Баҳодир ЖОВЛИЕВ – 2001 йилда туғилган. Қарши давлат университетининг
филология факультетини тамомлаган. Шеърлари республика матбуотида нашр
этилган.
* * *
Қайсидир манзилни соғинганим рост,
Қайсидир маконга юрагим ташна.
Сабрнинг косасин тўлдириб сув бер,
Ҳаллослаб ишқ дебон яшадим ошна.
Кўзимни тикаман охири йўқ чўл,
Ўртада бир дарахт туради якка.
Ахир бутун умр оғирлик қилар,
Фақат соғинч ичра яшаш юракка.
Бу қумлар оёғим хомталаш қилди,
Бу қуёш бошимга қилмади раҳм.
Мен Ҳақдан ўзгасин севганим учун,
На бир сурат қолди, на бир сийратим.
Йўлни яримлатмоқ, ғурурдан қайтмоқ,
Қирқига чидаган қирқ бири ҳам нақ.
Мени ҳам қайсидир шаҳар ичида,
Бир гўзал соғиниб яшайди илҳақ.
Онамга хат
Ё менга дуойинг ўтмади,
Ё мени қарғади ёмонлар.
Мен дайдиб юрибман қайдадир,
Онажон, тинчми сен томонлар.
Мен келган жойларда баҳор йўқ,
Анҳор йўқ, руҳимни ювишга.
Шайтон бор қўлимдан ушлаган,
Онажон, ёрдам бер қувишга.
Бир кенглик истайман, бир кенглик,
Югурсам товоним лов ёниб.
Дунёга боқишни хоҳлайман,
Онажон, тиззангдан уйғониб.
* * *
Мен кимгадир дил ёрмоғим шарт,
Тўлиб кетди ичимда оҳим.
Ва жим чўкиб турар юракда,
Зўрға ёнар умид чироғим.
Аста туннинг бағрида кездим,
Юлдузларга ўқидим ғазал.
Мен шундайин яшайман тунда,
Пешонамга ёзилган азал.
Йиғлаш керак, тўйиб йиғламоқ,
Юрагимдан чиқиб келар дард.
Эрта эмас, фақат шу онда,
Мен кимгадир дил ёрмоғим шарт!
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон