Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ҲАЙРАТ ИЗЛАГАН ШОИР

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ – филология фанлари номзоди, профессор. 1954 йилда
туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Унинг
“Юлдузнинг беш қирраси”, “Латиф шеърият”, “Билиб айтилган сўз” монографиялари,
“Турк адабиёти хрестоматияси”, “Турк адабиёти тарихи” (ХIII–ХVIII асрлар) ўқув
қўлланмалари, “Ишқ асири бўлган жон” рисоласи нашр этилган.


Дунё ҳайратларга тўла. Муҳими мана шу ҳайратни топа билишда ва бундан
завқланишда. Шоирона қалб кўзи билан оламга қараш сизни янги-янги ҳайратлар
дунёсига олиб кираверади. Оддий нарсалар қаърида ҳам не-не сир синоатлар
борлигига кун сайин амин бўлиб бораверасиз. Мана шу ҳайратни унга муносиб
эҳтиросли сатрларда ифодалаган шеър эса шавқимизни янада оширади. Муҳаммад
Сиддиқнинг “Мусофир дарахт” шеърий тўпламини ўқиб бунга яна бир бор амин
бўлдим. Унинг шеърларини биринчи маротаба ўқиганимда унда бир ўзгача шоирона
нигоҳ борлиги кўнглимга келганди. Тўпламни ўқиб бунга энди қатъий ишонч ҳосил
қилдим. Муҳаммад Сиддиқ шеърлари кутилмаган хулоса бериши, ҳолатни ўзига
хос бўлган тарзда тасвирлаши билан эътиборли. Китоб номининг ўзи диққатни
тортади. Дарахт ҳам мусофир бўладими? Ҳа, шоир учун унинг руҳий ҳолатидан
келиб чиқиб бўлади. Чунки шоир дарахтни бир дўстдек билади. Гоҳида у билан
суҳбатлашади. Одамлар тушунмаган дардларини айтиб кўнглини бўшатади.
Шундан Оққайинга қарата: “Айт, қачон сургунга учрадинг, Оққайин, мусофир
дарахтсан”, дея мурожаат ҳам қила олади. Ҳақиқий шоир бутун борлиқни узвий
боғланишда ҳис қилади. Шоирнинг “Тошкентда ёмғир” шеърида “Шалоббо бўлиб
кетдинг, Кел, уйимга кир, ёмғир” дейишида мана шу узвийлик эҳтироси бор.
Бугунги иқлим ўзгариши дунёдаги энг катта муаммолардан бири. Бу муаммони
ҳал қилиш учун инсоният аввало кўнгил иқлимини ўзгартириши керак. Табиатни
асрай билмаслик нималарга олиб келишини гоҳ-гоҳида гувоҳи бўлиб турибмиз.
Инсон вужудини бир дунё деб билган шоир мана шу иқлим ўзгаришини танасида
сезаётгандек:

Ичимга ёғадир
Кўзим ёмғири,
Лалми юрагимни
Сув босиб борар.


Бу сатрлар кўнгил иқлими билан боғлиқ. Инсонлар ўзгараётир. Бу ўзгаришлардаги
манфий жиҳатлар шоир қалбига ниш уриб ўтаётир. Шунинг учун “Олтин балиқ”
шеърида шундай дейилган:


Битта тилагимни бажарсанг бўлди,
Кейин таъма билан чўзмам қўлимни.
Майли, тоғорамни бутунлаб берма,
Кўнглимни ямаб бер,
Кўнглимни!


Фақат шоиргина олтин балиқдан кўнглини ямаб беришини сўраши мумкин. У
кемтик дея нола қилаётгани йўқ. Нияти кўнгилни бутлаш. Айни пайтда шу бир
сатрда шоирнинг ботиний дунёси кўриниб турибди. Муҳаммад Сиддиқ кўнгилни
рамзга айлантира олган шоир. Бу унинг дунёси. “Кўнглим идиш – сирлари кўчган”
дер экан одамларга ишониб сир айтаверганидан, алданганидан “идиш кўнгил”нинг
сирлари кўчган.
Тўпламдаги шеърлар турли мавзуларда бўлса-да шоирнинг она ҳақида ёзганлари
ўта ичкинлиги билан ажралиб туради. Она ҳақида шеър битмаган шоир кам.
Муҳаммад Сиддиқнинг тасвири бошқача;


Оҳ, онам-а, паҳлавон онам,
Аждаҳони енгган тикиб жон.
Косовларни қиличдай тутган,
Узмоқ учун менга кулча нон.
(“Паҳлавон онам”)


Муҳаммад Сиддиқни маърифатли шоир дегим келади. У калом илмидан ҳам
озми-кўпни хабардор. Тўпламдаги “Умр – беш кун”, “Кўп гумонлар”, “Ёқубга
бердилар”, “Ким агар нафсини енгмоққа қодир”, “Уйқудан олдинги тилак”, “Қор
сўраш”, “Эшмуҳаммад домланинг дегани” каби ирфоний руҳдаги шеърлари
фикримизга далил. “Мозор” иккилигидаги мазмунга диққат қилсак:


Бунча кўп бўлмаса бу ерда,
Баланд-паст ёпиғлиқ қозонлар.


Муҳаммад Сиддиқ кўпда қофияга ва тиниш белгиларга эътибор қилавермайди.
Аммо ички оҳанг шеър тугаллигини таъминлайди:

Кипригингдан
узилган кўзёш
лабинг сарҳадига
етиб олгунча
бор умр йўлларим
босиб ўтгандек.
(63-бет)


Табиат фасллари, денгиз, дарахт, қор, ёмғир, томчи, бойчечак, япроқ ва бошқа
табиий борлиқ шоирнинг севимли образларига айланган. Уларнинг ҳаммасини
одамлар билан боғлайди, жонлантиради, айтмоқчи бўлган фикрларига восита
қилади. Чинорни кўрганда Ойбекни, мажнунтолга дуч келганда Миртемирни кўз
олдига келтиради. Ўзини “Кузда гуллаётган номсиз дарахтман дея” ўз йўлини
излаётган шоирлигига ишора қилгандек бўлади. Шоирнинг ўзига хос синчков
ички нигоҳи, кутилмаган хулосалар бериши “Трамвай” шеърида жуда яхши аксини
топган:


Оёғида темир из, кишан,
Шохларидан боғланган симга.
Асрий маҳбус каби судралар,
Дардларини айтмас ҳеч кимга.
Бу қандайин оғир жазодир,
Гоҳо инграб юрагим эзар.
Озод уловларга термилиб,
Шаҳар ичра трамвай кезар.


Агар шу шеър собиқ шўролар даврида ёзилганда, мустақилликни орзу қилиб
ёзилган энг зўр шеърлардан деб топилиши шубҳасиз эди. Кўнглида эрк туйғусини
ҳис қилган ҳар бир кимса бу шеърнинг моҳиятини тушуниб етади ва шоир қиёсига
қойил қолади. “Метро балладаси”, “Туркистон қайғусини” ўқиб”, “Мавсум”,
“Ҳўкизнинг шохида…”, “Ўкинч”, “Ҳилол” ва бошқа кўпгина шеърлари ҳақида ҳам
шундай илиқ фикрларни айтиш мумкин.
Шоир сўз шаклини ўзгартириб ишлатишни (логогриф санъати) хуш кўради.
“Учрашув” шеърига эътибор қиламиз:


Йўллар яна туташ,
Ҳаяжонландим,
Яна завқли яшаш,
Ҳа-я, жонландим.
(74-бет)


Шунингдек “Сен” билан “Сиз”ни қўшиб айтдим, Сенсиз бўлиб қолдим” ҳам
шоирнинг яхши топилдиқларидан. Сўзга сўз қўшиб янги маъно излашининг
натижаси.
Шоирнинг ўзи айтмоқчи бўлган “хўрсиниғидек” узундан-узун шеърлари кам.
Аммо ихчам бир, икки, уч, тўрт мисрали шеърларда тош босадиган фикр бор.
Жуда ёқиб кетганидан яна бир мисол келтиришдан ўзимни тиёлмадим. “Бешинчи
қаватдан кўринган манзара” тўртлиги:


Кўп қаватли уйнинг тагидаги
бир туп оқ ўрик
Бошига сават қўйиб,
бодроқ сотувчи кампир.


Муҳаммад Сиддиқнинг ташбеҳсиз шеъри йўқ. Кўпгина шоирлар ҳавас қилгулик
ташбеҳлар. У “Чийратма-тийрак топилмалар” (Иброҳим Ғафуров таъбири)
устаси. Бундай шеърни ўқиган китобхонда зийраклик ортади. Нарсаларнинг янги
қиррасини топиш завқи жўшади. Муҳими, бу ташбеҳларнинг моҳияти бўлиқ.
Муҳаммад Сиддиқни ташбеҳлар шоири дейиш мумкин. Муҳаммад янги ташбеҳлар
топишни мунча хуш кўрмаса! Бунинг сабаби шоир ҳаётни қиёсларда тасвирлашни
ва шу орқали моҳиятга кириб боришни истаса керак. Аммо гоҳида чалғиб қолади.
“Ёмғир” шеърида қиёси ўхшамай қолган жойи бор. Шеърдаги сўнгги икки мисра:


Ёмғирларга осилиб чиқсам,
Топиларми мен учун ҳам жой.


Эҳтиросга берилиб ёмғирга осилиб чиқиб бўлмаслиги унутиб қўйилгандир. Шу
ўринда ҳазрат Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаронинг шу ўхшатиш хусусидаги
суҳбатини эслаш жоиз. Яъни, юқоридан тушаётган нарсага осилиб чиқиб бўлмайди.
Шоирнинг лалми, увада, локация, трамвай, телефон зиндони, лаҳзалик лотерея,
селфи каби шеъриятда нисбатан кам қўлланиладиган сўзларни ўрнини топиб
ишлатиши ҳам сўзни оҳорини ҳис қилишидан далолат. Ўрни топилса ҳар бир
сўзнинг таровати ортиб бораверар экан.
Шеър шоир руҳий оламининг акси экан, ўқирман қанча кўп руҳият дунёсидан
хабардор бўлса шунча дуруст. Бу борада таржиманинг ўрни беқиёс. Тўпламда
таржимадан намуналар берилгани шу маънода яхши бўлган. Шоирларнинг
таржима билан шуғулланиши бир мактаб, ўрганиш вазифасини ўтайди, қаламини
чархлайди. Таржималарда Муҳаммад Сиддиқ руҳига яқин шеърларни танлагани
сезилиб турибди. Бу ҳам унинг кам сўзда кўп фикр айтиш илинжидан бўлса керак.
“Кўнгил кечинмалари”да бир фарзанд сифатида ота-онага бўлган меҳр, инсонда
дийдор ғаниматлиги, суяги меҳнатда қотган отага, ўзгаларнинг дардини олишга
интилган онага ҳурмат жуда таъсирли тасвирланган. Рўмолда юришни иймондан
деб билган она ўғлининг шеърини пичирлаб ўқиши, сўзга ошиқ бўлишда онасининг
ўрни армон билан эсланади.
“Мусофир дарахт” кишини шуурини тўлдирадиган, бадиияти билан
завқлантирадиган, қайта-қайта ўқисангиз ҳам зериктирмайдиган тўплам бўлибди.
Мана шундай қалб қўрини кучайтирадиган шеърий тўпламлар адабиётимизда
кўпаяверсин.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 11-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil