
Дилбархон АҲМЕДОВА – 1979 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети
ва АҚШ Вашингтон университети магистратураларини тамомлаган. Республика
матбуотида мақолалари эълон қилинган. Муҳаммад Алининг “Абадий соғинчлар”
роман-хроникасини ва ўзбек темуршунос олимларининг Соҳибқиронга бағишланган
мақолаларидан ташкил топган “Амир Темур сабоқлари” китобини инглиз тилига
таржима қилган.
Вашингтон университети профессори, Ўзбекистон Миллий университети Фахрий
доктори Илза Лауде-Cиртаутас, ўзбекча айтганда “Илза опа” ёки “Илзахоним”,
дунё миқёсида туркология соҳасига улкан ҳисса қўшган олимадир. У АҚШдаги
нуфузли University of Indiana ҳамда University of Washington университетларида
Марказий Осиё туркий халқлари адабиёти, тили ва тарихи бўйича гуруҳлар очди,
ўзбек тили курсларини йўлга қўйди, ўқув қўлланмалари яратди, кўплаб семинар
ва анжуманлар ўтказди. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида, Марказий Осиё шўролар
мустамлакаси исканжасида бўлган бир пайтда, ғарб дунёси учун нотаниш макон
бўлиб турган мураккаб даврда, Илза опа бутун ғайратини қозоқ, қирғиз, ўзбек ва
бошқа туркий халқлар тиллари, маданияти ва адабиётини тарғиб этиш, ўқитишга
бағишлади. Олиманинг илмий фаолияти, жасорати ва фидойилиги бугунги кунда
ҳам АҚШ ва бошқа ғарб давлатларидаги туркология марказлари фаолиятида ўз
аксини топган, десак адашмаймиз.
Илза опа 1926 йилда Германиянинг Треубург шаҳрида дунёга келган. 1944 йили
ўша шаҳарда гимназияни тамомлаган. Олий таълимни Гамбург университетида
олган. У ерда таниқли олмониялик турколог олимлар Аннемарие вон Габаин
(1901–1993) ҳамда Бертолд Спулер (1911–1990)ларнинг шогирди бўлган. Мазкур
университетда, 1958 йилда, “Comparative Turkology” (қиёсий туркология)
йўналишида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Орадан бир йил ўтиб, 1959
йилда қиз фарзандли бўлган ва унга Ариста Мариа Cиртаутас исмини қўйишган.
Бироқ, ҳаёт Илза опа учун кутилмаган синовлар тайёрлаган. Унинг сўзларига
кўра, ёш турмуш ўртоғи тўсатдан вафот этган. Шунга қарамай, қатъиятли олима ўз
изланишларини тўхтатмаган.
У 1962 йилда АҚШнинг Техас штати, Даллас шаҳридаги Misericordia College
колледжида дарс бера бошлайди. У ерда америкалик талабаларга туркий тиллар
ва Марказий Осиё маданияти бўйича илк бор сабоқлар беради, бу эса унинг
келажакдаги фаолияти учун янги уфқларни очади. Уч йилдан сўнг, 1965 йилда,
University of Indianaга ишга таклиф этилади. Илза опа бу олий ўқув юртида
“Comparative Turkic Studies” (қиёсий туркология курслари) бўлимига асос солади
ва ўзбек, қозоқ ҳамда қирғиз тиллари бўйича ўқитиш курсларни йўлга қўяди. Ёзги
интенсив ўзбек тили курсларини олиб боради. Бу сабоқлар нафақат тил ўқитиш,
балки Марказий Осиё туркий халқларининг маданий, тарихий ва адабий меросини
америкалик талабаларга тарғиб этишнинг бошланғич ва муҳим қадамларидан
бўлди.
Илза опа 1968 йилда Сиэтл шаҳрида жойлашган University of Washingtonнинг
Department of Near Eastern Languages & Civilization (Яқин Шарқ тиллари ва
маданияти факулътети)га ишга таклиф этилади. Бир неча йиллардан сўнг,
меҳнаткаш олима 1984 йилда “Central Asian Studies Program” (Марказий Осиё
курслари дастури)ни ташкил этди. Дастур доирасида илмий анжуманлар, ўзбек
тили курслари, халқаро илмий ҳамкорлик ташаббуслари йўлга қўйилди. Бу саъй
ҳаракатлар яна бир бор Марказий Осиё туркий халқлар тиллари ва маданиятларининг
ўрганилишига имкониятлар очиб берди. Натижада қозоқ, қирғиз, уйғур, тожик
ва ўзбек тилларини ўқитиш бошланғич сабоқларини йўлга қўйди ва Марказий
Осиёдаги шўролар адабиёти бўйича бакалавр ва магистратура талабаларига махсус
курслар ташкил қилди. Мана шундай ташаббус АҚШ илмий доираларида долзарб
ва ажойиб янгилик бўлган, десак адашмаймиз, чунки бу пайтлар Марказий Осиё
туркий халқлари тиллари ва адабиёти ҳақида ғарбда деярли ҳеч ким билмас эди.
Ўз даврининг таниқли туркологларидан бири, дунёга машҳур олим, ҳамкасби,
таниқли турколог ва мўғулшунос Николас Поппе (1897–1991) олиманинг бу саъй
ҳаракатларини юқори баҳолаб, АҚШда туркология соҳасига қўшилган улкан хисса
эканлигига урғу берган эди.
Илза опанинг шахсан ўзи Марказий Осиё туркий халқлари маданияти, тарихи,
тилини АҚШда тарғиб этиш осон кечмаганини айтар эди: “Ҳаммаси бошидан
яратилиши керак эди, чунки, бу тиллар ҳақида инглиз тилида китоблар йўқ
эди”. Ҳақиқатан ҳам, профессор илмий ва педагогик фаолиятини деярли нолдан
бошлаган бўлса-да, машаққатли меҳнати орқали америкалик талабалар учун
янги имкониятлар эшигини очди. Бу тадбирлар америкалик ва марказий осиёлик
олимларни бир майдонда бирлаштириб, Марказий Осиё тарихи ва маданий
меросини чуқур таҳлил қилиш учун имконият яратди.
Илза опа ўзининг илмий фаолияти давомида ўзбек адабиёти намояндалари билан
яқин ҳамкорлик ўрнатди. Хусусан, University of Washingtonга ўзбек адабиётининг
таниқли вакиллари Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло (1921–2020), Ўзбекистон
халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров (1928–2010), Ўзбекистон халқ шоири Эркин
Воҳидов (1936–2016) ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али (1942) каби
ижодкорларни таклиф этди. Натижада, америкалик талабалар адиб Муҳаммад Али
томонидан ўн тўрт йил давомида (1992–2006), ҳар ёзда ўқитилган ўзбек тили ва
адабиёти бўйича курслардан баҳраманд бўлдилар. Адиб 1996 йилда қатағонлар
мавзусида махсус курс ўқиди, Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишлаб
“Амир Темур ойлиги”ни ўтказди. Унда Соҳибқирон фаолиятига оид қизиқарли
маърузалар тингланди. Маърузаларни ўзбекистонлик, америкалик, германиялик
олимлар ўқидилар. Бу учрашувлар АҚШ ва Ўзбекистон адабий ҳамжамияти
ўртасидаги илмий ва маданий алмашинувни янада ривожлантирди.
Олима 1987 йилда Department of Near Eastern Languages & Civilization
факулътети декани бўлиб тайинланди. У шу йили 1987 йили Марказий Осиё
олимлари ўртасида илмий ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида “Central Asian
Studies Group” (Марказий Осиё курслари гуруҳи)ни ташкил қилди. Бу форум
кейинчалик “Central and Inner Asian Studies Seminar” (Марказий ва узоқ Осиё
бўйича тадқиқотлар семинари) номи билан танилиб, Марказий Осиёнинг турли
йўналишлари бўйича илмий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ушбу
гуруҳ фаолияти орқали туркий ва мўғул тиллари ҳамда маданиятлари бўйича янги
тадқиқот йўналишлари очилди.
Бир йил ўтиб 1988 йилда, Илза опа йилда бир ўтказиладиган “Nicolas Poppe
Central and Inner Asian Studies Seminar” (Николас Поппе номидаги Марказий ва узоқ
Осиё тадқиқотлари бўйича симпозиуми)ни ташкил этди. Ушбу анжуман Марказий
Осиё бўйича изланишлар олиб борган етакчи олимлар ва ёш тадқиқотчилар учун
муҳим платформага айланди. Шунингдек, бу анжуман олимлар учун туркий
халқлар тарихи, адабиёти ва маданияти бўйича янги илмий қарашларни муҳокама
этиши, ўрганиши учун дарча очди.
Проффесорнинг ўзбек тили ва адабиётига оид тадқиқотлари ғарб илмий
доираларида ушбу соҳанинг кенг танилишига салмоқли таъсир кўрсатди. Унинг
илмий изланишлари нафақат тил ва адабиёт масалаларини ўз ичига олди, балки
ўзбек халқининг бой маданий меросини халқаро миқёсда тақдим қилишга хизмат
қилди. Олиманинг Modern Literary Uzbek: A Chrestomathy (Ҳозирги замон ўзбек
адабий тили хрестоматияси, 1980) асари ғарб олимлари учун ўзбек тили бўйича
муҳим манбалардан бирига айланди, десак адашмаймиз. Ушбу мажмуа ўзбек
адабий тилининг синтаксиси, грамматик хусусиятлари ва лексик таркибини
ўрганишда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади. Ўзбек адабиёти намуналари
билан бирга уларга кенг мазмунли қўшимча изоҳлар ҳам тақдим этган. Бу дарслик
ғарб университетларида ўзбек тилини ўрганиш бўйича дастлабки бошланғич
тил курсларида асосий дарслик сифатида фойдаланилади. Хрестоматияда турли
жанрлардаги ўзбек адабий матнлари жамланган. Булар орасида адибларнинг
болаликдаги хотиралари, эртаклар, ҳамда ҳикоялар мавжуд. Танланган матнлар
орқали талабалар ўзбек адабиётининг жанр хилма-хиллигини кўришлари,
ўрганишлари мумкин бўлади. Хрестоматияда ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик
вакиллари – Ойбек (1905–1968), Абдулла Қаҳҳор (1907–1968), Ғафур Ғулом
(1903–1966), Пиримқул Қодиров (1928–2010), Ҳамид Ғулом (1919–2005), Саид
Аҳмад (1920–2007), Саида Зуннунова (1926–1977), Миртемир (1910–1978), Ўлмас
Умарбеков (1934–1994) каби ёзувчилар асарларидан, халқ эртакларидан, “Алпомиш”
достонидан парчалар берилган. Бу маълумотлар америкалик талабаларга ўзбек
адабиётининг бадиий тараққиёти, кўлами ҳақида тасаввур беради.
Илза опанинг 1986 йилда чоп этилган “Märchen der Usbeken” (Ўзбек эртаклари)
китоби эса ўзбек халқ эртакларига бағишланган бўлиб, ғарбда халқ оғзаки ижодини
ўрганишга оид муҳим тадқиқотлардан бири ҳисобланади. Ушбу тўпламда ўн бешга
яқин ўзбек халқ эртакларини олмон тилига ўгириб жам этган олима уларнинг
семантик ва структуравий хусусиятларини таҳлил қилган. У эртакларнинг тарихий
илдизлари, ўзбек халқининг дунёқараши ва қадриятларини акс эттиришдаги
ўрни ҳақида пухта изоҳлар берган. Бу асар орқали ўзбек фольклори илк бор ғарб
тадқиқотчиларининг диққат марказига тушди, десак адашмаймиз. Бу мажмуа бир
неча бўлимдан иборат бўлиб, у ерда турли хил эртаклар жамланган ва таҳлил
қилинган. Асосий қисмини турли жанрлардаги ўзбек халқ эртаклари ташкил қилади.
Унда ҳайвонот олами ҳақидаги, сеҳр, маърифий ва саргузашт услубидаги эртаклар
ўрин олган. Ҳар бир эртак миллий анъаналар ва халқона тасвир воситалари орқали
ҳаётий тажриба ва маънавий қадриятларни акс эттиради. Масалан, ўзбек халқ
эртакларида меҳнат, оилавий қадриятлар ва жамоавий бирдамлик каби фазилатлар
устувор эканини кўрсатади. Эртакларда акс этган одил подшоҳ, донишманд қария,
мард йигит ёки маккор аёл образлари орқали ўзбек халқининг тарихий тажрибаси
ва ахлоқий қадриятлари ўқувчига етказилади. Тўпламдаги ўзбек халқ эртаклари
қозоқ, қирғиз, уйғур ва бошқа туркий халқларнинг эртаклари билан қиёсланади.
Ушбу ёндашув орқали туркий халқлар фольклорининг умумий илдизлари ва ўзбек
халқ эртакларининг ўзига хос хусусиятлари аниқланади.
Олима фақат ўзбек адабиёти ва фольклорини ўрганиш билан чекланиб қолмай,
Марказий Осиёнинг бошқа туркий халқларига оид тадқиқотларни ҳам қўллаб
қувватлади. У University of Washington қошида “Kazakh & Kirghiz Studies Bulletin va
Central and Inner Asian Dialogue” (Қозоқ ва қирғиз курслари ҳамда Марказий ва узоқ
Осиё диалоги) номли илмий журнал нашр эттирди, қозоқ ва қирғиз адабиётлари
бўйича тадқиқотларини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшди. Ушбу журнал
орқали марказий осиёшунослик бўйича олиб борилган тадқиқотлар халқаро илмий
жамоатчиликка етказилишига йўл очди.
Профессорнинг маданий дипломатиядаги саъй-ҳаракатлари ҳам таҳсинга
сазовор. Унинг ташаббуси билан 1972 йилда Сиэтл ва Тошкент шаҳарлари ўртасида
биродарлашган шаҳарлар Ассосиацияси ташкил этилди. Бу ташаббус АҚШ ва
Ўзбекистон ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни, дўстликни ривожлантиришда
муҳим қадам бўлди. Биродарлашган шаҳарлар дастури доирасида икки мамлакат
мутахассислари орасида маданий алмашинувлар, адабий тадбирлар ва турли
конференциялар ўтказилди. Тошкентлик ижодкорлар, ёзувчилар Сиэтлга ташриф
буюриб, ўзбек санъати ва адабиёти, маданияти бўйича маърузалар ўқишди. Ўз
навбатида, америкалик олимлар ҳам Тошкентга келиб, ўзбек тили ва маданияти
бўйича изланишлар олиб бордилар, алоқалар ўрнатдилар.
Илзахоним Сиртаутас ҳар йили ёки йил ора Ўзбекистонга ташриф буюрар,
бу ерда дўстлари кўп эди, Шукрулло, Озод Шарафиддинов, Кибриё Қаҳҳорова,
Олмосхоним, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад
Али сингари ижодкорлар билан ҳамсуҳбат бўлар, бир пиёла чой устида дўстларини
йиғиб ижод, адабиёт, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги маданий алоқалар ҳақида
мароқли гурунглар ўтказарди.
Илза апа 2019 йил 18 июль куни Сиэтлда вафот этди ва University of Washington
кампусига яқин жойлашган Calvary Cemetery қабристонига дафн этилди. Олима 88
ёшда эди. У нафақага 2015 йилда чиққан бўлса-да, умрининг сўнгги йилларигача
университетда илмий фаолиятдан бутунлай чекинмади, ўз шогирдлари ва
ҳамкасблари билан илмий суҳбатлар ва муҳокамаларда иштирок этди.
University of Washingtonда қирқ йилдан ортиқ вақт давомида туркий тиллар,
асосан, ўзбек тили ва адабиёти, Марказий Осиё халқлари маданияти тарихидан
дарс берган олима ўз ишига жуда садоқатли эди. Ҳамкасбларининг эслашича, у
University of Washington кампусида жойлашган Denny Hall биносидаги офисида
кун бўйи китобларга кўмилиб ўтирар ва ҳар бир дарсини катта иштиёқ билан ўтар
эди. Олиманинг шогирдлари уни нафақат фидокор турколог профессор, балки
жонкуяр ва талабчан мураббий сифатида ҳам эслашади. У талабаларининг ҳар
бирига индивидуал ёндашиб, уларнинг қизиқишларини рағбатлантирар, керакли
жойида койиб берар, илмий изланишларида маслаҳат ва йўналиш кўрсатарди.
Профессорнинг илмий мероси бугунги кунда ҳам Ўзбекистон ва Марказий
Осиё бўйича олиб борилаётган тадқиқотларда акс этмоқда. Олиманинг
шогирдлари – Алва Робинсон, Каган Арик, Жонатан Вашингтон ва Элмира
Кочумкуловалар томонидан 2023 йилда “De Gruyter” нашриётида чоп этилган
“Heritage and Identity in the Turkic World: Contemporary Scholarship in Memory of
Ilse Laude-Cirtautas (1926–2019)” номли мақолалар тўпламида унинг ҳаётлигида ва
бошчилигида шогирдлари томонидан ёзилган тадқиқот ва мақолалар жой олган.
Шунингдек, олиманинг дўстлари ва у билан иш олиб борган, Мари Ст. Гермаин,
Роза Отунбаева, Эркин Воҳидов ва Муҳаммад Али каби адибларнинг Илза опа
ҳақидаги хотиралари берилган.
University of Washingtonда профессор асос солган Central Asian Studies Program
бугунги кунда фаолиятини давом эттирмоқда. У Марказий Осиё халқларининг
тили, адабиёти ва тарихи бўйича илмий изланишлар олиб борадиган етакчи
марказга айланди. Олиманинг меросини абадийлаштириш мақсадида университет
томонидан унинг номи билан аталган махсус стипендиялар жорий этилди. Бу
стипендиялар Марказий Осиё тадқиқотлари билан шуғулланаётган талаба ва
тадқиқотчилар учун рағбат манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Шуни айтиш жоизки,
Илза опа ҳаёти давомида университет ривожи учун юз минг АҚШ долларидан
ортиқ хайрия қилиб қўшган.
University of Washingtonда 2017 йилда бўлиб ўтган Central Eurasian Studies
Society (Марказий Евроосиё илмий тадқиқотлари жамияти) 18-конференциясида
Илза опанинг фаолиятига бағишланган махсус давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда олиманинг шогирдлари, ҳамкасблари ва илмий издошлари унинг
Марказий Осиё туркий халқлари бўйича тадқиқотлари ривожига беқиёс ҳиссаси
ҳақида сўз юритишди. Жумладан, University of Indiana Марказий Евроосиё
тадқиқотлари кафедраси доценти, проффесор Марианне Кемп шундай деган эди:
“Мен профессор Сиртаутаснинг ғайрати, интилиши ва қатъиятига қойил қоламан.
У Сиэтл ва Тошкент ўртасида ўрнатилган маданий кўприк орқали бутун Марказий
Осиё тадқиқотлари учун янги саҳифа очди. У ўзининг илмий ҳаёти билан қандай
қилиб кенг ва узоқни ўйлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва келажак авлодларга
мустаҳкам пойдевор қолдириш мумкинлигини кўрсатди”.
Илза опанинг илмий фаолияти нафақат туркология, балки маданиятлараро
мулоқотни ривожлантириши тарих саҳифаларида муҳрланиб қолди. Унинг
меҳнатлари Марказий Осиё туркий халқларининг бой адабий ва маданий меросини
жаҳон илм-фанига танитмоқда. Бугунги кунда унинг изланишлари янги тадқиқотлар
учун хизмат қилмоқда.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон