
Шодиқул ҲАМРО – 1964 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Суратдаги аёл”, “Қақнус
қанотидаги умр”, “Муаззам” каби китоблари нашр этилган.
Ҳикоя
Саҳифалари титилиб кетган шу қизил муқовали дафтар тасодифан қўлимга
тушиб қолмаганда ҳали ҳам шаҳарда ёйилган ўша “миш-миш”ларга мутлақо
ишонмаган бўлардим…
Дафтарнинг биринчи саҳифасида шундай хат битилган экан: “Салом, қадрли М.
Юборган шатранжингни олдим. Бу қимматбаҳо совғанг иш юритишга катта фойда
бераяпти. Бу ерда ишлар режада кўрсатилганидай кетаяпти. Вақти-вақти билан
хабарлашиб тураман. Хайр. Ҳурмат билан К. 191.. й 13 декабрь”.
Иккинчи саҳифа: “… Мен шатранж ўйинини беҳад яхши кўраман. Ҳар сафар
шатранж тахтаси қаршисига келиб, ўйинга чоғланарканман, ўзимни темиртан
қўшинни жанггоҳ сари бошлаб бораётган лашкарбошидек қудратли ҳис этаман,
етмиш икки томиримда қайноқ қон жўш уриб кетади. Тўғри, бундай ҳисни оддий,
ҳаваскор шатранж ишқибози ҳам туюши мумкин ва шу боис бу ўйин уни доимо
ўзига тортиб келар, аммо менинг ўйиним одатдаги ўйинлардан жиддий – такрор
айтаман: ўта жиддий! – фарқ қилади. Аввало мен қаршимда ўтирган рақибимни
танг аҳволга солиб қўйиб, ўзимнинг ақлли эканимдан лаззатланиш учунгина
ўйнамайман. Аниқроғи, шатранжни ҳеч қандай рақибсиз, ўз-ўзим билан ўйнайман,
майдоннинг рақиб томони доимо бўм-бўш туради: ҳеч қандай рақиб ҳам, доналар
ҳам бўлмайди. Бу фақат ўзимгагина маълум бўлган сир; қўл остимдаги доналарни
ҳаракатга келтираётганда эса ҳамиша қаршимда ёвуз ва маккор рақиб тургандек
йўл тутаман. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, ўйинимни унчалик ҳам “рақибсиз”
деб бўлмайди. Менимча, бу ўйинни камина билан шатранж доналари – мен ҳамиша
ўйин учун қора доналарни танлайман – ўртасидаги ўйин деб атасак тўғрироқ
бўлади…”
Учинчи саҳифа: “Албатта, бу ўйинда мен учун қатъий мезон саналадиган
юриш усуллари одатдаги ўйиндан фарқ қилади. Бунинг ўзига хос нозик ва муҳим
жиҳатлари бор. Мен ўйинга киришдан олдин барча доналарни – оддий ялангоёқ
пиёдадан тортиб шоҳгача – бўйнидан сиқиб ушлаб чиқаман. Бунда айтарли
сирнинг ўзи йўқ, нега шундай қилишимни ўзим ҳам аниқ ифодалаб беролмайман.
Ким билади, эҳтимол, доналар ҳақиқатан ҳам, кўз ўнгимда турганига ўзимни
ишонтириш учун шундай қиларман. Эҳтимол, доналарга ўзимнинг борлигим,
бошлари устида турганимни билдириб қўйиш учундир… Очиғи, бу ҳақда аниқ бир
фикр айтолмайман, аммо ҳар сафар ўйинни бошлашдан олдин бу одатимни канда
қилмайман. Ҳа, дарвоқе, унутай дебман, қўл остимдаги доналарнинг бўйнига
бармоқларимни теккизиб чиққач, уларни кўз ўнгимда жонли қиёфада кўраман.
Бундай дейишим балки, кимгадир ғалати туюлар, бироқ мен – хоҳ ишонинг,
ишонманг – уларни жонли қиёфада кўраман. Бу ўйиннинг энг қизиғи ва энг муҳим
жиҳати ҳам шунда…
Бошда айтганимдек, қарши томонда ҳеч қандай рақибнинг йўқлиги фақат
ўзимгагина маълум бўлган сир, қўл остимдаги доналарга ҳамиша рўпарада
шафқатсиз рақиб ҳамла учун пайт пойлаб тургандек муносабатда бўламан.
Бундай чоғ менинг қадрдон бармоқларим – улар бешта – худди ажал элчиларидек
доналарнинг боши устида титраб-қақшаб туришади. Кўп йиллик тажрибамдан шу
нарса маълумки, менинг бармоқларим таҳдид ва хавотир шарпасини сезгандек
қанчалик таҳликали титрашса, доналар ҳам шунчалик ваҳимага тушиб, итоаткор
қиёфага киришади. Бундай хатарли вазиятни ўзим атай тез-тез уюштириб тураман.
Масалан, бармоқларим от ёки бошқа бирор-бир донани рақиб майдони томон
ҳамлага йўллайди. Бармоқларим чангалидаги от ҳам ирғишлай-ирғишлай, виқор
билан рақиб майдонига кириб боради. Унинг куч-қудрати шу қадар жўш уриб
кетадики, ҳеч қандай хавфни писанд этмай, рақиб устига интилаверади. Аммо
рақиб майдонининг қоқ ўртасига етганда, кутилмаганда бахтсизлик юз беради;
йўқ, душман тарафдан бирон-бир хатар сезилмайди, аксинча, бармоқларим отни
ёлғиз қолдириб ўзлари юқорига кўтарилади ва бирпасдан сўнг худди ажалдан
дарак беришаётгандек асабий силкина бошлайдилар. Шўринг қурғур от ҳам ён
атрофига эмас, боши узра турган бармоқларимдан кўз узмайди ва худди даҳшатли
куч ёпирилиб келаётгандай буткул саросимага тушиб қолади. Бояги ботирлигидан
асар ҳам қолмайди. Бармоқларим қанчалик жон ҳолатда титрашса, уни ҳам
шунчалик ваҳима босади. У шуни аниқ биладики, бу бало-қазо домидан ўзини
фақатгина менинг бармоқларимгина халос этиши мумкин. Шу боис у юқорига
ёлвориб, илтижолар қилиб тикилади. Йўқ, менинг бармоқларим ҳам уни бирдан
тез ва осонгина хавф-у хатардан халос этмайди, балки ўзлари ҳам гўё рақиб
чангалига тушиб, танг аҳволда қолгандек ҳавода муаллақ қотиб тураверади. Охири
от буткул адойи тамом бўлади, тақдирга тан бергандай юқорига қарамай қўйганда,
қўққисдан бармоқларим ҳаракатга келади-да, уни нақ балонинг домидан тортиб
олгандай шитоб билан хавфсиз майдонга – ўзиникилар ёнига олиб ўтади. Шундан
сўнг отнинг қувонганини кўринг, у албатта, ўзини ўлим ёқасидан қайтиб келгандек
ҳис этади ва бармоқларимни ўз халоскори деб билади…”
Тўртинчи саҳифа: “Бу ўйиннинг муваффақиятини таъминлаб келаётган асосий
омил – қўл остимдаги доналарни мудом таҳдидли қўрқув ва жиндай илинж ичида
ушлаб туришимдир. Мен ўйинни шу пайтга қадар худди шу йўсинда бошқариб
келдим ва бирор марта бўлсинки, танг аҳволга тушиб қолганим йўқ. Ҳа, айтгандек,
яқинда бир кўнгилсиз воқеа содир бўлишига бахя қолди. Воқеа бундай бўлганди.
Мен, қандай жин урди билмайман, ўйин услубимга мутлақо хилоф равишда отни
рақиб майдонининг энг чеккасига олиб бориб қўйганимни сезмай қолибман.
Оқибатда от ҳамма сир-асрордан – рақиб майдонида ҳеч қандай душман йўқлигию
ўзлари беҳудага қўрқувга тушиб юришганидан воқиф бўлиб қолди ва бирдан
ҳайратга тушди. Сўнг, кутганимдек, буларнинг барига менинг бармоқларим
айбдор, деб билиб, юқорига алам ва нафрат билан ўқрайиб қарай бошлади. У
афтидан, ҳозиргина ўзи пайқаган сирни ичига сиғдиролмай ҳамроҳларига ҳам
етказиш ниятида эди, шекилли, бетоқат типирчилаб турарди. Агар от шундай
йўл тутса, ўзининг билганини бошқаларга етказишга улгурса, ҳаммаси табиийки,
остин-устун бўлиб кетарди… Шуларни ўйлаб, юрагимга совуқ хавотир оралади
ва бир муддат нима қилишни билмай серрайиб қолдим. Ҳа, шундай, бундай
таҳликали ва оғир фурсатда жиндек иккиланиш, раҳмдиллик ёки эътирборсизлик
оғир оқибатга – умрим мазмуни саналган ўйиннинг барбод бўлишига олиб келиши
тайин. Фақатгина қаттиққўллик ва шафқатсизлик билан бу хавфни бартараф
этиш керак. Аниқроғи, шошилинч равишда шубҳали саналган отни даф этиш
талаб этилади: у қандай сир-асрорни билган бўлса, ҳаммаси ичида қолиши зарур!
Бармоқларим ҳам айнан шундай йўл тутишди, улар отни рақиб майдонида бироз
муддат худди ғанимга ҳамла қилаётгандек, айлантириб юришди-да, сўнг шатранж
саҳнидан пастга – ҳалокат чоҳига улоқтириб юборишди…
Буни қарангки, бу ёқдаги доналар рақиб майдонида узоқ қолиб кетган от
ва менинг бармоқларимни ўйлаб, хавотирга тушиб туришган экан. Кўп ўтмай
бармоқларим мотамсаро бир қиёфада отсиз қайтиб келди. Буни кўриб улар от
ҳалок бўлганини фаҳмладилар ва қўрқув аралаш шунчалик куюнишдики, беихтиёр
ўзимнинг ҳам уларга раҳмим келиб кетди. Бироқ начора…
Очиғини айтсам, отни ўйиндан четлаштириб, деярли ҳеч нарса ютқазганим йўқ,
кези келганда шундай қурбонлар бериб туриш лозим, йўқса, ҳеч вақога эришиб
бўлмайди. Мабодо бармоқларим ҳалиги отни ўйиндан четлаштирмай ҳамроҳлари
ёнига қайтариб олиб келганда, қандай кўргилик юз беришини олдиндан тасаввур
қилиш унчалик қийин эмас. От у ёқда кўрган-кечирганларини ичида сақлайди,
деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта, шу заҳотиёқ анави ҳамроҳларига шипшиши тайин.
Шундан сўнг доналар ўртасида оммавий норозилик, аниқроғи, бармоқларимга
бўйсунмаслик касаллиги авж олади. Улар, табиийки, улкан куч, ҳаммасининг
қаршилигини бирваракайига бостиришга бармоқлари ожизлик қилади ва охир
оқибатда менинг ўйиним ўз-ўзидан ниҳоясига етади, тамом-вассалом!”
Бешинчи саҳифа: “Мазкур ўйиннинг яна бир ғоят эътиборли жиҳати: қўл
остимдаги доналарнинг ҳар бирига ўйинда тутган ўрни ва ҳаракат имкониятларига
қараб муносабатда бўлишдир. Менинг бармоқларим ҳар бир шатранж донаси
нимага қодир эканини жуда яхши билади. Тўра, от, сипоҳи ва фарзиннинг
бармоқларимга қарши хоҳ пинҳона, хоҳ ошкора ҳар қандай ҳаракати унчалик катта
таҳдид солмайди. Чунки улар алоҳида-алоҳида олиб қаралганда жуда озчиликни,
бор-йўғи бир жуфтни ташкил этишади. Бунинг устига улар кўпроқ ўз тинчи ва
эгаллаб турган мавқеини – шоҳ билан бир сафда туришади-я! – ўйлабми, доимо
ялтоқланишиб, бармоқларимга содиқ эканликларини намойиш этиш пайида
бўладилар. Энг муҳими, улар ўртасида ўзаро нифоқ кучли, сафда бақамти туришса
ҳамки, бир-бирларини ич-ичидан ўлардек ёмон кўришади. Рости, баъзан нега улар
бир-бирларини бунчалик ёмон кўриши, ичлари доимо фисқу фасод, ҳасаду аламга
тўлиб туришига ўзим ҳам тушунолмай ҳайронман. Аммо бу мени заррача бўлса-да,
ташвишга солмайди, аксинча, шундай бўлгани маъқул…
Энди ўйинда асосий куч саналадиган пиёдалар ҳақида гапирадиган бўлсам,
улар кўринишидан содда, бироз анқовроқ ва ҳатто лақматабиат бўлса ҳам,
барибир уларни доимо ҳушёрлик билан назорат қилиб бориш талаб этилади.
Сабаб, улар кўпчилик экандан ташқари, бир-бирлари билан эту тирноқдай аҳилу
иноқ. Айниқса, пиёдалардан бирининг бевақт қурбон бўлиши ўйинда кутилмаган
мушкуллик, танг вазиятни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, бармоқларим
вазият тақозосига кўра, пиёдалардан бирини ўйиндан чиқариб ташлашга мажбур
бўлиб қолди, дейлик. Бундан бошқа пиёдалар худди шоҳ сафида турганлар сингари
ўз ҳаётларини ўйлаб бирдан қўрқув, таҳликага тушишмайди, балки қурбон бўлган
ҳамроҳларининг ўчини олиш учун ғазавот отига миниб, рақиб майдонига бостириб
киришга тап-тайёр туришади. Иккинчи томондан эса, биргина пиёданинг бевақт
қурбон бўлиши шоҳ сафида турганларнинг ҳам тинчини бузиши мумкин. Чунки
улар пиёдаларга ҳимоя қалқони сифатида қарашадию, агар сипоҳи пойида турган
пиёда ўйиндан чиқариб ташланса, у албатта, ўзини ҳимоя қалқонисиз қолгандек
ҳис этади ва рақиб ҳеч қандай тўсиқсиз устига ташланадиган каби мудом қўрқув
ичида яшайди. Шу боис бармоқларим учун битта пиёданинг ҳаёти сипоҳи ва ҳатто
фарзиннинг ҳаётидан қимматлироқдир. Шуни ҳисобга олиб, уларни ҳуда-беҳудага
ўрнидан қимирлатавермайман”.
Олтинчи саҳифа: “Отнинг ўлимидан кейин яна бир нохуш воқеа юз берди.
Ўнг томонда турган пиёда кутилмаганда бир ниманинг шарпасини сезгандек
безовта тортиб, ғимирлай бошлади. Бармоқларим: “Бу пиёда отнинг қандай ҳалок
бўлганидан хабар топганга ўхшайди”, деган шубҳага боришди ва шу заҳотиёқ уни
ҳамроҳларидан ажратиб, яккалаш мақсадида бир катак олдинга ўтказиб қўйишди.
Йўқ, афтидан, бармоқларим янглишишган кўринади, чунки пиёда бир катак олдинга
ўтиб олгач, бояги безовта қиёфасини бирдан ўзгартирди-да, аллақандай довдираган
кўйи юқорига бармоқларимга қарай бошлади. Ким билади, эҳтимол, у ростдан
ҳам бирор хавф-хатар шарпасини сезган, аммо боши устида соя ташлаб турган
бармоқларимнинг ҳайбатидан чўчиб, эсидан чиқариб қўйгандир. Эй, йўқ, чамаси,
мен яна янглишаяпман, бу ерда бутунлай ўзга воқеа юз берганга ўхшайди. Тавба,
нималар рўй берганига қаранг-а, қурғур пиёда – шўрлик бунча содда бўлмаса-я?! –
фарзинга айланиш учун йўлга чиқдим, деб ўйлаб ўзида йўқ хурсанд-ку!.. Оббо,
бунчалик лақма бўлмаса бу пиёда, сен ялангоёқ қайдасан-у аслзода фарзин қайда?
Ҳа-я, шўринг қурғур ялангоёқ пиёда шундай хаёлга бориши табиий эди, чунки
ҳар қандай пиёданинг олдинга қараб ҳаракатланишидан ягона мақсад фарзинга
айланишдир. Фақат бу ҳақда менгина мутлақо ўйламабман, холос…
Бу таваккалчилигим кейинчалик ўзим кутмаган кўпгина ўзгаришларни
келтириб чиқардики, ўйинни бошқаришда қўллайдиган аввалги усулларим бир
қадар ўз кучини йўқотди, бир талай янги ўйин усулларини ўйлаб топишга мажбур
бўлдим. Боя пиёдалар бир-бирлари билан эту тирноқдай аҳил-иноқ деб айтгандим,
бу ҳол ҳалиги пиёдани бир катак олдинга сурганимдан сўнг янада равшанроқ
намоён бўлди. Қолган пиёдалар ўз ораларидан фарзинга айланишга муносиб вакил
топилганидан пиёданинг ўзидан ҳам юз чандон ғурурланишар ва охир-оқибатда
бошлари узра соя ташлаб, бармоқларимга беҳад мамнунлик билан қараб-қараб
қўйишарди.
Аммо пиёданинг бир қадам олдинга юриши шоҳ сафида турганларга
кутилмаганда бошқача таъсир этди. Улар ҳам пиёда фарзинга айланиш учун
кетаяпти, деб ўйлашди ва бирдан турқу-авзойи ўзгариб, бир-бирларига маъноли
қараб олишди. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Ахир, оддий ялангоёқ
пиёда фарзинга айланиб, обрў-эътиборию ҳаракат имконияти ўзлариникидан
ошиб кетса, ёқадими?! Йўқ, албатта! Устига-устак, шундоқ оёқлари остида турган
пиёдаларнинг жир битган қўзичоқдек жилпанглаши уларнинг баттар ғашига тегарди.
Кўп ўтмай уларнинг ичини кемираётган алам ошкор юз кўрсата бошлади. Улар
йўқ нарсадан ҳам важ топиб пиёдаларни тергар, баъзан ичларидан алланималарни
тўқиб-бичиб бармоқларимга етказар ва бунинг эвазига ҳалиги пиёдани ўрнидан
бошқа қимирлатмасликни пинҳона сўрашар эди. Қисқаси, шу воқеадан сўнг шоҳ
сафида турганлар ва пиёдалар ўртасида чуқур низо пайдо бўлди. Иккала томон
ҳам бу низога шу қадар шўнғиб кетишдики, натижада қарши томонда рақиб бор
йўқлигини ҳам унутишиб, ўзаро рақибларга айланишди. Энди уларни зимдан
назорат қилиб туриш ҳам, бирор нарсанинг ҳидини сезиб қолишмабдимикин, деб
хавотирга тушишга ҳам ҳожат қолмади…”
Еттинчи саҳифа: “Энди бир катак олдинга сурилган пиёданинг келгуси
тақдири ҳақида гапирадиган бўлсам, у ўз ҳамроҳлари ва шоҳ сафида турганлар
ўйлашаётгандек ҳеч қачон – такрор айтаман, ҳеч қачон! – фарзинга айланиш учун
лозим бўлган йўлни босиб ўтолмайди. Ҳа, бунга менинг бармоқларим сира ҳам
имкон бермайди… У яна узоқ муддат шу жойида турганча бармоқларим боши узра
юз кўрсатишини кутади, кутаверади…
Мана, ниҳоят, рақиб ҳам қўл остимдагиларнинг ўзларидан чиқди.
Бармоқларимнинг бундан кейинги асосий вазифаси мавжуд вазиятни – шоҳ сафида
турганларга ҳам, пиёдаларга ҳам зиғирча ён босмай, шу ҳолида сақлаб туришдир…
Энди иккала томон ҳам бирдек бу сафар кимнинг боши устида пайдо бўларкин,
деб бармоқларимдан кўз узмай туришарди. Менинг ўзим ҳам бироз тараддудланиб
қолдим, ахир, бунақаси бурун ҳеч қачон бўлмаганди-да. Ҳалиги пиёдани яна бир
катак олдинга ўтказай десам, шоҳ сафида турганлар “дод” деб юбориши тайин,
уларнинг ўзларидан бирортасини сафдан олиб чиқай десам, пиёдалар: “Шу ерда
ҳам бизни камситди”, деган ўйда ўксиб қолишлари мумкин.
Охири, ўйлай-ўйлай ҳалиги пиёдани яна бир катак олдинга суришга қарор
этдим. Буни кўриб қолган пиёдалар ўзларида йўқ қувонган бўлса, шоҳ сафида
турганлар шунчалик қутуриб кетишди-да, бармоқларимдан норози эканликларини
яширмай, юзларини тескари ўгириб олишди. Бунақада бирор-бир ишкал чиқиши
ҳеч гап эмасди. Шу боис аҳволни юмшатиш мақсадида шоҳ сафида турган отни
худди пиёдани таъқиб этаётгандек ҳаракатлантириб, майдонга олиб чиқдим.
Ўйлаганимдек, вазият бирдан ўзгардию, аммо иккала томон ҳам навбатдаги
юришни тоқатсиз кута бошлади. Бу сафар ҳам менинг бармоқларим отнинг боши
устига эна бошлагач, пиёдалар бирдан бўшаниб кетишди, уларнинг хўрсинишию
пишқиришлари аниқ-тиниқ эшитила бошлади. Бироқ бармоқларим ҳавода муаллақ
турар, шу боис ғалаба нашидасини суриш-у мағлубият аламини тортишга ҳали эрта
эканини иккала томон ҳам ич-ичидан ҳис этаётганди. Навбатдаги юриш ҳаммасини
ҳал этиши лозим эди…”
Саккизинчи саҳифа: “От ва пиёда рақиб майдонининг чегарасида туришарди.
Пиёда томонидан отга бирор зиён-заҳмат етмаслиги кундек равшан, пиёданинг
йўлини тўсиш учун эса отга биргина ҳаракат кифоя эди. Буни сезган пиёдалар
умидсизликка туша бошлашди.
Ҳақиқатан, вазият жуда жиддий тус олганди. Ўзим ҳам иккиланиб қолдим.
Пиёдани яна бир катак олдинга ўтказмоқчи бўлдим, аммо чуқурроқ ўйлаб қарасам,
бу келгусида янги-янги мушкулликларни келтириб чиқариши мумкин экан.
Хуллас, шуларни ўйлаб бармоқларим отни пиёданинг олдидаги катакка ўтказиб
қўйди. Буни кўриб, кутганимдек, пиёдалар бирдан тушкун ва умидсиз қиёфага
киришди ва норозиликларини ҳам яширмай худди шоҳ сафида турганларга
қарашгани сингари бармоқларимга ҳам нафрат билан тикилишди.
Албатта, ўйинни асло бундай аҳволда қолдириб бўлмасди, зудлик билан
пиёдаларнинг сўнган иштиёқини қайта уйғотиш лозим эди. Зеро, бундан ўзга
иложим ҳам қолмаганди. Нимаики бўлмасин, пиёданинг йўлини очиш учун отни
бошқа жойга ўтказиш зарур. Шу мақсадда менинг бармоқларим отнинг боши
узра пастлаётиб… ё тавба… отнинг биқинида турган пиёда қайдандир ўзида куч
топиб жонланди-да, бармоқларим кўмагисиз орқада қолган ҳамроҳлари томон
кета бошлади… Нималар бўлаяпти ўзи, ҳеч кўзларимга ишонгим келмайди. Шоҳ
сафида турганлар ҳам, пиёдалар ҳам ўзлари томон келаётган пиёдани кўришиб,
ҳайратдан донг қотиб қолишди. Ахир, ўйин тарихида ҳеч бунақаси бўлмаганди
да! Ҳаммадан ҳам менинг бармоқларимга оғир бўлди, ахир улар узоқ вақтдан буён
давом этиб келаётган ўйин жараёнида ҳеч қачон бундай ночор аҳволга тушмаган
эди. Шунданми, бармоқларим довдираганча нима қиларини билишмай ҳавода
каловланиб, муаллақ қолишди.
Аммо вазият ўта қалтис, бир дақиқа ҳам вақтни қўлдан бой бермай, шундай чора
қўллаш керакки, анави пиёда турган ўрнидан зиғирча ҳам олдинга силжимасин
ва шоҳ сафида турганлар ҳамда пиёдаларга ҳозиргина кўрганлари туш бўлиб
туюлсин…
Бармоқларим оч бургут каби ютоқиб, пиёданинг бошига човут солди. Бироқ
пиёда ерга чуқур илдиз отган дарахт каби ўрнидан қимир этмас ва бармоқларим
чангалида турган ҳолда ҳам сабот билан одимлаб борарди. Унинг боши худди
танида қайноқ қон жўш урган каби қизиб кетганди. Бармоқларим қутуриб қайта
қайта пиёданинг устига ташланар, аммо ҳар гал панд еб қоларди. Пиёда – қайдан
топа қолдийкин бунча куч-қудратни у?! – бармоқларимни писанд ҳам этмай виқор
ила одимлаб борар, унинг афти ангоридан ҳамма сирдан хабардорлиги шундоққина
сезилиб турарди.
Ўртадаги масофа дақиқа сайин қисқариб бормоқда… Бармоқларим буткул жон
жаҳди билан пиёданинг бошини ғажиб ташлашга уринмоқда… Ҳамма ҳаракатлар
чиппакка…”
Шу ўринга келганда битиклар узилиб қолган эди.
Мен шундагина кечадан буён бутун шаҳарни тутган миш-мишни эслаб
қолдим: “Шатранж доналари… жонланишибди ва шаҳар ҳаётини режалаштириш
маҳкамасининг бошлиғига ҳужум қилишибди… Бошлиқ ўсал ҳолда шифохонага
келтирилганмиш…”
Наҳотки…
Ўрнимдан туриб дераза ёнига келдим.
Тун. Осмонни ғужғон юлдузлар қоплаган. Ҳув, ана, янги чиққан ҳилолнинг
ўнг тарафидан юлдуз учиб, сўнгандек бўлди. Сесканиб кетдим. Юлдуз учса, бир
одамнинг умри тугармиш, деган гап ёдимга тушди…
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон