Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

БОЛАЛАР НАСРИГА БИРНАЗАР

Гулгун УСМОНОВА – 1984 йилда туғилган. ЎзДЖТУ халқаро журналистика
йўналишини тамомлаган. Имант Зиедонис, Вячеслав Ли асарларини ўзбек тилига
таржима қилган.


Ўзбек болалар адабиётининг бугуни ҳақида сўз кетаркан, ўзига хос адабий
жараён, изланишлар кечаётгани эътиборни тортади. Энг қизиғи, қисса, ҳикоя,
эртакчилар, китоби ватанимизу хорижда чоп этилаётганлар сероб-у, лекин пичоққа
илинадиган, “Сариқ девни миниб” сингари дунё тилларига ўгиришга арзигулик
нима бор, деган савол жавобсиз қолмоқда. Хўш, болалар насрида маҳорат мактаби
яратган Турсунбой Адашбоев, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджонлар ижодий
анъаналарини давом эттиришда биздан қандай хатоликлар ўтяпти?
Болалар учун ижод қилишнинг икки йўли бор. Бири табиатан бола бўлишки, Том
Сойернинг юрагидаги қаҳрамонликка чанқоқлик Марк Твеннинг феъли, Аламазон,
Мешполвоннинг саргузаштталаб, қитмирлиги Анвар аканинг тийратидан унган.
Бу тоифа ёзувчилар беғубор бола дунёсини бой бермаслик учун кичкинтойлар
даврасига интилади, Корней Чуковский каби юзлаб ота-оналар билан хат ёзишиб
“болашунос”ликдан ҳаловат топади. Болалар адабиётининг ўтмиши, бугуни ва
истиқболи шундай ижодкорлар қўлида.
Иккинчи тур адиблар “алдагани бола яхши” тамойилида иш тутувчилар. Бир
замонлар драматург Шароф Бошбеков тутуруқсиз саҳна асарларини синчиклаб
ўрганиб, камчилик, ютуқларини тадқиқ қилиш, конспектлаш асосида ҳақиқий пьеса
қандай бўлишини кашф қилганди. Дарҳақиқат, бу усул болалар адабиётида иш
бериши мумкин. Дўкон пештахталари болалар китоблари билан лиқ тўла… лекин
ҳаминқадар асарлар сифат назоратидан ўтказиб, холис баҳо берилса, маромига
етмаган, тезпишар “китоб”ларни умумлаштириб, яхши асар асли қандайлигини
билса бўлади.
Хўш, бугуннинг боласига қандай асарлар керак? Китобхонлик ўрнини
гаджетларнинг ур-йиқит, олди-қочди томошалари эгаллаётгани сир эмас. Шу
иллатга бағишланган “Виртуал олам болалари” қиссаси (Абдулкарим Ҳасан) мавзу
жиҳатидан янгилик. Лекин қаҳрамонларнинг ғайритабиий исмларидан тортиб
(Марвина, Марвел) жўяли сабабсиз касаллик даражасига етган виртуал дунёга
мутелик, алалоқибат жиноятга қўл уриш реал ҳаётга номутаносиб бўрттирилган.
Бундан ташқари воқеалар ривожи суст, қаҳрамонлар тили қашшоқ, образлилик
ҳаминқадар.
Дилноза Истатованинг “Катта бўлишинг шарт” романига тўхталсак. Асар асли
қисса бўлиши мақсадга мувофиқ, зеро муаллиф саҳифалар сонини кўпайтириш
пайида бўлгани кўзга ташланади. Шу ўринда бир жиҳатни унутиб қўйяпмиз.
Болалар ёзувчисининг бошқа ижордкорлардан фарқи – бу баёнчиликнинг
чеклангани, тиғизликдир. Уни юз метрга зўр бериб чопувчи спринтерга қиёслаш
мумкин. Насиҳатгўйлик, табиат манзараси, қаҳрамоннинг ички кечинмалари – бари
лўндаликни талаб қилади. Нариги бетга ўтмаёқ саргузашту ажойиботлар билан бола
тасаввурига уруғ қадаш ўрнига қуруқ насиҳат билангина улғайишга мажбурлаш –
чинакам болалар адибига ярашмайдиган катта қусур.
Асар қаҳрамони “Беш болали йигитча”даги Ориф каби тўнғич ўғил, онаси
хаста… унга тиргак бўлишга интилади, аммо ўн яшар ўғил онасининг энг чиройли
кўйлагини ўғирлаб бурда-бурда қилиши ўқувчини йўлдан урувчи ёмон ўрнак
эканини муаллиф ўйламаган чоғи. Сюжетни қиздириш учунгина онадек табаррук
зотга қасдлашиши, болани шундай зада, қаҳрли тасвирлаш шартми?!
Умуман, қаҳрамонларнинг тили, қўлига эрк бериши, дўстлари билан таъна,
сарказм, ўшқириқлар билан сўзлашиши болалар адабиётида негадир “мода” тусига
кирмоқда. Ёш ижодкор Наима Анварованинг “Ғаройиб шамол” ҳикоялар тўплами
ҳам шу камчиликдан холи эмас. Наҳот, китобхоннинг диққатини ўзига тортиш
учунгина суяги қотмаган ўсмир, болаларга беадабликни тарғиб қилишдан бошқа
усул бўлмаса?!
2024 йил “Ўзбекистон” нашриёти томонидан чоп этилган насрий асарлар
ичида Нормурод Норқобиловнинг “Болалигим дунёси” ҳикоялар тўплами қишлоқ
ҳаёти, айниқса, етим болалар тақдирини акс эттириши билан фарқланади. “Ўғил”,
“Капалак”, “Эркак” ҳикояларида муаллиф катталарнинг болалик дунёсига
беписанд, шафқатсизлигини гавдалантириш баробарида догматик муҳитни
янгисига алиштириб, ўқувчини некбинликка йўналтириб юборади. Қаҳрамонлар
тақдирига назар солсак, ота-она бўлишнинг нафақат моддий, маънавий залвори
борлиги, фарзандни истаганда ташлаб, истаганида эргаштириб бўлмаслиги,
етимлик нонининг қаттиқлиги бўёқсиз, реал очиб берилган.
ХХ аср ўзбек қиссачилигида бола образи ҳақида фикр юритган Р. Умурзоқов
шундай ёзади: “Қисса қаҳрамони асл исми пинҳон тутилган Шум бола, 14–15 ёшли
ўсмир йигитдир. У ярим йиллик саргузашти давомида ҳаётнинг барча жабҳаларини,
ундаги икир-чикирларгача кўздан кечиради. Агар ерда зулм кўпайса, ижодкор мавзу
ва маконни ўша ердан олисга кўчиради… Муаллиф ўз бадиий ниятини саргузашт
давомида англатиб боради. Қиссадаги реал воқеликлар ғайришуурий тарзда
акс эттирилади. Руҳият биринчи планга олиб чиқилиб, ақл иккинчи даражали
қуролга айланади. Агар Шум бола ақл эгаси сифатида гавдалантирилганда бу
каби эркинликка эга бўлмасди…”1 Шу нуқтаи назардан ёндашилса, Нормурод
Норқобилов қаҳрамонлари меҳрсизлик, бепарволик, маишийлик занжирларини
узишга ҳаракат қилувчи, эрксеварлиги билан диққатга сазовор.
Шаҳарлик муаллифларнинг бола – мактаб – уй чекланган макондан фарқли
равишда Исоқжон Нишоновнинг “Сеҳргарнинг узуги” тўплами ҳам табиат,
ҳайвонот олами, қишлоқнинг жайдари одамлари асарга колорит, полифония
бағишлаган. “Оролга кўмилган хазина” детектив ҳикояси ўсмирлар севган
1 Р. Умурзоқов ХХ аср ўзбек қиссачилигида бола образи, “Шарқ юлдузи”, 2014.
изқуварлик жанрига яқин. Маълумки, бу йўналишда “ижтимоий мотив биринчи
ўринда туриши, асарнинг бошидаёқ жиноят ёки қотиллик юз бериши, изқувар ўз
атрофидагиларга қараганда ақллироқ, идроклироқ, топқирроқ бўлиши шарт”2.
Болалар насри ҳақида гап кетганда ҳажвиётни ҳам четлаб бўлмайди. Бу жанрга
Анвар Обиджон “Кулгу болалар адабиёти боғининг атиргулларидир” деб бежиз
таъриф бермаган. Афсуски, 2024 йил кулгисевар болалар эҳтиёжини қондирадиган
ҳикоя, қиссаларга ижодкорлар мурожаат қилмаган.
Жаҳон болалар адабиёти хусусида. Бу борада ёш китобхонларга мутолаа завқини
беролмаяпмиз. Канадалик машҳур адиба Люси Монтгомерининг “Яшил қалъадаги
Анна” асари Гулмира Садриддинова томонидан ўзбекчалаштирилди (“Ёшлар
матбуоти”, 2024 й). Ўн икки яшар етим қизнинг бошидан кечирганлари, болаликдан
балоғатга қадам қўйиш кечинмаларини ёзувчи моҳирлик билан тасвирлагани учун
Марк Твеннинг мақтовига сазовор бўлган. Қиссанинг мантиқий давоми бўлган
ўнга яқин қисми экранлаштирилган.
Таржима учун ҳар томонлама муносиб китоб, афсуски, нопрофессионал
ўгирилди. Асарнинг кульминацион ери бор: Аннани дугонасини заҳарлашда
хато айблаган Берри хоним қилмишидан афсусланади. Таржимон уни зўрма
зўраки шундай баён қилади: “Берри хоним йиғлаб юборди ва Аннанинг қанчалик
меҳрибон эканини таъкидлади. Дианага қасддан ичкилик ичирганликда айблагани
учун жудаям афсусда эканини айтиб, кечирим сўради”. “Ўша кеча Анна у билан
фахрланадиган қадрли Мэю ҳақида ўйлаб йиғлаб чиқди”. “Болалар уйи сиз
тасаввур қилган ҳар қандай жойдан ёмонроқ эди” ва ҳоказо… Яна бир дурдона асар
“Поллианна” (Эллианор Портер) романида ҳам шундай юзакилик, тилни калкалаш
кузатилади. Жаҳон адабиётининг сара асарларига қўл ураётган таржимонлар
бадиий матнни ҳис этмай, ўзбек тилининг тирик сўз, иборалари, жозибасига
беписандлиги ачинарли, тушуниксиз ҳолдир. Микоил Адигузелнинг «Катта
шаҳзода» қиссаси, хусусий нашриётларнинг машҳурлар ҳаётига оид болаларбоп
таржималар ҳам ясама тил қолипидан намуна. “Миришкор” тилшунослар станок
тезлигида штамплаб чиқараётган таржималарни қайта таҳрирлаб, она тилимиз
бичимларига мослашса, аввало ўзлари учун хайрли бўларди.
Адабиётшунослар фикрича, асарни талқин қилиш ва баҳолаш аввало муаллиф
томонидан амалга оширилади. Маҳоратли ижодкорлар ички тафтишидан
ўтказиб китоб нашр эттиришга ўн йиллар вақт кетса-да, тошга битилган
нақшдек муҳрланиши, замонасозлик учун ёзилган “ижод” маҳсулини нобоп асар
сифатидагина тилга олинишини яхши биламиз.
Юқоридагилардан шундай хулоса қилиш мумкин:– Замонавий болалар насрида мавзу кўлами торлиги, қаҳрамонлар ўхшашлиги,
воқеалар ривожи руҳий олам сатҳига чиқмай, баёнчилик етакчилиги;– Ёш ижодкорлар услубида лингвистик уқувсизлик, ёзувчининг ёдда қолувчи
ўз ибора, сўзлари йўқлиги, тилнинг равон, табиийлик, мухтасарликдан йироқлиги;– Жаҳон болалар адибларининг эътирофга сазовор бўлган асарлари баҳоланиб,
етук таржимонлар томонидан ўзбекчалаштирилиши қониқарсиз аҳволда.
Рус масалчиси И.А.Криловни замондошлари жуда секин ишлашда айблаганда
у: “Одамларнинг ғашига тегадиган даражада кўп ёзиб: “Нега бу одам ҳадеб
ёзаверади?” эмас, “Яхши ижодкор нега камнамо?” дейишларини афзал кўр”ган3.
Ижодкорларимиз ҳам кўп, ҳам хўб ижод қилишларини кутиб қоламиз.
2 Умарали Норматов. Саргузашт сардори. Adabiyot.islamonline.uz/adabiyotshunoslik.
3 Маҳмуд Саъдий. Теран томирлар. Ғафур Ғулом, 1979.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil