
Муҳаммад СИДДИҚ – 2000 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
институтини тамомлаган. Ижодкорнинг “Ёҳу”, “Дугоҳ” номли шеърий тўпламлари
нашр этилган.
* * *
Мен бунда одаммас,
Сўз бўлсам девдим,
Дўст, яна тунингда рўз бўлсам девдим,
Сенинг ишқинг билан, юмушинг билан
Бир дилхуш оламга дўст бўлсам девдим!
Бир сенга дил берган дилгир жиловман,
Кимларнинг пойида эзгин яловман?!
Киприк бўлай дедим – агар кўз бўлсанг,
Кўприк бўлай дедим – кечсанг оловдан!
Қўйнимда гулдаста, қай дил ораста,
Мен қаён вобаста, қай йўл ораста?
Севдим аста-аста – ҳар бир нафасда,
Нечун севган сарим хастаман, хаста?!
О, бунда хастамас, боғ бўлсам девдим
Ва шу одамлардек соғ бўлсам девдим!
Ва хаста чоғимда суйган, суяган
Ғариб боғларимга тоғ бўлсам девдим!
Ва лек борган сари адошман, адош,
Жон ва жонон аро талошман, талош!
Тоғларим хок бўпти қўяй десам бош,
Дўст, яна ўзингдан сўрадим бардош!
Отамга суянч бер, кўтарсин қаддин,
Онамга севинч бер, юпатсин қалбин,
Бир умр меҳнатдан боши чиқмаган
Жим эртак тўқийман бу наволардан
Оғамга овунч бер, аритсин дардин!
О, қандоқ чатнардим тош бўлсам эдим,
Энг ёруғ толега дош бўлсам эдим!
Мен бунда шоирмас, шу кўзлардаги
Меҳрдан таралган ёш бўлсам эдим!
Неча ҳасрат ичра маъюс хандаман,
Бало қайда бўлса – менам андаман!
Дўст, келар йўлингга боққанча зор-зор,
Кўкларга кўз тиккан муштоқ бандаман!
О, бунда хастамас, боғ бўлсам эдим
Ва шу одамлардек соғ бўлсам эдим!
Дўст, яна тунингда рўз бўлсам эдим,
Бир дилхуш оламга
Дўст бўлсам эдим…
* * *
Мусофирлик, мендан не фойда?
Едим тўйиб нон-у ошингни.
На-да водий, энди на пойтахт
Болам дея силар бошимни.
О, болдирим қабартган таёқ,
Қолди беҳи хивичлар қайда?
Киндигимни кесганда Тошлоқ
Билганмикан келганин дайди!
Қайда зумрад узумбоғдаги
Қизлар – кийиб юрган хонатлас?
Кўзларимга чўккан доғ каби
Йиллар пишиб бўлган мусаллас.
Ўзимга-да сиғмасман минбаъд,
Дуч келганда маъюс хотирот.
У пайт бурним остидаги бахт
Кўринганди йироқдан йироқ.
Гоҳ хаёлан саҳарда туриб,
Қўй боқаман қир-у адирда.
Бувигинам тушимга кириб
Пахта чувир, гоҳ қавир кўрпа.
Ҳамқишлоқлар – таниш чеҳралар,
Унутганман лек исмларин.
Юрагимдан бурқсиб таралар
Ғўр умримнинг куюк ислари.
Борми бунда бола қалбимга
Лоақал бир таскин – суҳбатдош?
Чўк тушганча ариқ лабига,
Тераклардан сўрайман бардош.
Атиргуллар – солланиб нигун,
Боқсам буриб хушбўй ёноғин
Ўргатгандек бўлар ҳур, беун
Яшамоқлик илм-у сабоғин…
Мусофирлик, эй ғариб йўлдош,
Тўкдим қанча ўсмир ёшини?!
На Фарғона, энди на-да Шош
Болам дея силар бошимни…
* * *
Тириклик кўйида,
Ҳаёт базмида
Ким ҳам истар эди топмоқни завол?
Ранг-баранг, гуно-гун, алвону зангор
Келажак ҳақида сурамиз хаёл.
О, хаёл!
Улоқиб кетар қайларга,
Тин билмас, йўл солар узундан узун…
Ортида қолгани – тўзон-у ғурбат,
Қўйнимизга сиғмас ҳузундир, ҳузун!
Мана, бағримизга дур-у жавоҳир
Жойлаб қўйган ахир фусункор заргар!
Бизга Алмисоқдан юққан дард шудир,
Оғриймиз – нафасдан нафасга қадар…
Мен эсам
Заъфарон ўй гирдобида,
Билмайман, не кўйга тушган дайдиман?!
Шу қора кўзларга умрим ройида
Заррача оғирим тушмаса дейман.
Улар ҳам одамдек яшаса дейман,
Оламга боқмасин дейман мунғайиб.
Нега борган сари ич-этим ейман,
Нега ахтараман ўзимдан айб?!
Ҳаёт жилвасида,
Роҳат қасдида
Дунёни талашар неча жонҳалак
Ҳеч йўқ гўзаллигин қолдириб бизга,
Майли, ўтаверсин карвонлар лак-лак!
У рангсиз рўёлар
Руҳсиз намойиш
Кимга эл бўлган-у, қилганди вафо!
Эй, қанча орзуга чўмгансиз хомуш,
Эй, қанча хаёлни этгансиз тавоф?!
Бир куни туш ўнгга дўнар онлари
Келар-у ва қайта бошланар умр…
Сиз эса куйинманг,
Ғариб жонларим,
Бизга Яратгандан теккан дард шудир.
* * *
Ўзинг ҳамроҳ дедим,
Ҳамдам,
Ҳамфикр
Дўст дедим,
Қайғунинг йўлин тўс дедим!
Менинг толеимга танҳо кўз тиккан
Қора соч,
Қора қош,
Қора кўз дедим.
Буз дедим, соғинчнинг уйин буз дедим,
Айролиқ даштидан умид уз дедим!
Бизга ярашгайдир дедим фақат бахт,
Эй ширин қиз дедим, ширмой юз дедим.
Сен ўнг-у сўлимда хатар туз, майли,
Дафтар туз
Ҳар саҳфа қон-қон,
Маст-аласт,
Менинг-чун қоп-қора сурат чиз, майли,
Сенинг-чун юракдан бичгайман атлас!
Бунда – тўйиб-тўйиб ўланлар куйлай,
Кейин яшаб ўтай менам одамдай.
Сўнг вайрон умримга умрингни улаб,
Оламга термилай!
Термилай, бай-бай.
Ўзинг йўлдош дедим,
Дунёдош дедим,
Дунё қайғусидан тортгин бош дедим!
Сенинг-чун боғимда азиз бошингдан
Нурларин сочгайдир бир қуёш дедим.
Ана, қат-қат фалак
Сокин беланчак
Ва унда муҳаббат ёзмоқда палак.
Қай томон қўл чўзсанг,
Қўнгайдир дедим
Капалак,
Капалак,
Минг хил капалак!
Буз дедим, соғинчнинг уйин буз дедим,
Эй ширин қиз дедим, ширмой юз дедим.
* * *
Жим эртак тўқийман бу наволардан,
Томчилар шивирлаб аста куй чалар!
Айт, қачон бошланди
Биз томонларда
Ёмғирли кечалар – гўзал кечалар?!
Кўчалар саришта
Тозарган олам,
Тўлмишдир юракнинг ташна бўшлиғи.
Сочиб ўтмоқдалар,
Қара, дам-бадам
Шундоқ тепамиздан қушлар қўшиғин…
Эй, овлоқ шаҳарнинг маъюс тутқуни,
Кўкка боқ!
Тўйгунча қилгин эркалик!
Азизам, авайлаб ёмғирли тунни
Сен ҳам севасанми мен севганчалик?
Мен эса шу зулмат бағрига сингиб,
Лоақал бир мисра топсам кифоя…
Ва сенга йўлларман такрор хўрсиниб,
Ёлғизлик ҳиссидан қилиб ҳимоя.
Гоҳида ушалмас орзулар билан
Гарчи бу томчилар
Оғир ботар, лек
Ёмғирлар ёғганда, бор ҳасрати-ла
Сен ҳам севасанми,
Дунёни мендек?!
* * *
Бу савдони мен атай
Сўраб олибми эдим,
Сўраб олиб – умрим-ла
Ўраб олибми эдим?
Шом-у саҳар йўл қараб,
Ёрнинг тароғи билан
Узун-узун тунларим
Тараб олибми эдим?!
Ва ё нолибми эдим
Нолишим войга ўхшар,
Хонишимга ҳамоҳанг
Ёнишим куйга ўхшар.
Кимнинг шайдо боласин
Эслатар довшим менинг?
Тўйим мотамга ўхшар,
Мотамим тўйга ўхшар!
Ўзим мурғакдекман-у,
Дунё ўхшар боламга
Ва болам кўзидаги
Нола ичра оламга.
Шу оламни ҳовучлаб
Ёмғирларга шошгайман,
Шамолга эргашгайман
Ўхшайманми одамга?!
Қуёшга бўйлашгайман
Ўт билан ўйнашгайман,
Нур билан қувлашгайман,
Сув билан сирлашгайман.
Қатор-қатор чоҳ узра
Кўрсам ой кокилларин,
Силаб, сийпаб, эркалаб
Оҳиста тирмашгайман!
Бу дардларни мен атай
Тилаб олибми эдим,
Тилаб олиб – қалбимга
Белаб олибми эдим?
Томирларим юлганча,
Қон аралаш кулганча,
Неча кеча-кундузни
Улаб олибми эдим?!
Юлдузларга боққанча
Улғайганим сезмасман,
Мунғайганим сезмасман,
Куйларимдан безмасман!
Хаёлотдан нарида,
Самовотдан берига
Тортсалар ҳам келмасман,
Оссалар ҳам келмасман!
Бу савдони мен атай
Сўраб олибми эдим…
***
Тилларанг далалар…
Тилла сомонлар
Буғдой ўримидан қолган хазина!
Менга бунча яқин осмон томонлар,
Пойимга тўшалган
Бамисли зина
Булутлар…
Қалбимга дўнган сакинат,
У ёнимда – зийнат,
Бу ёнимда – завқ!
Сиғмас қучоғимга поёнсиз ҳайрат,
Томиримда оқар қатра-қатра шавқ!
Қадим-қадим шиддат кўчган қонимга,
Неча йил долғаси бор товонимда?!
Чексиздир коинот қадар имконим
Қай фалак туташган муштдек жонимга?
Шишаранг қаватлар,
Феруза тахтлар,
Сандалий саройлар,
Зумрад дарахтлар…
Бахмал кенгликларда чопаман шодон,
Дуч келмас бирорта нодон – бадбахтлар!
Вақтдан ташқарида
Не-не замон жам
Бармоқларим аро айланадирлар…
Зўлдирдек кафтимга жойлашиб бу дам
Сайёралар қайта сайланадирлар!
Дардимга даволар бойланадирлар,
Бағримга наволар жойланадирлар,
Тақдиримни сўзга этдим ҳавола
Жон-у жаҳонларим қийналадирлар!
Эй ким бор бу савдо шарҳини билган,
Куйган юрагимнинг нархини билган?
Баҳоси қанчадир ишқ деган тилнинг,
Жазоси бунча кўп ёр деган дилнинг,
Борми бу ҳижроннинг ажрини билган?!
Ям-яшил қирларим,
Кенг адирларим…
Кел, хушбўй тупроғим
Қулочим тўлсин!
Бошоқ излаб кетган бу сарсон қалбим
Қиёмат келса ҳам сенинг-ла бўлсин!
Кейин яқин келсин осмон томонлар,
Булутлар
Пойимга
Тўшалсин яна,
Ҳар ёнга сочилсин тилла сомонлар,
Тилларанг хазонлар,
Сим-сим мезонлар…
Ва бутун дунёни кўмсин хазина
Чинакам махзанга етсин инсонлар!
* * *
Ҳуркак хаёллингга банди, ҳаворий,
Мен – эртак айтгувчи савдойи ровий.
Эй ҳур, хотирамдан ўчмагай
Оний
Ҳарир кўйлакларинг…
Мовий,
Самовий!
Нурларми – сочилган этакларингдан,
Дурларми – кафтингдан ёғилган тинмай?
Чечаклар чирмашиб
Билакларингдан
Осмонга ўрмалаб чиқдилар қандай?!
Мен-чи, қайдалигинг ҳали ҳам билмай,
Излайман дунёни назарга илмай!
Айт, сендан йироқда ўтарлар нечун
Йилларим – асрдай,
Кунларим – йилдай?!
Юрагимдан қанча ларзалар ўтди,
Юрсам йўллар ёнди, замин дарз кетди!
О, мақсад қасдида югуриб елсам,
Ғанимлар оралаб дўстлар паст кетди!
Маст кетди қанчаси
Мулкпараст кетди,
Меҳрга нарх бичиб бордилар қаён?
Менинг толеимга Тангрим дард битди,
Яшайман шу ишқ-ла,
Қисматим – аён!
Бу дил савдосидан бўлма сен ҳайрон,
Гарчи умрим – вайрон,
Бахтим – ноаён.
Севгилим, сенинг-ла ўтган дамларим
Ўлсам ҳам ёдимдан чиқмас ҳеч қачон!
Маъсум хаёлинг-ла мамнун ҳаворий,
Энг мафтун, энг маҳзун ровийман, ровий.
Эй ҳур, кўз олдимдан кетмагай
Оний
Узун кўйлакларинг…
Мовий,
Самовий!
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон