
Сувон МЕЛИ – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
Филология фанлари доктори. 1951 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Абдулла Орипов”, “Сўзу
сўз, “Адабиёт фалсафасига чизгилар”, “Глобал илмий-бадиий талқин поэтикаси” “Тонг,
Тошкент ва Ғафур Ғулом (Ижод поэтикаси)” китоблари чоп этилган.
Одам оёғи, яъни вужуди билан ерда юрса, кўнгли, руҳи билан бутун коинотни
кезади. Агар одам кўнгли билан кўк фарзанди бўлмаса, уни бошқа жонзотлардан
ҳеч бир фарқи қолмасди. Шундагина “Ўлганда ҳам вужудинг билан, Кетмагайсан
ерга қоришиб” (А.Орипов) амалга ошар, тамом ерга қоришиб кетиш фақат
одамнинг вужудига тегишли бўлиб, кўнгил ва руҳият абадийлиги ишонч маснадига
кўтариларди. Шунинг учун ҳам кўк шунчаки осмон бўлмай, инсон юксалиши
мумкин бўлган олий маъво, керак бўлса, Аллоҳнинг даргоҳидир. Бежиз эмаски,
Ҳазрат Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонида кўнгилни солик, яъни суфий тили
билан “арши муалло” (энг баланд осмон) деб баҳолайди.
“Ер” сўзининг маъноси бирқанча. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да сўзнинг ўн
бир маъноси қайд этилган. Биз кўзлаган махсус маъноси эса инсон умргузаронлик
қиладиган, кун кечирадиган маконни англатиб, паст, қуйи деган ҳолатни ҳам
билдиради. Уст-ост, баланд-паст, юксак-тубан каби антонимлар кўк-ер концепти
билан муайян ҳолатларда мазмунан яқинлашадилар.
Биз бу ўринда нега “концепт” сўзини ишлатмоқдамиз. “Концепт бирон бир
тушунчанинг тилда ифодаланган моҳиятидан муайян даражада фарқ қиладиган
ўзига хос мазмуни. Концепт тушунчада акс этадиган онтологик асосни янада
ёрқинроқ ифодашга ёрдам беради”1. Яъни бизнинг ҳолатда концепт тарзда
номланаётган кўк ва ер сўзлари оддий қўлловдагидан бошқачароқ, махсус маъно
англатиши кузатилади.
Ҳозирги тилимизда “бутун атроф, ҳамма ёқ; коинот” маъноларини англатувчи
“ер-кўк” деган жуфт сўз мавжуд. Маъруза сарлавҳасидаги “кўк-ер” ўша жуфт
сўзнинг шунчаки ўрин алмашуви эмас. Янги жуфтликни ташкил этган ҳар икки сўз
махсус, яъни кундалик қўлловдан ёрқинроқ, фундаменталроқ маъно ташимоқда.
Уларнинг концептлиги ҳам шунда.
1 Назаров Қ. Жаҳон фалсафаси қомуси. Икки жилдлик. 1-жилд. Т.: Маънавият, 2023. 623-бет.
Ушбу икки сўзнинг махсус маъноси матний таҳлилда, контекст кузатувида
янада ёрқинроқ кўринади. Биз ҳозир ушбу қўшалоқ концепт иштирок этадиган
икки шеърий матнни, бири тўртлик, иккинчиси рубоий, атрофлича таҳлил қилишга
ҳаракат қиламиз. Тўртликдан бошласак. Бу Абдулҳамид Чўлпоннинг 1926 йилда
Тошкентда Ўзбекистон давлат нашриёти томонидан чоп этилган “Тонг сирлари”
тўпламидан ўрин олган “Янглишасиз!” номли тўртлигидир. Тагидаги ёзувдан
маълумки, у Қўқонда, 1924 йил 28 сентябрда битилган. “Тонг сирлари” тўпламига
айни шу ном билан буюк адиб Абдулла Қодирий Жулқунбой имзосида қисқа, лекин
мазмундор сўзбоши ёзган. Мазкур сўзбошига эътибор қаратишимизга сабаб, унда
тўртлик тўлиқ берилиб, унинг яралиш жараёни ҳақида қимматли фикр ва маълумот
борлигидир.
Сўзбошида буюк адиб шоирни айрим, айтиш жоизки, сиёсий таъналардан ҳимоя
қилади: “Баъзи бир ўртоқлар Чўлпонни йиғлоқ шоир деб айбситадилар” деган
фикрга жавобан “Бироқ, шоир шу тўккан кўз ёшларидан чечаклар ўстирмоқчи
бўлмаса эрди, биз ҳам унинг муътаризлари (эътирозчилари – С.М.) қаторига кирган
бўлар эдик” дея биз диққат қаратаётганимиз тўртликка ўтади:
“Анқов таъначилар шоирни ранжитишда мудовамат қиладилар, ҳатто “Сен кўк
шоири!” дегувчилар ҳам бўлиб, чорасиз шоир ўз ҳолидан очиқ жавоб беришга
мажбур қоладир”2 дея тўртликни келтиради. Тўртлик эса бундай:
Янглишасиз!
Сиз дейсизким, мен кўкларни ўйлаймен,
Ер бетига сира назар солмаймен!
Янглишасиз, мен кўкларга беркинган
Ер қизидан хаёлимни олмаймен…3
Асар қисқа бўлгани учун уни бир бутун, яъни сарлавҳаси билан биргаликда ўқиш
ва кўриш илмий мақсадга мувофиқ. Сарлавҳада туриб ундов билан таъкидланган
“Янглишасиз!” асарга ўзига хос оҳанг, шиддат бағишлайди ҳамда унга кескин
баҳс-мунозара руҳини олиб киради. Биз Абдулла Қодирий сўзбошисидан олинган
кўчирмани давом эттириб, тўртликни келтиришимиз мумкин эди. Лекин мақолада
унинг сарлавҳаси қўйилмаган, бунга ҳожат ҳам йўқ эди. Гап шундаки, асарнинг
визуал қиёфаси айнан сарлавҳаси билан тугал ва мукаммалдир.
Кўрамизки, сарлавҳадаги сўз учинчи мисрада такрорланади. Лекин у энди бутун
шеърга эмас, ўзидан кейинги бир ярим мисрага тегишли, холос. Сарлавҳада бу сўз
универсал вазифа бажарса, шеър ичида у локал аҳамиятга эга.
Шеър тўлиғича мунозара характерига эга. У ўзига хос жавобиядир. Асар
моҳиятини англашда Абдулла Қодирий сўзбошиси жуда қўл келади. Буюк адиб
айтган “анқов таъначилар” биз ҳозир номларини билиб-билмайдиган аниқ одамлар
бўлиши мумкин, лекин уларнинг ортида бутун бир ижтимоий тузум, худотерс,
динсиз мафкура турибди. Шунинг учун ҳам “ҳатто “Сен кўк шоири!” дегувчилар”
(“ҳатто”га эътибор беринг, бу айтилган гапнинг ҳадди аълоси демакдир) шу
гаплари билан шоир ижоди ушбу мафкурага зид эканига шаъма қиладилар. Аслида
ку, “кўк шоири” улуғ ҳақиқатлар, илоҳий туйғулар шоири, куйчиси демакдир. Ўз
ўзича олганда фикр эркинлиги устивор демократик жамиятда бу юксак мақтов ва
буюк эҳтиром белгиси бўлиши мумкин эди. Лекин инсон эрки, ҳатто ҳис-туйғуси
тизгинланган, диний эътиқод таъқиқланган тоталитар жамиятда бу жиддий айблов
2 Чўлпон. Тонг сирлари (Матн). Т.: Zilol buloq, 2023. 8-бет.
3 Шу китоб. 74-бет.
эдики, Абдулла Қодирий буни теран англар, шу боис шоирни бундай айбловдан
соқит қилишга уринган эди.
“Анқов таъначилар” унчалик анқов эмас эдилар, лекин уларни анқов дейиш ўша
пайтда зарур эди. Таънанинг дамини кесиш айни лозим эди.
Шеърда икки зид тушунча, аниқроғи сўз бор, бири: сиз – мен, иккинчиси:
кўк – ер. Сиз – мен зидлови тўртликнинг шаклий структурасига тегишли, асар
шу зидлов асосига қурилган. Кўк-ер зидлови эса концепт рутбасига эга бўлиб,
шеърнинг маъно-мундарижасига тааллуқли. Тўртликнинг биринчи икки мисраси
Сизнинг фикри, кейинги икки мисра меннинг жавоби. Ҳар иккаласида, саволда
ҳам, жавобда ҳам кўк-ер концепти худди шу тартибда – аввал кўк, сўнг ер. Сизнинг
фикри шундай ифодаланади:
Сиз дейсизким, мен кўкларни ўйлаймен,
Ер бетига сира назар солмаймен.
Яъни бу Қодирий сўзбошисидаги “Сен кўк шоири!” деган таънанинг бошқача
шакли, содда қилиб айтганда, “кўкларни ўйлайди, ерга боқмайди”. Жўн мантиқ
бўйича, шоир бу гапни, таънани рад этмоғи лозим. Сарлавҳадаги ва матн ичидаги
“Янглишасиз!” шуни тақозо этаётгандай. Лекин раддияга, жавобга боқайлик:
… мен кўкларга, беркинган
Ер қизидан хаёлимни олмаймен…
Тўртлик фалсафасининг қаймоғи, асар квинтэссенцияси айни шу ерда ва буни
англаш учун “кўкларга беркинган Ер қизи” ким ёки нима, деган саволга жавоб
топмоқ зарур бўлади. Ер қизи қандай қилиб кўкларга беркинади? Бу юксак хаёлот
олами, поэтик мистикага чўлғанган туйғу, ўй-фикр-ку!
Бу саволга жавобни фақат ушбу контекстдан изламай, шоирнинг бундан олдин
ва кейин ёзган шеърларидаги кўк ва ер, хусусан, кўк ҳақидаги мисраларни бир қур
кузатсак. 1919 йилда ёзилган буюк “Гўзал” шеъри шундай бошланади: “Қоронғу
кечада кўкка кўз тикиб, Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен…”. Машҳур “Бузулган
ўлкага” достонида кўк-ер концепти шундай контекстда ишлатилади: “Жавоб йўқми
кўклардан-да, ердан-да, Хароб бўлган элдан-да…”
Кўкдаги қиз, Ер қизи нима эканлиги борасида шоирнинг шундай мисралари бор:
-
Кўкда бир тўп қиз – малак уйқу куйини бошлади,
Илгари чолган тирик, жонли куйини ташлади.
(“Уйқу”, 1921)
Кўклардан малаклар қиз бўлиб тушсалар,
Яна мен унларни қўйнимга қўймайман.
(“Барг”, 1922)
Ушбу икки контекстга таяниб, “кўкларга беркинган Ер қизи” шоир хаёлотида
туғилган кўкдаги қиз-малаклар, дея оламиз. Биламизки, малак ва фаришта сўзлари
айнийдир. Сунний ақийдалардан маълумки, фаришталар турли инсонлар, жумладан,
қиз шаклига кириб кўриниш бериши мумкин экан. Олти диний калималардан бири
“Иймони муфассал”да – “Аманту биллаҳи ва маликатиҳи ва кутубиҳи ва расулиҳи
вал явмил ахири ва қодари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таъала вал баъсиба дал
мавт” (“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, охират кунига,
яхшилик ва ёмонлик, Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига ва ўлимдан кейин
қайта тирилишга ишондим”) – Унинг фаришталарига ишониш фақат энг биринчи
Аллоҳга ишонишдан кейинги ўринга қўйилган. Зеро, “Инсонни ҳайвондан ажратиб
турадиган нарсалардан бири ҳам ғайбий нарсаларга, жумладан, фаришталарга
ишонишдир. Бундай иймони бор инсон ҳис этиш аъзолари чегарасида, тор жойда
ўралиб қолмайди. Балки тасаввур доираси чексиз бўлади”4.
Шундай тасаввур доираси чексиз, буюк қалб ва соф эътиқод соҳиби – Чўлпон
эди. Суфиёна чексиз тасаввур кўк ва ерни яхлит, бир бутун ҳолда кўрар, кўкни ердан
ажратиш (ушбу контекстда) чала, хом тасаввур махсули экани, улар икки ёрти бир
бутун ҳодиса экани биз ўрганаётган тўртликда сирли бир тарзда ифода этилгандир.
Шоир 1921 йилда ёзган “Кетганингда (Клиупатрага)” шеърида
Севгимдан сўнгги малаклар
Тўп-тўғри кўкками учди?
дея ёзар экан, бу мисралар “Янглишасиз! “ шеъридаги маънога ўзига хос
янги ифор олиб киради. Тўртликда шоир хаёлан талпинадиган Ер қизи кўкларда
яширинган бўлса, бу ерда шоир севгисидан бино бўлган малаклар ердаю, лекин
кўкка учишга чоғланадилар. Яна бир бор юқорида айтилган ер қизи – малак маъно
қатори, тенгламаси пайдо бўлади.
Қизиғи шундаки, такрор бўлса-да айтамиз, муаллиф “Сен кўк шоири!” деган
гапни рад этгандай бўлиб (“Янглишасиз!”), аслида айблов сифатида айтилган бу
фикрга чуқур маъно юклайди, уни ўзи томонга буриб юборади. Мен бутун олам, кўк
ва ер билан тиллашаман, хаёлан суҳбатлашаман, ерда туриб кўк билан биргаман,
бир бутунман, дейди гўё шоир.
Яна бир гапни айтмоқ жоиз. Биз тўртлик ҳақида, унинг моҳияти ҳақида қанча
гапирмайлик, фикрламайлик, у барибир бизга сирли, хусусан, “Янглишасиз, мен
кўкларга беркинган Ер қизидан хаёлимни олмайман!..”да тафаккурга тутқич бермас
нималардир бордек туюлаверади.
Шу ўринда ушбу тўртлик ва умуман Чўлпон шеъриятига хос бир хислат ҳақида,
яъни шоир мистикаси ҳақида гапирмоқ лозим. Зеро, янги ўзбек шеъриятида
мистикага мойил Чўлпонга тенг бошқа шоирни учратиш маҳол. Лекин аввал мистик,
мистика каби атамаларни совет давридаги салбий талқинлардан тозалаш лозим
бўлади. Чунки асл буюк шеърият, бадиий адабиёт ҳеч қачон юксак мистикадан
холи бўлган эмас.
Бинобарин, мистика “Ғайритабиий оламга, илоҳлар ва илоҳий кучларга,
инсоннинг илоҳиёт олами билан алоқа қила олишига ишонишдан иборат диний
эътиқод”5. Нафақат диний эътиқод, балки шундай руҳдаги бадиий тасаввур ва
поэтик тафаккур тарзи ҳам. Балки Чўлпонни баралла мистик шоир деб бўлмас,
лекин шоир шеъриятида мистика унсурлари, лирик мистицизм ҳақида бемалол
фикр юритиш ва илмий тадқиқот олиб бориш мумкин, деб ҳисоблаймиз.
Мусиқа, айниқса мумтоз шашмақом куй-ашулаларини берилиб тинглаган
(аввало берилиб тинглайдиган қалб лозим) ҳар қандай одам ўзга оламлар, юксак
хилқатларга кўтарилиб, бу фоний дунёнинг майда ташвишларидан тамом фориғ
бўлади. Буюк бастакор Мутал Бурхонов хотирлашича, “Шашмақом садолари
янграганда Чўлпон сел бўлиб, бутун вужуди қулоққа айлангандай, бир маромда
4 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Сунний ақийдалар. Т.: Hilol nashr, 2012. 365-бет.
5 Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Беш жилдли. 2-жилд. Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”
Давлат илмий нашриёти, 2006. 602-бет.
чайқалиб ўтириб тингларди. Қулоғи мусиқада-ю, хаёллари жунбишга келиб,
нималарнидир кўз олдига келтираётгани сезилиб турарди. У эшитган куйларни
юрак-юракдан жуда чуқур ҳис қиларди”6.
Шоир булбуллар хонишидаги ажиб мусиқани ҳис қилиб, ёзганди: “Самовий
завқларга тўлиб турганман Булбуллар севгини мақтаган дамда” (“Созим”, 1924).
Самовий завқ ғайриоламларга сайр меваси, мистик тасаввур деганидир, ҳойнаҳой.
Мистика мусулмон Шарқ ва ўзбек мумтоз адабиётининг руҳоний асосларидан
бири бўлмиш тасаввуф билан узвий боғлиқ. Кўплаб Ғарб олимлари тасаввуфни
“мусулмон мистикаси” деб бежиз ҳисоблашмаган.
Мистикадан олабўжидан қўрққандай қўрққан совет мафкурачилари, Қодирий
таъбирича “анқов таъначилар” Чўлпонга “Сен кўк шоири!” деяр эканлар, бунда
шоир шеърларига хос сирлиликни, мистикани ҳам кўзда тутган бўлишлари
эҳтимолга яқин. Лекин, юқорида айтганимиздай, шоир буни инкор этгандай
бўлиб, аммо бундан-да ўтказиброқ “Кўкларга беркинган Ер қизи” ҳақида суфиёна
сўйлайди.
Худди шу ердан бошлаб кўк – ер концепти ҳазрат Навоийнинг бир рубоийсидаги
иштироки ва бадиий-фалсафий инкишофи ҳақида фикр юритсак. Вазиятнинг
завқли жойи шундаки, мумтоз рубоийда айнан Чўлпон тўртлигидаги каби бу
жуфтлик кўк-ер тарзида қўлланади. Алҳол, Чўлпон мазкур рубоийни ўқиган, ундан
илҳомланган ҳамда шеъриятида кўк-ер концепциясини яратишда ҳазрат Навоийга
суянган бўлиши ҳам мумкин.
Ушбу рубоий ҳазрат Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асаридаги Исо
алайҳиссаломга бағишланган қисмни якунловчи шеърий битикдир.
Исоки, мужаррад айлади Тенгри ани,
Кўк равзаси бўлди жилвагоҳу чамани.
Ер аҳлидин улки бўлса тажрид фани,
Тонг эрмас, агар кўк ўлса анинг ватани7.
Рубоий бежиз Исо алайҳиссалом ҳақидаги фасл сўнгига қўйилган эмас. У ўзидан
олдин баён этилган воқеа-ҳодисаларни поэтик жиҳатдан умумлаштиради ҳамда
назмий сўзнинг кучи билан илоҳий воқеликни сиқиқ ва эҳтиросли ифодалайди.
Айтмоқ жоизки, ҳазрат Навоий ўз асарида Исо (а.с.) ҳақида ёзар экан, у биринчи
навбатда ушбу пайғамбар ҳақидаги “Қуръони карим” оятларига суянади. Асарда Исо
(а.с.) пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳақида гувоҳлик берувчи илоҳий оят аслиятда
келтирилади: “Ва из қола Ийсабну Маряма ё бани исроила инни расулуллоҳи илайкум
мусаддиқан лимо байна ядайя минат-тавроти ва мубашширан бирасулин яъти мин
баъдисмуҳу Аҳмаду”8. Яъни: “Эсланг, Ийсо бинни Марям: “Эй Бани Исроил, албатта
мен Оллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги
Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар
ҳақида хушхабар берувчи ҳолда (юборилдим) деган эди” (Саф, 6-оят)9.
Бу улуғ оят Исо (а.с.) динимиз учун нақадар нодир зот бўлганлигидан хабар
берувчи илоҳий муждадир.
Ҳазрат Навоий асарида ёзилишича, “Муқаррардурким, Исо (а.с.)нинг атоси
6 Муштум. 2024. 3-сон (Хотирани Озод Шарафиддинов ёзиб олган).
7Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами. Ўн жилдлик. 8-жилд. Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашри
ёт-матбаа ижодий уйи, 2011. 593-бет.
8 Шу ерда. 590-бет.
9 Қуръон карим (таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур). Т.: Чўлпон, 1992. 545-бет.
йўқтур. Марям Жаброил (а.с.)нинг нафаси била ҳомила бўлди”, яъни “ул модарзод
пайғамбар эрди”10. Асарнинг Исо (а.с.) ҳақидаги энг муътабар ўринлари, шубҳасиз,
ул зотнинг кейинги тақдири ҳақидаги маълумотлардир. Бунда ҳам ҳазрат Навоий
“Қуръони карим”, ундаги “Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ буҳтон
қилганликлари ҳамда Оллоҳнинг элчиси бўлган ал-Масиҳ бинни Марямни “Бизлар
ўлдирганмиз”, деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар
(Ийсони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров
Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос” (Нисо, 156-157-оятлар) деган илоҳий каломга
суянади. Шу суранинг кейинги, 158-оятида айтилади: “Балки уни Оллоҳ Ўз
ҳузурига кўтаргандир. Оллоҳ Қудрат ва Ҳикмат Эгаси бўлган зотдир”11.
Ҳазрат Навоий ўз асарида ушбу илоҳий муждага суянган ҳолда бу масалага
оид айрим тафсилотларни ҳам келтирадики, улар биз учун ғоят муҳим: “Жуҳудлар
тиладиларки, Исо (а.с.)ни тутуб ўлтургайлар. Тангри таоло аларнинг кўзидин ани
ғойиб қилиб, осмонга чиқорди. Ва Ийшуъниким, жуҳудларнинг улуғи эрди, Исо
(с.а.)нинг шакли била муташаккил бўлди. Жуҳудлар ани Исо (а.с.) соғиниб тутилар
қатл қилғоли. Ул ҳар неча фарёд қилдиким, мен Ийшуъмен, фойда бермади. Ани
бир дарахтқа бўғзидин остилар. Ва ети кеча-кундуз осиғлиқ қолди”12.
Қизиғи шундаки, юқорида тилга олинган “Қуръони Азим тафсири”да зикр
этилган 15 жилдлик “Ат-тафсирул Мунийр”да Исо (а.с.)га ўхшатиб қўйилган
одам “Яҳузо исмли нопок кимса” дейилади. Яна бир қизиқ томони шундаки,
ҳазрат Навоий асарида Исо (а.с.)га ўхшатиб қўйилиб осилган кимса Ийшуъ бўлса,
буюк рус адиби Михаил Булгаковнинг машҳур романи “Уста ва Маргарита”даги
насронийлар ўғил-худо деб ҳисоблайдиган Исус Христоснинг номи Иешуадир.
Номлардаги бундай яқинлик ва моҳиятда бунча узоқлик қаердан пайдо бўлган?
Оллоҳ Исо (а.с.)га ўхшатиб қўйиб, осилган Ийшуъ, бу Навоийда, қандай қилиб,
“Уста ва Маргарита”да Исус Христосга Иешуа тарзда ном бўлиб қолди? Ҳазрат
Навоий таянган манбани рус адиби ғалати тушундимикан? Нима бўлганда ҳам
бундай исмдаги яқинлик, моҳиятдаги фарқ жиддий ўрганишга лойиқ илмий масала,
ҳойнаҳой.
Христианликни, назаримизда, энг заиф нуқтаси Худони учга – Ота Худо,
Муқаддас руҳ ва ўғил Худо – ажратиши ва Исо (а.с.)ни Худо деб эътиқод
қилишидадир. Уларнинг муқаддас китобларида Исо (а.с.) осилиб, чормихга
тортилиши кейинчалик, ХIX асрда, Ғарб оламида “Худо ўлди” каби ботил ғоялар
пайдо бўлишига қора замин яратди. Рус файласуф олими ёзади: “Христианлик
ўз соясидан уялади ва буни ёвуз ғайридинларга тўнкайди. Лекин кўринадики,
худокушлик учун заиф Худо зарурдир. Бу Христос, бу Орфей бўлиши мумкин, лекин
бу Ягве ёки Аллоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас: уларга ҳатто фикран тегиниб
бўлмайди, улар даҳлсиздир. Худокушлик ғояси иудавий ёки мусулмон калласига
сиғмайди. Худо инсон даражасига тушмайдиган жойда худокушлик – бемаъни ва
бетайин сўздир”13.
Мавзуга қайтсак. Шундай қилиб, Исо (а.с.) ҳақидаги барча воқеа-ҳодисалар
мазкур рубоий туғилишига сабаб бўлди. Уни яна келтирамиз:
10 Алишер Навоий. ТАТ. 8-жилд. 589-бет.
11 Қуръони Азим тафсири. Нисо сураси. Ўш: “Ризвон” нашриёт уйи, 2019. 325, 327-бетлар (Шайх
Алоуддин Мансур тафсири).
12 Алишер Навоий. ТАТ. 8-жилд. 592-бет.
13 Померанц Г.С. Открытость бездне: Встречи с Достоевским. М.: Советский писатель, 1990.
С.327.
Исоки, мужаррад айлади Тенгри ани,
Кўк равзаси бўлди жилвагоҳу чамани.
Ер аҳлидин улки бўлса тажрид фани,
Тонг эрмас, агар кўк ўлса анинг ватани.
Агар рубоийни кўк-ер концепти бўйича кузатадиган бўлсак, кўрамизки, мазкур
жуфтлик иккинчи ва учинчи мисра бошида келиб, тўртинчи, хулосавий мисрада
“Кўк – анинг ватани” деган муҳташам ғояга дастак бўлади. Биринчи мисра эса Исо
(а.с.)нинг юксак мақоми ҳақида: Тангри уни ҳам озод қилди, ҳам унга ёлғизлик,
танҳолик (мужаррад) мақомини берди. “Қуръони Азим тафсири”да ёзилишича,
“Оллоҳ таолонинг Амри билан Жаброил алайҳис-салом уни уйининг туйнугидан
кўтариб, осмонга олиб чиқиб кетди”14.
Кўк равзаси (гулбоғи, бир маъноси “жаннат”) жилва, нур порлаган жой, ҳам
гулзордир. У Ер аҳлидан яккаланган, қувилган экан, яъни
Ер аҳлидин улки бўлса тажрид фани,
Тонг эрмас, агар кўк ўлса анинг ватани.
Эслатамизки, гап Исо (а.с.) ҳақида кетмоқда ва ул зотнинг ватани (асли арабий
бўлган бу сўзнинг луғавий маъноси “туғилиб ўсган жой, юрт) кўк бўлиши ажаб
эмаслиги (“не тонг”) таъкидланмоқда. Ушбу мисра ёнига, ўтрусига Абдулҳамид
Чўлпон тўртлигидаги сўнгги икки мисрани қўямиз:
Янглишасиз: мен кўкларга беркинган
Ер қизидан хаёлимни олмаймен…
“Абу Хайён айтади: “Меърож ҳақида Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан
ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Оллоҳ таоло Ийсо алайҳис-саломни
иккинчи осмонга кўтарган ва то у зот ерга тушиб, дажжолни қатл қилгунича ўша
жойда яшайди”15 дейилган Исо (а.с.) билан Чўлпон асаридаги Ер қизи ўртасида
қандайдир боғлиқлик, илоҳий ришта бор. Навоий ҳазратлари беш ярим аср наридан
туриб, Чўлпон шеърини шарҳлаётгандай гўё. Чўлпон асари эса ул зот сўзларига
камарбаста бўлаётгандай, илоҳий мавзуларда вақт масофаси мавжуд эмасу фақат
ҳозир деган лаҳза бор, холослигини таъкидлаётгандай, гўё.
Ҳар икки шоир мумтоз ва ҳозирги тилимизда кўкнинг қатор синонимлари – осмон, само, фалак, гардун, фазо, сипеҳр, мину ҳамда кўк ва ерни англатувчи
арзу само ибораси мавжуд бўлгани ҳолда айнан соф туркий сўзлар – кўк ва кўк
ер жуфтлигини олгани бежиз эмас. Маълумки, қадимги туркийларнинг ислом
динига қадар эътиқод қилган илоҳлари “Кўк тангри” бўлган. Алишер Навоий ва
Чўлпон онгостида архетип тарзда ушбу илоҳ акс-садолари мавжуд дейиш мумкин.
Зеро, ҳазрат Навоий рубоийсининг илк мисрасидаги “Тенгри” сўзи кейинги мисра
бошидаги “Кўк” сўзи билан бежиз “учрашмайди”.
Тўртлик “мен” тилидан баён қилинади ва Сиз – Мен зиддияти асосига қурилади.
Бу ҳақда юқорида ҳам айтган эдик. Яна бир жиҳат шуки, “Сиз”, яъни мухолифлар
айтган фикрда ҳам кўк-ер концепти мавжуд, лекин бундаги икки ҳад яхлит эмас,
бошқа-бошқа ва зид ҳодисалар сифатида қаралмоқда. Улар ажратилади ва ўзаро
14 Қуръони Азим тафсири, 326-бет.
15 Қуръони Азим тафсири. 327-328-бетлар.
зид қўйилади. Ҳамда “ер”га устунлик берилади. Бу бежиз бўлмай, ўша пайтдаги
ҳукмрон марксча-ленинча мафкура моддийликни, яъни материализмни тан оларди.
Улар учун “ер” моддийлик тимсоли бўлиб, “кўк” уларга ёт, бегона маъво эди. “Кўк”
улар учун гўё ёт унсур эди.
Иккинчи қисм “мен” майдони бўлиб, унда бундай ажратиш йўқ. бунда кўк-ер
том маънода яхлит, ягона ҳодисага айланади. Бу ғайб оламидан бохабар, суфиёна
бадиий тафаккур эгасининг фалсафий-поэтик фикри эди. Мутафаккир, мусаввир
ва эзотерик олим Николай Рерих ёзади: “Олам кўзга кўринмас воқеликларга тўла.
Кўринмас оламлар (тасаввуфда бу ғайб олами дейилади – С.М.) бизни кузатади.
Ерий ва кўкий (аслиятда земное и надземное) яхлит бутунликнинг қисмларидир…
Ер қолган барча оламлардан айри яшаши мумкин эмас”16.
“Сиз кўк билан ерни бир-биридан ажратмоқдасиз. Янглишасиз, мен бундай
қилмайман. Кўк-ер бутундир”, демоқда гўё Чўлпон.
Рубоий сиртдан қараганда Исо (а.с.) ҳақидаги “Қуръони карим” оятларининг
шарҳи, ҳатто бошқа сўзлар орқали ифодаланган такрорига ўхшайди. Бир тарафдан
шундай. Бошқа тарафдан шундай эмас ҳам. Шуни қайд этиш лозимки, рубоийнинг
ҳар бир мисраси алоҳида нисбий мустақил фикрни олға суради. Фикрлар мисралар
сонича, яъни тўртта. Сўнг ушбу мустақил фикрлар бир-бири билан маъновий
муносабатга киришади. Бу муносабатлар янги маъно тармоқларини вужудга
келтириб, рубоийнинг ялпи маъносини янги орбитага олиб чиқади. Ҳар бир мисрага
алоҳида диққат қаратамиз: Биринчи мисра:
Исоки, мужаррад айлади Тенгри ани.
Бу Исо (а.с.)нинг пайғамбарлик мақоми, унинг танлаб олинганлиги, яккалиги,
танҳолиги ва юксак маънода озодлиги ва бу Тангрининг ҳам инъоми, ҳам ҳукми
эканлиги; “Мужаррад” сўзи бирйўла ушбу маъноларни ўзида сиғдира олади.
Иккинчи мисра:
Кўк равзаси бўлди жилвагоҳу чамани.
Равза бир маъноси билан боғни англатса, бошқа, кўчма маъноси билан жаннатни
билдиради. Демак, кўк равзаси кўкдагни жаннатдир. Жилва сўзининг бир маъноси
Оллоҳ тажаллиси ва жилвагоҳ Ҳақ нури жилва қиладиган жойни англатадики,
шунда мисра кўкдаги жаннат Исо (а.с.)нинг Ҳақ нури жилва қиладиган чамани
бўлди, деган мазмунга эга бўлади. Гап шундаки, бу пайтда Исо (а.с.) ҳали ерда эди.
Ул Зот ерда бўлгани ҳолда кўкдаги жаннат ул зот учун Ҳақ нури жилва қиладиган
макон, чаман бўлди.
Эсга олинг, Чўлпоннинг лирик қаҳрамони (бир пайтнинг ўзида “мен” лирик
қаҳрамон ҳам бўла олади), ҳам ерда тургани ҳолда “кўкларга беркинган Ер қизидан
ҳаёлини олмаган” эди.
Учинчи мисра:
Ер аҳлидин улки бўлса тажрид фани.
Бу ерда тушуниш қийин бўлган ибора фақат “тажрид фани”дир. “Тажрид”
ёлғизликни англатиб, бутун мисрани у, яъни Исо (а.с.) ер аҳлидан ажралиб,
ёлғизликни одат қилди. деб тушуниш мумкин. Шундай бўлгач (“бўлса”):
Тўртинчи мисра:
Тонг эрмас, агар кўк ўлса анинг ватани.
16 Рерих Н.К. Семь Великих Тайн Космоса. М.: ЭКСМО-пресс, 2001. С. 777, 779.
Мисра муқаддас китобимизнинг “Нисо” (158-оят) сурасидаги “Балки уни Оллоҳ
ўз ҳузурига кўтаргандир” деган оятга бевосита эмас билвосита боғлиқ. Оллоҳ уни
Ўз ҳузурига кўтаргани ортда қолиб, энди кўк “анинг ватани”га айланади. Бунга
ажабланмаслик керак, чунки ер аҳли уни ёлғизлатди, ҳатто ўлдирмоқчи бўлди.
Чўлпон тўртлигида ҳам Ер қизи “кўкларга беркинган” эди, кўк ватани бўлган
Исо (а.с.) каби.
Энди сал олдин ваъда берганимиздек, рубоийдаги ҳар тўрт мисрани ўзаро
солиштириб, “уриштириб” чиқамиз.
1 ва 2 мисра: Тангри Исони ёлғиз, танҳо (мужаррад) қилгани учунгина унга
кўкдаги жаннат Оллоҳнинг Нур таратгувчи чаманига айланди. 1 ва 3 мисра: биринчи
мисрадаги мужаррад билан учинчи мисрадаги тажрид ўзакдош бўлиб, бири ёлғиз,
танҳо маъносини англатса, иккинчиси ажратиш, яккалашни билдиради. Тангри
Исо (а.с.)ни танлаб, танҳо кўриб сийлади, ер аҳли, одамлар Тангри сийлагани учун
(парадоксни қаранг) уни яккаладилар, қатл қилмоқчи бўлдилар. 1-2 ва 4: Тангри
мужаррад айлагани, сийлагани, кўкдаги жаннат унинг учун Ҳақ нури жилва
қиладиган чаман бўлгани туфайли кўк унинг, Исо (а.с.)ни ватанига айланади.
Ўзакдош, маъно жиҳатидан озгина фарқланувчи сўзлар, лекин қанчалик улкан
фарқ – Тангри уни танҳо билиб, сийлайди. Ер аҳли уни ёлғизлатади, яккалайди.
Шу ерда ҳазрат Навоийнинг аччиқ кинояси юз кўрсатади. Яъни Ер аҳли ўз Раббиси
иродасига қарши бормоқда, шаккоклик қилмоқда. Ва ҳар икки зид ҳолат – мужаррад
(бу Тангри инъоми), тажрид (бу Ер аҳлининг жабри), Исо (а.с.с)нинг буюк шоир
наздида кўкка кўтарилишига – “Тонг эрмас, агар кўк ўлса анинг ватани” – сабаб
бўлмоқда.
Яна бир гап. Ушбу концепт, яъни кўк-ер (кўк ва ер) ўзгачароқ маъноларга эга
бўлиши ҳам мумкин. Масалан, аллома Фитрат ўзининг “Бедил (Бир мажлисда)”
асарида Ҳиндистонда Акбаршоҳ даврида яшаган форсигўй шоир Файзийнинг
шундай байтини келтиради:
Бинёни туст мустаъди нақши улувву сифл
Хоҳ осмону хоҳ замин шав, мухайярй.
(Эй инсон, сенда кўтарилмак учун-да, тушиб қолмоқ учун-да истеъдод бор.
Истасанг кўк бўл, истасанг ер бўл. Ихтиёр ўзингдадир)17.
Бу матнда ушбу концепт Навоий ва Чўлпондагидек глобал маънога эга эмас.
Балки инсон камолоти ва тубанлиги, бу борада ихтиёр унинг ўзида эканлиги
ҳақидадир. Бунда кўк (осмон) олижаноблик каби юксак хислатларни рамзласа, ер
(замин) паст, номуносиб феъл-атворни англатмоқда.
Демак, мазкур концепт турли контекстда турли маънода қўлланиши мумкин
экан. Чўлпон, айниқса, Ҳазрат Навоий ижодида унинг ранг-баранг бадиий ва
фалсафий талқинлари мавжудлиги шубҳасиз. Лекин масалани чуқур ўрганиш учун
махсус тадқиқот олиб бормоқ лозимки, буни бир маъруза доирасида амалга ошуви
имконсиз.
Айрим хулосавий фикрлар.
Кўк-ер абадий бирликда муқим бўлган зидликдир. Улар бир-бирини қанчалик
рад этишса, шу қадар ўзаро жипс мувозанатда. Ер оламда рўй берадиган, кўз билан
17 Фитрат А. Танланган асарлар. 6 жилдлик. 5-жилд. Т.: Маънавият, 2010. 14-бет (Нашрга тайёр
ловчи ва изоҳлар муаллифи Ҳ.Болтабоев).
Абадий бирликдаги муҳим зидликлар
кўриб, қулоқ билан эшититиш, қўл билан тегиш мумкин бўлган нарса-ҳодисалар
мажмуи ва рамзи бўлса, кўк сирли-сеҳрли ҳодисалар, инсон инон-ихтиёрига боғлиқ
бўлмаган, керак бўлса, инсонни ўз измига бўйсундириб, ўз йўриғига соладиган
руҳий-илоҳий кучлар тимсоли. Балки шуларнинг ўзи.
Кўк-ер инсоният ҳаётига мангу дохил азалий концептлардан бири сифатида
барча илоҳий китобларда, жумладан муқаддас китобимиз “Қуръони карим”да кўп
марта тилга олинади: “(Эй инсон), Оллоҳ осмонлар ва ерни Ҳақ (қонун) билан
яратиб қўйганини кўрмадингми?!” (Иброҳим, 19-оят).
Алишер Навоий ушбу концептни Исо (а.с.)га нисбатан қўллаб, унинг илоҳий
тақдирини шеърий йўсинда гўзал ва теран баён этади, ул зот ҳаётига гўё лирик
хотима ясайди. Чўлпон ушбу концепт асосига қурилган тўртликда ўзининг поэтик
ва фалсафий кредосини, суфиёна дунёқарашини бадиий гўзал ифода қилади.
Ўзининг кўк шоири, самовий шоир эканини поэтик исботлайди.
Ҳазрат Навоий рубоийси ва Чўлпон тўртлиги ҳар иккисида ягона кўк-ер
концепти қўлланиши билан умумийлик касб этиб, типологик қиёс объектига
айланиши мумкинки, аввал айтилганидек, рубоий ўз маъно-мазмуни билан
тўртликнинг маъно-моҳиятини чуқурлаштиради, очилмаган қирраларини очади.
Чўлпон руҳиятига хос юксак мистикани қиёмига етказади, гўё.
Совет даврида нашр этилган “Ўзбек адабиёти тарихи” китобида “Тарихи анбиё
ва ҳукамо” асаридаги анбиёлар, яъни пайғамбарлар ҳақидаги қисм “бироз орқага
чекиниш” деб баҳоланиб, “шу сабабли асарга умумий Навоий дунёқарашидаги
зиддиятлар ифодаси сифатида ҳам қараш мумкин”18 дейиладики, бу на Худо, на
пайғамбарларни тан олмайдиган атеистик жамият фикри бўлиб, ҳозирги кунда,
айни пайтда бу асар Ҳазрат Навоий дунёқарашининг умуминсоний ва илоҳий
тийнатидан дарак берувчи ноёб бадиий ҳужжат ҳисобланади.
Чўлпонга келсак, унга ўша пайтлар таъна сифатида айтилган “Сен кўк шоири!”
деган гап ҳозирги кунда уни шарафламоқда. Ҳатто яхлит ҳолда Чўлпон шеъриятини
кўкка ўрлаган сўз дея баҳолаш мумкин. Дарҳақиқат шоир “Гўзал” шеърида
Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен
деб ёзар экан, бунинг илҳом манбаи кўк эканлигини намойиш қилиб, ушбу
ижоднинг илоҳий тийнатини тайин этади.
Рубоий ва тўртликнинг солиштирилиши жараёнида ҳар икки асар, айниқса
Чўлпон тўртлиги аурасида муайян маъно кенгайиши содир бўлади. Хусусан,
асарнинг маъно майдонига Исо (а.с.) кириб келиб, “кўкларга беркинган ЕР қизи”
қайбир жиҳати билан кўк ватанига айланган Исо (а.с.)га ёндош ва жондош ҳодиса
янглиғ фикр кўзгумизда муҳрланади. Натижада ҳар икки асардаги кўк-ер концепти
илоҳий моҳият касб этади. Чўлпонга маломат тарзда айтилган “Сен кўк шоири!”
деган гап ҳозирги кунда унинг чинакам катта шоир эканлигига аниқ далолат бўлиб
хизмат қилади ҳамда шу кунда “Чўлпон – кўк шоири” мавзусида бемалол илмий
тадқиқот олиб бориш, шу соҳада қатор илмий кашфиётлар қилиш имконини беради.
Зеро, ҳар бир буюк ижодкор узвий бирликдан иборат ва инсоннинг ўзи ҳам кўк ва
ерга бирдай тегишли илоҳий мавжудотдир.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 10-сон