Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Бир кун ўзинг учун яшагин, аёл!

Дилноза КАМОЛ – 1994 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини
тамомлаган. “Зомин – 2018” семинари қатнашчиси. “Нур ташрифи” номли китоби чоп
этилган.


Тўмарис момо монологи


Ҳув асрлар қатида,
Ҳув йилларнинг ортида,
Ҳув фасллар юртида,
Сенга мадад бўлай деб
Лашкарларинг турибди,
Кўраяпсанми, ўғлим!


Саф саф бўлгин саф бўлгин,
Сен Ватан тараф бўлгин!


Широқ бобонг ўнгингда,
Мангуберди сўлингда,
Темур бобонг йўлингда
Дуо бериб турибди,
Кўраяпсанми, ўғлим!


Саф саф бўлгин, саф бўлгин,
Сен Отанг тараф бўлгин!


Жадид қонин тўкканлар,
Босмачи деб сўкканлар,
Юртингга кўз тикканлар,
Гала бўлиб бугун ҳам
Тишин қайраб ётибди,
Кўраяпсанми, ўғлим!


Саф саф бўлгин, саф бўлгин
Сен Онанг тараф бўлгин!

Ҳув тоғларнинг ортида,
Ҳув саҳролар ортида,
Ҳув ўрмонлар ортида
Олов ёниб ётибди,
Кўраяпсанми, ўғлим!


Саф саф бўлгин, саф бўлгин
Озодлик тараф бўлгин!


Суянчинг, елкадошинг,
Қозоқ, қирғиз жондошинг,
Тожик, туркман қондошинг,
Она юртни асрашга
Биргамиз деб турибди,
Кўраяпсанми, ўғлим!


Саф саф бўлгин, саф бўлгин
Сен Турон тараф бўлгин!


Аёл


Ҳаётнинг ҳар қандай шартига кўндинг,
Айт, қачон кўксингга тегибди шамол?!
Бола-чақа дединг, рўзғор, иш дединг,
Бир кун ўзинг учун яшагин, аёл!


Сен – эрнинг айбини ёпгувчи қалқон,
Оила кўркига берарсан сайқал.
Майлига ҳар кунмас, лекин ҳар замон,
Бир кун ўзинг учун яшагин, аёл!


Шаффоф кўзгуларни қўлингга олиб,
Олтин қўғирчоқдек ясангин хушҳол.
Юзингга упа сурт, яхши кийиниб,
Бир кун ўзинг учун яшагин, аёл!


Гоҳида дард бирла тилинса бағринг,
Гўё тўлишмайин қолгандай ҳилол.
Қадрингни бунчалар арзон қилмайин,
Бир кун ўзинг учун яшагин, аёл!


Кел, ошиқ бўламиз!
“Руҳнинг қайта туғилиши” дафтаридан


Кел, ошиқ бўламиз!
Кел, ҳеч бир файласуфлар китобларини ўқимаймиз,
Дунё ҳақиқатларини ёқлайдиган
ёки инкор этадиган билимларни ўчириб ташлаймиз.
Ҳақиқий ҳаётни изловчи бўламиз,
ўз тажрибамиз билан – Ҳақиқат бўламиз.
Шунда – ақл билан жанг бошланади.
Кучимиз ўзимиз билан курашишга сарфланади.
Биз ҳатто танамизда қон оқаётганини ҳам сезмаймиз…
тушуняпсанми?


Кел, ошиқ бўламиз!
Барча қўрқувларни севгида эритиб юборамиз
Фикр ва ҳаракатдаги,
уйқудаги, уйғонишдаги,
ҳаёт деб билган нарсамизни йўқотиш қўрқувини…
Бизнинг қўрқувимиз бу “мен”ни йўқотиш…
Мен ўзимни “мен” деб биладиган нарса эмаслигимни
ва ўзимнинг ўзимдан алоҳида эканлигимни такрорлаганим сари
қўрқувлар йўқолиб бормоқда.


Кел, ошиқ бўламиз!
Мен севгиман!
Севгига тўлган юрак ўзгаларда севгини кўради.
Биз бирмиз, асли заррамиз,
биргаликда улкан дунёмиз.
Бу дунё минг йиллар давомида бўлган
биз бўлмаганда ҳам…
Ва кун келадики
дунё ҳамон мавжуд,
биз эса йўқмиз.


Кел, ошиқ бўламиз!
Одамлар ўйлаб топган айбдорлик ҳиссини ўчириб ташлаймиз!
Сен айтганингдек ҳаммаси табиий кетяпти,
ҳамма нарса ўз вақтида юз беради…
Ҳаётни ўлчамаймиз.
Ҳаёт – узлуксиз оқим.


Кел, ошиқ бўламиз!
Ошиқликда сўзлар ортиқча.
Ошиқликнинг на тили, на миллати, на ирқи, на дини бор…
У фақат сукунатда ҳаловат топади,
Сукунат чегара билмайди, чексиздир.
Ибодат сукунатда.
Ошиқнинг руҳи
чексиз ибодат билан банд бўлади.
Борлиқни унутади.


Кел, ошиқ бўламиз!
Ўтмиш ва келажак ҳақида қайғурмаймиз!
Ҳар лаҳзадан завқ оламиз, рақсга тушамиз.
Агар сен бирор нарсага қаттиқ ёпишиб олсанг,
мен сени чалғитаман.
Ўзингни бахтсиз ҳис қилмаслигинг учун
Сен суянган барча нарсани қулатаман.
Бу боғланишлар фақат азоб эканлигини такрорлаб тураман…
Эгалик ҳисси сени ташвишга солишини англатаман.


Кел, ошиқ бўламиз!
Хурсандчилик тўлқинларини бутун оламга ёямиз.
Бутунликни қабул қиламиз!
Азобни инкор этиб бўлмайди,
аммо кўз юмиш мумкин.
Эътиборсиз қолдириш мумкин.
Кел, ошиқликда эркин бўламиз!
Эркин бўлиш ва ўз ноёблигимизни сақлаб қолишимиз учун,
керакли вақтда йўқ дейишни ўрганишимиз керак.
“Ҳа” кўпинча итоаткорликни англатгани каби,
баъзида “йўқ” дея олиш ҳам
“ҳа” дегандан кўра кўпроқ эркинлик беради.
Эркинлигингни кўпчилик уларга топширишингни яхши кўради.
Уларнинг бир қисми бўлиб,
айтганларини қилишингни истайди.
Натижада бахтсиз ва хўрланганлар сони ортади.
Одамлар ҳар қандай ғояга эргашишга тайёр.
Чунки улар бахтсизликдан қутулишни хоҳлашади.
Тақводор бўлмаганинг учун бахтсизсан дейишса,
тинмай ибодат қилишади.
Ибодат қилгач ҳам ўзини бахтсиз ҳис қилса,
бора-бора динни ёлғон дейди.
Кўряпсанми, чунки улар ошиқ эмас!
Мен ҳаммага ва ҳамма нарсага “йўқ” дейиш керак демайман.
Бу ҳам кўп ёрдам бермайди.
Аммо шундай одамлар борки
ҳамма нарсага ва ҳаммага
таслим бўлишга тайёр итоаткорлар.
Уларда мустақил руҳ йўқ.
Улар ўзларининг мавжудлигига ишонишмайди.


Кел, ошиқ бўламиз!
Ошиқликда ҳасадгўйларни ёқамиз.
Ҳасадгўйлар ўзини тирикдек тутади,
лекин ҳар куни ўлади.
Туғилганидан бери ўлиб келади…
Ич-ичидан чирийди…
Умри давомида тинмай ибодат қилади ва
қилган ибодатларига ишонади.
Лекин мен уларнинг ибодатига ишонмайман.
Ахир ибодат қалбдан келади.
Қалби ҳасад билан тўлган инсоннинг ибодати
қай тарзда гўзал бўлиши мумкин?!
Гўзаллик фақат ишқдан яралади…
Ишқ ошиқда бўлади…

Кел, ошиқ бўламиз!
Ошиқликда дунё қафас эмас –
Худонинг мўъжаз уйи.
Айб йўқ, айбдор йўқ,
Кибр йўқ, сохталик йўқ.
Фақат ишқ, фақат лаззат.
Фақат қувонч, фақат бахт.
Қароғингда севинч мужассам.
Шукроналикни ҳис қилишнинг йўли – ошиқликдир!
Кўплаб одамларнинг дуолари ҳайратга солади –
“Мен бундан ҳам кўпроғига лойиқман,
сен менга адолат қилмадинг!
уни бер, буни бер, бер, бер”.
Сўраган нарсаси берилганда ҳам,
ўзида йўқ бўлган янгидан-янги истакларнинг
сўрови тугамайди.
Натижада ҳар он, ҳар дақиқада
яшаш завқини,
чинакам шукроналик туйғусини ҳис қилолмайди.


Кел, ошиқ бўламиз!
Биз ягона нурмиз!
Юрак уришимиз
бутун оламнинг юрак уриши билан бирлашади.
Руҳ коинот билан бир бўлади.
“Мен” деб билганимиз
бутун коинотнинг бир қисми эканлигини тушунганимизда,
биз дунё ичида эмас,
дунё бизнинг ичимизда эканлигини ҳис қиламиз.
Ошиқ бўлсанг…
сен менга қараганингда
Худо менга қараётган бўлади!


Кел, ошиқ бўламиз!
Ошиқликда қушлардан сабоқ оламиз!
Ошиқлик қўшиғини куйлаймиз.
Қуш учун тингловчининг борлиги муҳим эмас.
Қўшиғини эшитадими, эшитишмайдими унга барибир.
У фақат ишқини куйлайди.
Куйлаш эвазига ҳеч нарса талаб қилмайди.
Ҳар лаҳзада бахтли бўлиш ва уни қўшиқ орқали
оламга беришдан завқ олади
дарахтларга, ҳайвонларга, тошларга…


Кел, ошиқ бўламиз!
Кўзларингни юм.
Нафасингни ичга кириб боришини
ва ташқарига чиқишини томоша қиламиз.
Ичингда яширинган ҳақиқатни уйғот, қоронғудан чиқ!
Диққатни жамламаймиз.
Бир кун ўзинг учун яшагин, аёл!
Диққатни жамласак муаммо туғилади.
Ташқаридаги машиналар шовқини ҳам
ҳаётнинг бир қисми.
Бу оддий жараён…
Муҳими бажарилган иш эмас,
балки ишни қандай сифатли бажарётганингдир.
Агар сўзларимни тушунаётган бўлсанг,
юрганда ҳам, ўтирганда ҳам,
қушларнинг овозини тинглаганда ҳам
сен ибодатдасан…


Кел, ошиқ бўламиз!
Ошиқликда тенгсиз бўламиз!
Биргаликда чуқур уйқуда бўлган инсонларни уйғотамиз.
Севги билан яшаш –
ҳақиқатга етиб Ҳақ билан яшаш, демак.
Севги инсонни ўзгартириб юборади.
Ҳар қандай ўзгариш эса оғриқли бўлади.
Чунки янгисига эришиш учун
эскисини тарк этиш керак.
Бу оғриқли бир қонун.
Ақл эски нарсалар ичида бемалол яшай олади,
янгисида ожиз бўлади.
Шу сабабли қўрқув пайдо бўлади
Лекин сен бу оғриқлардан қўрқма.
Қўрқяпсанми – севма…


Кел, ошиқ бўламиз!
Ҳаётнинг энг сирли сирларидан бири –
ўз ҳақиқатимизни изҳор қилмагунча
бахтли бўла олмаймиз.
Ҳамма нарсани бошқаришнинг кераги йўқ.
Биз қалбимиз қўшиғини куйлашимиз керак.
Биз тақлидчи эмас, ўзимиз бўлишимиз керак.
Ўзимизнинг асл ҳолатимизда
бир-биримизга тақдим қилишимиз шарт.
Биз актёрлар эмасмиз!
Ҳаёт театр ҳам эмас!
Одамлар ҳаддан ташқари роль ўйнаганлари туфайли
кўп нарсаларни йўқотадилар.


Кел, ошиқ бўламиз!
Ошиқлар учун ҳаёт абадий, ўлим йўқ!
Биз шунчаки шаклли вужуддамиз.
Шаклдан шаклсизликка ўтамиз.
Шаклсизликдан шаклга.
Бу аҳамиятли эмас.
Аҳамиятлиси бирор нарсага эҳтиёж туйғуси йўқолади.
Ҳаммаси тўла.
Энди сен орзу ҳам қилмайсан,
умид ҳам…
Чунки ҳамма нарса шу ерда,
сенинг ёнингда, сен учун мавжуд!


Кел, ошиқ бўламиз!
Мен хушбўйман, ўта нафис…
Коинотга ажойиб ҳид таратмоқдаман.
Сезяпсанми?!
Сукунатни англаган ҳолда гуллаяпман…
Ҳеч нарса қилмасдан, ҳеч қаерга бормасдан
ва орзу қилмасдан.
Жим-м-м…
Бўшлиқдаман.


Кел, ошиқ бўламиз!
Борлиқ билан бирлашиб кетамиз.
Миллионлаб одамлар каби,
ўзимизни дастурлар билан қолипга солмаймиз…
Ҳаётнинг ҳар қандай синовларини кулиб енгамиз.
Жониворлар ва ҳатто дарахтлар ҳам йиғлай олади.
Лекин фақат биз кула оламиз
Инсонлар…
Кулги орқали Яратганга яқинлашамиз.
Кулги энг ажойиб мўъжиза.
Эшитяпсанми?!.


Кел, ошиқ бўламиз!
Ошиқликда шамолдан-да тез югурамиз!
Ҳозирги тўлқинларда яшаш учун
барча нарсаларни қўйиб юборамиз.
Билсанг, абадий мавжудлик ўлчови –
ҳозир ва шу онда!
Ҳақиқий бахтли одамнинг яширадиган ҳеч нарсаси йўқ!
У очиқ ойдин ижодкор!


Кел, ошиқ бўламиз!
Ошиқлик қалбни уйғотади.
Ҳақиқат билан руҳлантиради!
Ҳиссиёт билан тўлдирилган сукунатни
мутлақо янги бўлган идрок даражасида англашни ўрганамиз!
Чуқурликдаги ички туйғуларни,
руҳий чексизликни ҳис этамиз!


Кел, Унга ошиқ бўламиз!

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil