
Отабек БАКИРОВ – 2001 йилда туғилган. Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети 3-босқич талабаси. «Умид» номли мақолалар тўплами
чоп этилган.
“Сиёҳдон” номли илк китоби чоп этилган Чарос Авезова насрга дадил қадамлар
билан кириб келди. Бу ёшда атоқли носирларимизнинг аксари шеър ёзган. Насрга
кейинроқ, ҳаётий тажрибаси ортиб, илмий ва ижодий пойдевори мустаҳкамланган
паллада қадам қўйган.
“Изларбек”, “Дафина”, “Уч бўлак одам”, “Пул бола” ҳикоялари муаллифнинг
ўз услубини шакллантирганидан, ўз мавзуларини белгилаб олганидан далолат
беради. Ёшларга хос севги, ҳижрон, эҳтирос, ўйинқароқлик ўрнига дунё кўрган
кишиларникидек қисмат зарбалари, тириклик ва тирикчилик машаққатлари, инсон
ва жамият ўртасидаги мураккаб боғлиқликлар ушбу ҳикояларда ўз ифодасини
топган.
“Изларбек” ҳикоясида қишлоқ боласининг болаликдан ўсмирликка ўтиш
давридаги руҳий дунёси акс этади. У бутун оламга савол билан қарайди, бу савол
боланикидек “Нима?” шаклида эмас, “Нега? Нима учун?” шаклида қўйилган.
Асосий рамз бўлган Дарахт баҳона қаҳрамон сабр, меҳнат, мағлубият, хиёнат,
муваффақият, қониқиш ва одам танишнинг аҳамиятини ўрганиб боради ва якунда
ўз аксини топади.
“Дафина” ҳикоясини янгилик деса бўлади. Бош қаҳрамон Мунавварнинг сочи
кутилмаган детал бўлиб, фантастика ва реалликнинг омухтасида қизиқарли ва
ибратли образ яратилишига сабаб бўлади. Автоҳалокатдан кейин қизнинг кайфияти
сочида акс эта бошлайди. Масалан, қувонса яшил, ҳаяжонланса оловранг, қўрқса
оқ тусга киради. Муҳаббат эса камалакдек ранг-баранг чизилади.
Чарос Авазова битта ҳикояда асосан битта рамздан фойдаланди. Баъзан у жуда
жўн нарса бўлиши мумкин (лаган, чой, соч, ёнғоқ, пул ва ҳоказо). Лекин бу рамзлар
маъно ташиш учун монелик қилмайди.
“Хизмат”, “Юракли тераклар”, “Янги меҳмон”, “Қандил ҳикояси”, “Қадр”,
“Имкон”, “Эрталар”, “Яхши кўрар эканман” каби ёзиқлари эса ҳикоядан
кўра публицистик услубга яқин келади. Уларда мантиқий изчилликка путур
етади. Масалан, турник тилидан ёзилган “Юракли тераклар” ҳикоясида темир
дўппи-белбоғ каби миллий кийимлар ҳақида гапира туриб, тобутни қути дейди.
Матндан келиб чиқсак, турник учун тобут ягона эмас, икки марта дуч келади унга.
Бу ҳолатлар ҳикояга бўлган ўқувчи ишончига зарба беради.
“Қозиқ”, “Сиёҳдон” сарлавҳали ҳикоялар эса ҳали ҳикоя даражасига кўтарила
олмаган. Қайта-қайта ишланса, яхши асарга айланиши мумкин.
Чарос Авазовага ҳикояда ҳамма рамзу ишораларни ўқувчига очиб бермасликни
унинг ўзига хулоса чиқариш учун майдон қолдиришни имкон қадар ровийнинг
иштирокини камайтириб, мазмунни воқеалар динамикасига жойлаштиришни
тавсия этарди.
Фарҳод Эшоннинг “Кўлдаги акс ва гул” тўпламидаги ҳикояларини лабиринтга
ўхшатаман. Айримларида чиқиш бор, айримларида йўқ. “Шифтдаги портрет”, “Бир
юз ўттиз биринчи”, “Ойпараст”, “Кўлдаги акс” ҳикояларида детектив-саргузашт
руҳи ҳукмронлик қилади. Ўқилиши енгил, мутолаа қизиқарли ўтади. Сюжет
табиий ривожланади, ишонарли чиқади. Фантастик эпизодлар асосий мақсадга
хизмат қилади, чалғитмайди.
Хусусан, “Ойпараст” ҳикояси адабиётда кам мурожаат қилинган объект ‒ руҳий
касаллар шифохонаси тасвирлангани билан аҳамиятли.
“Қўрғон”, “Шахс”, “Курсив”. “Билишинг шарт”, “Вақтинча ишсиз”, “Кейинги
масала” каби ҳикоялар чувалган калавага ўхшайди. Бир ўқишда фалсафий жумбоқ
“йилт-йилт” этгандай бўлади. Аммо астойдил ўқиган одам учун бу иллюзия бўлиб
чиқади. Чиройли баён ортида нима борлиги мавҳум. Шу маънода бу ҳикояларни
якунланган деб ўйламайман.
Мавлуда Самариддинова мен учун янги ном бўлди. Китобдан унинг қатралари
жой олган. Муаллиф адабиётдан яхшигина бохабар, ёзма нутқда тажрибаси бор.
“Қуёш”, “Бахт бу…” сарлавҳали қатраларда янги сўз, янги топилмалар,
ўхшатишлар ва қисқа матнда катта маъноларга ишоралар борлиги одамни
қувонтиради. Масалан, ёмғирни қуёшнинг кўзёшига ўхшатилишига биринчи бор
дуч келдим.
Аммо бошқа қатраларда таъсирлантирувчи деталлар етарли эмас. Аксар
фикрлар, тасвирлар такрор-такрор ёзилгани учун ўқувчини қизиқтира олмайди.
Табиатни тасвирлаш бўйича Ясунари Кавабата услубини чуқур ўрганиш, анализ
қилиш ижодкор учун келгуси қатраларида уммонларни жо қилиш имконини берса,
неажаб.
Шаҳзод Шомансуров “Акс” лойиҳасида чоп этилган “Кунгабоқар” китобидаги
йигирма бешта ҳикояни бир нафасда ўқиб чиқдим десам, ёлғон бўлади. Аммо
шавқ билан ўқиганим рост. Тақлид деган ўйдан холи айтишим керакки, уларда
Михаил Булгаков, Хулио Кортасар, Эдгар По, Агата Кристи, Оскар Уайлд асарлари
нафасини сездим. Балки, шунгадир қаҳрамонлар кўп ҳам ўзбек характери ва
қиёфасига тушавермайди.
Сўнгги вақтларда адабиётимизда шаҳар манзаралари ва шаҳарликлар
образининг ўрни ғариблиги ҳақида ўйлаяпман. “Москва кўзёшларга ишонмайди”,
“Рим таътиллари” фильмлари, “Париж Биби Марям ибодатхонаси” (В.Гюго),
“Қўрқинчли Теҳрон” (М.Козимий), “Истанбул фожиаси” (Э.Воҳидов) каби
санъат намуналари айнан шаҳар ҳавосидан илҳомланиб яратилмаганмиди? Ўткир
Ҳошимов, Олим Отахонов, Хайриддин Султон, Эркин Аъзамнинг ҳикояларида
шаҳар мавзусига кенг ўрин ажратилган. Лекин кейинги вақтларда бу мавзу
ҳикоячилигимизда эсдан чиқиб қолгандай. “Кунгабоқар”да ана шу мавзуни топдим.
Ҳикоялар шартли уч гуруҳга бўлинади: ўткир психологик (“Лиза”, “Тўққизинчи
палата кундалиги”, “Якудза”), детектив-саргузашт (“Кунгабоқар”, “Тиғ”, “Француз
булдоги”, “Шартнома”) ва тимсолли (“Қисмат манзараси”, “Жаноб Стоунга
мактуб”, “Жаллод”, “Қаҳва”).
Баъзи ҳикояларда реализм ва мистика шу қадар бир-бирига омухта бўлиб,
ўринлари шу қадар билувсиз алмашадики, салгина эътиборсизлик қилган ўқувчи
бошидан ўқишга тўғри келади. Яна улар сатира ва юмордан холи эмас.
Ёзиш услуби равон, сюжетлар ўқувчини зериктирмайди, якунга қадар ечим
ҳақида бир қарорга келиш иложсиз. Матн орасида бутун-бутун фалсафий
монологлар жойланган.
Муаллифда дин, тарих, психология, фалсафа, тиббиёт, ҳуқуқ ва ҳарбий билим
борлиги яққол сезилади.
Асосий қаҳрамонлар ‒ йигитлар. Улар ҳақиқий эркак сифатида тасвирланган.
Спиртли ичимликлар ичиши, сигарет чекиши, аёлларга ишқибозлиги учун эмас.
Мардлиги, қўрқмаслиги, меҳнаткашлиги, қийинчиликларга бардошлилиги, оғир
вазиятларда ҳам ўзини йўқотиб қўймаслиги, виждони олдида ҳисоб бериши ва
бошқа жиҳатлар уларга нисбатан ҳурмат уйғотиши шубҳасиз.
Бу йигитлар уйланмаган, лекин аёл зотини ипидан игнасигача яхши билади,
деярли ҳар бири бир соҳанинг мутахассиси лекин ўзи лойиқ бўлган жойда эмас,
барчасининг атрофи тўла одам, аммо ниҳоятда ёлғиз. Эрих Мария Ремаркнинг
“йўқотилган авлод”и ҳикояларда яшаётгандай. Ёлғиз, унутилган ва бой берилган.
Ҳикоялар бўйича баъзи танқидларим бор.
Қаҳрамонлар оила қурмаган. Гарчи ҳикояларда сўққабошлик тарғиб қилинмаган
бўлса ҳам, оила қурмасдан яшаб юравериш мумкин деган хулоса чиқиб қоляпти.
“Жаноб Стоунга мактуб” ҳикоясидаги каби ҳожатхона ва унга оид саҳналар
жуда очиқ ва кўнгилни айнитар даражада аниқ тасвирланган. Ҳаётни барча
жирканчликлари билан кўрсатиш шарт эмас, назаримда.
Ўзимизнинг шаҳарларни кўрайлик. Шаҳар ва пойтахт ҳаёти қаламга олинганини
алқаган бўлдик. Энди том маънодаги Тошкент манзаралари ва тошкентликлар
ҳақида ўқисак қандай бўлар экан? Ўйлайманки, пойтахтимизда ҳам қаламга олишга
арзигулик воқеалар етарлича топилади.
Алишер Файзуллаевнинг “Аждар сайёраси” ўн бешта ҳикоядан иборат
китобидаги ҳикояларда китоб ҳажман ихчам бўлса ҳам, маъноларнинг ўта сиқиқ
жойлаштирилгани мени шошириб қўйди. Муаллиф дунёни мураккаб рамзлар,
афсоналар ва туман орасидан тасвирлагандай.
“Азизлар ҳақида жумбоқ”, “Аждар сайёраси-2”, “Капалаклар қандай яшайди?”,
“Кечирасиз, мумкинми?”, “Восита” ҳикояларини астойдил уринган китобхон
тушуниб олиши мумкин. Уларда ноодатий услуб орқали шахсиятдаги эврилишлар
ифода этилган.
Қолган асарлар ҳақида эса бундай дея олмайман.
Муаллифнинг ўзбек ва жаҳон адабиёти, тарихи, халқ эпосларидан бохабарлиги
ҳамда сирлилик пардасига ўралган услуби қанчалик жозибали, доҳиёна кўринмасин
китобхонлар оммаси учун қабул қилиш қийин бўлиб қолаверади. Мураккаб
ҳикояларга қисқа изоҳ ё тимсолларга шарҳ бериш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
“Излам” лойиҳасида чоп этилган МоҳиРанинг “Қирқ биринчи кун”, мен учун
кутилмаган воқеа бўлди. Муаллиф ҳикоялари орқали кунда кўриб кўниккан
дунёмизнинг биз сезмаган, сезсак ҳам, тадқиқ этишга юрак бетламайдиган
манзараларига мурожаат қилади. Воқеа жойларининг аксари бизга нотаниш бўлса
ҳам қаҳрамонлар кечинмалари сизу бизники.
Муаллиф образ ярата олади. Унинг қаҳрамонлари хотирада қолади, кейинчалик
ҳам тақдири, ҳикоя мазмуни ҳақида қайта мулоҳазага чорлайди.
Дейлик, “Катена” ҳикоясидаги Саломат момо образи деярли яқин-яқингача
бўлган бутун ўзбек бувиларининг типик образи дейиш мумкин. Ёки “Ниначилар
қарғиши” ҳикоясидаги она ва бола, ака-сингил муносабатларига умрида бир марта
бўлса ҳам дуч келмаган одам бўлмаса керак.
“Тугалланмаган куй”, “Ҳаётга кириш”, “Қирқ биринчи кун”, “Олов рақси”
ҳикояларидаги муҳаббат ва нафрат, садоқат ва хиёнат, соғлик ва хасталик, эрк
ва тутқунлик, ҳаёт ва ўлим конфликти ўқувчи қалбида узоқ вақт акс садо бериб
туради. “Ҳаётга қайтиш” ҳикоясидаги Рашид ва Асила муҳаббати беихтиёр Ромео
ва Жульеттани ёдга солади. Бетаъма, беғараз ишқ ва аламли айрилиқ. Улардан
фарқли равишда бу ҳикоялар якунида ёруғ умид қолади.
Муаллиф ўз ижодида аёл образини биринчи ўринга қўяди. Баъзи эпизодларда бу
ҳолат муаллифнинг холислигини сақлашга халақит беради. Шундай ўринларда у
аёл бўлиб туғилишни фожиа, қаҳрамон аёлларни эса мазлума қилиб тасвирлайди.
Бу қанчалик тўғри эканини ўйлаб кўриш керак.
Муҳаммадхон Юсуповнинг “Дераза ортида” китоби туркум ҳикоялар ва “Илк”
номли қиссадан иборат. Саккизта ҳикоя ҳажми турлича бўлса ҳам мутолаа якунида
худди ярим саҳифа матн ўқигандай таассурот қолдиради. Бу, менимча, муаллифнинг
қисқа ҳикоя ‒ драбллар ёзиш бўйича кўп йиллик тажрибаси маҳсули бўлса керак.
Ҳикоялар ортиқча тафсилот, тушунтириш, шарҳдан холи. Ўқувчи воқеаларни
четдан туриб кузатади. Худди яширин камера ёзувларини томоша қилгандай. Аммо
унда фақат тасвир эмас, у орқали одамларнинг ички дунёси, оилавий ҳаёти очиб
берилади.
Муаллиф асосий эътиборни оила ва болалар тарбиясига берган. Бу орқали
гўдакликдан бошлаб балоғат ёшигача бўлган даврда бола ва оила, бола ва жамият
муносабатларини ёрқин, содда ва моҳирлик билан очиб берган.
Байрам Алининг “Босириқ” китоби етти ҳикоя ва икки қиссадан иборат. Ҳикоялар
тўлиқ миллий муҳитга тўйинган ‒ Сурхон воҳаси ҳаётига кўзгу тутади. Уларда
дўстлар ва ёр ‒ севги учбурчаги каби умумбашарий ва анъанавий мавзулардан
тортиб, хаста ўғилни қалдирғоч уясига чўмилтириш, кекса чавандознинг отини
кўрмагунча жон таслим қилмаслиги каби янги ва оригинал мавзуларга дуч келасиз.
“Илинж”, “Топишмоқ”, “Дардли қуш” ҳикояларини олқишлаш мумкин.
“Ҳамдардлар” ҳикояси бир қарашда сунъий сюжетга эга. Тиббий текширув
натижасида айни дамда фарзандли бўла олмаслигини эшитган эркак оғироёқ
аёлини хиёнатда айблаб ажрашади. Йиллар ўтиб ўша аёлнинг ўғли олис юртда
отаси билан ҳамшиша бўлади. Иккаласи бир-бирини танимайди. Лекин якунда
бармен бир-бирига икки томчи сувдай ўхшаш бири кекса, бири навқирон одамга
қараб лол қолади. Бу орқали ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкинлиги, тиб илми
ҳам юз фоизлик ташхис бера олмаслиги ҳақида гап кетади. Ўқувчи кўнглида бир
изтироб илдиз отади.
“Куз ёмғирлари” эса жўн ҳикояга айланиб қолган, балки бош қаҳрамон
Жаъфарсодиқнинг руҳияти, таржимаи ҳолига қисқача тўхталиб ўтиш керак эди.
Ҳар ҳолда туфлиси эскилиги учун ёмғир ёғса ишга кеч қолувчи ходим ва раҳбарнинг
унга янги оёқ кийим совға қилгани бутун бошли ҳикоя учун камлик қилади.
Ёки “Почча” ҳикоясида ҳам сунъий воқелик яратилгандай. Аниқроғи, Ўткир
Ҳошимовнинг “Янга” ҳикоясига ғариб тақлид кўринишига тушиб қолган.
Жуманазар Йўлдошнинг “Сир” китобидаги “Ёмғирдан сўнг”, “Есенинни севган
қиз”, “Отам ва ўғлим”, “Балиқ ови” ҳикоялари жонли тили ва ибратли хулосалари
билан кўнгилга анчайин таъсир ўтказади.
“Сир” ҳикояси барчасидан кўра мукаммал ёзилган дейиш мумкин. Негаки
Ажнабий образи, унинг ҳаракатлари, атрофидаги воқеалар ривожи аниқ ва
маҳорат билан тасвирланган. Ҳикоя бўйлаб унинг одамларга қўшилмаслиги,
сирли ҳужраси ва ғайриоддий характери ўқувчини бир хулосага келишига йўл
бермайди. Аммо якунда кутилмаган ечим берилади. Барчасига сабаб Ажнабийнинг
ўз ўлимининг аниқ вақтини билишида экан. Бу орқали инсон ўз ўлими, умуман,
келажакни олдиндан билса нималарга олиб келиши мумкинлиги ҳақида баҳс
қилади. Ушбу ҳикоя “Шарқ юлдузи” журналининг 11-сонида “Ажнабий” номи
билан берилган эди ва бу сарлавҳа ўзини оқламаганини қайд этиб қўйгандим.
Китобда эса моҳиятни очиб берувчи “Сир” сарлавҳаси билан алмаштирилгани
айни муддао бўлибди.
Лекин бошқа ҳикоялар ҳақида аниқ бир сўз айта олмайман. Чунки уларни
тушунмадим десам бўлади. Маъносини англашга бўлган уринишларим зое кетди.
“Ёшлик” журналида чоп этилган Абдулла Чимирзаевнинг “Бегона” ҳикоясида
меҳнаткаш одамнинг тақдири тасвирланади. Бир инсон бир жойга келиб боғ
қилади. Лекин қишлоқ одамлари уни сиғиштирмайди. Ҳатто, насаби шу ерлик
бўлса ҳам. Охирида эса жаҳолат қурбони бўлади. Бунда жамиятни хароб қилувчи
оғир иллатлардан бири маҳаллийчиликнинг оғир оқибатлари оддий деҳқон йигит
ҳаёти мисолида очиб берилади.
Лазизбек Бозоровнинг “Бир туп писта” ҳикоясини ўқиб Фаррух Жабборовнинг
“Йигирма беш яшар чоллар” мақоласи ёдга тушди. Муаллиф ҳатто 20 ёш. Аммо
дунёнинг ўткинчилигию инсон армонларининг туганмаслиги, ҳаётнинг масрур
дамлари қисқа бўлиши-ю, виждон азобининг эскирмаслиги ҳақида баҳс қилади.
Қаҳрамони Қобил чол ҳаёти орқали ҳаётни ифодалашга ҳаракат қилади. Бироқ,
ҳикоянинг ўлим билан тугаши юқоридаги барча уринишларга соя ташлаб қўйгандай
таассурот қолдиради. Балки ҳикоя Сойим Исҳоқнинг “Юлдуз кўкда сўнади”
қиссаси каби умид билан тугатилиши керак эди деб ўйлайман.
Озод Мустафонинг “Олеандр” ёхуд “умид гули” ҳикоясида табиат ва тараққиёт,
тарих ва келажак, уруш ва тинчлик масалалари ғоят усталик билан, чизиб
берилганига қойил қолмай илож йўқ. Бугунги ўқувчига ана шундай ноодатий, айни
пайтда фойдали ҳикоялар керак деб ўйлайман.
“Бир қучоқ гул” бадиҳасида Завқиддин Насимов инсон характерининг ажойиб
бир қирраси: яъни йўқ бўлса қўмсаш, борида тўйиб қолиш, самовий туйғуларнинг
маиший муаммоларга аралашиб кетиши қисқа ва лўнда қилиб очиб берилган.
Рўзғор ташвишига ўралашиб кетган аёл эрининг ҳар ой гул олиб келиши ўрнига
пулини беришини сўрайди. Бунда аёл молпараст экан деган ўй шаклланади. Аммо
аёлнинг мақсади холис: у боласига қимматбаҳо ўйинчоқ олиб бермоқчи. Лекин эр
учун бу исроф, холос. Икки томон ўзича ҳақ.
Замонамиз одамларининг кайфияти эмасми бу? Моддият, моддият, моддият.
Юлдуз Рўзиеванинг “Тушдаги саҳро” ҳикоясида кўпчилик учун табиат қонунидай
туюладиган уйқу ҳақида гап кетади. Бунда муаллиф Чеховнинг “Уйқу истаги”
қаҳрамони психологиясига жуда яқин келади. Фарқи: унда қизнинг уйқуси келади,
аммо имкон топа олмайди. Бунда эса имкон бор, аммо уйқу йўқ. Одамларнинг
бир-биридан қанчалик узоқлашиб кетгани, ҳатто эр-хотин ўртасидаги олис руҳий
масофа ҳақида гап кетади. Ҳикоя виждон азоби ва унинг таскини ҳақида.
“Ёшлик” журналининг 7-8-сонларида Ирода Зокир қизининг “Суст хотин”,
“Дудуқ” номли яхшилик билан тугалланадиган ҳикоялари ҳам берилган экан.
Ирода икки ҳикояда икки ўзбек аёлининг қисматини қаламга олади. Бири олис
қишлоқда, ҳаётнинг аёвсиз зарбалари ичида яшайди, аммо яшашга ўзида куч
топади. Инсоний ожизлиги ҳатто ўлимгача етаклайди. Бироқ сўнггида ҳаммасини
ўзгартириб юборадиган ечим таклиф қилинади.
Иккинчисида эса барча шароитлари муҳайё бўлган аёлнинг она тилига
муносабати, бу орқали ўзбек тилининг бугунги аҳволи, одамларнинг унга
муносабати моҳирлик билан очиб берилади.
Гарчи ҳикоялар ҳажман катта бўлса ҳам муаллифда қоқилиш, чалғиш ва темпни
тушириб юбориш кузатилмайди. Бу ҳикоялар муаллифнинг каттароқ асарлар ёза
олиш салоҳиятидан дарак беради.
2024 йил ҳикояларидаги умумийлик:
- Қаҳрамонларнинг ташқи кўринишини тасвирлашдан кўра ички оламини очиб
беришга кўпроқ ўрин берилган. Балки, шунинг учундир деярли бирон қаҳрамоннинг
қиёфаси тасаввурда аниқ жонланмайди. Давомли диалоглардан кўра ўз-ўзи билан
бўлган монологларга кенг ўрин ажратилган. - Ҳикояларда публицистик кайфият кучайган.
- Учала лойиҳада чиққан китобларнинг деярли барчасида Тушкунлик кайфияти
ҳукмронлик қилади. - Ҳикояларнинг мураккаб шаклда тақдим этилиши кенг ўқувчилар оммаси учун
ноқулайлик туғдиради.
2024 йил ҳикоялари бўйича таклифлар: - Ўзбек адиблари ҳикоялари учун чет эл ва чет элликларни танлаш урф бўлиб
боряпти экан. Албатта, қайси миллат ва юрт бўлса ҳам жавҳарида инсон туради.
Лекин нега детектив-саргузашт ҳикоялар учун Ўзбекистон ёки ўзбеклар қаҳрамон
бўлмаслиги керак? Нега бизда ҳам моҳир изқуварлар образи туғилмасин? Шерлок
Холмс, Пуаро, Мегре каби қаҳрамонлар сафига ўзбек қаҳрамонлари ҳам қўшилса
ёмонми? - Ҳеч бир инсон ва ҳеч бир давлат мутлақ бахтсиз бўлиши мумкин эмас.
Наҳотки, инсон ҳаётининг ёрқин томонларини тасвирлаш мумкин бўлмаса? Фақат
тушкунлик, норозилик билан тўйинган ҳикоялар ўқувчини бездириб қўйиши
мумкин. Ҳатто, уруш даври тасвирланган ҳикояларда ҳам йилт этган нурлар жилва
қилади-ку. - Тарихий ва миллат характерини ифода этувчи ҳикоялар камайиб боряпти.
Ёзувчиларнинг Ғарб адабиёти, Шарқнинг ривожланган давлатлари адабиёти
билан яқиндан танишуви, ҳатто, асл тилида ўқиш салоҳияти қаҳрамонларнинг
ҳам европалашувига олиб келяпти. Миллий бўёқлар деганда фақат дўппи-чопон,
тандир-томсувоқ уй тушунилмаслиги керак. Менимча, замонавий ўзбеклар
қиёфасини яратиш ҳақида бош қотириб кўриш керак.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 8-сон