Менинг жўраларим келганда эса у “Сен ўтир, улар сен учун келган”
дерди. Гарчи мен ва менинг жўраларим ундан анча кичик бўлсак-да… У шундай
инсон ‒ ёш чегараси билан ҳисоблашмайдиган дўст эди. Гоҳо меҳмонлар тури
ўзгарар, шоира, журналист, хонанда, рассом дейиладиганлар, асли фоҳиша-ю лекин
ҳижоб ўраб юрадиган “отинойи”лар меҳмонимиз бўларди. Биз уларни тинглардик;
улардан шеър тинглардик ва шеърларини ўзига қўшиб мақтардик, биз улардан
қўшиқ тинглардик ва қўшиқларини ўзига қўшиб мақтардик.
Улар ўзларининг “Ватан олдидаги хизматларини юксак” деб билар, билмаса биз
айтар ва улар ишонарди.
Улар замонга мос, жамиятга мос шаклланиб бўлган ва жамиятга шулар керакдек
эди. Китоб ўқимаслик эвазига жамиятнинг онг даражаси йигирма етти карра эллик
бешни кўпайтиришга етмай қолган, биз эса замонга мослаша билмай қийналардик.


Мухтор Комил махсус десантчилар таркибида эди. У ўлимни жуда кўп кўрди,
кўп бора ажалга юзма-юз келди. Ҳар гал юзма-юз бўлганида эртами-индин ўзининг
ҳам ўлишини билиб, ўйланиб қолар, ўлим у билан ёнма-ён келаётганини, бирга
бирга нафас олаётганини ҳис этарди. Хаёллари мангу зулмат сари етакларди.
Ўлим исканжасидан қутулишга урингани билан, унинг олдида ожизлигини
англарди. Ҳар жоннинг бир қазоси бор. Шундай яшаётганди.
Мухторнинг гуруҳи лашкаргоҳдан узоқроққа жойлашган, бу гуруҳда
кузатувчилар ҳам, тозагирлар ҳам бор. Ҳарбий уловлар учун махсус чуқурлар
ковланиб, ўша чуқурликка жойлаштирилган. Бу оғир ҳарбий техникалар билан
қароргоҳ орасига мужоҳидларнинг қўққис ҳужумга ўтишидан ҳимояланиш учун
елка баробар узун чоҳлар қазилган, чоҳ деворларини ўйиб беш-олтита махсус
ётоқхоналр қурилган. Бурчакка ўрнатилган, қишда фойдаланилган буржуйканинг
мўрисини ҳисобга олмаганда бирорта туйнук йўқ, тунлар шам ўрнига увада пахтадан
ясалган пиликни саларкага шимдириб, шуъласидан фойдаланардилар. Пастга
энавериш эса ёввойи олча-ю турли ўт-ўлан, жангалу бута, дарахтларга тўла чеки
кўринмас чакалак эди. Тонг ва шом пайтлари қушлар чуғури, чакалак орасидаги
сойнинг шарқираб оқиши қулоққа аниқ эшитилар, бу чакалакзор мужоҳидлар учун
ҳам, совет қўшинлари учун ҳам пистирма вазифасини бажарарди.
Бу ерда қирғинбарот жанглар бўлмаган, душманлар ёлғиз ёки тўда бўлиб
овланган. Чакалакзор ичидан қўним топганларни на юқоридан, на қаршидан
кўриб бўлар, унинг қаъри беҳисоб миналару турли тузоқлар билан тўла, шу боис
чакалакзорга ёлғиз тушиш тақиқланган, олча ейиш учун ҳам камида икки киши
бўлиб тушилар, бир киши доим кузатувда бўлиши шарт эди.
№ 10 2025 91
Талант ТОЛЕРАНТ
Снарядлар, учарлар овози йўқ. Тинч уруш. Кунлар шу зайл. Тонгда икки аскар
олча териб келиш учун чакалакзорга кетишди. Чошгоҳда ҳам қайтмади. Сўнг
бу махсус гуруҳ чакалакзор томонга қарата ўқ отди. Қайта ва қайта отди, жавоб
қайтмади. Изидан излашга боришди.
Охирида келаётган аскар бармоғини тилиб, дарахт бутоқларига қондан томчи
томчи белги қўйиб келаётган эди. Чакалакзор бошлангандан жуда эҳтиёткорлик
талаб қилинарди. Биргина хато доимгидек охиргиси ‒ кўтарган оёғинг билан ерга
қўйилиш оралиғидаги вақт ажал берган вақт бўлиши мумкин. Бу масофа ажал
билан ҳаётни ажратиб туради. Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сени бегона дейди.
Биргина хатони кечирмайди. Ҳар нафас эҳтиёткорлик. Қонуният битта ‒ аниқлик.
Бунга амал қилинмаса ё минадан парча-парча бўласан, ё шох-шаббалар остидаги
ўрага тушиб, ҳаётинг тугайди. Икаласи ҳам ўлим.
Миналарнинг қилдек ингичка симлари, шох-шаббаларга, ўт-ўланларга боғлаб
қўйилган. Эътибор бермасанг; кўрмайсан! Дарахт шохларига илиб кетилган бўлади;
осилиб турган симларга кўзинг тушиб, юрагинг орқага тортади ‒ ажал пешонангда
тургандай.
Олдинда кузатувчилар, орқада десантчилар минг ҳадик ичра чакалакзор оралаб
аскарларни қидира бошлашди. Бир аскар юзлари кўкариб, шишиб кетган, елкалари
қисилиб, бўйнига ёпишган, оғзидан чиққан кўпик қотиб қолган, қандайдир
шилимшиқ суюқлик ярим танасини ўраган ҳолда ўлиб ётар, елкасидаги автомат
пичоғи ва мандилида қон доғлари қотган эди.
Аскарлар оёқ остидаги тупроққа ва тупроқ оралаб ўт-ўланлар ичра чўзилиб
кетган изга эътибор беришди. Илон! Илон… бу аскарни ютолмай… қусиб ташлаган
эди.
Осиё питонлари жуссаси ўзидан йўғон бўлган ўлжани ҳам бемалол юта
оларди. Лекин бу аскарни ютишга нимадир халал берган. Чунки бўғзидан ўтган
ўлжани чиқариб ташлаши даргумон. Бирор дарахтга ўралганча ҳафталаб бўлса
да ҳазм қилишга уринади. Бу чакалакзорда асосан тоғнинг очиқ адирларида
учрайдиган капча илонларнинг оқ ва қора турлари ҳам учраб турарди. Лекин
бунақа илонга ‒ илоннинг бунақа изига аскарларнинг биринчи кўзи тушиши эди.
Балки бошқа сабаб?!
Уруш ваҳимасининг ўрнини бошқа ваҳима эгаллади. Бу эҳтимол чакалакзордаги
сўнгги бўғма илондир? Уруш барча ҳайвонат ва наботод оламини қиришда давом
этар, бундай илонлар фақатгина цирк ва ҳайвонот боғларида яшашга маҳкум бўлиб
борарди.
Иккинчи аскар эса бу жойдан узоқроқ жойда калласи кесиб кетилган, кийим
бош ва қуроллари ечиб олинган ҳолда қонига беланиб ётарди.
Кун бота бошлади, иккита ўликни судраган аскарлар йўлдан адашди.
Чакалак ҳеч қандай белгини тан олмайди. Енгил шабада ҳам белигиларни
яширишга қодир. Бу ер шамоли ҳам булардан ётсирарди. Йўл кўрсаткич тўртала
қутбни кўрсатарди холос. Қайда пистирма борлигини эмас. Бу ерда юлдузларга
қараб йўл топиб бўлмасди ‒ оёғинг остидаги чоҳларга қараб йўл топиш мумкин.
Ўликларни шу ерда кўмишга мажбур бўлдилар. Кафансиз, бири эса калласиз
кўмилди. Тонггача изғишди. Қуёш чиққанда эса қуршовга тушганини ҳис қилдилар.
Уларни йигирма чоғли болалар ‒ кичиги олти-етти ёш, катталари нари борса ўн
икки ёш-ўн тўрт ёш болалар ўраб олганди. Ўзларидан оғир қуроллар билан ҳар
бирини аниқ мўлжалга олиб туришарди ‒ ким биринчи тепкини босса ўша ғалаба
қилади. Лекин тепкини биринчи босиш шу мурғак болалар қўлида эди.
Аскарлар болаларнинг кўзидан уларнинг фикри қаътийлигини ҳис қиларкан,
92
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
кечаги ўлим даҳшати бу болалар вужудига қамалган ажал нафасининг олдида ҳеч
нима бўлмай қолди. “Уруш жиноятчилари” қаршисида “уруш етимлари” мағрур
турарди!
Улар совет қўшинлари таркибида бўлган аскарларни қуролсизлантиришди,
соатларигача ечиб олишди.
Бу болаларни алдаб бўлмасди.
Бу болаларни отиб бўлмасди.
Боланинг бегонаси йўқ дейди. Аммо бу болалар эса бегона эди!
Бу гўдакларнинг шу ҳолатга тушишига асл “уруш жиноятчилари” бўлган совет
армияси айбдор эди.
Болалар аскарларнинг барча аслаҳаларини олгач, уларга йўл кўрсатишди ва…
қўйиб юбордилар.
Аскарлар чакалакдан чиқиб дарё ёқасидаги қишлоқ орқали юқорилади.
Қишлоқ одамлари буларга ёвга қарагандай қарарди. Нигоҳлари тешиб юборарди.
Бегона тупроққа қурол кўтариб келганидан минг бор пушаймон бўлиб, уларнинг
юзларига қаролмас, қайсидир гўдак буларга тилини чиқариб шалоқ қилса, қайси
биридир ортидан тош отар, кимдир эса юзига тупуриб ўтарди.
Бу қишлоқдан ўтишнинг ўзи минг бир ўлим эди…


Мухтор Комил билан суҳбатимиз гоҳ қизиса, гоҳ зерикарли тус оларди.
Зерикарли тус олган пайтлар шартта нардани очарди ва қўлимга битта пиёла
тутқазиб, “Шундай қилсак кучимиз тенглашади” дерди. Тошларни пиёлада ҳам
кўнгилдагидек ташлай бошласам, нардани шартта ёпар ва битта ароқ очарди.
Шоирлардан шеър ўқирдик. У Абдулла Орифдан ўнга яқин шеър, Абдували
Қутбиддиндан икки-учта шеър, Мирзо Кенжабекдан иккита шеър, Усмон Азимдан
битта шеър ёд билар ва ёд айтарди. Энг кўп маст ҳолда айтадиган шеъри эса
ҳудуддоши Муҳаммад Раҳмоннинг:
Ишонмассан бу гапга дўстим,
Гунгларда ҳам забон бўлади.
Менинг тилим шу икки қўлим,
Улар йиғлар, улар кулади.
Мана бундай унинг лаблари,
Мана бундай унинг кўзлари…
Шеър шундай: гунг бола бир қизни севиб қолади. Севги изҳор қилиш учун тил
керак. Ўлим олдидан сўқирга кўз, соқовга тил битишини яхши билади. Дардини
айтиш учун ҳар кун қиз йўлини пойлайди, ҳар кун ажални кутади.
Алдар сени шаккаргуфторлар,
Бармоқларим додлайди: Ёлғон!
Сўнг уйқу босади. Кўп ҳолда сутулда ўтирганча ухларди. Мен хонага кириб
кетиб тожикчани ўрганардим. Тожик қиз гоҳ шу ерда, гоҳ кетган бўларди.
Тонгда эса ҳар доимги ҳолат ‒ фақат қорин ва пулни ўйлайдиган кимсаларга
хизмат қила бошлардик.
№ 10 2025 93
Талант ТОЛЕРАНТ


Биз Искандарни жамиятга мослаштиришга интилардик. Йўқса ўзини хор
қилиши мумкин.
Ошхона ишини юритаётган пайтимиз Искандар бир-икки кўринди. Кейинроқ
йўқолди, қолди: ўша яҳудий қиз ҳушини ўғирлаган эди.
Искандар Қушбеги томондан битта уй топиб олган; бир хонали. Кимдир
вақтинча унга ташлаб кетган. Неча кунки битта хонага қамалиб олган. Ҳамма
нарса ивирсиб ётибди. Ёнида бир талаба. Озиқ-овқатни шу олиб келади. Ташқарига
чиқмайди. Сочлари тўзган, ранги арвоҳдек. Бармоқлари сорариб кетган. Деразанинг
пардаларини сидириб ҳам ташқари қарашга юраги бетламаган. Ташқари қараса,
бас: ҳаёт завқли – уни хотиралардан суғуриб олади-ю ўзига тортиб кетади.
Севги хаёли билан яшаш унга шукуҳ берарди. Узоқ юргани ўн икки қадам ‒
ҳаммомгача. Пастга тушгиси келмайди. Нимадир керак бўлса танишларига қўнғироқ
қилади. Қизга мактуб ёзади, чарчаса кўзларини юмади. Бир катта дафтар мактубга
тўлган. Эгасига бормайдиган мактублар ‒ дил изҳорлари, шеърлар. Юрагида оғриқ.
Шундан батамом қутулгиси келади.
Кўкрак қафасига сиғмай шишиб кетаётгандек. Юраги шишиб кетаётганда-ю,
аммо ҳаво етмайди… Ҳавога тўймайди. Дим хонада ҳаво нима қилсин? Шаҳарда
ҳаво нима қилсин?
Юрак хасталикдан оғрисин, дарддан эмас. Дард бошқа, хасталик бошқа.
Хасталикни даволаб бўлади, дардни эса йўқ.
Искандар оғир дард ‒ ишққа мубтало бўлган, аммо яшашга маҳкум! Яшаш
шукуҳини босиб ўтаётган юраги қонни қийналиб бўлса-да тоза сиздираётган эди.
“Юракни қандай даволаш мумкин?!” дейди у. Бошим қотади. “Куй билан” дейди
ўзича.‒ Куй билан даволаса бўлади. Юракдаги дардни даволаса бўлади. Куй руҳга
тезда таъсир кўрсатиб, юракни тинчлантира олади. Юрак уришининг оралиғидаги
вақт бир хил, аммо уриш оҳангги икки хил бўлади. Мусиқанинг илк ритмлари юрак
ритмларидан олингани учун юракка тўғридан-тўғри қуйилади.
Куй ‒ бу кўчада қулоғингга шовқин бўлиб қўйилаётган турли нағмалар эмас.
Мусиқа бу юрак билан яратган куйлардир. Бах, Моцарт… Танбур, сато, ғижжак,
дутор, тор… Мусиқа ‒ бармоқлар сеҳридан чин таралган куй. Мияга болғадек
тарақа-туруқ урилаётган, урчиб кетган куй-қўшиқни эшитгандан кўра, қурбақанинг
вақиллашини эшитсанг миянг дам олади…
Ёзмануридан куйлар қопланган қопни тита бошлайди. Ўзига ёққан бирор куйни
қўяди… Юрагининг шишиб бориши бироз тўхтагандек бўлади-ю, куйни эшита
олмайди. Йиғлаб юборади.
Бу чин йиғи бўлади; фақат Худо ва ўша қиз биладиган йиғи.
Куйни яна ўчиради.
Хотиралар завқли дея ўзи учун қадрли ва гўзал бўлган хотираларини кўз олдидан
тасмадек ўтказади. Мен эса дераза пардасини сидириб пастга қарайман.
Бу сершовқин шаҳарда ҳамма шошиб яшарди. Вақт шаҳарда ғизиллаб ўтади. Бу
вақт фақат Искандар ва унинг маҳбубаси қаршисида тўхтаб қолган эди…
“Юракни қандай даволаса бўлади?” деб яна сўрайди Искандар.
“Васл билан”, дейман.
У сўзимни байъат дерди…
У кетди. Тўғри қизнинг янги ишхонасига кетди. Эшик чертилишининг оҳанги
ўзгача эди. Ҳа, у келганди.
94
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
…Қизнинг юраги ҳаприқиб кетди. Кўзларида севинч порласа-да, шунча кутганига
яраша бўладиган араз ҳам бор эди. Жойидан жилмасдан ўтирди. Эшик қия очилди.‒ Кириш мумкинми, хоним?
Қиз бир сўз демади.
Искандар кириб келиб қизнинг қаршисидаги сутулга чўкди.‒ Қатағонга учрадингизми? Йўқолиб қолдингиз… ‒ қизнинг шу саволида бутун
дил изҳори-ю, арази мужассам эди.‒ Йўқолганларнинг барчаси қатағонга учраган бўладими?‒ Қайдам…‒ …‒ Кейинги ойлар давомида сизнинг шеърларингиз қайда бор экан дея изладим.
Ҳеч қайда кўзим тушмади. Ё, шеърларингиз қатағонга учраганми?‒ Шеър жиноятчи бўлмайди.‒ Таъқиқланган китоблар кўп-ку! Сиз жиноятчи! Бешафқат одамсиз.‒ Юрагимнинг ёраларида сизнинг бармоқ изларингиз бор десангиз ҳам керак-а,
хоним? Балки, мана бу нозик бармоқларингиз билан тўзғиб ётган сочларимизни
тергов ҳам қиларсиз?!‒ Телба! Ишхонадамиз.
Икаласи ҳам анча вақт жим қолди. Бироз сукутдан сўнг қиз кўзларида ёш
ғилтиллади, бир хўрсиниб олди-да сўзлай бошлади:‒ Мени билмайсиз. Шахматдан хабардор деб ўйлайсиз. Мен ҳам шеър ўқийман,
қўшиқ айтаман, гитара чаламан.
Искандар бир сўз демасдан унинг кўзларига термулиб жим ўтирарди. Баъзан
мийиғида изтеҳзоли кулиб қўярди. Бу сафар энди қиз вижир-вижир қалдирғочдек
сайраётганди. Эмин-эркин юрагини очаётган эди. Илк учрашган пайтлари,
милисалар “авахта”га олиб кетган пайтлари Искандар кўп гапирарди. Энди эса
қиз гапирарди. Искандарнинг ҳам гапиргиси келарди… Баҳорда очилган полапон
қушлардек бир-бирига тўхтовсиз сайрагиси келарди.‒ Кулманг. Даврада эмас ёлғизликда куйлайман. Ёлғиз ўзим куйлайман.
Болалигимда ҳовлини тўлдириб бор овозим билан қўшиқ айтаётаганимда
адам негадир уришиб берган. Шу-шу қўшиқ айтганимни ўзимдан бошқа одам
эшитмайди. Аммо, уйда жимгина гитара чалиб ўтирсам адам индамасдилар.
Адамнинг сариқранг чех гитараси бор эди. Яқин Шарқ мамлакатларида бормаган
жойи йўқ. Анча йиллик хизматдан келаётганида ўша гитарани олиб келган. Илк бор
адамни ўша дамларда кўрганман. Тўрт ёшларда эдим. Элас-элас эслайман. Ҳарбий
кийим, қизил юлдузлар, юзларимга ботган тугмалари кўк шинел хотирамда. Гитара
чалишни илк бор адам ўргатган. Кейин эса “Успенский”дан бир мураббий топиб,
бирга шуғулланганман…‒ …‒ Мазза қилиб қўшиқ айтгим келади. Уяламан, қариндош-уруғларим эрга
тегадиган қизнинг қиладиган ишини қара дейишлариданмас, ўзимдан уяламан,
ўзимдан қўрқаман. Куй оғушида инсон ўзини унутиб қўяди.‒ …‒ Тўғри, бу ер катта шаҳар. Пойтахтда қариндошларим йўқ. Ҳеч ким билан
ҳеч кимнинг иши ҳам. Кўчада бемалол гитара кўтариб юриш мумкин. Исталган
ўриндиққа чўкиб куйлаш мумкин. Аммо, нимадир халал беради. Баъзан, ўзимга
сиғмай кетаман. Ичимдан нимадир тошиб келади. Бўғилиб кетаман. Дунё
кўзларимга тор бўлади. Инсон эмин-эркин уча оладиган кенг дунёларни истайман.
Димоғимга аччиқ йиғи тиқилади. Бўғилган сари, бўғилиб бораман. Ўша дамларда
№ 10 2025 95
Талант ТОЛЕРАНТ
ўзимни дунёдаги энг бахтсиз кишидек ҳис қиламан. Борлиғимни куйга солиб
куйлагим келади. Одамларгами, табиатгами, Худогами…Билмадим ‒ куй орқали
барча дардларимни тўкким келади…‒ Дард, куйланиши шарт, ‒ деди Искандар мийиғида кулиб.‒ Барча дардни шеърга солса бўлади, тўғрими?‒ Шеърга сиғмайдиган дардлар ҳам бор, эҳтимол.‒ Мен нафақат адамдан ёдлаган русча қўшиқларни, радиодаги менга ёққан
исталган қўшиқни, ўзимга ёққан исталган шеърни куйлайвераман, куйлайвераман.
Ёлғиз ўзим оҳангларини эшитиб куйлайвераман. Аммо, ҳеч ким эшитмайди. Барча
дард куйга тушади. Инсон руҳи тупроқ билан, куй билан, шеър билан, севги билан
қандай бир-бирига боғлиқ ҳеч англолмадим…
Қизнинг сўзлари Искандар қалбини беаёв тафтиш қила бошлади.
Қизнинг қалби оқ қоғоздек беғубор эди. Искандар ўзини оқ қоғоз қаршисида
ўтиргандек ҳис этди. Бу қалбга нималарнидир битгиси келди. Қизга нималарнидир
тошиб гапиргиси келар, фақат шу теран кўзлар олдида ва оқ қоғоз олдида ўзини
борича тўкса бўлди… Қалб билан яшай оладиган инсонларни ҳурмат қилган
Искандар яна бир қалб қаршисида масхарабозлик қилмай тўкила, сокин овозда
сўзлай бошлади:‒ Назаримда, олам истеҳзодан иборат. Чеҳрангда Тангрининг жамолини кўрдим
ва сени севдим. Бу менга Яратганнинг яна бир кинояси эмасми? Мени изла
демаяптими? Сенинг гўзал қоматинг ва буғдойранг юзинг, қўлларинг… жамиси
жисмий. Бу жисмга интилиш қарама-қарши жисм ҳоҳиши. Ичингдаги оҳанг ва
куй руҳий. Ўша руҳий оламнинг юзингда жилваланиши мени ошиқ этган. Ҳаёт
оқ ва қора ранг каби, борлиқнинг барча кўринишларида бир-бирига зид тафовут
бор. Инсон Парвардигор жамолига етиш учун яшайди. Яратган жамолига унинг
ўзи истаганлар етишар. Яратганнинг жамолини шу оламда ҳам кўра олиш
мумкин. Тангрининг ҳақиқий жамоли сенинг чеҳрангдами, тупроқдами, юлдузлар
қаъридами, қай маконда қай кўринишда кўринади?
Қиз ишидан жавоб ҳам олмасдан Искандар билан хиёбонга кетди. Ўриндиққа
чўкиб кунни кеч қилишди. Искандар қизни кузатиб қўйиш учун ўрнидан турди.
Хиёбондан қизнинг уйигача чамаси йигирма минутлик йўл. Пиёда-пиёда кетишди.
Қиз “Шурик саргузаштлари” деган кинодаги шеърни гоҳ шеър қилиб, гоҳ қўшиқ
қилиб кетарди:
“…Жануб дея аталган кўча,
Акатсия гуллаган қийғос…”
Йигитнинг қулоқлари остида қизнинг ўзига мафтун этувчи овозлари акс-садодек
қайта-қайта жарангларди.‒ Уйимизнинг тагида икки тўп акатсия бор. Шохлари балконимизгача чиқиб
кетган… Мана шу уйнинг учинчи қаватида яшайман. Ҳов, ана ўша акатсиялар. Бу
холамнинг уйи. Холам қишлоқда яшайди. Мен билан иккита абитурент қиз ҳам
туради. Ортиқча харажатларни қоплайди-да… Тўхтаб туринг, ҳозир чиқаман, ‒ қиз
югуриб кириб кетди.
Бироз вақт ўтгач қўлида қоғозга ўроғлик бир нарса кўтариб чиқди.‒ Еб олинг, қизлар пиширган экан… Йўқ, ҳозир енг. Перашка – талабалик даврим
яшайдиган хотира майдони. Талабалик ва институт пастида перашка сотадиган
хотиннинг руҳий дунёсини эслатиб менга ватан тушунчасини мана шу перашкалар
тушунтиради?! – дея киноя қилди қиз.
96
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Ва ўзининг гапи ўзига наъша қилиб кулди. Қорни очиққан Искандарга ёғнинг
иси жуда ёқимли туюлди. Пишириқларнинг бирини икки ямлаб чайнай бошлади.
Пишириқни сувсиз ейиш азоб бўлди. Икаласининг бир-биридан айрилгиси
келмасди.
Деразадан мўралаганларнинг, балкондан бошини чиқариб қараганларнинг,
пўдездлардан
кириб-чиқаётганларнинг,
ўткан-кетганларнинг
нигоҳларига
ташланиб, то йўл чироқлари ёнгунча суҳбатлашиб ўтирди. Сўнг айрилишди.
Искандар хонасига келди-ю намиққан кийимларини ечиб ўрнига чўзилди.
Тонггача мириқиб ухлади. Тонгда уйғониб, апил-тапил кийинди-да кўчага отилди.
Жўраларини излашга тушди. Барчаси яшаш оғирлигидан нолирди. Ундан қарз
сўраб кўрди, бундан қарз сўраб кўрди. Ҳеч кимдан арзирли маблағ чиқмади.
Кейин Чорсуга бориб мусиқий асбоблар сотиладиган дўконга кирди, у ердан чиқиб
Марказдаги мусиқий асбоблар сотиладиган дўконга кирди. Чолғу асбобларини
эринмай томоша қилди. У ердан Мустақиллик майдонини кесиб ўтди-да, анҳор
ёқасига келиб майсаларга ағанади. Индамаса керак дея кўз қири билан уни кузатиб
турган милисаларга қараб қўйди. Баланд дарахтга осилган, бўёғи бироз кўчган
эълонга кўзи тушди: “Чўмилиш таъқиқланади.” Демак, майсалар устига чўзилиш
таъқиқланмайди. Оёғини чўзиб, ёнбошлаб олиб менга қўнғироқ қилиб дардини
достон қилди. Ўйинни белига тепди. Мухтор тилпонга ғашланиб қараб қўйди.
Биз мижозларнинг кечки таомланиши учун барча шароитни муҳайё қилиб, вақт
ўтказиш илинжида нардани китобдек очган эдик.
Мухтор тилпон тутмасди. У озодликни яхши кўрарди!
Ёндафтаримнинг орқа муқовасига Қашқадарё тизими билан бошланадиган бир
рақамни ва Китобдаги уй манзилини ёзиб, “йўқотма” деб қўйган, унинг Китобда
уйи бор эди.
Кимда тинғирма борлигини эслай бошладим. Наврўз! Доричи, шеър ёзади,
тинғирма чалишни ўрганган эди. Қўнғироқ қилдим.‒ Ўша гитарани бермайсизми?‒ Нима қиласиз?‒ Гитарани нима қилиш мумкин?‒ Чалиш…‒ Чаламан!‒ Э-е, ўргандингизми? Табриклайман. Аммо, гитара Оқдарёда қолган. Қишлоқда.
Бийбола ‒ ажойиб инсон; қадрдон дўст. У билан майхўрликнинг чегараси йўқ.
Олтинга топилмайдиган даврлар эди. Қизлар эса бизни алдаб эрга тегиб кетарди.
Шу шоир бир кун маст ҳолатда тинғирма кўтариб кириб келди ва: “Шоир қаранг,
тинғирма сотиб олдим, зўр-а…” деганди.‒ Менга тинғирма керак эди.‒ Нима қиласиз?‒ Чавгон ўйнайман.‒ Хо-хо-хо…‒ Тинғирмани нима қилиш мумкин?‒ Жаҳл устида синдириш мумкин.‒ Синдирмайман.‒ Жаҳл устида деворга урганман. У синган.
Бозордан янги олганим маъқул, хаёлимдан шу фикр ўтди. Қозон тўла пул.
Мухторга маслаҳат солдим. У темир тишини кўрсатиб кулди. Икки-учта тиши
тушган, ўнг жағида бир дона темир тиши бор эди. Жуда хурсанд ҳолдагина шу
темир тишини кўрсатиб жилмаярди.
№ 10 2025 97
Талант ТОЛЕРАНТ
Қозон тўла пул! Биз бу пулни йиғиб нима қиламиз, уй оламизми ё мошин? Биз
пул йиға олармидик?! Қанча вақт ишлаймиз ‒ номаълум. Қанча вақт яшаймиз ‒
номаълум!
Марказий “универмаг”га кириб, тинғирма олдим. Ғилофи билан!
Искандарнинг оғзи қулоғида бўлди. Барибир унга кўп пул керак эди, яшаши
учун ҳам, қарзлардан қутулиши учун ҳам… Қишлоқда онасига ҳам пул юбориб
туриши керак… Гул ҳам қиммат.
Маслаҳатлашдик.
Ғул-ғул Ғайирнинг ишхонасига бордик.
У яхши даллол.
Ижод ва саънат аҳли ичра ҳам қўй бозоридаги даллоллар мисол турли туман
даллоллар кўп. Бу манзара таниш. Асар даллол орқали сотилади. Сотувчи иложи
борича олувчини билмагани маъқул. Гоҳ, олувчи билан савдо қилишингга ҳам тўғри
келади. Арзимаган қалам ҳақи учун бирор газитга бергандан кўра, бирваракайига
сотиб қўя қолиш яхши-да. Нархи ҳам юзта газит бериши мумкин қалам ҳақидан
баланд. Негаки, муаллифлик ҳуқуқи ҳам қўшиб сотилади! Тўғри, баъзан афсус ҳам
чекиб қўясан: “Оҳ, мендан юз ўгирган фарзандларим!” дея. Газитларда бу етим
асарларингга кўзинг тушади. Унда сенинг туйғуларинг, ўй-хаёлларинг, тилинг,
хотираларинг, юрагинг таровати бекинган бўлади. Сотиб олган одам бир умр
виждон азобида яшайди. Гарчи ўз исм шарифини берган бўлса-да, бу фарзанди
билан бемалол ғурурлана олмайди ‒ ўйнашдан бўлган боласи каби.
Сен асарга қараб аччиқ жилмаясан: сарлавҳа ўзгарган, исмлар ўзгарган. Зар тўн
кийдирса-да чеҳрасида сен намоён. Асарда қонинг оқаётганлигини ҳис қилиб жим
яшайсан… Чунки бозор иқтисодиёти даврида бозорга шайланган ижодкор бозор
тилида гапирмай иложи йўқ. Асар ‒ ижодкор маҳсулоти. Бу ‒ ишлаб чиқариш.
Искандар ҳам ўз шеърини сотиш ҳуқуқига эга! Оладиган Ҳошимжон керак!
Ғул-ғул Ғайир “Эртага келинг битта мижоз билан таништириб қўяман, савдони
ўзингиз қиласизлар,” деди.
Искандарнинг илк бор шеър сотиши эди. Уйга қайтгач, мийиғида ним истеҳзо
билан шифтга қараб ўйлай бошлади: Шеър қандай сотилади?
Унинг баҳоси қандай? Ҳозир енгил-елпи шеърларга харидор кўп… Очиқ
сочиқларидан сотгани маъқул. Тонг отсин-чи, бир гап бўлар…
Икаламиз ҳам уйқу қочган маҳал тинғирмани тинғирлатдик. Чалишни билмасак
да, тонггача тинғирлатиб ўтирдик. Эрталаб Мухтор Комил билан бир кўришдим-да,
яна Қушбегига қайтдим. Соат ўн бирларда Ғул-ғул Ғайирнинг ишхонасига бордик.
Ғул-ғул Ғайир бир она-болани етаклаб келди. Искандар ва бояги “она-қиз” бирга
бирга тўртовлашиб тушликка чиқдик. Бир истол атрофида “эркин савдо” қиламиз.
Бизни бир савол қийнарди: булар тарихда қолиш учунми, номи чиқиш учунми, ё
касофат мукофат-пулкофат учун қадам ранжида қилганмикан адабиёт бозорига?!
О, замон… Сен тупурган одамлар тупугингни ёмғир деб ўйлайди.
Нақадар расволик! Дунёнинг савдоларига ўйнаётган савдогарлар эдик.
Муҳташам емакхонага қадам ранжида этдик. Бошқа қавм тилида
тушунтирсак – “крутой ресторан”! Емакхона, емакуй, емиш… Искандарнинг асаби
таранг. Югурдакка емишномани, мундарижани олиб келишни буюрди. Бу ‒ арпа,
сомон, бедаларни таъбга қараб танлайдиган қоғоз.
Искандар устулларни бирини тўғрилаб чўкди-да, деди:‒ Шоирлар турига мансублигимни албатта Ғул-ғул айтган…
У ҳали сўзини тугатмаган ҳам эди-ки, сочлари калта кесилган “онасининг қизи”
сўради:
98
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи‒ Тахаллусингиз-чи?! Тахаллус?!
Искандар унга нима деб жавоб беришини билмай шу вақтгача тахаллус
олмаганидан хижолат чекибми, жавоб бермади. Аммо, қизга жилмайиб қўйди.
Қиз сўзини давом этдирди:‒ Шоирлар ўзларига тахаллус қўйишади-ку. Масалан ман ҳам ўзимга тахаллус
танлаганман. “Личка” бўлади-ку, “личка”…‒ Тахаллусингиз нима экан? ‒ гапга қўшиламан.‒ Оқар Жилға!
Унга қараб туриб ўйладим. Тахаллус қўйиш қўлимда бўлганда эди…‒ Сизники-чи? – қиз яна сўради.
Лекин бу сафар мендан сўрадими ё Искандардан ҳайрон эдим. Иккаламизга ҳам
бирдан қараб сўради. Бирдан икки кишига қарай олиши ҳайратланарли эди.‒ Савдойи! – дедим Искандарга имо қилиб. – Тахаллус қисмат бўларкан, аммо
бу йигит шу тахаллусни танлаганида ҳеч қачон шеър билан савдо қиламан деб
ўйламаган. Бошқа сабаб бу тахаллусни танлаган эди.
Искандар кулиб юборишига бир баҳя қолди.‒ Қанақа сабаб? – дея сўради боядан бери гапга аралашишга имкон тополмаётган
шеър олиш илинжида келган “онасининг қизининг” онаси.
Жавоб беришга қийналётганимни кўриб Искандар гапни илиб кетди:‒ Олимлар, ижодкорлар, шоирлар девона бўлишади, дея Брежнев махсус
жиннихоналарни кўпайтирган эди. Бу ақидага мия фаолияти суст бўлган аксарият
оммани ишонтириш учун ақлли бошларни жиннихонага ташлашдан бошлади.
Шуни амалда исботлаш учун Савдойи деб тахаллус олдим. Искандар деган
исмимдан кўра Савдойи деган тахаллусим менга кўпроқ ёқаяпти. Шу тахаллус
билан мурожаат қилсанглар хурсанд бўлардим.
Шу орада югурдакхоним емномани келтирди. Бу ерда ўтирган “онасининг қизи”
чигиртканинг оёғига буюртма берса, “қизининг онаси” тимсоҳ юрагини буюртма
қилди. Емак келгунча суҳбат қовушиб кетди.‒ Қизим шеър ёзади. Телефонида ҳам бор. Компютерида ҳам бор. Дафтарида
ҳам бор. Калласида ҳам бор. Қизим кўрсат!‒ Ойи, компютеримдамас, ноутбугимда! Шеърларимни дафтаримга кўчирганман.‒ Бўпти-да, кўрсат! Дафтаринг ёнингдами?‒ Ҳа, ойи!‒ Қизим кўрсат!‒ Ҳа, ҳа сиз ҳозир нафақат шеърларингизни, келажакда ўзингизни ҳам
кўрсатишингиз керак бўлади. Тортинманг ‒ дафтарингизни беринг қани бир очиб
қарай, ‒ дея Искандар унинг дафтарини варақлай бошлади.‒ Ўтган йили қизимни ўқишга гаплашгандик, бўлмади. Ўқишчилар келаси йил
ҳаракат қилиб кўрамиз деди. Суриштирсак, “Заркокил” танловининг ғолиблари
ўқишга имтиҳонсиз кираркан. Қизимнинг шеърларини газеталарда бердиртиб,
кейин китобини чиқаришимиз керак. Ундан сўнг мукофотниям гаплашиб кўрардик.
Ўзимиздан ўтгани ўзимизга маълум. Аммо, яшаш керак. Яшаш ҳуқуқимиз
поймол қилинган бўлса ҳам. Замонга кўниб, шу ҳаводан нафас олишга маҳкум эдик.
“Қизим, кўрсат!” дегувчилар қалб нималигини билармикан? Ё, ўзларига ҳамма
нарсани сотиб олиш мумкин деган ҳукмни ўқитганмикан? Ё Парвардигорнинг
қалбларга берган дардини тан ололмай қанақадир чоралар қидирармикан?!
Дафтарда шеърга ўхшамайдиган беш олтита отаси ҳамда бобосига бағишланган
қуруқ гап ва подшога, озодликка бағишланган ёлғон иддаолар бор эди.
№ 10 2025 99
Талант ТОЛЕРАНТ
“Эрк” сўзини тушунмай, озодлик шукуҳин билмай, мустақиллик нелигини
англамай ҳам бу сўзни ўзларига сиёсий ниқоб қилиб олган қанча шоирларни
кўрмадик? Бунақа шеърларнинг бирортасини ёмон, бадиий савияси паст деб
кўр қани… Ҳатто тил қонунларини бузиб, “раҳбар” деган сўзларгача бош ҳарфда
ёзилган. Уни кичик ҳарфда ёзиб кўр-чи?!
Уларнинг мақсадини дарров тушундик, барчасини дангал айтди: битта китобча
чиқариш учун камида қирқ-элликта шеър керак. Газитларга шеърларини чиқариб
беради. Китобини тахлаб, қизни нашриётга олиб боради. Бирор ҳафта қизни
тайёрлаш керак..
Шундай қилиб битим имзоланди. “Онасининг қизи” ‒ Оқар Жилға эртадан
Искандар билан етаклашиб юрадиган бўлди. Мен Қатортолга қайтдим. Искандар
Қушбегига ‒ каталакдек хонасига кириб, шеър “ясаш”га тушди. Ўзини Оқар Жилға
ўрнига қўйиб, туйғуларни қолиплашга тушди…
Эртаси кун Искандардан бой одам йўқ эди. У қалб туйғуларини пуллаган,
аламлари ичида, “Тошкент! Неча пул турасан? Сотиб оламан!” дерди. Битта
яхши дафтар, гулфуруш хотиндан гул олиб, елкасига тинғирмани илиб кетаётган
Искандарни кўрган жаридачилар: “Шоирликдан наф бўлмай, отарчиликка
ўтибсизми?!” дейишди.
Қизда ҳам, йигитда ҳам ‒ шаҳар кўрган бўлишса ҳам – умрида илк бора
учрашувга чиққан ўсмирлар ҳолати мужассам эди. Икаласи ҳам нима деб гап
бошлашни билмасди. Довдираб турган қиз тилга кирди:‒ Нега чақирдингиз?‒ …‒ Нимага жимсиз?‒ Мана бу дафтар, бунга ўзинг ёқтирган қўшиқларни ёзасан. Мана бу гул, буни
ҳидлайсан! Мана бу эса гитара…
Кейин ўриндиқ устига пала-партиш қўйган совғаларига қараб ўзидан хижолат
бўлди. Доим шунақа! Хушомадни жойига қўйиб гапиради-ю, ширин лутф билан гул
тутишни билмади. Ўзининг дағаллигидан уялиб, қизга термулди. Қиз ҳайкалдай
қотганча кўзларидан чиққан бир томчи ёш кипригида қалқиб турарди. Сўнг бу ёш
юзига томди. Бутун армонлари шу бир томчи ёшга айланиб сизиб кетди. Хаёлидан
ҳарбий, аммо мажруҳ бўлиб, имконсиз қолган отаси, отасининг гитарасини болта
билан чопиб, тандирга солган қариндошлари, дарвозани тарақлатиб ёпганча уларни
ҳақорат қилиб кетаётган қариндошларининг турли қадам товушлари зумда ўтди,
қулоғида овозлари жаранглаб, бир дам боши ғувиллади. Искандарнинг елкасига
бошини қўйиб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади.
Қизга совғасининг бунақа таъсир қилиши Искандарнинг хаёлига келмаганди.
Уни елкасидан қучиб, овутмоқчи бўлди, аммо, дарров фикридан қайтди. Қўлларини
қизнинг боши узра олиб бориб, сочларини силамоқчи бўлди, бироқ яна фикридан
қайтиб, қўлларини пастга туширди-ю, ўз чўнтакларига сола қолди.‒ Йиғлама!‒ …‒ Сурманг эриб кетади.‒ …‒ Лабингда бўёқ бор, юзингда упа.‒ …‒ Йиғлама. Йиғласанг ялмоғизга ўхшаб қоласан.‒ Ҳечқиси йўқ.‒ Бир нарсага эътибор қилдингми?
100
Шарқ юлдузи
‒ Нимага?
Панжшер қўшиғи‒ Дазмолланган куйлагимга.‒ ???‒ Куйлагимни расво қиляпсан!
Қиз бориб узун ўриндиқнинг бир четига ўтирди. Тинғирмани қўлига олди.
Малларанг ғилофга ёзилган “… сени севаман” деган ёзувга кўзи тушди-ю, бироз
қизарди. Сўнг ғилофни очиб, ичидан тинғирмани суғурди. У ёқ бу ёғига кўз
югуртирди. Чертиб кўрди, симларини тортди, бўшатди. Секин тиззасига қўйди.
Искандар қизнинг бахтиёр чеҳрасини кўриб мамнун эди. Дарахт япроғлари оралаб
тушаётган тангадек-тангадек қуёш нурлари гоҳ қизнинг юзида, гоҳ ярақлаб турган
тинғирма юзасида ўйноқлаб жилваланарди. Қиз гитарани олиб аллақандай куйни
черта бошлади. Сўнг “…иммм-мм-ммм-иммм..” дея узун-узун нидо берди ва
кўзларини юмиб қўшиқ бошлаб юборди:
“…Бу қалъа, тошли қалъа…”
Қизнинг сеҳрли овозидан Искандарнинг бадани жимирлаб, томирларида
аллақандай туйғулар кезди. Битта-иккита ўткинчилар иккаласига айрича қараб
қўйишарди. Айримлари жилмайиб, айримлари бироз тўхтаб тин олиб ўтарди. Қиз
қўшиқни тугатди, уялиб, кафти билан юзини бекитди. Қиз қўшиғини куйлаганда
теграсидаги оламни батамом унутган, куйга асир бўлиб айтганди. Ўша кун қизнинг
ҳаётидаги энг бахтиёр кунлардан бири бўлди.
Кеч бўлганда йигит қизни уйига кузатиб қўйди. Искандар бугунги кунидан
рози, қиз эса бахтдан масрур эди. У алламаҳалгача тинғирмани чертди. Хонадош
қизларга қўшиқ куйлаб берди. Унинг ҳуши ўзидан кўтарилган эди. Ўзи айтгандек
ўзини унута бошлаган эди…
Улар бир-бирига ўрганиб қолди. Беканда ҳар куни кўришардилар…
Қиз ишдан чиқаётган дам Искандар йўл четида тамаки чекиб ўтирар, сўнг
иккаласи етаклашиб, қизнинг уйига боришарди. Аммо, дунё торлик қиларди:
абитурент қизлар… Қўшнилар… Бу кўп қаватли иморат. Ўзингни қушдек эркин
қўйиб куйласанг қанийди… Қисиниб, қимтиниб эмас, эркин… Дунё тор эди,
майдон кичкина. Куй эшик тирқишларидан ташқари чиқади. Учинчи қаватнинг
ўзида бу эшикдан ташқари учта эшик бор. Куй халал беради. Пастда, тепада, ёнда
учта… Сенинг эса еттинчи осмонларга учгинг келади.‒ Юр, ‒ деди йигит қизга. Аммо, борар жойнинг ўзи йўқ, бирор жойнинг ўзи
йўқ! То қушлар қўноққа тушар маҳалгача дайдиб юришди. Бир келган жойига яна
қайтиб келар, сўнг яна бошқа ёққа из солишарди. Йигит бир елкасига тинғирма
осиб, бир қўли билан қизнинг билагидан тутганча уни етаклаб кетарди.‒ Ўн минутлик йўл.
Йўл-йўлакай бозор қилишди; бир хуржун. Қиз йигитнинг соясига айланиб
кетади. Атрофи панжара билан ўралган каттагина бино олдида тўхташди. Сўнг
бинонинг орқа томонига ўтишди.‒ Отанг Совет Мудофа Қўмондонлигининг Яқин Шарқ мамлакатларида биринчи
рақамли жосуси бўлган, тўғрими?‒ Жосус эмас.‒ Айғоқчи, агар…‒ Хўш?!‒ Сен ҳам айғоқчилик қил.‒ Тушунмадим.
№ 10 2025 101
Талант ТОЛЕРАНТ‒ Атрофга назар сол қани, ҳеч ким йўқми?‒ Нима қилмоқчисиз?
Атрофда ҳеч ким йўқ. Олисроқдаги ўткинчилар эса ғира-шира кўринарди.
Искандар нарироққа борди-да, секин қизни имлади. Панжаранинг битта темир
устунчаси кесиб олинган жой бор эди. Озғин одам бемалол ўтса бўлади.‒ Гитарани менга бер. Ўт ичкарига… Хавотирланма. Қоровули таниш… ‒ деди.
Бирин-кетин икаласи панжарадан ўтишди.‒ Анови гараж орқаси халажой. Юлдузлар кўриниб туради. Уялсанг юлдузларга
қарамайсан. Ўнг бурчакда жўмрак бор.
Баланд бинонинг каттакон ҳовлисида қиз унинг ортидан эргашганча кетарди.
Одамлардан зериккан, одамлар улар учун ёввойидек туюлар, икаласининг ҳам
қалбида одамлардан холи бўлиш истаги устивор эди. Иккови девор тагидаги
зиналардан пастга эниб, муштдан каттароқ, занглаб кетган қулф осилган эшикка
дуч келишди. Уни калит билан очиш ҳам амримаҳолдек туюларди. Искандар
эшикни тортганди, эшик ғийққилаганча очилди. Қиз ҳайрон қолди. Захнинг иси
димоққа урди. Бу қулф оддий ниқоб эди. Эшикни қулфлангандек кўрсатиб турар,
унинг илгаги иккинчи зулфакка илинмаганди. Искандар чўнтагидан тутатқи олиб,
унинг чироғини ёқди. Деворлар фақат бетон. Кўча томондаги даричани айтмаса
бошқа туйнук йўқ. Йигирмадан ошиқ бўлинмага бўлинган пойдевор. Бўлинма
хоналарининг саноғи йўқ. Йигит қизни қўлидан тутиб, ичкари хоналарнинг бирига
бошлади. Қизнинг қўлига чироғи ёниқ турган тутатқини бериб:‒ Ма, мана бу ерга ёритиб тур, ‒ деди.‒ Бўладими?‒ Баландроқ тут, токшамни ёқамиз.‒ Нега токшам дейсиз?‒ Ана… Бўлди…
Хонанинг ичи ёп-ёруғ бўлди. Бу ерда битта истол, битта бир оёғи майиброқ стул,
симкаравот ‒ аммо сими йўқ, ўрнига тахта қопланган, битта эски кўрпача ‒ устига
битта ёпинчиқ ташланган, пастда чанг босиб ётган бир жуфт шиппак, шифтда эса
ёруғлик сочиб турган уч юзлик лампочка, яъниким бояги токшам бор эди. Мана шу
ёруғликдан сўнггина қизнинг қалбини бироз ҳадик ва хавотир эгаллади. Ҳуркиб
турган мусичага ўхшаб қолди. Йигит билан бир хонада қолиш… юраги дук-дук
ура бошлади. Ортга йўл йўқ… Қиз истол устига газета тўшади. Бинойидек шоҳона
дастурхон тахт бўлди. Йигит иккита қадаҳни тўлатди. Битта вино ва бир шоколод
тугагунча қиз маст бўлиб қолди. Унинг бетакрор шаҳло кўзларида билгисиз эҳтирос
порларди.‒ Шеър ўқиб беринг! – деди қиз буйруқ оҳангда.‒ Бугун қўшиқ…‒ Аҳа… қўшиқ айтиб беринг!‒ Сендан эшитмоқчи эдик.‒ Бўпти, аввал шеър ўқиб беринг.‒ Кейинроқ…‒ Шеър ўқиб беринг, ўқиб бермайсизми? – дея қиз ўрнидан туриб тинғирмани
олди.
Қизнинг қўшиқ айтгиси келаётган эди. Шунинг учун ҳам йигитга шеър ўқиб
беринг дея қайта-қайта сўради. Қўшиқ айтиб бераман, эшитинг дейишга бироз
истиҳола қилди. Тинғирмани ушлаган заҳоти ўнг қўлининг бармоқлари зирқираб
кетди. Чап қўли бармоқларида эса сесканиш уйғонди. Тинғирма торларини ҳис
қилган жами бармоқларда оғриқ турди. Бу кечаги куннинг шарофати эди. Анча
102
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
йиллардан буён тола чертмаган бармоқлар, кеча кун бўйи чертганидан қадоқлашиб,
бироз зада бўлган, лурада кезинган қон симларга тинимсиз урилган бармоқлар
учида бироз қизариб, қотиб қолгади.
Искандар қизнинг ўзи истаб табиий айтишини кутаётганди. Қиз тинғирмани
бағрига босиб, карватга жойлашиб ўтириб олди. Сочларини йиғиштириб, ёқалик
кўйлагининг ичига солиб қўйди.‒ Менга ҳам битта сигарет ёқиб беринг, ‒ деди.
Йигит тутатқи билан найтамак тутатиб, унга узатди. Қиз аввал сигаретни
лабига қистириб:‒ Отамга ўхшадимми? – дея йигитга қаради. Сўнг қўлидаги тутатқини авайлаб
истол бурчагига қўйди: ‒ Ўчиб қолмайдими? Ўчиб қолмасин! – дея деворларга
маҳзун термулди. Еттита торни пастдан юқорилаб секин-аста черта бошлади.
Бетон деворлардан кўз узмай:‒ Ай, ватан ичра ватансиз шоир! Шу ертўламизга мос бир-иккита қўшиқ айтиб
бераман, эшитинг, ‒ дея куйлашни бошлади.
У бирин-кетин қайси бир маҳбусларнинг “Отлар дупури”, “Онажон”,
“Туйнукдаги нур” деган қўшиқларини берилиб куйлади. Искандарнинг хаёли
олис-олисларга улоқди. Аввал, хаёлига Тошкент милисаларининг унинг қишлоғига
боришлари, уйига бостириб кириб, Тошкентга олиб кетишлари, турли-туман суд
жараёнлари, ишқ деб панжаралар ортида ўтказган кунлари келган бўлса, кейин куй
дарди келди; кўзларида озодлик ҳисси қотган ‒ ҳақ-ноҳақ қамалганлар, юрагида
қуёш соғинчи тошган маҳбусларнинг чеҳралари кўз олдидан бир-бир ўта бошлади.
Қамоқхоналар жонланди. Ўқиган китоблари онгида яшай бошлади. Сўзлар
тирикликка айланди. Ватан жонлана бошлади. Тарих жонлана бошлади. Мавлоназода
Самарқандий-у Али Дарвеш тушган зиндонларгача жонланди. Маҳбусларнинг
оёғига солинадиган тахтакачгача жонланди. Кишанларнинг шақирлашини
эшитди. Агостено Нетонинг Африка қамоқхоналарида ёзган қўшиқлари-ю, Нозим
Ҳикматнинг туйнукдан қарашларигача “Инсон манзаралари” бўлиб жонланди.
Сўнг ўрис босқинлари, қонли чизиқлардек Искандар фикратини олиб кетди. Амир
Олимхоннинг бир оёғи мажруҳ бўлган тўнғич ўғли Султонмуроднинг қамоқхонада
очлик эълон қилиб ўлиши, бир ўғли Раҳимнинг қамоқхонада яширинча отиб
ташланиши, бир ўғли генерал Шоҳмуроднинг имконсиз тирик қолиш учун
отасидан воз кечганлиги ҳақидаги хабарларнинг бутун газитларга тарқатилиши…
Усмон Носир… Кемерова қамоқхонаси… бари-бари ‒ озодлик ҳақидаги энг холис
мушоҳада, фақатгина, шу қиз чалаётган куйда мужассам эди.
Фитратнинг Мунаввар Қорини қучоқлаб: “Биз бундай инқилобни ҳоҳламаган
эдик. Биз фақат Амирни ағдариб, адолатли жамият барпо қилмоқчи эдик”… дея
ҳўнграб йиғлашлари шоир қулоғида куй ўрнида қайта-қайта жарангларди. Қиз
эса овозини озод қўйиб, оҳангнинг исталган нуқтасига етиб қўшиқ айтарди. Овоз
бетон девор ичида акс садо бериб, яна-да жарангларди. Сўнг қиз бироз тин олди.‒ Ай, шоир! Яна битта қўшиқ айтамиз, ‒ дея Михаил Кругнинг “Магадан” деган
қўшиғини бошлади:
“… Ветер. Туман порвал”…
Ва қўшиққа қўшилиб оқа бошлади:
“… Здраствуй, мой Магадан”…
Шоир иккинчи винони очди.
№ 10 2025 103
Талант ТОЛЕРАНТ‒ Марҳамат, Ҳамид Олимжон ва Ботир Зокиров ҳурмати учун, ‒ дея яна
тинғирмани қўлга олди. Қўшиқ бошлади:
Хаёлимда бўлдинг узун кун,
Сени излаб қирғоққа бордим…
Қиз мазза қилиб куйлаётганди. У турли расмиятчиликлардан ҳоли ‒
кимлардандир қарсак кутиш, мухлислар қаршисида ўзини қандай тутиш, суратга
олаётганда жилмайиш, турли қолиплардан ташқари маза қилиб куйлаётган эди.
Табиий!
Қиз қўшиқни тугатиб, чуқур хўрсиниб қўйди. Бироз ўйга чўмган Искандар
икала қадаҳга вино тўлдирди.
Қиз эса:‒ Марҳамат, шўхидан! – дея тинғирмани черта кетди.
Темир кўприк битдими?
Николай подшо ўтдими?
Шаҳримизни вайрон этиб,
Муродига етдими?
Қиз қўшиқни шўх куйлар, торни ўйноқи чертар, аммо бу қўшиққа ўйнаб
бўлмасди. Рақс тушсанг фақат изтироб ичра тушгайсан. Юраги йиғлаб, юзлари
кулиб турган инсонлар қўшиғи эди бу. Қўшиқ – халқ ичидан, халқ дардидан
сизиб чиққан қўшиқ эди. Мардикорликка олиш учун қарши чиққан мард ўғлонлар
марсияси эди.
Искандар тирсагини истолга тираб, бошини қўлига суяб, кафти билан кўзларини
бекитиб тингларди. Бу қўшиқни эшитганлар бор, эшитмаганлар бор! Қўзғолон
аёвсиз бостирилган. Қўзғолон қатнашчилари осилган. Отилган. Жазо сифатида
шаҳар йўқ қилиниб, қолган улусни чўлга қувиш ҳақида буйруқ берилган. Курапаткин
бу иш юзасидан елиб-югурган. Қариялар, аёллар, гўдаклар йўлларда хор. Ҳар бир
уйга аскарлар бостириб кириб, барчани қувиб чиқарган. Бешикдагилар бешикда
очликдан ўлган. Ёш-ёш қизлар зўрланган. Аскарлар бутун халқни олдига солиб,
чўлга қувиб борар, саратоннинг жазирамаси куйдирар, ҳоли етмаганлар йўлда жон
таслим қилардилар.
Сувсизлик, ташналик… Қиз лаблари қуруқшиб айтаётган қўшиқ шу эди. Бу
қўшиқ ватан ҳақидаги ўлмас хотираларнинг бири эди. Кечилган қонлар…
Қўшиқ тинди. Искандар бошини кўтариб қиз томон қаради. Тинғирма юзида
бир-икки сачраган қон томчилари турарди. Аёвсиз чертилган симлар дастидан,
кеча зада бўлган бармоқларнинг бош бармоғи бироз яллиғланиб симилларди.


Мухтор кўча томони тўлиқ қалин шишадан бўлган ошхона ичидан тунги
Тошкентни хаёллар оғушида томоша қиларди. Йўлчироқнинг фақат сариғи ёниқ,
унинг тагида эса каттакон истол турарди. Бу истол устида Маданият мадрасасида
ўқийдиган бир қиз кундузлари “хотдог” сотарди. Ўқишга эса ҳафтада бир ё
икки марта борар, сабоққа келганини кам кўрар, тирикчилик учун югуриб
елишини билардик, холос. Гоҳ-гоҳида у қиз ошхонадан у-бу нарса сўраб келарди.
Маданиятда ўқийдаган бу қизнинг на овози бор, на фаросати. Мухтор эса ошхонага
тегишли бўлган ўша истолни қор-ёмғирда қолишидан хавотирланиб гап қўшарди,
104
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
холос. Онда-сонда бир иккита мошин ўша йўлчироқ тагидан ўтиб қолар, Мухтор
мийиғида жилмайиб, хаёллар оғушида ўтирар, сутулга қотирилган ҳайкалдай эди.
Эҳтимол, ертўладан элас-элас келаётган оҳангга қулоқ тутар, эҳтимол ҳеч нимани
эшитмай, ёшлигини эслаётгандир…
Боягина шовқинга тўла шаҳарда сокинлик ҳукмрон эди. Мен-да хонамга кириб
чўзилдим, кўзларимни юмиб хаёлга берилдим. Каттакон ертўла бағридан эса гоҳ
Искандарнинг шеър ўқиётган бўғиқ овози, гоҳ қизнинг айтаётган қўшиғи аранг
сизиб чиқарди. Биз бу ошиқ-маъшуқларни шундан сўнг бир икки кўрдик. Кейин
қайтиб кўрмадик.
Искандар йўқолди, қолди. Изладим; тополмадим. Доимгидек яна пайдо бўлиб
қолишини кутдим. Йўқ қайтиб келмади. Қишлоғидан суриштирдим. Ўрисга ишга
кетган, дейишди. Суюклиси ҳам Ўзбекистондан чиқиб кетди, Ватанни ташлаб
кетди. Йўқ, ташлаб кетмади. У улғайган ‒ бу муҳитда яшай олмаслигини ҳис қилган
эди.
Тирикчилик деган андиша ҳақиқий истеъдодларни кетишга мажбур қилаётган
дамлар эди. Улар бу жамиятда йўл топа олмасди. Истеъдоди, ғужури йўқларгина
йўлини тополарди. Истеъдоди борларнинг эса ҳамма нарсага кўниб кетишига
истеъдоди йўл қўймасди. Кейинчалик “ходдог” сотувчи қиз машҳур қўшиқчи
бўлиб танилди. Тилвизорда кўриб қолсак, Мухтор Комил “Қара, бу жуда тиришқоқ.
Яшовчан”, дерди.
Ошхонада кунларимиз шу зайл кечарди. Лекин қишдан чиқолмадик. Қиш
охирида ошхонани топширдик. Мухторнинг бир дўсти бўларди; келиб турарди.
Жингалак соч, қалин мўйловли шарқшунос олим. Муқаддас ака. Яхши одам. Биз
уни тушунардик… Ишсизликдан қийналаётгани, хотини ҳам ишсизлиги, икаласи
ҳам пазанда эканлиги, қизларининг бўйи етганлиги, ижара ҳақи қимматлиги, шу ой
тўлолмаса уйдан қувилиши…борин рўйи рост айтди.
Мухтор:‒ Айтганингиз яхши бўлди. Ошхонани кимга топширишни билмай юрган эдик.
Телевединиядан таклиф тушган, боролмаётгандим, ‒ менга имо қилиб, ‒ бу ҳам
газетага ишга боролмай юрибди, яхши бўлди, ‒ деди ва ўрнидан туриб: ‒ Мана бу
ерда керакли масаллиқлар бор, қолгани ўзингиздан. Мана бу ерда иккита хона бор,
оилангиз билан келсангиз бўлади… ‒ дея дўстига ошхонани таништира кетди.
“Менинг ҳам қишлоқда дийдоримга зор ўғлим бор, қизим, хотиним бор.
Тошкентга олиб келолганим йўқ. Тошкентда менинг ҳам уйим йўқ”, демади.
“Ошхонадан бўлак тирикчилигим йўқ”, демади. “Давлат менга иш бермади, қайга
борсам эшиклари ёпиқ”, демади. “Бу намчил кунларда қайда яшайман”, демади.
Фақат уйғур жувон ва тожик қиз олди-да, бироз хижолатда эди: уларнинг
ошхонада қолишини айтди.
Бу менга Мухтор берган биринчи ва охирги дарс эди. Нафс деб томоғи
жириллаётган, юлғичларга тўла жамиятдан баланддаги одам эди у.
Ўша кун Чилонзор атрофидан ижарага уч хонали уй топдик. Бош-оёқ сарпо
қилдик. Ўзимизни ўзимиз сийлардик, алдардик. Мухтор бироз ўйга чўмганди.
Ўйчан бўлса-да мийиғида бироз истеҳзоли кулгу доим қотиб тургандек. Унинг
дунёдан нолиганини кўрмаганман. Эркак киши ишсиз бўлса, шуғулланадиган
бирор касби, эрмаги бўлмаса ўзини-ўзи осар даражага боргай. У ўзини-ўзи осмади,
қайсидир режиссордан буюртма олган шекилли сериал ёзишга тушиб кетди.
Вақт ўз ҳукмини ўткариб хунуклаштирган, бу “хунук” одамнинг сийрак соқоли
ўсиб яна-да хунуклашди, тирноғи айиқ тирноқ, кийимлари яғир бўлди, хонасини
№ 10 2025 105
Талант ТОЛЕРАНТ
йиғиштириш тугул ҳатто ётадиган жойини йиғишга эринарди. Ёзаётган сериали
тугай демас, хона вароққа тўлиб кетган, вароқларни бетма-бет тахлашга ҳам
эринарди.
Бир қозон пул, бир ойга бормай тугаганди. Бу жамиятда пулнинг ҳам қадри йўқ
эди у дамлар. Ўрис кампир бизни қувди: биз кейинги ойга ҳам ўтиб, беш кун яшаб
қўйгандик.
Ўзбекнинг ватанида ўриснинг уйи бор, ўзбекнинг уйи ҳам, кўтарадиган юки ҳам
йўқ эди. Мухторнинг сериали-ю, яғир кийимлари ўша уйда қолиб кетди.
Мухторни кейин Илҳом Аҳрор олиб кетди: ё Бухоро ё Тошкентдаги уйига…
Гоҳи Мухтор билан “Матбуот уйи”нинг эшиги олдида кўришиб қолардим, битта
бухонка нон олиб ейиши учун чўнтагида пули бўлмасди. Моддий қийналарди.
Марднинг жони сабил бўлади. Ғурури жуда баланд одамнинг бу ҳолатда юриши,
адо бўлиши эди. Юраги минг адо бўлса-да, аммо хушчақчақ яшарди. Кечгача Амир
Темур хиёбонида, чинорлар остида чиққан қора кўпайка ва унгиб қолган телпак,
оёғидан сув ўтган патинка кийиб шахматчилар билан шахмат ўйнаб ё томоша
қилиб ўтирарди.
Мухторнинг қадами фожиага тўла, аммо хушчақчақ яшарди.
Мухтор пули бўлса кийим оларди, яхши кийиниб озода юришни яхши
кўрарди. Ҳокимлардан аъло кийинарди, вазирлардан шахдам юрарди. Кийиниши
дарахтларнинг фасл танлашидек эди. Бир фасл кийган кийимини қайта шу фаслда
қайтиб киймас, қиш келиб палто олса эгнидаги кастимини палто олган пештахтасида
қолдирар, ёки бирор юпунга бериб юборар, баҳор келиб кастим олса, эгнидаги
палтони кастим олган пештахтасида қолдирар ёки бирор юпунга бериб юборарди.
Унда бир фасллик икки кийим бўлмасди. Бирор жойга сафарга чиқса жамадон
кўтармас, бирор буюм олмасди. Қандай юрган бўлса ўшандай кетарди. Кийган
кийими фасл алмашмагунча эгнидан тушмас, кийинишни яхши кўрар, танишлари,
қариндошлари, ўғли ё қизи йўлидан қўққис учраб қолса уни абгор ҳолатда кўриб
қолишларини сира истамасди.
Мухторнинг ўз овози, ўз ҳаёти бор эди. Дарвешлик, шоирлик ва шундай ҳаёт
унинг қисмати эди.
Мухторнинг қўлидан кўп иш келарди. Лекин қисматига дарвешлик битилганди.
Уйга битта мих қоқишни билмаган одам “дарвеш” бўлолмайди. Мухторни
тенгқурлари уни “удда” қилолмади. Удда қила оладиган дўстлари бор эди:
шоирлардан Назар Шукур, Чори Аваз, Аъзам Ўктам, Равшан Файз… Равшан
Файз билан жуда қадрдон эди. Равшан Файзни кўп эсларди. Ҳофизлардан Отажон
Худойшукуров, Муҳриддин Холиқов, Нуриддин Ҳайдаров, Охунжон Мадалиев…
Буларнинг ўлмас қўшиқлари ичида Мухтор Комил шеърлари ажралиб турарди.
Буларнинг барчаси аллақачон бу дунёни тарк этишган эди. Уни удда қиладиган
одам қолмаган эди.
У Ёлғиз эди.


Мухтор ўта ҳазилкаш ‒ ҳазиллари кутилмаган, қўпол ва одамни эсанкиратиб
қўярди. Бунақа ҳазиллар фақатгина Мухторга ярашарди.
Қутвол, Мухтор ва бир йигит машҳур шоиралардан бири етакчилигида яна уч
тўртта шеър ёзар қизлар барчаси олисроқ жойга тадбирга боришди. Тадбир кечгача
чўзилиб, тугагач, зиёфат бўлди. Меҳмонларга ёнма-ён хонанинг бирига қизлар,
бошқасига йигитлар учун жой қилинди. Ҳаво иссиқ. Эшиклар ланг очиқ.
Ярим кеча Мухторнинг уйқуси қочди. Ташқарига чиқиб қайтаётганда чироқ
хира шуъласида оқариб турган қўшни хонадаги машҳур шоиранинг очиқ сонларига
106
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
кўзи тушди. Йўл чарчоғи ҳамда қуюқ меҳмондорчилик эвазига қизлар пишиллаб
ухлаб ётарди. Туртиб кўрса ҳам уйғонмайдиган даражада карахт.
Мухтор Амирқулнинг остонада ётган тизқопини олди-да, ўша шоиранинг
этагининг ичига солиб, шоирани устини ёпиб қўйди. Ҳеч нима бўлмагандай жойига
кириб ухлади. Амирқул у пайтлари коптокка қатнар, қайга борса тизқопини олиб
юрарди.
Тонг отди. Мухтор юз қўлини юваётган дам қорачадан келган шоира узун
таёқнинг учига тизқопни илдириб чиқди. Таёқнинг учини Мухторга тўғрилади-да:‒ Мухтор!!! ‒ деди. Мухтор бурилиб қаради.‒ Бу кимники???
Мухтор ҳеч нима билмагандай елкасини қисди. Қутвол ичкаридан оқ майкада
уйқусираб чиқиб келди. Шоира калтакнинг учини унга нуқуб:‒ Қутвол! Бу кимники? ‒ деди. Қутвол! “меники” деди.‒ Ипплооссс!
Мухтор Комил умрининг кўп қисми Самарқандда ўтган. Самарқанд Ёзувчилар
уюшмасининг бошлиғи билан ҳам қадрдон. Бошлиқ норасмий бўлса-да, Мухтор
билан ёш ижодкорлар ўртасида учрашув ташкиллаштириб берди. Бу учрашув
“Офисерлар уйи”нинг залида бўлган эди. Давра тўрида Мухтор, Дилбар Воси,
Жамол Сирожиддин ва ҳукумат вакиллари ва залнинг ўзи мен тенги ёшлар билан
тўла. Мухтор ўтирган жойида шеърлар ўқиди.
…Гоҳо қули бўлдим далли хаёлнинг,
Гоҳо хатоларнинг бўлдим қурбони.
Йиғладинг. Биламан ‒ йиғи аёлнинг
Момо Ҳавомиздан мерос исёни…
…Тилагил, умрбод хатога етмай,
Хатоларсиз умр гарчи хатодай.
Фақат мен бағрингдан ҳайдалиб кетмай,
Жаннатдан қувилган Одам Атодай…


…Яна ойна қилиб ойни,
Оламга очгил чиройни,
Яна кўнглим каби жойни
Бузиб мендан тониб кетгил.
Хаёлотнинг жиловин ол,
Муҳаббатнинг яловин ол,
Кел, эй, қалбим оловин ол,
Ёниб кетгил, ёниб кетгил!
Кейин бошқаларга сўз навбати берилди. Мухторга бошлиқ ўзининг “Банди руҳ”
номли шеърлар тўпламини дастхат билан совға қилди. Мухтор китобни олиб бир
варақлаб кўрди-да, ўтирган жойида қўлидаги қалам билан китоб муқовасидаги
“Банди” сўзининг охирига “Т” ҳарфини худди босмахонадан чиққандай қилиб бўяб
ёзди. Китоб номи “Бандит руҳ” бўлди.
Давра охири савол-жавоб шаклига ўтди: “Қанақа китобларингиз чиққан? Нечта
китобингиз чиққан? Сизни қаердан топсак бўлади? Қаерда ишлайсиз?”
№ 10 2025 107
Талант ТОЛЕРАНТ
Бунақа саволларга Мухтор Комилнинг жавоби йўқ эди. Унинг қадамларида
эрк яшар, эртага қадами қайга етаклагай ‒ номаълум, битта хонада бир умр
ишлаб, қариб, нафақага чиқиб кетолмасди. У девон тартиб бермаган, китоблари
чиқмаган, шеърлари қай манзилда ёзилса, ўша ерда қолиб кетарди. Ёнимда ўтирган
муштарийнинг саволига мухлис ҳурмати ўрнидан туриб шундай жавоб берди:‒ Китобларим чиқмаган, ўзим Китобликман! Лекин ёнимда ўтирган мана бу
дўстимнинг китоби чиққан. Мана: “Бандит руҳ”! ‒ дея бояги китобни баланд
кўтариб залга юзланиб турарди. ‒ Сизлар бандитлардан узоқ юринглар!
Ҳазиллари шунақа эди…
Кўрсатмада ишлаб юрган кезлари бир машҳур ёзувчи билан суҳбат уюштиришга
тўғри келди. Бу ёзувчи қишлоғини соғинишини, ўша қишлоқдан чиққанини,
қишлоғига талпинишини, хаёлида қишлоғида яшашини, жаннатдек жой эканлигини
гапириб, роса эзмаланди. Қайишнинг ярми тўлди. Мухторнинг жаҳли чиқар, у
эса тўхтамай гапирарди. Ярми мол, ярми қўй, ярми эшак, ярми янтоқ, қип-қизил
чўл, чанг, чивин ва таппидан бўлак ҳеч нарса йўқлигини биларди бу қишлоқда ‒
яхши биларди. Ёзувчи эса бу Ватанда қишлоғининг ягоналигини таъкидлашдан
тўхтамасди.‒ Ҳа, ҳа… Бутун умр чиққан жойингизга талпиниб яшайсиз! Келинг, бошқа
мавзуда гаплашамиз, ‒ дея суҳбат мавзусин буриб юборди Мухтор. Шундай
чиройли гапирди-ки, ёзувчи “англамади”.
Бир катта ер эгаси вилоят ҳокими билан учрашиб, нималарнидир гаплашиб,
нималаргадир қўл қўйдириб олиши керак эди. Ҳоким қабулига кириш учун
ер эгаси сўзи кескир, сиёсатидан одам ҳайиқадиган, ҳамма ишнинг уддасидан
чиқадиган, сийрати арбоб бўлган Мухторни маъқул топди. Мухторга янги патинка,
янги кастим-шим, оқ куйлак, гирибонбоғ олиб беришди. “Самарқанд” газити
муҳаррири Нурулла Остон, Мухтор, ўша ер эгаси учовлон ҳокимиятга йўл олишди.
Аксига олиб шу кун ҳоким қайсидир туманга пахтазорларни текширишга кетган,
Тошкентдан эса вазир келиши керак бўлган пайтга тўғри келган экан. Бу дунёдан
бехабар азаматлар ҳокимият биноси олдида ҳозир бўладилар. Ҳокимиятга киришда
турадиган милисалар беихтиёр Мухторга “чест” беради. Мухтор эса:‒ Ва алайкум ассалом; булар мен билан, ‒ деб орқадагиларга имо қилади.
Бемалол ҳужжатсиз ўтиб кетишади. Орқада келаётганлар ҳайрон; махфий
хизматда ишласа керак деб Мухтордан яна шубҳа қила бошлайдилар.
Қабулхонада бир қиз ва икки йигит қоғозларни шиқиллатиб, ёзманурни
шақиллатиб ўтиришган жойидан туриб салом беришади.‒ Бошлиқларинг қани? ‒ важоҳат билан сўрайди саломга ҳам алик олмасдан
Мухтор.
Туманга текширишга кетганлигини айтишади. Сўнг ҳокимга қўнғироқ қилиб,
Тошкентдан меҳмонлар келганини хабарини беришади. Ҳоким вазир келган деб
ўйлаб, неча киши келган бўлса ҳаммасига жой-чой тахлашини, хизматни яхши
қилишини буюради. Бу суҳбатдан воқиф Мухтор хонада осиқ олий раҳбар суратини
нақ пешонасига кўрсатгич бармоғини нуқиб:‒ Бошлиқларинг шуми? ‒ дейди.
Барчасининг ранги дув оқариб кетади. Қоғоз титаётган икки йигит талмовсираб
қўрққанича қайгадир ғойиб бўлади. Қизил юзи докадек оқарган котиба қиз эса
гўшакни жойига қўйишини ҳам, ҳоким билан суҳбатини давом эттиришини ҳам
билмай қолади. Нурулла Остон эса қизга раҳми келиб қиз ўтирган сутулга қарайди.
Қизнинг кўзи Мухторнинг кўрсатгич бармоғида ва осилган суратда эди. Бу суратни
бармоқ билан кўрсатиш нари турсин, ҳатто сурат тагида баланд овозда гапира
олмайдиган дамлар эди-да!
108
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Мухторнинг Самарқандда дўстлари кўп ва шу сабаб бу ерга кўп келар, талпиниб,
яшарди. Самарқанд таълимини олган эди. Тўрабек Искандарийнинг яширган
мусалласларини ичиб тугатарди. Жамол Сирожиддин Хумийнинг ғазал ўқишига
ошуфта бўларди. Нурулла Остон ҳажвияларини тинглаб зерикмасди. Бу учала
“ака”си унга узтоз мақомида эди. Самарқандни пиёда-пиёда бетиним кезар, шу
улуғ тупроққа сиғинар, уни табаррук билиб севарди. Инсониятга йўлланган эзгу
қадамлар шу тупроқдан йўлланган деб биларди. Самарқанд сўзини шарафли сўз,
бу сўз ғурур бағишлайди, дерди. Қадимий ва навқирон шаҳарнинг қуёшни елкалаб
кетаётган барслик тасвирига соатлаб термуларди. Қуёшни елкалаган шаҳар деб
атарди. Афсоналар шаҳри, ишқ шаҳри, устоз шаҳар деб биларди.
…Қуёшга қарагил – олам тўла сир,
Саид Бараканинг тонглари отар.
Оламни титратган буюк жаҳонгир,
Устознинг пойига бош қўйиб ётар…
Устозга бундай эҳтиром фақат Самарқандда бор! Самарқанд бағрида оқаётган
дарё қуёшни сочиб оқади, азиз авлиёлар, гадолар, подшолар шу шаҳар томон
интилган, бу шаҳарга келган гадо бой бўлиб кетган, бу шаҳарга келган подшо
давлат тузган, бу шаҳарга келган авлиё ундан кетмаган. Мухторнинг ҳам кетиши
қийин кечди.
Тарих саҳнасидан Мухторга кўзлар боқарди. Усмон Носир қувилган мактаб шу
шаҳарда ғиштини тўкиб йиғларди. Мухтор Комилнинг ҳам Усмон Носирнинг ҳам
энг гўзал шеърлари шу шаҳарда ёзилганди. Икки дарё оралиғидаги илк театр, илк
газит шу шаҳарда пайдо бўлган. Беҳбудийни биларди. Ҳожи Муину Садриддин
Айний уй музийларига бориб кўрарди. У биларди ‒ бу шаҳар илм-фан бешиги
эканлигини.
Бу шаҳар байт билмаган мирзони мирзо санамаган, мирзолари хитобларини байт
билан айтган. Хат ёзса ‒ патқаламни томирига санчиб, байт билан ёзишган. Ҳар
бир Абу Лайс Самарқандликман дейди. Мажнун деб билганимиз Қайс шеърлари-ю
қадами Самарқандга етган. Машҳур Есенин ҳозирги “Вокзал” атрофида бир ойдан
ошиқ қолиб, ижод қилган.
Жомий меҳридан баҳра олиб, Лутфий лутфи билан гапириб, Шоҳ Анвар Қосим
шеърларидан таъсирланиб, ўн саккиз ёшлик Мирзобекнинг “Кўзинг не бало қаро
бўлуптур, Ким жонға қаро бало бўлиптур…” матлалик ғазалларини уқиб, шу
Самарқанд шоирлари ичида улғайиб, Самарқанд таҳсилин кўрган Амир Алишер
Навоий бўлган эди. Ғазалдаги бу ўйноқи усул ҳанузгача “Савти Самарқанд” деб
аталади. Рўдакий ҳам кўзини бағишлаб, илк бор аруз сеҳрини Самарқандда бошлаб
берган, Самарқанд ‒ шоирлар, шеърият шаҳри эди.
Бу ерда битта мозорни етмиш пир қўриқларди, ялангаёқ кезганда руҳлари
чорларди. Али Қушчи бўлиб фалакка термулса ‒ феруза осмон бағрида балқиб
турган сирли ой ҳам Самарқанд қизи бўлиб кўринарди. Қадим йўлаклардан “ҳувво
ҳув” дея қаландарлар зикри эшитилар, “Излар кишим борми” деб Намагандан
афтода келганида Машрабга “Шоҳ”лик мақомини берган, уни Шоҳ Машраб
деб атаб тўн ёпган ҳам шу шаҳар ‒ Машрабшунос олимлар юрти, қаландарлар,
дарвешлар шаҳри эди.
Имом Бухорий топиниб келган, Хожа Аҳрор Вали, Мотрудий шаҳри!
Майсаларининг устига ҳадис ҳам, ҳикмат ҳам сеп ёйган валийлар, набийлар шаҳри
эди!
№ 10 2025 109
Талант ТОЛЕРАНТ
Мухторнинг босган қадами Клавихо қадамига тенг ‒ у сайёҳлар шаҳрида энг
кўп қолган сайёҳ ва Самарқанд абадий мезбон эди.
Улуғбек бўйнида қон ҳирқираган, Спитамен бўйнида қон ҳирқиратган…
шаҳидлар шаҳри эди Самарқанд…
Бошини дорга тиккан одамлар шу шаҳарда ‒ сарбадорлар шаҳри эди.
Сўз ‒ муқаддас қурол, деворларида шамширлар изи ‒ туркийларнинг бош шаҳри
эди. Эркаклари жангга кетганда аёлин бошида эрнинг ковуши бўларди.
Фалакни кўтариб турган минораларга, нақшин деворларнинг рангин жилосига
кўзларида ҳайрат тўлиб термулар, бу ‒ само тилсимлари кўмилган ватан эди.
Самовий шаҳар эди. Бундай шаҳарни севмаслик мумкин эмасди.
Шоирлар уйида, шоҳлар уйида Самарқанд тасвири меҳробдек осиқ турарди.
Хоним масжидида эса Ислом шайхлари келиб юз босган, халифа қони сачраган
“Қуръон” турар, ичида шароби йўқ қадаҳдек бўлиб лаҳв қолганди. Уни олиб кетиша
олмади. Олиб кетиш учун Алп эр Тўнга, Алпам Шаҳу Алп Манас, Алп Онгишнинг
кучи керак эди. Қуръоннинг ўзини олиб кетишди. Юксак маънавият ила Тошкентда
Темурийлар музейи қурилди: бу хазинага Тошкентда ўтириб ишлайдиганлар,
иккинчи иш сифатида бошлиқ бўлиши керак эди-да, хазинадан кўз-қулоқ бўлиши
керак эди-да. Ва музейга ўша қадимий Қуръон нусхасини жойлаштиришди, йўл
йўлакай қайсидир вароқлар йиртилди, йўқолди. Кейин бу мулк диний қўмита
тасарууфига топширилди. Вароқлари яна йиртиб олинди. Тўққиз вароғи яқинда
Туркиядалиги аниқ бўлди. Бу илоҳий шаҳар эса дарди ичида йиғлаб қолаверди…
Бу йиғини фақатгина Мухтор тушунарди.
Тупроғин кавласанг тош санамлару тош ҳайкаллар чиққан илоҳлар шаҳри эди.
Самарқандни жоҳиллар, золимлар, олимлар, арбоблар, босқинчилар итдек талаб
бўлганди. Ҳануз таларди. Боғи Шамолга завод қурса, Боғи Шимолга пахта экди,
Боғи Дилкушога буғдой… Боғи Беҳиштга молбозор қурди. Бу очкўз одамларга
Самарқандда ер камдек эди. Булар Ширинбека, Шодимулк, Такина Хоним, Биби
Хоним қиссаларини билмаган омилар эди. Билганлари эса боши хам ҳолда Равшан
Файздай борса келмас йўллардан кетар эди.
Бу шаҳарнинг ёйган сояси Кармана, Жиззаху Шаҳрисабз узра тараларди.
Шаҳри дилором, шаҳри барно, соёвор шаҳар эди. Умаршайх Мирзодан то Шукур
Холмирзаевнинг боболарин ҳам суяклари шу тупроққа қўшилиб ётарди.
У оламдан хабардор инсон эди.
Амир Гўрига ўтишдан олдин Қозизода Румийга атаб қурилган “Руҳобод”
мақбарасини албатта бир айланарди. Кўмилган китоблар, ёнган китоблар, сотилган
қўлёзмалардан гапирарди. Сархуш айланарди.
Регистон майдонида кунни кеч қилиб, тонгни оттирарди: бу майдон, бу
мадрасалар не жангу жадаллар кўрмади, пештоқларига қанчалаб бош осилган.
Мухтор ҳам жанг кўрган одам эди. Жанг кўрган одамни сотиб олиб бўлмайди.
Мухторнинг дийдаси қаттиқ, кўз ёшларини ҳамма ҳам кўра олмасди.
Лойиқ Шерали илҳомга тўлиб Самарқандда қандай кезган бўлса, Мухтор ҳам
шундай ҳайратлар дунёси ичра бу эртаклар шаҳрини кезар, қўшгумбазлари бор
ошиқлар мозоригача бориб-келарди. Ошиқлар шаҳри ичра ширин хотиралар билан
яшарди. Оддий чашмаларини ҳам Оби Кавсар деб биларди.
Уни Самарқанддан қайтаришга уринарди. Гоҳ Қорақамишда яшайдиган
Ёркентлик хотини, гоҳ Мухторнинг Тошкентда машҳур шоира бўлиб кетган аёли,
гоҳ Китобдаги оиласи “Қайт!” дерди. Уни бу йўллардан қайтаришга уринарди.
Унинг жавоби эса:
110
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Сомон йўлларида изғир хаёлим,
Юлдузлар гардини тўзғитиб, тўзиб.
“Қайт” дейсан яшашга қолмади ҳолим
Йиғлайсан мен томон қўлингни чўзиб.
“Йўқ” дейман ташвишлар билан оввора,
Умримда бир марта юксалдим баланд.
Сен ҳам кўролсайдинг манглайи қора
Нақадар гўзалдир тунги Самарқанд!..
…“Қайт” дейсан кўзингни тўлдириб қўяр
Самода тўзъғиган юлдузлар гарди.
“Йўқ” дейман “йўқ” мени ўлдириб қўяр
Заминда саргардон одамлар дарди.
“Қайт” дейсан беҳуда хаёллардан кеч,
Молу мулк ҳақида ўйлагил кўпроқ.
“Йўқ” дейман одамзод қониқарми ҳеч
Токи тўлдирмаса кўзини тупроқ…
У қўрқмас ва қайтмас эди. У жаннатий шаҳарда эди. У шоирлар, бахшилар
даврасида яшнаб яшарди. Бу жаннатий шаҳарнинг саройларида фақат шоҳона
байтлар ўқиларди.
Қадимда лапар тўйчиники эди. Лапарчилар, ўланчилар, бахшилар, оқинлар
нақшин деворларга, олтин косаларга, тошларга битилган “шоҳона” байтларни
ўқиб, ўз сўзларини айтишга уяларди. Уялиш ҳисси бор эди. Халқ ичида айтиладиган
достон, лапар, матал Самарқанд қалъаларидан мўралашга ийманарди. Ўрис ақлли
бошларни қиличдан ўткаргач “шоҳона” байтларга тирик қолган оми қатлам
фаросати деярли етмаганидан лапарга ҳам зор бўлди. Элнинг жигарини эзиб
Алпомишни таъқиқлаб қўйганида, илк бор Эргаш Жуманбулбул ўрисдан қўрқмай
Оқтов, Қоратов устига чиқиб дўмбирани чертиб майдонга чиққан эди. Унинг отаси
Булбул “Ёвдан қўрққан менинг улим эмас…” дегич эди.
Жуман шоирга Булбул лақабини Бухоро амири Музаффархон берган. У
навкарларига ўз байроғи остидаги, Алпомиш авлодлари яшайдиган ҳудуддан
таърифи достон бўлган Жуман шоирни топиб келишни буюради. Айғоқчилар
шимол томонда ёв қўзғалганини еткарган эди, яқин келажакда ёв билан тўқнашиш
бу улус манглайига битганини ҳис қиларди.
Саройда шоир кўп, кўчада оқин, гўянда, бахши кўп, лекин Музаффархон
“Алпомиш”ни эшитгиси ‒ “Алпомиш”ни Алпомиш тилида эшитгиси келарди.
Улар Жуман шоирни топиб келишди. Кийик ейилди. Ҳофизлар тингланди. Гўзал
жононлар рақси томоша қилинди. Сўнг Жуман шоирга навбат келди. Музаффархон
ва аёнлари тонггача “Алпомиш”ни тинглади. Жуман шоир тонгда кетишга чоғланди.
Хон Хоссадан чиқиб ҳовуз ёнидаги сўрига жой қилишни тайинлади. Сабуҳий
қилаятган пайт хон:‒ Сиздай шоири бор эл ҳар мамлакатда ҳам бўлмас. Яна бир нарса десангиз… ‒ деган экан.
Жуман шоир хаёлга толади. Бошлайди:
№ 10 2025 111
Талант ТОЛЕРАНТ
…Боши бирикмаган элнинг айғоғи кўп, тайғоғи кўп,
Ўз ичидан ўт чиқарар қайроғи кўп, сайроғи кўп,
Бош-бошига қозикалон ‒олақуроқ байроғи кўп…
Кечгача яна бир достон айтиб беради, кечгача бир янги достон яралади. Шу
шу Жуман шоирга Музаффархон бош-оёқ сарпо кийдириб, белларига кумуш камар
боғлатиб, араби арғумоқ миндириб Булбул лақабини берган экан. Шу-шу Жуман
шоир эмас Жуманбулбул лақаби билан донг таратиб кетган экан.
Ёв эса келди. Юрт байроқсиз, эл эгасиз бўлди. Самарқанднинг муҳташам
миноралари ўрис босқинчилари томонидан ўққа тутилди. Масжид-мадрасалардан
одам оёғи узилди. Туркистон тевасиз молбозор бўлди. Босқинчилар алқовда,
жўмардлар “босқинчи”, “босмачи” деб аталди. Эшак отдан, безот зотдан устивор
бўлди. Оқ пошшонинг итлари ит теккан бу ўлкада даврини сурди.
Элнинг жигарини эзиб Алпомишни таъқиқлаб қўйганда илк бор Эргаш
Жуманбулбул ўрисдан қўрқмай Оқтов, Қоратов устига чиқиб дўмбирани
чертиб майдонга чиққан экан. Олманинг тагига олма тушади; бу элнинг барча
достонлари-ю достонлар тарихини билган буюк бахши Жуман Булбулдан Эргаш
тушган, Эргашдан Пўлкан тушган эди… Эвараси Комил Синдаров ёзувчи бўлган
бўлса, Комил Синдаровни невараси Жавоҳир Синдоров ақл бўйича ўзи сўзини
айтди. Шахмат тахтасида дунёни олди. Шундай қилиб олмани тагига олма тушади.
Шернинг боласи шер, бойқушнинг боласи қора ер бўлади. Эргаш Жуманбулбул
“Таржими ҳол” достонида ўзи ҳақида шундай ёзади: “Ўзим ўзбек, туркман
жамоатидан, уруғим асли қоракисса, қозиоёвлигига қўшилади…”
Бу достон қўнғиротлар, жузлар, туркманлар достонидир. Туркман дейилганда
хаёлингизга фақат Махтумқули ё Хоразм шевасига хос ё Ашхобод туркманлари
келмасин. Ўзбек ҳам умум туркдир, туркутдир, туркмандир. Қўнғиротга бир илдиз
бўлган ўзбекнинг ҳам туркман уруғи бордир. Форишга боринг, қишлоқларини
кезинг… Гарашага ўтинг. Қўшрободга ўтиб Қувкаллагача юринг… “Уруғинг
нима?” деб боболардан сўранг. “Туркман” дейди…
“Алпомиш” бирор бир ҳудуднинг эмас, бутун бир элатнинг достонидир.
Эргаш Жуманбулбул достонлари Тўрага таълим берганидан ‒ унинг сатрлари
ичидан чиқиб шоир Тўра Сулаймон бўлган экан. Эргаш Жуманбулбул асарлари
Тоғай Муродга таълим берган экан ‒ Тоғай Мурод асарлари Эргаш Жуманбулбул
айтимлари каби ҳар жумласи қўшиқдай ўқиладиган бўлди. Эргаш Жуманбулбул
нафаси ила Тоғай Мурод ёзувчиларнинг оқини, бахшиси бўлди. Эргаш Жуманбулбул
эл кеза достон айта туриб бори бахшиларга таълим берган экан. Бахшиман дегани
дўмбирани қўлга олса Эргаш Жуманбулбул кечган сувдан сув ичишга маҳкум эди.
Магар шундай эмас экан, ёғоч отда ёнма-ён бўлса ҳам ёлғон йиғларкан. Бахши
дегани ҳам шоир бўлади, ҳам улома ‒ элга сўз айта олиш даражасида. Овозини
ғар-ғара қилиш ё дўмбира чертиш билангина бахши бўлиб қолмайди кимса. Ер
санъатнинг эмас, ёмоннинг айбини яширади. Бу тарихий ҳужжат эди, аммо оми
қатлам эса бу ҳужжатни ҳам кўмиб йўқотиб юборишга ҳаракат қиларди. Музайяна
Алавия эмизикли боласини кўтарганча халқ термаларини излаб шу шаҳарга келган
экан. Пойи-пиёдалаб биз билган, ёд бўлиб кетган халқ термаларини шу шаҳарда
ёзиб олган экан. Ҳоди Зариф Алпомишнинг изини излаб шу шаҳарга келган ва
Эргаш Жуманбулбулдан халқ мероси учун “Алпомиш”ни ёзиб олган экан.
Боласини соғинган энанинг “Эмчагида сут чайқалиб боришлари…” каби сатрлар
ҳозирги “Алпомиш”ларда кўринмайди. “Бурнининг бу тешигидан кирган сичқон,
кейинги ҳафта у тешигидан чиқди…” каби сатрларга тўла, Эргаш Жуманбулбулдан
112
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
“Алпомиш”ни илиб кетган оми ва авом, китоб кўрмаган кўплаб бахшилар неча
минг йиллик тарихга эга бу “Алпомиш” достонига пилта милтиққача тиқди. Ҳар
бир бахши ўзидан қўшиб тўқиб кетади деган одамлар ёлғон айтади. Ҳар бир бахши
достонни ўз тилидан, элидан келиб сайқаллаб боради. “Алпомиш”ни илиб кетгач
шеваси шевасига тўғри келган ҳар элат, бу бизнинг достон дея можаро бошлади.
Кейинчалик эса шеваси тўғри келмаганлар ҳам бу бизнинг достон дедилар. Бундай
торта-тортдан “маҳаллийчи” шоирларга худо берди. Улар Эргаш Жуманбулбулни
билмай Болта бахшини тинглаб бахшиман деган ожиз бандалар эди. Мен айтаётган
элнинг аксариятини жуз дейишади. Жузмонсой ҳам ўша томонларда. Алпомиш
авлоди бўлмиш Жузмон ботир сойи! Бу ерда ўнта қиздан бирининг исми Барчин!
Мой оқадиган булоғу ўзи думалайдиган тошлар ҳам шу ерда бўлган. Сангижуманда
товуш чиқариб ўзи қимирлаб турадиган тошлар ҳануз бор дейди. Тошган сутлар
тошларда куйиб қотиб қолгани шу ерда. Жузмансойнинг Лангаридан ўтиб, Оқтовни
ошиб, сал кейинроқ Қоратовни ошиб кетаверсангиз Алпомиш юртига етиб борасиз
дейди. Қирғизлар ўрта жуз, ўзбеклар кичик жуз дейилган. Ўша кичик жуз ичида
уруғлар тақсимланган. Қўнғирот ҳам, қалмоқ ҳам, аймоқли ҳам ўша кичик жуз
ичида бўлган. Кейинчалик эса жузлар ўзбекнинг бир уруғи сифатида қаралиб
кетди. Бобур Шайбонийхондан енгилиб аскарлари билан ўша томонларга бекинган
дам, Алпомишнинг авлодлари унинг навкарлари бекиниши учун тепаликлар ичида
лаҳм ковлаган экан. Шайбонийхоннинг эса Алпомишга бир томчи қон бўлса-да
яқинлиги бор эди.
“Фолклоршунослик” фанидан “Алпомиш” достони шеваси ва ундаги сатрларни
таҳлил қилиб юрган пайтларим эди. Собир Ўнар тўй қиладиган бўлди. Ғиёс қўярда
қўймай гўшт ейишга олиб кетди. Меҳмонхонада меҳмонларни кута бошладим.
Олис қишлоқдан меҳмонлар оқиб кела бошлади. Юнусободда, беш қаватли домда
яшайдиган Собир Ўнарнинг хеш-ақробалари эшикдан эгилиб ва ёнбош кира
бошлади. Лоп этиб хаёлимга “Алпомиш” ва унинг алплари келди. “Оҳ-ҳо, бели
бовли алплар келди…” деб юбордим Ғиёс томонга қараб. Худо тилимга шу сўзни
солди. Собир Ўнар булар қаршисида кичкина одам бўлиб қолди. Ёзувчилар ичида
энг йириги Собир Ўнар. Таниганлар билади; паҳлавон келбат.
Бу паҳлавонкелбат одамлар уруғини, қишлоғини суруштиргим келди, бироқ ҳеч
мавриди бўлмади. Суҳбат қизиб бир-бирига уланиб борар эди. Уларнинг суҳбатига
маҳлиё бўлдим, тинмай гапирса қанийди деб ўтирардим. Талаффузига, шевасига,
товушига, айтаётган қочиримларига, маталларига, мақолларига, кулгусига эринмай
қулоқ солар ва асар тили билан солиштирардим. “Алпомиш” тилини шуларга
кўчириб қўйгандек. Асардаги муболағалар ҳам, мақоллар ҳам… айнан шу шевада
буларнинг тилида ўзидай жаранглар эди. Тил она алласи билан ё ота ҳуйё-ҳуси
билан қонга сингадиган ҳодиса.
Сўфи Оллоёрнинг рамзий қабри томон Тоғай Мурод қишлоғи Хўжасоатдан ўтиб
Вахшиворга юқорилаётган пайтимиз, мошиндан дўмбира овози кириб келаётган
эди. Биз адирда бир тўда бўлиб давра қилиб ўтирган одамлар томон юзландик.
Рулда кетаётган Олтинсой депутати Ҳамро Ҳожи орқа тарафда ўтирган Насафий
ва менга қайрилиб “Дўмбирани оҳангини қаранг; буларнинг таги Самарқандлик”
деди. Мен шаҳарга яқин ҳудудда катта бўлганман. Самарқандликларнинг дўмбира
чертишини хаёлимга сиғдирмай кулиб қўя қолган эдим.
Самарқанд шаҳрида Нафиса деган қизча бўларди. Узун сочларига таққан
жамалаги ҳам қадимий, кийган дўпписидаги нақшлар қадимий. Куйлакларидаги
кашта қилиб тўқилган рамзлар ҳам ажабтовур, жиякларига ҳам алламбалолар
қадалиб юрар эди. У чанқовуз чаларди. Самарқанддаги ёзарлар уйига чанқовуз
№ 10 2025 113
Талант ТОЛЕРАНТ
кўтариб келарди. Шу ердаги мактабда ё летсида ўқирди. Шаҳарда унинг бундай
соф миллий кийимда юриши, алламбало кашталарга ўчлиги, бошқа қизлардан
ажралиб яққол кўзга ташланарди. Мухтор Комил уни устози Зиёдулла Нурматовдан
“Бу қизчанинг исми Барчинми?” деб сўраган эди.
Мухтор Комил Алпомиш шаҳрида ўзини Алпомишдай ҳис қилиб юрарди.
Мухтор Комил бахшилар шаҳрида ўзини бахшидай ҳис қилиб юрар эди.
Мухтор Комил шоирлар шаҳрида ўзини шоирдай ҳис қилиб юрар эди.
Бир даврада Йўлдош Эшбек “Бойчибор”ни ўқиди. Унинг ички наърасида
қиличлар жаранги-ю, туёқлар дупури бор эди. Йўлдош Эшбекнинг мағрур, туриши,
алпкелбатлиги, кўзини камон тортган жангчидай бироз юмиб шеър ўқиши ўз
йўлига, Йўлдош Эшбекнинг ичида занжирни узолмай Алпомиш қамалиб қолгандай
эди. Шеър тугагач ёнимда ўтирган Мухтор:‒ Алпомиш қани? ‒ дея менга юзланди.
Бу даврадан ўн йиллар чамаси вақт ўтиб яхши кўрган заркокил синглим
Меҳриноз “Ака, ўтинг тадбир бор” деб манзил берди. Бордим. “Басталанган
ниҳол дасталари”нинг муҳташам анжуманлар саройи. “Дуел” экан. Ўзбек тилини
унутаётган, унутиб бўлган, тил Ватан кўриниши эканлигини англамаган ёшлар
лойиҳаси эди. Биринчи қаторга ўтирдим. Саҳнада икки кишига курси қўйилган.
Йўлдош Эшбек ва Мирзо Кенжабек саҳнага чиқиб келди. Қуролсиз. Ёшларни
судраб юрган Меҳриноз даврани олиб борди. У “секундант”. Биринчи Мирзо
Кенжабек оловли йиллари ёзган шеърларидан ўқиди. “Омонгул кетмоқда…”,
“Муҳаббат ҳам ибодат…” “Қоралар енгади…” “Сурхон боғларида гуллади
ўрик…” Барча шеър шукуҳидан маст эди. Кейин навбат Йўлдош Эшбекка келди.
“Секундант қиз” тутган микрофонни нари сурди. Бироз бўғиқ оҳангда: “Овозим
зални охиригача ҳам етиб боради” деди. У шеър ўқий бошлади. Битта-битта одам
йўқолиб борар эди. Бу жуда тез суратда амалга ошарди. Ҳаммани унинг шеъри ва
ички наъраси асир эта бошлади. Битта шеър тугар тугамас залда Йўлдош Эшбекдан
бошқа ҳеч ким қолмади. Унинг ичидаги англанмас наъра зални тўлиқ босиб олган
эди. Йўлдош Эшбек қулочини ёйганча саҳнада ёлғиз турар эди. Оғзи ланг очилиб
Йўлдош Эшбекни томоша қилаётган ёнимдаги шоир болага:‒ Алпомиш қани? ‒ дедим.
У менга жиннига қарагандай анграйибди. Шунақа авлод юзага чиққан
эди. Йўлдош Эшбекни илк эшитиши эди. Улар ўзидан бўлак бошқани ўқий
олмайдиганлар эди. Тадбир охирлашди; ҳамма бир-бирини қучиб тарихда қолиши
учун суратларга тушар, қўлини рагатка қилиб селпи қилар эди.


Мухторни ҳеч ким удда қилолмаган пайтлар Амир Темур хиёбонида ҳозирги
арчалар ўрнида баланд-баланд чинорлар бор эди. Биз шахмат томошасидан сўнг,
расмлар томошасига ўтардик. Пулимиз бўлмаса пиёда-пиёда Яҳё Тоғанинг уйига
кетар, пулимиз бўлса Гўзал маҳалла, Гўзал кўча ва хунук уйга кетардик. Уй
ҳақиқатдан ҳам хунук эди. Хунуклик дарвоза очилиши билан бошланарди. Ўрис
даврида ишланган бу қалин темир дарвозани ушлаб турган иккита устун танкни
ҳам кўтара оладиган даражада бақувват, занглаб кетган кўкимтир дарвоза худди
дорга осилган аёл иштонидай муаллақ ҳилпираб турарди. Бу баҳайбат дарвозага
қурбақани боласидай хитой қулфи осиқ турарди. Дарвозадан киргандан яна
битта занглаб кетган қизилтоб дарвозага дуч келинарди. Дарвозахонага яна битта
дарвозахона туширган эди. Бу узун “гараж” бўлиб уй олдини тўлиғича тўсиб
турарди. Ҳовлига ўтиш учун бу иккинчи дарвозани ёнидан қиялаб ўтиларди. Ёмғир
114
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
пайтлари ўтиб бўлмасди. Ҳам уй томидан, ҳам бу гараждан шу ўтиладиган йўлакка
сув шаллоба бўлиб тўкиларди. Уйнинг орқа томони эса “Янгиобод” бозоридан
келтирилган эски тусқи темир-терсагу, эшик – деразага тўла эди. Қуёшга қараган
бир кичик айвону ва иккихонадан иборат уй эди.
Пахса деворлари ораси касраткига, шифти майналарга тўла қўшимча бир хона
бўлиб ундан ошхона сифатида фойдаланар эдик. Иккита уйдан ҳам катта бўлган бу
ошхона ўртасида эса бурагичлари эриб кетган газплита ва Ўлжабой эритиб қўйган
чойнак бўларди. Ўртадаги ижодкорларга тегишли хонанинг пойдевори чуқур
ташланган, деразасига темир панжара ўрнатилгани билан эшиги қулфланмасди, бу
ерда авайлабгина юриларди. Полига ишонч йўқ эди.
Мухтор шу уйда анча вақт қўним топди. Ўлжабой унинг ёнига қишлоғидан
нон топиб есин дея бир нончига шогирдликка берган жиянини олиб келиб қўйди.
Қисмати оғир кечаётган Мухтор бу ерда жим яшар, гоҳ-гоҳида оқ кўйлак, қизил
бўйинтуруқ, жазмол чизиғи қўлни кесар даражада жазмолланган, ўта олифта
кийинган, ўз даврининг машҳур жаридачиси, радио мухбири Ўлжабой қўлида
жамодан ва хуржун билан пайдо бўлиб қолар, Мухтор Комилнинг ҳолатини кўриб:‒ Ачинаман. Яшашдан мақсади ҳам йўқ бир кимса, ‒ дерди ва жимгина жойига
чўзиларди.
Ўлжабой у дамлар шароб ичмас, бир қултум май ҳам ичиб кўрмаган,
ичадиганлардан нафратланарди. У тамаки чекмасди. Чекадиганлардан
нафратланарди. У жўравоз эмасди. Шахмат, карта, нарда, билярд, теннис, футбол
деган эрмаклардан жуда узоқ. Уларни ҳам мақсадсиз эрмак, вақт ўғриси деб билар,
доим шошиб юрар, ҳа ‒ Худо бу жони сабилга жуда кўп вақт берган бўлса-да вақти
йўқ одамдай шошиб яшарди. Ҳаётнинг қора томонларидан эгнига гард юқтирмаган,
тоза, ўта маданиятли йигит эди.
Мухторни гоҳ вино, гоҳ арақ кўтариб турли одамлар излаб келар, улар билан
тонггача суҳбат қурар, Ўлжабой эса уйқу босгунча бу қўноқлар суҳбатини тинглаб,
жойида чўзилиб ётарди.‒ Ҳаттоки келажакда одам бўлмайдиган Ўлжабойда ҳам “оригиналлик” бор!
Реал фикрлайди! Сенинг олиб келган винонгда ҳам, ёзган мақолаларингда ҳам
“оригиналлик” йўқ! ‒ деган эди “Олмос патқалам” мукофоти эгаси бўлган машҳур
журналистга Мухтор.
Жамиятнинг чиркин кўрпаси остида қолиб кетган Ўлжабой эса, ўзининг
“оригинал” эканлигини ҳис қилиб, уйқуга кетарди.
Мухтор авлиёсифат эди. Келажакда Ўлжабойга “сен одам бўлмадинг” деб таъна
қилувчилар кўп бўлди. Ака-укалари, қариндош уруғи, ҳатто Тошкентга еталаб олиб
келган жияни ҳам таъна қиларди. Ўлжабой ажойиб шеърлар, ажойиб ҳикоялар,
ажойиб мақолалар ёзарди. “Оригиналлиги” бор.
Мухторни сўраб келгувчи кўп эди. Украинадан бир хохол қуролдош дўсти излаб
келди. Тақирбош, қўрқинчли юз, эшикдан зўрға сиғадиган девқомат, баданлари
турли расмга тўла бу одамнинг ташрифи Ўлжабойнинг юрагига таҳлика солди;
Ўлжабой бунақа одамлардан йироқ юрарди. Уч кун қолиб кетган бу “дев”нинг
кўзига кўринмасликка ҳаракат қилди. Бу кетди-ю, Гўзал маҳаллага Мухторнинг
яна бир ё курсдош ё қуролдош дўсти ҳудуд нозири бўлиб келди. У Мухторни
кўрган куни, дастурхонга ҳамма нарсани тўкди-ю, ишни ҳам унутди. Бир ҳафта
ишга бормади; бу Жўшлик милиса бир ҳафта формасини ҳам ечмади: икки дўст
бир ҳафта ётиб ичди. Майёрнинг гапи кўп эди:‒
Уйим йўқ Тошкентда. Қайноғамникида тураман. Қайноғам улимни
уйлантираман, чиқ уйимдан деди. “Агар чиқарсанг ‒ синглингни қувиб юбораман”,
дедим… ‒ каби гаплари кўп эди.
№ 10 2025 115
Талант ТОЛЕРАНТ
Бу майёр келган пайти Ўлжабойнинг юрагига яна таҳлика кирди. У милисалардан
қўрқарди. Майёр ҳам кетгачгина Ўлжабой енгил нафас олди. Уй кенгайди. Кейинги
кун Ўлжабой ишга чиқиш учун жойидан эртароқ турди. Ҳовлидан тўртта помидор
териб келди. Ошхонада нима бўлса дастурхонга қўйди. Еб олди. Туфлиларини
артди. Кийинди. Эшикдан энди чиқаётган ҳам эди-ки, пишиллаб ухлаб ётган
Мухтор ўрнидан қўзғалиб:‒ Тўхтанг! ‒ деди.
Ўлжабой Қаршибой тўхтаб ортига бурилди.‒ Шеър эшитинг! ‒ деди кўзини ишқалаб Мухтор Комил ва бошида ётган бир
қўлёзмани олди-да шеърни ўқий бошлади:.
…На бўлар жондай кириб келсанг ўзинг
Гулбадан…
Ўлжабой радиога кетиши керак, Мухторнинг дийдиёси ёқмаётган эди. Шеърни
ўқиб бўлгач, Ўлжабой Мухтордан қўлёзмани олиб:‒ Нима бу? “А” ўрнига “И” ёзибсиз! “К” ўрнига “Г” ёзибсиз! ‒ дея
“маҳмадоналик” қилди. Мухтор шеърни ўқиб берганига пушаймон бўлди.
Мухтор шеърни ўз оҳангига қўйиб ёзар эди. Оҳанг юмшоқроқ оқиб келса “К”
ўрнига “Г” қўйиб кетарди. Учта шеъридан хотирасида қолган сатрлардан олиб,
битта шеър ёзиб, Ўлжабойга ўқиб берганди.
Ўлжабой хонага яна бир разм солди-ю чиқиб кетди. Хонада битта карват, битта
чириган алача ва деворни ўйиб қилинган тахмонда Мухтор Комил қўлёзмалари
бўларди. Бу шеър ҳам унинг чўнтагида анча вақт юрди. Андижонга Ўш театрининг
режиссори келганда Мухтор у билан кўришиб қолди. Мухторга бу режиссур роса
зиёфат берди. Еган оғиз уялади дегандай чўнтагидаги шеърни унга совға қилди;
қўшиб “Чолғучи” тахаллуси билан яна бир шеър берди. Даврада шеър сўровчи
кўпайди; барча шеърларини шеър ишқибозларига тарқатди.
Йиллар ўтди. Яҳё Тоғанинг ижодхонасида бир талай ижодкорлар ўтирган эдик,
радиодан қўшиқ янгради. Кейинчалик бу қўшиқ жуда номи билан машҳур бўлиб
кетди. Қўшиқ эшитмадан таралаётганда Мухтор Яҳё Тоғага қараб:‒ Тоға, эшитинг! Менинг шеърим, ‒ деди.‒ Қўнғироқ қил. Муаллифлик ҳуқуқини сўра, дастурхонимиз ноз-неъматга
тўлади, ‒ деди Яҳё Тоға.‒ Шарт эмас.
Мухтор Комилга шарт эмас эди; қачонлардир шеърни режуссирга совға қилиб
юборганди. Бу шеърнинг асл матни эса умуман бошқача тарих. Мухтор кўрсатмада
ишлаб юрган кезлари ижодий сафар билан Қашқадарёнинг тоғли ҳудудларига
боради. Бир чўпонникига қўнади. Чўпоннинг орқама кейин балоғатга етган учта
қизи бор эди: Дарёдил, Гулбадан, Ойтиниқ! Мухтор бу гўзал қизларнинг исмларига
ошиқ бўлиб қолади. Исмларини қайта-қайта такрорлайди; Ойтиниқ! Гулбадан!
Дарёдил! Қизлар ҳам бу кўзга яққол ташланадиган, ўктам шоир йигитга бефарқ
эмас, униси дастурхон тузса, буниси чой олиб кирарди. Менга атаб шеър ёзинг дея
ҳазиллашарди. Мухтор кетаётган куни хонтахта устида бу учта қизга аталган, учта
шеър ‒ қўлёзма қолдириб кетганди. Ўша куни Ўлжабойга ўқиб берган қўлёзмага
термулганда хаёлида Гулбадан эди.
Мухторнинг қайси шеъри қўшиқ бўлса, бутун эл эшитадиган ашулага айланарди.
Ҳофизларнинг қадрини кўтариб юборар эди. Мухтор ёш уйланган. Ёшлик чоғларида
биринчи муҳаббати бўлган тожик қизга атаб ёзган шеъри Охунжон Мадалиевни
юлдузга айлантириб юборганди. Шеърнинг асл матни шундай:
116
Шарқ юлдузи
Панжшер қўшиғи
Юракнинг бир банди узилган кеча…
Асрлар сингари чўзилган кеча.
Чимилдиқ ичида сенинг ўрнингда,
Ўзга бир келинчак сузилган кеча…
Юракнинг бир банди узилган кеча…
Мен басир эдимми, ишқми кўзи кўр?
Қисматми пойимга ташланувчи тўр?
Ёмғирми бу ёғган, ёшми билмадим,
Лабларимга томган томчи эди шўр!
Мен басир эдимми, ишқми кўзи кўр?
Тақдирми бошимда ўйнаган қамчи?
Сочингми армоним учган арғамчи?
Чорлагандай бўлар кимдир олисдан,
Бу яна сенмисан… ўша алдамчи?
Тақдирми бошимда ўйнаган қамчи?
Бошимни боғлашди… боғландим мана,
Қалбимни доғлашди, доғландим мана.
Сенинг ҳузурингга бормоқчи бўлиб,
Неча бор чоғландим, чоғландим мана.
Бошимни боғлашди… боғландим мана.
Юракнинг бир банди узилган кеча…
Бу унинг илк шеърларидан бири ва у ёшлигидан шеъриятдан хабардор эди.
Жаҳон шеъриятидан хабардор эди. “Сочингми армоним учган арғамчи…” Бундай
сатрларни топа билиш учун шоирлик поғонасидан ўтилган ‒ бу поғонани у
ёшлигида босиб ўтган. Шеър ёзиш қисмати эканлигини ёшлигидан англаган эди.
Ёшлигида бир туркум шеър ва суратини хат орқали “Шарқ юлдузи” журналига
юборган эди. Тўқсонинчи йиллар бошида бу шеър билан бирга учта шеъри “Шарқ
юлдузи”да чоп этилган. Ва бу Мухтор Комилнинг республика миқёсидаги адабий
журналда чоп этилишининг биринчиси ва охиргиси эди. Охунжон Мадалиев шу
шеърни ёд ўқиб:‒ Дўстим, шу шеър сизники экан. Шуни қўшиқ қилмоқчиман. Нақоратини ҳам
келиштириб берсангиз, ‒ деди.‒ Йиғладим, билмадим, бормадим… деб ҳар байт охирида такрор айтинг ‒ ана
сизга нақорат тайёр, ‒ деди ўта эринчоқ Мухтор.
Охунжон унинг айтганини қилди. Шеър бироз ўзгарган ҳолатда бўлса
да “чимилдиқ ичида севган қизини эмас, бошқа ёрни қучиб ётганлар” дарди
Ўзбекистон бўйлаб таралди.


… Яна ўлим, яна куйган эт ҳиди.
Охирги аскар ҳам йиқилди. У охирги аскардан тирқираётган қонга қараб туриб
оҳиста сирғалиб қуйироққа тушди. Боши-ю юзига тортилган зимпўшга сачраган
қонларни тозалади. Икки кўзи ола-кула бўлиб атрофга қаради. Зимпўшни ечиб
№ 10 2025 117
Талант ТОЛЕРАНТ
ташлади. Ёнидаги тошга келиб теккан ўқдан олов сачради; тош сачради. Тутун ва
чангга аралашиб кетди. Ўқ қайдан келаётганини аниқлаб, тепкини босди. Тепкини
босганда кўрсатгич бармоғидан бошланган ҳаётбахш шуур бутун танасига ёйилди.
Юзини шодумонлик, қалбини наъша қамради. Одам ўлдирганидан хурсанд бўлиб
кетди. Осмонга қараб чалқанча ётиб олди. Одамларнинг шоирлар чумолига ҳам озор
бермайди деб айтишларини ҳаётида синади. Одам ўлдириш фожиа, шоирнинг одам
ўлдириши икки карра фожиа эканлигини ҳис этди. Эҳтимол, фақат урушдагина шоир
шундай қотилга айланиши мумкин. Йўқ, исталган пайти шоирлар қўлига қурол ола
билади. Хаёлидан зув этиб ўтган шунақа фикрлар билан бироз жим қолди. Кейин
нечта одам ўлдирганини ҳисоблай бошлади. Қўллари сим билан бойланган, узун оқ
иштони қонга беланиб ётган мужоҳиднинг устига бензин қўйиб ёқиб юборган эди.
Мактабни ўққа тутишган эди, касалхонани ўққа тутишган эди. Соқчилик қилган
пайт мужоҳидлар ўттизга яқин аскарнинг калласини кесиб кетишганда, у биттасини
отиб қололган эди. У шу хаёллар билан осмонга қараб жим ётарди. Атрофида
битта-иккита инграган овоз, гўштнинг жизиллаши, нарироқда ёнаётган балоннинг
гуруллаши-ю чисир-чисир овози бор. “Ҳақ” этиб қайсидир аскар ё мужоҳиднинг
жон узиши эшитилади. У ҳеч кимга ёрдамга бормади. Жойидан қўзғалса отилиб
кетишидан қўрқди. Ҳаёт эса жуда қадрли. Инсоннинг барча қувончу ташвишлари,
олаётган нафаси барча-барчаси ҳаёт билан боғлиқ. Ҳаёт ўлимни назарга илгиси
келмайди. Ўлим рўпарасида ўйнаб яшагиси келади. Аммо, ўлим барҳақ!
Ёрдам беришга ҳуши ҳам, мажоли ҳам йўқ эди. Мухторнинг ўзида ўлим йўқ эди,
ўлим Мухторда бўлганда; Мухтор бор бўлмас эди. Яна бир аскарнинг жони узилди.
Мухтор қулоқлари билан бу узилишни ҳам эшитди. Ҳаёт билан видолашаётганда у
аскарга ўлим даҳшати сезилмади; ақл-идроки ўлимни ҳис қилмади. Фақат оғриқда
бўғриққан танаси, юраги, томирлари, ҳар бир ҳужайраси бу даҳшатни ҳис қилиб,
ўлимга қарши курашди; енгилди. Мухтор эса ўликлар ичида ўлимдан қўрқмай
яшаётганди. Бўлиши муқаррар ҳодисадан қўрқиш унга хос эмасди. У умрнинг
узунлигини, ўлимнинг эса жуда қисқа эканлигини билди.
Уч кунлик уйқусизлик забтига олар, уни уйқудан ҳам, ўлимдан ҳам яшашга
бўлган умид ушлаб турарди. Толиққан вужуд ва азобланган қалб учун ҳеч нарса
умиддек малҳам бўла олмайди. Бу даҳшатли воқеалардан юраги ёрилиб ўлмаслиги
учун ҳам Мухторни умид ушлаб турарди.
Атроф тўла мурда. Қирғин дарахт шохида эмас, одамлар бошида юришини ҳис
қилди. Ўликлар ичида уйқуга кетди. Қанча вақт ухлади ‒ билмайди. Кўзини очганида
кун ботай деб қолганди. Ботаётган қуёшни томоша қилди. Уфқ ортига йўл-йўл
чизиқлар тушди. Уфқ ортида зангори йўл ҳосил бўлди. Бир соатлар тикилиб ётди.
Яна уйқуга кетди. Тунда бойқушлар босди, тонгда баҳайбат ўлаксахўр қушлар босди.
Тумшуғига илашган этни жиғилдонига ютишар эди. Мухтор бошигача ёпиб олган
бўшлатини сидирди. “Гийқ-ғийя-ғийқ-а” қилишиб қушлар тўзиб қолди. Бу ўликлар
фақат қушларга тегишлидек Мухторга ҳам ҳужум қилишга шайланарди. Мухтор
автоматни олдида тариллатиб ўқ узди. Қушлар қочишди, узоққа эмас нарироққа
қочишди. Бунча ўлжани ташлаб кетиб бўлмасди. У жойидан туриб атрофга назар
солди, биргина тирик жон ё чалажон йўқ. Нарироқда салласи чуваланиб, яктагига
ёрилган қорни тўкилиб биргина мужоҳид ихрар, ўлолмай инграрди. Мухтор унинг
устига борди-да, автоматдан ўқ узиб қўя қолди. Кўтарганича озиқ-овқат ва ўқ-дори
олиб, йўлга тушди, боши оққан томонга тушди. Жангга кирган сафдошлари ҳам,
рақиб бўлган мужоҳидлар ҳам ерга ўғитдек сочилган. Буларни кўмишга Мухторда
шашт ҳам, куч ҳам етмасди. Буларни кўмишга ҳафталар керак бўларди. Бу тоғлар,
даралар орасида буларни излайдиган тирик жон чиқиши амримаҳол. У бошини
қуйи солганча кетарди. Шу зайл тонг отар, шу зайл кун ботар эди. У тошларга
қоқилиб, йўлларга суриниб кетар ‒ ҳоҳ мужоҳид бўлсин, ҳоҳ совет аскари, ҳоҳ бир
чўпон… у фақат тирик одам излаб кетар эди.
Ўн кунлар чамаси вақт ўтиб бир тўда кўкарларга дуч келди. Мухтор уларнинг
на тилига тушунди, на динига, на ўзларига… Мухтор бу дунёнинг қилиқларидан
ҳайрон бўлиб тоғлар орасига сингиб кетди.
О, бу тоғлар!
Фақат қон билан безалган тошлар!
Ўта қолоқ пуштун қабилаларининг эл бўламан деб асрий курашлари эвазига
тўкилган қонлар! Озод қабилаларнинг бирлашиб мамлакат тузишга интилишлари.
Тоғли қабилалар эгаси; бобурийлар томонда бўлиб курашган Малик Тор ерли
рошанийларга қарши курашган эди. У рошанийларга шундай деган эди: “Ҳар
қандай буйруғингни бажаришга тайёрман, бироқ уйим ва маконимни бошқариш
ҳуқуқини бермайман”. Тарқоқ афғон қабилаларида шу тоғлардек ғурур бор эди.
Малик Торнинг жияни буюк шоир Хушҳолхон Ҳаттак эса озодлик
курашининг яловбардори бўлди. Буюк бобурийлар империясига қарши бош
кўтарди. У бобурийларга шу сўзни айтди: “Ҳар қандай буйруғингни бажаришга
тайёрман, бироқ уйим ва қабилаларимни бошқариш ҳуқуқини бермайман”. У
Деҳлида Аврангзеб томонидан ҳибсга олинди. Бу буюк жангчининг шоирлиги,
файласуфлигидан хабардор Аврангзеб уни ўлдиришга кўзи қиймади. Қўйиб юборди.
Унинг шоирлигини билиб қўйиб юборди. Шоирни ўлдириб бўлмайди! Шоирлар
давлат тузса, барчани бир байроқ остида бирлаштира оладиган давлат тузишидан
хабардор бўлса-да қўйиб юборди. Аврангзебнинг аждодлари ‒ Ҳусайн Бойқародан
Ҳумоюнгача шоир эди. Темурбекнинг шеърдан хабари бор эди. Улар улкан ва
гуллаган давлат тузган эдилар. Бобоси Бобур икки юзта навкар билан саросар кезиб
бир катта империя тузган эди. Хушҳолхон Ҳаттакдан кўнгли алағда бўлди, аммо
озод қилди. Озод қилинган Хушҳолхон Ҳаттак бобурийлар империясига қарши
озодлик ҳаракатларини бошлаб юборди. Пуштун қабилаларини бирлашишга,
миллат бўлиб шаклланишига, бобурийларга қарши курашишга чақирди. Яловни
ўз қўлига олди. Етакчига айланди. Унинг қабр тошида шундай сўзлар битилган:
“Афғонлар шаъни ва ор-номуси учун қўлимга қурол олдим. Менким Хушҳолхон
Ҳаттак ўз даврининг ғурурли ва мағрур инсониман!” унинг бутун ҳаёт йўли жанг
билан, кураш билан ўтди. Жанговор шеърлар яратди. Унинг мафкураси асосида
мустақил афғон давлатини ташкил этиш ғояси юзага қалқди. Афғон давлати
шакллана бошлади.
Ўн саккизнчи аср бошларига барча афғон қабилалари бирлашади. Хушҳолхон
Ҳаттак оламни тарк этган бўлса-да, унинг “Лойя Жирға”си ва “Сайлов” каби
орзулари амалга ошди. Дунё эса ҳали бу даврда Людовигу Напалион деб юрарди.
Лойя Жирғага бутун афғон қабилалари сардорлари йиғилишиб ҳукмдор сайлаш
масалаларини кўриб чиқади. Ўртада эса бобурийларга тегишли бўлган, эрон шоҳи
Нодиршоҳ Ҳиндистонга юриши пайти қўлга киритган, Нодиршоҳ суиқасд билан
ўлдирилгач пуштун қабилаларининг бирининг сардори Аҳмадшоҳ томонидан олиб
келинган машҳур “Кўҳи Нур” олмоси турарди. Ким ҳукмдор бўлса ҳукмдорлик
рамзи сифатида ўша олмосни сайланган ҳукмдор сақлаши керак эди. Бу беш йиллик
сайлов тизими демократиянинг илк кўриниши бўлиб, ҳукмдорлик номзодлигига
афғон қабилаларининг етакчилари ‒ Ҳожи Жамолхон Баракзой, Насруллохон
Нурзой, Муҳаббатхон Поползой, Мусохон Исъҳоқзой, Нур Муҳаммадхон ва
Аҳмадхон Садозой бор ва уларнинг барчаси номзод эди. Абдалий қабиласининг
баракзой уруғи етакчиси Ҳожи Жамолхон Баракзой ва дурронийлар қабиласи
етакчиси йигирма уч ёшли Аҳмадхон Садозой тенг овоз олади. Бошқалардан
кўра кўп овоз олган Аҳмадхон Садозой Лойя Жирға сайловида саккиз марта овоз
беришдан сўнг ғолиб чиқади. Тенг овозга эга бўлган бу иккаласининг қай бири
бир овоз ортиқча олиши масаласини ўйлар эди. Масалани суфийлик тариқатининг
етакчиси Собиршонинг бир овози ҳал қилади.
Бу бутун дунёда инсонларнинг қадри ва тенглигини кўрсатишга қаратилган илк
ҳодиса эди. Жамолхон Баракзой ҳам рақибини қўллаб, ўз овозини ҳам унга беради.
Садозой “шоҳлик” ёрлиғини олади, баъят қабул қилади.
Мунтазам қўшинга эга давлатни барпо этади.
Махсус хизматни йўлга қўяди. Бу хизматни Эрондан келтирилган қизилбошлар
бажаради.
У ерларни кенгайтиришга ҳаракат қилади.
Тарқоқ хонликлар: Панжоб, Машҳад, Кобул, Ғазна, Нишопур Сеистон, Балх,
Қундуз, Шивирғон, Маймана, Андихўй, Жамму, Кашмир, Бежилистонни босиб
олади. Омонуллахон даврига келиб ягона Афғонистон Республикаси ташкил
этилади. Омонуллахон “Озодлик тақдим этилмайди, қатъий курашларда қўлга
киритилади” деган гапини Миср парламентида сўзлаган нутқида айтган эди.


Қишлоқда анча вақт қолиб кетдим. Тошкентга келганимда Мухторни изладим.
…Озорланиб ор устига
От солма ночор устига,
Ёр олма ёр устига,
Ёрингдан айрилмай десанг…
…Мудҳиш сирни менга ўзинг оч,
Йиғламоқда нечун қалдирғоч?
Қаро кўзли ўша чилвирсоч
Баҳор, менинг баҳорим қани?…
… Қайғу дарахтлари гуллаб бўлдилар,
Юлдузлар тўкилди баргихазондай…
сатрлари каби ўзи ҳам самимий бу шоир қоровулхонада йўқ эди.
Амир Темур хиёбонига бордим. У ерда ҳам йўқ.
Нурилла Остоннинг уйига бордим.‒ Анчадан буён кўрганим йўқ, эҳтимол Яҳёникидадир, ‒ деди Нурулла Остон.
“Ғафур Ғулом” метросидан чиқиб, Себзор томон кетаётсам катта чорраҳанинг
бурчагида таниш юз кўринди. Секин яқинлашдим. У бироз қорин қўйган,
буғдойранг чеҳраси яна-да қорайиб кетган, икки лунжи тўлишиб, осилиб қолган,
бошида арабларнинг оддий оқ дўпписи, эгнида юқа; енги калта тугмасиз куйлак.
Қўлини гоҳ баланд, гоҳ паст қилиб кўрсатгич бармоғи билан бир тўда тарвуз
уюмидаги тарвузларни санар, эски халқ қўшиқларидан:
Куйди, жоним куйди,
Менинг жоним куйди.
Суйганим суйсираб
Яна кимни суйди… ‒ дея хиргойи қилар, тарвуз санаб қўшиқ айтаяптими, ё
қўшиқ айтиб тарвуз санаяптими деб кулиб қарадим. У ўз хаёли ичида эди.
Ёнига бориб:‒ Ҳукумат янги тадбиркорлигингизни қўллаб-қўлтиқлаб кетаяптими? ‒ дедим.
Катта-катта кўзлари жиққа ёшга тўлди. Темир тишини кўрсатиб нуқул илжаяди.
Ёрти тарвуз устида турган пичоқни олиб битта тарвузни қоқ иккига бўлди. У
меҳмон қилишга тараддуд кўрар, чўғ босган товуқдай типирчилар, жой тополмас
эди. Тарвуз бошида ухлаш учун битта тахта карвати ва битта истолча бор эди.
Карват устида пиджаги ва кечқурун ёпиниб ухлаш учун пўшма бор эди. Устига
латта ёпиб қўйилган қоғоз қутини очди-да қўлимга бир даста пул тутди:‒ Бу сенга улуфа, бозорлик қилиб кел Тоғанинг уйига ўтамиз, ‒ деди.
Тоғанинг уйи яқин эди. Бир хуржун бозорлик ва иккита тарвуз қўлтиқлаб
Тоғанинг уйига бордик. Қадрдон ижодхонага жойлашдик. Тарвузлар ва қовунлар
ҳақида гаплашдик. Уюм тарвуз уюмлигича қолди, келган мижозлар қайтиб кетди.
Бир ой тарвуз сотдик. У ҳар ҳафта Қўйлиқдан бир мошин тарвуз улгуржи олиб келиб
туширтирарди. Бир ҳафтада тарвузлар охирлаб қолар, ортиб қолган тарвузларни
бепул тарқатарди. Улгуржи олинганда битта тарвуз юз сўмдан тушса, донабай
сотилганда албатта икки юз сўмдан камига сотилмасди. Эл қатори дегани шу
эди. Тарвузларни ҳеч ким ўғирлаб кетмас, бу ер қовун ўғирлайдиган Сиёб бозори
эмасди. Шаҳарнинг маркази, кечалар ёруғ. Олса милисалар битта-иккита олиб
кетади холос. У юкларини шу ҳолича ташлаб, дўстлари билан улфатчилик қилар ва
яна тарвуз бошига келар, ярим кеча карватига чўзилиб мизғиб оларди. Мен эрталаб
келган вақтни ёзиб, қўл қўйиб кирадиган, оқшом кетишда ҳам чиққан вақтни қўл
қўйиб, имзолаб чиқадиган аллақандай идорага ишга кирдим. Ҳар-ҳар замон вақт
топиб борадиган бўлдим. Шоирни сўраб турар эдим. Бир кун борсам Мухторнинг
тахта карвати ва лаш-лушлари йўқ. Ўн-ўн бешта тарвуз чанг босиб уюлиб турибди.
Атрофдагилардан суриштирдим. Милисалар билан уришиб қолибди. Вазиятни
англадим. Бирор кун тарвуз бермаган бўлса, “Кўча бошида тарвуз сотиш мумкин
эмас, бозорга бориб сот” деган. Ва жанжал чиққан. Индамай қўя қолдим. Яна пайдо
бўлишини кутдим.
Кун ўтди. Ҳафта ўтди. Ой ўтди. Йил ўтди. У пайдо бўлмади.
Тошкент катта шаҳар гоҳ бир маҳаллада яшайдиган одаминг билан ҳам ўн йилда
бир дуч келмайсан. Аммо Мухтор билан ҳафтада бир бўлса-да тўқнашиб қолардик.
Уни таниганлардан сўрадим. Билмадим дегандек елка қисишди. Баъзи дўстлари
“У сени танишинг, биз қайдан биламиз”, деб иддао қилишди. Баъзи “буюклар”:
“Мухтор йўқолдими?” деди кўзларида шодумонлик чақнаб. Бу тарвуз сотувчи
кўплаб “буюк”ларга ўз даражасини кўрсатиб қўйган, Мухторнинг йўқолиши уларга
байрам эди.
Мухтор қайтиб пайдо бўлмади. У келмади.
Ёзарлар уйи бундай шоир борлигидан, иқтидодий-ижтимоий ҳолати
қандайлигидан ўзини бехабар тутиши аниқ эди. Ёндафтаримдаги манзил бўйича
уни излаб Китобга кетдим. Ахтардим, топдим. Китоб шаҳридан унча узоқ эмас.
Палангдарага кетадиган йўлдан ўнгга қайрилгандаги маҳалла экан. Шаҳардан
пиёда борса бўлади. Қуёшга қараб солинган, оч кўк рангли темир дарвозаси бор
уй. Бу уйдан алоҳида қилиб ёнидан, пойдевори баланд катта бир хона солинган,
уйдан пастроққа қараб энилса ‒ Жиннидарё шовуллаб оқиб ётибди.
Барваста, оқ юзлик, ўктам йигит дарвозани очди; Мухторнинг ўғли. Ўзини
таништириб, ичкари етаклади. Ўша алоҳида солинган хонадан киприкларигача
жўхорининг чангига беланган Мухтор “Замонга мос оқаяпмиз” дея чиқиб келди. У
қайдандир “кукуруз” ишлаб чиқарадиган ускуна топиб келган. У “кукуруз” ишлаб
чиқарар эди. Савдогарлар уйидан келиб улгуржи олиб кетар, бу хона жўхори-ю,
қоп-қоп “кукуруз”га тўла эди. Офтобада юз-қўлини чала-нимкала ювди-да,
ичкари тортди. Ўғли дастурхон тузди, ош-нон тахлади. Дастурхон бошида ўғлини
таништирди:‒ Бу …. Адабиётни тушунмайди, савдогар! ‒ деди ўзи ҳеч қачон савдогарлик
қилмагандай. Бу элларда ўғлини “мол” дейиши бу ўғил учун отадан эшитадиган энг
ширин сўз. Бу кулиб турган барваста йигит бироз хижолат бўлиб, узр сўраб, ишга
кечикаётганини айтди. Отасининг олдида уялиб, қимматбаҳо соату занжирларини
кўрсатмай тақишга уринаётган бу йигит дарвозани ланг очди-да, сўнги русумдаги
мошинни зингиллатганча кўздан ғойиб бўлди. Мухтор шеърлар ўқиди:


…Бахтим қуши хор бошимдан кетди учиб,
Кафтимда сув тутдим, жайрон ичди чўчиб.
Жайронгинам, жонинг титрар қароғимда,
Мен ҳам сендик бечораман, дедим, қучиб,
Жайрон ётган қароғимда жой кам, деманг,
Соғинсангиз мен қайтаман, ҳеч ғам еманг.
Қаранг… кўкда ёлғиз бир қуш бўзлаб тушар,
Қарчиғайдан қочиб паноҳ излаб тушар.
Фиғонимиз етмагайдир фалакка, ёр,
Оҳ-зоримиз жола бўлар, музлаб тушар.
Дил дардига кўз ёшини малҳам деманг,
Соғинсангиз мен қайтаман, ҳеч ғам еманг.
Қора кунда кўру соғнинг туртмоғи бор,
Қўшиқ айтсам, бўғзимни сўз йиртмоғи бор.
Қатлим учун дор олдига келар бўлсам,
Толеимга сочингизнинг сиртмоғи бор.
Мендан олис кетмоқдасиз сиз ҳам, деманг,
Соғинсангиз мен қайтаман, ҳеч ғам еманг…


Шеър сурурини бўлиб дарвозадан чуғурлашганча Мухторнинг аёли, қизи,
келини, набираси кириб келди. Уларни таништирди-да:‒ Кетдик. Аял давлат аҳамиятига молик ишларни бузади! ‒ деди.
Биз кетдик. Китоб шаҳрига тушиб пивахўрлик қилдик. Дарё бўйларида
балиқхўрлик қилдик. Мен Тошкентга қайтдим. Қайтаётганимда Мухтор Комил
кўзларида жиққа ёш эди, кўзёшини билдирмасдан енгининг учи билан артиб қўяр
эди. Унинг ичида илтижо бор эди. “Мени Тошкентга олиб кет! Бу занжирларни узиб
кетолмаяпман. Инсон бахтдан ҳам ўлиши мумкин. Оилам ардоғида жуда бахтлиман,
бироқ менга ижод керак, мен Тошкентга кетишим керак!” деган илтижо бор эди.
Кун ўтди. Ҳафта ўтди. Ой ўтди. Бир кун “Мухтор Комил ўлибди” деган гап
тарқалди. “Ўлигини тополмабди. ДНКаси тўғри келмабди. Бўри ғажиган экан. Бўри
еб кетибди. Кийимлари шуники экан” деган турли мишмишлар бор эди. Кўпчилик
мендан “Мухтор ўлибдими?” деб сўрар, менинг эса жавобим йўқ эди.‒ Мухтор ўлибдими? У одамнинг ўлишига ишонмайман. Йўқ, одамнинг
ўлишига ишонаман. Лекин уни бўри еб кетганига ишонмайман. Йўқ, бу ерда бир
гап бор… ‒ деди Ўлжабой Қаршибой.‒ Шу гап ростми? ‒ дея ишонқирамай яхши хабар кутиб термуларди Тоға.‒ Эшитдингми? Мухтор ўлибди! Бўри еб кетибди! Лекин ишонмайман! У
бўриларни доғда қолдирадиган бола эди! ‒ деди Нурулла Остон.‒ Ўлиги чиқиши керак-ку! Ё тоғлик чўпонлар нимталабдими? Жанжалкаш йигит
эди. Милисалар ишни очолмай бўри еган деб “ёпди-ёпди” қилгандир. Улардан
ҳар балони кутса бўлади. Тили ёмон эди, балки душманлари бир ёқли қилгандир!
Ўлганига ишонгим келмаяпти, ‒ деди яна кимдир.
Унинг ўлганига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. У ўлмаган эди. Мен ҳам
ишонмадим. Мухтор ўладиган йигит эмасди. Унинг тиши темир эди. Бўриларнинг
тишидан ўткир тиш соҳиби эди. У бўриларни ғажий оларди.
Қирқи берилди. Йили берилди. Қайнарда қабри бор. Уни таниган ижодкорлар
унинг қабрини зиёрат қиладиган бўлди. Уни кўкрагидан нари сурганлар ҳам у
ҳақида хотиралар ёзадиган бўлди. Ўлимига ишониб ёлғон йиғлайдиганлар кўпайди.
Отасининг ўлганига, бўри еганига қизи ишонмади. Мурдасини ҳеч ким
кўрмаган. Уни кўрганлар фақат тиригида кўрган. У ўлигини кўрсатадиган, ўлигини
бировнинг елкасига ташлайдиган одам эмас эди.
“Отамнинг дунёдан ўтганига ишонмайман. Самарқандлик қариндошларимиз
Тожикистонга ўтказиб юборган деган хабарлар бор. Отам ҳадемай қайтиб келади!”
деди Мухтор Комилнинг қизи.
Жўрабекнинг вафотидан, Искандарнинг кетганидан, Мухторнинг йўқолганидан
афсусландим. Булар менинг сотилмаган, сотмайдиган дўстларим эди. Уларга
айтадиган гапим кўп эди. Уларнинг дунёга айтадиган ҳикматлари кўп эди.
Инсон бу дунёнинг ҳикматларига ечим тополмай ҳалок бўлади…


“… Дарвеш қизим, сенга эртак айтолмадим…
Дарвеш қизим, ахир бешикда бола ухлаётган дам алладан бўлак қўшиқ
айтилмайди. Ўқ отилмайди…”
Мана – йўргакдан чиқдинг, йўрғаладинг – энди қўшиқ айтсам бўлади. Қайси
қўшиқни куйлай?
Бу айтарим сенга ясаган ҳалинчагимдай… Мувозанати йўқ, чайқалиб туради.
Ватан қучоғида бир умр бола бўлиб яшашимизни уқдирмоқчидай…
Лекин дунёда ҳали уруш тугагани йўқ!
Урушнинг эса фақат иккита қўшиғи бор: бири ўлим, бири эрк ҳақида.
Ушбу ёзганларимдан бирор ҳикмат топган бўлсанг ‒ умрим зое кетмабди.
Қайрилишнинг имкони йўқ ‒ учта йўл бор: туғилиш, ўлим ва умр йўли. Умрбод
ҳақ томон бўл!”


2022 йил. Август.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 10-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil