Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Руҳим туш кўрган малика мисол

Ҳалима АҲМАД – 1960 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги
ЎзМУ) филология факультетини тамомлаган. Шоиранинг “Кўзимнинг тили”, “Тунги
марваридгуллар”, “Эрк даричаси”, “Тийрамоҳ”, “Афсун”, “Умид сояси”, “Нигоҳ қибласи”,
“Шафақ ибодати” “Яшил”, “Шудрингли парчалар” номли китоблари нашр этилган.


Сен мени ишонтир


Сен мени ишонтир муҳаббатингга,
Дегилки, сен учун яралдим, илло.
Йиғлаб илтижо қил: мунис дунёда
Сенинг дийдорингдан бўлмайин жудо.


Сен мени ишонтир эртакларингга,
Мангуга кетишинг билсам-да атай.
Дегилки, бир тола сочим қолдиргум,
Куйдиргин, шу лаҳза ёнингга қайтай.


Сен мени ишонтир қайғуларингга,
Гарчи заққум улар, сен дегилки, бол
Тўйиб ичаверсанг, дардларинг кетар,
Фақат тақдирингда қолар бир савол.


Сен мени ишонтир соғинчларингга,
Токи мен ишонай: соғинчлари ҳақ.
Она ўлимига ишонмай, гўрни
Қайта қазиётган етимдай илҳақ.


Сен мени ишонтир…


***

Ғамгин хотиралар қўриқчисиман,
Шаффоф хотиралар қўриқчисиман…
Ой эмаклаб ўтган тун томирининг,
Ларзаси эшитилар кўк дарчасидан.


Ва ишқ даласига экилмаган бахт
Қочарди, кузакдан қочган барг мисол.
Ва кимнингдир шўрлик пешонасига,
Унинг изларини чизарди шамол.


Ғамгин хотиралар қўриқчисиман,
Қўриқлайман, аммо билмайман кимдан…
Хазон қадамлари, гул қадамлари,
Санчилиб ўтади, о, юрагимдан.


Шаффоф хотиралар қўриқчисиман…
Ё Раб, кўнглим менинг бу сенинг сиринг.
Кимнинг кўз ёшидан усти бошим ҳўл,
Қайси соябонда мени асрадинг?!


Қўриқчиман, гўзал хотираларга,
Кимдир йиғлаб ўтди, ким эса кулди.
Ёдимдан чиқардим тириклигимни
Айтинг ахир вақт неча бўлди?!


Гўзал хотиралар қўриқчисиман…

Куз


Ўйчан теракларнинг бўм-бўш қўлидай,
Бўм-бўш юрагимда изғийди бир дард.
Илтижо Худоси бўлиб ёлвордим,
Сен кимсан, азобим, кимлигингни айт?!


Ўчиб қолган исён – юрак ётар жим,
Тилларида қотар ярадор сўзлар.
Уларни соғиниб, талпинган лабим,
Ёраб, зимистонда қолгандай музлар.


Музлайди вужудим. Ўлган руҳимни
Кўмаман заминнинг сўнгги қатига.
Бир куни кўз очсам, ётибман, эвоҳ,
Музлаган юракнинг салтанатида.


Тўрт ёнга боқаман. Кечмоқда кузак,
Дилгир хазонларнинг кўзларида хоб.
Мезонларнинг узун йўллари аро –
Мен томон чопади кечиккан жавоб.


Келдингми… – Суяман уни бетакрор,
Сенмисан… – Ҳайратим ёқасин йиртар.
Лек руҳим туш кўрган малика мисол,
Бошин қуйи солиб қайгадир кетар.


Кетади, сарғайган боғлар ёдига –
Мен руҳсиз кираман кўксимда азоб.
Дарахтга айланган вужудимдан жим
Хазондай тўкилар кечиккан жавоб.


* * *
Илинжи эриган дарахтлар титрар,
Жонга тухум очиб кетади ҳумой.
Илтижо қилади бир ўксик қайғу:
Сенинг хобгоҳингда уйғонайин, ой!
Дилим саргардонлик туманларида,
Беватан ватаннинг тушлари қаро,
Орзунинг қабрида кўкаради дил,
Зулматсевар ёруғлик аро.
Қорачиқдан ернинг тубига қадар,
Илдизлар эртаги жуда ҳам узун,
Кунлар ҳам даштининг йўлчиси, магар,
Юрак, биздан нима истар Чархидун?!
Наволар қалқиган бир тонг кетармиз
Фанонинг ёдига мағрур ҳамда мард.
Эй кўнгил, уфқлар кўзида қолур
Биздан сўнг ҳеч кимга етмаган бир дард.
Кузак боғларидан кетармиз бир кун,
Шамоллар ҳайдаган хазонлар мисол,
Бу дунёни моҳга чўмдириб маҳзун?


Биздан сўнг қолади муқаддас хаёл.
Наволар қалқиган бир тонг кетармиз…


***

Мен сендан интизор мактублар кутдим,
Ёзмадинг, бунчалар оғир бу сукут.
Самарқанднинг узун хотирларидан…
Наҳот қувилганман, бўлганман унут.


Ёзмадинг. Самарқанд боғларида жим,
Кузнинг хаёллари ётарму маҳзун.
Таниш дарвозанинг тутқичларига
Дардкаш термуларми менсиз қолган кун.


Сен ёзгин, биз айтган қўшиқ омонми,
Ё кетдими у ҳам хотирдек нураб.
Ҳамон Регистонга осмон яқинми,
Ҳайратлар тирикми, қўй уни асраб.


Тунлар юрагингга бостириб кирган
Кўзимга қалбингдан сен бердингми жой?
Деразангдан ҳар кун осилиб кириб,
Менинг юзларимни эслатдими ой?


Биламан, ёзмайсан, барчаси аён,
Бугун бахтникисан. Юрак бахтга банд.
Мен эса кутаман, келади бир кун
Мактуб қўлтиқлаган соғинч – Самарқанд.


* * *
Менга шодлик юбор,
Ва яшил умид,
Райҳонлар нафаси сўнаётган дам,
Ишқдай беғуборлик юборгин яна,
Ўзимда тонгларинг кўрайин мен ҳам…


Ва борай қушларнинг анжуманига.
Парвозни ўрганиш учун олай дарс,
Катталашиб борар ахир кундан кун,
Дунё билан менинг орамдаги дарз.


Менга шодлик юбор,
Қайғудан ортган.
Ва дил пардасида чалгувчи рубоб,
Сени маст айласа, ёзғирма мени,
Кўзим косасида чайқалган гулоб.


Менга шодлик юбор
Ва беғуборлик
Бунча кўп киряпман ернинг тушига,
Ҳолим ўхшаб борар лаҳзама-лаҳза,
Соҳилнинг денгизга талпинишига.


Шафақ кўзгусидан ўчирмай тургин,
Ҳали ҳам кўнглимга беряпман пардоз.
Руҳимдаги баланд туғёнлар билан
Бандангман, бандангман, бандангман, холос.


Менга шодлик юбор,
Ғамдай чиройли,
Ва тундан сокинлик,
қалдирғочдан сас.
Дилимдаги дилни,
Жондаги жонни,
Соғиниб боряпман, нафасма-нафас…
Менга шодлик юбор,
Ғамдай чиройли.


* * *
Мен бир йўловчиман…
Йўлдаман ҳамон,
Умрим шу йўлларда ўтар муттасил.
Ҳеч кимга озорим тегмайди, қўрқманг,
Мен кўнгил териб юрибман, кўнгил.
Тунларни етаклаб кунга бераман,
Гарчи
Дард босар кўксимга дудоқларини.
Мен кўнгил тераман, тергандай кимдир
Ерга тўкилган нон ушоқларини.
Сув ва олов учрашган жойда
Бир кимса кетибди кўнглин қолдириб…
Ҳашаматзодалар устидан кулманг,
Аслида кўнгилдан кетганман бойиб.
Қайдан ҳам биласиз,
Гуллар кўзида
Менинг бор хазинам этилган пинҳон.
Тинглаб кўрганмисиз
Аллоҳ атрини
Сочиб куйлаганда маҳфуза райҳон?
Чанг босган ғуборли кўнгилларни то
Ювгунча гоҳида етмас кўз ёшим.
Жонимга харидор келгунга қадар
Кўнгил териш учун етар бардошим.
Мен бир йўловчиман, умри елкада
Азоблар кўзини пиширган ҳил-ҳил.
Кеча ва кундузнинг кўчаларида
Ҳайқираман:
Кўнгил тераман, кўнгил.


***

Мен билан жимгина кулиб видолаш,
Кўзингда ғам кўрай, бахтга аралаш.
Шивирла, нечундир уфқ қонталаш
Сен мангуга кетаётган кун.


Юпатма, юпанчлар – нураган қоя,
Умр муҳаббатга эмас ниҳоя.
Рост экан, ишқ билан ўлим ҳамсоя,
Мен мангуга кетаётган кун.


Сендан ўзим билмас нени кутаман,
Оғриқли нафассан, секин ютаман.
Кел, яхшиси сени жим унутаман,
Сен мангуга кетаётган кун.


Гўзал эртакларни мен алдамадим,
Сирли мактубимсан, ўқий билмадим.
Ишон, чин дунёга ҳали келмадим,
Мен мангуга кетаётган кун.


Дилимга босилар хазонлар лаби,
Дунё – қай ошиқнинг йиртилган қалби.
Сўзсиз кетаяпман кенгликлар каби,
Сен мангуга кетаётган кун.

        ***
 1.
Мани ёзғирма, эй қисмат,
ўзимдан ўзга келганман.
Чаманлар кулгуси ўчган,
Ёмғирваш кузда келганман.
Ким атлас, ким кимхоб учун,
Мен эса бўзга келганман,
Таъмсиз, эски дунёсига
Бир ҳовуч тузга келганман.
Кўнглимни титмаки ғаним,
Санга кўз-кўзга келганман,
Дедилар: ишқ – касалманддир,
Ишқи қақнусга келганман.
Адаштирди мани ранглар,
Ғамангиз тусга келганман.
Ёнар гулхан аро жоним,
Ўйлама, музга келганман.
Умримни кашта қилсин деб
Чевар – гулдўзга келганман.
Ким бўлсанг ҳам йўлимдан қоч,
Мардона сўзга келганман,
Афсона сўзга келганман.
2.
Мен созман,
Қўлингда созлангувчи соз,
Томирларим чертар ишқнинг нохуни,
Барглар шивирлашин
Соласан менга,
Сен менга соласан саргардон кунни
Чайқалиб боради умрим сояси,
Куз ғазабин еган гулдай бемажол,
Куйларинг қаърида нимадир пинҳон,
Куйларинг қаърига тўлдим эҳтимол
Ҳар куни созлайсан янги оҳангга
Куйлар оқиб келар дард чорбоғидан.
Сесканиб кетади бечора ҳаёт
Чарчаган юрагим қалтироғидан
Мен созман.
Чаласан жилмаяди ғам,
Чаласан бадтарроқ куяди саҳро.
Айт, ахир, бормидим ўзимдан аввал,
Бормидим, куйингда бўлмагунча жо.
Мен созман, қўлингда
Эскирган бир соз,
Шимаман борлиқнинг маҳзун ўйини.
Илоҳий созандам,
номини айтгин,
Менда чаладиган сўнгги куйингни.
Мен созман қўлингда
Созлангувчи соз…
3.
Бу қайсар ғулғула жонимдан келур,
Умрим ларзалардан ҳеч олмади тин.
Нени қораладим, нени куйладим
Мен ҳам шоирманми ўзингиз айтинг?
Қачон ўз ғамимдан ортиб,
оғринмай
Ўзгалар дардига бўлолдим шерик.
Ахир, қочмадимми,
бемор ҳақиқат
Наъра тортганида шердай:
Мен тирик!
Ойнинг ёғдусига ғарқ
бўлиб, танҳо,
Лоф урдим ишқимнинг
гулистонида.
Ғализ эди манда, қувонч ҳам
бахт ҳам
Нимани ахтардим зулмат қонидан.
Нега мен яширдим ўзимни тунга,
Тонглар жарангига қилмадим парво.
Нега ер қаъридан манзил ахтардим,
Йўқлаб келганида гоҳида само.
Шоирлик бахтмиди ёки бахтсизлик.
Мен қайси тарафдан келдим сўз томон.
Ичимда инграйди миллион йиллик дард:
Сенинг шоирлигинг ёлғондан, ёлғон…
Ахир халқ кўнглига боргувчи йўлни
Қайғулар синдириб ташлади чил-чил.


* * *
Ой ўғирлаб кетса бир куни,
Мани ғамгин нурлар юртига.
Юрагимни яширгин, она,
Ботаётган қуёш ортига.
Руҳим туш кўрган малика мисол
Ялпизларнинг дилига чўккан
Болалигим кўзларини топ.
Алдаб, юпат, мени эслаб гар,
Келса бедил хотиркаш азоб.
Ишқнинг мангу дарвозасига
Рўмолимни осиб қўй, она.
Ман малаклар базмидан у кун,
Термулгайман ишқли девона.
Шамолга айт, келтирсин хабар,
Унга маним исмимни бойла.
Ман тушига кирай дунёни
Онажон, сен алла айт, алла.
Ой ўғирлаб кетса бир куни
Мани ғамгин нурлар юртига.
Юрагимни яширгин, она,
Ботаётган қуёш ортига.


***

Баҳор, мени ўзингга тўлдир,
Тўлдир, дарё оҳангларига.
Мен қовушиб кетмасдан олдин
Хазон севар куз рангларига.


Қалдирғочлар дил буғотига,
Уя қурсин солиб ҳаё-ҳуй.
Қуриётган ҳар ҳужайрамда,
Жарангласин сен яратган куй.


Баҳор, мени ўзингга тўлдир,
Ҳақ тонгининг арафасида.
Мен ташнаман, болари мисол,
Шабнам ичай гул косасидан.


Кетаяпти тўп-тўп одамлар,
Кўзларида ўлмаган ҳаёт.
Баҳор тўлдир, ўлимга қарши,
Исён бўлсин ям-яшил фарёд.


Баҳор тўлдир мени боғларга,
Яратгандан рухсат олганман.
Анча бўлди, ҳеч кимга айтмай
Мен қуёшни севиб қолганман.


Баҳор, мени ўзингга тўлдир…

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 10-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil