Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ДАВР ҚАҲРАМОНЛАРИ ҚИССАСИ

Дамин ТЎРАЕВ – 1946 йилда туғилган. Қарши давлат педагогика институтининг
ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Ҳаёт ва сюжет”, “Ўзбек адабиётида
реализм масалалари”, “Бадиий талқин йўлларида”, “Ўзбек романларида бадиий тафаккур
ва маҳорат муаммоси”, “Давр ва ижод масъулияти”, “Рангин тасвирлар жилоси”, “Янги
ўзбек адабиёти”, “Мумтоз ижод сабоқлари”, “Ҳаёт манзаралари” каби монография,
рисола ва эсселари нашр этилган.


Қайси жанрда бўлишидан қатъий назар ҳар қандай бадиий асар яратишнинг йўл
ва имкониятлари турли-туманлиги биринчи ўринда ижодкорнинг ҳаётий тажрибаси,
дунёқараши, даврга муносабати ўз услубини ифодалайди. Масалан, Абдулла
Қаҳҳорнинг “Бемор”, “Анор”, “Кўр кўзнинг очилиши”, “Адабиёт муаллими”
каби ҳикояларида улуғ адиб халқ ҳаётидаги воқеаларни бешафқат реаллик орқали
ифодалаш билан бирга ўша давр манзарасини ҳам тўлақонли тасвирлашга эришган
бўлса, Ғафур Ғулом “Ёдгор”, “Менинг ўғригина болам”, “Тирилган мурда”, “Вақт”
каби асарларида ўзи гувоҳи бўлган долғали воқеаларни жонли акс эттирган.
Бадиий асарнинг тез нишона бериши, шубҳасиз, биринчи ўринда ёзувчи
тафаккурида узоқ вақт ишланган сюжетда ифодаланадиган ғоянинг қай йўсинда
топилганига боғлиқ. Масалан, бирор мавзуда асар яратиш нияти туғилиб, ёзувчи
ихтиёрида ҳаётий материаллар ҳам етарли бўлсада, сюжетда ифодаланадиган ғоя
ҳали ноаниқ экан, ҳар қанча ахборот, ҳаётий тажриба ва кузатувлар кўп бўлишига
қарамай ҳақиқий санъат асари юзага келмайди.
ХХ аср ўзбек насри тараққиётида янги саҳифа очган атоқли адиб Пиримқул
Қодиров асарлари эса адабиёт аҳли ва ўқирманлар учун давр қаҳрамонларини
яратиш, реал воқеликлар, улардаги мураккаб муаммолар, ҳаётнинг турли
соҳаларидаги ижтимоий силжишлар, замондошлар тафаккуридаги ўзгаришларни
ўзига хос тасвирлаш услуби билан қимматли. Айниқса, ёшлар ҳаёти ва маънавияти
ҳақида ҳикоя қилувчи “Студентлар”, “Қадрим”, “Уч илдиз”, “Қора кўзлар” каби
асарлари бунга ёрқин мисол бўла олади.
Албатта, ҳар бир ёзувчи у ёки бу мавзуни қаламга оларкан, китобхонга ҳаёт
ҳақида қандайдир янги бир нарсани айтишни мақсад қилади. Ҳаётдаги ҳар
қандай янгилик эса ҳамма вақт тараққиёт танъемсини ўз ичига кўтаринкилик
сифатида сингдиради. Шу маънода, адибнинг 1968 йилда ёзилган “Эрк” қиссаси
ҳам ғоявий йўналиши, сюжетнинг реал воқеалар асосида шаклланиши жиҳатидан
ўзбек адабиётида ўзига хос янгиликдир. 1973 йилнинг 26 октябрида ёзувчининг
ўзидан мазкур қисса сюжетига асос бўлган воқеа-фактлар ва прототиплар ҳақида
сўраганимизда, муаллиф шундай жавоб берганди:
“Бу асардаги воқеалар айнан бир жойда содир бўлган эмас. Қаҳрамонларим ҳам
ҳаётдаги бор одамлардан нусха сифатида айнан кўчирилмаган. Яъни уларнинг аниқ
прототиплари йўқ. Лекин мен бирон-бир жиҳати билан шу қисса қаҳрамонлари
бўлган Саттор, Ойшахон ёки Розияга ўхшаган ёшларни кўп кўрганман, ҳаётда
кузатганман. Турли одамларда учраган, лекин моҳият эътибори билан бир
бирларига мос тушадиган инсоний хусусиятларни ижод жараёнида саралаб, бир
бирига пайванд қилганман. Хуллас, қиссадаги қаҳрамонлар ҳаётдаги бор одамлар
ва фактлардан умумлашма тарзда яратилган образлардир”.
Ёзувчи халқимизнинг баъзи урф-одатлари ёшларнинг оила қуришдаги эркини
бўғиб қўйиши, уларнинг тақдирини қариндошчилик ришталари сабаб ота-оналар
ўзларича ҳал қилишлари, қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовут оқибатидан келиб
чиқувчи кишилар характери, турмуш тарзи ўртасидаги фарқлар ўйлантириб
юрган. Бундан ташқари, ёзувчи номига ёшлардан келган хатлар, “Ёшлик” радио
тўлқинларида ўтказган суҳбатлар ҳам уни оилавий масалалар устида кўпроқ
мушоҳада юритишга ундаган. Пиримқул Қодировнинг айтишишича, унга келган
мактублардан бирида оила қуришда масъулиятни сезмаган шошқалоқ йигит
мулоҳазалари, ёш турмуш қуриш оқибатида қизнинг ўқишдан қолиб кетиши ҳақида
фикрлар баён қилинган. Бундай воқеалар ёзувчининг яқин кишилари ҳаётида
ҳам бўлган ва у шу кузатувлари асосида қиссада яратилажак асосий образлар –
Саттор, Ойша ва Розияларнинг қиёфалари тайёр ҳолга келади. Шунга қарамай,
ёзувчи анча муддат ижодий ниятидаги асар мағзи сифатида олиб чиқилиши лозим
бўлган асосий муаммони ёритишда хизмат қиладиган воқеа ўрни – бадиий маконни
танлашда жуда кўп изланган.
Муаллифнинг ҳикоя қилишича, асардаги воқеалар содир бўладиган бадиий
макон сифатида дастлаб ядро физика институтини танлаган. Асар қаҳрамони
атом реактори билан шуғулланувчи мутахассис сифатида тасвирланишини
режалаштирган адиб шу соҳага оид илмий манбаларни ўрганишга киришади. Бироқ,
атом реактори ошкор қилиб бўлмайдиган соҳа эканлиги ёзувчига қўл келмайди.
Натижада бу ижодий ниятни амалга ошириш муайян вақт тўхтаб қолади. Шундай
бир пайтда ҳукуматнинг Тошкент метроси қурилиши ҳақидаги қарори чиқади.
Халқимиз ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа бўлган метро қурилиши ёзувчи бадиий
талқин қилмоқчи ҳаётий муаммолар ва яратмоқчи бўлиб юрган типик образларга
монанд келиб, “Эрк” қиссаси дунёга келишида тўлиқ имконият топилади.
Маълумки, бадиий асарга ҳаётий материал тўплаш усуллари хилма-хил бўлиб,
масалан, Александр Сергеевич Пушкин “Пугачев тарихи” ва “Капитан қизи”
асарлари учун Оренбург губерниясига узоқ сафар қилиб, материал тўплаган. Лев
Николаевич Толстой “Уруш ва тинчлик” асари устида ишлаш вақти мукаммал харита
билан қуролланиб, Бородино майдонидаги жанг кечган жойларни кўздан кечирган.
Александр Куприн эса балиқчилар касби, меҳнатининг бутун заҳматларини теран
ўрганмоқ учун бир неча кун мобайнида кичик қайиқчаларда ўлим хавфи остида
денгизларда сузган.
Пиримқул Қодиров қисса сюжетига материал тўплаш ва ижодий ниятини
амалга ошириш учун лойиҳалаш институтларидаги архитекторлар ва метро
қурилишидаги муҳандислар ишлари билан яқиндан танишади. Ўзига нотаниш
бўлган ер ости ишларининг хусусиятларини ўрганади. Натижада ёзувчи учун
ёшларнинг оила қуриши ҳақида ўйлаб юрган дардли ташвишлари, хотираларининг
қисса сюжетига сингишида метро қурилишидаги ишчи ёшларнинг фаолияти қўл
келади. Шунингдек, у метро қурилиши зарурлигини далиллаш ва китобхонда
шубҳа қолдирмаслик учун Максимич, Розия, Сатторларнинг шаҳар бўйлаб кезиш
манзараларини яратади.
Ҳар қандай энг кичик сохталик ҳам бадиий асар сюжетига доғ тушириши
мумкин. Бу ҳақда ёзувчи “Ўйлар” номли китобидаги бадиалардан бирида
шундай деган эди: “Ёзувчи кўп одамларда кўрган фазилатларни бир қаҳрамонда
умумлаштириб бераётганида бу қаҳрамоннинг психологияси, инсоний, миллий,
ижтимоий хусусиятлари билан, яъни характери билан ҳисоблашиши, бу характерга
тўғри келмайдиган хусусиятларни унга зўрлаб ёпиштиришдан ўзини тийиши
керак”.
Муаллиф ўз фикрларига тўлиқ амал қилган ҳолда, қиссадаги воқеалар
йўналишида ҳам, Саттор ва Ойшалар тақдирига муносабатида ҳам асосий
эътиборни қаҳрамонлар психологиясига қаратади, уларнинг инсоний, миллий,
ижтимоий хусусиятларига зиён-заҳмат етказмаган тарзда ҳаёт материалини бадиий
сюжетга айлантиришдаги энг тўғри йўлни топади.
Асарда бадиий макон сифатида Тошкент метро қурилишининг танланиши,
Марказий Осиёда ўша вақтда ягона бўлган қудратли бу иншоотнинг халқимиз
иқтисодий ва ижтимоий турмушидаги ўрни кўрсатилиб, мамлакатимиз ҳаёти давр
қаҳрамонлари образи орқали бадиий талқин қилингани эса муаллифнинг ҳаётни
кузатишдаги ижодкорлик истеъдодининг ёрқин намунаси бўла олган.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 10-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil