
Носиржон ТОШМАТОВ – 1966 йилда туғилган. Тошкент давлат маданият
институтини (ҳозирги ЎзДСМИ) тамомлаган. Ижодкорнинг “Саркаш туйғулар” китоби
нашр этилган.
* * *
Гўдакликда ўйлардим, ҳаёт –
Хушбўй гулзор, гўзал бир чаман.
Тез улғайсам, шодон умрбод
Гулзор ичра сармаст кезаман.
Ўсмирликда ўйлардим, ҳаёт –
Муҳаббатнинг улкан қасридир.
Барча дардга муҳаббат нажот,
Барча одам ишқ асиридир.
Йигитликда дедим, ҳаёт – куч,
Паст кўринди баланд чўққилар.
Йўлларимда арслон келса дуч,
Ўйлар эдим, аниқ ўкинар.
Энди фикрим тамом ўзгача,
Дерман, ҳаёт – кураш майдони.
Лабингдаги сўнгги сўзгача
Ўзлигинг исботлаш имкони.
Томошабин оломон содда,
Кўп нарсани англамас, уқмас.
Менга алам қилар, майдонда
Рақибларим бирга бир чиқмас.
* * *
Нега қулоғинг бор, фақат қулоғинг,
Юрагинг, кўзинг йўқ, айт, нега, девор?
Сўзимдан излайсан мудом гуноҳим,
Қалбим тингламайсан ақалли бир бор?
Сенга суянаман бир дўст сингари,
Сен-чи, сирларимни айлайсан ошкор.
Демак, соқовмассан, менга тескари
Нариги юзингда сотқин тилинг бор.
* * *
Мен шеърдан исиндим совуқ қотганда,
Исиндим туйғулар ҳароратидан.
Юракни овутдим, ғамга ботганда,
Сўзларнинг ифори, нафосатидан.
Ҳаёт сўқмоғида адашган пайтим
Суюк шоирлардан сўрадим мадад.
Қалбга малҳам бўлди Бобурнинг байти,
Сабрга ўргатди Навоий Ҳазрат.
Муҳаббат қийноғи – кўнгул азоби,
Кўздан ҳайдаганда ширин уйқуни,
Мударрислик қилди Машраб китоби,
Қалбимга жойлади соҳир туйғуни.
Ойбек шеърларини ўқиган дамда,
Барглар лапарига жўр бўлди лабим.
Ҳовуримни босдим шеърий гулшанда,
Юлдузларга боқдим бир дарвеш каби.
Чўлпон сатрлари – олов сатрлар,
Неча гулханларда ёнмай, тобланган.
Ўқисам, кўксимда юрак потирлар,
Ҳар битта сатрга қасос жамланган!
“Оқ денгиз, яхши қол, яхши қол, шимол,
Меҳрингни кўксимда олиб қайтаман” –
Миллатим, Усмонинг айладинг увол,
Тузалмас бу дардни кимга айтаман?..
Мен шеърдан изладим ҳаёт маъносин,
Гўзаллик, ҳақиқат шеърда деб билдим.
Ҳар сафар гўзал шеър ўқиб бўлгач, жим,
Бир фурсат борлиқдан кўзларим юмдим.
* * *
Соқов кеча, зимистон кеча,
Дов-дарахтлар – хунук шарпалар.
Сас-садосиз юлдузлар учар,
Соқов кеча совуқ нақадар.
Сукунатнинг қора кўрпасин
Ёпинганча уйқуда борлиқ.
Кеча қанча улкан бўлмасин,
Юрагимга қилмоқда торлик.
Шоир
I
Шоир зоти бўлар икки хил,
Бир бирига ўхшамас олам:
Ўз йўлини излаган кўнгил,
Сўз йўлида тойилган одам.
Иккиси ҳам дастлаб фалакнинг
Ноил бўлар марҳаматига.
Кўнгил бериб Илҳом – малакнинг
Йўл олар Шеър салтанатига.
Иккиси ҳам дастлаб жунунваш,
Туйғулари булоқдек шаффоф.
Қоғоз билан қолганда яккаш,
Муҳаббатин этар эътироф.
Ҳалолликдан, ҳалол севгидан
Ўз ўзига ичишар қасам:
“Қалам урсин – юрсам эгридан,
Қоғоз урсин – ёлғонни ёзсам!”
Сохта шону сохта дабдаба,
Ўйноқлаган шуҳрат тулпори
Истеъдодни қилар дабдала,
Топталади кўнгил гулзори.
Кеча эъзоз этган қаламин,
Ишлатади занжирбанд қулдек.
Шеъриятнинг оппоқ оламин
Сиёҳ сочиб, айлайди тундек.
Тарк этади илҳом кўнглини,
Тарк этади соҳир туйғулар.
Тарк этгандек она ўғлини,
Тарк этгандек боғни булбуллар.
Ёзаверар сўнг шўрлик тинмай,
Тунни мақтаб, кундузни мақтаб.
Ўлик сўзлар йиғлашни билмай,
Туғилади маддоҳни қарғаб…
II
…Қўрқадилар сўз уволидан,
Қасамига содиқ шоирлар.
Умид узмай ёр висолидан,
Севгисига собит қолурлар.
Кўнгилларга сўз экар улар,
Экишади самимий туйғу.
Муҳаббатдан бу сўзлар куйлар,
Жаранглайди бу туйғу мангу.
Оч қолса ҳам, қолса яланғоч,
Кийинтирар шоир сўзини.
Ойсиз тунлар қолса ноилож,
Едиради шеърга кўзини.
Шеъриятнинг салтанатида
Яшаса ҳам бамисли дарвиш,
Илҳомини кўнгил тахтида
Маликадек қилар парвариш.
* * *
Мен вақтдан хафа эмасман,
Ўз бурчини ўтаяпти у:
Бугун – хазон, кечаги чаман,
Бугун – ёмғир, кеча оққан сув.
Даъвоим йўқ шошқин замонга,
Кўнгли бўшни кўнглини ғажир.
Номпарастни чиқариб томга,
Ҳар бир сўзин қилади таҳрир.
Минг йил, балки ундан илгари,
Кимдир айтмиш: “Дунё – бир бозор”.
Камбағалнинг иши тескари,
Доим хушнуд бозорда пулдор.
Гул ёшликни кузатиб кеча,
Шўхликларга силкиб қолдим қўл.
Янги ойни юлдузлар қучар,
Эски ойнинг доғлари ҳам мўл.
Фақат қалбим қийнагани шу,
Сувга чўкди не-не йилларим.
Судраганда гулзорга кўнгул,
Тош кўчадан бахтим изладим.
* * *
Эриб битди кеча ёққан қор,
Совуқ ҳаво исиди бирдан.
Остонада тургандек баҳор,
Илиқ шамол эсди адирдан.
Шошманг, гуллар, дарахтлар, шошманг,
Тугамади ҳали қиш, аёз.
Гулламоққа сира ошиқманг,
Ер баҳорни туш кўрди, холос.
* * *
Бу кеч баҳор тушимга кирди,
Қўлларида даста-даста гул.
Келаётир йўлда югуриб,
Келаётир очилиб гул-гул.
Кўк кўйлаги елда ҳилпирар,
Ҳилпирайди зангори сочи.
Атрофида қушлар чарх урар,
Сайроғида бори қувончи.
Димоғимга урилди хуш бўй,
Чучмомаю бойчечак атри.
Ариқларда янграр ажиб куй,
Кўлмакларда қуёшнинг акси.
Куйламоқда ҳаттоки тошлар,
Куйламоқда адир, далалар.
Дала узра кўзларин ёшлаб,
Булут тўкар инжу доналар.
Олам байрам кайфиятида,
Кўзни олар ранглар жилоси.
Қоқигуллар салтанатида
Боларилар мунг, илтижоси…
Уйғондиму боқдим дарчадан,
Ташқарида ёғар лайлакқор.
Йўл четида яшил майсалар,
Мендек кўкка боқар интизор.
* * *
Далани эслаб
Овлоқ дала,
Қамиш чайла.
Ёмғир ёғар
Майда-майда.
Эру хотин
Ҳам уч бола.
Лабларимда
Кўҳна нола:
“Деҳқончилиқ –
Шилиқ-шилиқ,
Бўлмай қолса,
Қуруқчилиқ”.
Эсар шамол,
Эсар ғир-ғир.
Болаларим
Титрар дир-дир.
Қозончада
Қайнар шўрва.
Олови паст,
Қайнар зўрға.
Қоракўзлар
Термилишар.
Навниҳолдек
Тебранишар.
Бўм-бўш пайкал,
Бўм-бўш қоплар.
Қамиш томдан
Чакка томар.
Ёмғир ёғар
Эзиб сим-сим.
Жажжи қизим
Мудрайди жим.
Термиламан
Олисларга,
Ёлғизоёқ
Йўл – изларга.
Юзим силар
Совуқ шамол.
Қалбим эзар
Совуқ хаёл.
Қозончада
Қайнар шўрва.
Олови паст,
Қайнар зўрға.
* * *
Уйқум келмас сира,
Ёмғир ёғаётганда.
Кимдир деразамдан
Боқаётгандай.
Афсунгар тун ичра
Шивир-шивирлаб,
Мени ташқарига
Чорлаётгандай.
Кўкдан тушиб ёхуд
Минглаб малаклар
Деразам ортида
Йиғлаётгандай.
Томган томчиларми,
Соат товуши –
Умрим лаҳзаларин
Санаётгандай.
Кўнглимда бир ғашлик,
Номсиз хавотир:
Душман пичоғини
Чархлаётгандай.
Қоп-қора сочларин
Ёйиб лўли қиз
Менинг қисматимни
Шарҳлаётгандай…
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 8-сон