
Қозоқбой ЙЎЛДОШ – педагогика фанлари доктори, профессор. 1949 йилда
туғилган. Сирдарё давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини
тамомлаган. Ҳозирга қадар қирққа яқин китоби ва кўплаб илмий мақолалари чоп этилган.
Адабиёттанув илми миллий адабиётда яратилган бадиий асарларнинг асл
моҳиятини англаш сари йўналтирилган интеллектуал фаолиятдир. Бу илм
хулосалари яратилажак бадиий битикларнинг юқорироқ савияда бўлишига ҳам
таъсир кўрсатади. Ўтган 2024 йилда адабиётшунослик бўйича яратилган ўн уч
китоб миллий адабиётнинг турли муаммолари ечимини топишга қаратилгани
билан эътиборни тортади.
Ўта маҳсулдорлиги билан танилган олим Илҳом Ғани 2024 йилда “Қиёсий
адабиётшунослик” дарслиги, “Tуркий халқлар адабиёти тарихи” мажмуаси,
икки китобдан иборат “Ҳозирги адабий жараён” мажмуаси, “Фитрат драмаси
поэтикаси ва фитратшунослик” ҳамда “Чингиз Айтматов – Шарқ донишманди”
монографияларини яратган.
Маълумки, адабиётга доир дарслик ва мажмуалар – адабиётшуносликдан кўра
педагогикага яқин ашёлар. Лекин улар Илҳом Ғанидай маҳсулдор адабиётшунос
томонидан яратилгани учун уларда педагогикадан кўра адабиёттанувга доир
жиҳатлар устувордир ва шу сабаб уларни таҳлилга тортишга жазм қилдик.
Бадиий матнни таҳлил қилишда, бирор-бир асарнинг эстетик қийматини
тайин этишда ҳал қилувучи аҳамиятга эга бўлган чоғиштирма адабиётшунослик
йўналишига доир 13 мавзуни ўз ичига олган “Қиёсий адабиётшунослик” дарслигида
кўп замон ва маконга тегишли компаративистик қарашлар қамраб олинган.
Унда қиёсий адабиётшуносликнинг пайдо бўлишидан тортиб, унинг жаҳон
миқёсидаги тараққиёт йўлига доир жуда кўп маълумот берилган. Аммо ҳозирги
ҳолида бу китоб дарсликдан кўра кўпроқ компаративистик қарашлар тарихи акс
этган монография бўлиб қолган. Китобда керакли илмий-адабий маълумотлар
берилгани билан талабаларга бадиий матнни қиёслаб ўрганиш борасида амалий
кўмакчи бўлолмайди. Очун компаративистикасидаги қарашларни миллий адабий
ҳодисаларга татбиқ қилиш йўллари конкрет асарлар мисолида кўрсатилиб, ундан
фойдаланиш йўсини белгиланганида китоб фойдалироқ бўларди.
Олимнинг мажмуалари ҳам анча ўзига хос. “Tуркий халқлар адабиёти
тарихи” мажмуасида “Қўрқут ота” достонининг анча сифатли таржимасидан
парча берилган. Шунингдек, “Ўғузнома” достонидан киритилган парча ҳам
жозибадорлиги билан диққатга лойиқ. Ҳар қандай илмий яратиқ муайян илмий
позиция ва асосга таянган бўлиши лозим. “Tуркий халқлар адабиёти тарихи”
мажмуасида асарларни жойлаштириш бўйича тайинли принцип белгилаб
олинмаган. Чунончи, Озарбайжон адабиёти, негадир Низомий ёки Фузулийдан
эмас, Воқифдан бошланган. Ундан сўнг Фатҳали Охундов асарлари берилиб, сўнг
Низомий, кейин Фузулий битиклари тақдим этилган. Шунга ўхшаш ҳолат қозоқ
адабиёти намуналарини жойлаштиришда ҳам кўзга ташланади.
Олимнинг “Ҳозирги адабий жараён” мажмуаси жанрий ва хронологик тамойилга
амал қилиб тузилган. Унинг 1-жилдида жаҳон адабиётидан икки асар ҳамда ўзбек
замонавий роман ва қиссалари берилган бўлса, 2-жилдидан ҳикоялар, шеърият,
драматургия ҳамда болалар адабиёти намуналари жой олган. Муаллиф имкон қадар
ҳозирги адабиёт намояндаларини тўлиқ қамраб олишга уринган.
Илҳомнинг “Фитрат драмаси поэтикаси ва фитратшунослик” номли олти юз
бетлик салмоқдор асари икки қисм ва саккиз бобдан иборат. Олимнинг: “Трагедияда
муболаға, бўртиқлик, сунъийлик бошқа драматик жанрдагилардан кўра юқорироқ
бўлади, унда характерлар талқини, конфликтнинг кучлилиги, воқеалар ривожи,
тил ва бошқа унсурлар мумкинлик ва номумкинлик ўртасида бўлади” тарзидаги
тўхтамида фожиа жанри хусусиятлари ишончли белгиланган, дейиш мумкин.
Илҳом монографияда фалсафий замон ва макон тушунчаларининг бадиий замон
ва макон тушунчаларига айланиши ва ундан фарқланиши борасида жўяли фикрлар
билдиради. Фитратнинг драматик асарларида замоний ва маконий муносабатлар
чегараси қаердан ўтгани адиб асарларининг пухта таҳлили мисолида кўрсатиб
берилади.
Олим шундай ёзади: …“ифода”, “тасвир”, “кўчим” истилоҳлари англатган
маънолар ўртасида фарқ бор. Чунончи, ифодалаш кўпроқ ҳиссий тушунчаларга хос
бўлиб, тасвирлаш кўрсатиш ва намоён этиш билан, сувратлантириш билан боғлиқ
бўлгани учун конкрет-аниқ предметларнигина тасвирлаш мумкин. Изтиробни
ифодалаш, дарахтни эса тасвирлаш мумкин”. Бундай тўхтам асосли экани билан
миллий адабиёттанув илми учун қийматлидир.
Монографияда Фитрат асарлари тилини тадқиқ этиш йўлида “шеър тили”, “наср
тили”, “драма тили”, шунингдек, субъект (муаллиф) ҳамда “объект” (персонаж)
тили сингари тушунчаларга изоҳ берилади ва уларга хос жиҳатлар тайин этилади.
Илҳом Фитрат драмаларидаги персонажлар тилини жуда синчковлик билан таҳлил
қилган, образларнинг ҳар бир ҳаётий ва руҳий ҳолатида сўз қанчалик ўринли
ишлатилгани ишонарли кўрсатилган. Аммо китобда йўл қўйилган имло хатолари
пухта асарнинг қийматига соя солганини айтмай бўлмайди. Чунончи, монографияда
макон ва замонга муносабатда субстанциал ва реляцион қарашлар мавжудлиги
тўғрисида фикр юритилади. Китобнинг 84-бетида реляцион қараш “револиюцион
қараш” тарзида ёзилганки, бу хато ўқирманни жуда ёмон чалғитади.
Илҳом Ғанининг “Чингиз Айтматов – Шарқ донишманди” монографияси
олимнинг ўзи айтмоқчи: “Чингиз Айтматов асарларини жаҳон адабиёти
контекстида қиёсий ўрганиш ҳамда уларнинг ижтимой, фалсафий табиатини,
умумбашарий ғояларини таҳлилу талқин қилиш” мақсадида ёзилган. Олим адиб
асарларини ҳам маъно-мазмун, ҳам ифода гўзаллиги нуқтаи назаридан таҳлил
қилган. Илҳомнинг: “Оқ кема”ни фақатгина совет жамиятига протест сифатида
баҳолаш унинг санъат асари сифатидаги ролини торайтириш билан баробар
бўлур эди” тарзидаги тўхтами жуда ҳаққоний. Олим қиссадаги образларни характер
хусусиятларига кўра беш гуруҳга бўлади ва ҳар бир гуруҳга мансуб тимсолларни
тасвирлашда ёзувчи таянган эстетик тамойилларни кўрсатади.
Илҳом Ғани Айтматовнинг ҳар бир асарини дунёнинг бошқа машҳур ёзувчилари
битиклари билан қиёслаб тадқиқ этгани унинг тўхтамларига салмоқ бағишлайди.
Олим адибнинг “Юзма-юз” қиссасига тамомила янгича илмий-ахлоқий назар
билан ёндашади. Асарни шу вақтгача қилиб келинган советча ёндашувдан фарқли
йўсинда таҳлил қилади. Мақолада Исмоил образига ҳам ўз жонидан бошқани
ўйламайдиган худбин кимсагина эмас, балки уруш туфайли ўз менлигидан
узоқлашган шахс сифатида ёндашади. Умуман, монографияда ёзувчининг кўплаб
асарлари синчковлик билан пухта таҳлил қилиниб, асосли хулосалар чиқарилади.
Юқорида айтилган ютуқлар билан бирга ўта сермаҳсул олимнинг тезкорлиги
билан боғлиқ ҳолда юзага келган бир камчилик борлигидан кўз юмиб бўлмайди.
Ҳар беш китоб матнида ҳам жуда кўп имло хатоларига йўл қўйилган. Чамаси,
бир йилда шунча илмий асар яратган олим уларни қайта ўқишга вақт топмаган,
ноширлар эса, матнга қараб ўтирмай, ёзиқларни муқовага солишга шошилишган.
Профессор Х.Ҳамроқулованинг “ХХ–ХХI аср ўзбек фольклоршунослиги ва
адабиётшунослигига оид диссертация ва авторефератларнинг библиографияси”
китоби ўтган йили яратилган монографияларнинг энг қийматлиси, дейиш мумкин.
Чунки бу асарда 1941 йилдан 2024 йилгача бўлган давр мобайнида Ўзбекистонда
ёқланган диссертациялар ҳақида аниқ маълумотлар берилган. Бу адабиётшунослик
илмининг тарихи билан шуғулланувчи историографларга ҳам, ёш тадқиқотчиларга
ҳам ўта керакли манба ҳисобланади.
Таниқли адабиёттанувчи Сувон Мелининг “Тонг, Тошкент ва Ғафур Ғулом”
тарзида публицистикроқ номланган китобида ХХ асрнинг энг буюк шоирларидан
бири Ғафур Ғуломнинг поэтик маҳорати конкрет асарлар таҳлили мисолида,
тадқиқ этилган. Тўққиз мақолани ўз ичига олган ихчам китобда галактик миқёсда
фикрлайдиган адиб ижодига хос бетакрор жиҳатлар ишонарли кўрсатиб берилган.
Олим барчага таниш бўлган “Сен етим эмассан” шеърининг нима учун айнан
Ғафур Ғулом томонидан ёзилгани сабабига изоҳлаб ҳақли равишда: “…энг муҳим
омил бу – Ғафур Ғуломнинг буюк қалб соҳиби эканида. Биз ҳали буюк қалб нима
эканини билмаймиз”, деб таъкидлайди. Олим шеърни муайян таркибий қисмларга
ажратиб, ундаги нафақат ҳар бир сўз, балки ҳар бир ҳарф ва товушнинг аҳамиятга
эгалигини ишонарли кўрсата олган.
Сувон Мели адибнинг турли асарларига киритилган энг майда ўзгаришларни ҳам
ўрганиб, улардан маъно топади. Олим бу ўзгаришлар у ёки бу асарнинг такомилига
қанчалик хизмат қилганини мантиқан асослайди. У “Шум бола” асарига адиб
киритган бир ўзгариш ҳақида: “…қиссанинг дастлабки нашрларида Шум бола бой
ўтирган уйга кириб борганида “Бой шийпонда нонушта қилиб ўтирар экан”. Кейинги
вариантда шу гапга бор-йўғи уч сўз қўшилади: “Бой шийпонда калла гўшти билан
нонушта қилиб ўтирган экан. …бу киритма манзарани аниқлаштиради, вазият
хронотопини яратади”, деб ёзади. Олим тасвирнинг конкретлашганидан ташқари,
калла тасвири бир қадар рамзий маъно ташишини қайд этади. Сувоннинг: “Навоий
“Ҳайрат ул-аброр”идаги илкида икки калла суягини тутган гадо, “Ҳамлет”даги
қўлда калла суяги билан фалсафа сўқаётган гўрков ва калла гўшти еб туриб, бир
бечорани ерга уриб, лаззат олишга чоғланган бой – булар бир-бирига мутлақо
ўхшамайдиган, аммо …қариндош маъноларга эга образлардир” йўсинидаги
қаноати ҳам ҳаққонийлиги, ҳам бир-биридан жуда узоқдаги ҳодисалар замиридаги
уйғунликни ифодалай билгани билан эътибор тортади.
Сувон Мели ўзбек адабиётига жаҳоний юксакликдан назар ташлагани сабаб
Ғафур Ғулом асарларида очун адабиётига хос жуда кўп жиҳатлар борлигини
кўради. Адиб асарлари таҳлили натижасида олим: “Кулгининг поклаш-тозалаш
қуввати халқимизга азалдан маълум. Комик катарсис ҳодисасини фақат узоқ
Юнонистондан изламай …халқимиз ижодига, кулгичилик маданиятига мурожаат
қилишимиз лозим. …комик катарсис жаҳоний аламнинг кулги йўли билан ариши
демакдир” тарзида ғоят миқёсли тўхтамга келади.
Сувон Мели шоирнинг фалсафий асослари ва бадиий қудрати тенгсиз бўлган
айрим шеърларига ярашмаган ямоқдай бўлиб тушган “Ленин”, “Сталин”, “Партия”
сингари сўзларнинг ўрнига бугуннинг нафасини акс эттирадиган бошқа сўзлар
қўйгани тўғрисида: “Бунда мен ҳақиқатга зид бордим ёки тарихийликни буздим,
деб ҳисобламайман. Аксинча, ҳақиқат қарор топди, дейман. Бу каби ўзгартишлар
бир қонуният мавжудлигидан дарак беради: таги бақувват, асли бутун шеърлар,
қандай замонда яратилган бўлмасин, худди тирик организм каби янги шароитда
ҳам яшовчанлик иқтидорини намойиш этади. Бадиий бутунлик шундай мустаҳкам
иморат эканки, у жузъий таъмирдан лат емайдигина эмас, ҳатто кучаяр ҳам
экан” тарзида ўзига хос хулоса чиқаради.
Айни вақтда, шундай теран ўйли олимнинг “Вақт” шеъри таҳлили кечимида
нисбийликка доир назарияларга таяниб: “…инсониятнинг ушбу улуғ кашфиётларида
уч ўлчамли фазо ўрнига тўрт ўлчамли фазо (тўртинчи ўлчам – вақт) тушунчаси
етакчи мавқега кўтарилади” тарзидаги қараши кишида эътироз уйғотади.
Маълумки, “фазо” – бу макон дегани. Макон уч ўлчамли эмас. У ё тўрт, ёки олти
ўлчамли. “Вақт” эса фақат замонни англатгувчи тушунчадир ва фазонинг ўлчами
бўлолмайди. Аслида замон – бир ўлчамли узлуксиз ҳодиса. Одамларгина уни шартли
равишда “кеча”, “бугун” ва “эрта” ёки “ўтмиш”, “ҳозир” ва “келажак” сингари
қисмларга бўлиб олади. Шунингдек, олим шоирнинг ”Тошкент” шеъри таҳлилига
бағишланган мақоласининг бир ўрнида шу шеърнинг ёзилиш вақти борасида: “1946
йилда яратилган, сарлавҳаси остига “12 декабрь, соат 6, тонготар”, деб аниқ қайд
этилган”лигини битади. Китобнинг 68-бетида эса: “Ундан ташқари, бу ерда шеър
хронотопи, яъни вақт-макон ҳолати аниқ белгиланади. Яхлит хронотопда вақт –
1946 йил 12 ноябрь тонги, олтидан саккиз яримгача” экани таъкидлайдики, поэтик
хронотоп борасида гапираётган олимнинг хронотопни бундай бузиши ўқирманни
чалғитиши табиий. Бунинг устига, шоирнинг бу қайдида замон акс этгану макон
кўрсатилмаган. Мақолада эса “вақт-макон” экани алоҳида қайд этилган.
Сувон Мели ва Феруза Бурҳоновалар шериклигида яратилган “Бадиий таҳлил
сабоқлари” асари гарчи қўлланма деб аталган бўлса-да, қўлланмадан кўра одатдаги
адабиёттанувга доир мақолалар тўпламига ўхшаб кетган. Тўғри, китобдаги деярли
барча мақолалар қандайдир бир асарнинг таҳлилига бағишланган, мавзу сўнггида
уни мустаҳкамлаш учун саволлар қўйилиб, тестлар берилган. Айниқса, тест
ва саволлар жўяли тузилганини қайд этиш керак. Лекин қўлланма деб аталмиш
педагогик ашёга қўйиладиган бошқа бир қанча жиддий талаблар ҳам борки, бу
китобда улар ҳисобга олинмаган.
Китобдан ўрин олган “Таҳлил мусиқаси” мақоласида қайд этилган: “Туймоқ”
англамоқ ёки тушунмоқдан юксакроқ туради. Англашда ақл ва мантиқ ишласа,
“туймоқ”да одамнинг бутун вужуди, борлиғи, кўнгли ҳаракатда бўлади”
шаклидаги фикр шеърнинг таъсир қудрати сабабни англатиши жиҳатидан
эътиборга лойиқдир. Ушбу мақолада муаллифлар таҳлил тушунчасининг
моҳиятини англатиш борасида: “…таҳлил кенг маънода олганда бадиий асарнинг
чилғин кўнгил кўзгусида инъикос этиши, жилваланиши бўлиб, шундан кейингина
сўз, матн либосида юз кўрсатишидир”, деган фикрни баён этишади. Бу қарашда
таҳлилнинг бадиий матн ичига чуқурроқ кириш жараёни экани, кўркам матннинг
жозибаси таҳлил орқали намоён бўлиши тўғри ифодаланган. Фақат кўчирмадаги
изоҳи берилмаган “чилғин” сўзи қандай маъно ифодалаши кўрсатилмаган.
Бултур яратилган китоблар орасида маърифий саховати, узлуксиз таълим
тизимининиг барча босқичларида адабиёт ўқитишни самарали қилиш мақсадида
таҳсилни амалга оширадиган мутахассислар учун олти методик дарслик яратгани
ҳамда мутлақо беғараз йўсинда турли вилоятларнинг чекка қишлоқларидаги
мактабларга ўз ҳисобидан бориб, сабоқ бергани билан танилган олима, “Методист”
журнали бош муҳаррири, профессор Қундузой Ҳусанбоеванинг “Бадиий битиклар
таҳлили” монографияси алоҳида ўрин тутади. Йигирма саккиз мақолани ўз ичига
олган ушбу китобдаги барча битикларни бирлаштириб турувчи жиҳат: уларда
бадиий сўз қудратидан самимий ҳайрат ифода этилганидадир.
Олима Ҳалима Худойбердиеванинг “Йўлдадирман” китобидаги шеърлар
таҳлилига бағишланган “Юрагида йўлбарс ўкирган шоира” мақоласида шоирнинг
тўпламга кирган шеърларини мавзу йўналиши, ифода йўсини, таъсир қудратига
кўра уч гуруҳга бўлиб тадқиқ этади. У шоиранинг битикларига ўзгача ракурсда
қарайди. Яъни шоиранинг шеърларига ёзилган вақтини қайд этиш одатига таяниб,
бир кунда қанча шеър битганига эътибор қаратиб, ундан қуйидагича маъно топади:
“Тўпламда бир кунда иккитадан ёзилган шеърларнинг умумий сони 86та, учтадан
ёзилган шеърлар 36та, тўрттадан ёзилган асарлар 8та. Бешта ва ҳатто еттита
шеър ёзилган кунлар ҳам бор. Демак, шоира бир кунда етти марта тўлғоқ азобини
бошдан кечирган”.
Қундузой шоир шеърларининг таҳлили орқали бу тўхтамининг ҳақлигига
ишонтиради. Тадқиқотчи шоиранинг шеърлари ёрдамида ўқирманларини ўз
даражасига кўтарилишга ундайдиган ижодкор эканини битиклар таҳлили орқали
асослаб беради. Олима Ҳалима Худойбердиева шеърларининг чуқур таҳлили орқали
жамиятда аёл садоқати тушунчасига ғайриисломий, ғайриҳаётий ва ғайриинсоний
ёндашув кенг ёйилганини таъкидлайди.
Қундузой шоиранинг: “…Кўкрак қафасингда яшаса йўлбарс Ўлгач ҳам ўкириб
турса бўлади” сатрлари муаллиф руҳиятининг тасвири эканини таъкидлайди.
Мақолада олима ўз қарашларини: “Ҳалима Худойбердиева …шеърхонни
…ҳақиқатлари билан ўзига ром қилади. Руҳиятига озуқа беради. Кўнглини
инжалаштиради. Сўзга ошно этади. У ўзбекнинг онаси сифатида фарзандларни
ростликка, юрт ободлиги учун курашларга чорлаб туради”, деб якунлайди.
Олима китобдан ўрин олган “Ёзкечувлик йўлбарс қиссаси” мақоласида
маҳоратли носир Сайим Исҳоқнинг “Куздаги кўклам” романини таҳлил қилади.
Қундузой романнинг бадиий ўзига хослигини очишга эътибор қаратади.
Ёзувчининиг сўз қўллаш маҳорати, образлар нутқини индивидуаллаштириш
борасидаги бетакрорлиги, персонажлар миназини тавсифлаш эмас, балки ҳаракат
ва ўй-хаёллари орқали кўрсатиш борасидаги усталигини муаллиф ва тимсоллар
тилидан мисоллар келтириб асослайди.
Қундузой Ҳусанбоева “Тарихий тасаввурларни тиниқлаштирувчи асар”
мақоласида Сайим Исоқнинг яна бир асари “Қиёматга қолмаган қасос” романига
хос жиҳатларни тадқиқ этади. Мақолада олима бу битикнинг ўзига хослиги миллат
тарихини фақат қора рангларда тасвирлашдай советча ёндашув ўрнига адибнинг энг
жоҳил ва шафқатсиз ҳукмдор Насруллохон даврида ҳам бугунги одамлар фахрланса
бўладиган ишлар ва шахсиятлар акс эттирилганида эканига диққат қаратади. Олима
ёзувчининг сюжет қуриш маҳорати, тасвир бобидаги бетакрорлиги, ўзбек тилининг
ифода имкониятларидан усталик билан фойдалана билганига тўхталади. Асарда
Насруллохон ва унинг лашкари Шаҳрисабзни ўзига бўйсундириш учун қилган
ҳаракатлари тасвирининг ўта ҳаққоний берилгани, баталистик саҳналарнинг ҳаётий
тасвирида адиб маҳорати ёрқин кўринганини қайд этади. Мақолада башариятнинг
азалий йўлдоши бўлмиш эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш, бу курашнинг
баъзан шахслар, баъзан маконлар, гоҳида салтанатлар, баъзида эса одамнинг ўзи
билан ўзи ўртасида юз бериши асар таҳлилига таянган ҳолда кўрсатилади.
Ўрни келганда, юксак маҳорат билан ёзилган тўрт китобдан иборат бу романнинг
ёшлар тарбиясида юксак ўрин тутишини билган олима марҳум адибнинг “Қиёматга
қолмаган қасос” тетралогиясини ўз ҳисобидан бир йиғма ҳолида чиқариб,
республикадаги олий ўқув юртлари кутубхоналарига тарқатганлигини ҳам айтиш
керакдир.
Китобдан жой олган бошқа бир мақолада Ўзбекистон халқ шоири Абдулла
Шер ижоди намуналари тадқиқ этилади. Ушбу мақолада асосан шоирнинг севги
лирикаси таҳлилга тортилган. Олима бунинг сабабига тўхталиб: “Абдулла Шер
ижодида ижтимоий йўналишдаги, ватан озодлиги, фарзандлик бурчи ва ҳоказо
мавзуларга бағишланган шеърлар ҳам бир дунё. Лекин унинг муҳаббат мавзусидаги
битиклари, кўнгилдаги интим туйғулар ифодасининг ўзига хослиги билан
ўқувчининг диққатини тортади”, деб ёзади.
Абдулла Шернинг:
“Кўзларимга бир қара, жоним,
Кўзларимда йиғлайди жоним”
сатрларини таҳлил қилиш асносида олима: “Кўзлар – кўнгилнинг ойнаси. У кўпинча
ақлнинг ихтиёрига бўйсунмай кўнгилдаги туйғуларни ташқарига ошкор қилиб
қўяди. Баъзан эса аксинча, ақлнинг қудратини ҳам намойиш этади. Кўзнинг кўнгил
билан ҳамкорлик қилиши ҳам шундан. Кўнгил йиғласа ҳам, кулса ҳам кўзларда
кўринади” йўсинидаги тўхтамга келади.
Тадқиқотчи ўзини безовта қилган, туйғуларини мувозанатдан чиқарган кўркам
асарлар тўғрисида алоҳида бир ҳаяжон билан фикр билдиради. У ўзига ёққан
битиклардан камчилик топмайди, балки қидирмайди ҳам. Шу тарзда у миллий
синчиликда кўпдан шаклланган бир аёқ шарбатга бир чимдим қалампир тамойилига
амал қилмайди.
Бултур босиб чиқарилган китоблар орасида таниқли адабиёттанувчи Абдулла
Улуғов қаламига мансуб “Рауф Парфи – хассос шоир” монографияси ўзига
хослиги билан ажралиб туради. Биринчидан, бу китобнинг ноширлик нуқтаи
назаридан тамомила бошқачалигини айтиш керак. Яъни китобнинг муайян бетида
гап бораётган шахс ёки ҳодисага тегишли турли суратлар қўйилган. Иккинчидан,
монография сўнггида Рауф Парфининг “Сабр дарахти” китоби 1986 йилда қандай
босилган бўлса, ҳеч қандай ўзгаришсиз тақдим этилган. Китобда имло хатолари
ҳам деярли йўқ даражада.
Абдулла ўзига хос фикрлайдиган нозикфаҳм синчи сифатида Рауф Парфи
шеъриятининг асл моҳиятини намоён этишга жиддий ҳаракат қилган. Олим шоир
шеърияти миллий поэзиямиздаги тамомила янги ҳодиса эканини, унинг битиклари
ўзигача бўлган ва унга чоғдош шоирлардан биронтасиникига ҳам ўхшамаслигини
“Сабр дарахти” тўпламига кирган асарлари мисолида кўрсатиб беради. Буни олим:
“Сабр дарахти” тўпламидаги шеърларнинг ўзига хос сирларидан бири шундаки,
улар кишини маҳзун, ўйчан қилиб қўяди. …Рауф Парфи шеърларидан дафъатан
кўнгилнинг туб-тубига етиб борадиган аллақандай сирли оҳанг эшитилади. Бу
ғаройиб оҳанг кўнгилда ҳаракатсизликдан тўнғиб ётган туйғуларни титратиб
юборади ва айни ҳолат кишига хуш ёқади” тарзида изоҳлайди. Олим Рауф
Парфи “Сабр дарахти” тўпламидаги шеърларида ақл билан изоҳлаш, тил билан
тушунтириш мумкин бўлмаган руҳий ҳолат ва кайфиятларни маҳорат билан
моддийлаштира олишини таъкидлайди.
Шунингдек, олим кўпчилик ижодкорларнинг битганлари бир ўқишданоқ тўлиқ
англаниши, Рауф Парфининг ёзганларини англаш учун эса, қайта-қайта ўқиш ва
ўйланиш зарурлигини тўғри кўрсатади. Шоир ижодига ҳар бир одамнинг ечилмас
жумбоқ эканини кўрсатиш хос эканини ҳам ўринли қайд этилади. Олим шоирнинг
шеърларига фақат маънодорлик эмас, балки жарангдорлик ҳам ажралмас белги
эканини ишонарли таъкидлайди. Шоир шеърларини тўла тушунтириш ва
шарҳлашга уриниш мумкин бўлмаган юмуш эканини, ўзининг ҳам уларни таҳлил
қилишдан ожиз эканини ҳаққоний қайд этади. Монографияда нозик кузатишлар,
салмоқли ва ҳаққоний тўхтамлар кўп учрайди.
Аммо олимнинг: “Сабр дарахти”даги шеърларнинг сирли жиҳатларидан
бири шундаки, уларнинг лирик қаҳрамони ҳеч қачон ғазабланмайдиган, ҳеч кимдан
аразламайдиган, ҳеч бир инсонни ранжитмайдиган одамларнинг мужассам
тимсолига ўхшайди” шаклидаги тўхтами кишида эътироз уйғотади. Менимча,
бундай қараш шоир табиатига, унинг ижодига мутлақо зиддир. Олим, чамаси, шоир
ижодидаги яширин исённи, кўзга ташланиб турмаса-да, ҳамишалик норозиликни
пайқамаган. Маълумки, Рауф Парфи шахсиятига фитратан исён ва норозилик хос
эди. Ва бу исёну норозилигини ҳаётида ҳам ижодида ҳам деярли ҳеч қачон яширмас
эди. Унинг: “Мен куйиниб севаман, нетай, Мен куйиниб сўзлайман, холос” тарзидаги
иқрори ҳам унинг шахсияти ва ижодидаги бу жиҳатларни кўрсатиб турибди. Шу
тўпламдаги “Оғриқ”, “Александр Блок”, “Лутфихоним. “Уйғон, болам”, “Ватан”,
“Шоир қисмати” ва бошқа кўплаб шеърларнинг лирик қаҳрамонлари Рауф
Парфининг исёнкор шоир эканидан далолат беради.
Абдулла Улуғовнинг ўзи ҳам бир ўринда “Туркистон ёди” шеъри ҳақида: “…
устоз Миртемирга бағишланган бу шеъри ўзининг мазмун-моҳияти ва жўшқин
исёнкорона руҳига кўра мустабид шўро замонида Ватан мавзусида битилган
энг баркамол, энг дадил шеърлар сирасига киради”, деб ёзадики, бу тўхтамлар
шоирнинг “ғазабланмайдиган”, “аразламайдиган” шахс ва ижодкор бўлмаганини
кўрсатади.
Янги фан доктори Юлдуз Каримованинг ғоят жозибали ва равон тилда битилган
“Бобур образининг лиро-эпик ва эпик талқини” монографиясида замонавий ўзбек
шеърияти, достончилиги, қисса ва романларида Бобур тимсоли талқинининг
тадрижи тадқиқ этилган. Китобда совет даврида ижодкорларнинг Бобур тўғрисидаги
битикларида бу шахсиятга хос барча хусусиятлар борасида чин гапни айтиш
имконияти бўлмагани таъкидланиб, Уйғун ва Абдулла Орифнинг эгаманликдан
олдин Бобурга бағишлаб ёзилган шеърларини ҳам ғоявий йўналиш, ҳам бадиият
нуқтаи назаридан тадқиқ қилади.
Юлдуз Каримова шоир Ойбекнинг тугалланмай қолган “Бобур” достонида буюк
шахс, шоҳ, саркарда, шоир тимсоли: “…тарки Ватан этиб ўзга юртларда тахт
топган, бировнинг юртини …обод этиб, ўз кўнгил уйини обод этолмаган, ўз кўнглини
тўлдиролмаган, бахт тополмаган Бобур Мирзонинг хотиралари кўзгунинг синиқ
парчаларидек тиғли. Улар уйғонганда, ҳаракатга келганда ҳатто эгасини ҳам
яралайди”ган даражада экани ҳаққоний тасвирланганини қайд этади.
Юлдуз Каримова Барот Бойқобиловнинг “Кун ва тун” достонида “…шоҳлик ва
шоирлик қисматини тенгсиз бир зарофат билан бирлаштира олган, бетакрор,
беназир шахсият соҳиби Бобур Мирзони кун – қуёш билан тенглаштир”илганини
таъкидлайди. Сирожиддин Саййиднинг “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур”
лирик достони ҳақида фикр юритар экан, унинг кўпчилик анъанавий достонлардан
фарқли ўлароқ яхлит сюжетга эга эмаслиги, аммо достоннинг бир бутун воқеабанд
асар каби таассурот уйғотадиган, ичдан пайвандлаб турадиган бир жиҳати шоир
Сирожиддин Саййиднинг эътиборини тортган юз лаҳза, юз ҳолат марказидаги
Бобур Мирзо сиймоси эканига эътибор қаратади.
Олима Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Авлоний сингари жадидларнинг бадиий ва
илмий асарларида Бобур тимсоли қандай ёритилгани борасида ҳам жуда асосли
фикрлар билдиради.
Олима ёзувчи Хайриддин Султоннинг Бобур Мирзо умрининг сўнгги йиллари
қаламга олинган “Саодат соҳили” қиссасидаги трагик моҳият асар бадиийлигини,
образ ҳаққонийлигини таъминлаган мақбул йўл бўлганини асар таҳлили орқали
ишонарли асослаган. Юлдуз Каримова қиссада “Афғон, Ҳинд ва Бангола
ўлкаларининг мутлақ ҳукмдори бўлиб тахт топган, аммо бир умр Ватан соғинчи,
юрт ҳасратининг зил-замбил юкини кўтариб ўтишга маҳкум Бобур Мирзо қисмати
унинг энг катта фожиаси” бўлганини ишонарли кўрсатиб беради.
Гулистонлик олим Абдунаби Тўйчиевнинг “Нурали Қобул насри поэтикаси”
монографияси сермаҳсул ёзувчининг қисса ва ҳикояларининг бадиий
хусусиятларини очишга бағишланган. Абдунаби адибнинг “Сангзор” қиссасини
таҳлил қиларкан асарга: “Энагага бағишланган қасидадир. Энасининг қаровида
ўсган болалар томонидан куйланган қўшиқдир. Боласини катта қилган, энди
унинг боласи учун куйинган оналарга бағишланган гўзал симфониядир”, дея баҳо
беради. Олим ёзувчининг барча қисса ва ҳикояларида илгари сурилган ва қайта
қайта уқтирилган асосий фикр, етакчи ғоя – эзгулик эканини битиклардаги майда
деталлар, тасвирдаги кўз илғамас ўзгачаликларга эътибор қилган ҳолда билдиради.
Монографияда Нурали Қобулнинг ҳикоя ва қиссалари Абдунабининг ҳеч кимникига
ўхшамаган усули асосида яхши таҳлил қилинган. Олим муайян образ моҳиятини
очишда нафақат бирор жумла, балки ҳар бир сўз, товуш, ҳатто, сукутнинг ҳам ўрни
борлигини билгичлик билан кўрсатиб беради.
Профессор Музаффар Маматқуловнинг “Сайёдийнинг “Тоҳир ва Зуҳро”
достонида фольклор анъаналари” монографиясида XVII–XVIII асрларда яшаб
ўтган Сайёдий отлиғ ижодкорнинг “Тоҳир ва Зуҳро” достони билан халқ орасида
кенг тарқалган “Тоҳир ва Зуҳра” эртаги ўртасидаги ўхшаш ва айирмали жиҳатлар
ўта синчковлик билан тадқиқ этилган. Олим достондаги ўзгачалик тўғрисида: “…
айёр кампирнинг сирдан хабардор бўлиши, Тоҳирнинг Худога қилган муножоти,
бекларнинг подшоҳга Тоҳирни ўлдирмаслик йўлидаги мурожаати, қизларнинг
макри каби воқеалар тасвири достонга ўзига хослик бағишлайди. Унинг оригинал,
таъсирли чиқишини таъминлайди”, деб ёзади.
Музаффар оғзаки ва ёзма достонларнинг бадиий жиҳатларини қиёслаб: “Оғзаки
адабиётдаги достонлар эркин қофияланиш ва банд тизимига эга бўлса, ёзма
адабиётдаги достонларда қатъий қофия тизими амал қилади”, деган хулосага
келади. Олим одатга кўра маснавийда ёзиладиган достонга кичик лирик жанр
намуналари киритилиши сабаблари ва булар берган натижалар хусусида ҳам
жўяли кузатишлар қилади. Олимнинг достонга киритилган мифологик тимсоллар
борасидаги кузатишлари ҳам эътиборни тортади. Мумтоз достондаги энг майда
жиҳатларга қадар синчиклаб текширган олим ҳажман унча катта бўлмаган достон
матнини изоҳлари билан китобга илова қилганда маъқул бўларди, деб ўйлайман.
Гулистонлик ёш олима Ижобат Саймуродованинг “Истиқлол даври ўзбек
насрида тасвир ва ифода услуби” китобида эгаманлик даври романчилигидаги
тасвирий хилма-хиллик ва услубдаги ўзгачалик қиёсий йўл билан ўрганилган.
Бу даврда миллат ижтимоий тафаккуридаги туб ўзгаришлар романчиликнинг
ифода йўсинида ҳам намоён бўлган эди. Китоб муаллифи романчиликда миллий
руҳ ифодасини беришда мазмун, шакл ва услуб уйғунлигининг ўрнига тўхталган.
Олима бугунги романларни англаб етиш учун миллий замин руҳидан узилмаган
ҳолда турли диний, фалсафий, руҳий талқин ва тасвир йўсинларидан хабардор
бўлиш кераклигига эътибор қаратади. Ижобат Саймуродова бадиий услубнинг ҳар
бир ижодкор шахси, характери, фикр-туйғулари асосида шаклланиши, у ёзувчининг
ўзини ифодалаш йўсини бўлиб, истеъдоднинг бетакрорлиги услубда намоён
экани ҳақида: “…услуб кишининг мулоқот жараёнида ўз фикр ва кечинмаларини
ифодалаш тарзи, уни тавсифловчи фаолият шаклидир”, деб ёзади.
Ижобат Саймуродованинг Исажон Султон “Генетик” романида микроскопик
ифода услубидан фойдаланиб, зоҳиран унча эътиборга лойиқ бўлмайдиган
майда нарса-ҳодисаларни худди микроскопда кўрсатаётгандай катталаштириб
тасвирлаш орқали салмоқли бадиий самарага эришганини таъкидлайди. Унинг
адабиётшуносликда қамрови ҳамда вазифа кўламига кўра услубни ўзаро фарқлаб:
а) давр услуби; б) адабий ҳаракат ёхуд йўналиш услуби; в) индивидуал услуб;
г) муайян асарнинг услуби тарзида тўрт гуруҳга тасниф қилиши борасидаги
қарашлари ҳам ҳақиқий ҳолатни акс эттиради.
Тадқиқотчи ўзбек романчилигининг ҳажм чегаралари сезиларли ўзгаришларга
учраётгани, бир томондан, залворли роман-эпопеялар яратилаётган бўлса,
иккинчи томондан тизимли равишда ҳажм ихчамлашиши юз бераётганини тўғри
қайд этади. У бу ҳолатни эгаманлик шароитидаги поэтик тафаккур қамрови
кенглиги ҳамда эстетик истеъмол эрки билан изоҳлайди. Шунингдек, бадиий
яратиқлардаги ихчамлашиш жараёнига жаҳон романчилиги тажрибаси ҳамда
миллий романчиликдаги янгиланишлар туртки бераётганини қайд этади.
Умуман, тушунарли ва равон тилда ёзилган монографияда бир қатор ўзбек
романларининг постмодерн йўналишга мансублиги борасидаги даъво асосли
эмас. Очун адабиётидаги барча ҳолатларнинг бизда ҳам бўлиши адабиётимизнинг
жаҳоний даражада эканини кўрсатмайди.
Ўтган йили адабиётшунослик йўналишида босилиб чиққан китобларда
амал қилинган умумий тамойил ҳақида ўйлаб, уларнинг ҳар бирида бир-бирига
ўхшамасликдан бошқа умумийлик кўзга ташланмаслигига таниш бўлдим.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 7-сон