Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Шарқ – ибтидо, у биз айтган Шарқ бўлса…

Муҳаммад АЛИ – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, давлат мукофоти лауреати. 1942 йилда
туғилган. Москвадаги А.М.Горький номидаги Адабиёт институтини тамомлаган. “Улуғ
салтанат” роман-эпопеяси, “Сарбадорлар” роман-дилогияси, “Клеопатра”, “Мангу
қуёш” тарихий романлари, “Боқий дунё” шеърий романи, “Машраб”, “Гумбаздаги нур”
достонлари, кўп шеърлар ва таржималар, тарихий драмалар муаллифи.


Бизнинг барлос боболар


“Соҳибқирон” китобидан


“Хон тағойи барлос,
Мардикорга бормас!..
Мардикорга бормас,
Хон тағойи барлос…”


Шундай қўшиқ айтарди
Бизнинг барлос боболар.
Сўнг қўшиққа изма-из
Уланарди дуолар.
Дўлвор, ўктам овозлар
Тоғлар оша ўрлайди.
Она юрт деб ўртанган
Кўнгилларни нурлайди.
Боболар дуосидан
Куч олади Темурбек.
Қишлоқдан – жаҳон сари
Йўл солади Темурбек!
Шиддат билан лашкарга
Танлайди йигитлардан.
Битта ҳам қўшмас сафга
Субутсиз иркитлардан.


Амирзода отланар
Тошқўрғоннинг ғорига.
Икки юз қадам билан
Чиқмоқ шарт юқорига.
Ярим йўлда – ҳаво йўқ,
Йигит қолар ютоқиб…
Кулиб дейди Темурбек,
Йигит кифтига қоқиб:
“Қийналдинг-а… қола қол…
Ўйлаганим – олис йўл…
Ким ғорга чиқса осон,
Шу йигит бизга мақбул!
Тоққа чиқдим, қўрқмадим,
Сувга тушдим, чўкмадим.
Молу сариқ чақа деб
Обрўйимни тўкмадим.
Тин билмадим бир лаҳза,
Ўтда ёндим, ёнмадим!
Ният холис, айтдим сўз,
Айтганимдан тонмадим!
Ёв ўқ отар беомон,
Ўқлар ботар жонимга.
Аммо сира текканин
Билдирмадим ғанимга!
Ўйлаганим – йўл олис,
Олдимдадир кенг жаҳон,
Жаҳонни олмоқ учун
Мардлар керак, укажон!
Олға, ортга қайтиш йўқ!
Жонга жону қонга – қон!
Ёвни тиз чўктирмоққа
Мардлар керак, укажон!
Боболардан мерос бу,
Азал, замону замон,
Дунёга бўй чўзмоққа
Мардлар керак, укажон!
Мен жаҳонни олурмен,
Ўйламай жону танни.
Улуғламоқ мақсадим,
Турон – Она Ватанни!..”


* * *


Энди, бас, тугади. Тугади энди,
Оламга дарз кетди, кўнгил ҳам синди.
Бир қалбни пок туйғу тарк этди тамом!
Бир қалбда жам бўлди бари интиқом!


“Бир умр севаман!” – деган аҳд-паймон,
Чорасиз, ўртада боқади ҳайрон.
Ўртада… на сенга бора олади,
На менга дилини ёра олади…

Машраб ғазалига мухаммас


Ўзинг тўзим бер фарзоналарга,
Кўкни тўлдирган афсоналарга,
Ҳуснингдан гунг, лол ҳайроналарга,
Кўрсат жамолинг мастоналарга,
Ишқингда куйган парвоналарга.


Кўнгилда йўқдир асло ҳаловат,
Руҳим тилайдур ором, фароғат.
Сендин умидим, айла каромат,
Мендин дуодир, сендин ижобат,
Жоним тасаддуқ жононаларга.


Сирдошингман мен, сир сўйламайсен,
Ҳолинг надур, деб бўй бўйламайсен,
Инсофга келиб ҳеч ўйламайсен,
Эй кўнгли қаттиғ, раҳм айламайсен,
Қилғил назора бечораларга.


Дунёда қайда сен каби соҳир,
Соҳиру доно, касбига моҳир,
Пинҳон сирим йўқ, барчаси зоҳир,
Куйган ғарибмен, шафқат қил охир,
Кўйингда юрган девоналарга.


Тилни тий, Али, нафсиз баёндин,
Отилган ўқ ҳеч қайтмас камондин,
Ҳақ сўзи азал ҳоли гумондин,
Машраб сени деб кечди жаҳондин,
Бошини қўюб остоналарга…


* * *
Боғлар яна хазон дўконин очар,
Ерларга тўшайди заъфарон гилам.
Бойлигин кўз-кўзлаб ҳар тараф сочар,
Мени-чи, жазолар ҳижрони билан…


Қантар оғганида чиққан қуёшдай,
Энди умидлар ҳам илитмас дилни…
Алдов-салдов билан, кошки, шу ёшда
Овутиб бўлсайди кўнгил сабилни.


Энди бас, кўнгилдан умид чекинар,
Қайдадир тентирар, ғавғолар бошлар.
Муҳаббатнинг чинни косаси синар,
Умрни парчалар, кўзларни ёшлар…

Билдимким, севиш не, яшаш не маъно,
Ошиққа – ялиниб ўтмоқ ёр экан.
Ҳамон номукаммал экан бу дунё,
Ваъдаси ёлғонлар ҳали бор экан…


Эр билан Хотин


Ишдан аста қайтар ҳорғин эр,
Қаршилайди хотини маюс.
“Нима бўлди, хотинжоним? – дер,
Нега бугун шахтинг жуда суст?”


Хотин бирпас сурганича ўй,
Дейди ортга бир оз тисланиб:
“Маҳаллада кеча бўлди тўй…
Қўшним чиқди бирам ясаниб!


Қора япон панчо эгнида,
Ҳамма аёл боқиб қолди лол!..”
“Хўп… Ана, шим чап чўнтагида,
Пул турибди. Дарҳол сотиб ол!”


Бир ҳафтадан кейин яна эр
Кўрар, хотин турибди маюс…
“Нима бўлди, хотинжоним? – дер,
Нега бугун шахтинг жуда суст?”


“Гўзал кофта балқир эгнида,
Кеккайдики мен суймас аёл…”
“Бор… Ана, шим ўнг чўнтагида
Пул турибди. Дарҳол сотиб ол!”


Бир ҳафтадан кейин эр яна
Хотинидан ҳайрон қолибди:
“Нима бўлди?..” “Анов Мастона
Яман дурин тақиб олибди…”


Эр хотиржам дейди: “Бемалол,
Шим турибди. Кийиб кетақол!..”


* * *
Кўнглимда ўчим бор, оҳ, ёмон ўчим,
Кўнглимга етмайин турибди кучим.


Энди-чи, “сен-мен”га бориб қолдик биз,
Бир қора кўз учун, ширин сўз учун.

Бу қайсар кўнади на “йўқ” , на “бор”га,
Воҳ, мендай бебахтни кўрганми очун?


Бебошлик охири “вой” эрур фақат,
Оддий ҳақиқатни англамас нечун?…


Оҳ, бевош кўнглимдан дод дегаймен, дод!
Рост, кўнгил зўрларнинг зўридир, бу – чин!


Меванча1


Ургут тоғларини кўргинг келдими,
Зарафшон бўйида юргинг келдими,
Боғлардан лолалар тергинг келдими,
Ҳа, юртинг соғиниб қолдинг-да анча…
Хатинг келаётир йўлда, Меванча!


Чорчинор тагида ўйнаб юрардинг,
Қизалоқлар билан қувнаб юрардинг,
Хуш-хандон, ер-кўкка ўзинг урардинг,
Шумтакам, эдинг-да шўх қиз, мерганча…
Хатинг келаётир йўлда, Меванча.


Соғиндингми мушфиқ онангни, барно?
Ҳар бир ишорангда минг битта маъно,
Томчи кўз ёшингга бўлсин минг сано,
Бормикин бирон қиз сендай севганча?
Хатинг келаётир йўлда, Меванча!


На қилай, мен сендан йироқ, она қиз,
Ич ёришмас ёқса чироқ, она қиз,
Онангни зор этди фироқ, она қиз,
Зорлик қанча бўлур, сўйлагил, қанча?..
Хатинг келаётир йўлда, Меванча!


Тафтиш қилиб бўлмас тақдир ишини,
Яшаган умрини, ёзу қишини,
Лекин бир нарса танг айлар кишини:
Не вақтлар кечаркин хатинг келганча,
Ҳануз етгани йўқ хатинг, Меванча!


Фақат ҳур Ватанинг куяр, қизим, деб,
Сени излагувчи ёлғиз ўзим деб.
Кундай кўрар кўзим, ойдай юзим, деб..
Унинг армонлари кўпдур, туманча…
Хатинг келаётир йўлда, Меванча!


Армонларим кўпдур, кўпдур, туманча…


1
Тарихчи олимлар Мирсодиқ Исҳоқов, Амриддин Бердимуродовларнинг ёзишларича, милод
нинг 317 йилида тақдир тақозоси билан Чин-Мочинга бориб қолган самарқандлик қиз исми. Меван
ча онасига хат юборган эди…


Манзара

М… га


Офтоб шошар эди ўз ётоғига,
Тонгдан дунё кезди, кўп ҳориб-толди.
Ана, Туркистоннинг баланд тоғига
Оловранг этаги илиниб қолди…


Кетди… Ёниб битди кўнглимда юлдуз,
Диллар қон, лол-ҳайрон, жаҳон ҳам вайрон…
Уфқда ёзилиб қолди битта сўз:
Армон,
армон,
армон…


Кетди… пинҳон этиб ёлқинлигини,
Боқиб шундоғ фикр қилар экансан:
Нечоғ бир-бирингга яқинлигингни
Фақат айрилганда билар экансан…


Спитамен


Туққан еринг учун қилдинг жон фидо,
Юртга ким бостириб келса, у – душман!
Чунки ҳикмат бордир, ҳикматлар аро:
“Ўзингга душмандир кейинги пушмон”.


От сурдинг Туроннинг чўллари аро,
Мардларга ярашмас афсус, надомат.
Ҳарб ичра юрибсан, узр, дариғо,
Қўлим қовуштириб турибман фақат…


Кечир, Спитамен, кечиргил! Ёвқур
Аскардай ёнингга туша олмадим!
“Ватан!” деб ҳайқириб қайсар ва мағрур
Жаҳон-жаҳонларга сурон солмадим…


Искандар лашкарин айлабон яксон,
Озодлик яловин кўтардинг азот!
Эҳ!.. Хоин қўлида берганингда жон,
Ёнингда бўлмадим… Бўлмадим, ҳайҳот!..


Эл ғамин ардоқлаб, тутиб елкамда
Ёвга шарт чиқмадим ўжар ва қайсар…
Не дердинг, ватандош, она ўлкамда
Мармардан ҳайкалинг қўйсалар агар?

Асрлар қаъридан келар бир наъра:
“Ватан деб ўлганлар тирикдир азал.
Ҳайкалдай бир жойда тургандан кўра,
Беҳайкал қалбларда яшамоқ афзал!..”


Рубоийлар


Устоз…


Шарқ – ибтидо, у биз айтган Шарқ бўлса,
Фарқ ўшадир, у биз айтган фарқ бўлса.
Устоз, ҳақ гап, халқ – Холиқнинг ҳиммати,
Халқ – буюк куч, агарда у халқ бўлса…


* * *


Икки бургут баландларда осмон талашди,
Бир-бирининг гўрига хўп ғиштлар қалашди.
Куйди, ёнди… насиҳатлар ҳеч қилмади кор,
Фақатгина ер остида улар ярашди…


Ким айбдор?


Гар кўйлак олдидан чок бўлса, тамом,
Айбдордир Юсуф алайҳиссалом.
Гар кўйлак орқадан йиртилса, билгил:
Гуноҳкор Зулайҳо эрур, вассалом!


Даъват


Шоирликни даъво қилган эр,
Донишмандлар сенга бундай дер:
Булбул бўлсанг, булбуллигинг қил,
Қузғун бўлсанг, шайтонга ҳай бер!..


“Муҳокамат ул-луғатайн”ни ўқиб…


Ҳазрат Навоий дер: “Бой эрур тилим,
Ҳар бир нуктада жам имо-ишора.
Роҳат ҳам, азоб ҳам кўрди бу элим,
Ҳар бирига бордир калом, ибора.”


Инчкирмоқ – ингичка ун билан йиғлаш,
Бўхсамоқ, синграмоқ Ҳаққа ҳавола.
Инграмоқ – беаёв бағирни тиғлаш,
Ўкирмоқ – фалакка ўрлаган нола…

Кўп оқди ўзбекнинг ёши шашқатор,
Сўз йўқдир, бу ажиб сермаъно сўздек.
Шул сабаб, ҳар бирин ифодаси бор…
Йиғининг кўп хилин билади ўзбек…


Қитъалар


Ҳолат


Иболи сўз уммедида дил увалиб,
Ширин бўса тамаъида оғзим чучиб…
Орзуларим бир-бирига боз чувалиб,
Юрадурман бошгинамдан ҳушим учиб…


Соғ доғ


Рўбарўмда муҳташам боғ,
Сарғаймишдир ҳар бир япроқ,
Гулларнинг ҳам юзида доғ…


Ичида бор битта соғ доғ…
Соғ доғга йўқ даво, эвоҳ!


Кайфият


Ишқ бобида ҳаваскор ошиқ,
Тажрибасиз йигитман, ношуд.
Сўзларимда чақнамас учқун,
Кўзларимда ловулламас ўт…
Ҳаддан ошар беадаб телба…
Бошда хаёл, хаёлда ҳаво…
Шундоқ бўлур Мажнунда келбат,
Бунга асло йўқ эрур даво.
Ўзни билмай ҳар ён ураман,
Манглайда не бордир, кўраман.


Висол


Ишқингда оҳлар чекмоқ,
Ёр, суюкли кор менга.
Нақди жон нисор этмоқ.
Давлати дийдор менга.


Мен бахтлиман, чин ошиқ,
Суйганим хумор менга.
Висолинг этди насиб…
Яна не даркор менга?..

Дўстимга
Тўлан Низомга


Дўстим, эслайсанми болалик чоғлар,
Билтанг-билтанг қилган ёлғиз оёқ йўл.
Подалар чангига кўмилмиш боғлар,
Чучмома, лолалар ўсмайдиган чўл…


Олислар қуйилар кўзимизга жим,
Чаманлар кўрамиз уфқлар ортида.
Бола қалбларимиз тепар бетиним,
Қишлоқмас, Ватану жаҳон дардида…


Норасида севги завқидан мағрур,
Шодмон тикилардик бир-биримизга.
Толе ваъда айлар бизга бахт-сурур,
Осмон торлик қилар дил сиримизга.


Барчасин кашф этиб юрар эдик маст,
Куч-қудрат жам кўнгил зарбларимизда.
Чучмома, лолалар чўлларда эмас,
Япроқ ёзар эди қалбларимизда…


* * *
Сени ғунча каби авайлардим мен,
Тегмасин деб зинҳор баргларингга доғ.
Жаннат гули янглиғ тоза эдинг сен,
Ҳурлар каби оппоқ, ҳурлардан-да оқ.
Жаннатий боғларда юрдик бахтиёр,
Бедазорлар кездик, дил ишққа тўлиқ.
Қўлим теккизмадим. Чунки масал бор:
Жаннатда кўрмоқ бор, емоқ йўқ…


Сиэтл оқшоми
(“Амриқо дафтари”дан)


Кеч кирди.
Осмон ҳам қорая бошлар,
Шаҳар тун кўксига қўяётир бош.
Ҳамма тараддудда уйига шошар,
Мағрибга оҳиста сирғалар қуёш.


Бир жонон юради кучук етаклаб,
Бизнинг ёқда бўлмас бундай кучуклар.
Ўзбек қизларини эслайман қараб,
Ит билан ўйнашмас бизнинг пучуқлар.

Ана, автобусдан тушади бир қиз,
Пешвоз чиқар унга кутиб тургани.
Ўзини бахтиёр этади ул ҳис,
Борлиққа таралар қаҳ-қаҳ ургани.


Осмонда ярақлар нақ бир қучоқ ой,
Кимнингдир йўлига тикканми кўзин?
Кимгадир, чамаси, интиқ шу чоқ ой…
Ҳеч кимим йўқ менинг, ёлғизман, ўзим…


Жуфт бўлиб ёнади чироқ ҳам ҳатто,
Яхшироқ ёритар йўлни малолсиз.
Кимсасиз туюлар бош узра само,
Юлдуз ҳам бир четда мунғайган, ёлғиз…


Ҳамма уй-уйига шошади аста,
Кўнглимни қамрайди маъюс, ҳазин руҳ.
Мен танҳо қайтаман ғамларга баста,
Олиб кетай десам, ҳатто кучук йўқ…

Ҳалинчак


Учар, учар ҳалинчак,
Ҳалинчакда келинчак.
Ёри турар ёнида,
Интизору эланчак…


Ҳалинчакда келинчак,
Хаёлида беланчак…
Илоҳо, ҳеч бўлмасин
Кўнгиллари тилинчак.


Ҳалинчакда келинчак,
Озроққина кулинчак.
Мудом, мудом, бир умр
Суйганига илинчак…


Учар, учар ҳалинчак…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil