Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ҚАЙҒУ

Умид ХОЛЛИЕВ – 1973 йилда туғилган. Бухоро давлат университетининг физика
математика факультетини тамомлаган. «Болалар учун қизиқарли астрономия» номли
китоби нашр этилган.


Ҳикоя
Уйда болалар ёлғиз қолгани учун туман марказидаги ишларимни тезда битказиб,
ортга қайтдим. Ўқув йили якунланган бўлса-да, битирувчи синф раҳбари бўлгани
боис ўқувчиларининг охирги ҳужжатлари важидан хотиним ҳам эрталабдан
мактабига кетганди. Шароит тақозосини эътиборга олмаганда, болалар ҳали
уйда ёлғиз қолдирадиган даражадаги ёшда эмасдилар. Тўнғичим эндигина олти
ёшга тўлган, ҳали газ, ток ва олов деган тушунчаларга нисбатан тўлиқ муомала
лаёқатига эга эмас, шу боис бирор ишкал чиқариб қўйишларидан хавотирда эдим.
Хотиржамлигимга рахна солаётган мана шу турли-туман ваҳималарга тезроқ
барҳам бериш учун ҳовлиққанча ўзимни ҳовлига урдим. Олазарак нигоҳимга нишон
сифатида ташланган дастлабки, кутилмаган манзара шу бўлдики, дарвозахона
ичкарисига қўйилган картимиз устида мен танимайдиган, бутунлай бегона,
нотаниш икки бола ўтирарди. Уларнинг каттаси ўн бир, ўн иккилар атрофидаги
қиз, кичиги тўрт, беш ёшлар атрофидаги ўғил бола эди. Мени кўришлари билан
улар ўрниларидан сакраб туриб, қўл узатиб саломлашдилар. Мен эса ҳамон
ҳовли саҳнида кўзга ташланмаётган болаларимдан хавотирда эдим. Шунинг учун
уларнинг саломига шоша-пиша жавоб қайтарганча, кимлиги билан ҳам қизиқмай
уйга кирдим. Ичкаридаги манзарани тасвирлайдиган бўлсам, хавотирга ҳеч қандай
ўрин йўқ, болалар ҳалиям кетишим олдидан уларга қўйиб берган кўп қисмлик
мультфильмни томоша қилиб ўтиришган экан. Улар бу ишга шу қадар берилиб
кетишгандики, келганимга эътибор ҳам бермадилар. Кийимларимни алмаштириб,
ташқарига отланарканман, қизимдан ҳовлидаги болалар кимлигини сўрадим. – Ойимни сўраб келишибди, – жавоб қилди қизим телевизордан кўзини узмай.
Ташқарига, ўша нотаниш болалар олдига чиқдим. Уларнинг уст-боши жуда
юпун ва қаровсиз, кир-чир эди. Афтидан болаларнинг каттаси ўзларининг аҳволи
аянчли эканини ҳис эта оларди шекилли, карт устига тўшалган кўрпачани йиғиб
қўйиб, тақир палос устида омонатгина, укаси билан суянишиб ўтирар, мен
томонга ҳадиксираб қараб-қараб қўярди. Қизча укасининг бирор ножўя иш қилиб
қўйишидан хавотирда чоғи, унинг қўлидан маҳкам ушлаб олганди. Болакайнинг
ўтмас устара билан қўполдан-қўпол қилиб, чала-чулпа олинган сочлари уни янаям
хунук ва янаям аянчли қилиб кўрсатарди. Аммо қизча ҳақида бундай деб бўлмасди.
У ёшига ярашмаган, катталарга хос аллақандай андиша билан кўзини ердан уза
олмас, ийманиб онда-сонда укасига кўз ташлаб қўяр, сўнг баттар хижолат бўлиб,
нигоҳи яна ер чизарди. Уларнинг қаровсиз болалар эканини бир қарашданоқ англаш
мушкул бўлмаса-да, қизча ана шу эски-туски, юпун кийимларида ҳам жудаям
чиройли эди. – Ўқитувчингизда нима ишларинг бор эди? – сўрадим улардан.– Шу… Уй ишларига ёрдам беришга келдим, – жавоб қилди қизча.– Буни ўзи илтимос қилганмиди? Ўзи нима иши бор экан сизларга?– Йўқ, йўқ, – деди қизча худдики ўқитувчисини айбдор қилишдан хавотирга
тушгандек шошиб. – Шунчаки уcтоз менга кўп яхшилик қилганлар. Шунинг учун…
Мен аёлимни яхши билардим. У барча вазифасини бирдек қойил қилиб бажара
олмаса-да ўта кўнгилчан ва ҳиссиётларга тез бериладиган раҳмдиллар тоифасидан
эди. Шу феъли туфайли оиламиз жамғармасидан ҳам бирор меҳр-шафқатга
муҳтож ҳисоблаган кишиларга имкон даражасида ёрдам қўрсатаверар ва бу ишида
ўзининг адолатли қарор қабул қилганига асло шубҳа қилмасди. Қаршимдаги қизча
хотинимнинг ўқувчиларидан бири эканини англаб турган бўлсам-да, аёлим унга
қандай яхшилигу каромат кўрсатганидан ҳали бехабар эдим. Табиийки, менда ҳам
барча қизиқувчан инсонлардек бу вазиятга аниқлик киритиш истаги пайдо бўлди.– Устозинг қандай яхшилик қилган ўзи? – сўрадим ўсмоқчилаб.– Мактаб ҳисобидан бериладиган қишки кийим-бошни бошқаларнинг қарши
лигига қарамасдан менга олиб бердилар. Китобларнинг ижара пулидан ҳам озод
қилдилар, – деди у паст ва ғамгин овозда. Кейин ўз аҳволидан уялди шекилли, яна
жимиб қолди. Мен уни чалғитиш ва нохуш вазиятдан чиқариш учун исмини ва
кимнинг қизи эканлигини сўрадим. – Отамни танимайсиз. У бу ерлик эмас. Биз Рамазон бобонинг қизи Ҳулкар опанинг болаларимиз, исмим Нафиса, – деди у. Ва бироз аламли сукутдан кейин
ўзини қўлга олиб, укасининг исми Эргаш эканлигини ҳам айтди.
Ҳақиқатдан унинг отасини танимасам-да, бобосини билардим. Онаси ҳам
мендан икки ёшлар катта бўлиб, бир мактабда ўқиганмиз. Нафисанинг онаси
ҳақида гапирадиган бўлсам, у ўқувчилик вақтларидаёқ ўқитувчиларнинг “хулқи
ёмон” деган тамғасини олиб бўлганди. Уларнинг уйлари маҳалланинг энг четида
жойлашган бўлиб, бу оила ҳақида камдан-кам кишиларгина яхши фикр билдирарди.
Ҳулкарнинг турмушга чиқиш тарихидан ҳам сал-пал хабардор эдим.
Эшитишимча, унинг эри гиёҳвандликка берилган бир бекорчи йигит бўлгани
учундир, уларнинг биргаликдаги турмуши узоқ чўзилмай, Ҳулкар ота уйига қайтиб
келган ва анча йиллардан бери шу ерда яшарди. Бу орада эса жанжалкашлиги билан
таниқли Рамазон бобо ҳам оламдан ўтганди. – Даданг сенлардан хабар олиб турадими? – сўрадим яна.
Қиз ўнғайсизланганча яна ерга қаради. Кейин секин гап бошлади: – Дадам биз бобомникига қайтиб келган вақтлардаёқ Россияга ишлаш учун
кетган эканлар. Укам ҳам шу ерда туғилган, – деди умидсиз бир оҳангда.
Мен бу жавобдан бир нарсани ҳис қилдимки, мурғаккина шу гўдак ҳалитдан
отасининг меҳр-муҳаббати ва ёрдамидан батамом умидини узиб бўлганди.
Бироз жимликдан сўнг Нафиса гапини давом эттирди:– Онам оғир касалга чалинганлар, бирор ишга ярамайдилар. Аввалги йил пахта
мавсумида устоздан жавоб олиб, пахта териб, ойимга қишки кийим олиб бергандим.
Бу йил ҳам жавоб берсалар пахта теримига чиқиб, ойим ва укамга кийим-кечак
олишим керак. Шунинг учун ҳозир устознинг ишларига ёрдам беришга келдим, –
деди у ниҳоят ўз мақсадини ошкор этиб. – Адашмасам, сенинг бир ҳовлида яшайдиган тоғанг ҳам бор эди. У сизларга
ёрдам бермайдими?
– Тоғам ичиб келганларида ойим ва бизларни уйдан чиқиб кетинглар, деб кўп
урадилар. Ойим жуда оғир касаллар, узоқ яшамайди дейишяпти… – тасаввуридаги
бу оғир жудоликка дош бера олмай йиғлаб юборди қиз.
Уни қандай ва нима деб юпатишга ҳайрон эдим. Яхшиям шу пайт хотиним
ишдан қайтиб келди. Нафиса кўзёшларини кафтларига сурганча ўрнидан сакраб
туриб, ўқитувчисига пешвоз чиқди. Уларнинг бир-бири билан қучоқ очиб
кўришишларини кузата туриб бир нарсага амин бўлдимки, ўқитувчи ва ўқувчи
орасидаги муносабатда сақланиши лозим бўлган оралиқ ўрнини опа-сингилликка
ўхшаш илиқ меҳр-муҳаббат ришталари эгаллаб бўлган экан. – Менинг ўқувчимни хафа қилдингизми? – деди хотиним Нафисани бағридан
бўшатмай.– Йўқ. Шунчаки бироз ҳасратлашдик…
Нима гаплигини фаҳмлаган хотиним “ҳозир кийимларимни алмаштириб,
сизларга овқат тайёрлайман” деб, болаларни ёнимда қолдирганча уйга кириб кетди.
Нафиса аввалги жойига чиқиб яна укасини қучоғига олди. Мен уни босиб турган
ғамдан сал бўлса-да чалғитиш учун суҳбат мавзусини бошқа томонга бурдим. – Уканг ҳам мактабга борадими?– Йўқ, ҳали икки йил бор бунга…– Дарс қилишингга ҳалақит қилмайдими ишқилиб, тўполончи эмасми?– Тоғамнинг хотинидан роса қўрқади. Мен ёки ойимсиз ҳовлига ҳам чиқмайди.
Аёлимнинг ошхонадан туриб Нафисани ёнига чорлаши суҳбатимизга якун
ясади. Бўлмаса, у барча дард-қайғусини тўкиб солишга тайёр эди назаримда.
Эҳтимол мени устозига яқин одам ҳисоблагани учун шундай қилгандир?
Ўша куни биз бирга овқатландик. Кейин уйимизда хозирча унга муносиб ҳеч
қандай юмуш йўқлигини айтиб, кузатиб қўйдик. “Зерикканингда келиб тур”, деб
тайинлади аёлим. – Рамазон бобонинг ўтган ва ҳозирги авлодлари орасида энг фаросатлиси шу
қизча бўлса керак, – дедим хотинимга юзланиб.– Эсингиздан чиқдими? Бир сафар шу ҳақда гапирсам менга, улардан узоқроқ
юр, деб жеркиган эдингиз, – кесатди хотиним.
Мен ҳеч нарса деб жавоб қайтара олмадим. Негаки мен ҳам ўз обрўимни хавф
остида қолдириб жамият хулосаларини адолатли ёки адолатсиз эканини тафтиш
қилишга ботинадиган журъатли кишилардан эмасдим.
Ёзги таътил бошлангандан кейин Нафиса бизникига тез-тез келиб, устозининг
майда-чуйда юмушларига ёрдам бериб турадиган одат чиқарди. Бунга қаршилик
қилмадим. Алалоқибат у мендан бегонасирамай, бемалол суҳбатлашиб ўтирадиган
бўлди. Бир куни у менга:– Сизнинг фарзандларингизга бирам ҳавасим келади, – деди ширин энтикиб.
“Нима учун?” деган саволга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ эди.
Июль ойининг охирларида ҳаво кундузлари ҳаддан ортиқ иссиқ, ҳарорат
Африка саҳроларидаги жазирамани эслатадиган бўлди. Бир шартнома юзасидан
Самарқандга сафар қилишим керак. Шунинг учун саҳарданоқ йўл тадоригини кўра
бошладим. Атроф жимжит, тонг олди сукунати. Бу сукунатга аҳён-аҳёнда хўрозлар
қичқириғигина рахна солиб турибди. Сафар учун лозим бўладиган нарсаларни
энди қайта кўздан ўтказиб ҳам бўлгандимки, уйимизга нисбатан кун ботиш тарафда
таъзия содир бўлганлигидан огоҳлантирувчи йиғи овози эшитилди.
“Икки дунё иши бир вақтда келганда аввал у дунё ишига шошилинглар”, деган
ўгитга амал қилиб, сафарни бир неча соат ортга суришга қарор қилдим.
Бу дунёдан ўтган инсон Нафисанинг онаси экан. Жаноза ўқилиб, ҳамма
тобутни кўтаришга шошилган вақтда кўзим дарвоза олдида “онам”лаб йиғлаётган
Нафисага тушди. У йиғлайвериб бутунлай ҳолдан тойган, ўрнидан туришга ҳам
мадори йўқ, гўёки азалик кийимидаги қайғу тимсолига ўхшарди.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 8-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil