
Сайёра ЖАББОРЗОДА – 1972 йилда туғилган. Урганч Инновацион университети
филология факультети талабаси. Унинг “Қорачиғим тубида нур”, “Бир ҳовуч нур”,
“Гавҳарифшон” каби китоблар, “Қисмат тоши” романи муаллифи.
Дилбарни кўринг, қомати зебосига лойиқ,
Кўз ўйнатиши қош ила раъносига лойиқ.
Сумбул сочи нозик белига бўлиб паришон,
Зулфи гажаки наргизи ша(ҳ)лосига лойиқ.
Ҳазажи мусаммани аҳраби макфуфи маҳзуф вазнида битилган ушбу “Зебосига
лойиқ” номли 1960 йиллардан то 1990 йилларга қадар Ўзбекистон ойнаи жаҳони ва
радиоси эфирларида янграб турган.
Қадимдан тўйу томошаси лапарларсиз, шўх яллаларсиз ўтмайдиган Хоразм
диёрида бу ўйноқи оҳанг тўй ва тантаналарнинг олд қўшиқларидан саналган.
Бугун замон атамаси билан айтадиган бўлсак “хит” қўшиқ бўлган. Энг қизиғи,
элда бу қўшиқ ва унинг матни ҳақида мунозарабоп гаплар юради. Кимдир: “Бу
қўшиқни бир каттакон раҳбар ёзганмиш” деса, яна кимдир “йўқ бу қўшиқни
газетада ишлайдиган оддий шоир ёзган”, дейди. Хуллас, тахминлар турлича. Биз
эса Қодирий бобомизнинг “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир” деган ҳикматли
ўгитига амал қилиб, ҳақиқатни тарихий маълумотлардан излаймиз.
Хоразмнинг биринчи ҳокими Маркс Жуманиёзовнинг “Эсимда қолган онлар”
китобини кўп марта мутолаа қилганман. Китобда муаллиф, Ватан равнақи йўлида
қилган саъй-ҳаракатлари, ўзининг касби ва ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилар экан, бу
йўлда унга йўл-йўриқ кўрсатган, устозлик мақомига эга раҳбар ходимлар ҳақида
ҳам кўплаб маълумотлар бериб ўтган…
“Мадраҳим ака Раҳмоновни 1950 йилда Москвадан, партия мактабидан олдириб,
Искандаровнинг ўрнига сайлайдилар. Мадраҳим ака Раҳмонов 1938 йилдан кейин
маҳаллий кадрлардан қўйилган вилоят партия комитетининг биринчи котиби эди.
У киши журналист, шаҳар партия комитетида биринчи котиб, вилоят ижроқўми
раиси бўлиб ишлаган. Оқ-қорани таниган, кадрларни ҳамда маҳаллий аҳолинининг
феъл-атворини яхши биладиган одам эди”. (“Эсимда қолган онлар” 76 бет. С.Ж.)
Хўш, нафақат қишлоқ хўжалик соҳасида, балки раҳбарлик лавозимларида
ишлаб, яхшигина тажриба орттирган ўз ишининг устаси Маркс Жуманиёзов
ижобий эътироф этган раҳбар ким эди? Биз у ҳақда нималарни биламиз? Бугунги
авлод улар ҳақида маълумотга эгами?
1912 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида, ишчи оиласида дунёга келган
Мадраҳим Раҳмоновнинг болалиги жуда оғир кечган. – Бобом болалар уйида катта бўлган, – дейди Мадраҳим Раҳмоновнинг
невараси Олимбой Раҳмонов. – Ўқиш, ёзишни ўша ерда ўрганган. Ўзининг
гапириб беришича, мактабни аъло баҳоларга битирган. Зеҳни ўткир ва хотираси
ўта мустаҳкам эди. Қариган чоғларида ҳам биз неваралари билан бирга дарс
қилишни канда қилмас, уларнинг жамиятга фойдали инсон бўлиб етишишини
истарди. Чунки, ўзлари зиёли, мамлакат тараққиёти учун жонини тиккан фидойи
инсон бўлган.
Олимбой оға қўлимга тутқазган оилавий альбом ҳамда бир тўп газета ва
журналлар ичидан Мадраҳим Раҳмонов биогафиясига кўз югуртираман…
“Мадраҳим Раҳмонов 1912 йилда Хоразм вилоятининг, Урганч шаҳрида, батрак
оиласида дунёга келган. У 1924 йилдан 1927 йилгача болалар уйида тарбияланди.
1927–1930 йилларда Хива пахтачилик техникумида ўқиган. Ўқишни битказиб
1933 йилгача Урганч МТСида участка агрономи бўлиб ишлаган. 1934 йилдан Хоразм
область газетасида, аввал қишлоқ хўжалик бўлими мудири, сўнгра таҳририятнинг
маъсул котиби бўлиб ишлаган”.– Бобомнинг вилоят газетасида ишлаши тасодифий деб ўйламайман. Болалар
уйида тарбияланаётган чоғидан ўқитувчилари уни “шоир бола” деб алқашаркан.
“Болалар уйида ўтказилган байрам тадбирларида қатнашиш менинг жону
дилим эди. Янги қоралаган машқимни мактабдошларим олдида ўқиб бериш ва
устозларимизнинг мақтовларига сазовор бўлиш бола кўнглимга шодлик бахш
этса, янги орзу-мақсадлар сари ундаб, келажакка бўлган интилиш ва қатъиятимни
оширарди”, деб сўзлаб берардилар бизга. Айниқса, ғазаллари машҳур қўшиқларга
айланган, – дейди Олимбой Раҳмонов. – “Лойиқ” радифли ғазали ҳақида бирон эшитган, билганингиз борми сўрайман
ундан.– Ҳа, – кўзлари яшнаб кетади унинг. – Бу ғазалини 1959 йилда Ўзбекистон
компартияси биринчи котиби Шароф Рашидов ва бир гуруҳ ижодкорлар билан
самолётда Москвага бирга учаётганларида қоралаган экан. Ўшанда миллий
атлас кўйлак ва бошига дўппи кийган стюардесса қизларнинг шарқона одоби,
самимиятидан ҳайратланиб, шу ернинг ўзида чўнтагидан ручка олиб, оддий
қоғозга ёза бошлайдилар. Отамнинг берилиб қоғоз қоралаётганини кўрган ёнидаги
шериги ўғринча кўз югуртирсаки, шеър ёзаяптилар. Ичида қитмирлиги тутиб, у
ҳам қоғоз, қалам олиб, отамнинг қораламасини секин қиялаб, кўчира бошлайди
ва бироздан сўнг ўрнидан туриб кетади. Бир маҳал Шароф ака самолёт ичида
овоз чиқариб шеър ўқий бошлайди. Бобом диққат билан эшитиб кўрса, ўзининг
қораламаси… Фақат ғазал мақтаъаси ўқилмай қолгани боис бирон сўз ёки савол
беришга журъат қилолмай турсалар, Шароф Рашидов ёнидагилардан кимнинг
қаламига мансублигини суриштиради. Унга ҳозиргина, шу ернинг ўзида Мадраҳим
Раҳмонов ёзганлигини айтганларида, азбаройи ҳайратини яширолмай:– Мен ўтган асрларга оид шоирнинг ғазали деб ўйлагандим. Қўшиқ бўлгулик,
оҳангги ўзи билан дилбар ғазал битибсиз. Қойил қолдирдингиз, Мадраҳимжон! –
дейди олқишлаб. Мадраҳим Раҳмоновнинг “Лойиқ” радифли ғазалида лирик қаҳрамон шоирнинг
ўзи эканлигини ҳисобга олсак, хаёлдаги паризод билан, кўз олдида турган қизнинг
гўзаллигидаги уйғунликдан туғилган илҳом мавжини туямиз:
Қилганда табассум тўкилур тишларидан дур,
Бир тўпча гулу мақтаса лоласига лойиқ.
Хуснингни кўриб бўлди кўнгил шод ила ҳамдам,
Лутфи карами ошиғи ваъдасига лойиқ.
Шоир табассум қилиб турган гўзал қизнинг портретини чизар экан, унинг
лабларини лолага, тишларини дур-маржонларга ўхшатади.
Ўзбек адабий муҳитида салмоқли ўрин тутган атоқли адиб ва жамоат арбоби
Шароф Рашидовнинг ҳайрат қоришиқ башоратомуз сўзлари амалга ошиб, шоир
Мадраҳим Раҳмоновнинг “Лойиқ” ғазали хонандалар томонидан айтила бошлайди
ва элнинг маънавий мулкига айланади.
Ардаҳан (Туркия) университети, Гўзал санъатлар факультети, Турк тамал
мусиқаси бўлими доктори, профессор Ботир Матёқубов Хоразм рамзи саналган
“Лазги” рақси ҳақида ёзган монографиясида:
“…Лазгининг шу ўлмас намунасидан сўнг кўпчилик ижодкорлар бу асарнинг
янгиларини яратишга бел боғладилар. Булар: композитор Абдушариф Отажонов
томонидан Мадраҳим Раҳмонов сўзига басталанган ва Матёқуб Раҳимов бетакрор
ижро қилган “Дилбарни кўринг қомати зебосига лойиқ” радифли лазгидир” деб
алоҳида эътироф этиб ўтади.
Хоразм вилояти ижроия комитети раиси мақомида фаолият юритган Мадраҳим
Раҳмонов ўз замонасининг атоқли шоири деган эътирофга мутлақо муносиб
равишда яшаб ўтганини “Эсимда қолган онлар” китоби муаллифи Маркс
Жуманиёзов шундай далиллайди: “Мадраҳим Раҳмонов даврида Хоразмда
адабиёт, санъат ривожланган. Ўзи ҳам шеърлар ёзиб турарди, шеърлари ашула
қилиб айтиларди. У ижодни, санъатни севди. Ўша вақтларда Хоразм театри илғор
театрлардан бири сифатида танилди. Санъаткорлар Ҳожихон Болтаев, Комилжон
Отаниёзов, Назира Юсупова, Султонпошша Раҳимова донг таратди. Мадраҳим ака
ёзувчиларга, ижод аҳлига, санъаткорларга раҳнамолик қилди”.
Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Қуанишбой
Ўрозимбетов ва Қорақалпоғистон халқ шоираси Гулистон Матёқубоваларнинг
“Адабиёт – ҳақиқатнинг бадиий акси” суҳбат мақоласида шоира: “Адабиёт
маънавиятнинг ажралмас қисми, у инсонларни турли қабиҳ хатолардан, хиёнат
ва ёлғонлардан асраб туради. У шундай қудратли ва улуғвор кучки, ундаги
эзгулик, яхшилик, олижаноблик, меҳр-оқибат, самимий дўстлик сингари туйғулар
инсонни баркамоллик сари етаклайди”, дейди. Дарҳақиқат, ижод кишилари ўз
ортидан гўзал маънавий мулк билан бирга яхши хотира қолдирдилар. Айниқса,
адабиётга муҳаббатли кишилар қайси соҳада ишламасин, ҳамкасбларининг,
атрофдагиларнинг меҳрини, эътиборини қозонадилар. Улар замондошлари
қалбини адабиёт ва сўз билан забт этадилар. Чунки адабиёт кучи, СЎЗ кучи –
илоҳийдир!
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон.