
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. 1946
йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика
факультетини тамомлаган. “Бир заминда яшаймиз”,“Умидли дунё”, “Ёлғиз яшаб
бўлмайди”, “Умр – учар юлдуз”, “Торнинг чўмичдан фарқи”, “Сувора соғинчи”, “Қирқ
бешинчи бекат” “Ризқ дарахти”, “Тождор” ажал ҳамласи” каби публицистик тўпламлар муаллифи.
Бир даврада адабиётшунос: “Аҳмаджон ака Тошкент вилоятининг Бўка
туманида туғилган”, деб ҳаммани ишонтириб турган эди, бошқа бир киши
суҳбатга қўшилиб, менинг Бўкада эмас, Янгийўлда туғилганимни исботлай кетди.
Шогирдимларимдан бири ҳайрон бўлиб: “Ие, устоз, булар нималар дейишяпти,
сиз ахир Гулистонда туғилгансиз-ку”, деб қолди. Шогирдимнинг ўртоғи: “Домла
Гулистонда эмас, Оққўрғонда туғилганлар”, деб баҳсни баттар чувалаштирди.
Бу гапларнинг ҳаммаси рост. Ишонаверинг, шундай.
Мен қўшни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Олабуқа туманида,
Чотқол тоғ тизмаларига туташ тарихий Сафед Булон қишлоғида туғилганман.
Бу ердаги минг йиллик қабристон ҳурмати, қишлоғимиз номи “Мозор” дейилар,
ҳужжатларга шундай ёзиларди. Ҳозир ҳам қўшни қишлоқлик кексалар бизни
“мозорликлар” дейишади. Совет тузуми пайтлари қишлоқ номи Гулистон деб
ўзгартирилган. Олабуқа тумани қўшни туманга қўшилиб, қирғизчасига “Жаны
жол”, ўзбекчасига Янгийўл номини олди. Янгийўллик бўлганимнинг тарихи шу.
Тошкентга келиб ўқиб, ишга кираётганимда, ўша йилларнинг тамойилига кўра
таржимаи ҳолимни рус тилида: “Я, Мелибоев Ахмаджон, родился в 1946 году
в селе Гулистан Ала-Букинского района…” деб ёзганман. Кимдир “Ала” сўзига
эътибор бермай ўқигани учун бир муддат бўкаликка айландим.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўрта мактабни қўшни Оққўрғон қишлоғида
тамомлаганман. Шу ерда мухбирлик фаолиятим бошланган. Демак, янгийўллик,
бўкалик, гулистонлик ва яна оққўрғонлик дейишларида жон бор. Аммо бу ҳам
ҳаммаси эмас, ушбу китобчани диққат билан ўқиган киши менинг аслида
сариосиёлик эканлигимга ҳам ишонч ҳосил қилади.
Хуллас, туғилган жойим, юрган йўлларим, сафарларим, давраларда айтган
деганларим, тўқиган латифаларим, луқма-лутфларим хусусида кўп гаплар
юради. Улар оғиздан-оғизга ўтар экан, гоҳ бўртиб-кучайиб, гоҳ айтувчиларнинг
“маҳорати” боис пасайиб-пучайиб кетади. Бунисига чидаш мумкин, аммо
айрим айтимларим, яъни оғзаки ижод намуналарим бошқаларнинг номига
расмийлашаётганига тоқат қилиб бўлмайди. “Ҳой, тўхтанглар, муаллифлик
ҳуқуқини бузманглар” дейдиган одам йўқ. Жим тураверсам, йиллар ўтиб, ўзим
тўқиган ҳангомаларни ўзимга айтиб беришса, ҳурматлари учун, ҳеч бўлмаса,
мийиғимда кулишимга тўғри келади.
Шундай экан, ҳаммасини қўшмай, кўпиртирмай ўзим бир бошдан айтиб
берганим маъқул. Марҳамат.
Фамилиям бир зум “Ажданин” бўлгани
Оққўрғондаги мактабнинг тўққизинчи синфини битираётганимда мени ёш
мухбирларнинг вилоят йиғинига таклиф қилишди. 160 километр йўл босиб, қош
қорая бошлаганда Ўшга етиб келдим, шаҳар ўртасидаги бозор ичида жойлашган
меҳмонхонага жойлашдим. Бир хонада тўрт кишимиз: иккита бозорчи йигит,
битта рустабиат одам ва мен. Ҳали паспорт олмаганим учун меҳмонхона бекасига
туғилганим тўғрисидаги метрикани топширдим. Тўрт киши у ёқ-бу ёқдан бироз
гаплашиб ўтирдик ва уйқуга ётдик.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, кўчада шовқин-сўрон кўтарилди. Кимдир қочди,
кимдир қувди. Мелисанинг ҳуштаги ва “Тўхта” деган овоз эшитилди. Ҳаммамиз
нима бўлаётганини тушунмай уйғондик.
Меҳмонхона ичи ғала-ғовур бўлиб кетди. Хонамизнинг эшиги шарақлаб очилиб,
чироқ ёнди. Барваста иккита мелиса навбатчи аёл билан кириб келишди. Исм
фамилиямизни сўраб, беканинг қўлидаги ҳужжатга солиштира бошлашди.
Андижондан бозорга қуруқ мева сотгани келган йигитлар осонгина қутулишди.
Рустабиат киши қандайдир экспедицияда ишлар экан, унга ҳам бир нима дейишмади.
Навбат менга келди. Мелисалардан бири қўлидаги метрикага қараб, “Ажданин”
деди. Тўрт киши жим турибмиз. У овозини баландлатиб, “Нима, қулоғинг карми,
Ажданин деяпман, “мен” демайсанми”, дея менга қараб ўшқирди. Ҳеч нарсага
тушунмай титраб турибман.
Ходима менинг ёнимни олмоқчи бўлиб: “Ҳой бола, фамилиянг Ажданинми,
нега уйқусирайсан?” деди. Шундагина ўзимга келдим ва: “Фамилиям Ажданин
эмас, Мелибоев”, дедим.
Мелисалардан бири бошлиқ экан шекилли, худди хавфли жиноятчини қўлга
туширгандай хурсанд бўлиб кетди. Бекани фамилиямни қайд дафтарига нотўғри
ёзганликда айблади. Сўнг менга ўгирилиб:
− Ҳой бола, Маллабоев қаердан келиб қолди, мана бу ҳужжатда Ажданин деб
ёзилган-ку? Нега бизни чалғитаяпсан? – деди.
Бошлиқ шундай деб, қўлимга метрикамни берди. Ўқиб қарасам, чиндан ҳам
фамилиям “Ажданин” деб ёзилган. Ҳужжат бировники эмас, меники…
Хайрият, бироздан кейин бу ғаройиб муаммо ўз-ўзидан ечилди ва биз – тўртовлон
кула-кула ўрнимизга ётдик.
1946 йилнинг март ойида туғилганман. Раҳматли дадам қўшни қишлоқдаги
“селсовет” га бориб, менга метрика олганлар. Ўшанда Эшонхон исмли ёш котиб
метриканинг биринчи қаторидаги “Гражданин” сўзининг “Гр………….” деган
қисқартма шаклини сиёҳли ручкада “Ажданин” деб ёзиб тўлдирган, “Мелибоев”ни
иккинчи қаторга тушириб қўйган экан…
Эртасига эрталаб меҳмонхонадан чиқаётганимда бека: “Ўртоқ Ажданин, яхши
бор, яна келиб тур”, деб мен билан кула-кула хайрлашди.
Хваннинг ўғли Чван бўлганим
Тошкентга келиб, беш йил университетда ўқидим, ёшлар газетасида беш йил
ишладим. Оилам билан роса ўн йил ижара уйларда яшадик, иккита фарзандли
бўлдик. 1986 йили ўша йиллари “Фрунзе савдо маркази” деб номланган магазиннинг
қаршисида жойлашган бинодан уч хонали уй беришди.
Мендан аввал бу уйда “Шарқ” нашриётининг Хван фамилияли бош инженери
оиласи билан яшаган экан. У пайтлари шаҳар телефонига эга бўлиш учун йиллаб
навбатда туриш керак эди. Уй эгаси бошқа уйга кўчиб кетар экан, телефон
аппаратини менга қолдириб: “Пулини вақтида тўлаб тур, телефонни ўзингнинг
номингга ўтказгунингча, квитанцияга менинг номимни ёзавер. Билиб қолишса,
навбатда турган ветеранларига берворишади”, деб қаттиқ тайинлади.
Шундай қилдим ҳам. Орадан ярим йилча ўтди. Телефонга пул тўлаш ёдимдан
кўтарилибди. Бир куни эрталаб ишга шошилаётган эдим, тўйқус қўнғироқ бўлиб
қолди. “Алло” деган эдим, у ёқдан эркак кишининг: “Здравствуйте”, деган овози
келди. Мен ҳам “Здравствуйте”, дедим. Суҳбат бошланди.
− Эта квартира Хвана?
Ҳушёр тортдим. Демак, текширишяпти. Дарҳол жавоб қилдим:
− Да, эта квартира Хвана.
– Кто это говорит?
Ўзимни йўқотмай жарангдор овозда бу саволга ҳам жавоб бердим:
− Его сын Чван.
У томон ҳам бўш келмади. Кутилмаганда ўзбекчалаб: “Чванжон ака, ой тугади,
телефоннинг пулини тўлаб қўйинг. Арзимаган пул. Узиб қўйсак анча овора
бўласиз”, деса бўладими. Хурсанд бўлганимдан корейслигимни унутиб: “Хўб
бўлади, ҳозироқ тўлайман”, деворибман.
Трубкадан шунақа кулги эшитилдики…
Муддати ўтган гувоҳнома билан дунё кезганим
Ёшлар нашриётида ишлаб юрган кезларим эди. Йил бошида қоғоз тақчиллиги
юз берди. Квартал режаси бажарилмаса бутун жамоа мукофот пулидан қолади.
Директоримиз Абдулазал Ваҳобов мажлис қилиб: “Бир киши зудлик билан йўлга
чиқиши керак. Москва орқали Архангельскка учиб, у ердан Котласдаги қоғоз
комбинатига боради. Нима қилиб бўлса-да, бизга ажратилган тўрт вагон қоғозни
жўнатади. Хўш, ким боради?” деди.
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Телевидение орқали сиёсий шарҳловчи сифатида
ҳаммага танилганман, ўзимни яна бир кўрсатиб қўяй дедимми, ўрнимдан даст
туриб, “Мен бораман”, девордим.
Хуллас, орадан уч-тўрт кун ўтиб, декабрь ойининг айни совуқ кунлари
йўлга тушдим. Ёнимда комсомол марказқўмидан берилган, муқовасига
“ Ц е н т р а л ь н и й Ко м и т е т “ Ц К ЛКСМ Узбекистана”, деб ёзиб қўйилган
қип-қизил гувоҳнома. Ичида фамилиям ва лавозимим: “Заместитель главного
редактора”. У пайтлари бундай гувоҳнома билан анча-мунча ишларни бемалол
бажарса бўларди.
Хуллас, эрта тонгда Москвага учдим. “Орлёнок” меҳмонхонасига бордим. Жой
йўқ. Киравериш эшигида “Жой йўқ” деган ёзув турибди. Гувоҳномани қўлимга олиб,
ичкарига дадил кирдим. Маъмурларга кўрсатган эдим, дарҳол жойлаштиришди.
Керакли кишиларга учраганимдан кейин самолётда Архангельскка учдим. Вилоят
раҳбари уруш қатнашчиси, ўта жаҳлдор, бунинг устига роса сўконғич киши экан,
ёрдамчилари мени қабулхонадан нарига ўтказишмади. Гувоҳномам иш берди. Уни
кўришлари билан раҳбарга “Тошкентдан бир расмий киши келибди, зарур иши
бор экан”, деб айтишди чоғи, очиқ эшикдан: “Бизда нима иши бор экан, шу етмай
турувди ўзи, э, фалон-писмадон, қани кирсинчи?” деган жаҳлдор овозни эшитиб,
шахд билан ичкарига кирдим.
Ишим битди. Раҳбар Котласдаги қоғоз комбинати директорига телефон қилиб,
тўрт вагон қоғозни шу бугуноқ юклаб жўнатиш топшириғини берди.
Котласдан ихчам “ЯК” самолётида Москвага қайтдим. Икки кундан кейин
Домодедово аэропортига келдим. Тошкентга билет йўқ дейишди. Шартта қизил
гувоҳномамни кўрсатдим. Билет топилди. Учдик. Тошкентга яқинлашганимизда
мен билан бир қаторда ёнма-ён ўтирган йигит, у мен қандай қилиб билет олганимни
кўрган экан шекилли, “Ака, қизил гувоҳномангизни бир кўрсам бўладими, жуда
ҳавасим келди-да”, деб қолди.
Гувоҳномани ёнимдан чиқариб, қўлига тутқаздим. У аввал муқовадаги сўзларни
ўқиди, сўнг ичини очиб, қаерда ишлашимни билди ва кутилмаганда: “Ака, зўр
ҳужжат экан, аммо муддати тугаганига бир йилдан ошибди”, деди. Бундан бехабар
самолёт эса манзил томон учишда давом этарди…
Неъмат Аминов ҳажвчиликни менга топширгани
1989 йил. Собиқ тузумнинг умри тугаётган алғов-далғов кунлар. “Ўзбекистон
адабиёти ва санъати” газетасида бири иккинчисидан, иккинчиси учинчисидан
муҳим “бомба” материаллар эълон қиламиз. Газета адади ҳафта сайин ошиб боради.
Цензура мақолаларни аёвсиз қайчилайди, ярим кечагача тортишамиз, ўртамизда
аччиқ-чучук гаплар ҳам бўлади. Фақат биз эмас, ёшлар газетаси, “Шарқ юлдузи”,
“Звезда Востока”, “Муштум” журналларида ҳам шу аҳвол.
Бир куни “партия белгилаб берган йўл”дан чалғиб, ўзбошимчалик қилаётган
муҳаррирларни марказқўмга (ўша йилларнинг энг нуфузли идораси) чақириб,
жиддий танбеҳ беришди, ҳаммамизни сиёсий ҳушёрликка чақиришди, айримлар
сўнгги марта огоҳлантирилди, кейин ҳар биримизга сўз бериб, фикримизни
эшитмоқчи бўлишди.
Муҳаррирлар бирин-кетин ўринларидан туриб, цензорлар таҳририят ишига
ноўрин аралашаётганини айтиб, “Мақолалар қисқариб, чўлтоқ бўлиб қолмоқда”,
дейишди. Бундай мажлисларда цензура масаласини доимо кўтарадиган газета
муҳаррири, яъни мен гапиришдан фойда йўқлигини билиб, жим ўтирдим. Бир пайт
мажлис раиси – марказқўмнинг янги мафкура котиби менга юзланиб, “Цензура
билан ҳар ҳафта жанжаллашадиган жаноб Мелибоев нега жим ўтирибди, қани
туринг-чи, сизда нима фикр бор?” деб қолди киноя билан.
Аста ўрнимдан турдим. Ҳамма жиддий бир гап айтишимни кутиб турибди.
Цензорлар бир ойча олдин Навоий–30дан Матбуотчилар кўчасидаги газета
корпусига кўчиб ўтишган, хоналари адабиёт газетаси бош муҳаррирининг хонаси
билан бир девор бўлиб қолганди. Янги қўшнининг бир жиҳати – узун коридорнинг
ҳамма эшиклари чапдан ўнгга очилса, уларники ўнгдан чапга очилар, чироқ ўчган
пайтда беихтиёр бошни уриб олиш ҳам мумкин эди. Гапни шундан бошладим:
− Ўхшатмагунча учратмас дейдилар. Яқинда ғаройиб бир янгилик бўлди.
Цензура билан бир девор қўшни бўлиб қолдик. Талашмай-тортишмай ишлаб
кетишдан умид қилиб турибмиз. Аммо… бир нарса ишимизга жуда халақит беряпти
да. Қўшниларнинг эшиги тескари томонга очилади. Ҳайҳотдай эшик, очилганда
коридорнинг ярми тўсилиб қолади. У ёққа ўтсанг ҳам, бу ёққа ўтсанг ҳам пешонанг
цензуранинг эшигига урилади. Шу масалада…
Тагдор юморни тушунмаган раҳбарлардан бири шартта ўрнидан туриб, сўзимни
бўлди:
− Ўртоқ Мелибоев, шу муаммо марказқўмда айтиладиган муаммоми? Дурадгорга
айтилса, беш минутда ўнглаб беради. Уят-е…
Мажлис тугаб ташқарига чиққанимизда устоз Неъмат ака қўлимни қисиб:
− Аҳмаджон, бугундан бошлаб ҳажвчиликни сизга топширдим, яшанг, – дедилар.
Бир сирни очиб қўйиб, қувғин бўлганим
Адабиёт газетасида ишлаб юрган кезларим ҳуқуқшунос дўстим мени Яккабоққа
таклиф қилди. Шанба куни тонгда енгил машинада йўлга тушдик. Ўқилган, тўқилган
ҳангомалардан гапириб кетяпмиз. Булунғурга етганимизда дўстим: “Самарқандда
тўхтаймиз, амакимнинг ҳовлиси бор, бироз дам олмасак чарчаб қоламиз”, деб
қолди. Хўб дедим.
Тўхтадик. Шаҳарнинг қайсидир чеккаси. Чоққина ҳовли. Ўртада икки қаватли
ёғоч “беседка”. Тепага кўтарилдик. Норғул бир киши лўлаболишни ўмровига
тортиб, ёнбошлаб ётган экан, бизни кўриб, ўрнидан қўзғалди. Саломлашдик.
Менга жиддий тикилиб, “Йигитча, қаерликсиз, Тошкентда нима иш қиласиз?” деб
сўради. – “Водийданман”, дедим. Суҳбатимиз аввалига қовушмайроқ турди. Мезбон
гоҳ-гоҳ менга қараб-қараб қўяди. Нимагалигини билмайман. Ўнғайсиз бир ҳолат.
Ўртадаги пардани кўтариш учун қизиқ-қизиқ гаплардан оламан. Фойдаси йўқ.
Шу алпозда пастдан катта сопол лаганда зиғирёғли паловни узатгунларигача
ўтирдик. Раҳматли акам Умархон ҳофиз қишлоқда далага зиғир экиб, меҳмонларга
ош қилиб беришни ёқтирардилар. Лаганни ўртага қўйдик. Зиғирнинг ёқимли ҳиди
димоқни қитиқлайди.
Мезбон менга маъноли қараб, “Зиғир ёғли ош еганмисиз?” деди. Худди шу гапни
кутиб тургандай, “Ҳа, еганман”, дедим-да, гумбаздай қилиб сузилган паловнинг
тепасини қошиқда ўйиб, чуқурча ҳосил қилдим ва қозоннинг тагидан чиққан
ёғнинг бир қисмини аста қуйдим. Бу ишим билан мезбонни тамомила ўйлантириб
қўйганимни ўзим билмаганман ўшанда.
Ҳай, ошни паққос туширдик. Ёғсочиққа қўлни артдик. Мезбон ҳамон менга гоҳ
ошкора, гоҳ ўғринча қараб қўяди. “Ош ёқдими?” деб сўради. “Зўр, янги келинчак
куёвболага тайёрлайдиган ошдай бўлибди, маза қилдим”, дедим.
Мезбоннинг ранги қув оқарди, куёвига қараб, “Ҳа, ярамас, сотибсан-да, сенга
ўзи бир гапни айтиб бўлмайди, омин, боринглар, йўлдан қолманглар, ҳе ўша…”, деб
бизларни қувиб солди.
Машинага ўтирдик. Дўстим хафа бўлиш ўрнига нуқул кулади. Сабабини
сўрасам, амаки қашқадарёдаги хотини билан аразлашиб қолиб, бу ердан чоққина
ҳовлича сотиб олган ва ёш жувонга уйланиб, келин-куёв хуфёна шакаргуфторлик
қилишаётган экан…
Францияга адашиб бориб қолганим
Бундан анча йиллар аввал бир даврада: “Францияга биринчи марта… адашиб
бориб қолганман”, деган эдим, бу гапимга ҳеч ким ишонмай, ҳазилга йўйишди.
Аслида, бу гапда ҳеч қанақа ҳазил йўқ эди…
1989 йили машҳур “Баҳор” рақс ансамбли санъаткорлари Бельгия ва
Люксембургда салкам бир ой гастроль сафарида бўлиб, раққосаларимиз
европаликларга ўзбек миллий мусиқа ва рақс санъатининг энг яхши намуналарини
намойиш қилишди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири
сифатида мен ҳам шу сафарда иштирок этганман.
Концертлар Бельгиянинг Брюссел, Антверпен, Кортрейк, Гент, Брюгге каби
қадимий шаҳарларида бўлди. Концерт аввалида мен ўзбек рақс санъати, қуёшли
Ўзбекистон, унинг болажон халқи, далаларимизда етиштирилаётган миллион
миллион тонна “оқ олтин” ҳақида уч-тўрт дақиқалик маъруза қиламан ва сўзимни:
“Ҳозир буларнинг ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўрасиз, юракдан ҳис этасиз”, деб
тугатаман. Концертлардан бирида уруш йиллари асирликка тушиб, Бельгиядаги
шахталарга олиб келинган ва шу ерда муқим қолиб кетган қашқадарёлик Ботир
Абдураҳмоновни учратганман.
Орадан ўн кун ўтгач, концертларни давом эттириш учун автобусда қўшни
Люксембург томон йўл олдик. Эҳ, ўзиям йўлмисан йўл экан-да, бу жойларнинг
йўллари. Текис ва тоза. Йўлнинг икки тарафи атайлаб безатиб қўйилган саҳна
декорациясига ўхшайди. Дарахтларнинг барглари минг тусда товланади.
Йўлнинг ярмига етганимизда ҳайдовчи кутилмаганда автобусни четга олиб,
тўхтатди. Юзи бироз ташвишли. Телефонда ким биландир узоқ гаплашди, кейин
йўл назорати ходими етиб келиб, унга бир нималарни эринмай тушунтирди.
Маълум бўлишича, италиялик ёш ҳайдовчи йўл рақамини адаштириб, Франция
ҳудудига кириб кетибди. Хато қилганини чегарадан ўтганидан кейин билибди.
Ана холос, биз Франциядамиз. Ҳамма хурсанд. Йўл назорати ходими машинасида
бизни Бельгия ҳудудига ўтказиб қўйди. Бунгача автобусдан тушмай туриб ҳам,
мамлакатнинг кўп жойини томоша қилиб олдик. Бир жойда тўхтаб, суратга ҳам
тушдик.
Руминияга рухсатсиз кирганим
Гап очилиб қолди, бунисини ҳам айтиб берай. 1988 йили Одесса вилоятида
хизмат сафарида бўлиб, Москвадан берилган ҳужжат билан шаҳар ва туман
газеталари фаолиятини ўрганганман. Украинлар худди ўзимиздай содда, самимий,
суҳбатга тез киришадиган, меҳмондорчиликни ўрнига қўядиган халқ экан, бир
икки кундаёқ апоқ-чапоқ бўлиб кетдик.
Бир якшанба куни катерда Днестр дарёсида сайр қилдик, собиқ иттифоқда
машҳур балиқчилик хўжалиги фаолияти билан танишдим. Дастурхонга “Тройное
ухо” шўрваси тортилди. Эҳ, унинг мазаси…
Кейин катерга ўтириб, Руминия чегарасигача бордик. Дарёнинг ўртасидаги
қизил пўкаклар икки давлатни бир-биридан ажратиб турибди. Шу ерда икки томон
чегарачилари бир-бирларига совға-салом беришди. Руминиялик чегарачилар рус
ароғидан мамнун бўлишди, уларнинг гулдор пакетдаги совғаси… резина сақич
бўлиб, у пайтлари бундай совғани фақат хорижда кўриш мумкин эди. Одессалик
ҳамроҳим мени ўзбекистонлик деб таништирган эди, махсус катерларида иккимизни
Днестрнинг Руминияга тегишли қирғоғигача олиб боришди. Европанинг яна бир
мамлакатида ҳам бўлдим десам бўлади.
Катердаги кичик телевизорда қандайдир кўрсатув бошланган эди, чегарачилар
дарҳол тўхтаб, уни жуда жиддий томоша қила бошлашди. Ўша куни Руминия
раҳбари Никола Чаушеску яшаш жойини ўзгартириб, бир уйдан иккинчи уйга
кўчаётган экан. Экранга яқинроқ келиб, бир даста китобларни қучоқлаб бораётган,
кўчирувчиларга ёрдамлашаётган Чаушескуни кўрдим.
Орадан бир неча йил ўтгач, исёнчилар эр-хотин Чаушескуларни дунё кўз ўнгида
отиб ташлашди…
Булутнинг устига пиёда юриб чиққаним…
Бу гапнинг ҳам мутлақо ёлғони йўқ.
Журналистика факультетида ўқиб юрган вақтимдаги воқеа. Бир баҳорда
курсдошим Раҳматилла Шералиев билан Бурчмуллага сафар қилдик. Тоғ этагида
қариндошларининг ҳовлиси бор экан, шу ерда меҳмон бўлдик. Кейин… баланд
чўққига чиқмоқчи бўлиб, тоғ томонга қараб юрдик.
Аста кўтарилиб бораяпмиз. Ҳаво илиқ. Шабада ёқимли. Булутлар савалган
пахтадай тўзғиб кетган. Тоғ гиёҳларининг ҳиди димоққа урилади. Ер кўпчий
бошлаган. Аҳён-аҳёнда энди-энди кўз очаётган бойчечакка дуч келамиз. Кейин…
Кейин нима бўлганини айтиш қийин. Дунёни сув босгандай, океан сувлари биз
томонларга бостириб келгандай бўлди. Ҳаммаёқ – еру осмон оппоқ. Сувми, бошқа
нарсами – билиб бўлмайди. Иккимизни қўрқув босди. Негаки, йўлни йўқотдик.
Қайси томондан келдик, қаёққа қараб пастлашимиз керак – билмаймиз. Кун қайтиб,
атроф қоронғилаша бошлади. Совуқдан дилдирашга тушдик. Нима қилиш керак?
Қўлимизда бир қулочли таёқдан бошқа нарса йўқ.
Раҳматилла бир сўқмоқни кўрсатиб, шу томондан пастга тушамиз, деди. Пастлай
бошладик. Қиялик жойга келганда, сал қолди беихтиёр югуриб кетишимизга.
Тоғдан тушаётганда эҳтиёт бўлиш керак, деган гапни кўп эшитганман. Шу боис,
бир-биримизга қўл узатиб, пастлай бошладик. Бир маҳал денг…
Ёпирай, ҳаммаёқни бирдай қоплаган оқ парда кўтарилиб, катта театрнинг
ҳайҳотдай саҳнаси очилгандай, ҳамма нарса – пастликдаги қишлоқ, йўллар, далалар,
уй-жойлар, яйловлар, баланд тераклар кўриниб кетди. Тип-тиниқ қўриниш. Билсак,
биз чўққи сари баландлаган пайтда, булутлар пастлаб, унинг тепасида қолиб кетган
эканмиз.
Чет элда қимор ўйнаганим
1983 йили биринчи марта чет мамлакатга чиққанман.
Болалар ёзувчиси Латиф Маҳмудов иккимиз ҳозирги Чехия пойтахти Прагадаги
“Албатрос” нашриётида ўзбек болалар адабиёти кўргазмасини ўтказганмиз.
Тошкентдаги “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида чоп этилган
китоблардан юзга яқинини олиб борган эдик, чехиялик ноширларни ҳайратга
солмасак-да, Ўзбекистонда болаларнинг кўплигига қизиқиш уйғота олдик.
Латиф ака ўзбек болалар ёзувчилари, уларнинг сара асарлари ҳақида кўргазма
иштирокчиларига сўзлаб берди.
Бир ҳафта давомида шаҳарни хўб айландик. Карлов Вари санаториясини бориб
кўрдик. Шиша заводида Леонид Брежневнинг 75 йиллигига махсус тайёрланган
сирли рюмкаларнинг ноёб нусхаларини кўрдик. Ер қаъридан гумбурлаб отилиб
чиқаётган шифобахш сувдан тўйиб ичдик. Уйга қайтишимизга бир кун қолганда
магазинга кириб, қолган-қутган пулларимизга ул-бул харид қилдик.
Ташқарига чиқдик. Магазинга кираверишда одамлар уймалашиб, янги урф
бўлаётган “спринт” лотереясини сотиб олишаётган экан. Даъватчи йигитлар:
“Омадингизни синаб кўринг, катта ютуққа эга бўлишингиз мумкин”, деб ўтган
кетганни қизиқтириб турибди. Ўн кронни эсдаликка сақлаб қўйган эдим, Латиф
акага кўрсатмай, таваккал, иккита билет сотиб олдим. Биринчисини очдим. Ҳеч
нарса йўқ. “Ҳа, ярамас капиталистлар, боплаб алдашади, дедим-да, иккинчисини
очдим. 500 крон ютуқ! Ҳозиргина ичимда айтган ярамас гапимни қайтариб олиб,
магазинга шув кириб, ўзимга костюм-шим, хотинга пальто, болаларга уч-тўрт жуфт
туфличалар сотиб олдим.
Харидларни кўтариб ташқарига чиқсам, Латиф ака мени йўқотиб қўйиб, ҳайрон
бўлиб турган экан. Қўлимдагиларни кўриб, “Аҳмаджон, булар нима?” деб сўради.
Бўлган воқеани гапириб бердим. Латиф ака хавотирли тарзда бош чайқар экан,
мени жиддий огоҳлантирди:– Аҳмаджон, сиз ҳали ёшсиз, бунинг устига партия аъзосисиз, чет элда қимор
ўйнашга бало борми? Бошқа бунақа иш қилманг. Карьерангизга дарз кетиши
мумкин!
Довонда табибчилик қилганим
Бир гал довон оша қишлоққа кетаётган эдим, Қўқонга бурилиш чорраҳасидаги
қўлбола бозорда тўхтаб, патир сотиб олдим. Сотувчи аёлнинг ёнида туриб, унга
чаққон ёрдамлашаётган қизчага кўзим тушди. Иягининг бир чеккасига мошдан сал
каттароқ оқ тушибди. Аёлдан сўрасам, “Набирам, бир ойча бўлди, ҳеч кетмаяпти,
ишқилиб кўпайиб кетмасин-да, давосини тополмаяпмиз”, деди хавотир билан.
Ўзимни табиблардай тутиб, саримсоқ, икки-учта гиёҳ аралашмасидан кечқурунлари
суртиб қўйишни тайинладим. Бўлган воқеа шу. Бошқа ҳеч гап йўқ.
Орадан икки-уч ой ўтди. Довонда табибчилик қилганим ўзимнинг ҳам ёдимдан
чиқиб кетди. Бир куни Тошкентда яшайдиган ҳамқишлоқлар жам бўлиб, йўлга
чиқдик. Қишлоқда тўй. Бормасак бўлмайди. Одатдагидек, патир бозорда тўхтадик.
Кимдир сув ичди, кимдир оёғи чигалини ёзди, яна кимдир патир, қурут сотиб олди.
Мен машинанинг олдида белимни тиклаб, қотган жойларини юмшатиб турган
эдим, бирдан аёл кишининг шарақлаган овози эшитилди:– Э, табиб ака, келдингизми, сизни кутавериб кўзимиз тўрт бўлди-я. Шарифа
қизим, ана, сени тузатган табиб келди, бор, саломлаш.
Патирчи аёллардан бири шундай деб, қўлида тўртта патир, тўппа-тўғри мен
томонга кела бошлади. Қарасам, ўша аёл, ёнида набираси. Нима қилишни билмай
туриб қолдим. Олдимга келиб, бир қўлини елкамга ташлади, “Раҳмат, табиб ака,
барака топинг, илмингиз бундан ҳам зиёда бўлсин, мана, набирам кўрмагандай
бўлиб кетди. Ой десангиз, ойдай қиз. Турмушга узатсам, тўйига келасиз”, дейди
тинимсиз.
Ҳамқишлоқлар бир-бирларига маъноли қарашади. Турсунбой Адашбоев
ноқулай ҳолатни янада мураккаблаштирди: “Мелибоевда ҳунар кўп-да, қаранг,
шунча йил бирга юриб, табиблигини билмабмиз-а. Ана даромад…”
Сариосиёлик бўлганим
Ёшлар газетасида ишлаб юрган кезларим, илғор маккажўхорикор аёл ҳақида
очерк ёзиш учун Сариосиё туманидаги ўша пайтлари Калинин деб аталадиган
колхозга борганман. Тошкентдан Душанбегача самолётда учдим. У ердан йўловчи
машинада манзилга қараб йўл олдик. Ҳайдовчи йигит мен борадиган хўжаликни
яхши билар экан, туман марказига эмас, тўғри маккажўхори даласига олиб борди.
Ўша ерда ёшлар билан учрашиб, керакли маълумотларни олдим, ишим битди
ҳисоб.
Туман марказига қайтаман, деб турганимда, ҳаво айниб, ёмғир шунақанги
қуйдики, сув ариқлардан тошиб, бир зумда далага сел келди, торгина ясама
кўприкчани бир ҳамла билан кўтариб, оқизиб кетди. Йигитлардан бирининг
ёрдамида катта йўлга чиқиб олдим. Кийимларим шалаббо бўлиб кетгани учун
ўша куни унинг уйида тунаб қолдим.
Эртасига туман марказига бориб, таомилга кўра раҳбарларга учрадим,
мақсадимни айтдим ( у йилларнинг талаби шундай эди), аммо бир кун олдин
бўлган воқеа ҳақида бир нима демадим. Райкомдан ажратилган вакил билан дала
кезиб юриб, кеча селда қолган жойимизга келиб қолдик. Машинадан тушиб, пиёда
юра бошладик.– Ҳўв пастроқда кўприк бор, ўша ердан шийпон томонга ўтиб оламиз,– деди
ҳамроҳим.
Шу ерда ишни бузиб қўйдим. Беихтиёр: “Кечаги сел кўприкни оқизиб кетган”
деворибман. Ҳамроҳим менга ҳайрон бўлиб қаради, лекин ҳеч нима демади. Бироз
юрганимиздан кейин кўприкнинг ўрни бўм-бўшлигини кўриб, ўзини бутунлай
йўқотиб қўйди. Менга зимдан тикилиб, “Сиз ўзи шу ерликмисиз?” деб сўради. – Йўқ, водийданман, – дедим. Ишонмади.
Очерк ёзилди, газетада чиқди. Орадан бир йил ўтиб, менга ҳамроҳлик қилган
ўша вакилни республика ёшлар қурултойида учратиб қолдим. Яхши лавозимга
ўтибди. Сўрашдик. – Ҳали ҳам водийликман, деб юрибсизми? – деди кулимсираб. – Ҳа, шундай, – дедим. – Бекор айтибсиз. Сиз – биз томоннинг одами, қаерда кўприк борлигини биласиз, – деди муҳим бир сирни ошкор қилаётгандай.
Халқаро “Олтин патир” мукофотини олганим
Адабиёт газетасида ишлаб юрган кезларим ишимиз шу қадар қизғин эдики,
қишлоққа бориб келиш, қариндош-уруғлардан хабар олишга ҳам вақт тополмасдим.
Таҳририятга ҳар куни неча юзлаб мактублар, неча ўнлаб шикоятчилар келишардики,
уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор бериш, шикоятларни диққат билан ўрганишга
тўғри келарди.
Бир сафар вақт топиб, Сафед Булонга жўнадим. Ота-онам дунёдан ўтиб кетишган
бўлса-да, ҳамон гавжум ҳовлида икки-уч кун турдим. Кейин болалигим ўтган, оёқ
изларим тушган кўчалар, тепаликлар, сой-сўқмоқларни кездим. Қапчиғайдаги
булоққа бордим, у ердан тепаликка кўтарилдим, ўт-ўланларнинг ҳидига тўйдим,
Арчали тоққа ўрлаб, манзараси бутунлай ўзгариб кетган Сафед Булонни, “Шоҳ
Фозил” тарихий-меъморий обидасини, янги маҳаллаларни, боғ-роғларни томоша
қилдим. Қўшни Заркент, Қизилёзи, Подак, Оққўрғон, Паромон, Оқтом, Ёппасолди,
Мамай, Кўкёр, Нанай қишлоқлари узоқдан бўлса-да, кўриниб турибди.
Эртасига эрталаб бемор қариндошимиздан хабар олиш учун Карвон қишлоғига
бордим. Ёшлигимдаги Карвондан асар ҳам қолмаган: ҳаммаёқ ўзгариб кетибди.
Кўчалардан бирида ер тандирда нон ёпаётган аёлга кўзим тушди. Танидим – тўй
тумоқларда ўлан айтиб юрадиган шоир табиат эжа. Бир вақтлар туман газетасида
кичик-кичик мақолалари ҳам чиқиб турарди. У ҳам мени таниди. “Ҳай, Ахмаджан,
ташканлик бўп кетдинг-а, тез-тез келиб тур. Бизларни унутиб юборма. Ҳамма
язганларингни ўқиб тураман. Бирортасига мени ҳам қўшиб кетсанг яхши бўларди
да. Ўтган ҳафта тилвизўрда зўр гапирдинг. Қишлоқларни эсладинг. Борди-келди
қилиб турмасак, бир-биримиздан узоқлашиб кетамиз, дединг. Қўшниларни
чақириб, бирга эшитдик. Ма, мана бу патирлар сенга қирғиз эжангдан мукофот.
Тошканга олиб кет, маза қилиб ейсизлар. Озроқ от ёғи ҳам қўшганман”.
Аёл шундай деб тандирган янги узилган икки дона патирни менга узатди.
Қизариб пишган, қуёш нурида олтиндай товланиб турган патирлар. Қўлимни
куйдирай дейди.
Бу ноёб мукофотни авайлаб, синдирмай-нетмай Тошкентга олиб келдим. Ҳар
қалай, халқаро мукофот-да. Ишхонада кўплашиб едик. Нега “халқаро” дейсизми?
Ахир, мен унга қўшни мамлакатда сазовор бўлдим-да. Шу сабаб, бир ҳужжатга
ўзимча: “Халқаро “Олтин патир” мукофоти совриндори”, деб ёзиб қўйгандим, шу
ишимнинг ўзи кейинчалик ғаройиб латифага асос бўлди.
Дўстимга хафа бўлиш қоидасини тушунтирганим
“Жаҳон адабиёти” журналида иш бошлаганимда ўзаро сенлашиб гаплашадиган
яқин дўстларимдан бири бир даста шеър кўтариб келди. Жўқиёна шиғирлар.
Журналга эмас, бошқа нашрларга ҳам бўлмайди, шеър дегани бундай ёзилмайди
дегандим, қаттиқ хафа бўлди. Жаҳли чиқиб, бир нималарни гапириб ташлади. “Сен
ўзи менга дўстмисан ё душманмисан?” дейишгача борди. Мен уни аста совутдим:
− Нега энди душман бўларканман, жинни-пинни бўлдингми, сенинг ягона
дўстингман, ахир. Ҳар балога етган ақлинг дўстдан хафа бўлиш қоидасига
етмаганини қара. Майли, азбаройи дўстлигимиз ҳурмати тушунтириб қўяй. Дўст
яқин дўстидан бир нимани илтимос қилса-ю, у бу иш қўлимдан келмайди деса,
билинар-билинмас ҳайрон бўлиш керак, холос. Иккинчи марта илтимосингни
бажармаса, энсангни бироз қотиришинг мумкин. Бу иш учинчи марта такрорланса,
ана ўшанда хафа бўлсанг арзийди. Так что, сенда ҳали яна иккита имконият бор.
Дўстим бу сўзларимни эшитиб, қолган икки имкониятдан дарҳол фойдаланди:
аввалига ҳайрон бўлди, кейин энсаси қотди, сўнг эшикни жаҳл билан ёпиб чиқиб
кетди.
Журнал номини ўзгартириш ҳақидаги фикрим
Бошқа бир дўстим узоқдан қўнғироқ қилиб, янги ишга ўтганим билан узоқ
табриклади, яхши ниятлар қилди. Сўнг муддаога ўтди:
− Энди бундай, дўстим. Журнални кўтариш керак. Зўр материаллар бериш
зарур. Дунёда ишқий қиссалар тўлиб-тошиб ётибди. Енгилтак жувонларнинг
саргузаштлари, оҳ-оҳ, ўқувчи маза қилади-да. Шулардан бир нечтасини ўзбекчага
ўгираман, сен пешма-пеш эълон қиласан. Қарабсанки, журналнинг обрўси ошиб
кетади. Нима дединг?
Мажлисга шошиб тургандим, дарҳол жавоб қилдим:
− Зўр таклиф, аммо бир “но”си бор-да. Суюқоёқ жувонларнинг ишқий
саргузаштларини, сен айтгандай, пешма-пеш эълон қиладиган бўлсак, унда журнал
номини ўзгартиришимизга тўғри келади… – Тушунмадим, нима деб ўзгартириш керак? – сўзимни бўлди дўстим.– “Жувон адабиёти” деб!..
Дўппи тор келганида йўл қидирганимиз
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ўрталарига келиб, адабиёт газетаси
ҳам бошқа нашрлар қатори иқтисодий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолди.
Таҳрир ҳайъати билан маслаҳатлашиб, газетанинг баъзи саҳифаларига реклама
материалларини жойлаштиришга қарор қилдик.
Бир куни янги ташкил этилган “Резико” суғурта компанияси вакиллари газетага
эълон олиб келишди. Уларни самимий кутиб олдик. Эълон матнини уч марта
такрорлашга келишдик. Газетанинг навбатдаги сони чиқиши билан эълонда
кўрсатилган телефон рақамларига қўнғироқ қила бошладик:– Алё, бу “Резико”ми? Борсак бўладими?– Алё, это “Резико”, пожалиста, как Вас найти?– Алё, “Резико”…
Эълон иккинчи бор чоп этилгач, суғуртачилар яна уч мартага шартнома тузишди.
Қўнғироқ қилишда давом этамиз: “Алё, Фарғонаданбиз…”, “Алё, Тошкентми бу,
бизга “Резико” керак эди, алё…”
Эълон бешинчи марта чоп этилгач, яна беш мартага шартнома тузмоқчи эдик,
суғуртачилар айниб қолишди. Сабабини сўрасак, “Э, қуллуқ, жуда етарли бўлди, –
дейишди чуқур хўрсиниқ билан, – эрталабдан кечгача қўнғироқ қилишади, аммо
бир зоғ келмайди-я…”
Макулатурага қоғоз топширолмаганимиз
Ўзича шеърлар машқ қилиб юрадиган бир йигит ҳафтасига камида икки
марта газетага даста-даста шеър олиб келади. Шеърият бўлимидагилар: “Ака,
бу ёзганларингизни эълон қила олмаймиз, жуда бўш, қайта ёзиб ҳам одам қилиб
бўлмайди”, дейишса, улардан шикоят қилиб менинг олдимга киради. Орадан уч
кун ўтмай, яна бир қучоқ шеър олиб келади.– Э, шоир, ҳаммаёқни шеър босиб кетди-ку, қаерга тахлашни ҳам билмай қолдик,
ўтмаган шеърларингизни макулатурага топширмоқчи эдик, улар ҳам бўлмайди, деб
қайтариб беришди, – дедим бир куни.– Нега энди қайтариб беришади, – ҳайрон бўлиб сўради шоир,– ахир оппоқ,
сифатли қоғоз бўлса…–
Э, нимасини айтасиз, ука, – дедим. – Макулатурачилар ҳам ҳаддиларидан
ошиб кетишибди. Даромадлари яхшими, дейман-да. Бир томонига ўта сифатсиз
шеърлар ёзилган деб, оёқ тираб туриб олишди. Ноилож қайтариб олдик…
Номдор олим билан ҳамкорлик қилолмаганим
Совет замонида мафкуравий тарғибот ишида ғоят фаол, хоҳлаган мавзуда
маъруза қилишга тайёр лаббайчи воизлардан бири кутилмаганда газетага бир
даста… шеър олиб келди. Ўқиб кўрдик, ҳаммаси “жўқи”ёна нарсалар. Узоқ
мунозара қилиб, қайтардик. Орадан атиги уч кун ўтгач, домла яна бир қучоқ шеър
олиб келди. Бўлмайди дедик. Бу иш яна бир-икки марта такрорлангач, оғир ва
ноқулай вазиятдан қутулиш йўлини қидириб, шундай гап бошладим:– Домла, сиз жуда катта олимсиз, соҳада сиздан ўтадиган мутахассис йўқ.
Москвада ўқигансиз, Европада бормаган мамлакатингиз қолмаган, сиз ўқиган
ажойиб маърузаларни ҳамма жойда эслаб юришади. Шундай экан, сиз билан муҳим
бир мавзуга қўл урсак, нима дейсиз?
– Яхши бўларди, – деди домла хурсанд бўлиб. Суҳбатимиз қовуша бошлаганидан
мамнун бўлиб, давом этдим:– Домлажон, дунёда бўлаётган ишларни кўриб турибсиз. Ироқда қанча одам
ўлиб кетди, қанча жойлар вайрон бўлди. Биологик қурол топилмади. Афғонистон
ҳали-вери тинчимайдиганга ўхшайди. Мана, Беназир Бхуттони ҳам ўлдиришди. Бу
ярамас имериалистларнинг қўлидан ҳар бало келади. Сиз йирик олим сифатида мана
шу воқеалар хусусида туркум сиёсий памфлетлар ёзсангиз, бу муттаҳамларнинг
башарасини очиб ташласангиз дейман-да. Памфлетларни китоб ҳолида нашр
қилсангиз борми, бирорта жиддий мукофотни илиб кетишингиз ҳеч гап эмас…
Домла, йўқ, бу иш қўлимдан келмайди, демади, аксинча¸ўйлаб кўришга ваъда
берди.
Узоқ кутдик. Памфлетлар ёзилмади, аммо… домла бошқа шеър ҳам олиб
келмади.
Тушликка чиқиш вақтини эслатганим
Бир йиғинда воизлардан бири жуда узоқ, бунинг устига ғоят зерикарли
маъруза қилди. Тушлик вақти ўтиб кетса ҳам тўхтамади. “Қизиқ одатларимиз бор
да, Аҳмаджон ака, – деди у менга кўзи тушиб. – Вақтида дам олишни, вақтида
даволанишни, топшириқни кечиктирмай бажаришни билмаймиз, ҳатто уйқуга ҳам
кеч ётамиз…”
Мен уни қўллаб-қувватладим:
− Жуда тўғри, биз ҳатто вақтида тушликка чиқишни ҳам билмаймиз…
“Этигимизнинг қўнжигача…”
Газета муҳаррири сифатида вилоятларга тез-тез бориб турганман. Бир гал пахта
даласидаги учрашувлардан бирида туман ҳокимига газетанинг янги сонини бердим.
Дала кезиб юрган ҳоким газетани кейин ўқийман деб, етти-саккиз буклади-да,
этигининг қўнжига тиқиб қўйди. Ўша куни кечқурун туман марказида газетхонлар
билан ўтказилган учрашувда маҳаллий шоирлардан бири “Адабиёт газетасини
ўқишимиз керак, у ҳар ҳафта маънавий нур, ёруғ фикр бўлиб хонадонларимизга
кириб келади”, деди. Мен ўтирган жойимда: “Этигимизнинг қўнжигача…” деб
аниқлик киритдим.
Бир таклифга қарши чиққаним
Тўқсонинчи йиллар охирида бўлиб ўтган катта бир йиғинда тилимизга бошқа
тиллардан кириб келган ва йиллар давомида ўзлашиб кетган сўз, ном ва ибораларни
ўзбекчалаштириш масаласи кўрилди. Кўп жўяли таклифлар айтилди. Масалан,
“область”ни “вилоят”, “министр”ни “вазир”, “план”ни “режа”, “вентилятор”ни
“елпаррак”, “секретарка”ни “котиба”, “обед”ни “тушлик”, дейиш таклиф этилди.
Кўпчилик маъқуллади. Аммо “диктафон”ни “ун олғи” дейишга қўшилмадик. Бу
таклифни ўртага қўйган олим дўстимиз йиғиндан кейин мендан ўпкалаб, “Сиз нега
қўшилмадингиз?” деган эди, мен унга: “Бундай қараганда, таклифингиз ёмон эмас,
дўстим, аммо “ун олғи”ни қабул қилсак, эртага “лезвие”ни “жун олғи” дейишимизга
тўғри келади”, дедим.
Шу-шу бу таклиф бошқа йиғинларда кўтарилмади.
Жиддий бир идорада таомилни бузганим
Кейинги йилларда республика ҳуқуқ-тартибот органларида ёшларнинг маънавий
комиллиги, жиноятларнинг олдини олишда адабиёт, санъат, кино ва театрнинг
ўрни мавзуларида таъсирчан тадбирлар ўтказиш, ижодкорларни рағбатлантириш
яхши анъанага айланди. Бошқа касбдошларим қатори мен ҳам республика Бош
Прокуратурасида ўтказиладиган шундай тадбирларда кўп бор иштирок этдим,
маърузалар ўқидим. Шу боис, Бош Прокуратура ташкил этилганининг 30 йиллигига
бағишланган тантанали йиғилишда ҳам қатнашиб, соҳа ходимларини самимий
табрикладим. Менга шу сана муносабати билан таъсис этилган кўкрак нишони
топширилди.
Кузатиб турибман. Бу мукофотга сазовор бўлганлар, жумладан, шоир ва
ёзувчи дўстларим, таомилга кўра, “Ўзбекистонга хизмат қиламан”, дейишди. Мен
тантанали овозда: “Жаҳон адабиёти” журналига обуна бўлинглар”, дедим. Маросим
қатнашчилари юморни тушуниб, давомли қарсак чалишди.
Иш битириш учун қитмирлик қилганим
Бир гал ёш раҳбарнинг қабулхонасида жуда узоқ қолиб кетдим. Газетанинг
биринчи саҳифасига мақола ёзишим керак. Котиба: “Раис бандлар, кутиб туринг”,
дейди, холос. Ходимлар, ўзига қарашлилар тез-тез кириб-чиқиб туришибди.
Ичкаридан биров кулиб, биров тумшайиб чиқади. Вақт ўтиб бормоқда. Қарасам,
ишим ҳали-вери битадиган эмас. Бир йўлини топишим керак. Ён дафтаримни
қўлимга олиб, унга бир нималарни ёзабошладим. Ҳар замонда қоғоздан бош
кўтариб, қабулхонанинг безакли деворларига, котиба қизга, стол устидаги
қоғозларга, бошлиқнинг олдига тинимсиз кириб чиқаётганларга тикилиб қараб,
ўзимча қандайдир хулосага келгандай бўламан, ”так-таак…” дейман-да, ёзишда
давом этаман. Бу ишга шу қадар берилиб кетибманки, раҳбар ичкаридан чиқиб,
тепамга келиб қолганини сезмабман ҳам. У аввал котибага: “Нега бу ҳурматли
акахонимизни куттириб қўйдинг”, дея жиддий танбеҳ берди. Кейин менга қуллуқ
қилганча юзланди: “Устоз, бунақа эмас-да, сизга бўлган ҳурматимни биласиз,
қўнғироқ қилсангиз олдингизга ўзим борардим-ку…”
Ўша куни ишим кутганимдан ҳам аъло даражада битди.
Ўқитишнинг янги ноёб усулини қўллаганим
Ковид касаллиги хуруж қилган пайтлари, ундан кейин яна бир муддат Олий ўқув
юртларида талабаларни масофадан туриб ўқитиш, дарслар аудиторияга кўчганда
хонани тез-тез шамоллатиб туриш йўлга қўйилди. Очиғи, бир амалладик, чунки
олис туманлардан келган талабаларнинг ҳаммасида ҳам “Зум”га кириш имконияти
йўқ. Дарс аудиторияда ўтилса, давомат кўнгилдагидек бўлмайди.
Шундай кунлардан бирида юқори босқич талабаларига дарс ўтаётган эдим,
хона эшиги очилиб, текширувчилар кириб келишди. Одатда, комиссия дегани
дарсни кузатмоқчи бўлса, қўнғироқ чалинишидан бир муддат аввал аудиторияга
кириб ўтириши, давоматни аниқламоқчи бўлса, дарс охирида кириши керак. Бу
гал қоидага риоя қилинмади. Аудиторияда озчилик бўлса ҳам Лев Толстойнинг
“Иқрорнома” асарини илҳом билан тушунтираётган эдим. Ноқулай вазият юзага
келди. Фикрим бўлинди.
− Хўш, хизмат? – дедим уларга қуруққина қилиб.
Бош текширувчи мендан: “Сизнингча, бугун қайси усулда дарс ўтиш яхши
самара беради − онлайнми ёки оффлайнми?” – деб сўради.
− Иккиси ҳам бўлмайди. Шахсан мен учинчи – хоҳлайн усулини қўллай
бошладим, афсуски, у ҳам иш бермаяпти,− дедим.
Бош текширувчи менга ҳайратомуз қараб, “Бу қанақа усул, биз эшитмаган
эканмиз”, деди.
− Хоҳлайн шундай усулки, талаба хоҳласа дарсга келади, хоҳламаса келмайди.
Бирортасига эътироз билдира олмаймиз , − дедим.
Текширувчилар хонадан ўйчан ҳолда чиқиб кетишди.
Ўта оғир топшириқни бажарганим
Ёшлар газетасида (ҳозирги “Ёшлар овози”) ишлаб юрган кезларимиз ҳар ойда
камида икки-уч марта вилоятларга хизмат сафарига борардик. Йўл юриб ҳам,
далаларни пиёда кезиб ҳам чарчамасдик. Сафар Остонов, Мирзакарим Пирматов,
Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Зайниддин Рихсиев ва мен раҳбар қачон топшириқ берса,
ўша заҳоти йўлга отланардик. Фақат… битта касбдошимиз пойтахтдан ташқарига
чиқишни мутлақо хоҳламасди. Ҳар гал топшириқ бўлганида шунақа сабаб
топардики, унинг ўрнига боришга мажбур бўлардик.
Бир гал газета муҳаррири Рустам Шоғуломов бизларга шу баҳоначи ходимни
Сурхондарёга бориб, у ердан танқидий мақола ёзиб келишга кўндириш вазифасини
берди. “Ким шу ишни уддаласа, мукофот бераман”, деди. Айни саратон. Бу пайтда
Термизга боришнинг ўзи салкам қаҳрамонлик. Сафар, Мирзакарим хўб уринишди,
аммо нактижа бўлмади. Навбат менга келди, ё уни кўндираман ёки ўзим йўлга
тушаман.
Ўйлаб-ўйлаб шундай қарорга келдик: бир кишининг қўлида еттита гугурт чўпи
бўлади. Биттасининг боши узилган. Навбат билан тортамиз, “бош”сиз чўп кимга
чиқса, ўша Термизга жўнайди. Гугурт чўпларини “тайёрлаб”, уларни муҳаррирга
бердим. Командировка деса безиллайдиган дўстимиз биринчи бўлиб тортти ва…
“Ваҳҳ” деворди. Унинг қўлида “бош”сиз чўп турарди…
Ўшанда мен раҳбарнинг ўта оғир топшириғини бажариш учун ҳамма чўпларнинг
бошини танасидан жудо қилиб қўйгандим…
Ғоят жиддий мулоқотим кутилмаганда узилиб қолгани
Бир йигит менга устма-уст қўнғироқ қилиб, “Жаҳон адабиёти” туманга кам
келишини, журнални ўқишга қизиқишини, айниқса, Бош муҳаррирнинг мақолалари
унга маъқуллигини айтиб, мендан журнал сонларининг электрон вариантини
почтасига ташлаб қўйишимни илтимос қилди.
− Аввал сиз ташланг, кейин биз ташлаймиз,− дедим унга.
− Нимани ташлай,− ҳайрон бўлиб сўради қўнғироқ қилаётган йигит. – Нимани бўларди, журналимизга обуна бўлганингиз тўғрисидаги квитанцияни
да.
− Э, шунақа денг?– Шунақа, укахон, бугун айни шундай ташашадиган замон, − дедим жиддий
оҳангда.
Суҳбатимиз шу ерга келганида гўшакдан “ту-туу”лаган овоз кела бошлади.
Зўр актёрлигимни исботлаганим
“Жаҳон адабиёти”га обуна уюштириш сафаридан ҳориб-чарчаб қайтаётгандим,
поездда бир киши мени суҳбатга тортди.– Кечирасиз, кўзимга иссиқ кўриняпсиз, телевизорга чиқиб турасиз-а? – деди
купе эшигига суяниб турар экан. – Ҳа, чиқиб тураман,− дедим.– Актёр бўлсангиз керак, топдимми? – Топдингиз.– Қанақа ролларда чиққансиз, ака?– Мен дуч келган ролни чала-чулпа ўйнаб кетаверадиган енгилтак актёрлардан
эмасман. Неча йиллардан бери битта ролда чиқаман. Саҳна жой танламайман.
Менга режиссёр, суфлёр, ҳатто грим-примнинг ҳам кераги йўқ. Айтадиган
сўзларимни ўзим билан олиб юраман. Навбат келиши билан шартта бошлайман.
Э, қойил қивораман…– У кимнинг роли, ака? – қизиқиб сўради ногаҳоний танишим.– Кимники бўларди, журналга обуна тўплаётган муҳаррирнинг роли-да,
укахон, − дедим поезд ойнасидан узоқ-узоқларга хомуш тикилганча…
Гуглга жавоб берганим
Ҳаваскор таржимон сингилларимиздан бири жаҳон адабиётининг машҳур
қиссаларидан бирини, ўзининг айтишича, инглиз тилидан бевосита ўгириб,
таҳририятга олиб келди. “Яхши, ўқиб чиқиб, бир ҳафта ичида фикримизни айтамиз”,
дедик. Қўлёзма билан танишиб чиқиб билдикки, асар инглиз тилидан эмас, рус
тилидан ўгирилган. Ўгирганда ҳам, Гуглдан фойдаланиб, баъзи жойларини нари
бери силлиқлаб, хом-хатала ҳолда бизга тавсия қилинган.
Орадан икки-уч ҳафта ўтгач, таржимон қўнғироқ қилиб, қўлёзманинг тақдирига
қизиқди ва ўпкалангандай бўлиб, “Бир ҳафтада жавоб берамиз дегандинглар-ку-у”,
деди.– Синглим, биз бир ҳафта эмас, учинчи куниёқ таржимонга жавоб берганмиз,
хабарингиз йўқми? – дедим бамайлихотир.– Менга жавоб келгани йўқ, қайси таржимонга юборгансизлар? – ҳайрон бўлиб
сўради синглимиз. – Қайсинисига бўларди, асарни ўзбек тилига ўгирган Гуглга-да, – дедим суҳбатга
якун ясаб.
Имзони тўрт қисмга бўлганим
Бир дўстим хусусий газета ташкил қилди. Ёрдам бериб туринг, газета ишини
унча тушунмайман, яхши иш ҳақи тўлайман, деб туриб олди. Ҳафтада икки-уч
марта олдига бориб, газета учун тайёрланган мақолаларни таҳрир қилиб турдим.
Муаллифлик мақолалари ёздим. Орадан икки-уч ой ўтгач, менга иш ҳақи чиққани,
ведомостни ёпиш учун бугуноқ келиб олиб кетишим зарурлигини айтишди.
Бордим. Ведомостга қарасам, икки ойлик иш ҳақи бир кило гўштнинг пули ҳам
эмас. Билсам, мен бу ерда чорак ставкада ишлар эканман.
Энсам қотганини билдирмай, ведомостга қўл қўйдим. Кассир бола: “Домла,
имзоингиз шунақа кичкинами?” деб сўраб қолди.– Йўқ, кичкина эмас, тўла имзоим саккиз-тўққиз ҳарфдан иборат. Буниси чорак
ставкали имзо-да, укажон, – дедим эшик томонга йўналар эканман.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон