
Мусфира МУНАВВАР – 1964 йилда туғилган. Ўзбекистон миллий университетининг
журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Нур қибласи”, “Ота уйи”,
“Бағримнинг эрк ери”, “Ҳур йўлчи”, “Ҳаёт ҳикматлари”, “Маънавий илдизлар” номли
китоблари нашр этилган.
Сен куюк бағримдан бошингни олгил
Рауф Парфи суратига чизгилар
1
Ўтдим ҳайратларнинг қабристонидан,
Сўзнинг ҳур нигоҳи ўлдирсин мени.
2
Эй, ёмғир! Ёғавер, минг йилдан сўнг ҳам,
Мен сенинг кўнглингда айтаман қўшиқ.
Эй, қуёш! Булутлар азобини ич,
Эй, шамол, кўзингдан сизган қонлардан,
ҳайратимнинг иси келгайдир!
Эй, осмон! Эй, она, эй, буюк алла,
Сен куюк бағримдан бошингни олгил!
Эй, тупроқ! Сен қонсан, буюк ҳикматсан,
Сенга сиғинаман, буюк устозим!
Эй, оҳанг! Эй, оҳанг, мен осилган дор,
Қаршингда турибман, якто, танҳо, лол.
Сенга қурбонликка сўзларни эмас,
Аввало ўзимни атадим.
Эй, умри нурларга туташ шеърият,
Қуёш топмадинг-а, кўзёшдан ортиқ?
Эй, ҳаёт, борсан-ку, борсан-ку сендан,
Таралиб тургайдир овозим!
3
Ай, Шеърият! Онажоним менинг,
якто мадорим.
Кароматлар қилдинг, кўр қилмадинг ҳеч.
Зўр билдингу, ғўр кўрмадинг ҳеч.
Ҳасратларда кечдим, оҳанглар тутдинг,
Титрадим, бағримнинг эрк ери бўлдинг.
Умримни илиндим, ўзимни бердинг,
Шодликларни сочдим йўлларингга, ол!
Топиндим тобора яқиндир бағринг.
Нурдан-да ёруғдир,
Оҳдан-да улуғ.
Нурдан-да улуғдир,
Оҳдан-да ёруғ.
Оҳдан-да улуғдир,
Нурдан-да ёруғ.
Шавкат Раҳмон
Шавкат Раҳмон деган олов шоирга
Ҳақиқат аталган олов дарахтнинг
Қайси япроғидан жой бердинг, Роббим?
Ё қўшиқ умрининг қуёшида у,
Энг ёрқин бир тола бўлиб титрайдир?
Ё синган кўнгилнинг синиқларини,
Юлдузлар қони-ла улаётирми?
Ёки ҳур кунларнинг ҳур нигоҳида,
Порлаб қуёш бўлиб куйлаётир у?
Ва ё малоиклар шоир қалбида,
Ёққан оловига ўзи ҳайратда.
Ёхуд кундузларнинг ишқида бедор,
Ёруғ андуҳини тарашлаётир?
Ё, дунё, ёлғончи йўлларинг аро,
Олов фарёд бўлиб йўлинг тўсган у?
Хиёнатга ботган тор дунёлардан
Ўзиб кетган руҳи Аршида ҳозир.
Шоирлар ўлмайди икки оламда,
Зулфиқор руҳ, жўмард тариқатида.
Разолат ва ҳақнинг қоқ ўртасида,
Илоҳий юрагин ёндираётир.
Дудуқ сукунатни бузар бир нола,
Дарёдил само-да илкис ситилар.
“Менга нондай зарур, қиличдай кескир,
Заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир”.
Осмонларни ёпиндим
Эй, сўзлари шаклга бўй бермаган қўшиғим,
Оҳларингдан тўкилган осмонларни ёпиндим.
Эй, оҳанги оламга бўй бермаган қўшиғим,
Изларингдан тўкилган замонларни ёпиндим.
Эй, қадами хаёлга бўй бермаган қўшиғим,
Кўнгил тубига чўккан армонингни ёпиндим.
Эй, йўллари шамолга никоҳ этилган қўшиқ,
Юрак уйида отган тонгларингни ёпиндим.
Ёнаётган сўз
1
Фарёдларинг руҳимда чатнар,
Ёзилмаган шеъримсан, Фуруғ.
2
Унинг кўзларига боқиб бўлмайди,
Унинг кўзларида аланга ичра
нидолар қони бор,
руҳ ёниши бор,
тўфон ҳайқириғи
қисмат таранглиги
кўнгилда яралган оҳ ва
ўлим ва ҳақиқат юзланиши бор.
Гарчанд
(у ҳам) ошиқ эди
тонг юлдузи,
саёқ булутларга,
ёмғирли кунларга,
ва ҳаётнинг ҳар бир нишонасига.
Сенинг учун янги руҳдир қор,
Фуруғ учун қор кафанликдир.
3
Фуруғ, Фуруғ гуллаган қайғу,
Кўнглим қонаб сўзланмаган сўз.
Оғир ботар ўзимга жоним,
Фуруғ шеърдир, ёнатган сўз.
Заҳар каби қисмат шаробин,
Шеър йўлида тонмай ичган ким?
Одам умрин яшамади у,
Шеър умрини яшайди сўнгсиз.
Менинг ожиз тасаввуримда
Фуруғ деразаларида янграр ёнаётган сўз:
“Энди
яқинроқ кел,
қулоғингни тут
ишқнинг изтиробли зарбаларига”.
Орзулар мозорига дўнган шаҳар ва
Юракда қонталаш, аччиқ афсона.
Буткул яйдоқ биёбонингда
Ҳаёт, сени сендан излаб
Ёнди у,
Ёнди у мисра-мисралаб…
Сўзга ташна қони
Томирига сиғмади, деди:
“Жимлик надир, надир эй, ягона ёр?
Айтилмаган сўздан ўзга надир у?”
Ҳаёт саҳнасида хокистар шоир
Қайғу гулига жон сувини тута –
Падарига соғинч мактубин ёзар:
“Шеър – менинг меҳробим, ота!”
Эй, севганим
Этагида асрларнинг ёғдулари,
ёғдуларнинг аввали бор,
охири йўқ,
нур бисотли,
олов сўзли
Эй, севганим!
Юрагида баҳор
ишва қилган гулим,
йўлларида тошлар куйлаб,
қорлар гуллаб,
боларилар болин йиғиб олганим-эй!
Тоғлар унинг этагида
болалаган,
фарёдларин гуллар каби саралаган,
тун бир меҳмон,
кун бир меҳмон,
ойу юлдуз юрагига мўралаган,
бўрисини болам деган,
илонини нолам деган,
олов ютиб, олов кечган
Эй, севганим!
Қалб уйида шам гуркираб,
шамолларни эркин севган,
қуёшни гул юзим деган,
ой ёқалаб
ниначига кўнгил берган,
дарахтларнинг юрагини ўқиб юрган,
қояларнинг киприк чангин енгда артган,
оҳуларга ёҳу деган,
майсаларнинг ташрифига эшик очган,
ёмғирларни қучиб олган,
тупроқ ишқин дил қасрига битиб турган,
самоларда гул саралаб, сараланган,
Эй, севганим!
Дарёларнинг нафасига дил тутганим,
қалдирғочнинг эрка руҳин таниганим,
оқ каптарни тушда ўпиб бахт топганим,
мусичага салом берган, алик олган,
оловларда гуллар экиб, гул олганим,
само ила дил боғлаб, руҳ гулин очган,
қанотли от қадамини соғинганим,
сўзларида эрк байроғи ёғдуланган,
этагида асрларнинг ёғдулари,
ёғдуларнинг аввали бор,
охири йўқ.
Эй, севганим!
Самоларга узатилган дил
Самоларга узатилган дил,
Қанотларинг билан сўзла, кел.
Кел, мунтазир қалбим яланғоч,
Сўзламасанг бўлмас энди, ел.
Тулпорларим ўйга толдилар,
Сўзла, майли, дарахт тилида.
Оловланган япроқларинг-ла
Чўкиб кетма хаёл тубига.
Руҳи очиқ осмон тип-тиниқ,
Кўзимдан-да қоп-қора танинг.
Кел баҳорий ёрқин қуёшинг
Ва аёвсиз қаҳратонинг-ла.
Парвозга шай қанотларингга,
Ҳайҳот, қуёш энтикиб қўнар.
Ёнаётган дарёлари-ла
Менинг сўзсиз севгим тиз чўкар.
Кел, юракнинг энг чуқур сирин
Ишғол этгил ибтидойинг-ла.
Ё сен сўзла одам тилида,
Ё мен сўзлай дарахт тилида.
Кел, мунтазир қалбим яланғоч.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон