
Эркин АЪЗАМ – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, кинодраматург. 1950 йилда туғилган.
Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини
тугатган. Ўттизга яқин насрий китоб ва ўндан ортиқ бадиий фильмга асос бўлган
киноқиссалар муаллифи.
Роман*
I
Опанинг мактубини Ойравшан Тошкентда олди.
Ишга жойлашув ташвишида юрган кунлари эди, вилоят телевидениесида
бирга ишлаган йигит келиб қолди. Қандай дараклаб топди, ҳидини қайдан билди –
униси номаълум. Хизмат сафарига келган экан, олакелибди, вассалом. Кўрган
учрашганда ўз-ўзидан тиржайиб қўядиган суюқроқ, аммо нотавон бир мухбир бола
эди. У Ойравшан бош муҳаррирни кутиб ўтирган адабий-драматик кўрсатувлар
таҳририятига тўппа-тўғри кириб келдию хатни узатиб, аллақандай бир илинж
биланми тиржайиб тураверди. Хатжилднинг у ёқ-бу ёғини кўздан кечирган
Ойравшан унинг очилмагани, сургучи бутунлигига ишонч ҳосил қилгач, ҳамон
тепасида қаққайиб турган “почтачи”га “Раҳмат. Бўлди”, деди.
Йигит жойидан қўзғалишни хаёлига келтирмасди.– Ўзгариб кетибсиз, – деди у. – Жуда ўзгарибсиз. Дарровдан.– Яхши томонгами, ёмон томонга? – деб сўради Ойравшан шўхлик аралаш.– Таниб бўлмайдиган даражада!
Тўғри айтяпти у. Тошкентга келибоқ сочини калта қилиб кестирди, “Гўзаллик
салони”да бир кунча ивирсиб, ажаб тусларга солиб олди; қошу кўз ҳам илгаригидек
қолмади, энгил-бошни айтмаса ҳам бўлади: таранг шим, аломат гулдор майка.
Бусиз нон топиб бўлармиди бу шаҳарда? – Бори-да, дўстим. – Жой-пой топилдими? Қаерда турибсиз? – деб сўради собиқ хизматдош ҳамон
жилгиси келмай.– Адресимни айтсам кечқурун келармидингиз? – деди Ойравшан уни калакага
олиб. – Шоколад билан шампань кўтариб. Айтиб қўяй, шампанга тобим йўқ, коньяк
ичаман мен. Бўпти бўлмаса, таниш-билиш, дўстларга мендан салом!
Йигит номурод бурилиб хонадан чиқди.
Бу таҳририят номидан ёш муаллифларга юбориладиган одатдаги сийқа хат
бўлмай, шахсан Опанинг ўзидан эди.
- Журнал варианти.
Ойравшан бармоқлари қалтирай-қалтирай мактубни очаркан, каттакон хонанинг
ҳар бурчагида ўтирган икки аёлга кўз ташлаб қўйди. Бояги йигит чиқиб кетгач,
улар қайтиб юмушларига шўнғиган эди, парво қилишмади.
Тошкентга отланиш арафасида у шеърларидан саралаб “Зебо” журналига
жўнатган, бу ёққа келгач эса, югур-югурлар билан бўлиб, таҳририятдан хабар олиш
хаёлидан чиқиб кетган эди.
Хатда шеърлар хусусида бир талай таърифдан сўнг, “Тошкентга йўлингиз тушса,
журналимизга бир мўралаб кетарсиз, танишамиз, гаплашамиз”, деган жумла илова
қилинган эди. Таггинасида Ойравшан неча-неча китобларда кўриб ҳавас қилган
севимли имзо, бирмунча ҳафсаласизлик билан чекилган, аммо шуниси-да сирли,
жозибали туюладиган Опанинг имзоси!
Ойравшан ҳаяжон ичида хатдан бош кўтариб, тағин хона эгаларига назар солди.
Қувончи вужудига сиғмасди. Мана, менга кимдан хат келди! Сенлар эса неча
ҳафтадан буён одамни сарсон қилиб юрибсан!
Бироқ бу димоғдор ўлгурлар номига бўлсин ўгирилиб қарамади.
Эртаси куни Ойравшан янада “ўзгариб”, “Зебо” журналига йўл олди.
Келса – Опанинг ўзи йўқ, уни Мунтазам Жамолзода деган бош муҳаррир
ўринбосари қабул қилди. Узун бўйли, тарашадек теп-текис, икки чаккаси қизғиш
бадқовоқ бир хотин. Ойравшан ўзининг кимлигини айтгач, бирдан юзи ёришиб, у
бутунлай бошқа қиёфага кирди:– Вой, сизмисиз ўша? Шундоқ демайсизми!
Жамолзода Ойравшанни эркакларга хос бир суқ билан бош-оёқ кўздан кечирди
да, столидан чаққон туриб бориб эшикни очди, коридорга қараб қичқирди:– Қизлар, бу ёққа!
Хона бирпасда хотин-халажга тўлди; орасида Ойравшан тенги бир-икки қиз
ҳам бор. Бири бегонасираб, яна бири ғаши келиброқ, кўпчилиги таажжуб билан
тикилди унга. –
Танишинглар: бу киши – шеъриятимизнинг бўлгуси порлоқ юлдузи,
Опахонимизнинг севикли шогирдларидан Ойравшан бўладилар!
Ажаб ҳол: ҳаммасининг қош-қовоғи бирдан ўзгарди, ҳаммаси бир-бирига
қўймай сўраша кетди:– Хуш келибсиз, хуш келибсиз, Ойравшанхон! – Шеърларингиз таҳририятимизда шов-шув бўлиб кетди-ю, ўзингиздан дарак
йўқ! – Ҳам шундоқ истеъдод эгаси, ҳам шундоқ гўзал! – Опамизнинг назарларига тушиш ҳазилакам гап эмас, катта бахт, ҳа, бахт!– Мен қайта-қайта ўқидим. Опамизнинг нафаслари келади шеърларингиздан.
Табриклаймиз!
Бу орада Мунтазам Жамолзода Опанинг уйига қўнғироқ қилди. Хона бирдан
жимиб, қулоқлар динг бўлди.– Мана, ўтирибдилар ўзлари. Ойдек, ойдек! Худди ҳув ўзингизнинг ёшлигингиз!
Ҳа, ҳозир тушадилар расмга, Аветимиз шу ерда. Хўп бўлади, опажон, хўп, яхши
ўтиринг, хайр! – Телефон гўшагини жойига қўйиб, Жамолзода Ойравшанга чарақлаб
қаради. – Салом айтяптилар сизга. Индинга бўларканлар. Келасиз-а, тайинладилар.
Тағин барча Ойравшанга ҳавас ва қизиқиш билан боқди.
Муовиннинг олдидан чиқилгач, коридорда хийла торта-торт бўлди: “Бизнинг
хонага марҳамат, синглим”, “Йўқ, йўқ, бизга кирадилар, бизга”.
Жамолзоданинг топшириғи билан, лаблари қип-қизил бўялган семизгина хотин
Ойравшанни бурчакдаги каттакон хонага бошлаб кирди.
№ 6 2025 23
Эркин АЪЗАМ
Тўрдаги столда бурни учига кўзойнак қўндирган, қош-кўзи сурма суртилгандек
қоп-қора, ўртаяшар басавлат бир одам ўтирарди. Унинг столига тақалган диванда
кулранг сочи жингалакка мойил, мўйловдор, арманисифат бир киши; тиззасидаги
“Огонёк” журналига тикилиб кроссворд ечиш билан овора.
Бошлаб кирган аёл деразага ёндош, усти ҳар хил расму қоғоз қийқимларига
тўла баҳайбат столи томон ўтаркан: – Авет, автор, – деди арманисифатга қараб. – На фоне природы, пожалуйста.
Указание шефицы! – О-о, красавица! – дея эран-қаран жойидан турди армани. – Наша новая звезда
что ли?
Эшигига “Котибият” деб ёзилган бу хонага кирди-чиқди, тўрда ўтирган басавлат
киши кўзойнаги узра Ойравшандан нигоҳ узмади.
Авет деганлари бино этагидаги чоққина хиёбонга бошлаб тушди. Тўлароқ
кўрингани билан у роса чаққон экан, боз устига жуда шўх. Гоҳ чўнқайиб, гоҳ
ёнбошлаб олиб фотоаппаратини чиқиллатаркан, “О’кей!” дея чап кўзини қисиб
қўяди.
Дарахт новдасини “ҳидлатиб” олди суратга, харракка ўтқазиб, гўёки шоирона
хаёл сурдириб олди, тирсак тиратиб, қўлига қалам тутқазиб олди…
Ойравшан орадаги шу икки кун мобайнида бамисоли осмонда учиб юрди.
Шоирона инжа дилида бир нималарни орзу қилган бўлса қилгандирки, бунчалик
олқишу эътиборни сира кутмаган эди-да.
Индини, маълум қоида бўйичами, Опанинг ҳузурига уни Жамолзода бошлаб
кирди. – Мана шу қизингиз, опажон… – дея у Ойравшаннинг кифтидан қучиб олдинга
ундади.
Узун хонанинг тўридаги ҳашаматли столида эмас, деразага яқин диванда,
қўлбола ёстиқчага тирсак тираб, қаншарида кўзойнак, аллақандай китобни
варақлаб ўтирган Опа ўзигагина хос бир назокат ва асилзодалик билан оҳиста бош
буриб қаради.
Қизиқ, туфлисини диван пойига ечиб қўйиб, оёқларини бир ёнга букиб олган,
худди уйидаги каби бемалол, эрка қиздеккина бир шамойилда ўтирибди. Китоб
саҳифаларию телевизорларда кўравериб Ойравшанга яқин кишисидек бўлиб кетган
ўша азиз сиймо, қадрдон чеҳра! Эгнида узун кўкимтир шифон либос, бўйнида
зангори ҳарир шарф. Юзидаги ажинлар сал қуюқлашган, холос.
Опа улуғворлик билан ўрнидан қўзғалди, Ойравшандан кўз узмай оёқларини
пастга тушириб, нари-беридан туфлисини излай бошлади. Шунда Жамолзоданинг
имоси билан Ойравшан илдам бориб унга рўпара бўлди.
Ниҳоят, пойабзалини оёғига илиб қаддини ростлаган Опа антиқа атирларини
анқитиб уни бағрига олди, қучоқлади. Сўнг юзини кафтлари орасида тутиб
тикиларкан:– Мунча чиройли! – деди завқ билан. – Гўзал шеърлар гўзал қалб, гўзал қиёфа
билан битилади-да, а, Мунтазамхон, нима дедингиз?– Ия, албатта, албатта, – дея шоша-пиша тасдиқлади Жамолзода. – Майли, сиз чиқиб ишларингизга қарайверинг, мен бу қизгинанинг дилини бир
титкилаб кўрай-чи.
Муовин “хўп-хўп”лаб эшик сари юргач, Опа Ойравшанни диванга, ёнига таклиф
қилди. Ўтирдилар. Дам-бадам ўзини орқага ташлаб унга ҳавас билан, меҳр билан
боққани боққан: – Мунча дилбар, мунча ширин!
24
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Бамисоли мусофир қизини соғинган она ёхуд меҳрибон, жонажон хола дейсиз!
Илк савол ота-она, туриш-турмуш хусусида бўлди, албатта. Отасининг адабиёт
муаллими эканини эшитиб: – Ҳа-а, гап бу ёқда экан-да, – дея жилмайди Опа.
Иккинчи савол Ойравшанни довдиратиб қўйиши керак эди, аммо у дарров ўзини
қўлга олиб, ийманибгина, бунақа вазиятларга мослаб қўйган тайёр жавобини айтди:– Ҳозирча йўқ…– Тушундик, тушундик, – деди Опа қалтис мавзуни чайнаб ўтирмай. –
Эртаклардаги шаҳзодани кутяпмиз, шундайми? Ўшанақаси учраса, айтиб қўяй,
тўйингизга ўзим бош бўламан-а, хўпми?
Ичидан қиринди ўтган Ойравшан “Хўп, хўп, албатта”, дея бош ирғаб қўйди.
Опанинг дабдурустдан берган навбатдаги саволи уни батамом довдиратиб
ташлади: – Ёшлигингизда таппи ёйганмисиз, қизгина?
Ҳайратдан оғзи очилиб қолган Ойравшан нима деярини билмай кўзини ерга
олди. Нега буни сўраяптилар? Таппи ёйиб катта бўлган экансан, шеърият гулшанига
оралаб нима қиласан, демоқчими? Ёки, шеърни йиғиштириб, ҳалиям бўлса ўша
юмушингдан қолмаганинг маъқул, демоқчими?– Ҳа энди, қишлоқда туғилиб ўсгандан кейин… – дея хижолат аралаш минғирлади
Ойравшан. – Яхши-да, – деди Опа уни бўйнидан қучиб қўяркан, кутилмаганда қувватлаб. –
Эъжод кишиси ана шундай муҳитдан чиққани тузук. Ҳаммамизнинг ҳам бошимиздан
ўтган бунақаси. – Кейин мароқ билан кулимсираб илова қилди: – Шеърга қўл ургач
эса, гулу булбулни куйламоққа ўтамиз, шундайми?
Ойравшаннинг дили ёришди, Опани янада яқин кўриб, пинжига кириб кетгиси
келди. Лекин ҳарчанд тиришмасин, шундоқ машҳур инсон, машҳур шоиранинг
ёшлигида шалтоққа ботиб таппи ёйганини тасаввур қилолмади, ишонмади негадир. – Қани, янгиларидан эшитамизми энди, қизгина?
Ойравшан бир муддат тараддудланиб турди-ю, сўнг дафъатан ҳамма нарсани
унутиб (доим шундай бўлади), ёдаки ўқимоққа тушди. Тўртта шеърини ўқиб берди.
Опа ярқ-юрқ узукли панжаларини чаккасига босган кўйи дераза тарафга ўйчан
боқиб тинглади.
Шеър ўқиб бўлингач, Опа Ойравшанга узоқ тикилиб қолди-да, сўнг шартта
бўйнидан қучоқлаб, пешонасидан ўпди. – Кўнглим! Менинг кўнглим экансиз, қизгина! Кейинги икки шеърингиз айниқса
маъқул. Жуда маъқул! Номи нима эди, сарлавҳаси?– Сарлавҳаси йўқ. Сарлавҳасиз шеър. – Шеър ҳам сарлавҳасиз бўладими? – деди Опа ногаҳон норозиланиб. – Сиз
унақа янгича қилиқлардан қочинг, шоирам. Опангизнинг маслаҳати-да. Ахир, ҳамма
нарсанинг номи бор-ку, тўғрими? Мана, ўзингизнинг исмингиз қандоқ чиройли,
шоирона – Ойравшан! Йўқ, Ой равшан! Шундоқ бўлсин, қизгина, келишдиг-а?
Сира ном топилмаса, бош сатрни сарлавҳа қилиб олаверинг, адашмайсиз. Мен
босмага тайёрланган ҳамма шеърингизга сарлавҳа қўйиб қўйдим, кўрарсиз.
Айтгандай, ҳали чиққанингизда ўша кейинги иккитасини дарҳол машинкалатиб,
Мунтазамхонга ташлаб кетинг, менга етказади. Қаранг, “кейинги иккитаси” деб
ўтирибмиз, чунки номи йўқ-да. Номсиз шеър!
Опа ён тарафга узалиб, столидан жимжимадор кумуш қўнғироқчани олиб
оҳиста силкитган эди, эшик очилиб, юзига бўжама тошган хунуккина, пачоққина
қиз бош суқди.
№ 6 2025 25
Эркин АЪЗАМ– Муфлиҳахон қизим, Авет акангиз шу ердамикан, чақиривормайсизми?
Зум ўтмай уста Авет учоёққа ўрнатилган анжомини кўтариб кирди-да, устоз
шогирдни ҳар мақомга ўтқазиб суратга олди. (Шулардан бирини кейинчалик
Ойравшан Опанинг уйида, қасноқчага солинган ҳолда кўрди.)– Энди кетасиз-да юртингизга? Бизни ташлаб, а? – деди Опа суҳбат якунида.
Шунда Ойравшан Тошкентда қолиш нияти борлигини, телевидениега ишга
жойлашаман деб юрганини айтди. – Телевидение? – деди Опа энсаси қотганини яширмай. – Турган-битгани ғалва
ку у ер! Тўғри – ёшсиз, ҳусндан берган, бунинг устига шундоқ шоира – тезроқ
кўрингингиз, элга танилгингиз келади, табиий. Аммо ул тегирмонда сиздек
истеъдод соҳибаси кўп нарсани бой берадими деб қўрқаман-да, қизгина, ўйлаб
кўринг! Ахир, ўша сарсонхонада ишламасдан ҳам эришса бўладиган гаплар-ку бу.
Бизга келинг, бизга! Ёнимда бўласиз. Майлими?
Ойравшан кутилмаган таклифдан ичида қуёш порлаб, бироқ нимадандир кўнгил
узолмай, нималарнингдир андишасида, кеча пардозлатган тирноқларига термилиб
тураркан, бу ҳолни аломати ризо фаҳмлаб Опа тағин қўнғироқчасини қўлга олди.
Сўраттирган одами – Мунтазам Жамолзода киргач, уни дарҳол суюнчилади: – Қизгинани олиб қоладиган бўлдим, Мунтазамхон, яхши қилибманми?
Замирахонга бириктириб қўясиз. Юраверсинлар-чи, кейин яна кўрармиз. – Маъқул, маъқул, – деди Жамолзода кафтларини жуфтлаб. – Сизнинг назарингиз
тушган одам кам бўлмайди, кўриб юрибмиз-ку. Даргоҳингиз кенг-да, опажон! –
Сўнг Ойравшанга юзланди: – Табриклаймиз, синглим! Омади чопган қиз экансиз,
табриклаймиз!
Жамолзодага эргашиб Опанинг ҳузуридан чиққан Ойравшан ҳалиги икки
шеърига апил-тапил ном қўйиб машинкалашга бергач, бўлим мудири – бир қоп
ёнғоқдек Замира опа билан “яқиндан танишиб” ўтирган эди, ҳовлиққанча муовин
опа бош суқди: – Туринглар, туринглар, Опа жўнаяптилар!
Бўлим мудирининг орқасидан чиққан Ойравшан ҳангу манг қолди: икки ёндаги
эшиклар ланг очиқ, коридорни тўлдириб ҳамма ташқарига йўл олган! Сумкачасини
билагига илган Опа бир қўлидаги ажабтовур елпиғичини айлантира-айлантира
олдинда кетаётир. Орқадан қараганда худди навжувон аёлдек хипчагина…
Кузатув маросими!
Тиқилишиб зинапоядан тушиларкан, кимдир олазарак ўгирилиб, “Сизни, сизни!
Опа сўраяптилар!” деди Ойравшанга. Дарров “йўлак” ҳам очила қолди. Ёндашиб
келган Ойравшанга кўзи тушиб Опа тирсагини кўтарди: Ойравшан тезфаҳмлик
билан бориб уни қўлтиқлади.–
Кўрдим, кўрдим, – деди Опа қия қараб. – Бирпасда сарлавҳа ҳам қўйиб
берибсиз. Тузук, тузук.
Кўчага чиқаверишда Опа сумкачасидан нимадир ахтариб тўхтаган эди, оппоқ
бир нима ерга тушиб кетди. Ойравшан шоша-пиша энгашиб уни олди. Рўмолча
экан. Бежиримгина. Силкий-силкий эгасига узатган эди, у майин кулимсираб
қўлини қайтарди: – Шу сизга. Сизники бўлсин, қизгина. Олинг, олаверинг, ишлатилмаган. – Ишлатилган бўлса нима қипти? – деди кимдир орқадан. – Табаррук-да.
Масалан, мен жон-жон дердим!
Кўчада Опа ҳамма билан бир-бир хўшлашиб, муовинига нималарнидир
тайинлагач, Ойравшанга қараб алоҳида табассум қилди-да, ҳайдовчиси эшигини
очиб турган қора “Волга”га ўтирди.
26
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Билмаган одам бу манзарани кўриб, Опани ё олисроқ сафарга, ёки бўлмаса
бутунлай кузатишяпти, деб ўйлаши мумкин эди. Уни кутиб олиш маросими ҳам
тахминан шунга яқин бўлиб, Мунтазам Жамолзода бошлиқ таҳририят вакилларидан
тўрт-беш киши азза-базза кўчага чиқиб пешвоз турарди.
Бош муҳаррир одатда таҳририятга ҳафта-ўн кунда бир мартагина келиб-кетар,
журналга тегишли жамики ташвиш ва тадбирлар муовин Жамолзоданинг зиммасида
эди. Опанинг ўзи эса мудом банд: “эъжод” билан, депутатлик фаолиятию бошқа
жамоат юмушлари билан. У аллақандай фонду фондчаларнинг фахрий раиси, боз
аллақайларга ҳамраис. Булардан ташқари яна кўплаб қўмита ва комиссияларга
аъзо. Бир одамга, айниқса, аёл кишига осонми дейсиз!
Лекин Опамиз аввало довруқдор шоира эди. Қолган барчаси шу туфайли,
шунинг эвазига, бамисоли шунга кийдирилган бир либос. Шоира бўлганда ҳам
айни кунда бош шоира, жами шоираларнинг бекачи, онахони, опахони эдики,
шунинг учун ҳам – Опа!
Чекка-чеккадаги висир-висирларга қараганда эса, у назмиётидан тортиб юриш
туришу кийинишгача машҳур Зулфияхонимга тақлид қилади, зўр бериб унга
ўхшамоққа тиришади – аслида ўзи ўша ўринга даъвогар, қарангки, бунга қарийб
эришган ҳам! Вақти-замонида («Зебо» журнали очилгунча) бир муддат раҳматли
шоиранинг қўли остида ишлаган, таассубу мусобақа ўшандаёқ ниш урган,
дейишади, қайдам.
Бундан ўттиз йиллар чамаси муқаддам Опамиз “Қизларжон” деган битта пьеса
ҳам ёзиб қўйган, ҳануз саҳнадан тушмай келар, у замонавий драматургиянинг
чўққиси бўлмаса-да, энг ёрқин намуналаридан саналар эди. Шунга кўра, бу
асар кино ҳам қилинган, операга ҳам айлантирилган, ўқув дарсликларига ҳам
киритилган, хуллас, абадиятдан муқим ўрин олиб улгурган.
Бироқ, афсуски, у биттагина, ягона эди. Кўп йиллардан буён Опа “Бувижонлар”
номли пьеса ёзаётганмиш, буниси олдингисидан чандон зўр бўлармиш, деган
овозалар юрарди-ю, туя гўшти еган асар сира битай демасди. Янги йилга дохил
ижодий режалардан сўз кетганда, Опанинг ўзи ҳам бот-бот шуни тилга олар, жамоат
ишларидан қўли бўшаб асар устида қаттиқроқ ўтиролмаётганидан зорланар эди.
Ажабки, шунчалик банд одам, бу орада докторлик диссертациясини ҳам ёқлаб
улгурган, аллақайда профессор ҳисобланар эди.
У эмас, бу эмас, ҳув “Қизларжон” қаршисида “Бувижонлар”нинг тиши тўкилиб,
путурдан кетиб, бозори касодга учрагани аниқ эди. Ҳар галги ваъдалар эса,
“Қизларжон”нинг тасодифий нарса эмаслигини, қай йўл билан бўлса-да, ҳарқалай,
бир вақтлар шундай асар дунёга келганини анчайин таъкидлаб қўйиш учунгина,
холос.
Сираси, бу ёғига янги асар ёзаман деб чиранмоққа ҳожат йўқ: ҳам азоб, ҳам
шарманда бўлиб қолиш хавфи бор – бугун мезонлар ўзгарган. Қолаверса, шу
кунгача эгалланган марра, обрў-эътибор етти пушт бўлмаса ҳамки, икки-уч авлодга
етиб-ортади. Ҳалиям байраму тантаналарга атаб ёзиладиган шеърингдан қўймасин
денг!
Бировларни куйдириб, ғашини қўзғаб Опа туҳфа қилган рўмолча чиндан ҳам
оҳорли буюм экан. Бирор жойида гард кўринмаса-да, Ойравшан уни уйга опкелиб
обдон совунлаб ювди. Қуригач, дазмоллаган эди, яп-янги бўлди-қолди. Ноёброқ
матодан шекилли, на тахи бузилади, на унча-бунчага доғ қолади. Аммо кейин ҳам
неча сидра сувга солмасин, ўша антиқа атир ҳиди кетмади. Опанинг атри, Опанинг
ҳиди!
№ 6 2025 27
Эркин АЪЗАМ
Дарвоқе, у нега буни келиб-келиб Ойравшанга совға қилди? Нега атаб айнан
рўмолча берди? Бунинг замирида бошқа бир маъно йўқмикан? Опа уни ўшанда
атайин ерга тушириб юбормаганмиди? Ойравшан ҳар гал ҳадя рўмолчани тутганида
шуларни ўйлаб боши қотарди.
Аниқ сабабини тополмади. Токи эгасидан сўраб билмагунча…
“Опа Ойравшанга “Оқ йўл!” ёзибди” деган гап чиқдию янги ходима таҳририят
аҳлининг арзандасига айланди. Оғзида чаёни борлари ҳам энди у билан илжайиб
муомала қилмоққа мажбур эди: Опанинг одами, севикли шогирди!
Бу хушхабарни Ойравшаннинг ўзи умрида бирорта ҳам шеъру ҳикоя ёзмасдан
адабиёт бўлимининг мудири бўлиб юрган очиқкўнгил Замира опадан эшитди. – Табрик, табрик, – дея хушҳол чапак уриб кириб келди у хонага. – Шахсан
Опамизнинг ўзлари-я! Унча-мунчасига ўгирилиб қарамайдиган талабчан устоз!
Нақд осмонга чиқариб қўйибдилар ўзиям. Энди нарвон-парвон қидириб юрмайсиз,
синглим!
Ойравшан худди туш кўраётгандек бўлди, аммо сир бой бермади: ўлиб турган
экан демасин! – Раҳмат, опажон, раҳмат, – деб қўйди сиполик билан, гўё шундай бўлмоғини
олдиндан билгандек, шундай бўлмоғи табиийдек.
Икки кунми-уч кун ичи қизиб юргани рост, аммо “оқ йўл”дан сўз очган одамдан
бир оғиз бир нимани сўрамади.
Ниҳоят, бир куни гап орасига суқиб юборди: – Ҳамма гапиряпти, нима деб ёзибдилар ўзи, Замира опа?– Қори акангиз – масъул котибимизнинг қўлида. Кирсангиз, кўрсатади. Мунтазам
опа тўғридан-тўғри котибиятга ўтказганлар-да.
Қори ака деганлари ҳув кўзойнаги устидан Ойравшанга қаттиқ тикилган
басавлат одам эди. Замира опанинг айтишича, у Қуръон хатм қилган қори бўлмай,
фамилияси Қориев, опа уни Қори ака деб чақиргани учун бошқалар ҳам шундай
атар экан.
Шеърларига ёзилган сўзбошини ўқиш иштиёқи ҳар қанча зўр бўлмасин,
Ойравшан шу одамга рўбарў келишдан алланечук чўчирди. Кирмади унинг олдига.
Шунча ардоғу олқишларга қарамай, таҳририятда у ўзини ҳамон бегона сезар,
худди кўлмакка тушиб қолгандек эди. Шоиралиги ўз йўлига, бор бўлсин, аммо
кунда-кунора элга кўриниш бериб туришга, телевидениедаги шовқин-сурону
югур-югурларга ўрганган чечан телебошловчига бундаги биқиқ муҳит жуда ғариб,
зерикарли туюларди. Жимжит, ҳаммаси гўё оёқ учида юради, эртадан кечгача
қоғозга тикилиб ўтиргани ўтирган, биров-бировига муомаласи ҳам сунъий,
ясамадек, бурчак-бурчакда висир-висир, пичир-пичир: Опа ундоқ дептилар, Опа
бундоқ қиптилар.
Опанинг ташриф кунларигина ишхона бирмунча жонланиб, жўшқинроқ бўлиб
қоларди, холос.
Шу орада Опанинг бир қўнғироғию унинг номидан битилган битта расмий хат
билан Ойравшан мушкул муаммо – шаҳарликлар рўйхатидан жой олди.
Бир оқшом у ёлғизхонасига боришдан безиллабми, аллақандай китобга берилиб
кетдию ишхонадан хийла кечроқ чиқди. Сумкачасини билагига илиб, кимсасиз
коридор бўйлаб аланг-саланг юриб бораркан, эшиги ланг очиқ котибият хонасидан
бўғиқ овоз эшитилди:– Шеърларингизни кўриб кетмайсизми, қизим?
Ойравшан ногаҳоний қувончдан юраги ҳаприқиб, аммо қандайдир ҳадик,
ийманиш билан у ерга қадам қўйди.
28
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Ҳайтовур, Қори ака ёлғиз эмас, қўшни журналда ишлайдиган ўзи тенги бароққош,
ола дўппили бақалоқ киши билан диванда ялпайиб ўтирарди. Олдиларидаги пастак,
устига газета тўшалган хонтахтада тўрт-беш дона олма, парракланган қазими
колбаса, гижда нон бўлаклари. Чамаси, икки улфат ишдан кейин гоҳо мана шундай
шакаргуфторлик қилиб туришади. Уйларига шошиб ҳам нима: ўша бужмайган
хотин, ўша рўзғор машмашаси! – Келинг, қизим, келинг, – деди бақалоқ, Ойравшанга сарупо синовчан назар
солиб чиқаркан, диванда ўзини ўнглаб ўтириб. – Муборак бўлсин энди!
Кирган жойида тараддудланиб туриб қолган Ойравшанни масъул котиб тунов
кунги устида ҳар хил расмлару қоғоз қийқимлари сочилиб ётган улкан стол қошига
бошлади.– Мана, журналимизнинг макети тайёр. Ўтириб олиб бемалол қараб чиқишингиз
мумкин. – Ойравшаннинг иккиланиб турганини кўриб, Қори ака меҳрибонлик
билан қайта даъват этди: – Ўтиб ўтираверинг, қизим, бизга ишингиз бўлмасин.
Макет дегани босмахона бўёғию елим-селим чапланиб ётган бундайроқ дафтарга
ўхшаш бир матоҳ экан.
Ойравшан лаби мудом қип-қизил рассом опанинг ўрнига жойлашиб, “дафтар”ни
варақлай бошлади.– Мана! Мана шу сизнинг саҳифангиз, – деди тепасида қаққайган масъул котиб. –
Қалай, чиройли жойлашибдими? Суюнчини Қори акангизга берасиз-да энди, қизим!
Синчиклаб қараб чиқинг-чи. Бирор нимаси ёқмаса айтасиз, хўпми?
У бошидан нари кетгач, Ойравшан гўёки макетга ёпишди-қолди.
Қўшсаҳифа. Ҳошиялари гулу чечак билан безалган. Бир ёнда Ойравшаннинг
новда “ҳидлаб” шоирона турган узунчоқ сурати. Тепада “Йўлинг ойдин бўлсин,
Ой Ровшан!” деган дабдабали, жимжимадор сарлавҳа, тагида Опанинг сўзбошиси.
Бўлим мудирининг гапи рост чиқди: “шеъриятимизнинг бўлажак юлдузи”,
“тонгги шабнам мисол бокира туйғулар”, “табиатнинг тоза, соҳир гўшаларидан
уфурган субҳидамги нафас”…
Энтикиб кетиб, Ойравшаннинг мижжаларига ёш қалққудек бўлди. Раҳмат,
Опажон, раҳмат!
Яна ҳам қизиғи, исмини иккига ажратиб, ундан жарангдор тахаллус ясалгани
эди. Зўр, қойил! Нега шундай қилиш ўзининг хаёлига келмаган экан-а?
Келгандир-у, журъат этмаган, истиҳолага борган: ўзинг ҳали ким бўпсан-у!..
Мана, энди кимсан – машҳури жаҳон Опа бунга имзо чекиб, муҳрлаб турибди!
Энди биров миқ этиб кўрсин-чи!
(Дарҳақиқат, Ойравшаннинг шеърий тўпламлари кейин шу тахаллус билан
чиқди, танилган бўлса, шу тахаллус билан танилди у.)
Онасининг нақлнамо қилиб айтишича, Ойравшан тун-кечаси уйда таваллуд
топган. Чақалоқнинг эшини ҳовли адоғидаги серҳосил олма тагига кўмиб
қайтишаркан, киндик кесган доя кампир ҳавасланиб, “Қаранг, ой бирам равшан
балқиб турибдики, бамисоли куппа-кундуз-а!” деб қолганида момоси раҳматли
“Шундай ойдин кечада туғилди, келинглар, қизалоғимизнинг отини Ойравшан
қўяйлик, толеи ойдай равшан бўлиб юрсин”, дея ният қилган, сўнгра “Ойдин”
билан “Ойравшан” ўртасида “Мен! Йўқ, мен!” деган каби хийла баҳсу тортишув
ҳам кетган, лекин “янги меҳмон”нинг момоси охири ғолиб чиққан экан…
Ўшанда Ойравшан ўрнига Ойдин аталганида бошқа қиз бўлиб қолармиди денг!
Бироқ нега “Равшан” эмас, “Ровшан” ёзилибди бу ерда? Ойравшан макетдан бош
кўтариб диван тарафга назар ташлади. Қори ака, қўлида коньяк шишаси, пиёлаларга
қуймоқда эди. Бу ҳолга гувоҳ бўлганидан андак хижолат чекиб, Ойравшан барибир
мулоҳазасини айтди.
№ 6 2025 29
Эркин АЪЗАМ– Шундай ёзиладими? – деди Қори ака шишани апил-тапил хонтахта тагига
ураркан. – Аниқми? Ўтиб кетибди-да. Мунтазамхондан-а! Опамиздан шундай
келган чоғи. Майли, тўғрилаб қўяверинг-чи.
(Муаллиф ўшанда исмини тузатиб ёзди, аммо журналда барибир “Ровшан”
бўлиб чиқди. Сабабини сўраб Жамолзодага кирганида, у чимирилиб, “Опа қандай
ёзган бўлсалар, шуниси тўғри, синглим. У киши албатта ниманидир назарда тутган
бўлишлари керак”, деди-қўйди.)
Ойравшан қўшсаҳифани қайта-қайта кўздан кечиргач, ахийри тўйиб, қушдек
қанот қоқиб, раҳмат айта-айта эшик сари юрмоқчи бўлганида улфатлар бир-бирига
қўймай ҳайҳайлаб, уни олиб қолишди. – Шундай қувончли кунда-я, қизим! – деди Қори ака ўрнидан чаққон туриб,
бурчакдаги креслони диванга рўпара суриб келаркан. – Йўқ, биз билан ўтирасиз! – Ҳа, Қори акам тўғри айтадилар, шундоқ ажойиб иш бўпти-ю, ювмасдан
бўларканми, синглим?! – деди бақалоқ ҳам қўшилиб. – Майли, мен ўзим кейин… – дея таранг қилишга уринди Ойравшан.– Бу гал Қори акангизникини ичиб туринг, – деди бақалоқ япасқи юзи баттар
ёйилиб. – Кейинги сафар, журнал чиққанда ана кейин сиз…
Икки улфат қўйма-қўйма қилиб, ажаб тилаклару олқишлар билан ёш шоирага
дастлабки қадаҳни олдирдилар.
Шундан кейин бир бало бўлди Ойравшанга: отаси тенги бу икки одам бирдан
кўзига отасидек яқин, меҳрибон кўриниб, ўзи пиёла тутганини билмай қолди.
Индамаса, шишани Қори аканинг қўлидан тортиб олиб, ўзи қуйиб ичса! – Мен турай энди, – деди бир маҳал бақалоқ шеригига им қоқиб дивандан
қўзғаларкан.
Бу вақтда Ойравшан бўлганича бўлган, боши айланиб, дам-бадам бўйни у ён-бу
ён кета бошлаган эди.
“Андак чарчадингиз шекилли, қизим”, дея кимдир қўлтиғидан олиб аста диванга
ўтқазаётгани ғира-шира эсида…
…Қоронғи шифтга боққан кўйи сочларига чулғаниб диванда чалқанча ётаркан,
Ойравшан дафъатан ўзига келгандек бўлдию ўпкаси тўлиб, ҳиқилламоққа бошлади.
Қоронғи шифтдан кимдир унга тикилиб тургандек… Ғайрат!
Доим шундай пайтда Ғайрат ёдига тушади, Ғайратни эслайди. Нега? Негалигини
ўзингдан сўра, тентак қиз!
Қўшни бинодан акс этган ёғду ичида девдек бир кимса тимирскиланиб юрибди.
Ким эди бу?
Эски “москвич”ида Қори ака уни кечаси бир маҳалда ижарахонасига келтириб
қўйди.
Ойравшан икки кун ишга чиқмади. У ёғи шанба-якшанба эди. Ётди ёлғизхонасида
ич-этини еб.
Ҳафтанинг иккинчи куни Жамолзоданинг олдига кириб, зарур бир иш билан
қишлоққа бориб келганини важ қилганида у одатдагидек чимирилди: – Ҳай, ҳечқиси йўқ. Лекин бир оғиз айтиб кетиш керак эди, шоирам. Опа
сўрадилар, икки марта!
Шу ҳафта ичи Ойравшан масъул котибга ҳам, анови бақалоқ шеригига ҳам
кўринмасликка тиришиб, қочиб юрди.
Опанинг хонадонидаги шанба кунги базмдан сўнггина ул-бул унутилгандек
бўлди. Тавба қилдим, не-не бандалар бир-бирининг кўзига тик қараб юрибди-ку!
Опамиз навбатдаги давлат сийловига сазовор бўлиб, данғиллама зиёфат
бердилар.
30
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Ҳовли-ҳарам ҳисобсиз чироқлар нурига кўмилган, чароғон. Казо-казолардан
тортиб машҳур шоиру ҳофиз ва раққосаларгача шу ерда, асбоб-анжомини елкалаган
таниш телевизорчилар ҳам шу ерда. Кенг саҳн бўйлаб ҳар-ҳар жойга стол ясатилган.
Таҳририят аҳли алоҳида столни эгаллади. Жамолзода билан Қори ака енг шимариб
хизмат қилиб юрибди. Хизматки, анчайин хўжакўрсинга; хўжаси – Опамиз, демак,
Опа кўрсинга!
Опанинг ўзи уй этагидаги баланд ғиштин саҳндан жой олган. Икки ёнида икки
қизи, бири биридан сулув. Оналарининг ёшликдаги сурати дейсиз. Хизматда
юрган – қўш куёв бўлса керак, дам-бадам келиб улардан хабар олиб кетади.
Опа бу атроф-жавонибдан топилмайдиган шоҳона бир либосда, ҳар ёнга мамнун
ва масрур кўз ташлаб, қўлидаги анвойи гулни ҳидлаб-ҳидлаб қўяди.
Кетма-кет совриндорнинг шаънига сўз-алёру куй-қўшиқ янграб турибди.
Бу тўю тантанадан биргина одам бебаҳрадек. У дарвоза тагига стул қўйиб
якка-ёлғиз ўтирибди. Ҳаво илиқ бўлишига қарамай эгнида қалин гуппи чопон,
бошида кизаги бир қарич келадиган андижонча дўппи. Келган-кетганга қонталаш
кўзларини тикиб алланечук ўқрайиб қарайди. На бу ёқдаги ўйин-кулгига иши бор,
на бошқасига. Гунг-соқов мисол, оғиз очиб бировга бир сўз демайди. Ўтирибди
ҳайкал бўлиб. Ёлғиз, шумшайибгина.
Замира опанинг пичирлашича, “Опамизнинг хўжайини” – эри шу эмиш.
Ойравшан қайтиб ўша тарафга кўз ташларкан, таажжубланди: шундоқ Опанинг
бошпаноҳи шунақа бўладими?!
“Шу-шу, қўяверинг”дан бошқа гап ололмади.
Бир маҳал давра бошига ҳовлиқиб Жамолзода келди. – Туринг, туринг, Опа сизни сўраяптилар! – деди жон ҳалпида Ойравшанга.
Опа аввал уни қизларига таништирди: – Буям қизим. Сизларга сингил бўлади энди, – деди тилла тишларини
ярақлатиб жилмаяркан. – Ўзларингга ўхшайдими? Сингилликка оламиз-а? – Кейин
Ойравшанни ёнига ўтқазиб, қулоғига шивирлади: – Ҳозир чиқиб битта шеър
ўқийсиз! Ҳув анови, “Танҳолик – байрам менга”миди, ўшани. – Вой, опажон, уяламан бу ерда, – деди ичида жон-жон деб турган Ойравшан.– Ўқийсиз, ўқийсиз! Опангизнинг тўйи-я бу!
Шу атрофга танда қурган Авет чопакелиб “чақмоғи”ни чақиллатишга тушди.
“Опахоннинг суюкли шогирди” битта эмас, тўртта шеър ўқиди. Олқишу
чапакларга кўмилди. Севинчдан кўзлари ёшланиб, кафтини кўксига босганча
даврага таъзим бажо этиб тураркан, рўпарасида ким денг, шахсан Опа пайдо бўлди.
У маҳкам қучоқлаб пешонасидан ўпди-да, Жамолзоданинг қўлидаги шўх атласни
олиб унинг кифтига рўмолсимон кепата ўраб қўйди. Тағин қарсак, тағин олқишлар!
Шунда Ойравшаннинг кўзи Жамолзоданинг биқинида қаққайиб чапак ураётган
Қори акага тушдию елкасидаги атлас мисоли товланиб турган дунё кўзига бирдан
қоронғи кўриниб кетди. Байрам ҳаром, бу олқишу сийловлар ҳаром! Бари бир пул,
бир чақа!..
Зиёфатдан Замира опа билан Ойравшан уста Аветнинг қизил “жигули”сида
қайтишди. Баъзиларни келиб эрлари олиб кетди. Опага маҳрамдек яқин, садоқатли
Жамолзодаю Қори акагина қолди – хизматни якунига етказгани.
Ҳамиша ҳозир масъул котиб душанба куни нечундир ишхонада кўринмади.
Сешанба ҳам, чоршанба ҳам. Ходимлар у ер-бу ерда алланимани пичир-пичир
муҳокама қилиб турар, Ойравшанни кўрганда эса бари бирдан жимиб қолар эди.
Нима гап ўзи?
Унга билдирилмайди, у – Опанинг одами!
№ 6 2025 31
Эркин АЪЗАМ
Қори ака жума куни пайдо бўлди. Каттакон қора кўзойнак тақиб олган, лекин
қовоқларининг чети қонталаш бўлиб турибди. Буни кўриб, ҳув зиёфат куни дарвоза
тагида учратгани қонталаш кўзлар Ойравшаннинг ёдига тушди. Тинчликмикан?
Йўғ-э, кап-катта кишилар, ниманинг устидан можарога боришарди! Замира опадан
гап кавлаштирган эди, қувлик билан елка учириб қўйди, холос.
Ўтар экан, ҳар қандай жароҳат бир кун келиб битар, унутилиб ҳам кетар экан.
Қора кўзойнак ечилди, тағин ўша-ўша Қори ака, масъулдан-масъул котибимиз!
Яна бир куни ишдан кечроқ бўшаб, хонасини қулфлаётса, яна ўша эшик тарафдан
овоз келди:– Равшаной, бу ёққа бир қараб кетинг!
Истар-истамас бурилиб котибиятга бош суқса, худди ўша манзара: хонтахта
устида тўрт-беш дона олма, колбаса ва нон тўғрамлари; диванда бақалоқ амаки.
Қори ака хонанинг ўртасида тик турибди, қўлида очиқ журнал. – Қани, табриклаймизми энди?! – дейди алланечук хижолатомуз, беўхшов
илжайиб. – Мана! Ҳозиргина келди босмахонадан, ҳозиргина. Бўёғи ҳам қуримаган
ҳали. Кўрасизми?
Ойравшан бор аразини унутиб, ожизона бир энтикиш билан ичкарига интилди.
Аммо эшикдан кирган жойида тўхтади. Масъул котиб журнални маҳкам кўкрагига
босиб олган эди. – Қуруқдан-қуруғ-а? Суюнчиси нима бўлади бунинг?– Ҳай, ўйнаб берадилар, ўйнаб! – деди ҳиринглаб дивандан бақалоқ. – Майли, ҳозир бориб… – дея Ойравшан эшик сари бурилган эди, Қори ака
билагидан чангаллаб тўхтатди-да, журнални қўлига тутқазди.– Ҳазил, ҳазил. Ҳали Опахоннинг ўзлари ҳам кўрмаганлар буни. Ҳеч ким
кўрмаган. Биринчи бўлиб сиз…
Дарҳол журналга ёпишган Ойравшан яна эшик томон қараб қўйди: – Йўқ, мен бориб бирпасда…– Қўйинг, қўйинг, синглим, овора бўлманг. Мана, ҳаммаси бор, тайёрлаб
қўйилган. Биз билан ўтирсангиз кифоя. Ювамиз-да. Буниси биздан бўлсин, кейинги
сафар ўзингиз…
Ойравшан бақалоққа совуққина бир назар ташлаб, Қори ака суриб келган
креслога ўрнашди-да, журнални варақлай кетди. – Вой! – деди илкис бошини кўтариб. – Вой, тағин ўшандай “Ровшан” деб
ёзилибди! Тузатган эдим-ку?! – Қани, қани? – дея тепасига келди масъул котиб. – Мунтазамхоннинг иши-да бу,
ўша қилган бўлса керак. Ҳай, буниси муҳим эмас, муҳими…– Равшан бўлди – нимаю Ровшан бўлди – нима! – деди бақалоқ гапга аралашиб. –
Муҳими – “Ой”, ойдек ҳуснингиз! Тўғрими, Қори ака?
Кап-катта одамнинг бу суюқ, ўхшамаган хушомадига энсаси қотди-ю, аммо
индамай қўяқолди Ойравшан: мавриди эмас ҳозир! Андак хижилликни айтмаса,
кўнгли шу тобда ойдек ёришиб, равшан тортиб турибди – хиралаштириб нима
фойда! Масъул котиб айтгандек, муҳими!..
Унинг ҳув базмдаги олқишларни ҳам қўшиб айтган узундан-узоқ, баландпарвоз
таърифларидан кейин Ойравшан пиёлани индамай қўлига олди.
Иккинчи қўлдан сўнг Қори ака бир нима эсига тушгандек шошиб ўрнидан турди:– Мен бир босмахонага тушиб чиқсам, – деди бақалоққа юзланиб. – Тираж қачон
тайёр бўлади, билиб келай. Ҳали буни Опага ҳам етказиш керак… Сизлар бемалол.
Бу пайтда Ойравшан ўзи билан ўзи бўлиб қолган, ким кетади, ким ўтиради –
унга барибир эди.
32
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр– Мен Қори акангиздан тўрт ёш кичкинаман, – деди бақалоқ, шериги даф бўлгач,
томдан тараша тушгандек қилиб. – Тўрт ёш, билдингизми? – Ҳа, яхши экан, – деб қўйди тушунмай Ойравшан.
Япасқи башараси баттар ялпайиб, бақалоқ унга ошкора беҳаёлик билан ишшайиб
қаради. – Бу ёғи ҳам шунга яраша, синглим, кўрасиз!
Ойравшан жаҳл устида қўлидагини сепиб юборган эди, беихтиёр бармоқлари
орасидан отилиб кетган пиёла бориб бақалоқнинг башарасига қопқоқ бўлай деди. – Бу нима қилганинг, қанжиқ!
Ойравшан журнални ҳам эсидан чиқариб, шартта юлқиб сумкачасини олдию
эшикка қараб қочди. Қари кўппаклар!
Кўчадан Опани қарши олиб, сурувлашиб коридорга бурилишаркан:– Ҳали ҳузуримга бир киринг, қизгина, – деди Опа ортига ўгирилиб, кутилмаган
расмий оҳангда.
Меҳрибон устозидан илк бор бундай совуқ муомалани кўрган Ойравшаннинг
юраги шиғиллаб кетди: эшитибдилар! Тамом, бари тамом!
Адашмаган экан. – Сизни телевидениега ўтказсак нима дейсиз, қизгина? – деди Опа дабдурустдан
унга синовчан боқиб. – Менимча, сизга ўша ер дуруст.
Бу ёғини сира кутмаган Ойравшан “раҳмат, раҳмат” дея унинг бўйнига осилгиси
келди-ю, ўзини базўр босиб, бокира қизалоқ шамойилига кирди – ибо билан ерга
тикилди.– Сиз нима десангиз шу, опажон. – Ҳа, ўша ер тузук сизга, – деб такрорлади Опа қўлидаги қаламнинг орқасини
столга оҳиста тиқ-тиқ уриб. – Раҳбарига тайинлаб қўйганман, менинг номимдан
бораверасиз. Бизга эса келиб турасиз, ёзиб турасиз, хўпми? Келишдиг-а? Лекин
эъжодни бўшаштирманг. Мен шеърларингизнинг мухлисиман, ёдингизда бўлсин!
Телевидениега қараб ҳар қанча қанот қоқиб турган бўлмасин, шеъриятга
йўл очиб берган шундай мўътабар, меҳрибон инсондан узоқлашув, уни ташлаб
бошқа ёққа кетиш Ойравшанга хийла оғир, кўнглининг бир четини аллақандай
пушаймонликми, айбдорлик ҳисси хиралаштириб турар эди. Кўрнамаклик қилдинг,
эй тентак қиз!– Эркаликни қўйинг, Равшанка! – деди кечагина бош муҳаррирликка кўтарилган
Мирғиёс қўрслик билан. – “Бораман-бормайман” эмиш! Сиздан бошқа кимни
юборай, айтинг? Шоирасиз, иннайкейин, билишимча, Опа ўзингизга устозлик ҳам
қилган эканлар. Тўғрими?
Бу даргоҳнинг иқлими шундай: ҳалигина ботқоққа ботиб ётган одам, яна бир
қарасангиз, бек бўлиб турибди! Ёки бунинг тескариси. Омад, қобилият, ишчанлигу
таниш-билишчиликлар ўз йўлига. Тайёрлаган кўрсатувингиздан бирор ишкал
топилдими, баъзан унда ҳатто бирор сўз ноўрин ишлатилдими, бас, осмонингизда
қора булутни кўраверасиз! Бўлмаса, эфирга берилгунича минг бир чиғириқдан
ўтган, бугунга келиб тепангизда зуғум қилиб турган саф-саф раҳбарнинг бари
ундан хабардор! Йўқ, калтак барибир сизнинг бошингизда синади. Ўл етим –
сиз! Додингизни кимга айтасиз, хўш? Асли ўша дод деб бориладиган манзилдан
қўнғироқ бўлган: кимгадир нимадир ёқмаган, нимадир кимнингдир манфаатига
зид келган… Тамом, кўрпа-тўшагингизни кўтараверинг бу ердан! Бир гал бир олим
қизғиш кўйлакда кўриниб балога қолган экан: нимага шаъма бу?! Суриштирилса,
шундан бўлак оҳорлироқ кўйлаги йўқ экан шўрликнинг. Ўшанда бу “қизилпараст”ни
экранга судраб чиққан муҳаррир ҳам курсисини алмаштиришга мажбур бўлган.
№ 6 2025 33
Эркин АЪЗАМ
Бу “тегирмон”даги ногаҳоний инфаркту инсультлар шундан. Муросасиз
рақобатнинг ҳам сабаби шу. Тўғри-да, бир вақтнинг ўзида миллионлаб кўз сизга,
оғзингиздан чиқаётган ҳар бир сўзга қараб туради. Худо кўрсатмасин, худо
кўрсатмасин!
Келиб-келиб бу соҳанинг шайдоси, йўқ-йўқ, мубталоси бўлганига Ойравшан
неча-неча марталаб пушаймон чеккан, аммо эртаси куни оёғи ўз-ўзидан яна шу
ёққа тортаверган. Чунки ажаб бир оҳанрабоси бор, жозибаси бор. Қурғур шундай
қудратлики, бир бор ўралашган одам кейин бу даргоҳдан ўз оёғи билан чиқиб
кетолмайди.
Мана шу болани айтинг. Отаси ҳам, амакисию тоғалари ҳам шу ерга ин қуриб
олган. Сулолавий дўкон. Бугун биттаси мансабга ўтирган бўлса, у “фалокат”га
учраган заҳоти униси чиқиб олади. Кечагина орқасидан эргашиб, “Ёзган матнимни
бир кўриб берсангиз, Ойравшан”, “Кўрсатувимга зўр бир шоирона матн ёзиб
берсангиз, илтимос, Равшаной”, дея ялиниб юрган бола бугун мана, тепасида дўқ
уриб турибди, боз устига – “Равшанка”! Начора, ўзинг танлаган таом…
Гап шундаки, шеъриятимизнинг онахони бўлмиш Опага яна қандайдир орденми,
мукофотми берилибди, бориб интервью олиб келиш керак экан. – Тўғри, бир вақтлар шеърларимга сўзбоши ёзганлар, – деди Ойравшан
аллақаери зирқираб. – Лекин ҳозир уйлари эсимдан чиқиб кетган, телефонларини
ҳам билмайман.
Дарҳақиқат, ўша кетганича Ойравшан қайтиб “Зебо” журналига қадам босмаган,
ҳатто у ерда икки ойми-уч ой ишлаганлари ҳам эсидан чиқаёзган, мана неча
йилдирки, Опага рўбарў бўлмоққа юзи чидамай, доим ундан қочиб юрар эди.
Мирғиёс унга нечундир анқайиб тикилди-да, бир парча қоғозни шап этказиб
столга қўйди.– Ҳаммаси келишилган! Опа кутиб ўтирибдилар. Боя гаплашдим. “Ўзимнинг
қизим экан”, дедилар-ку сизни…
Ойравшаннинг телестудия ҳовлисида ашқол-дашқолини елкалаб турган уч-тўрт
дастёрни эргаштириб “Дамас”га ўтирмоқдан ўзга чораси қолмади.
Йўл бўйи минг бир хаёл, минг бир андишаю хижолатлар билан юраги пўкиллаб
борди.
Ҳовли эшиги ланг очиқ турарди. Демак, одам келиши кутиляпти.
“Очиқ эшик. Кирдим. Гулшанга…” Шеърнинг биринчи сатри. Охиргиси ҳам
куттирмай келди: “Тарақлатиб ёпдим эшикни”. Ўртаси-чи, ўртаси нима билан
тўлдирилади? Ана шуниси оғир-да сенга, Ойравшан! Кел, ҳадеб бевафо ёру
бошқаларидан ёзғиравермай, бу гал ўзимиздан ҳам сўз очайлик, ўзжонимизнинг
гуноҳларини ҳам мардона ўртага ташлайлик!..
Опа, қўлида бир дона гул, ҳидлай-ҳидлай тош йўлка бўйлаб келиб уларни
пешвоз олди.
Унчалик ўзгармаган. Андак озганроқдек, холос. Эгнида пўрим кўйлак, бўйнида
ҳамишаги зангори шарф. Айни шу тобда-ку телевизорда чиқишга шайланиб
ясангандир, аммо бошқа вақт уйда қандай кийим кийиб юрар экан бу кампир?
Ойравшан уни хонаки либосда тасаввур қилолмади. Мудом мана шундай безаниб,
бир ёққа отлангандек тайёр ўтирса керак-да. Машҳурларга ҳам осон эмас. – Вой, ўзимнинг қизим-ку! – дея Опа тамоми чарақлаб, қучоқ очиб келди.
Бўғинлари бўшашганча унинг бағрига отиларкан, Ойравшан бор айбу гуноҳини
биргина сўзга жам қилди: – Опажоним!..
Унинг дийдасидан бўёқ аралаш оққан ёшларни кўриб, Опа дарҳол кафтидаги
тайёр рўмолчасини узатди:
34
Шарқ юлдузи
– Манг, манг, артиб олинг.
Момақалдироқ остида сайр
Ойравшан кўзёшлари ора жилмаймоққа уринди: – Яна рўмолча! Яна рўмолчангизни тутяпсиз-а, опажон? Эсингиздадир, ҳув
зинапояда ҳам қўлингиздан тушиб, кейин уни менга совға қилгансиз? Ажойиб
рўмолча эди, яп-янги, ноёб матодан. Неча вақт тутиб юрдим. Ҳар гал қўлга
олганимда сизни эслардим. Қизиғ-а? Атай тушириб қўйдилар-ов, деб ўйлардим
ўзимча. Ё ростдан ҳам шундай қилганмидингиз, а? – Эҳтимол, эҳтимол, – деди Опа ўзига ярашган бир қувлик аралаш. Сўнг
ўйчанлик билан илова қилди: – Асраб қололмадингиз-да шуни, қизгина… –
Ойравшаннинг мунғайганини кўрибми, гапни бирдан бошқа ёққа бурди: – Бизнинг
ёшлик даврларимизда “Фабрикамнинг йўлидан рўмолча топиб олдим” деган
қўшиқ бўларди. Кечалари тўда-тўда бўлиб ишдан қайтишда қоронғидан қўрқиб,
жўрликда ўшани айтардик. Ёшлигимда мен фабрикада ишлаганман, биласиз-а?
“Текстилкомбинат”да тўқувчи эдим. Оддий тўқувчиликдан бошлаб, қаранг, шундай
кунларга етиб келибмиз-а!..
Опа, чамаси, ҳали камера қаршисида айтажак гапларини машқ қилиб олмоқда
эди.
Интервью даҳмазаси бирпасда, осонгина битди. Опа гулзор ўртасидаги тебранма
курсига ястаниб олиб гапирди. Раҳмат, раҳмат, ҳаммага қуллуқ… Лекин шу сўзларни
ҳам ажиб бир самимият, ажиб бир оҳангда айтдики, Ойравшан охирида чапак чалиб
олқишлади:– Раҳмат, опажон, раҳмат. Зўр чиқди! – Бундай чоқда бошқа нимаям дердингиз, шу-да! – деди Опа креслосидан
ҳафсаласиз қўзғаларкан. – Берганини ол, бермаганида қаноат қил. Берувчининг
раъйига боғлиқ-да бунақа ишлар… Нечага кирдингиз, қизгина? Йигирма саккизга?
Вой-бў-ў, опангизга ўхшаб етмишга киргунингизча ҳаммасини олиб улгурасиз,
ҳаммагинасини! Бундан зўрларини ҳам! Ҳа, ишонаверинг, Равшаной. Аммо мана
шу ёшингизни, ҳусну малоҳатингизни ҳеч ким сизга қайтариб беролмайди.
Телевизиончилар апил-тапил лаш-лушларини йиғиштираётганини кўргач, Опа
уй томон овоз бериб чақирди: – Ҳуснижамо-ол, Ҳуснижамол!
Иккинчи қаватдаги бир деразадан ўн саккиз-ўн тўққиз ёшлар чамали ростакамига
ҳуснижамол бир қиз бошини чиқарди:– Лаббай, бувижон?– Меҳмонларга қарамайсизми, қизим, кетишмоқчи-ку?– Хўп бўлади, бувижон, ҳозир!
Опа аста ёндашиб, Ойравшаннинг қулоғига пичирлади: – Компьютер савилга ёпишгани ёпишган, бувижонининг биттаям шеърини
билмайди! – Йўғ-э, билишга-ку билар, айтишга уялса керак-да сиздан, – деди Ойравшан
кўнгил учунгина.
Опа беҳафсала қўл силтаб қўйди:– Ҳе, қаёқда! Шеъру шеърият деганлари сизу биз билан бирга кетадими деб
қўрқаман…
Опа ҳарчанд қистамасин, бошқа жойга шошаётганларини айтиб, телевизиончилар
меҳмон бўлмоққа унашмади.– Сиз бирпас ўтирарсиз, қизгина? – деди Опа алланечук илтижоли оҳангда.
Шерикларини кузатгач, Ойравшан Ҳуснижамол қиз чопиб-чопқиллай тузаган
дастурхон бошига келиб, Опага рўбарў ўтирди.
№ 6 2025 35
Эркин АЪЗАМ
Дастлаб ундан-бундан гап кетди. Туриб-туриб Ойравшан исмидаги “а” билан
“о” муаммосини эслатди, ўшанинг сабабини сўради. – Ёзувда “а” “о”га ўхшаб қолгандир, тузатиб қўявермабсиз-да ўзингиз, – деди
Опа хаёлчан кулимсираб. – Тузатувдим, тузатувдим, журналда барибир “Ровшан” бўлиб чиқди…– Менга айтишингиз керак эди. Бекорга Мунтазам эмас-да унинг оти…
Ойравшаннинг назарида, журналдаги ўша бир-икки ойлик фаолиятига боғлиқ
эслашга арзигулик гаплар соб бўлгандек эди. – Ҳаҳ, қизгина, қизгина! Ажаб ишлар қилиб кетдингиз-а ўшанда, – деб қолди бир
вақт Опа меҳмонига тикиларкан, ўкинч билан бош чайқаб. – Мен кетсам, ўрнимга
сизни қўйиб кетаман деб ният қилувдим-а… Ўғилча катта бўлиб қолгандир? Шу
ердами, ўзингиз биланми?
Нозик бир жойига тиғ урилган каби Ойравшан дафъатан безовта тортди:
биларкан, ҳаммасини эшитган экан! Лекин кимдан, қаёқдан?– Яхши, юрибди, – деб қўйди кўзини яшириб. – Шеър-чи? Шеърият нима бўляпти?
Хайрият, у ёғига ўтилмади. Демак, у ёғидан бехабар. Хайрият. Ойравшанга
қайтиб жон киргандек бўлди.– “Сайланма” чиқаряпман…– Ў-ў, зўр-ку! Шу ёшда-я? Муборак бўлсин, муборак! Ўз ҳисобингиздан бўлса
керак-да, ҳозир шундай-ку? Ёки бели бақувватроқ ҳомийлардан борми? – Йўқ, ўзим, ўзим, – деди Ойравшан саросима билан. Яна нафсониятига ўқ
отилган эди.
Бошқа унақа савол бўлмади. Бор экансиз-ку, опажон!
Ҳовлида “компьютерга ёпишган” Ҳуснижамолдан ўзга кимса йўқ эди. Устоз
шогирд талай замон иноққина мушоира қилиб ўтирдилар.
Опа оламдан ўтганида Ойравшан Иссиқкўлда Бобой билан чўмилиб юрган
эди. Келиб эшитди. Эшитди-ю, иккиланиб қолди. Таъзияга борсинми? Лекин
бориб кимдан кўнгил сўрайди? Ҳув тутинган опалариданми? Аллақачон уларнинг
эсидан ҳам чиқиб кетгандир. Айтгандай, иккаласи ҳам уйли-жойли эди, ўзларидан
ортишмас. Ҳайҳотдек ҳовлида ким қолган экан? Анови ҳўкизтабиат эридир-да?
Унинг олдида нима қилади? Ке, қўй, Опанинг ўзи бўлмаса, кўрмаса, бориб нима
топардинг, Ойравшан! Аммо яхши инсон эди Опа, бебаҳо инсон эди. Худо раҳмат
қилсин, омин!
Бир йиллар бурун “Зебо” журналида аллаким, айтишларича, назарногирроқ
майда бир ходима қандайдир машмаша қўзғаб, Опа ишдан бўшаб кетгани, ҳозир
ғамбода бир ҳолда шумшайибгина уйда ўтиргани қулоғига чалинган эди. У қанақа
машмаша, бошлаган шаддод ким – Ойравшан бу ёғидан бехабар. Телевидение
шундай жойки, бир кунда унақа мишмишлардан мингини эшитасиз, бироқ
охиригача тингламоққа фурсат қайда – чопа-чоп, ҳайда-ҳайда!
Бир куни одатдаги топшириқ юзасидан қаёққадир отланиб, шериклари билан
ҳовлида “Дамас” кутиб турган эди, бир тўп хотин-халажни ортидан эргаштириб
эшикда виқорли бир хоним кўринди. Ойравшанга кўзи тушиб у дадил одимлаб
келдию тортинмай-нетмай ачом-ачом қила кетди.
Ойравшаннинг оғзи очилиб қолди: Муфлиҳа, ҳув журналда ишлаганида
югурдаклик қилиб юрган битлиқинамо Муфлиҳа! Бужур башарасини обдон
шиббалаб, сочларини кестириб-ҳурпайтириб, жингалак қилиб олган; барибир
аллақандай ёғли, ёпишқоқ, ҳамон қазғоқлари бордек. Кўзлари ўша-ўша дум
думалоқ, ўйнаб туради. Лекин кибру ҳаво бўлакча! Ҳозир “Зебо”нинг Опахони шу
36
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
экан-да. (Демак, анови машмашанинг бошида турган ҳам шугина!) Ана, “қизлар
билан” журнал обунасини тарғиб этгани келибди бу ерга. Тавба, куласизми,
куясизми? Йўқ, ўлай дейсиз!
Ойравшан журналдаги бор кечмишни шундан эшитди. Муфлиҳа нарироқда
мунтазир бўлиб турган хизматдошларига парво ҳам қилмасдан, бўлган гапларнинг
ҳаммасини битталаб, шошилмай айтиб берди. Сўрасангиз-сўрамасангиз
гапираверади, оғзи тинмай бидирлайди.
Журналнинг “фарроши” Мунтазам Жамолзода ниҳоят нафақага ҳайдалибди.
Уни жўнатиш роса қийин бўлганмиш. “Бутун умримни шу журналга бердим, қаёққа
кетаман?! Уйда ёлғиз ўтириб нима қиламан?” дея ўлгудек ғишавага борганмиш.
Эрсиз тоқ ўтган экан-да у. Биргина асранди қизи ҳам аллақачон турмуш қуриб
кетган. Кишининг ичи ачийди-ю, лекин…– Пошла ты, дедим! – дейди Муфлиҳа думалоқ кўзларини бежо ўйнатиб. – Зачем
менга Опадан қолган сарқит! Билсангиз, сизни кавлаштириб, журналдан кетказган
ҳам ўша жодугар эди.
Ҳа-а, бу маҳмадонанинг Ойравшанга “дастурхон ёзгани” бежиз эмас, уни ўзига
тарафдор бир жабрдийда деб билар экан. Қани, қани, у ёғини эшитайлик!– Замира опани сўраяпсизми? Уни ўзимга зам қилиб олганман. Ҳа, келолмади.
Раҳбар йўқлигида ишхонада биров ўтириши керак-ку, тўғрими?
Демак, Замира опа бу кишимнинг Жамолзодаси! Яхши хотин эди-ку у? Яхши
бўлса ҳам бир поғона ўсай дейди-да бандаси!
Опа бўшаган заҳоти Қори акамиз ҳам аризасини ёзибди. Ахир, Опа бўлмагач
нима қилади у бу ерда? Ўзи бир буғалтирдан чиққан чаласавод бўлса! Биларсиз,
устозингизнинг норасмий эри эди у кишим! Иккала қизи ҳам ўшандан. Разм солиб
қаранг, ўхшаб кетишади-ку. Опанинг эри бепушт эди-да, кўргансиз-а уни?
Ойравшаннинг ҳангу манг қолганини ўзича тушуниб, сўзига шеърий далил
келтирди у:– “Тақдир берди менга бари-барини, бир дардгина эзар юрак-бағримни” деган
сатрлари эсингиздами? Ўшанга ёзилган-да!– Шу гапларингиз ростми ўзи, Муфлиҳа? Мен бехабар эканман, қаранг. Наҳотки…– Рост бўлмай нима? Ҳамма биларди-ку буни. Содда экансиз, Равшаной, жуда
содда! Қишлоқдан чиққансиз-да. Ана энди ўзингиз айтинг: шундай нопок, маиший
бузуқ кимсалар “Зебо”дек журналда ўтиришга ҳақлими? А?
Шу чоқ кутилаётган “Дамас” келиб ҳовлида тўхтади.– Ойравшан! Кетдик! – дея ҳайқиришди шериклари.– Сиз ҳақсиз, Муфлиҳа, сиз! – деди Ойравшан шартта бурилиб, машина сари
югураркан.
Анови хотин тағин нималардир дея жавраб қолди ортидан. Сайра, сайрайвер, эй
гўнгхўр чуғурчиқ!
Лекин агар шунинг гаплари рост чиқса, устозингга, бувинг қатори бир кампирга
кундош бўларингга сал қолган экан-да, Ойравшан! Ўл бу кунингга, ўл!
II
Эртага сайлов, катта сайлов, номзодлар учун гўёки ҳаёт-мамот савдоси, лекин
бугун ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит эди. Нари-бери бир ойлик “мени сайланг,
мени сайланг” васвасаси якунга етиб, сурункали югур-югурлар, мақта-мақтаю ҳар
алвон ҳийла-найрангларга чек қўйилган, ўртадаги биргина кун баайни шуларнинг
сийлови; бу сийловнинг эртаси эса пулсирот: ўтган ўтди, ғолиб чиқди, қандини
урсин, қолганлари қулади – тубсиз, имконсиз жарга. Курашдан тўймаган битта
№ 6 2025 37
Эркин АЪЗАМ
яримта ишқибоз беш йилни ўтказиб тағин шу қалтис чоҳга яқинлашади. Яна омад
синови, яна қимор жазби…
Аммо ўтган фурсатдаги ташвиш-таҳликалардан киши худди паккага етган
тулпор мисоли мажолсиз сулайиб, эртанги натижани ўйламоққа-да ҳолу ҳафсаласи
йўқ, алланечук лоқайд, карахт бўлиб қолади. Тўғри, бўлажак манзарани кўз
олдига келтирса юрак бир орзиқиб, энтикиб кетади. Эртага ўзга одамга, эгам
“ол, қулим” деса, нақд қаҳрамонга айланасан! Эртадан эътиборан ҳаётинг янги,
ҳали кўрилмаган ажиб поғонага юксалади. Ён-верингдагилар ҳам бошқа, ўзинг
ҳам бошқа, ҳамма сени яхши кўрган, ардоқлаган, силаб-сийпаган. Бамисоли бир
табаррук эшон! Яшасин!
Мабодо, ишлар тескари бўлиб чиқса-чи, ҳай-ҳай! Битта-ярим яқиндан-яқин
кишинг дунёнинг адолатсизлигидан сўз очиб кўнгил сўрамаса, таскин-тасалли
бермаса, илгари қадрдон санаган унча-мунча таниш-билишинг ҳам сени кўрганда
юзини буриб қочиш пайидан бўлади. Гўёки сен энди лаънат теккан банда, кераксиз
бир хор кимса, ҳатто у ер-бу ери тегиб кетса иллати юқадиган мохов! Ўша кундан
худо асрасин денг!
Ойравшанимизнинг эса бу ёғидан кўнгли тўқ, тўқдирки, ортиқча ўй-хаёллар
доримас, вужуди бўм-бўшдек ҳувиллаб қолган эди. Чарчоқлардан, ҳорғинликдан.
У чошгоҳларга борибгина уйқудан кўз очди. Туш-пуш кўрмай маст ухлабди.
Уйғонгач ҳам талай замон тўшакдан бош кўтаролмай ётди. Кечаги толиқишлар
ҳиссасини оляпти чоғи, шошиб қаёққа боради? Ҳали мадам Хосият қўнғироқ қилиб
ҳол сўради. Туманга аллақандай комиссия келибди, ўшалар билан овора эмиш,
бугун хабарлашолмаса керак, узр. Балки кечқурун меҳмонларни бошлаб бу ёққа
ўтар, зерикмай ўтирасиз-да энди, дугонажон. Демак, яна зиёфат, яна қадаҳбозлик,
қуриб кетсин!
Ташқарида шарпа юриб қолди. Эшикнинг очилиб-ёпилгани, айвон бўйлаб ғижир
ғижир қадам товушлари. Тамара бўлса керак. Келибди-да. Кечроқ туришини билади,
кеча тайинлаб қўйган. Ойравшан тўшакдан қимирламай ётаверди. Ҳа, ўша экан,
ана, кимгадир ўшқиряпти. Ҳар доимгидек кенжасини эргаштириб олган шекилли.
Ўзи Ойравшандан уч-тўрт ёшлар катта онахотин-у, “опажон, опажон” дейди нуқул.
“Нега унақа қиласиз, Тамара опа?” “Сиз телевизорларда чиқиб юрасиз-да, опажон”.
Дафъатан қараган одам уни эркак кишимикан деб ўйлайди; юзини таппот босган,
қоп-қора, ёноқлари туртиб чиққан, отбашара. Осонми – тўрт боланинг хунобаси,
қишлоқи танг рўзғор, устига-устак, бу ерга келиб-кетувчи меҳмонлар ташвиши!
Косовдек қўлларини тузукроқ совунлаб ювмоққа ҳам фурсат тополмас. Ойравшан
турса ҳам, ўтирса ҳам кўз узмай тикилгани тикилган. Ўнғайсизланиб, гоҳо
ғаши ҳам келиб “Ҳа?” деса, айбдорона илжайиб қўяди: “Чиройлисиз-а, опажон,
нима кийманг, ярашади-я сизга!” Ёқиб кетган бўлса-да, “Э-э, қўйинг, – дейди
тантиқланиб Ойравшан, – сизнинг кўзингизга шундай кўринсам керак-да”. “Йўқ,
йўқ, телевизорда чиққанларингизда ҳам доим ҳавасим келиб қараб ўтирардим”.
Ойравшан айланиб ўтиб, кўнгил учун, унинг кифтидан қучиб қўяди: “Ўзингиз ҳам
ул-бул суриб юринг-чи, мендан ўтиб кетасиз!” “Қаёқда дейсиз, биз бечораларнинг
бўлганимиз шу энди”, дейди Тамара ерга қараб мунг билан. Аллақаери эригандек
Ойравшан уни баттар суйиб кетади, лекин дилида ғирром, хиёнаткор бир ўй: “Қани,
малика бўлсангу ёнингда шундай чўринг юрса! Меҳрибон, жонсарак. Садоқатли
қудуқ. Пазандалиги-чи!” Икки ҳафта бурун Тошкентга ўтганида унга одмироқ бир
шиша атиру болаларига қанд-қурс совға қилиб келганидан бери-ку ялаб-юлқаб
38
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
гирдидан нари кетмайди. Шўрлик Тамара! Доим “Исмингизни ким қўйган, нега
Тамара?” деб сўрагиси келади-ю, истиҳола қилади: отасими, онасими, аллақаердан
эшитиб-билиб, ҳавас билан шундай атагандир-да. Ойравшаннинг назарида, мадам
Хосиятнинг оти Тамара бўлиши кераг-у, буники Хосият…
Эр-хотин боғ этагидаги овлоқ бир бурчакда истиқомат қилади. Пасқамгина уй,
чоғроқ ҳовли-томорқа, тўрт чурвақа, эчки-улоқ. Эри Чорибой улкан чорбоққа ҳам
қоровул, ҳам дов-дарахтга қараб юрадиган боғбон қатори. Миттигина трактори ҳам
бор, боғнинг чор тарафида тариллаб ётади. Хотин бу ёқда – меҳмонхонада, ҳам
фаррош, ҳам ошпаз, ҳам Ойравшанга ўхшаганларга чўри мисол.
Чорибой аҳён-аҳён кўринмаса, бу томонларга қадам босмайди. Каттароқ зиёфат
чоғларида бошқа гап – қўй сўйишу ўтин ёришлар шунинг зиммасида. Ойравшан
унинг овоз чиқариб сўз айтганини эшитмаган. Гунгурс. Бошини кўтариб одамнинг
юзига қарамоқни билмайди, уялинқирагандек ерга тикилиб тургани турган.
Булар телевизор қараб, бошқаларни кўриб, “Қандоқ бахтли-я шулар!” дея ҳавас
қилса керак. Ўзларича бахтли эканликларини эса билишмайди.
Айвон поли ғижирлаб, эшик оҳиста чертилди, қияроқ очилди ҳам, лекин биров
бош суқмади. Тамара. Фаросатли-да.– Опажон, мен бугун қишлоққа ўтиб келсамми девдим. Синглимнинг мазаси йўқ
экан. Нонуштангиз тайёр. Тушлик ҳам. Ошхонада. Бир илитиб олинса бўлди. Кечга
ўзим етиб келаман.– Раҳмат. Шуниям сўраб ўтирадими, бораверинг, бемалол.– Хосият опамдан дарак йўқ?..– Иши чиқиб қопти. Боя қўнғироқ қилувди.– Ҳа-а. Майли, опажон, яхши дам олинг.
Эшик секин зичланди. Бир нафасдан сўнг ҳаммаёқ тинчиб қолди. Кетди-ёв.
Меҳмонхона бекасининг бор-йўғи билинмайди-ю, лекин ёлғиз қолганда одам
алланечук енгил тортади, ўзини эркин сезиб гоҳо гуноҳга мойил ўйларга ҳам
боради, бир нималар қилгиси келади. Ойравшан ҳозир шундай ҳолатда эди. Чунки
мадам Хосият доим ёнида, бир зум ёлғизлагани қўймайди, кунда-кунора бирга
тунаб ҳам кетади. Кеча оқшом овқатдан кейин, “Бир ўзингиз ётгани қўрқмайсизми,
дугон? – деди шўхчан кўз қисиб. – Мен анови калтагинамдан бир хабар олай.
Шундай кўрингани билан ёмон у ўлгур, қўшни-пўшнига ораламасин. Ёки Тамарага
айтайми, қолсинми ёнингизда? Чорибой бу қораталоқни нима қиларди, бир кеча ётса
ётибди-да, ўлмас!” “Йўқ-йўқ, қўйинг, керакмас”, деди истамай Ойравшан. “Биронта
олабўжи-полабўжи адашиб қолмасин дейман-да, дугон”. “Ўша олабўжингиз мендан
қўрқсин, Хосиятхон!” “Ижобийроғи бўлса-чи?” дейди-я шайтон тағин кўз қисиб.
“Унақасини ҳам кўрганмиз, жавобини ҳам берганмиз, дўстим! Кўп йил бўлди”, деб
қўйди Ойравшан уни “матизи”га ўтқазаркан, хаёлчан.
Сўнгра хонасига қайтиб ўзини тўшакка ташлабдию тошдек қотиб қолибди.
У ётган жойида ширин керишаркан, хаёли яна сайловга оғди. Ўйинга киришиб
кетиб сиртдан ўзига қараёлмаган, сайлов нимаю бу майдонда нима қилиб
юрганини тузукроқ ўйлаб кўрмоққа фурсат тополмаган эди; депутатлик иштиёқида
бундай от суришлари шу тобда дафъатан эриш туюлди. Бир кун келиб катта
сайловларда қатнашаман, номидан от ҳуркадиган депутатлик учун курашларга
тушаман деб ўйлаганмиди? Мана, бугун у ҳамманинг назаридаги арзанда номзод,
эртага қарабсизки! Ажаб, ажаб! Болалигидаги байрам-шодиёнага ўхшаб ўтадиган
сайловларни эслади. Азалдан ясанчоқ, чиройли кўйлакчаларини кийиб, дадасининг
изидан сайлов ўтадиган мактаб биносига ошиққани ошиққан эди. Ҳаммаёқда
тантана, бино пештоқидаги карнайларда куй-ашула, оташин хитобу даъватлар!
№ 6 2025 39
Эркин АЪЗАМ
Дадаси унга ҳар гал узун расталардан ширин-ширин прянигу бир ёни қип-қизил
роҳатлуқма ва кунжутли ҳолвалар олиб берарди. Этаги очиқ юк машинаси олдида
хотин-халаж чувиллашади – аллақандай ноёброқ кийимлик мато тала-тала!
Ана шу хотиралар асноси Ғайратга боғлиқ ҳув машмаша ёдига тушди. Ўзи
саккизинчидами ўқирди, катта-кичик йиғилишларда жонажон ватан, бахтли
болалик, қадрдон мактаб ва она васфидаги илк машқларини декламация қила кўзга
кўриниб, олқиш олиб юрарди. Ғайрат эса мактабнинг пешқадами, битирувчи,
комсомол ташкилотининг котиби эди. У мудом жиддий, ҳеч кимга бурилиб
қарамас, ўзича аллақаёқларга шошиб юрар эди. Ўша кезлардамиди, опа-сингил
икки қиз унга баравар севги мактуби ёзиб, “Ота-онам барибир синглимни (опамни)
сизга бермоқчи эмас, яхшиси, Тошкентга ўқишга борсангиз мени бирга олиб
кетинг”, деган мазмунда изҳори дил қилган, айтишларича, Ғайрат ҳар иккаласини
чақириб, комсомол аъзосига ярашмаган қилмишлари учун уларга қаттиқ танбеҳ
берган экан. Ростдан ҳам, қизлар орасида “бўлиб турган” бу йигитнинг шайдоси
кўп, ановиларга ўхшаб хат ёзса-ёзмаса, бари ичида пинҳона куйиб, илинж билан
юрарди. Ойравшан зимдан уларни бирма-бир билар, ҳаммасини ўзига душман
санар, ёпишқоқ опа-сингилни-ку кўришга кўзи йўқ эди. У Ғайратни ўзигагина
муносиб, бус-бутун ўзиники ҳисобларди. Дейлик, унга хат-пат ёзгудек бўлса,
мутлақо бошқача жавоб олмоғига шубҳаси йўқ – ўзига шу қадар ишончи зўр эди.
Мактабдаги жами тантанали мажлис-маросимни улар биргаликда бошқарар, галма
гал – Ғайрат расмий гап-сўзларини қилса, шунга ҳамоҳанг шеър билан безаб туриш
Ойравшаннинг зиммасида эди. Буни ҳамма кўрган, ҳамма билади, кўрганлару
билганлар уларнинг ишқу истиқболидан аллақачон фол бичиб қўйган, ҳеч бирови
узукдан кўзни айри тасаввур ҳам қилолмайди. Шундоқ бўлгач… Анови битлиқи
опа-сингил “кундош”ни қаранг энди! Ҳе, қўтир жомашовлар!
Худди ўша кезларда мана шундай сайлов келиб қолди денг. Тумандаги бор девору
дўконларга ҳарбий либосли бир кишининг сурати осиб ташланган. Туркистон
ҳарбий округининг аллақандай каттаси эмиш, туман аҳли шуни депутатликка
танлабди, шуни сайламоғи керак. Ўзини биров кўргани йўқ, лекин сайлаши шарт!
Номзоднинг номидан уч-тўртта фаол вайсақи кўчама-кўча бақир-чақир қилиб
юрибди, ўзидан эса дарак йўқ. “Ўзлари-чи, ўзлари бир келиб кетмайдиларми?” деб
сўрамоққа ҳеч кимда юрак ҳам йўқ. “Кўприк қуриб берармиш!”, “Мактабларни
таъмирлаб берармиш!”, “Кўчаларимизни янгитдан асфальтлаб берармиш!”
Берармиш, берармиш… “Ҳаммасини шу одам бажарса, давлатимиз нима иш
қилади бўлмаса?! – дебди шунда шартаки, тўғрисўзлиги билан ҳам шуҳрат
қозонган Ғайратимиз кимгадир ич ёриб. – Умуман, бунинг нимаси сайлов? Номзод
жониворни биров кўрмаган бўлса, танимаса, қандай сайлайди? Ҳай, ҳарбий одам
экан, генерал экан, “шагом марш”ини қилиб юраверсин-да ўша ёқларда, бизга нима
алоқаси бор? Ахир, сайлов дегани камида иккитадан бирини танлаш, сайлаб олиш
эмасми? Бир кишини – майли, у генерал бўлсин, кўчаю мактаблар қуриб берсин,
раҳмат – лекин бир кишини қанақасига сайлаш мумкин?!”
Бу “бузғунчилик” қай йўсиндадир (ҳарқалай, уни бошда Ғайратдан эшитган одам
етказмаган бўлса керак) мактаб партия ташкилотчисининг қулоғига бориб етади. Асли
тарихчидан чиққан бу оташинроқ одам Ғайратни “маҳмадана бола” санаб азалдан
хушламайроқ юрар эканми, бошланди-ку сура-сур! Муҳокама устига муҳокама,
айблов устига айблов! “Келиб-келиб комсомол ташкилотининг биринчи секретари-я!
Шундоқ аълочи, кўзга кўринган йигит-а! Мана, асл башараси очилди – онгсиз, сиёсий
кўр экан! Бунақа ғаламис нусхаларга мактабимизда ўрин йўқ! Комсомол сафида ҳам!
Ҳайдаш керак, из-зини қуритиш керак!”
40
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Қуритдилар. Ҳар ёққа судраб-сургаб Ғайрат шўрликнинг тинкасини қуритдилар.
Лекин, ажабо, қаерда бўлмасин, у кечирим-печирим билан қутулиш ўрнига ўша
гапини таъкидлаб туриб олаверди. (Қайсарликни қаранг, кейинчалик ҳам шу феъли
панд берди-да унга – Ойравшан эшитган.)
Оқибати шу бўлдики, комсомол сафидан ўчирилди, мактабдан ҳайдаш масаласи
эса, гап-сўз кўпаймасин дейилдими, негадир пайсалга солинди. “Айбдор” икки
уч ҳафта ўқишда кўринмади. Қайтиб келганида сайлов ўтиб бўлган, гўёки унинг
гуноҳи ҳам камайиброқ, бости-бости бўлаёзган эди.
Аммо шу орада анови икки хатёзар кунора янги-янги кўйлаклар кийиб келиб
мактабда гап қилиб юрди: “Биз ҳайдатдик, биз ҳайдатдик! Энди қаматиб юборамиз!”
Жийдали аталмиш манзил қайда жойлашганини ақалли бир марта келиб
кўрмаган, якдиллик билан унга овоз берган (илк бора сайловда қатнашиш
ҳуқуқига эга бўлган ўжар бир йигитдан ташқари!) эл-улус кимлигини билмай
кетган “кўприксоз” генерал шу юрт номидан юксак жойга эсон-омон вакил этиб
сайланди. Мўлжалдаги олтин нишон ўрнига мактабни эл қатори битирган Ғайрат
ҳам, комсомолдан қувилган бўлса-да, эсон-омон бориб Тошкент политехника
институтига ўқишга жойлашди. Анови аламзада опа-сингиллар ҳам, бошқаси ҳам,
бу ёқда асл номзод – Ойравшанимиз ҳам қишлоқда лабини тишлаб қолаверди.
Тўғри, пайдар-пай ёзиб турилган шеърий мактубларни айтмаганда, башанг талаба
энди фақат таътил чоғларидагина кўриниш бериб кетарди.
Бугун Ойравшаннинг шу томонларда пойга тушиб юрганини билармикан,
эшитганмикан у? Билади, эшитган чиқар. Лекин, нима, бошингга келиб ҳайбаракалла
қилиб турсинмиди? Ўтган шунча савдо, шунча шармандагарчиликлардан кейин-а?
Кўнглингиз яна нималарни истайди, хоним?
Ёта-ёта сўнгра ўзича девона хаёлларга берилди: депутат бўлиб олсин-чи, бари
ўзгача бўлади. Дейлик, вилоят марказидаги катта йиғинда учрашиб қолишади.
Ойравшан тўрдан, ҳайъатдан жой олади, албатта. Ғайрат эса – вилоят миқёсидаги
раҳбарлардан бири сифатида – пастда, иккинчи-учинчи қаторларда. Бутун мажлис
бўйи бир-бирларига маъюс термилиб ўтиришади. Буни кўрганлар ҳайрон:
пойтахтдан ташриф буюрган арзанда депутатимиз нега бунча хомуш, нега бунча
ғамгин-а! “Гўзи ёшлуларин ҳолин на билсун мардуми ғофил…”
Йўқ, йўқ, бошқача бўлади, бошқача. Дейлик, Ғайратнинг иши юришмай,
қандайдир чигал вазиятга тушиб қолади; ўртамиёнароқ раҳбарларнинг, айниқса,
Ғайратга ўхшаган саркашларнинг бошида ҳар куни бор-ку унақа савдо. Қисқаси,
анови йиғилишдан сўнг у ҳар ишга балогардон депутатнинг олдига бош уриб
келади: “Ўтгани ўтди энди, Ойравшан, мен сени кечирдим. Ке, ёмонини унутайлик,
ярашайлик. Мендан аҳвол сўрасанг – қил устида турибман, агар сен ёрдам
қилмасанг…”
Яна нима, яна нима? Бу тушингни сувга айт, ҳей қиз! Унақа қалтис ҳолатда
эгилмайдиган бош кам топилар, аммо у Ғайрат эмас, Ғайратни букиб бўпсан!
Қон қусса қусадики, келиб-келиб сендан кўмак сўрамас. Ҳеч қачон. Бунисини сен
билмай ким билсин, энди кўряпсанми уни, нодон?! Ойравшан алам билан ингранди.
Бир замон эран-қаран ўриндан туриб, Тамара ошхонада сув иситиб қўйиши ҳам
эсида йўқ, ҳовлидаги обрезда муздек сувга юз-қўлини чайди. Тепасидаги ойнага
кўз ташлади. Қовоқлари шишинқираган. Уйқу меъёридан ошган-да. Кириб пардоз
қилмоққа эринди. Нима кераги бор, барибир ҳеч ким кўрмайди, бугун бир ўзи,
қош-кўз ўлгур ҳам бирор кун дам олсин. Кечқурун биров-ярим келадиган бўлса
бошқа гап.
№ 6 2025 41
Эркин АЪЗАМ
Ойнаванд айвон ўртасидаги узун зиёфат столининг бир учида нонушталик:
одатий қуймоқ, тунов кунги ўтиришдан қолган уч-тўрт бўлак тандиркабоб, олма
анор устида қовжираган бир бош узум, ликобчада асал, чойнакпўш – дам босилган
чой, қўш пиёла.
Айвон салқинроқ туюлиб, жунжиккан Ойравшан хонасидан кифтига жун
кофтасини илиб чиқди. Энди чойга ўтирай деганида ёстиғи устида ётган
телефончаси жиринглаб, яна ичкарига югуришга мажбур бўлди. Тиниб-тинчимас
мадам Хосият.– Дугон, биз меҳмонлар билан тоғ тарафга отланиб турибмиз. Эсингизда бўлса,
ўша ёқда Майдонча деган участкамиз бор, ҳув адирликда, ёнидан ўтиб кетувдик-ку?
Одамлари ўпкалаб, “Ҳеч бўлмаса, шоирамизни бир кўриб қўяйлик”, деб илтимос
қилибди. Нима дейсиз, биз билан юроласизми? – Э, қўйинг, Хосиятхон, шу учрашув-пучрашув деганларидан безиб қолибман,
чарчадим, – деди Ойравшан атай инқиллаб. – Ўзи кафтдеккина қишлоқча экан, бир
ҳовуч одам, берган овози нима бўларди… – Ихтиёрингиз, дугон. Ёлғиз зерикиб ўтирманг дедим-да. Гапингиз ҳам тўғри,
еб тўймаган ялаб тўярмиди! Бу ёқда тўпланган овозларни қаёққа қўямиз денг ҳали!
Бўпти, оревуар, мадам!– Яхши бориб келинглар. Мендан ташвиш қилманг, бирор машғулот топарман.
Бирпасдан сўнг эса таклифга кўнмагани учун пушаймон қилди. Чиндан ҳам кун
бўйи бу ерда яккамоховдек бир ўзи ўтириб, сиқилиб ўлади-ку, бирга кетаверса нима
эди? Сал ўтиб яна шаштидан қайтди: э, тўртта овоз экан деб шундан шу ёққа нима
зарил? Зерикса, ана, тўшакка ёнбошлаб олиб Тошкентдаги танишларига бир-бир
қўнғироқ қилиб чиқади; сирдошлари билан сирлашади, “тўймас тегирмон”даги
янгиликлару ғийбатларни сўраб-суриштиради. Ахир, қарийб бир ой бўляпти-я, ҳеч
гапдан бехабар! Бир ойни қўйинг, бир соат ичида дунё ағдар-тўнтар бўлиб туради
у ерда!
Боз зерикаверса, ёстиққа бош қўйиб тағин уйқуни уради. Ҳаққи бор, неча кун
қимирламай ухласа ҳаққи бор – қилар ишини қилиб бўлган!
Дастурхон бошидан тураркан, қарори янада бойиди. Шунча кун бу ерда яшаб
на боғни тузукроқ кўрибди, на теварак-атрофни айланибди. Ваҳоланки, иккинчи
марта келиши. Ўтган сафар иш юзасидан – гуруҳ тузиб, ўша гуруҳ сафида съёмка
қилгани келган эди. Жазирама домида ҳансираб ётган воҳанинг қоқ ўртасида
жойлашган бу маскан ўшанда кўзига дунёнинг нақд жаннати бўлиб кўринган,
аммо боғ кезмоққа вақти ҳам, имкони ҳам йўқ эди. Боғдан бир қадам ташқари эса
бамисоли ловиллаб турган тандир, ҳув узоқларда тоғ бор, қори кетмаган ўнгирлару
соя-салқин арчазорлар, яхдек чашма-булоқлар бор деса, лофдек туюларди одамга.
Жаҳаннам иссиғи шу қадар жонни олган эди. Бу гал эса…
Ойравшан қалинроқ кийиниб олиб боғ сайрига жўнади.
Томошани у бассейндан бошлади. Чунки ҳавза меҳмонхона биносининг орқа
тарафида, шундоққина боққа тушаверишда қад ростлаган эди. Ҳа, айнан қад ростлаган –
одатдагидек ер бағирлатиб эмас, одам бўйи баланд қилиб тикланган. Сирти ажабтовур
кўк-қорамтир мармар билан қопланган, юқорига кенг-мўл зиналардан юриб чиқилади.
Бир ёнбошда – ёзлик душхона, керакли барча ашқол-дашқоли муҳайё; унинг биқинида
қўш бўлмали сауна, ҳозир негадир ишлатилмаяпти – Ойравшан шанба кунлари мадам
Хосиятникига бориб ювиниб келади.
Бассейннинг нариги томонида ҳам пасқамроқ бир уйча – моторхона, гувиллаб
сувни тозалаб, мавжлантириб туради.
42
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Аста зинадан кўтарилган Ойравшан ҳавза ичига назар ташладию ҳайратдан
донг қотди: балчиқсимон аллақандай жигарранг бўтқа, юзасида шох-шабба уюлиб
ётибди, ахлат ҳам ташланганми-ей! Ёзда келганида кўкиш қопламали ўзандаги
мовий сув офтобда ажиб жимирлаб-жилваланиб, таг-тагига қадар тип-тиниқ
кўриниб турар, саратон оловида ёниб турган одам сувга тушмасданоқ, унга бир
қараб баданида оромбахш ҳузур, салқинлик туяр эди. Бу ерда уч кун туришган бўлса,
уч кун ҳам оқшомлари маза қилиб чўмилишган. Кун ботиш арафасида – оператор
Даврон ака билан “Дамас”нинг шофёри Вася, қоронғи тушгач эса (тўғри, бир ёндан
кўкимтир прожектор порлаб турарди) – режиссёр қиз Ашураю Ойравшаннинг ўзи.
Бир гал сувдан сўнг халатларига бурканиб айвондаги стол атрофида чой ичиб
ўтиришганида, ростми-лофми, Даврон ака шундай лутф қилган: – Машҳур донжуанимиз Ботиралини танийсиз-а, Ойравшан? Ўша бир куни
“Телевидениеда фигураси энг зўр қиз ким, биласизми?” деб қолди. Ким экан,
айтайми? – Қани-қани? – деди қизиқиб Ойравшан.
Даврон ака муғомбирона илжайди: – Мен шуни ҳалигина кўрдим. Сувдан чиқаётганида…– Э, қўйсангиз-чи, Даврон ака, – деди Ойравшан ҳузур билан талтайиб, – кунда
кунора ёнингизда юрган бўлсам…– Лекин бундай сувдан чиққанингизни кўрмаган эканман-да, аттанг. – Хўш, қанақа бўлар экан, қанақа? Кўйлаклар баданга чиппа ёпишиб, а?.. –
дея телевизорчиларга хос бир шаддодлик аралаш сўради Ойравшан. – Кўйлакда
чўмилдиг-а, Ашура, тўғрими?– Кўйлакда эдиларинг, кўйлакда, – деди Даврон ака ўзи тасдиқлаб. – Шуниси
қизиқ кўринди-да кўзимга…
Ойравшан аразлаган каби жўрттага тумшайди: – Нима, кўйлаксиз чўмилишимиз керакмиди? Э, боринг-э, сиз билан бошқа
ўйнамайман! Бу ерда бассейн борлигини билганимдами, шундоқ чиройли
купальникларим турувди-я, шундоқ чиройли…– Купальникдагиларини кўп кўрганмиз, Ойравшан, кўйлаклисига етмас экан
барибир! – деди Даврон ака тағин бўш келмай. – Ҳа, ўша Ботирали суюқ қаёқдан билақолибди экан? Мен у билан чўмилиш
пўмилишга борганим йўқ-ку. – Чўмилишга бориш шарт эмас, унинг кўзи – рентген! – деб кулди Даврон ака. –
Лекин барибир ҳозир мен кўрган нарсани у кўрмаган!– Нарса-а?! – деди Ойравшан ёлғондакам зарда билан. – Нима, бу гапларингизни
хушомад деб билайликми, ё?..– Қандай тушунсангиз тушунаверинг, Ойравшан. Менга қолса – ҳақиқат!
Ўша кеча Ойравшан мижжа қоқмай чиққан. Қувончидан. “Телевидениедаги энг
зўр…” Демак, Дилбардан ҳам, анови димоғдор Саидахондан ҳам, бошқаларидан
ҳам… Билардим, ўзим билардим!
Ойравшан икки чети дарахтзор йўлка бўйлаб боғ этаги томон юрди. Анчадан
буён қаралмаган шекилли, цемент йўлканинг четлари емирилиб-уваланиб
ётибди. Боғ юмушлари билан бўлиб Чорибойнинг қўли тегмаган кўринади. Раис
бобомиз ҳам бунақа майда-чуйдаларга аҳамият бермаган. Тўғри-да, келган одам
меҳмонхонага қўниб меҳмонхонадан кетади, бу ёқларга қадам босмайди – қуюқ
зиёфату ичкиликлардан боши оғирлашиб таппа ташлайдию ухлайди-қолади,
эртага ташвишлари кўп – саҳарлай бориб экинзорларнинг аҳволини кўриши
керак, кечқурун келиб ўшалар асосида ҳисобот тайёрлаши керак, бу ёқда эса яна
№ 6 2025 43
Эркин АЪЗАМ
зиёфат кутиб турибди! Мана, Ойравшанимизнинг ўзи, нари-бери бир ой бўляпти –
ётоқжойидан узилиб чиқолган эмас, бу томонларга ўтиш хаёлига ҳам келгани йўқ,
уларники ҳам шундай гап-да.
Йўлка ёқалаб экилган қатор “туя” арчалар бўй чўзиб қолган, ям-яшил, Кавказ
курортларини эсга солади. Улардан нари – қуюқ ўрикзор. Ғалати, баъзиларининг
барги қип-қизил, кеч куз офтобида баттар чўғланиб-оловланиб кўринади,
баъзилариники эса ҳамон кўм-кўк, туси ўзгармаган; ҳар хил нав бўлса керак.
Шамолда битта-яримтаси учиб тушганини айтмаса, япроқлар омон, қовжираб ё
бужмайиброқ қолган-у, аммо бутун, тўкилмаган. Миришкор раис бобомизнинг илму
амалию тиниб-тинчимас Чорибойнинг заҳматлари туфайлидир-да бу ҳам. Бўлмаса
кунора ёмғир шитирлатиб турибди, ўтган ҳафтамиди, юпқагина қор ҳам ёғиб ўтди.
Ойравшан эрталаб туриб деразага қараса – ҳаммаёқ чойшаб тўшалгандек, ювиниб
тараниб, нонушта қилиб чиқилгунча эса теп-текис эриб битибди.
Дарахтзордан у ёғи узунасига токзор; ертоклар ҳафсала билан келгуси ҳосилга
ҳозирлаб қўйилган. Ундан кейин қоп-қора шудгор – гоҳида тариллаб безор
қиладиган митти тракторимизнинг иши.
Ойравшан муюлишда тўхтаб, бир ёни оғзи очиқ аждарҳога менгзаб кўринган
кўҳна тутни кўздан кечираётганида аллаким қўнғироқ қилиб тоза бошини қотирди.
Товушидан, гап уқмаслигидан ғирт мастга ўхшарди. – Йўқ, сиз аввал айтинг менга, – дерди у хириллаб, – депутат опамисиз ахир?– Ҳозирча номзод деб турайлик, эртага кўрамиз-да. – Депутат бўласиз барибир, тўғрими?– Ҳа, худо хоҳласа.– Хоҳлайди, хоҳлайди. Мени айтди дерсиз. Гап бундай, опа… Опамисиз ўзи ё
сингил?– Шуларнинг ўртаси бўлсам керак, – деди шўхлиги тутиб Ойравшан.– Ўртаси бўлсангиз ҳам қулоқ солинг. Бизди ука Тошкентда “Тоштурма”да
ётибди. Тўрт ойлар бўлди-ёв. Қандай қилиб бўлсаям шу болани чиқартириб берасиз
энди, опа… э, сингил деганим. Элтимос-да. У ёғига бўш қараб турадиган номард
йўқ, ҳа-а!– Укангиз нима иш қилиб тушган ўзи?– Одам ўлдирган-да, шу.– Ия, чатоқ-ку.– Депутатимиз бўлатуриб сиз шундай десангиз! Туҳмат билан кетди-да, дур
рак. Кеча энамиз фолбинга бориб эди, бу иш фақат ва фақат шу янги бўлган депутат
қизнинг қўлидан келади, депти. Менга қаранг, депутатликдан ташқари сиз шеъру
ғазал ҳам ёзар экансиз-а? Ҳамма шундай деяпти. Тўғри, ўзим ҳам кўриб эдим
телевизорда бир марта. Овозингиз шундай ёққанки, ухла-аб қолибман денг!
Бу пандавақилик Ойравшанга нашъа қилди – кулиб юборди у. – Ҳей яшаворинг-э! Ухлаб қолдим денг? Энди укангиз масаласига келсак, ҳай,
бир гап бўлар. Депутатликка ўтиб олайлик-чи аввал. – Ўтасиз! Ўтмаганингизга қўймаймиз, сўз битта! – Сиз сайласангиз, овоз берсангиз бўлади-да, ака!– Сиз ҳам аввал айтинг менга: чиқартириб берасизми, йўқ? Ваъдангизда
турсангиз – овоз сизники, бўлмаса – ўзингиздан кўринг!
Ойравшаннинг бирдан энсаси қотиб кетди: – Э, билганингизни қилинг! Айтгандай, телефонимни қаёқдан олдингиз, ким
берди, ҳей?– Энангдан олдим, энажонингдан!
44
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Ойравшан жаҳл билан қўлидаги телефончани узун, чўзилувчан жемперининг
чуқур чўнтагига ташлади. Бошланиши чакки эмас-ку, а? Анови кун ҳам биттаси
йўлини тўсиб, роса бошини қотирган эди. Собиқ ширхўж раиси экан, ер сотгансан
деб ишдан бўшатилибди. Ҳокимга далолат қилиб, лавозимига тиклаб беришни
сўради. Таажжубланган Ойравшан “Бегуноҳ одамни нега бўшатар экан?” деса,
ҳалиги киши ерга қараб дабдурустдан нима дейди денг: “Ҳе, озроқ сотган ҳам эдик
да”.
Боғ этагига етиб Ойравшан пастак деворга дуч келди. Чорибойнинг томорқаси
шу бўлса керак. Оёқ учида узалиб секин мўралади. Батартиб, саранжом-саришта,
лекин ғарибгина ҳовли-жой. Чамаси, бу ерлар ҳам бир вақтлар боғнинг бир бўлаги
бўлган, серҳиммат раис бобомиз уни Чорибойга томорқа қилиб берган чиқар.
Раис бўлганидан кейин кимга хоҳласа шунга атайди-да. У кишига қарамайдиган
нима бор экан бу атрофда? Йўқ, йўқ, бунинг бари машъал хўжалик – “Фаровон”
ҳиссадорлик жамиятига тегишли, ўшанинг мулки. Бу “жамият”нинг ҳам, унинг
қошидаги “қизалоқ” – хусусий корхонанинг ҳам хўжайини эса раис бобомиз,
ҳиссанинг энг йириги ҳам шу кишиники.
Бир ҳисобда неча-неча Чорибою тамаралар ҳам раис бобога қарам, яъни шу
одамники бўлади-да.
Ўзинг-чи, ўзинг кимники, Ойравшан?
Шу саволдан қочибми ёки аёзда жунжикканиданми, у кифтларини чангаллаганча
тез-тез одимлаб изига қайтди.
Меҳмонхона тарафдан гувиллаб турган машина овози келарди. Мансурмикан –
раис бобонинг қули, югурдаги? Ота-онасиз етимча эмиш. Ёши ўттизларда бор-у,
ҳали уйланмаган. Раис бобонинг қарамоғида катта бўлган экан. Ўзиям отахоннинг
кўзига мўлтираб туради, “ол!” деган заҳоти югуради – сўраб-нетиб ўтириш йўқ.
Гапирган гапи: “Бобой айтдилар, Бобойнинг буйруқлари…” Тоза кулгили. Довдир,
эсипастроқми-ей… Аммо машинани зўр ҳайдайди касофат, темир-терсакка ишқибоз
жуда.
Ёки раис бобонинг шахсан ўзлари ташриф буюрдилармикан? Гап-сўзни ўйлабми,
унча-мунчага бу ёққа йўлайвермайдилар. Меҳмон-излом келганда йўриғи бошқа,
ҳозиру нозир. Нима ишлари чиқса, нима гаплари бўлса – фақат доим тайёр Мансур
орқали, барига балогардон ҳам шу – Мансур.
Мабодо раис бобо бўлсалар, нима янгиликлар билан экан?
Ойравшан қадамини илдамлатди.
Ёз охирларимиди, шанба куни бир ўзи студияда “Ўлкам – ўлан тўшагим”
кўрсатувини монтаж қилиб ўтирганида сумкачасидаги телефон сайраб қолди.
Чалғимаслик учун бунақа пайтда телефон-пелефонга қарамасди. Худо кўнглига
солдими, курси суянчига осиб қўйилган сумкачасига қўл чўзди.
Ҳув вилоятлик таниш раис бобо экан. Диққати бўлинганидан аввалига
танимабди. Ўзига ишончи зўр одамнинг вазмин, хотиржам овози.
Раис бобо ҳол-аҳвол сўрашиб, кўрсатув учун яна бир бор ташаккур айтиб
(миннатдорликлари тандиркабобу қути тўла мева-чева тарзида ҳам келган,
студиядаги ҳамкасблар бир ҳафта тушликка чиқмай гўштхўрлик қилишган эди),
муддаога кўчди: – Тошкентдаман, Равшаной. Ҳукумат касалхонасида эдим, профилактика
дегандай. Бир келиб кетсангиз. Иложи бўлса – бугун. Маслаҳат бор эди.
Монтаж билан банд одамга ҳеч нарса ёқмайди. Ойравшанга малол туюлди,
энсаси ҳам қотди: тавба, касалхонада ётган киши “келиб мени кўриб кет” дейдими
№ 6 2025 45
Эркин АЪЗАМ
ҳеч замонда? Маслаҳатлари бор эмиш. Қанақа маслаҳат экан у? “Тағин бир кўрсатув
қиласан” деб қолса-я! Ҳе, ёқмай кетсин. Хватит! Бассейнлари аломат эди-да лекин!
“Телевидениедаги энг зўр фигура…”
Еган оғизнинг шарми, монтажини тугаллагач, Ойравшан чор-ночор Шўртепа
бозорига ўтиб ул-бул харид қилди-да (қимматдан-қиммат ўлгур!), суриштира
суриштира, айтилган манзилни топиб борди. Бу касалхона эмас, нақд жаннатхона
экан. Шундай ораста-обод, шундай баҳавоки, саратон ҳовури ҳануз аримаган
шаҳарда бунақа соя-салқин гўша борлигига асло ишонгингиз келмайди.
Телевидениенинг адабиёт таҳририятига базўр илиниб, “кейинги оёқ” бўлиб
юраверишдан зериккан-чарчаган Ойравшан бир силтаниб, “Ўлкам – ўлан тўшагим”
деган янги кўрсатувни бошладию “кўзларини юмиб куладиган чиройли шоира қиз”
сифатида бирдан элга танилди; ишхонада ҳам айтгани айтган, дегани деган бўлиб
қолди. Қиладиган каромати – ўзига ўхшаган уч-тўрт салт-сувойни олиб вилоятма
вилоят кезади, обод-обод манзилларни танлаб кўрсатувлар ясайди, қаҳрамонлари
даврасига кириб эҳтиросли шеърларидан ўқийди, ўшаларга қўшилиб ўйин тушади,
ўлан айтади – хуллас, кўрган кишини “э, офарин” дедирмагунча қўймайди.
Шу тариқа кўп таниш-билиш орттирди, казо-казолар билан яқинлашди, унча
мунча давраларни забт этиб, ҳатто тўйларда ўртакашликни ҳам дўндира бошлади.
Қараса, бу билангина кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайдиган. Кейин
уни-буни ишга солиб ва ёлғиз ўзига маълум усулларни қўллаб ижтимоий-сиёсий
кўрсатувлар таҳририятига ўтди, андак ўзгартиришлар билан “рейтингбоп” “ўлан
тўшаги”ни-да шу ёққа буриб келди. Юра-юра яна бир сакрадию парламент мухбири
бўлиб олди; энди бир оёғи ўша ерда, ҳар чоракда ўтадиган сессияларда қатнашади.
Танаффус чоғлари муҳташам толор бўйлаб гуррос-гуррос у ёқдан-бу ёққа
ўтадиган басавлат, пўрим-пўрим халқ вакилларининг ўзига зимдан суқланиб
қарашларию гоҳо эски таниш мисол маънодорона жилмайиб ҳам қўйишларини
кўрган Ойравшан қоп-қоп семирар (аслида озмоқнинг янги-янги усулларини
ахтариб юрибди!), кўзланган марра яқинлиги, жуда яқинлигини ички бир илғов
билан ҳис этар эди.
Баҳорги сессиянинг илкинчи куни тушлик пайти студиядан телефонда бош
муҳаррир йўқлаб қолди:–
Тезгина “Фаровон” ҳиссадорлик жамияти раисини топинг! Нутқини
эшитдингизми, зўр-а? Бўлинг, бугунга қўйилади!
Ойравшан бир зарурат юзасидан ташқари чиқиб, қарангки, ўша “зўр нутқ”ни
эшитмай қолибди.
Раис новчадан-новча, кўркам чўзинчоқ юзли, қорамағиз киши экан. Алланечук
ҳорғин, бошқаларга ўхшаб юзингизга тикилиб қарамоқни билмайди. Сипо, вазмин.
Ойравшан уни илгари ҳам қаердадир учратгандек, кўзига иссиқ кўринди. Қаерда
бўларди, мана шу саройдадир-да. Ёки сессиялардан олиб бериладиган телевизион
репортажларда кўзи тушганми, қайдам.
Кейин маълум бўлишича, у асли тарихчи муаллимликдан чиққан экан, гаплари
ҳам лўнда-лўнда, мазмундор. Одатдагидек, ортиқча узиб-уламоққа ҳожат йўқ.
Интервью ўша куни кечки “Ахборот”да намойиш этилди. Телефон орқали
бошлиғидан мақтовни раис ўрнига Ойравшан олди: “Зўр кетди, зўр кетди, ҳаммага
маъқул!”
Эртаси куни уни дараклаб топган раис бобонинг ўзидан ҳам раҳмат эшитди.– Биз тарафларга ҳам келинг, синглим, – деди у илк бор мулойим, ярашиқли
жилмайиб. Сўнг мутойиба аралаш таклиф қилди: – Асли бир ўлкадан эканмиз-а,
қаранг. Ўша “ўлан тўшак”ларингиздан бизда ҳам топилади. Қани, қачон кутай?
46
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Майларда келоласизми? Қиру адирларимизни май ойида кўрсангиз! Ҳаммаёқ
гуллаб-яшнаб кетади – мана, сизнинг ўзингизга ўхшаб!..
Оббо, раис бобо-ей, шоирликдан ҳам бор экан-да!
Ойравшан раисни спортча либосда дафъатан таниёлмади. Шляпали ҳолда
кўравериб ўрганган эди, бугун бошида кизаги бир қарич келадиган андижонча
дўппи.
Мезбон уни ётоқ бўлмаси орқали шинамгина ойнаванд айвончага бошлаб
чиққанида Ойравшан азза-базза кўтариб келган нарсаларидан хижолат чекиб кетди.
Йўқ, касалхона эмас бу, нақд ресторан! Столда нима неъматлардан йўқ дейсиз!
Олма-анор-ку ҳамма жойда бор, ҳатто апельсину мандарин деганлари ҳам тўлиб
тошиб ётибди, бисёр. Аммо шу тобда Ойравшан кўриб турган дастурхон буткул
бир бўлакча эди!
Табиатан камгапроқ раис бобо уни қистай-қистай унча-мунча тамадди
қилдирди-да, охирида сара-сара егуликлардан елимхалтага жойлаб, қўймай қўлига
тутқазмоқчи бўлди. Ойравшан ноз билан тайсаллайвергач, уни кейин ўзи кўтариб
олди. – Юринг энди, анови боғни бир айланиб келайлик.
Ҳалитдан бери бетоқат ўтирган Ойравшан истар-истамас эргашиб хонадан
чиқди.
Кўркам, саранжом-саришта ҳовлига, ундан ўтиб боққа тушдилар.
Бу ёғи ҳам энди оддий боғ эмас, Боғи Эрам мисоли эди. Ойравшан телевизорларда
кўргани – хориж чаманзорлари оралаб юргандек ҳис этди ўзини.
Қўлида Ойравшанга аталган салмоқдор елимхалта (шугинани бирор жойга
қўйиб чиқса нима қиларди – фаромушхотирлик-да), вазмин одимлаб новчадан
новча раис бобо олдинда кетмоқда; шу қадар дарозки, бошидаги дўппини олиб
қоққанида ҳам тепакали кўринмайди.
Бу оғиркарвон муддаосини қачон айтақолади? Маслаҳатми деяётувди, ниманинг
маслаҳати экан?
Ниҳоят, арчазор қўйнидаги хилват бир гўшага етганларида раис орқасига
ўгирилиб, тўсатдан сўз бошлаб қолди:– Равшаной дейман, бу навбат депутатликка бир калла қилиб кўрмаймизми?
Ойравшан бир қадам берида тўхтади, ҳанг-манг.– Ким? Кимни айтяпсиз, раис бобо? Депутатсиз-ку ўзингиз!– Бизники ўтди энди, синглим. Бу ёғи ўзларингизники, ёшларники. Сизларнинг
даврларинг келди. – Раис андак тин олиб гапирди: – Бу сафар сайланганлар биратўла
Тошкентда қолиб ишлар экан. Бизга эса тўғри келмайди, шароитим кўтармайди. –
Ойравшаннинг анқайганини кўриб кейин изоҳ берди: – Уйда янгангизнинг тоби
йўқ. Ўсалроқ.– Ие, қайтага бу ёққа олиб келганингиз тузук эмасми, даволатардингиз…
“Бўлмайди, бўлмайди” деган каби раис оғир бош чайқаб қўйди.– Бошқа даҳмазалар ҳам бор-да. Хўжалигимни кўргансиз – катта, серғалва. Бари
раис бобонгизнинг меҳнати билан бўлган, кимга ишониб ташлаб келасиз? Кўз
қиймайди-да, синглим, кўз. Шуларни ўйлаб сизни мўлжал қилувдим…– Мен… қанақасига, қандай қилиб депутат бўламан? Сира хаёлимга келмаган
гап-а, раис бобо!– Ундай деманг, сингил. Мана шу депутат бўлиб юрганларнинг сиздан зиёд жойи
бор эканми? Ёшсиз, ғайратингиз зўр, сўзларга чечан, кўпга таниқлисиз, сиёсий
тишингиз ҳам ўткир – тағин нима керак, бўлади-да. Кўриб-кузатиб юрибмиз-ку,
ахир.
№ 6 2025 47
Эркин АЪЗАМ
“Ғайратим зўр! Зўр эди, раис бобо. Лекин мен…”– Лекин мен сира-сира… – Ойравшан ҳаяжондан энтикиб кетди, – тасаввур
қилолмаяпман-да. Бунинг йўллари қанақа – билмасам…– У ёғини раис бобонгизга қўйиб бераверасиз, Равшаной. Барини ўзим
гаплашаман, ўзим ҳал қиламан. Сиз фақат рози бўлсангиз бас. Хоҳласангиз,
номзодингизни ўзингиз туғилиб ўсган Жийдалидан кўрсатайлик, хоҳласангиз –
ана, бизнинг Заранг туманидан. Биздан қўйилса янада яхши, ҳаммаси ўзимизнинг
қўлимизда. Хўш, нима дейсиз шу таклифга?
Ойравшан уч-тўрт қадам ортда қолган, карахт, худди мастдек турган жойида
чайқалиб-гарангсиб турар эди.
Гапир, эй қиз, нега довдираяпсан? Олижаноб, серҳиммат бу инсоннинг бўйнига
осилиб раҳматлар десанг-чи, юз-кўзларидан ўпсанг-чи! Ниҳоят, орзуларингга
етадиган бўлиб турибсан-ку, ношукур!
Орадан ҳафта ўтар-ўтмас, ўша кезларда ҳукуматнинг назарида турган навқирон
партиялардан бирининг раҳбари Ойравшанни суҳбатга чорлади; телефон рақамини
пишиқ-пухта, бошлаган ишини охирига етказмай қўймайдиган раис бобомиз берган
бўлсалар керак.
Партиябоши ниҳоятда хушмуомала, марҳаматли киши экан. Ундан-бундан гап
юритиб ярим соатча гурунглашгач, аллақандай сўровномани тўлдириб, номзодликка
розилик аризасини ёздириб олди. “Элга таниқли шоирасиз, ўзингиз туғилиб
ўсган жойлар, биз ҳам бу ёқдан қараб турмасмиз”, деди ишонч билан жилмайиб.
Сайловолди курашларда омад тилаб хўшлашаркан, “Қолган расмиятчиликларини
ўзимиз ҳал қилармиз, лекин ҳарқалай контактда бўлиб турганингиз тузук”, дея
аломат ташрифномасини ҳам тақдим этди.
Кейинги якшанбамиди, яқинда кўчиб келган миннат-малолсиз квартирасида
(шаҳарлик бир хизматдоши топиб берган арзон-гаров ижарахонада ёлғиз яшарди)
нечундир боши оғриб ётаркан, очиқ турган дераза оша кимдир “Ойравшан,
Ойравшан!” дея чақираётганини эшитди. Ғашлик ичида чор-ночор тўшакдан
қўзғалиб пастга қараса – семиз-озғин икки киши, кўринишдан вилоятликларга
ўхшайди, қизил бир “нексия” ёнида қаққайиб, қўл силкита-силкита “тушинг,
тушинг” қилишяпти. Таниёлмади. “Ўлан тўшак” баҳона орттирган танишларидан
чиқар. Нима дард билан келишди экан?
Ойравшан сиқиб боғланган дуррачасини бошидан олиб, истар-истамас ҳовлига
тушиб борди.
Ия, ҳамшаҳарлари-ку! Бири – мактабда тил-адабиётдан дарс бериб, илк бор
шеъриятга илҳомлантирган дуогўй муаллими Шарипов, униси эса нотанишроқ,
ҳайдовчи бўлса керак, лекин у ҳам ўша ёқлик.
Устоз-шогирд беғараз елка қоқишиб кўришдилар. Азрўйидил бўлса-да,
Ойравшан меҳмонларни уйга таклиф қилди. – Йўқ, қизим, раҳмат, – деди кекса муаллим. – Шошиб турибмиз, ҳозироқ қайтиб
кетишимиз керак. Топшириқ шундай бўлган. Нозикроқ бир масала билан келувдик,
Равшаной… Мошинада гаплашайлик, мошинада.
Ойравшан таажжубланиб унинг орқасидан машинага кирди. Ёнма-ён бўлиб
ўтирдилар. “Топшириқ бўлган”и рост шекилли, ҳайдовчи уларни холи қўйиб,
орқада – машинанинг юкхонаси олдида ивирсий бошлайди.– Айбга буюрмайсан, қизим, устозинг ярашмаган бир иш билан даллолликка
келди, – дея сўз бошлади Шарипов алланечук эзгин кўйда. – Нима қилай, мажбур
қолдим-да. Биларсан, кенжам шунинг қўлида ишлайди. Ке, чўзиб ўтирмайин –
қисқаси гап шуки, туманимизнинг ҳокими Тўлқин Боймирзаев депутат бўлмоқчилар,
йўқса – ишлари чатоқ эмиш! Шунга се-ен…
48
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр– Мен, мен… – дея чайналиб қолди Ойравшан ичида бир нима чирт узилгандек
бўлиб. – Агар сенинг номзодинг қўйилса у ўтолмайди-да, аниқ. Эл-улус ёмон кўриб
қолган – порахўр, мансаб сотади деб. Ўзинг ҳам биларсан, эшитгандирсан? – Хўп, мен нима қилишим керак энди?
Шарипов унга термилиб узоқ сукут қилди. – Номзодингни қайтиб олармишсан, шу. – Муаллим ёнини кавлай-кавлай, тўрт
букланган бир қоғоз олиб Ойравшанга тутди: – Мана, даданг хат ҳам бериб юборди. – Ҳе, ўлсин ўша ҳокимингиз ҳам! – деди йиғлагудек бир аҳволда Ойравшан
қоғозни кафтига қисиб. Кейин шартта эшикни очиб машинадан тушди. – Бориб
айтинг, домла: депутатлиги бошидан қолсин, мен кечдим!– Бу қари девона муаллимингни кечирарсан, Ойравшан, – дерди бечора Шарипов
машинадан чиқмоққа шошилмай илтижо билан. – Нима қилай ахир, борасанчи
борасан, деб қўймади-да. Билганки…
“Нексия” жўнаб кетгач, Ойравшаннинг кўзи йўлка четида ёнма-ён турган иккита
картон қутига тушди. Секин бориб очиб қаради. Бирида – устига дока тортилган
тандир-пандир, иккинчи – мева-чевага тўла. Ойравшан жаҳл билан шунисини бир
тепди: – Пора! Депутатлик эвазига садақа!
(Аммо бирпасдан кейин қўшни бола кўмагида ҳар иккала қутини уйига чиқариб
олди.)
Йўлка бўйида ғазабдан титраб тураркан, дадасининг хати эсига тушди. Асабий
кафтда ғижимланиб кетибди.
Бир варақ қоғозда биргина жумла – оркаш, серзардароқ отанинг аччиқ, заҳар
сўзлари: “Жудаям шу депутат бўлгингиз келаётган бўлса бошқа жойни кўринг,
қизим!”
Буни ҳам зўрлик билан ёздириб олган, аблаҳ!
Ўша кечқурун Ойравшан ўйлай-ўйлай раис бобога қўнғироқ қилиб, дардини
тўкиб солди.– Биламан, хабарим бор, – деди раис одатдагидек хотиржамгина. – Боймирзаев
ўтолмайди барибир. Майли, куйинманг, номзодингизни биздан қўямиз, Зарангдан.
Партиянгизга ўзим етказаман.
Дарҳақиқат, бир ойлардан сўнг газеталарда каттакон рўйхат эълон қилинди,
номзодлар сафида Заранг туманидан Олий Мажлис депутатлигига кўрсатилган
қаҳрамонимиз ҳам бор эди.
Шундай қилиб, бу аломат ўйин бошланди.
Вилоят аэропортида раис бобонинг шахсан ўзи пешвоз чиқиб, Ойравшанни
машинасида дастлаб мана шу меҳмонхонага олиб келди, жойлаштирди. Бир кеча
дам бергач, эртаси чошгоҳларда уни таништиргани туман ҳокимининг ҳузурига
бошлаб кирди.
Ҳоким Нурман Эшболтаев эски кинолардаги қўрбошиларга ўхшаб кетадиган
бир тоифадан экан. Сочи тап-тақир қирилган, бет ойбаркашдек, кўзлар қисиққа
мойил.– Хуш кўрдик, хуш кўрдик, – деди у аввал-бошдан ҳафсаласизроқ қарши олиб.
Сиҳати чатоқмикан, баҳайбат иш столининг бир чети ҳар турли дори-дармонга
тўла. – Сингилни таниймиз, биламиз, ҳурмат қиламиз. Ўзимиздан чиққан ёш
кадр. Телевизорларни гуллатиб турибдилар, раҳмат, фахрланамиз. Энди-и, сайлов
деганлари Алининг майдони мисол бир гап. Майли, кўрсинлар куч синашиб.
Ойбарчиннинг қавмидан эканлар, мана, бу ёқда ўзлариям Ойравшан денг! Ажаб
№ 6 2025 49
Эркин АЪЗАМ
эмас, а, раис бобо, нима дедингиз? Раис бобомизки орага тушганларидан сўнг
бизда жон қолама! – дея у илк дафъа очилиб жилмайди. Раис ҳам қўшилишиб
қўйди. Ҳоким кейин қўлига қалам олиб, маслаҳатга киришди: – Қани, ишончли
вакилларимиз кимлар, биз ҳам билайик-чи?
Ойравшан валинеъматига қаради, валинеъмати – Ойравшанга.– Хотин-қизга хотин-қизлардан бўлади-да, тўғрими? – Ҳоким столи тагини
тимирскилаб, эшик томон ҳайқирди: – Хатча-а!
Худди кутиб тургандек, остонада чойнак-пиёлали баркаш кўтарган котиба қиз
пайдо бўлди. – Мадам опанг қай гўрда, чақир! Биринчи қилиб шуни ёзсак, раис бобо, нима
дейсиз?– Ҳа, Хосиятой тузук, боевой, – деб қўйди раис маъқуллаб. – Маорифдаги
Аллаёровами, Шарофат, ўшаниям тиркаса бўлади. Сал маҳмаданароғ-у, лекин…– Маҳмаданаси зўр-да бу ишга, – деди кулиб ҳоким. – Гапдонликка-ку
синглимизнинг ўзларидан ўтадигани топилмас-ов, – дея у Ойравшанга бир қараб
қўйди-ю, дарҳол тилини тишлади: раис бобо ўқрайганга ўхшади. – Эркаклардан
ҳам бўлсин, тўғрими? Демократия! Ўзларини ёзамиз-да энди?– Йўқ, йўқ, – деди раис кескин бош чайқаб. – Гапни кўпайтириб нима қиласиз!
Қўшадиган бўлсангиз, ана, Шоймардоновни қўшинг. Маънавиятдан. Тушунчали
йигит, шеър-пер ҳам ёзиб юради ўзи. – Ҳа, ҳа, дарвоқе! Оти нима эди шу боланинг, Шавкатми? – дея сўраб, уни ҳам
рўйхатига битиб қўйди ҳоким. Сўнг раис бобога кулимсираб қаради: – Биз ҳам
бирортасини таклиф қилсак ҳисобга ўтадими? – Қани, қани? – Мусулмонов. Молиядан. Пишиқ-пухта, ишончли одам.
(Унинг ишончли одами беш-ўн кун улар билан юради-ю, пироварди, серпул
номзод тарафида, аниқроғи, ҳокимнинг айғоқчиси бўлиб чиқади.)
Ўзига ишончли вакил қилиб берилганлардан ҳеч қайсисини кўрмаган,
танимайдиган Ойравшан бир раисга, бир ҳокимга боққанча анграйиб ўтирарди.
Шу чоқ хонага баралла “Ассалом!” дея бир жувон кириб келди. Текисгина,
тўкисгина. Сочлари бежирим турмакланган, оқ кофтасининг ёқалари белбурма
костюмдан ташқарида. Бўйнида жимир-жимир занжирча – “сепочка”. Болдирлари
сал қаровсиз, сал биққироқ кўрингани билан, тузуккина. Атир-упаси ҳам жойида.
Хуллас – рисолабоп.
У келасолиб, худди эски қадрдондек, Ойравшан билан ачом-ачом қила кўришди
ва аввал ҳокимга, сўнгра раис бобога қўл узатди. – Яхши юрибсизми, Хосиятой? Мана, сизга меҳмон олиб келдик, қабул қилиб
оласиз энди, – деди ёришиб раис бобо.
Хосият деганлари Ойравшанга ошкора ҳавас ила боқаркан:– Бош устига, бош устига, хуш кептилар! – деди самимий жилмайиб. – Ке, мадам, бу ёқда шундоқ меҳмон, сен қайларда юрибсан? – деди ҳоким
атай қовоқ уйиб. Сўнг Ойравшанга юзланиб, жувонни таништирган бўлди: –
Бу кишим – мадам Хосият! Ҳамма шундай деб атайди. Тарихини ўзидан сўраб
биласиз, ўзи айтар. Бизнинг зам! – У олдидаги рўйхатни “зам”ига узатиб, столга
шапатилади: – Масаладан курси делсан-а?– Эби, албатта, албатта, – деди Хосият шоша-пиша.
“Дағдағадор Қаландаров билан синчалак Саида! – деган гап кечди Ойравшаннинг
хаёлидан. – Аммо буниси Қаландаров эмас, униси – Саида!”
50
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр– Ҳаҳ, энағарди қизи! Билмайдиган балоси йўқ бунинг. Бўпти, у ёғини
кўраверингизлар қани биргалашиб. Раис бобомиз бош қўшган эканлар, синглимизни
ҳозирданоқ табриклайверсак ҳам бўларди-ю, лекин сайла-сайласи ҳам қалтис
ўйин-да, тўғрими?
Ойравшан кейин мадам Хосиятдан эшитишича, асли депутатликка ҳоким
ўзи талабгор экан-у, вилоят раҳбарияти рухсат бермаганмиш, унинг дудмалона
тайсаллашларию учуриқлари шундан.
“Ҳувиллаб ётган у бойўғлизорда ёлғиз нима қиласиз!” дея ўша куниёқ мадам
Хосият Ойравшанни уйига кўчириб кетди.
Мадам Хосият роса очиқкўнгил, шалдир-шулдир жувон чиқди. Бир кечадаёқ
икковлон апоқ-чапоқ бўлиб қолдилар.
У отасидан мерос кенг-мўл ҳовлида яшар экан. Уй-жойи тузуккина, ҳув
этакдаги пасқамроқ бир хонаю бир даҳлизда кекса онаси истиқомат қилади, ўзи
эртаю кеч давлат хизматида юргани учун, орқама-кейин туғилган икки ўғилчаси
доим бувиларининг иссиқ қучоғида.
Дарвозадан кирганда ўнг тараф қатор кетган уч хонали иморат, чап томонда эса
хийла ҳашам билан қурилган меҳмонхона – Ойравшан шунга жойлашди. Кечагина
танишган икки дугона деярли эртаю кеч бирга эдилар. Сайловолди учрашувларидан
қайтгач, ўтириб олиб тун-алламаҳалга қадар бугунги ютуғу ютқизиқларини ва
эртанги мўлжалларини муҳокама қилишар, шу асно гурунг эркин мавзуларга кўчар,
уй бекаси на туриб ўғилчаларини кўриб келишни, на эрининг ёнига боришни ўйлар
эди. Қайтага, дам-бадам эрининг ўзи келиб, буларнинг об-ошию чой-пойидан
хабарлашиб кетарди. Хотинининг шикоятича, у футболга ўлгудек ишқибоз, агар
телевизорда копток-поптокни кўрсатмаса, эски кассеталарни қўйиб ҳам томоша
қилиб ётар экан. Пардабойга қараб одамнинг бу гапга ишонгиси келмайди негадир…
Хосият асли Тошкентдаги чет тиллар институтини француз тили бўйича битирган
экан. Икки йилми-уч йил мактабда ўқитувчилик қилибдию “кейин Шуҳрат акам
мени ҳокимликка ишга олдилар”; шу ном унинг тилидан тушмасди. – Ким у – Шуҳрат акангиз?– Манови тўнка Эшболтаевдан олдинги ҳокимимиз-да. Ана раҳбар, мана раҳбар!
Унақаси йўқ, дугон, бошқа топилмайди. Ёш, ҳар соҳадан билимдон, ўзи келишган!
Эсизгина…– Ҳа, ишдан урилиб кетдими?
Хосият бирдан маъюс тортиб, сирли оҳангда пичирлади:– Ўзини осиб қўйди! Тутқаноғи бор экан, деб гап қилишди. Мен ишонмайман,
ҳеч қачон ишонмайман! Бирор мартаям сезганим йўқ. Устозим эди раҳматли. Мен
ҳаммасини ўша кишидан ўрганганман. – Ҳам-масиними? – деб юборди Ойравшан беихтиёр шўхлиги тутиб.– Боринг-э! – Хосият аразлаган каби унинг кифтига таънаомуз шапатилаб қўйди.
Вилоят тадбиркор аёлларини рағбатлантириш мақсадида Парижга саёҳатга
юборилганида Хосиятни уларга бош этиб жўнатган ҳам ўша раҳматли Шуҳрат акаси
экан. Парижда буларга йўлбонлик қилган француз йигит нуқул “мадам Хосият,
мадам Хосият” деб такрорлайверибди. Сафардан қайтгач, ҳокимнинг ташаббуси
билан ўтказилган каттакон йиғинда Хосият Париж таассуротларидан сўзлайтуриб,
нима касофат уриб шу гапни ҳам қистириб кетибдию балога қолибди – ўшандан
бери у “мадам Хосият, мадам Хосият” эмиш! Ўзи эса бепарво, ҳатто мамнун қўл
силтаб қўяди: “Нима деса дейишавермайдими! Мадам бўлмоқ ҳам ҳар кимнинг
иши эмас!”
№ 6 2025 51
Эркин АЪЗАМ
“Шаҳар кўрган эчки”, боз устига “ҳокимликнинг ғунажини” сифатида эр
топилмай юрганида мана шу Пардабой оёқ остидан чиқиб қолибди. Бошида
эгмишроқ онаси зинҳор унамабди, кейин, бора-бора – “Ҳай, пешонанг-да, қизим.
Чўпми, калтакми, баҳарнав тепангда биттаси қаққайиб тургани тузук”.– Тепамда эмиш, – дея шумлик билан қиқирлайди Хосият. – Ўзи шундай
кўрингани билан чатоқ бу ўлгур!
Шундай экан, шундай. Бўлмаса, Ойравшан бу хонадонда охиригача турарди,
қўққисдан жуфтак ростлаб қолмас эди…
Пардабой Хосиятнинг нақд кўкрагидан келар, бошқа чамалар бўйича ҳам уларни
эр-хотин гумон қилиш кулгили, эр хотинини олдида ҳам, орқасидан ҳам сира
иккиланмай эҳтиром ила “опа” деб атар, дарҳақиқат, ундан уч-тўрт ёш кичик эди.
Аммо – асли тоғ тарафлардан, кимсасизроқ, бет-бошини мўй босган бу ажабтовур
йигит ўзини ҳадеб ерга уравермайди. Гарчанд рўзғор икир-чикирларидан асло бош
бурмай, керак бўлганда, белига пешбанд тутиб қозон-товоққа аралашиб кетаверса
да, эрталаблари ишга отланганида озодагина оқ кўйлаклар кийиб, бўйнига пўрим
галстуклар тақиб олади; аллақайда тафтишчилик қилармиш у. Тўғри-да, биппа
бинойи бир хонадоннинг хўжаси, ҳув этакда яшайдиган кампирнинг гирдида
чопқиллаб юрган икки ўғил шуники, шунинг пуштикамаридан унган!..
Бир якшанба куни денг, мадам Хосиятни нима юмуш биландир ҳоким
чақиртириб, ёлғиз қолган Ойравшан ҳали Пардабой қизитиб берган ҳаммомга
ювингани кирди. Ҳаммомхона ҳовлининг хилват бир чеккасида, шарт-шароити
шаҳарникидан ўтса-ўтардики, қолишмас эди. Ойравшан ўзича хиргойи қила-қила
бемалол ювингач, чиқаверишдаги бўлмада тик туриб артинаркан, тепа тарафдан
қитир-қитир товуш эшитилди, панжарали чорбурчак туйнук ортида қандайдир
шарпа ҳам кўринганга ўхшадию бир вақт нимадир гурсиллаб-қарсиллаб кетди.
Ойравшан шоша-пиша халатига бурканиб ташқари чиқса – ёнбошдаги девор
остида, кўзлари осмонга бақрайган кўйи, ер билан битта бўлиб Пардабой чўзилиб
ётибди! Чамаси, деворга тақаб терилган бекорчи саржин устига чиқиб, туйнукдан
мириқиб томоша кўраётганида оёғи остидаги омонат ғишт кўчиб кетгану гавдасини
тутолмай ерга келиб урган… Баттар бўл! Ифлос, шарманда!
Шу ишдан сўнг Ойравшаннинг қайтиб бу ҳовлида кўриниш бериши қийин эди…
Кечқурун мадам Хосият уни дараклаб меҳмонхонага келди. – Ҳа, дугон, биздан нима ёмонлик ўтди, билсак бўладими?– Кўнгил қурғур ёлғизлик истаб қолди, Хосиятхон. – Илҳом келди денг, шоирам, илҳом!– Шундай деса ҳам бўлади. – Зоримиз бор – зўримиз йўқ. Сизга жуда ўрганибман, дугон, бу кеча ёнингизда
қолсам майлими? Барибир уйга боришдан фойда йўқ – калтабойим қаердандир
йиқилиб тушибдими, белини ололмай войвойлаб ётибди…
Ойравшан бу гапга миқ этиб оғиз очмади.
Шу-шу, мадам Хосият кунда-кунора келиб тунаб кетишни одат қилди.
Заранг тумани Ойравшан туғилиб ўсган Жийдалига яқин, туташ. Ўртада биргина
тоғ тизмаси бор, холос. Жийдали шимолда, тоғлар қуршовида жойлашган, Заранг
этакда – ясси адирликлару поёнсиз экинзорлар бағрида. Шу ҳисобда бирини тоғли,
бирини боғли дейиш мумкин. Лекин Жийдали аҳли ҳам боғдору чорвадор, боз
устига ўлгудек ҳунарманд келади, зарангликлар эса зироатга меҳр қўйган, асосан
пахтакор. Зарангда дашт кўп, дала кўп, демакки, пул мўл – Жийдалида гап кўп,
ўшак-уйдирма кўп. Тоғли жой-да, иқлими паст, пахта ўсмайди, экин майдони ҳам
йўқ ҳисоби. Шунга кўра эли камдаромад, камхаржроқ яшайди. Қўшни зарангликлар
52
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
бўлса тўқ, фаровон, Жийдали таъбирича – “уккағар бойваччалар”! “Қачонгача бу
уккағар жир битиб ётганларди пахтасини биз териб берамиз?” дея бир йили улар
Зарангдан ижарага озроқ ер олиб “оқ олтин” экадию собиқ Иттифоқда биринчи
бўлиб пахта планини бажариб чиқади. “Берган тўрт эшак пахтаси билан керилишини
қаранг!” деб зарангликлар уларни кулги қилади.
Азалдан эли бир, ери бир бўлган бу икки депара замона зайли билан гоҳ қўшилиб,
гоҳ бўлиниб келган. Аммо бирикканда бир бўлмаган, ажралганда айри…
Холисан айтганда, жийдалиликларнинг айби мўлроқ бунда. Қадим тоғлик қавм
эмасми, бисёр эррайим: унча-мунча элни эл санамайди, унча-мунча юртни – юрт.
Бирор зарурат билан Зарангга ўхшаш қўшни туманларга ёки вилоят марказига йўли
тушганда ҳам, бир кеча-ярим кеча тунаб қолишдан худо асрасин, юмушини битирар
битирмас, иложи бўлса, пешинга қолмай зув изига қайтса: “Эҳ, эҳ! У ерларда ётиб
бўладими-е? Жийдалидай жой борми-е?!” Уларнинг рад этиб бўлмас ҳукми бўйича
бундай: дунёда энг сўлим, энг бофайз, назаркардаю пир кетган макон – Жийдали!
Бошқа манзиллар эса, ҳарчанд обод бўлмасин, замонавий аталмасин, анчайин
рўзгузарончиликкагина ярайдиган омонат работ-карвонсаройлардек бир гап,
худонинг шўрлик, омадсиз бандаларига буюрган бефайз бир… Албатта, бу кўпирма
даъволарда сал-пал бўлса-да жон бор. Дейлик, Жийдалининг соя-салқинлиги –
тўғри, тоғ-тоши кўркам – бунисиям лоф эмас, одамлари қайроқи, ўлгудек гапдон –
ана бунисига энди тан бермай иложингиз йўқ. Аммо бу керилиш-ҳаволанишларда
лофу кибр ҳам етарлигина. Ахир, рўйи заминда соя-салқин гўша кам эканми?!
Тоғларининг баландлигию чўққиларининг виқорига келсак, ана, оламда бундан
да юксак, бундан-да афсонавор манзиллар қанча-қанча! Тўғри-ю, лекин у ерлар
Жийдали аталмайди-да! Тоғ-чўққиси баланд бўлгани билан бизникидек ёввойи,
қадам етмаган жойлари кўп эмас-да! Айниқса, мажнунарчаларимизнинг кўрку
салобати, арчазорларимизнинг бўю таровати! Ана, ана, ҳамма гап шунда! Бу ёғига
Жийдали аҳлига гап топиб бериб бўпсиз! Жийдалининг яктолиги, ягоналиги, бу
қавмнинг ҳавосию худпарастлиги айни шунда, шунда…
Мактаб йиллари Ойравшан Заранг далаларида неча бор пахта терган. Ўқиш
бошланар-бошланмас, усти очиқ юк машиналарида шу ёққа отланишар, куз
изғиринларида дала шийпонида ётиб икки ойлаб-уч ойлаб пахта теришар эди.
Бармоқлар момиқдан зада, уйларию ота-оналарини қўмсаган қизлар, уларга
қўшилиб эркатойроқ ўғил болалар ҳам зор-зор йиғлаб ўлан айтишарди:
“Жийдали, жон Жийдали, анов тоғдан нарисан,
Соғинганимда сени жонимдан ҳам берисан.
Қачон сенга кетамиз, қачон сенга етамиз,
Жийдалижон, Жийдали?”
Раис бобони илк бор кўрганида танишдек туюлгани бежиз эмас, ўша кезлар уни
мана шу пахтазорларда учратган-нетган чиқар…
Мана, бугун Ойравшан Зарангнинг ўр-қирию дала-боғи оралаганча ов овлаб,
овоз тилаб юрибди. Эрталаблари нонушта қилар-қилмас, мадам Хосиятнинг
“матиз”ига ўтириб йўлга тушишади, кечқурун қош қорайганда ҳориб-чарчаб
қайтишадию Тамара тайёрлаб қўйган таомларга қарамоққа ҳам чоғлари келмай,
таппа ташлаб қотиб қолишади.
Депутатликка номзодлар асосан учов эди. Яна бир киши бор экан-у, у Тошкентдаги
катта идорада масъул лавозимда ишлар, ҳали-бери қорасини кўрсатмаган, шивир
шивирларга қараганда, келмоғи ҳам даргумон – бундан эса қолганлар чандон
хурсанд эди.
№ 6 2025 53
Эркин АЪЗАМ
Майдонга тушганлардан бири – маҳаллий поликлиниканинг бош шифокори,
Раҳмон дегич асли шу ерлик йигит туман газетасида мухбирлик қиладиган
ишончли вакили ёзиб берган матнни такрорлаб чарчамайди. Қайга борилмасин –
мактаб бўладими у, ёхуд нуқул эркаклардан иборат автобазами, унга фарқи йўқ –
хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигию эллик ўринли туғуруқхонадан гап
бошлайди. Беш-ўнтагина қари-қури истиқомат қиладиган тоғ яқинидаги хилват бир
манзилда ҳам шундан сўз очиб, роса кулгига қолди. Лекин парвосига келтирмай,
эртанги учрашувда ҳам ўша ашуласини қайтараверди. Лақаби “эллик ўринли
туғуруқхона” бўлиб кетгани билан иши йўқ. Индамайгина илжайиб қўяди, тамом.
Ё сувюқмас бир без, ё содда-муғомбир.
Вилоят миқёсидаги серпул бир корхонанинг хўжайини бўлмиш иккинчи
номзодимиз эса бамисоли гунг, гапни билмайди. Гапга эмас, пул топишга уста бу
одам сўз берилганда оғринибгина, истар-истамас минбарга чиқиб, “Ҳали амакимиз
айтиб кетганларидай” дея ишончли вакилининг сўзларини қайтадан такрорлаб
беради, холос. Қолган пайт пул ясаш йўлларини ахтарибми, жимгина ерга боқиб
ўтиради. Унинг ўрнига, бир замонлар шу туманда партия саркотиби бўлиб ишлаган
“амакиси” – ота қадрдони, кекса коммунист гапиради. Номзод бу ёқда қолиб, у
нуқул унинг отасини таърифлайди. “Ана шундай ажойиб инсоннинг фарзанди бу
киши! Депутат қилиб сайласаларинг асло-асло адашмайсизлар!” деб таъкидлайди
сўзининг охирида.
Шу номзоднинг камгап-камсуқумлигими, ўзини оғир-вазмин тутишими,
Ойравшанга хушёқди. Кейин эшитса-чи, бу писмиқ аллақачон тумандаги тўрт-беш
мактабнинг томини янгилаб берган, ўнқир-чўнқир кўчаларга асфальт ётқизишга
ҳам улгурган, баъзи сайлов ўрамларига яна алланималар ваъда қилган экан.
Мишмишларга қараганда, у туман ҳокимини ҳам қўлга олган, Эшболтаев сайловда
ён босса, шунга босармиш.
Бироқ кейинги кунлар у негадир учрашувларда кўринмай қолди. Фақат кекса
коммунист “амакиси”нинг ўзи келади. У ҳам денг, кечаги “жияни”ю унинг ажойиб
отасини эсдан чиқариб, нуқул ўзидан, саркотиблик вақтида туманда кўрсатган
кароматларидан лоф уради. Мудом тўнгу тунд кўринадиган номзодимизнинг ё
бу каби сафсатабозликлардан ҳафсаласи пир бўлди, ё у ўзининг асосий касби –
пулбозликка муккасидан шўнғиб кетди. Ўтган ҳафта эса унинг номзоди “юқори”дан
бекор қилингани хабари чиқди.
Демак, майдонда фақат анови тўтиқуш Раҳмон билан Ойравшан қолиб турибди.
“Эллик ўринли туғуруқхона”нинг аҳволи маълум. Демак!..
Алифбо бўйича Ойравшанга охирида навбат бериларди. Аввал ишончли
вакили – ё Аллаёрова, ё Шавкат, кўпинча эса мадам Хосият чиқиб гапиради,
уни таништиради, кейин – ўзи. Шарофат чиндан ҳам бидир-бидир гапдон экан,
аммо нима дегани, айтган бирор сўзи эсда қолмайди. Тузсиз бир вайсаш, холос.
Хайрият, иккитами-учта учрашувда қатнашдию даф бўлди – боласи оғриб
қолганмиш. Қайтага, Шавкат тузук экан, маънавияту маърифатдан ваъз айтиб
ўтирмай, “Келинглар, яхшиси, ажойиб шоирамизнинг ўзларидан эшитайлик!” дея
камтарлик билан дарҳол минбарни бўшатади. Баҳонада ўзи ҳам бир-иккита шеър
ўқиб қолмоқчи. Сенга энди гал тегиб бўпти, галварс!
Бора-бора ишончли вакилга ҳожат ҳам қолмай, расмий учрашув тўғридан-тўғри
шеърхонликка, шеърият кечасига айланиб кетадиган бўлди.
Лекин бўладиган гапни охирида барибир мадам Хосият қиларди:– Қани, айтинглар-чи, сайловда кимга овоз берамиз? – Шоирага-да! Шоирамизга! – дея чуввос соларди сайловчилар бир овоздан.
54
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр– Ана шундай бўлсин, ҳа!
Ойравшан қаерга бормасин, изидан дув-дув гап: “Раис бобонинг одами!”, “Раис
бобонинг жияни эмиш…” Мадам Хосият ҳам бир дафъа шундан сўз очганида
Ойравшан гапни чалғитиб, дудмалроқ қилди. Сўраган одам ғалати кулимсираб
қўйди, нима деб ўйлагани ўзига маълум. Бировнинг дилидаги бор сиру савдо
ёвлашиб қолганингиздагина ошкор бўлади – мағзавага ботириб башарангизга
отилади.
Нафсиламри, раис бобо ҳам у ёқда тинч тургани йўқдир. Аммо ҳадеб бу
томонларга кўриниш беравермайди. Ишни зимдан пишитар экан – у кишининг
одати.
Хуллас, сайловда ғолиблик ҳам, депутатлик ҳам нақд бўлиб турибди!
Лекин шу орада Ойравшанимиз хунук бир иш қилиб қўйди. – Шерикларингиз биздан бекитиқча у ер-бу ерга бориб келаётган эмиш. Юринг,
биз ҳам Бедана участкасида учрашув қилиб келамиз, – деб қолди мадам Хосият
якшанба куни. – Самия билан гаплашиб ҳам қўйганман. – Самия? Ким у?– Шогирдим-да. Ўзим кўтарганман уни. Шуҳрат акамга айтиб. Борганда кўрасиз –
зўр қиз. Фермер хўжалигининг раиси. Сиёсати эркаклардан қолишмайди.
Самия уларни қишлоққа эниш жойида кутиб олди. Буниси ҳам мадам Хосиятга
ўхшаб “матиз” ҳайдаб юрибди. Умуман, у ҳамма ишда устозига тақлид қилиши
кўриниб турарди; гўёки мадам Хосиятнинг бир нусхаси, лекин хирароқ, пачоқроқ
нусха. Вилоят пединститутини битирган экан. Очиқ-сочиққина, бегонасираб
ўтирмай дарров келиб Ойравшанни қучоқлади, соғинган опаси ё синглиси мисол,
юзларидан ўпиб ҳам қўйди.
Мезбон тўппа-тўғри идорасига бошлаганини кўриб: – Ҳай, қўй-пўйинг бўлса кейин сўярсан, Сами, аввал ишни битирайлик! – дея
тегишди мадам Хосият. – Кириб бирпас исиниб олингизлар, иш нима экан, қочиб кетибдими?
Чиндан ҳам ҳаво аёзлироқ эди.
Кирдилар.
Дастурхон ҳам, бошқаси ҳам тап-тайёр экан. Самия бурчакдаги сейфсимон
темир қутидан бир шиша арақ олиб ўртага қўйди. У ёқ-бу ёққа қараб ўтирмай
мадам Хосият уни шартта қулқиллатиб уч пиёлага тақсимлади. – Қани, олдик, – деди мезбон устозидан изн сўрашни ҳам эсдан чиқариб, –
танишганимиз ва учрашувимиз яхши ўтиши учун!
Худди шу даъватга муштоқдек, учовлон миқ этмай пиёлаларни бир кўтаришда
бўшатдилар.
Ул-булдан татингач, мадам Хосият ташаббусни қўлига олиб:– Турдик энди, бориб дала меҳнаткашларининг кўнглини овлаб келайлик,
қолгани кейин, бафуржа, – дея ўрнидан қўзғалди.
Ташқарида аёз яна кучайгандек туюларди. – Номига бир-иккита шеър ўқисангиз бўлди, – деди Самия Ойравшаннинг
қунишиброқ қолганини пайқаб. – Сизга берилган овозлар ана – сейфимда!
Тадбир чор тарафи яланг даланинг ўртасига белгиланган экан. – Халқ билан, сайловчилар билан ҳақиқий учрашув асли шунақа бўлади-да, – деб
қўйди мадам Хосият Ойравшандан пича хижолату шогирдидан норози бир кўйда. –
Шунисининг таъсири кучли, мана кўрасизлар!
Олисдан қараганда қоп-қорайиб ётган кечаги пахтазор бошида машиналардан
тушдилар.
№ 6 2025 55
Эркин АЪЗАМ
Кенг дала бўйлаб ғўзапоя юлиб юрган сайловчилар ҳар ёндан йиғилиб кела
бошлади. Эркак зоти кўринмайди, бари хотин-халаж. Ўн беш-йигирма чоғлиқ бор.
Бўйин-бошлари рўмол билан чирмалган. Кўпчилигининг оёғида калиш. Изғиринда
кўкариб-қизариб кетган юзлар, кўзлар. Шу кўзлар иссиқ-қулай ва алламбало
кийим-бошда чақмоқдек бўлиб турган Ойравшанимизга алланечук мунгли боқади.
Фермер хўжалиги раиси уларга қарата баланд руҳда уч-тўрт оғиз ваъз айтгач,
кўпиртира-кўпиртира таништириб, сўзни Ойравшанга берди.
Бир қадам олдинга босган Ойравшан тўпланганларга бир-бир назар солиб
чиқаркан, ногаҳон томоғи ғиппа бўғилди, дийдасини тўлдириб ёш келди. Ютиниб
олди – бефойда. Бояги ўлгурнинг ҳам таъсирими, шунда уни бир жин урди: “Эй-й!”
дея аччиқ бир қўл силтадию келган машинасига қараб югурди. “Матиз”га кириб,
аллақандай жазава ичида оёғидан этикчасини, бошидан антиқа қундуз қалпоғини
ечди-да, чарм курткасига ўраб дераза оша ташқарига улоқтирди: “Мана! Мана!”
Сўнг юзларини тиззасига босганча аламидан ҳўнграб юборди. Ранг-қути ўчиб,
“Ойравшан! Ойравшан!” дея чопиб келган мадам Хосиятга беихтиёр ўшқирди:
“Ҳайда!” Мадам индамай ичкари кириб, машинани изига бурди.
Ойравшан йўл бўйи ўпкасини босолмай пиқиллаб борди. Ҳайдовчи дам-бадам
хавотир билан унга қараб-қараб қўярди.
Қилган қилиғидан ўзи ҳайрон, ўзи хижолат Ойравшан меҳмонхонада ёлғиз,
дилғаш бўлиб ётаркан (негадир унинг юзига қараёлмай гуноҳкорона ўтира
ўтира, мадам Хосият уйига жўнади), кечқурун туйқусдан Раис бобо келиб қолди.
Айтишича, шу ердан ўтаётиб йўл-йўлакай хабарлашгани кирибди. – Эшитдим, эшитдим… – деди у худди ҳеч гапдан бехабардек бир осойишталик
билан. – Лекин буларнинг қай бирига этигу телпак улашардингиз, Ойравшан?! –
Сўнг чеҳраси ёришиброқ илова қилди: – Бир ҳисобда яхши бўпти. Ҳаммаёқда гап,
шов-шув! Реклама-да бу ҳам, тўғрими?
Эртаси куни чошгоҳга яқин (ҳали мадам Хосиятдан дарак йўқ эди) Мансурбой
аллақандай бир қути кўтариб келди: “Бобой бериб юбордилар”. Ойравшан уни
хонасига олиб кириб, очиб қаради: этик, телпак, чарм куртка. Кеча фиғон ичида
садақа этиб юборганларидан зиёда бўлса бордирки, асло кам эмас. Дидингизга
қойил-э, раис бобо! Апил-тапил учовини ҳам бир-бир кийиб кўрди: лоппа-лойиқ!
Чама-фаросатингизга ҳам офарин! Бунча меҳрибонсиз-а! Мен сизга нима яхшилик
қилибманки…
Шу куни учрашувдан барвақтроқ боққа қайтишса – ташвиш-тараддуд зўр,
ойнаванд айвон гавжум кўринади. Букри беҳининг пўнтиқ айрисида қўй териси
осилиб турибди, қўлида белкурак, Чорибой қон тўла чуқурчани кўмиш билан
овора. Бир карсон гўштни ҳилла кўтарган Тамара бежо қадамлаб лапанглаганча
ошхона томон кетаётир.
Бу жой камтарона йўсинда “Фаровон” хўжалигининг чорбоғи, шийпони
аталгани билан, аслида туман ҳокимлигининг норасмий дачаси ҳисобланади –
нозикроқ меҳмонлар шу ерга бошлаб келинади, шу ерга жойлаштирилади.
Ойравшан йўлни тескари буриб ошхона тарафдан ўтди-да, орқанги эшик орқали
хонасига биқиниб олди. Мадам Хосият туман фаоли сифатида дадил одимлаб
ойнаванд айвон сари юрди.
Тунов кунги қилмишидан ҳамон кўнгли ғаш, пушаймон Ойравшан кийим
бошини ечмоққа-да мажоли йўқ, тўшакда беҳол чўзилиб ётганида эшикдан мадам
Хосият бош суқди. – Туринг, туринг, чақиришяпти!– Э-э! – дея қўл силтади Ойравшан ётган жойидан.
56
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр– Эби, турсангиз-чи, ҳамма шу ерда!– Кимлар? Нима гап экан ўзи?– Чиққанда кўрасиз. Гап кўп…
Узун айвонда зиёфат қизғин, юрт сўраб турган казо-казоларнинг бари жам эди.
Биргина “уй эгаси” – Раис бобомизнинг ўзи кўринмасди. Нега бўлсаки? Зарурроқ
бирон юмуши чиқиб қолдимикан?
Қадаҳбозлик авжида. Тўрдан уч киши жой олган. Бир ёнда Ойравшанга
кўзтаниш бўлган вилоят ҳокими, бир ёнда Нурман Эшболтаев, уларнинг ўртасида
эса – ўттиз-ўттиз беш ёшлар чамали пўрим кийинган бир йигит. Барчанинг диққат
эътибори шунда.
Ким бўлди экан бу кишим? Ия, танишга ўхшайди-ку! Ҳа, кўрган, кўрган.
Суратини. Номзодлар қаторлашиб турган тарғибот плакатида. Шу шишакўз экан
да, қаранг. Кепти-да. Эндими?
Ойравшаннинг кўнгли баттар ғаш тортиб, эшикдан кирган жойида туриб қолди.
Унга кўзи тушган катта ҳоким бир қўлини баланд кўтариб:– Э, э, шоирамиз ҳам шу ерда эканлар-ку! Бу ёқдан, бу ёқдан! – дея тўр сари
чорлади.
Бошқалар ҳам унга жўр бўлиб, қўйма-қўйма қила-қила Ойравшанни ўша ёққа
ўтказдилар. Кимдир ўрнидан чаққон туриб унга курси тўғрилади. Ойравшан катта
ҳокимнинг биқинидан жой олди. – Қалай, синглим, Ойбарчиндай от суришиб юрибсизми ишқилиб? Ҳай, яш
шанг! – деди катта ҳоким сўрашган бўлиб. – Мана, сафдошингизни ҳам олиб
келдик, танишинг. Бир-бирларингни билсаларинг кераг-а?
Меҳмон сиполик билан қўлини кўксига босиб жилмайди; табассуми алланечук
самимий, беғараз эди. Ойравшан заифгина илжайиб бош силкиб қўйди. Нима,
чўрига ўхшаб ўрнидан туриб таъзим қилсинми энди?! Ким бўпти ўзи бу? Катта
жойда ишласа ишлар! Шунга шунча одам ёпирилиб келганини! – Қани, ажойиб номзодларимизнинг бўлажак муваффақиятлари учун биттадан
олмаймизми?
Катта ҳокимнинг бу ташаббусига сапчиб жойидан турган Нурман Эшболтаев
апил-тапил қадаҳларни тўлдирмоққа киришди. Мадам Хосият ҳам уй бекаси
мақомида гирдикапалак бўлиб давра айланиб юрарди; бориб кимнингдир олдини
саришталаб қўяди, кимгадир ниманидир олиб узатади. Оғзи қулоғида, ҳаммага
тиржайгани тиржайган. Ҳе, ўл-э қилпилламай!
Кўнгли тусаб турган бўлса-да, Ойравшан олдидаги қадаҳга қўл тегизмади; қиста
қисталарга пинак бузмай, боши оғриётганини баҳона қилиб, кока-кола қўйилган
фужерни шунчаки чўқиштириб қўйди, холос – ҳатто шундан ҳам бир ҳўпламади.
Кечагина бу давранинг эркатойи Ойравшан эди. Бугун ҳаммасининг нигоҳи
манови шишакўзда! Бир кунда сотилди-я! Ҳе, эркак бўлмай кет баринг!
Даврадан сиполик ариб, ит эгасини танимайдиганроқ бир кепатага келганида
Ойравшан секингина туриб хонасига кириб кетдию қайтиб чиқмади. Энди ростдан
ҳам боши лўқиллаб, чўзилиб ётаверди.
Бир маҳал айвонда тапир-тупур, курсиларнинг нари-бери сурилгани эшитилди –
меҳмонлар қўзғалди шекилли. Хиёл ўтиб хонага мадам Хосият кирди. – Юрмайсизми сиз ҳам?– Қаёққа? – деб сўради Ойравшан ажабланиб.– Ҳокимликнинг мажлислар залида кечқурун янги келган номзод билан каттакон
учрашув бўлади-ку!– Бўлса бўлаверсин, мен нима қиламан у ерда?
№ 6 2025 57
Эркин АЪЗАМ– Меҳмоннинг ўзи илтимос қиляпти-да, бирга юрсинлар, деб. Учрашувни
ўтказиб, бугуноқ Тошкентга учиб кетармиш у. – Менга деса, Нью-Йоркка учиб кетмайдими! Бир кунлик экан-да ташрифлари?
Шунга бунча ваҳимаю дабдабани қаранг! Бирга борармишман-а! Нима, бориб
қўлларига сув қуйиб тураманми?! Тоже мне! – Унча ёмон йигитга ўхшамайди, – дея мадам Хосият у томон ён боса бошлагандек
туюлдию Ойравшан баттар тутақди:– Яхши йигит бўлса, боринг ўзингиз, бораверинг! – Сўнг андак шаштидан тушиб
давом этди: – Кўриб турибсиз, Хосият, учрашув-пучрашув деб безорим чиқиб кетди
ўзи. Мен керакли овозни тўплаб бўлганман. Борсин, ана – қолган-қутганини олиб
кетаверсин, ишим йўқ! – Ҳай, ўзингиз биласиз, – деди мадам Хосият совуққина қилиб.
У эшикдан чиққач, Ойравшаннинг баттар алами жўшди. Сотқин! Дарров у
томонга ўтиб олибсан-да! “Ёмон йигит эмас” эмиш! Яхши бўлса – бор, кетини
яла, қўйнига кир! Сўнгра сени Тошкентларга олиб кетади, орзуларингга етасан!
Мусичаи беозордек кўриниб, гирдида гиргиттон бўлиб юрган бу писмиқ куни
кеча нима дейди денг: “Сизни депутат қилиб олсак, мени бирга Тошкентга олиб
кетасиз-а, дугон?” “Тошкентни нима қиласиз? Юрибсиз-ку шу ерда яйраб-яшнаб?”
деса – “Каттароқ бирор ишга жойлаб қўясиз-да у ёқда. Сизга ўхшаб юраман” эмиш!
Вой, кўнглингизнинг кўчасига! Гап бу ёқда экан-да! Уй-рўзғорни қўйиб орқамдан
судралиб-суйкалиб юришлар шунинг учун экан-да!
Ўзи, доим бирга юриб бирга тураверганигами, кейинги вақтда бадига уриб
кетди шу хотин. Илк бор учрашганларида хийла тўкис, хийла ораста кўринган
мадамимиз асли иркитроқ бўлиб чиқди: тишларининг ораси сарғайиб ётадими
ей; яп-янги, қимматбаҳо туфлиларининг ичига ҳам қараб бўлмайди – қоп-қорайиб
кетган… Мадам аталганлари билан қишлоқи-да барибир, қишлоқи!
Боягина бекор-беташвиш боғ кезиб юрган Ойравшан бир соатлардан кейин
бундай йўлда бўламан деб ўйламаган эди.
Жийдалига кетаётир у – уйдагиларини кўриб келгани…
…Боғдан чиқиб меҳмонхонага яқинлашса – машинаси чинор тагида, Мансур
ким биландир телефонда гаплашяпти. Ойравшанга кўзи тушиб, “Мана, мана, бу
ёқда юрган эканлар”, дея югура келиб телефончасини унга тутқазди: – Бобой!
Ойравшан ҳайрон бўлган каби телефонни қулоғига олиб борди. Раис бобонинг
товуши аллақандай ҳорғинроқ эди. – Бу ерда энди қиладиган иш қолмади, Равшаной. Бугун-эрта бекорсиз
барибир, тўғрими? Ёлғиз зерикиб ўтиргунча, бир Жийдалига ўтиб келсангиз-чи?
Уйдагиларни кўриб, хабар олиб дегандай. Мансур элтиб қўяди. Эртага кечга яқин
қайтсангиз ҳам бўлаверади. Ҳай, сайлов-пайловиям бир гап бўлар… Биздан салом
айтиб қўярсиз, хўпми?
Жуда билгич, одамохун-да шу раис бобо! Ростдан ҳам, хун бўлиб ўтирадими бу
ерда?
Ойравшанга шундай бир таклиф етишмай турган экан, ғириллаб ичкари кириб,
бирпасда тўрвахалтасини кўтариб чиқди. Уни жойламоқчи бўлганида машина
юкхонасидаги нарсаларни кўриб, шошиб қолди. Бўз матога ўралган бир қўйнинг
гўшти, алоҳида бир картон қутида яна алланималар… Саволомуз Мансурга
юзланганида у гапни қисқа қилди: – Қуруқ бормасин дедилар-да бобой…
Мана, яқин бир соатдан буён йўл юриб келяптилар.
58
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Дурдарадан чиқилгач, олисда тоғлар кўриниб, Ойравшан бир энтикиб қўйди.
Ҳар гал шундай – Жийдалига яқинлашаётганида юраги уриб кетади, “Қаёқларда
юрибман ўзи? Нима қилиб юрибман ўзи?” деган ўйлар безовта қилади.
Нега бундай экан: туғилган, киндик қони тўкилган жойлар бир кун келиб
одамзодга торлик қилиб қолади-я?! Айниқса, ёшликка – ғўр, тийиқсиз фаслга хос
бу майли. Гўёки дунёнинг бор қувончу байрамлари сиз бормаган, сиз кўрмаган
манзилларда кечаётир-у, тангу тор бир хилватда яшаб сиз улардан чунон бенасиб
қоляпсиз! Йўқ, кетасиз, неларнингдир илинжида бош олиб кетасиз. Ризқингиз
сочилган ўзга манзилларни макон тутиб, эрта бир кун умрингиз ўша жойларда ўта
бошлайди. Бу ер-чи, илк бор дунёга кўз очиб кўрган одамларингиз, болаликдан
қадрдон дов-дарахт, дала-туз, тоғу тош… Бегона, энди бари бегона. Лекин шундай
гап ҳам борки, одамзод ўлганда тани-вужуди ўша тупроққа қўйилган жойида-ю,
руҳи эса асл пайдо бўлган манзилларига қайтар эмиш…
Ойравшан ҳар доим бу каби фикр-хаёлларга чап беришга, миясидан қувишга
уринарди: эҳ-ҳэ, буларни ўйламоққа ҳали қанча бор! Аммо ҳозиргидек кўнгилни
ҳазинлик чулғаганда келар экан бундай ўйлар.
Тоғларга қор тушиб улгурган, тафтсиз офтоб чарақлай-чарақлай уфққа
ёнбошламоқда эди. Дадасининг анови бир жумла заҳаролуд гапи ёдига тушиб,
Ойравшанни ғам босди: “Мени кўриб нима десалар экан? Қувиб солмасалар эди…”
Ҳайтовур, йўл бўйи юраги пўкиллаб келган қизни ота жимгина бағрига босди,
пешонасидан ўпиб ҳам қўйди. Табиатан тошмеҳрроқ одам, илгари сира бундай
қилмасди: келдингми, ҳа, яхши, ке – тамом. Ёши кетяпти-да, кексайганда ҳар
қандай мирғазаби ҳам юмшаброқ, мулойимлашиб қолади. Боз устига – ёлғизлик,
яқин бир тафтга муҳтожлик, ташналик… Укаси, ёлғиз ўғил Россияда юрибди. Дом
дараксиз. Онаси бурноғи йили қазо қилган. Тўсатдан. Ойравшан зўрға етиб келган
эди. Таниш-билишларини ишга солиб, самолётга аранг чипта топган. Аэропортда
анови гўрсўхта Искандар учраб қолганини айтинг! Доимгидек бою башанг, юлдуз
санаб юрибди. Сурбетларча илжайиб салом берган эди, ўгирилиб ҳам қарамади:
бетинг қурсин! Уни кўргач, дарди дунёси баттар ортгани эсида…
Ҳовли-жойлари одатдагидек ораста – дадаси саранжом-саришталикни яхши
кўради. Бу уйда ёлғиз қолганига, кексалигига қарамай бир зум тинмайди. Тўғри,
рўпарадаги янги қурилган иморатда икки гўдагини бағрига босиб йўл пойлаб
ўтирган Заҳро келин ҳам қарашиб турар, ўлдими?
Қизи олиб келган ноз-неъматга тўла кечки дастурхон бошида ота яна бир
оғизгина гап қилди: – Энанг сени шоир ё депутат бўлсин деб туғмаган эди, қизим. Ҳай, бу ёғиниям
кўр-чи…
Шу кеча Ойравшан ота уйида, ҳув болалигида ўзи ётган тўшакда думалаб хаёл
оғушида экан, тўсатдан шеър ёзгиси келиб кетди. Аммо нимани ёзишини билмасди.
Хаёли яна Зарангга, сайлов машмашаларига оғди. Вужудини тийиқсиз бир қувонч
эгаллади. Эртага худди шу маҳалда ҳаммаси аён бўлади, дунё ўзгариб кетади.
Депутат бўлиб олсин, уйларига яна келади. Ана унда кўринг-да тантанани!
Сиртига чиқармаган бўлса-да, эртаси кун бўйи ажиб ҳаяжон ичида юрди.
Қани, Мансур ўлгур ҳозир келсаю Зарангга қараб учса! Аммо бу ерда, Жийдалида
сайлов руҳи унча сезилмасди, ҳамма якшанбалик бозор-ўчари билан банд. Тўғри,
дадаси овоз бергани чошгоҳларда кўчага бир чиқиб келди. Заҳро келин эса, рўзғор
юмушларига банд, сайлов-пайлов хаёлида йўқ. Ойравшан бирпас ўтириб унинг
адоқсиз ҳасратига қулоқ тутди, саёқ укасини койиган-яниган бўлиб, таскин берди.
№ 6 2025 59
Эркин АЪЗАМ
Кейин толиқиб кетиб, қўни-қўшниларникига чиқди. Кўрган-билганлар эса ҳайрон:
“Депутатликка келган қизимиз бу ерда нима қилиб юрибди? Ё бўлмаса…”
Вақт пешинлардан ўтиб, ҳартугул, мадам Хосият қўнғироқ қилди: “Эй, дугон,
қаёққа қочиб кетдингиз? Йўқлаб борсам йўқсиз… Ҳа, ҳа, ўтяпти, яхши… Кечга
бориб маълум бўлади-да энди. Қачон келасиз?..”
Ойравшан, раис бобо тайинлаганидек, кечга яқин Зарангга қайтди.
Келса – Тамара зинапояга чўнқайиб, эзгин бир кўйда ўтирибди. Йиғлаганми,
қовоқлари қизариб турибди.– Ҳа, Тамара опа, нима бўлди?– Эшитмадингизми ҳали?– Нимани? Тинчликми ўзи?! – деди Ойравшан юраги алланечук чучимсираб. – Боя биттаси телефон қилиб сизни сўради. Кейин, “Опанинг иши бўлмади,
айтиб қўярсиз”, дейди! Ўтолмабсиз-да, опажон… – Тамара тағин ҳиқилламоққа
тушди.– Ким ўтолмабди, менми?! Ўтмабди… Ўтган ким бўлмаса? – Ойравшаннинг бор
вужуди тўкилгандек бўлиб, боши ғувилларди: “Ўтмабди. Ўтолмабди. Ўтмайди.
Ўтолмайди…”– Тунов куни келган меҳмон-чи, ўша…
Демак! Демак, ўша шишакўз депутат бўлибди-да?! Бир мартагина келиб-кетган
арзанда!..
Ойравшан Тамаранинг елкасидан қучиб қўйди-да, ҳуши ўзида йўқ, югуриб
айвонга чиқди, тўрвахалтасини бир четга улоқтириб, тўғри холодильникнинг
қошига борди. Яримлаб қолган шишани олиб, бўғзидан охирига қадар симирди.
Кейин хонасига кирдию тўшакка юзтубан ташлади. “Ўтмабди. Ўтолмабди.
Ўтмайди. Ўтолмайди…” Қанча фурсат ўтгани маълум эмас, кимдир тепасида
тургандек бўлаверди. Кўзини аранг очиб қаради. Раис бобо! Бошини хам қилиб
унга айбдорона термилган. Ойравшан минг азобда ўрнидан қўзғалиб, оёғини
каравотдан туширди.
Раис аста чўнқайиб, унга рўбарў бўлди.–
Шунақа бўпқолди энди. Раисингизнинг қўлидан келмади, Ойравшан,
кечиринг. – Кўзи ёшланганга ўхшади. Шундай улкан, шундай қудратли одам-а! –
Аблаҳ Нурман сўзида турмади, қўрқоқлик қилди, мараз! – Кейин негадир, таскин
оҳангидами, қўшиб қўйди: – Боймирзаев ҳам ўтолмабди…
Ҳуши оғиб ўтирган Ойравшан унга анқайиб боқди: – Боймирзаев? Ким у? – Ҳе, биттаси-да. Нурманга ўхшаган биттаси. Буларнинг уруғи кўп…
Рўпарасига чўнқайган бу одам ногаҳон Ойравшаннинг кўзига отасидек,
амакисидек… йўқ, янада яқин, азиз кўриниб кетди. Беихтиёр унинг кўксига бошини
қўйди. Бошқа суянчиғи қолмаган эди оламда…
III
Агар бу ишлар эл қатори, рисоладагидек кечганида, биз унинг қаҳрамонини
Ойравшан эмас, бошқача атаган бўлардик. Дарвоқе, элникига ўхшашининг
иложи ҳам йўқ эди-да. Тиқилинч келиб қолди. Бир ой-икки ой кейинга суриш эса
имконсиз. Айни сертўй-сермаърака мавсумда қулайгина жой топилақолганига ҳам
шукр денг. Ҳали-вери қабул тўғрисида тайин бир буйруқдан дарак бўлмаса-да,
Ойравшаннинг қўлида томсувоққа иш ўрганиб юрган Шоикром деган бола йўқ
жойдан жонига ора кирди. Тоғасинингми, амакисинингми тўйхонаси бор экан;
тўғри, шаҳардан пича чеккароқ (айни муддао!), лекин янги қурилган, ҳашамлари
60
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
жойида; номини айтинг – “Донгдор!” Чўзиб юрмай шартта бориб гаплашиб ҳам
келишди. Жиян “жоним шу опанинг қўлида” деганми, ёки “кўзларини юмиб
куладиган сайроқи қиз”ни ўзи таниб қолдими, тўйхона соҳиби манзиратни қуюқ
қилди: хоҳлаган зални танланглар, хоҳлаган дастурхонингизни буюринг, ҳаммасини
“есть” қиламиз! Биринчи қаватдан – асосий залга кираверишда чап қўлдаги эллик
олтмиш ўринли чоғроқ, хилватгина, аммо шоён шинам хона танланди. Сўнгги
кезларда авж олган бу тоифа чала пинҳон тўй-тўйчиқларни кўравериб кўзи пишган
хўжайинни-да ҳайратга қўйиб ичкилигу таомнинг энг тансиқ, энг сархилларидан
буюрилди. Шунда ҳам у “жияннинг жони” ҳисобидан хийла “ташлаб” берди.
Аслида бунисига унчалик эҳтиёж йўқ – Бобо маблағни мўл-кўлгина жўнатадиган;
қолса қолар – кимга зиён қипти!
Ойравшан одатдагидек таклифнома-паклифнома қилиб юрмади. Ўзининг-ку
исмини ёзар, у ёғига кимни қўяди, нима дейди? Да ну! Ўтириб, бирон-бир манфаат
юзасидан ўзига яқин тутган, аммо бугун еб-ичиб эртага унутиб юборадиган таниш
билишларининг рўйхатини тузди. Бирин-бирин қўнғироқ қилиб чиқди. “Нима
муносабат билан ўзи?” деб сўраганларга кўзини юммай кулиб, “Ҳе, шунчаки бир
базм-да”, деб қўяверди.– Билайлик-да ахир, туғилган кунми ё бошқасими?– Қизмайлис десаям бўлаверади. – Вой-вой, табриклаймиз, тўйнинг ўзи қачон?– Тўй ҳам шунинг ичида. – Муборак бўлсин, муборак бўлсин! Қачондан бери кутамиз-а! Куёвимиз ким
эканлар, таниймизми?– Келганда кўрасиз!– Ажойибсиз-да, Равшаной, ҳамма ишингиз шундай ажойиб!– Ажойибман, ўртоқжон, қўлимдан келгани шу. Тўйхонани ёзиб олдингиз-а?
Кутаман.
Тўйга келиннинг ўзи ҳаммадан олдин келди. “Матиз”да. Ёнида, рулда – ҳафта-ўн
кун тиғ кўрмайдиган соқолларини қиртишлатиб, сочларини ҳам ювиб-тараб олган
Мансурбой; қимматбаҳо костюм-шимда манаман деган куёвлардан қолишмайди.
(Кейин жуда қўймаган биров-яримга ҳазил-чинлигини билиб бўлмайдиган енгил
елпи изоҳ: “Ўлган холамнинг ўғли, ёшликда битишганмиз, онамнинг васияти”.)
Ойравшаннинг ўзи-чи! Ўша куни шаҳарда ўтган беҳисоб тантаналардаги
келинпошшаларнинг ҳеч бири олдига тушолмайдиган нақд Париж маликаси
дейсиз! Йўқ-йўқ, бунда ҳар мақомдан бир чимдим топса бўларди: негадир калтароқ
никоҳ кўйлаги устидан тиззага тушадиган енгсиз белбурма адрас мурсак, аломат
турмакланган сочлар узра стюардессаларникига ўхшаш чучварасимон адрас
қалпоқча қия қўндирилган, қулоқ-бўйинда онадан ёдгор йирик кумуш ҳалқа ва
зебигардон, қарғашойи шиму (лозим эмас) ковушнусха оққуш туфлиларни айтмаса
ҳам бўлади. Хуллас, бир қараганда бари аралаш-қуралашдек. Аралаш-қуралаш-у,
кўрган одам кўз узолмай қоларди. Майли, ким нима деса дер, Ойравшан, битта
яримтаси куйиб ўлса бас!
Ҳали меҳмон зотидан дарак йўқ, тўйхона олдида уларни фақат Шоикром билан
тоғаси қарши олди. (Кейин маълум бўлишича, ўша оқшом уч залда бараварига тўй
экан, ҳаммаёқни одам босиб, ит эгасини танимай қолди – буниси ҳам айни муддао
эди.)
Бошқачасини кутган шекилли, келин-куёвни бу “кепата”да кўриб (оддий “матиз”,
одатдаги шовқин-сурону куёвжўра-келинжўрасиз!) тоға бир дам серрайгандек
№ 6 2025 61
Эркин АЪЗАМ
туюлди-ю, сир бой бермади: савдо одами, бундан баттарларини учратган. Така
бўлсин – сут берсин! “Сут”дан кўпроқ чегиргани андак алам қилгани қолди.
Хўжайин етовида базм дастурхонини бир қур кўздан кечириб чиққач (кўрса
кўргудек – Бобо юборган тандиркабобу “дори емаган” помидор-бодринггача мўл
кўл уюб қўйилган), келин-куёв эшик олдида туриб меҳмонларини кута бошлашди.
Биринчилар қатори пайдо бўлган хизматдоши – фотограф Валерани четга тортиб
қулоққоқди қилди Ойравшан:– Асосан ўзимни оласан! Меҳмонларни ҳам-ку, албатта… (Сўнг Мансур томон
имо этиб) анови шарт эмас. – Как – так? – деди фотограф ўрислигига бориб, бетамизлик билан. – Ведь он же
жених, не так ли?
Ойравшан кутилмаган зарбдан довдирагандек бўлди. – Да, да! – деди энсаси қотиб кейин. – Ҳай, олавер униям. Узоқроқда-ан. Ўзинг
тушунасан-ку!
Ҳеч балога тушунмаган Валера елка учириб нари кетди.
Шу ишига сўнгра Ойравшан ўзи пушаймон қилди. Олса олавермайдими! Бир
ёққа ажратиб, йиртиб ташлаш қийин эканми, галварс! Хайриятки, бу бола ўзбек
эмас, гап-сўз қилиб юрмайди.
Айтилганларнинг деярли ҳаммаси келди. Ора-орасида битта-ярим нотанишлари
ҳам кўзга чалинади – ундан-бундан эшитиб қизиққан-нетган ҳангаматалаблар
бўлса керак. Каттами-кичикми, тўй аталгандан кейин шу-да: чақирилган ҳам,
чақирилмаган ҳам бир мўралаб кўради.
Сирасини олганда-ку, буни одатдаги тўйлардан деб бўлмас, асосан телевизор
ойнасини гуллатиб юрган қақилдоқ қиз-жувондан иборат анчайин бир шўхчан
давра, тўкиндастурхон бир базму зиёфат эди.
Шу, “Чағониён” гуруҳига ҳам раҳмат, мард йигитлар экан, барибир ўзингники
да, биттагина қўнғироғингга келиб, жайдари-жайдари машқлари билан даврани
обод қилиб туришибди. Чақирсанг-ку осмонда юрганлари ҳам югургилаб қоларди,
негадир кўнгил шунисига тортди. (Дарвоқе, кейин – базм қизиганида исковучлари
хабар топганми, қўшни тўйларга хизматга келган “юлдуз”лардан уч-тўрттаси
қаторлашиб кириб, ҳақини териб кетди.)
Аммо энг зарур, кутилган одамдан дарак йўқ эди. Дилобар! “Жоним билан
бораман, жоним! Сизга хизмат қилмасам кимга қиламан!” дея шириндан-ширин
сўз берган хоним! Атай келмади, атайин! Ичида чаёни бор, билардим, билардим.
Қадди-қомат бобида ўзларича менга рақобатдош! Бунақа симёнлик қилгунча, ма,
ол шуни, ярамас, бошингга ур! Қайтага, анови Саидахонини чақирсам бўлар экан.
Унисиям қанду асал эмас-у, лекин лафзида туриб берарди, тайинроқ. Бири бирини
кўриб ёйишмасин дебман-да мен аҳмоқ…
Қараса – келин-куёв мақомида ўтиришганию зиёфат бошланиб кетганига анча
бўлибди, даврани очиб берадиган мард йўқ! Ишонган бир-иккитасини қошига
имлаб, бўйнига қўймоққа уринди, тавба, барининг баҳонаси тайёр-а: “Эртароқ
қайтмоқчиман, ўртоқжон, болалар уйда ёлғиз эди”, “Томоғим хириллаб турибди,
қаранг, бўлмаса жон-жон деб…”, “Билмай озроқ отиб қўйибман-ку, шармандачилик
қилиб ўтирмайин тағин…” Ваҳоланки, бари – микрофонни кўрган заҳоти сайраб
кетадиган даққи “очарчи”лар! Бош қотирмоққа ҳам ҳожат йўқ – минг марталаб
такрорланган ўша сийқа гап, сийқа сўзлар!
Ойравшан “тахти”ни тарк этиб, шитоб билан ўртага чиқди. Микрофонни қўлига
олди. Алам-изтироб баробари кўнглида қасоскорона бир завқ ҳам уйғонгандек эди.
Ёки чорасизликдан ўзини шундай кўрсатмоқчи бўлдими, ишқилиб, у ёғини ўйлаб
ҳам ўтирмади.
62
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр– Азиз дўстларим, қадрдон дугонларим, Ойравшаннинг тўйига хуш келибсизлар!
Ҳа, ишонинг, бугун ростдан ҳам менинг тўйим! Ахир, сизлар билган шаддод
қизнинг тўйи қандай бўлсин – шундай бўлади-да! Аслида-ку тўй ўтганига анча
бўлган. Қишлоқда. Бу ерда орттирган ёр-дўстларимизни ҳам бир тўплаб, олдидан
ўтиб, маълум қилиб қўяйлик дедик-да. Мана шу дастурхонда бори сизларники,
сизларга аталган, маза қилиб енглар, ичинглар, яйранглар – марҳамат! Кўнглида
тилак-пилаги бўлса, хоҳлаган одам чиқиб гапираверсин – микрофон очиқ, раис
паис деган гап йўқ, полная демократия! Қолгани – ўйин-кулги, фақат ўйин-кулги,
тамом! Бўш келмайса-ан, “Чағониён”! – Ҳув бирда ҳазил аралаш оғзидан чиқиб
кетган гап шу тобда қаёқдан хаёлига келди – ўзи ҳам ҳайрон. – Ҳа, айтгандай, куёвни
таништирай. Отлари – Мансурбек. Холамнинг ўғиллари. Бўлам. Биз томонларда
шундай дейди. Болалигимизда “бешиккертти” қилинганмиз. Бунақасиям бор биз
томонларда, билганлар билар. Биз қурғур денг, шоирчилик қилиб юравериб вақтни
сал ўтказибмиз, узр. Бу киши кутдилар. Сабр-бардош билан шунча кутдилар,
раҳмат! – Ногаҳон, сира ўйламаганида томоғига бир бало тиқилгандек бўлди-ю,
“шашқатори”ни эски усул – кўзларни юмиб жилмайиш ила яшириб, “шаршараси”ни
ҳам тезлай якунлади: – Яна бир бор хуш келибсизлар, дўстларим, ташаккур!
У бурилиб жойига қайтаркан, юзини панжалари орасига бекитиб олди. Сезган
ниманидир сезди, қолганлар ўзича ҳар хаёлга борган бўлса керак.
Келиб ўрнига ўтиргач, Ойравшан олдида қаторлашган дароз гулдасталардан
бирини паналаб, оҳиста киприкларини артди. Сўнгра кўнгли тўлмай, пардозини
кўздан кечирмоқчи бўлиб курси суянчиғига осиғлиқ сумкачасига қўл чўзди-ю,
фикридан қайтди: “Йиғлаган бўлсам йиғлабман-да! Қайси қиз тўйида йиғламайди?
Севинч ёшларимиди, ўкинч ёшларими, буларнинг нима иши бор? Тупурмайсанми,
Ойравшан!”
Бу орада микрофон қаршисида кимдир пайдо бўлиб, машқ кўрган бир мақомда
бийрон-бийрон сўзламоқда эди. Қараса – Муфлиҳа! “Зебо”нинг янги саркори.
Эгнида ялтир-юлтир либос, оёғида пошнаси бир қарич келадиган туфли, сочлар
алламбало – бўйнини чўзиб жавраётир. Вой, битлиқи-ей, келибди-да? Рўйхат
тузаётганида ишлаган-тишлаган жойларини кўз ўнгидан ўтказаркан, журналга бир
даста шеър бериб қўйганини эслаб, бунга ҳам қўнғироқ қилган эди.
Муфлиҳа Ойравшаннинг машҳур Опахон назарига тушиб, илк бор шоира
сифатида кашф этилишию сўнгра бир жамоада апоқ-чапоқ бўлиб юриб, не
машаққатлар ила ном қозонганларини (“Ўзини айтяптими, меними? Қора югурдак
эди-ку унда! Ҳа, ҳа, бугунги камолини назарда тутаётир – кимсан, бош муҳаррир!”)
бирма-бир санаб чиқиб, журналининг янги сонида “ажойиб шоирамизнинг гўзал
бир туркуми эълон қилинаётгани”ни (“Дарров тўёнага ҳам улгурибди-я ўлгур!”)
писанда аралаш таъкидлади-да, ҳозир ўша шеърлардан бирини ўқиб беражагини
айтди. Бу гапга негадир рағбатлантирувчи олқиш ҳам бўлди денг.
Муфлиҳа шеърни машҳур Опахоннинг оҳангига солиб ўқий бошлади – бугун
рақиб ҳисобласа-да, кўз очиб кўрган устози эди-да барибир!
Оббо, касофат-эй, на бирор сатр, на бирор сўзда хато қилди-я! Шундай кўрингани
билан бало экан бу! Атайин тайёрланиб келган-да…
Чапак устига чапак! Бўлсин, яна бўлсин, ўқинг!
Аммо шеърхон сиполик билан кафтини кўксига босиб микрофондан узоқлашди
да, келин-куёв ўтирган стол томон бурилди. Қўлидаги гулдастани авайлабгина
столнинг бир четига ётқизиб қўйдию айланиб ўтиб, келин бўлмиш билан эски
қадрдон мисол ачом-ачом қилган, уни энди ростакамига қутлаган, табриклаган
бўлди.
№ 6 2025 63
Эркин АЪЗАМ
У нари кетгач, Ойравшан ичида ғижинди: “Сепиб олган атрини қаранг-у, одамга
ёпишишини!”
Шундан кейин “Чағониён” қадимий хонишларини бошлади: “Яққу яқ”, “Ум
пуфў, ум жақала”, “Майда-ё майда”, “Ҳа дўрси, дўрси, дўрси”…
Базм жўнашиб кетиб, расмона тўй тусини олди. Кимлардир ўртага чиқиб
келин-куёвни табриклаган, кимлардир келиб Ойравшанни қучган, қутлаган, яна
бировлар даврага тушиб муқом бошлаган. Аллаким қўлидан тортиб қўймадими,
Ойравшаннинг ўзи ҳам тек ўтирмади – дугоналари қуршовида, уларга қўшилиб
аралашиб ирғишлай кетди. Сўнгра столма-стол юриш бошлади, гоҳ унисига қўниб
бирпас ўтиради, гоҳ бунисига.
Куёв бўлмишимиз эса бегонасираб сиқилганиданми, дам-бадам олдидаги
қадаҳни тўлдириб лиққа-лиққа ютиш билан андармон эди.
Даврада яна бир-икки чарх урган Ойравшан чанқаб, столига яқинлашди.
Тик турганча сувни энди лабига олиб бораётганида Мансурга кўзи тушди. Куёв
деганимиз теварак-атрофга мутлақо парвосиз, жағини бир ёнга қийшайтириб
иштаҳа билан суяк кемирмоқда эди. Ҳув нарироқда чўнқайган Валера ҳам ҳеч
кимга бепарво, чиқ-чиқ этказиб суратга олаётир. – Валера!.. – Ойравшан қўлидаги фужерни сув-пуви билан ерга урди.
Шовқин-сурон, ҳамма ўзи билан ўзи, бу манзарани биров ё кўрди, ё кўрмади.
Кўрганлар Ойравшаннинг шўх-шаддод феълига, борингки, хурсандчиликка
йўйди…
Ўша депутатбозлик машмашаларидан кейин раис бобо Тошкентга серқатнов
бўлиб қолган эди. Гоҳ аллақандай янги техникаю технологиялар ундириш учун
вазирликларга, компания ва концернларга келади, гоҳ шартнома тузгани ёки турли
туман семинар ва симпозиумларга иштирокка келади. Ишқилиб, ойда икки марта
бўлмаса ҳамки, бир марта албатта шу ерда. Яна денг, йилда икки карра ҳукумат
касалхонасида ётиши ҳам бор. Табиийки, ҳар сафар Ойравшан билан учрашмай
ўтиришмай кетмайди. Келган заҳоти қўнғироқ қилиб, чақириб олади. У кўпинча
ўрганиб қолган манзили – эски ҳайвонот боғидан пастроқдаги сўлим бир гўшада
жойлашган ҳукумат меҳмонхонасига тушади. Элнинг кўзидан панароқ, одми бир
торкўча орқали кириб бориладиган хилватгина маскан. Одами кам. Бори ҳам
сипосифат, сиртдан биров-бировига иши йўқдек.
Аммо бу ерга ҳар ким ҳам бемалол кириб-чиқолмайди. Панжарасимон дарвоза
биқинида бир эмас, иккита қўриқчи посбон туради. Дастлаб келганларида
Ойравшанни ана шу панжара ёнида Бобонинг ўзи кутиб оларди, кейин-кейин постга
қўнғироқ қилиб огоҳлантирадиган бўлди. Эндиликда Ойравшан қўриқчиларга
шунчаки бош силкиб, тўғридан-тўғри кириб бораверади. Улар ҳам таниб қолган,
суқ билан бир қараб, “Ҳа, бувамизнинг олдиларигами?” деб қўйишади, холос.
Кўнгилларидан нима кечиши номаълум, лекин раис бобога ихлос-эътиборлари
баландлиги ҳамиша сезилиб туради. Раис ҳам ҳазилакам одам эмас, собиқ бўлса
да, такрор-такрор депутат бўлган, ҳозир ҳам унча-бунчасидан қолишмайди. Боз
устига, у кишининг савлатини кўрган ҳар қандай қўриқчи шошганидан ҳужжат
пужжат сўрамоқни ҳам эсдан чиқариб юборади. Раисимиз ўта серҳиммат-да, ҳеч
қачон қуруқ келмайди; ўтган-қайтганида уларга тугун-турмак ташлаб кетади – уч
тўрт бўлак тандиркабобми ёки анор-панор, шиша-пиша дегандай.
Бот-бот келавериб Ойравшан бу даргоҳнинг кунора навбат турадиган
маъмураси – аксарият ўрисча гапирадиган ширингина қорамағиз жувон билан
сирдош дугона ҳам бўлиб қолди. Раис у ёқ-бу ёққа чиқиб ҳаяллаб кетса,
салқинтоб толор бурчагидаги юмшоқ диванда икков узоқ-узоқ гаплашиб
64
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
ўтиради. Бугинанинг ҳам раисимизга эътиқоди баланд, ҳеч қачон ортиқча савол
билан кишини хижолатга қўймайди. Касбини пухта эгаллаган-да. “Калитларини
берайми, кириб дам олиб ўтирасиз”, дея беозоргина таклиф ҳам қилиб қўяди.
Ойравшан раисга эргашиб коридор бўйлаб кетаркан, “ширин бўлсин” деган каби
бармоқчаларини енгил тўлғаб қолади.
Раис ҳар сафар ҳовлига эмас, дарахтзорга қараган соя тарафдан – иккинчи қават
охиридаги қўш бўлмали “люкс”ни танлайди. Кирган ердаги пешхона меҳмонга
мўлжалланган, ичкариси – ётоқжой, хобхона. Пешхонаси мудом егулигу ичкиликка
тўлиб туради. Узунчоқ столга уюлган ноз-неъматлар гўё ҳисоб эмас, ҳар бурчакда
уч-тўртталаб картон қути қалашиб ётади. Раис кўпинча каттакон “жип” машинада
Мансур билан келади. Машинанинг юкхонасию орқа ўриндиқлари лиқ тўла.
Етмаганини ота-бола чиқиб Олой бозоридан харид қилишади.
Машина одатда дераза тагида туради. Бирор нима зарур бўлиб қолса, раис дераза
оша энгашиб Мансурга тайинлайди. Айтилган нарса дарҳол муҳайё! Ойравшан
ўзи борида Мансурни бу хонада деярли кўрмаган – қўлидагини даҳлиздаёқ эгасига
топшириб, зувва изига қайтади. Кечаси қаерда ётаркан у? Ойравшан келганда
машинасида ўтириб тонг оттирса керак.
Устоз адиб таъбирини қўллаб айтганда, келажак ҳаётини яккаш нурли чўққилар
тимсолида тасаввур қилган орзуманд қизлик чоғлари тугул, бундан тўрт-беш йил
бурунги машъум – Искандарнинг жозибасига учиб унинг чангалига тушгач севикли
Ғайратини рад этмоққа мажбур бўлган кунларида ҳам биров агар Ойравшанга
“Орқангдан ўлиб юрган шунча тенг-тўш шайдоларинг қолиб, сен бир кун отанг
тенги одамга ҳамтўшак бўласан, ҳатто аста-секин унга кўнгил боғлайсан, ҳатто
ундан…” дея башорат этганида борми, у ё ўзини, ёки шу гаплар оғзидан чиққан
кимсани бир бало қилиб қўймоғи муқаррар эди! Одамзоднинг умри ҳам, кўп қилиқ
қилмишлари ҳам қалтис, нотаниш бир пиллапоя қошидаги тараддуднок ҳолатни
эслатмайдими? Дастлаб қўрқа-писа, иккилана-иккилана илк поғонасига қадам
қўясиз – ҳеч гап эмас экан-ку, олға – кейин навбатдагисига, ундан кейин яна, яна…
Бир вақт қарабсизки – кечагина ваҳимали туюлган пиллапоя ўзингизники, пастдан
юқорига, юқоридан пастга бемалол ирғишлаб-сакраб юрибсиз! Бундан гуноҳ ясаб
сизни саннаб-чандиган кимсалар аллақачон чарчаб улгурган, сиз ҳам аллақачон
кўникиб кетгансиз! Аммо… лекин… бироқ! Дейлик, анови номард Искандарга
бирон даъво қилишинг қийин-да – ўзинг айбдорсан, ўзгинанг! Ўл, ит! Кейинги бир
иккитаси бўлса эслашга ҳам арзимайди, чала-чулпа, тасодифий ҳолатлар, холос.
Ким гоҳида кайфга берилмайди, кимнинг боши оғмайди, ким оний бир ожизлик
остида таслим бўлмайди дейсиз! Ўтди-кетди – излаб изини ҳам тополмайсиз, гум
гум.
Бироқ – ҳув “Зебо”даги шармандагарчилик!.. Ўлса – суягидан аримас. Тўғри,
ичди, севинчидан ичди, кўнгил чигиллари ёзилгандек ўзини эркин қўйиб юборди,
тўғри. Лекин отаси қатори кишилар, бир қарашда меҳрибон, хайрихоҳ одамлар
даврасида, бир умр интилган-талпинган мўътабар даргоҳда илк бор шоира аталиб,
боши кўкларга етиб ўтирарди-да! Кейин нима бўлди, нима қўйди – зинҳор-базинҳор
билмайди, эслаёлмайди! Аммо машъумдан-машъум недир содир бўлгани аниқ
эди. Бундай олиб қараганда-ку, сенинг майл-ихтиёринг билан эмас, сенсиз – сен
бежон, беҳуш чўзилиб қолганингда бир томонлама тарзда рўй берган ул қабоҳат!
Ўзинг ҳеч нимани сезмагансан, англамагансан – демак, айбинг ҳам бўлмаган-да.
Аммо… лекин… бироқ! Ўшани мана бу кўкракдан, асли-туби гуноҳкор юракдан
суғуриб-сидириб ташламоқнинг ҳам чораси йўқ-да! Бадандаги яра-чақа бир кун
келиб битар, кўнгилдаги унча-мунча доғлар ҳам ювилиб кетар, аммо ҳар сафар
№ 6 2025 65
Эркин АЪЗАМ
ўша лаънати оқшом ёдига тушса, худдики бадбўйи минбаъд аримас булғанч бир
уфунатга ботгандек, ўзини нимта-нимта қилиб отгиси келар эди Ойравшан!
Хўш, унда раис бобомиз-чи! Ёш эканларми, навқирон эканларми? Иягига
мошгуруч отасоқол битган, бола-чақали киши-ку! Қария! Нега ундан қочмайсан,
ирганмайсан, аксинча – талпинганинг талпинган, ёш, беғубор вужудинг тугул,
жонингу жаҳонингни садқа қилмоққа тайёр турасан доим?! Нега?!
Гап ёшда эканми? Гап бўю бастда эканми? Гап мавқе-мартаба ёки эл назаридаги
муносиб-номуносибликда эканми? Ҳаммаси бекор! Кўнгил кўнгилга йўл топса
бас! Тўш тўшга текканда бари унутилади… Дастлаб қовушган кечаларинг эртаси
изтироб аралаш кўз очиб, ўз-ўзингдан қўрқиб кетардинг: мана шу ялпайиб ётган
сенми ўзи, Ойравшан?! Яна нима жин урди сени? Анови шармисорликлар каммиди
сенга? Қарийб отанг баробари киши-я! Иснод-ку бу ахир, иснод!.. Илк поғоналар
ана шундай аламнок ўйлар ичида кечгани рост. Кейин-кейин бу пиллапоя
ўзингникидек бўлиб кетди. Эндиликда пилдираб чиқиб, пилдираб тушиб юрибсан.
Ҳеч бир андиша ё бегонасираш йўқ!
Нега бундай бўлди? Нима сабабдан? Ҳолбуки, теварагингда суқ билан кўз солиб
юрган ёш-яланг қанчадан-қанча! Лекин – ваъдага қолганда ҳаммаси булбулигўё,
амалга келганда эса хашаки бир жипириққа айланади-қолади. Ўлаксахўр
калхатнинг ўзи! Чўқиса-чўқиса-да, кейин афтингга ҳам қарамай қочиб қолса!
Эртаси бош қўярга бир тиргак қидириб овора бўласан… Шунақалари ҳам учради
да. Ҳар қадамингда!
Нафсиламри, буларга нуқул тозаси бўлса, топ-тозаси! (Қолганлари патқоғоздек
гап.) Бир вақтлар сен ҳам шундай бокира эдинг, Ой. Бугун энди бурнингни тишла!
Тирсак-пирсагинг ҳам қолмасин…
Бу ёқда эса ҳар қанча суянсанг жон деб туриб берадиган, ҳар қандай эркалигингни
миқ этмай кўтарадиган, эгасининг феълидек кенг, бақувват кўкрак манаман дея
бағрини очиб турибди! Ўн оғиз гапингга бир боргина лаб қимирлатиб қўяди, аммо
шунинг ўзи кифоя.
Қаранг, шунча учрашиб-кўришиб, Бобо Ойравшаннинг ижарада туришини
билмас экан. Эшитиб ростакамига таажжубланди: “Мен сенинг тайин уй-жойинг
бор деб ўйлабман”. Шу гапдан бир ой ҳам ўтмади, бир шанба куни тўсатдан пайдо
бўлиб, гап йўқ, сўз йўқ, Қорасув даҳасидаги аллақандай уйга бошлаб борди. Учинчи
қаватда жойлашган икки бўлмали хонадонга олиб кириб, “Мана шу ер бўлармикан
сенга?” деб сўради қуруққина. Саросимада Ойравшаннинг оғзи очилиб қолди.
Сўнг бир сапчиб, илк бор тантиқларча унинг бўйнига осилди-да, ўпиб олди.
Икки ойлардан кейинмикан, Бобо Зарангдан туриб қўнғироқ қилди: “Бориб
уйингни кўрдингми? Калити рўпарадаги қўшнида бўлиши керак. Тётя Валя деган”.
Уйга кириб Ойравшан ҳушдан оғай деди: гўёки бутунлай бошқа хонадон! Яп-янги
жиҳозлар дид билан жой-жойига ўрнаштирилган. Холодильнигу кирмошинагача
тайёр!
Тётя Валянинг айтишича, аллаким бош бўлибдию уста солдириб обдон
таъмирлатибди. “Ўзиям тақ-тақу ғар-ғурларидан роса безорим чиқди-я! – дейди
нолиб-кулиб кампир. – Анови диван билан телевизорни кечагина қўйиб кетишди.
Ҳартугул, энди қулоғим тинчиса керак”.
Бултур баҳор кунларининг бирида Бобо Тошкентдалигини билдириб қўнғироқ
қилди. Ойравшан ишдан эртароқ рухсат олиб, кўчага чиқса – телевидение олдидаги
бекат майдонида, қўллари орқада, Бобо айланиб юрибди. “Дугоналарингнинг
бари мошинада юрибди, сен ҳам ҳайдашни биласанми?” деб сўради ҳазиломуз.
Ойравшан ҳам бўш келмади: “Бўлса, кўрардик биз ҳам!”
66
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Кузларга бориб бир эрта Ойравшаннинг деразаси тагида аллақандай мошина
чўзиб-чўзиб дудудлади. Кеча келган Бобо уйда, ваннахонага кириб соқол
қиртишламоқда эди. У иягини сочиққа арта-арта шошиб чиқди-да, “Юр, юр!” дея
Ойравшанни дераза томон бошлади.
Пастда, йўлакка кираверишда яп-янги кумушранг “матиз” ярақлаб турарди.
Мансур қўлидаги дока билан ён-верини баттар ялтиратаётир. “Мана шу мошина
сеники”, деб қўйди Бобо, индамай қайтиб ваннахонага кираркан.
Ўшанда Мансур бир ҳафтача Тошкентда қолиб, авиация заводига қарашли кенг
майдонда Ойравшанга мошина ҳайдашни ўргатган. Гувоҳнома-пувоҳномаси ҳам
шу йўсин осонгина ҳал бўлди.
Бобо ҳар йили боришни канда қилмайдиган Иссиқкўлдан қайтишгач, бир-икки
ой ўтмай Ойравшан вужудида ғалати-ғалати ўзгаришлар сеза бошлади. Ваҳимага
тушиб, дарҳол Бобога қўнғироқ қилди. Бобо зудлик билан етиб келди. – Нима қилмоқчисан? – деб сўради у худди ҳеч нарса бўлмагандек хотиржамлик
билан. – Нима қилардим – олдираман-да! – деди Ойравшан титраб-қақшаб.
Бобо чўрт кесиб гапирди:– Йўқ! Туғасан! Ўғил туғиб берасан менга. Худо умрдан қисмаса, уйлантиришга
ҳам улгурарман… – Сўнг оғир тин олиб, дардчил овозда қўшиб қўйди: – У ёғидан
хабаринг бор – ўхшамаганроқ…
Ўзи ҳув бир гал ҳасрат қилиб қолган эди. Иккитагина фарзанди бор экан –
бир ўғилу бир қиз. Куёвга узатилган қизи бола кўришда қийналиб кўп йиллар
бурун нобуд бўлган. “Вундеркинд” чиқиб чет элда ўқиган ёлғиз ўғли эса ҳозир
Франциядами, Британияда эмиш. Дипломат. Узоқ йили бир келгани, холос. Унда
бунда қўнғироқ қилиб турар экан. Гапларидан сезилишича, ўшаёқликлардан
биттасига уйланиб олганга ҳам ўхшайди.
“Уйлантиришга ҳам улгурарман…” Басавлатлиги учунми, қиёфасидан каттароқ
кўрингани билан, Мансур “бобой, бобой” дея “қаритиб” қўйган бўлса-да, раис ҳали
олтмишнинг нари-берисида эди. Демак, туғилажак ўғлини уйлантиришга улгуриши
ҳам мумкин.
Бобо бошқа гап қилиб ўтирмади. Ойравшан ҳиқиллаганича қолди, у ҳеч сўз
демай аллақаёққа чиқиб кетдию икки соатлардан кейин мулланамо бир кишини
бошлаб келди.
Ими-жимида никоҳ ўқилди.– Барибир шарманда бўламан-ку! – дея зориллашини қўймасди инжиқроқ бўлиб
қолган Ойравшан.– Шармандалар шарманда бўлсин, сен – туғасан, гап тамом!– Тўйсиз-несиз… Одамлар нима дейди ахир! У ёқда отам, бу ёқда таниш
билишлар…– Тўй? – Бобо унга тикилганча узоқ бош қашлаб ўтирди-да, бир маҳал: – Бундай
қилсак-чи… – дея ажабтовур бир режани баён эта бошлади.
Ойравшан унинг сўзларини тингларкан, донг қотиб қолган эди.– Мансур?! – деди у ниҳоят тили калимага келиб. – Ҳаммага гуллаб қўйса-чи у?
Баттар шармандамиз чиқмайдими?!– Хотиржам бўл, ҳеч кимга гулламайди. У гунг, соқов. Оғзининг калити менда,
ишонавер!– Ўзингиз-чи, ўзингиз ҳам келасизми тўйга?– Ўйлаб гапиряпсанми, Равшаной?! Бир бало бўпти ўзи сенга…– Бўлган-да! – деди Ойравшан синиққина жилмайиб. – Ҳар бало бўлган
№ 6 2025 67
Эркин АЪЗАМ
менга… – У диванда ўтирган эрининг тиззасига эркалик билан бошини қўйди,
суйкалди. Эр ҳам аста энгашиб унинг бўйнига қўл чўзди. Ўртада ҳеч бир ёш
фарқи қолмаган, иккала томон ҳам шу тобда тенгу тенгдошдек эди. Айниқса,
Ойравшан бу тафовут туйғусини унутиб юборганига кўп бўлган…
Тўй ҳаракати шу тариқа бошланган эди.
Базм жуда кеч тарқаб, кириб тўйхона эгаси билан ҳисоб-китоб қилингач, келин
куёв долонга чиққанларида Ойравшаннинг кўзи иккинчи қават зинапоясидан
қўлтиқлашганча эниб келаётган бир эркагу аёлга тушди. Аёл кўзига иссиқ кўринди.
Вой, мадам Хосият-ку! Бу ёқларда нима қилиб юрибди экан?
Ойравшан бир лаҳза қалтис тараддудда туриб қолди. Ўзини билмаганга солиб
индамай эшик томон юраверай деса, у касофат жуда синчи, аланг-жаланг – аллақачон
таниб улгурган ҳам бўлиши мумкин! Сиртига сув юқтирмай бориб кўришаверай деса,
бу кийим-бошда нима деб ўйлайди у? “Тўйингиз экан, мени бир оғиз айтмабсиз!”
дея гинахонлик қилмоғи тайин. Буниси етмагандек, эшик тагида Мансур ўлгур
гандираклагудек бўлиб оёғида зўрға турибди!..
Э, бўлгани бўлди дея, Ойравшан уларга дадил пешвоз юрди.– Вой, Хосиятхон, сизмисиз?– Дугон?! Дугонажон, ўзингизми?
Ачом-ачом бошланди. У ён-бу ён юз ёпиштиришаркан, Хосиятнинг елкаси
оша Ойравшан унинг ҳамроҳини кўриб қолди. Ия, анови-ку, шишакўз! Депутат!
Ваколатни қўлга киритиб олиб, фаолиятини бошлабди-да! Чамаси, тўй-пўйдан
эмас, тепадаги хилватхоналарнинг бирортасидан чиқиб келишяпти. Тузук, тузук,
дидингиз ҳам, сайловчилар билан бундай жойларда пинҳона учрашувлар уюштириб
туришингиз ҳам чакки эмас, депутат жаноблари! Мадам Хосиятнинг баланд
нуфуздор бу шишакўзга кўнгли суст кетгани ўшандаёқ сезилган эди-я! Яхши-да,
ҳам бунинг дами билан бирон мансаб-мартабага эришиб олади, ҳам мана бундай
маччойи маишатлар!.. Ўл, Пардача!
Шишакўз ҳам Ойравшанни таниди чоғи, антиқа либосларига қизиқиш билан
тикила-тикила, сиполарча вазмин бош силкиб қўйди.
Ойравшан янглишмаган экан: мадам чиндан ҳам вилоят хотин-қизларига бош
опахон бўлиб олибди. Аллақандай семинаргами келганмиш. Бирйўла ҳурматли
депутатларига учрашиб, сайловчиларнинг муҳим бир топшириғини ҳал қилиб
кетмоқчи… Қишлоқдан келиб олиб одамни аҳмоқ қилишини қаранг! Ишонади, деб
ўйлайди-да!
Бу ўйинда Ойравшанимиз ҳам сира қолишмади. Бетига без экиб, “Бир банкет
бор эди, шунга келувдик”, дея гапни мужмал қилиб қўяқолди. Аммо шу пайт мадам
қурғур ҳамон жойида чайқалиб турган анови бедавога кўз ташлаб юборганини
айтсангиз-чи! Таниди, албатта, таниди. Мубҳамона бир ажабсиниш билан қараб
қараб қўйганга ҳам ўхшади. Қараса қарайверсин, ўзи шу тобда ўғрини қароқчи
уриб турган бўлса!– Раис бобомиз келганмилар? – деб сўради мадам кунжковлик билан.– Ҳа, шундайдир, – деди Ойравшан тарзини бузмай, қуруққина. – Бу мени олиб
юрибди. Машинада.
Шундан кейин – совуқдан-совуқ хайр-хўш, “юринг-юринг”, “учрашиб
турайлик”, тамом-вассалом!
Кутилмаган, кўнгилсиз бу учрашувдан ногаҳон феъли айниган Ойравшан
майдонга чиққанларида анови бадмастнинг қўлидан калитни шартта юлқиб олиб,
мошина рулини ўзи эгаллади.
Жўнадилар. Унда-бунда лип-лип кўз қисиб турган светофорларни айтмаса,
шаҳар бўм-бўш, бемалол. Бос, Ойравшан!
68
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Шу кеча ўзи аломат гаплар бўлди. Йўлда ҳам, уйга етгач, уйда ҳам.
Шиддат билан келган машина Қорасув томон элтадиган катта трассага қайрилган
заҳоти биттаси кўчанинг ўртасига югуриб чиқди. Қўлида чўғланиб турган дарраси
бўлмаганида уриб кетиш ҳеч гап эмас эди.
Шайтони қўзиган Ойравшан дераза ойналарини оҳиста тушириб, қимирламай
жойида ўтираверди.
Ёшгина бир йигит. Ускунасини йўлга тўғрилаб, дарахт панасида писиб турган
да. Уйингга бориб хотинчангни қучоқлаб ётмайсанми, нодон, шу бемаҳалда бало
борми денг сенга! Ҳар замонда бирор мошина ё ўтади, ё йўқ.– Кўча ўзимизники экан-да, опахон!..– Худди шундай, ўртоқ командир – сизники билан бизники!
“Командир” эгилиб ичкарига назар солди, юзида таажжуб акс этди. – Тўйдан қайтяпсизларми дейман, бошқачароқсизлар?– Худди шундай, ўртоқ командир, тўйдан! Ўзимизнинг тўйимиздан!– Ия, ия, зўр-ку! Рўлга келинбола ўтириб опти-да? Куёвтўранинг ўзлари-чи?.. –
деди у орқанги ўриндиққа ястаниб олган сўқимга ишора қилиб.– Ўзлари… кўриб турибсиз, ҳали-вери одам бўладиган аҳволда эмас. – Сиз ҳам… унчалик ўхшамайроқ кўринасизми, опагинам?– Топдингиз, ўртоқ командир, худди шундай! Бир-икки қадаҳ олган бўлсам
олгандирман. У ҳам хурчандчиликдан. Нима қилай, укам, ўттизга етай-етай
деганимда бугун тўй кўрдим, эр кўрдим!– Табриклаймиз, табриклаймиз, лекин қизиқ… – Йигит бир лаҳза алланечук
тараддудланганга ўхшайди-ю, сўнг расмий оҳангга ўтди: – Ҳужжат-пужжат
деганларидан бордир?– Ҳужжат-ку топилади, аммо шундай кун, шундай маҳалда расмиятчиликка
бориб ўтирамизми, жоним укам?!– Нима қилишим керак бўлмаса, хўш?– Нима қилардингиз – бизга бахт тилаб қолаверасиз-да!– Бахт? Қанақа?..– Ё нархини бериб қўяқолайми?– Нималар деяпсиз ўзи? Ниманинг нархи?– Бахтнинг-да, бахтнинг! – Ойравшан ёнидаги ўриндиқда ётган сумкачасини
кавлаб, тўёналардан қолган бир сиқим пулни олиб узатди: – Мана сизга – тўйдан
тўёна!– Ие, бу нима?.. Раҳмат, раҳмат, – деди “энди бошқа” йигит тушумни апил-тапил
ёнига ураркан. – Лекин бу ёғига эҳтиётроқ бўлиб кетасиз-да, опажон, илтимос. Ё
ўзим олиб бориб қўяйми?– Овора бўлманг, уйга етиб қолдик.
Мошина ўрнидан жиларкан, посбон илжайиб яна деразага яқинлашди:– Сўраганнинг айби йўқ, артист-партист эмасмисиз ишқилиб?– Артист-партист эмиш, қип-қизили денг!
Манзилга етгач, Ойравшан ҳамон пишиллаганча ухлаб ётган Мансурни ташлаб
(мошинада тунайвериб ўрганиб кетган бу, бир кечада ўлиб қолмас!), ҳорғин юриб
уйига чиқди. Келибоқ, эгни-бошини ечиб ҳар ёққа отди-да, деярли ширяланғоч
ҳолда (доимий одати) тўшакка кирди. Шунисини билади, ўлгудек толиққан эмасми,
дарҳол қотиб қолибди.
Эшикнинг чўзиқ қўнғироғи уни уйғотиб юборди. Ўрнидан қўзғалолмай
ётаверди – қўнғироқ жиринглайверди. Ахийри безор бўлганидан ижирғана
ижирғана халатини наридан-бери эгнига илиб, эшикка юрди: “Қайси бефаросат
эшак экан?!”
№ 6 2025 69
Эркин АЪЗАМ
Мансур! Кифтини деворга тираганча ғилжайиб турибди.– Ҳа, хўжайин, тинчликми? – деб сўради Ойравшан ўзини аранг босиб.– Келдим, – деди Мансур тили тузук айланмай. – Тўй ўтди, мана, энди хотинимсиз.
Закунний хотиним! Келдим-да, опажон…
Ойравшан анг-танг бўлиб қолди. Худди туш кўраётгандек эди. – Мансур, эсингиз жойидами ўзи, нималар деб валдираяпсиз ахир?! Бу нима
қилиқ? Ҳазиллашяпсизми ё?– Ҳазил? Ўз хотинимга ҳазиллашолмайманми, нима! – У эшикни журъатсизгина
итариб, ичкари кирмоқчи бўлди.– Нари тур-э! – дея қайнаб кетди Ойравшан. – Ҳей, одамга ўхшагин, айт-чи, раис
бобо киминг бўлади?– Бобо – отахоним! – деб жавоб берди Мансур ғурур билан, айни чоқда алланечук
ҳушёр тортган каби. – Чин отахоним!– Унда мен сизга онахон ўрнидаман-да, шундайми ахир?– Э, қўйсангиз-чи, она… опа! Нима, бобой билиб боряптими? Бобой қариб
қолган, ҳа!
Ойравшан бехос қичқириб юборди:– Йўқол! Ҳе, башаранг қурсин! Ифлос, шарманда!
У эшикни қарсиллатиб ёпиб, калитини уч бор буради-да, бошини чангаллаганча
келиб диванга чўкиб қолди. Вужуд-вужудини хўрлик эгаллаган эди.
Шу алфозда ўтира-ўтира, ўз-ўзидан ёнбошга оғиб, кўзи кетибди.
Тағин жиринг-жиринг! Йўқ, бу гал хобхонадан – телефон шекилли. Яна кимга
керак бўлдинг экан, Ойравшан?
Ҳақиқий куёв, ҳақиқий эр – раис бобо. Одатдагидек вазмин ҳол-аҳвол сўради.– Уйғотиб юбордим-а, узр. Қалай, тинчгина ўтдими? Хурсандмисан ишқилиб?– Яхши, яхши, – дерди Ойравшан ўзини базўр йиғидан тийиб.– Озроқ чарчабсан-а? Майли, ётиб дамингни ол, эртага бафуржа гаплашармиз.
Айтгандай, Мансур қай гўрда, куёвинг?
Шўрлик, анойи одам-да шу киши. Ҳазилини қаранг, “куёвинг” эмиш! Ё… ёки
ростдан ҳам?..– Айт, эртагаёқ қайтсин, иш қайнаб ётибди бу ёқда!– Хўп, хўп, айтаман.– Кечроқ телефон қилдим-а, Равшаной? Сабрим чидамади-да, қандай бўлганини
билгим келаверди. Айбимни ўтин қиларсан энди, жоним? – Ўтин қилиб ёқиб юбораман! Бўладими? – деди дили туйқусдан ёришиб кетган
Ойравшан.– Шундай қил, шундай қил, илтимос.
Раис бобо билан хайр-хўшлашгач, Ойравшан ўз-ўзидан туриб дераза қошига
борди. Пардасини бир ён суриб, пештоқ чироқларидан ғира-шира ҳовлига
мўралади. Дарахт тагида турган мошина томонда ҳеч ким кўринмади. Бироқ
майдончанинг чеккасидаги харракда қоп-қора бир кўланка узала тушиб ётарди…
Шунда Ойравшаннинг кўнглида ўзи сира кутмаган бир фикр пайдо бўлди. У ортиқ
ўйланиб ўтирмай халатининг тугмаларини ўтказди-да, негадир бошига дурра
ҳам ўраб ҳовлига тушиб борди. Харрак ёнида бир зум ўй суриб тургач, секин
секин туртиб бояги қувғиндини уйғота бошлади. Қўлларини бошига ёстиқ қилиб
чалқанча ётган одам чўчинқираган каби мижжаларини пирпиратди-ю, тепасида
қаққайган Ойравшанни кўриб, кўзлари олайиб кетди. Ўрнидан сапчиб, оёқларини
ерга тушириб олди. Боши хам. Ойравшан унинг кифтидан тутиб силкитди: – Туринг! Юринг бу ёққа.
70
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Мансур кўзларини ишқалай-ишқалай итоаткорона эргашди.
Даҳлизга кирилгач, у қоққан қозиқдек қимир этмай тураверди. – Чанқадингизми? – деб сўради Ойравшан унга алланечук ачиниш билан боқиб.
Ошхонага кириб холодильникдаги маъданли сувдан бир косани тўлдириб қуйди
да, олиб келиб тутқазди: – Ичинг буни. Чанқаб кетибсиз.
Мансур косани бир кўтаришда қуритди. – Янами?
У унсиз бош чайқади.– Оёғингизни ечинг бўлмаса… Бу ёққа киринг, – деди Ойравшан уни
меҳмонхонасига бошлаб ва дивандан жой кўрсатди: – Ўтиринг… Мана шу ерда
ётасиз бу кеча!
Бироқ Мансур диванга назар ҳам солмай тўппа-тўғри очиқ дераза олдига борди. – Опа-а, – деди бир маҳал аянч билан ўгирилиб, – одам ўзини мана шу ердан
ташлаб юборса, ўлармикан ё қолармикан?– Ўлиши ҳам мумкин, қолиши ҳам. – Ойравшан ғалати таажжубда эди. – Қолгудек
бўлса, умри азобда ўтади. Майиб-мажруҳ ҳолда… Нимага сўраяпсиз буни?– Бўлмас экан унда… – Мансур ҳафсаласи пир бўлган каби келиб аста диванга
ўтирди. Бошини эгиб бирдан ҳўнгиллаб юборди: – Мени кечиринг, опажон,
кечиринг! Итнинг ишини қилдим мен, кечиринг. Мен етимчани бағрига босиб
бовлиб катта қилган одамнинг юзига ҳайвонга ўхшаб оёқ қўйдим-а! Номардсан,
Мансур, номард! Бу гап отахонимнинг қулоғига етса, ўзимни ўлдирмай қўймайман,
йигит сўзим! У кишига билдирманг, жон опа, бир умр хизматингизда бўлай…– Бўлди, бўлди энди, – деди Ойравшан энсаси қотганини яширмай. – Кайф
устида бир эркалик қилди деб қараймиз-да. Ҳеч кимга айтиш йўқ, майли. Туринг,
кийим-пийимингизни ечиб дамингизни олинг. Эрталаб жўнашингиз керак экан,
отахонингиз тайинлади.
Ўзи хобхонасига ўтиб, эшикни ичкаридан шиқиллатиб тамбалади-да, беҳол
тўшакка чўзилди.
Қанча мизғиди, мизғидими-йўқми, бир маҳал кўзи чартта очилиб кетди: “Бу
касофат ўзини бир бало қилган бўлса-я!” У ўрнидан туриб, сас чиқармасликка
тиришиб калитни буради-да, эшик қиясидан секин мўралади: боя қандай ўтирган
бўлса айнан ўша алфозда қотиб қолган!
Кўнгли хотиржам тортган Ойравшан ҳам худди шундай қотиб, кун ёйилгандагина
уйқудан кўз очди.
Нариги хонага чиқса – ҳеч ким йўқ! Кетибди-да. Бечора бир кунлик куёв!
IV
Орада бир ой-ярим ой танаффус билан ўша йили раис бобо касалхонада уч
марта ётиб чиқди. Қонида қанд миқдори бирмунча пасайганида дарров ўзига
келиб, хўжалик ташвишлари баҳонасида Зарангга жўнайди, кўп ўтмай дард такрор
хуружини бошлайдию яна Тошкентга қайтади, яна даволанишга мажбур. Укол
дорию парҳез билан бир қадар жиловлаб туриш мумкин бўлган бу хасталик раисга
қолганда ўжарлик қилар, баъзан на униси, на буниси кор келар эди. Сиртдан ўта
вазмин, хотиржам кўринадиган одамнинг хўжалик юмушларидан бошқа, ичдан
кемирадиган, емирадиган дарду аламлари бисёр эдики, Ойравшанимиз унинг ўзига
тегишли бир қисмидангина хабардор, холос.
Бемор андак озганини айтмаса, афт-ангоридан унча билинмайди. Лекин
илгаригидан ҳам тундроқ, камгап, алланечук маъюс тортиб қолган. Чап оёқ
бошмалдоғидаги очиқ яра ҳеч битай демайди, муттасил азоб беради, кечалари уйқу
№ 6 2025 71
Эркин АЪЗАМ
йўқ ҳисоби. Уколдан сўнг сал-пал карахтланиб, эсдан чиққан каби тана бир муддат
ором олгандек бўлади-ю, кейин тағин заҳаролуд лўқ-лўқини бошлайди. Бунинг
устига, табиатан тиниб-тинчимас одамни зиқ қилиб юборадиган бир беҳоллик!
Ахийри ўша оёқ тиззадан кесиладиган бўлди. Дўхтирларнинг таваллосича,
бошқа ҳеч-ҳеч чораси йўқ экан; шу ҳам чорами денг!
Хуллас, бечора янги ТошМИдаги махсус бўлимга кўчирилди. Аррами,
ойболтасими чархланаётган кунлари раис бобомиз бу ерда ўзига ўхшаган
индамасроқ, ўзи ҳам унча-мунча дард кўрган Январь исмли бир дўхтир йигит билан
ҳамгап чиқиб, унга қаттиқ ихлос қўяди. Машъум ҳукмни ўша йигитнинг оғзидан
ҳам эшитгачгина кўнади: “Шу ишни ўзингиз қилсангиз майли, укам”.
Операция куни белгиланган. Ойравшан ҳам шу ерда, Мансур ҳам, раиснинг уч
тўрт жиянию яқин гумашталари ва яна аллакимлар – бари шу ерда. Бундай чоқда
бировнинг қўлидан бир иш келмайди, лекин ҳаммаси айланишиб туради: ҳар ҳолда
кўнгилга мадад, кўнгил учун…
Билган бор, билмаган бор, ҳар хил гап-сўз бўлмасин деган андишада Ойравшан
улардан нарироқ қочиб юрибди. Аҳён-аҳёнда Мансурни имлаб чақириб, аҳволни
суриштириб қўяди.– Олиб кириб кетди, ҳозир бошласа керак, – деди Мансур охирги дафъасида
афтини оғриқли буриштириб.
Бу хабардан ногоҳ ваҳимага тушган Ойравшан секин қайрилиб бинодан чиқди,
узоқдаги чинорзорлар тараф йўл олди. Бу ерлардан қочиб кетгиси келарди, қочиб!
Гўёки ҳозир, мана ҳозир жондек азиз бўлиб қолган одами бирдан додлаб юборадию
бу фарёд теварак-атрофни ларзага солиб, садоси боғнинг олис-олис бурчакларигача
етиб борадиган каби беихтиёр қулоқларини бекитиб олган, қадамини жадаллатгани
жадаллатган эди. Бунга сари денг, машъум бир ўй, бир манзара уни баттар таъқиб
қиларди: ҳув анови бинонинг бешинчи қаватида ётган беморнинг эмас, баайни
ўзининг, ўзининг мана шу енгилгина одим отиб кетаётган соппа-соғ оёқлари
аёвсизларча кесиб ташланаётир!..
Ногаҳон қулоғи битиб қолгандек бўлди. Сўнг аллақайси ҳужайрасидан элас
элас бошланган арининг ғинғиллашига ўхшаш ёқимсиз товуш буткул қулоқ
миясини чулғаб олди. Ғиғ-ғиғ-ғиғғ… Арра-ку! Нозик бир аъзонгизни эговлаб ғаш
қўзғайдиган бу садои жаҳаннам энди теварак-атрофни ҳам босиб кетган: ғиғ-ғиғ
ғиғғ… Қочгани жой борми?!
Туйқус тинди, бари тўхтади. Мияси бўм-бўш бўлиб қолган Ойравшан баайни
вазнсизликдан гандираклаб кетди. Кесди! Ана, кесиб ташлади! Воҳ!
Орадан қанча фурсат ўтгани номаълум. Ниҳоят, Мансур уни қидира-қидира, боғ
адоғидаги узун, омборсимон пастак оқ иморатнинг орқасида – аллақандай тўнка
устида ўтирган ҳолида топди.– Э, опа қаёқда юрибсиз!
Бошини чангаллаганча ғужанак бўлиб олган Ойравшан сапчиб ўрнидан турди:– Ҳа, нима бўлди, нима бўлди?– Бўлди.– Кесдими?! – деб сўради йиғламсираб Ойравшан; чамаси, у ҳамон бошқа бир
нимадан умидвор эди. – Оғримабдими?..– Билмадим, апарайса яхши ўтди, деди-ку анови Январь ака чиқиб…
Ойравшан юзини бекитиб олди. Гап шундаки, у раис бобони бир оёқсиз ҳолда
сира-сира тасаввур қилолмасди. Раис бобо-я?! Шундоқ одам-а! Йўқ, йўқ, ақлга
сиғмайди, мумкин эмас!
Энди нима бўлади?
72
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Ўша кунлардаги югур-югурлар, алам-изтироблар!.. Ишхонада бир кўриниш
берадию бозордан ул-бул олиб (уйдан овқат пишириб боришга вақт қайда!)
касалхонага чопади. Қўлидагиларни “доимий посбон” Мансурга топшириб,
беморнинг аҳволини сўраб-сўрамай изига қайтади; шаҳарнинг у четидан бу
четига – қоронғи тушмай бориб болани боқчадан олиши керак! Аксига, шу кезлар
нимасидир ишдан чиқиб машинаси юрмай қолган, ҳовлида чанг босиб ётар эди.
Бобонинг оёғи кесилган кун Ойравшан уйга келиб, тўрт яшар ўғилчасига йиғлаб
ҳасрат қилгани ёдида: “Мана энди, болам, отагинангнинг бир оёғи йўқ, кесиб
ташланди. Чўлоқнинг боласи бўлиб қолдинг, чўлоқнинг!”
Операциядан кейин уч кун ўтди, кимлар кириб беморни кўриб чиқмади, аммо
Ойравшан хунук бир манзарани кўз олдига келтириб ҳамон безиллар, ўша томон
қадам босмоққа-да юраги бетламас эди. Худдики бу ҳолга ўзи ҳам айбдордек!
Ниҳоят, ўша куни Мансур чиқиб, “Сўраяптилар, нимага келмаяпти деяптилар”,
дегачгина, қалтирай-қалтирай унга эргашиб палатага кириб борди. Бироқ ўзини
йўқотиб қўяёзган, кўзи ҳеч нимани илғамас эди.– Равшан, мен бу ёқдаман, – деб чақирди раис кутилмаган тетик бир овозда.
У бурчакдаги, тепасига турникка ўхшаш ялтироқ темир ўрнатилган аллақандай
бешиксимон каравотда ётарди. – Жудаям оғридими? – деб сўради Ойравшан йиғи аралаш титраб-қақшаб
яқинлашаркан.– Йў-ўқ, – деди раис бепарвороқ кўринишга уриниб. – Билмай ҳам қолибман.
Укол-пуколи билан этни ўлдириб, карахт қилиб қўйган-да. Энди сал-пал билиняпти
оғриғи. Лекин чидаса бўладиган. Қизиқ, бутуни қолиб, кесилгани оғрийди;
тиззалари қичишганга ўхшайдими-ей. Ўзи бошда шундай бўлармиш, дўхтир айтди.
Ҳай, кўникиб кетилар. Шунча кундан бери нега кирмадинг?
Ойравшан унинг чойшаб ёпиб қўйилган оёқ тарафига ўғринча кўз қирини
ташлаб олди. Худди униси ҳам бордек, кесилгани ёлғондек…– Қўрқдим, – дея тўғрисини айтди Ойравшан.– Қўрқма. Биттаси бор-ку, биттаси қолган-ку, – деди раис шу аҳволида ҳазил
қилган бўлиб. – Бакирбек қалай? Бақир-чақир қилиб юргандир? Кўргим келади
ей!..– Яхши-и. Боқчасида. Ҳозир бориб олишим керак.– Сенга ҳам қийин бўлди… Майли, борақол энди, болангга кечикма. Ҳадеб
қатнаб юрма бундай. Қарайдигани кўп бу ерда. Бирор гап бўлса ўзим қўнғироқ
қиламан, хўпми?
Кейинги бор кирганида Ойравшанни ҳайратга солган нарса – раиснинг
кўкрагида ётган китоб! Бу кишининг қўлига китоб тутганини ҳеч кўрмаган экан,
ғалати туюлди. Яна денг – Қуръон, Қуръони карим! Илгари китоб варақламоққа
вақти бормиди!
Бобо касалхонадан чиққач бу ёққа келар дея ўзича тусмоллаган Ойравшан
уйининг у ёқ-бу ёғини кўриб, тайёргарлик қилиб қўйган эди. Бироқ ҳар хил хаёлга
боришди чоғи, жиянлари уни Мансурнинг катта мошинасига солиб олиб жўнашди.
Бундан йўлда бораётган раиснинг қўнғироғи орқалигина хабар топган Ойравшанга
дафъатан уйи ҳам, кўнгли ҳам ҳувиллаб қолгандек туюлди. “Ўғлиниям кўрмай
кетди-я…”
Яримта бўлиб қолган раис бобо энди илгаригидек эмин-эркин Тошкентга
келиб кетолмас, лекин ҳар ҳафта бўлмаса ҳам ойда бир-икки бор қўнғироқ қилиб,
“Бирор нарсадан зориқмаяпсанми? Камчилигинг бўлса айтавер”, дея меҳрибонлик
№ 6 2025 73
Эркин АЪЗАМ
билан ҳол сўраб турар, сўнг телефонни ўғилчасига тутқаздириб, отасини тузук
эслаёлмайдиган бола билан эринмай чулдирашиб ётар эди.
Ҳар икки ойда бир қатла мошинасини нарса-қорага тўлдириб Мансур келади.
Сўйилган бутун қўйнинг гўшти, чўян хумда чучитилган жувоз ёғи, тандиркабоб,
қути-қути ҳар хил мева-чева. Қора елимхалтага тиқиб жойланган оғиргина
алланимани Ойравшанга алоҳида тутқазиб:– Бунисини санаб оласиз, опам! – дейди Мансур ҳазил аралаш кулимсираб.– Отахонингизнинг ўзлари қалай, қийналмаяптиларми? Ҳар ҳолда…– Э-э, михдек, зўр! Қайтага, бир оёқ билан хўжаликни олдингидан ҳам гуллатиб
юборганлар, борсангиз – кўрасиз! Лекин орада шу…– Ҳа, нима бўлди, тинчликми? – Кампирлари кетиб қолди-да, опа, – деди бояги шўхчан Мансур ерга ғамгин
боқиб.– Ия, ростданми? Бир оғиз ҳам индамадилар-а… – Ойравшан умрида кўрмаган
одамига чин дилдан ачиниб юзига фотиҳа тортиб қўйди: – Худо раҳмат қилсин! –
Бошқа нима дерди, нима дея оларди? – Бирор оғиз ҳам-а…– Сизга қандай, нима деб айтади, опа! Ўзиям ўн йиллар тўшакдан туролмай
ётди-ёв шўрлик! Бир ҳисобда-ку шу азоблардан қутулганигаям яхши бўлди. На
қўлига қошиқ тутиб овқат ея оларди, на бошқа. Доим биров бошида ўтириши керак.
Бобомизнинг ўзи қарарди кўпинча. Э, у кишининг чеккан азоблари!.. Билмайсиз
да, опа! Мана, мен гувоҳ, биттагина ўзим!– Бу ёқда бўлса ўзлари… У кишига ким қарайди энди?– Ия, келин-да, бизнинг хотин-чи!– Вай, сизнинг хотинингиз борми?! Қачон, қачон уйландингиз?– Бобо оёқларини бу ёққа ташлаб кетганларидан кейин борибоқ бизни тўртоёқ
қилиб қўйдилар. Тузуккина, нолимаймиз. Аввалги келганларимда айтмаганим…
Тўғриси, сиздан уяламан, опа, шундай уяламанки!.. Мингдан-минг раҳмат! Агарда
сиз…– Э, қўйсангиз-чи, ўшангами! Табриклайман. Чин дилдан. Қўшақаринглар
илойим!
Ойравшан ўша кеч телефонда раис бобо билан боғланиб, пича гинахонлик
қилди: “Мени шунчалик бегона тутдингизми?”
Раис унинг сўзларини жимгина тинглади-тинглади-да, бир жумлада якун ясади:– Шундай бўлиб қолди, Равшаной, тақдир экан-да.
Бир эрта ишга жўнашдан олдин болани боқчасига ташлаб қайтса, эшиги тагида
биров тараддудланиб турибди. Гоҳ қўнғироқ тугмачасини босади, гоҳ авайлабгина
эшикни тақиллаб кўради. Дадаси! Ҳозиргина поезддан тушганмиш. Бултур
қишлоққа борганида турар жойини бир парча қоғозга ёзиб қолдиргани эсида, лекин
бу ёқларни қандай топиб келибди денг!
Уй ичини кўздан кечириб отанинг ҳайрати қўзғади:– Шу ҳаммаси сеникими? Ўзинг топганмисан?– Осмондан тушган, – дея ҳазилга олиб гапни бурди Ойравшан.
Чой устида бу кутилмаган ташрифнинг сабаби аён бўлди. Сўнгги чоқларда
отанинг мазаси қочиб, катта дўхтирларга кўрингани келибди.
Ишхонасини телефонда огоҳлантириб қўйди-да, Ойравшан дадасини баттар
таажжубга солганча “матиз”ига ўтқазиб, урология марказига олиб жўнади.
Йўл-йўлакай ҳамкасбларига қўнғироқ қила-қила, тиббиёт масалалари билан
шуғулланадиган бир мухбир қизни ўртага тиқиб, номдор бир дўхтирни топтирди,
тайинлатди.
74
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Отани икки кунга олиб қолдилар. Ўша номдор дўхтир уни обдон кўрди,
текширди ва учинчи куни Ойравшанга гапнинг борини яширмай айтди:– Эркакларда учрайдиган қарилик дарди. Ўтказиб юборилган. Энди операцияга
дош беришлари қийин. Яхшиси…
Яхшиси, “Азроил йўқлаб келгунча” дегандек бир йўсинда ул-бул дори ёзиб
берди.
Ўша атрофда дорихонама-дорихона кезиб, борини топдилару ота-бола озроқ
шаҳар айлангач, уйга қайтдилар. Ана шунда Ойравшанимиз икки ўт орасида
қолганини айтмасак бўлмас.
Бориб боқчадан болани олиб келай деса – бу ёқда ота ўтирибди! Бундай дўзах
савол-жавобини ҳеч кимнинг бошига солмасин денг! Болани боқчада қолдиришнинг
эса иложи йўқ. Ёки тётя Валя билан гаплашиб кўрсамикан?
Ойравшан сўнгги уч-тўрт йил ичида икки марта қишлоққа борган бўлса,
боласини доим тётя Валяга ишониб ташлаб кетган (бекор-бепул эмас, албатта!),
шунинг учун бир кечаю бир кундузгина қўноқ бўлиб, “ишим роса кўп” деган
баҳона билан ошиғич қайтар эди.
Ўйлай-ўйлай, бу сафар ҳам бор таваккалига юрди у!
Мунчоқдеккина болакайни кўриб ота ажабланиш ўрнига қуруққина қилиб
сўради:– Кимнинг боласи бу? Ўзингники эмасми мабодо?– Кимга ўхшар экан? – деди Ойравшан бошқа сўз тополмай, дамини ичига ютиб.
Бир вақтлардаги серзарда, чарсу оташин одам, онасининг ўлимидан кейин
кутилмаганда ҳалимдек мулойим тортиб, беозоргина бўлиб қолган эди.– Отасига ўхшаса керак-да. Ким экан у шеримард?– Отаси… яхши одам, дада… – Ойравшан боши хам, ерга эгилиб олди.– Яхши одам боласини чала етим қилиб ташлаб қўядими?! Оти нима бунинг?– Қани, ўзи айтсин-чи, – деди Ойравшан ўғилчасини туртиб, бемаврид.
Бундай имтиҳонларни кўп кўрган бола бийронгина жавоб қилди: – Отим Абубакр.
Ота бошқа индамади, савол ҳам бермади. Индаб нима дерди? Сўраб нима
қилади? Бари аён бўлиб турибди-ку! Товуқдан тухумини суриштиргандек гап…
У болага маъносиз бир қараб қўйдию секингина диванга чўзилиб, девор томон
ўгирилиб олди. Бир замон тўнғиллагани эшитилди:– Қиз махлуқки қўлдан бир чиқиб кетдими, кейин дод солиб юрманг экан. Аҳмоқ
бўласиз, шарманда бўласиз!
Ойравшан эртаси кечқурун ишдан келса, бобо-невара апоқ-чапоқ, ерга ўтириб
олиб “топишмачоқ” ўйнашаётир. (Кечроқ қайтиш эҳтимолини айтиб, болани
боқчадан етаклаб келишни тётя Валядан илтимос қилган эди.) Бобо муштумларидан
бирига конфетни яширади, невара тусмоллаб шуни топиши керак…
Ота тунги поездда кетмоқчи бўлди. Бир-икки кун қолишга унамади, мингта
баҳонаси бор экан. Она-бола уни вокзалга кузатиб чиқдилар. Поезд жўнар маҳали
бобо неварани бағрига босиб, “Қишлоққа обор буни”, деб тайинлади қизига.
Ўша йилги таътилида Ойравшан ўғилчасини Жийдалига олиб борди. “Сенинг у
ёқда югур-югуринг кўп экан, кўрдим, бунингни менга ташлаб кет, ёнимда юрсин”,
дея болани олиб қолди бобоси. Шу-шу, Абубакр қишлоқда, якка-ёлғиз яшаётган
бобосининг бағрида, қўнғироқ қилиб қолсагина онани эслайди, холос.
Навбатдаги келганида Мансурнинг ахборот беришича, “Фаровон”даги
фаровончилик кимларнингдир ғашини қўзғаб, хўжаликни прокуратура босибди,
текшир-текшир қилиб ётган эмиш. Бобонинг ҳам аввалги шашти йўқ, мазаси
қочган…
№ 6 2025 75
Эркин АЪЗАМ
Барча тафтиш-текширувлар чиппакка чиқиб, барҳам топишга топди-ю, қишга
бориб раиснинг иккинчи оёғи ҳам кесиладиган бўлди. Бу сафар ҳам ўша ихлос
қўйган дўхтирининг маслаҳати билан. Акс ҳолда оқибати чатоқ экан…
Бу гал Ойравшан аввалгидек қўрқиб-қочиб юрмади. Ишидан бир-икки кун рухсат
сўраб, Бобонинг бошида қимирламай ўтирди. Дард энди билинган – шўрликнинг
елкалари чўккан, чўзинчоқ юзи озиб, баттар осилиб тушган эди. – Энди менинг умидимда бўлиб юрма, Ойравшан, – деб қолди у бир куни ҳазин
ҳасратли товушда. – Бу ёғига ўзинг биласан, ўзингни кўр…
Ойравшан бу гапга букчайиб олиб узоқ йиғлади.
Бобо негадир уни юпатмоқ учун бирор сўз демади, индамай оппоқ шифтга
тикилиб ётаверди – унинг-да дийдаси жиққа ёш эди.
Кейин бир маҳал ҳеч қўлидан қўймайдиган каломуллоҳни бир тавоф қилдию
Ойравшанга узатди:– Ўқиганмисан? Ўқиб туриш керак… Шу сеники!
Ойравшан яна кўзёши қилди. Сўнгра ўрнидан туриб Бобонинг чўпдек бўлиб
қолган бармоқларини, билакларини силади, юзини босиб суйкай бошлади.– Бўлди, бўлди, янга, бу кишига энди тиғ тегизмаймиз. Худо хоҳласа, отдай
бўлиб кетадилар!
Остонада Январь дўхтир турарди. Негадир унинг ҳам кўзлари ёшлангандек
кўринди.
“Менинг умидимда бўлиб юрма… ўзингни кўр…” Бу нима дегани? Дуч келган
калхатга ем бўлавер бу ёғига демоқчимиди?
Бир куни камера талашиб, телефонда ким биландир ғижиллашаётган эди,
хонасига лўливаш қиёфали биттаси бош суқди. Студиянинг нимқоронғи
йўлакларида дайдиб-ивирсиб юрадиган нусхалардан, унча танишлиги йўқ.
Маслаҳат билан келибди. Маслаҳати шуки, клип олмоқчи, бир акахон маблағ ваъда
қилган эмиш. Машҳурдан машҳур “юлдуз” Олимжон Орифжоновнинг қўшиғига!– Яхши, олаверинг, ким қўлингизни тутяпти?! – деди Ойравшан энсаси қотганини
яширмай. – Шунда бош роль – севгили ролини сиз ўйнаб берсангиз! Акахоннинг талаби
шундай бўлган. – Мен?! Зўр-ку! Лекин актёрлик қобилиятим бўлмаса-чи менинг?– Шарт эмас. У ёғини ўзимиз тўғрилаймиз. – Клипингиз нима ҳақда ўзи? Сценарий-псенарий тайёрми? – Энди бўлади-да. Сиз билан бамаслаҳат. – Вой шўрим, ҳали ёзилмаган нарсага актёр танлаб юрибман денг! Мақсад нима
ўзи? – Мақсад… – Лўливаш бир лаҳза каловланиб, жавоб берди: – Мақсад – сизни
машҳур қилиш! Масалан, Феллини кино бошлашдан аввал… – Мени машҳур қилиш учунгина… Қўйсангиз-чи! Ўзи ҳар ҳафта экранда
кўринавериб, томошабинларни безор қилганим етар!– Сизнинг фигурангиз бошқача-да, синглим! – деб қолсами ҳалиги безбетларча
тиржайиб. – Агар сизга фигура керак бўлса, ана – кўча тўла фигура!– Лекин бунақаси йўқ-да, менга ишонаверинг!
Мана бу гапларни эшитиб қўйсинлар, димоғдор Дилобархоним! Сиз ҳам,
Саидабону, бехабар қолмагайсиз!
Аммо ҳозир рақибларга тош отиб, ҳисоб-китоб қилиш мавриди эмасди. – Менга қаранг, ҳей, – деди чимирилиб Ойравшан. – Сиз ўзи клип олмоқчимисиз
ё менинг фигурамними?
76
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр– Иккаласи бир нарса эмасми?!– Бир нарса эмас! – Шунда Ойравшан бу хомхаёл довдирни бир эрмак қилгиси
келди: – Хўп, ана, олдингиз, машҳур ҳам қилдингиз, дейлик. Кейин-чи, ундан
кейин? – Кейин… – Клипчи кузалмай, лабларига тушиб турган мўйловларини қимирлатиб
яна тиржайди. – Посмотрим. Долг красен платежом, деган гаплар бор, биласиз! – Қарзни кимга тўлайман – сизгами ё анув… – Униси – на ваше усмотрение!– Мана! – Зардаси қайнаб кетган Ойравшан бармоқларидан чучвара ясаб унинг
бурнига тиққудек қилди. – Бўлдими! Етадими!– Вот-вот, характер! – деди клипчи ҳаяжонга тушиб. – Худди ўзи! – Чиқ, чиқ, бошни қотирма! – дея ўрнидан туриб кетди Ойравшан. – Ҳе, ўргилдим
сендақа Феллинидан!
Умуман, бу “тегирмон”да бунақа “нотавон кўнгил” масхарабозлар кўп, жуда
кўп. Ҳисобини кадрлар бўлими ҳам билмаса керак…
Аввалги кўрсатувларидан оҳор кетиб, ўзининг ҳам жонига теккан Ойравшан
ўша кунлари янги бир ишга қўл урган эди. Лойиҳасини раҳбариятдан тасдиқлатиб
олгач, бошлади. Кўп мунозараю музокаралардан сўнг “Қани, сиз нима дейсиз?”
деб номланган бу кўрсатувда шу куннинг энг долзарб мавзулари бўйича кўзга
кўринган мутахассислар билан юзма-юз суҳбат қуриларди. Бошловчининг янги
жозибада пайдо бўлиб, қалтис-қалтис саволлари билан суҳбатдошини шошириб
қўйишлари – бир тараф, умуман, жонли мулоқот кўпчиликка маъқул келиб,
кўрсатув тезда тилга тушди.
Иттифоқо, ўша кезлар “пластик карточка” деган матоҳ жорий этила бошлаб,
унинг мазмун-моҳияти ва қўллаш қоидаларини халққа тушунтириш зарурати
туғилди. Гарчанд бир талай давра суҳбатларию яккахон чиқишларда бу ҳақда
такрор-такрор маълумот берилаётган бўлса-да, томошабинлардан келаётган савол
жумбоқларнинг кети узилмасди. Ана шу саволларга асосланган махсус, очиқ
ошкора бир мулоқотга эҳтиёж бор эди.
Раҳбариятнинг тавсияси билан Ойравшан тегишли бирор мутахассис сўраб
“Бозорбанк”ка қўнғироқ қилди. Котибаси “Лазиз Қодирович” деб атаган банк
хўжайини номиданми, овозиданми, Ойравшанни дарровгина таниб, муддаосини
эшитгач, худди шундай таклифга зориқиб ўтиргандек, аллақандай департамент
бошлиғининг муовинини номзод қилди. – Бошлиқнинг ўзлари чиқсалар ёмон бўлмасди, ҳарҳолда… – дея эътироз
билдиришга уринди Ойравшан.– Йўқ, Музаффархўжа боради, – деди Лазиз Қодирович сўзида туриб олиб. –
Музаффархўжа тузук бунақа ишларга. Муҳаммадхўжаев!
Демак, департамент бошлиғининг муовини Музаффархўжа Муҳаммадхўжаев!
Ўзининг ҳам оти кўп лўндаю санжобгина бўлмаса-да, кейинги ўн йилликларда
тобора “чўзилиб” кетаётган бунақа жуфту “думдор” исм-шарифларга Ойравшаннинг
тоқати йўқ эди; тўлиқ айтгунингча нафасинг қайтиб кетади, кейин номига қўшиб
ўша одамнинг ўзини ҳам ёқтирмай қоласан.
Аммо Музаффархўжа Муҳаммадхўжаевни илк бор кўрди-ю, ёқтириш ҳам гапми,
мафтун бўлди деса кам! Яшириб нима, кўнгли суст кетгани-да рост. Эринг бўлса –
шундай бўлса! Жазманинг бўлса ҳам жон-жон дердинг! Узун бўйли, хипчадан
келган, қорин-порин йўқ, кийимлар ярашиқли, буғдойранг, қиррабурун, кўкиштоб
кўзлари одамга алланечук ҳайрат биланми, алоҳида бир эътибор биланми боқади.
Ўттиз-ўттиз беш ёшларда бор. У сиполик, у назокатли муомалаларни айтинг!
№ 6 2025 77
Эркин АЪЗАМ
Бекорга “хўжа-хўжа” эмас, чин асилзодалардан кўринади. Унинг илк салом-алик
чоғи “Ойравшанхон” деб мурожаат қилгани ҳам ғашингни келтирмади.
Ойравшаннинг бир одати бор, дастлаб танишган одамига дарҳол лақаб қўйиб
олади – ўзича, ичида. Бу йигитни “Маданиятли” деб атади-ю, шу заҳоти фикрини
ўзгартирди – йўқ, “Бенуқсон”. Ҳақиқатан бенуқсон!
У эфирда ҳам ўзини шундай тутди. Эркин, хотиржам. Бировларга ўхшаб
ҳаяжонга тушиш йўқ, дудуқланиб қолишлар йўқ. Илмоқли, унча-мунча қалтисроқ
савол берилганда ҳам бир сония ўйлангандек бўлади-ю, кейин мутлақо иккиланмай,
шошилмай фикрини баён қилади; мулоҳазалари шундай силлиқ, беозор, айни чоқда
шундай табиий, ишонарли чиқадики, бирон-бир эътирозга ўрин қолмайди.
Ойравшанни ҳайратга қўйган яна бир жиҳати – унинг шева-певани аралаштирмай
соф адабий тилда, сўзларни жой-жойида қўллаб, манаман деган зиёлилар ҳам ҳавас
қиладиган ифодаларни топиб гапириши эди. Кўрсатув якунлангач, теварак-атрофда
юмуш бажариб юрган барчанинг эҳтиром билан унга талпиниб, саломлашгани,
танишиб қўйгани қўл чўзиб келишлари шундан.
Ойравшан суҳбатдошини эшикка кузатиб чиқаркан, у беозоргина қилиб сўради:– Ойравшанхон, сизни тушликка таклиф этсам кўнглингизга келмасмикан?
Қорни очлиги-ку майли, ўз йўлига, аммо бу таклифга жон-жон деб турган
Ойравшан: – Озроқ монтажим бор эди-я, – деб нозлангандек бўлди-ю, имкониятни қўлдан
чиқармаслик учун дарҳол баҳона ўйлаб топди: – Бўлмаса, беш минутгина кутиб
туроласизми? Шеригимдан илтимос қилиб чиқардим-да. – Бемалол, бемалол. Беш минут, ўн минут, ўн беш минут, – дея изн берди
таклифчи.
Ойравшан изига қайтиб, хонасига кирди. Ўзини бир кўзгуга солган бўлдию
бекордан-бекор қаққайиб ўн дақиқа ўтишини кута бошлади. Ўн дақиқа деганлари
ҳам ҳазилакам фурсат эмас экан!
“Бенуқсон”нинг “нексия”сига ўтириб Миробод томондаги шинамгина бир
қаҳвахонага бордилар. Алоҳида хонадан жой олиб, таом устида ундан-бундан
сўзлашиб ўтирдилар – гўёки яқиндан танишув. Ойравшаннинг толеини қарангки,
шунча балони билгани билан буниси ҳам чандон сергап чиқмади – савол
берсангизгина жавоб қилади. Асосан Ойравшаннинг ўзи шақиллаб ўтирди, шериги
ҳар замонда ажиб бир назокат билан лутф қилиб қўярди, холос.
Икки соатлик гуфтугў асносида Ойравшаннинг билиб олгани шу бўлдики,
Бенуқсонимиз уйланган, икки боласи бор, (ажабо!) ҳув Сергилида “дом”да яшайди,
ўзи фан номзоди. Шу.
Бир вақт хўжайинидан қўнғироқ бўлиб, у Ойравшанни машинасида қайтиб
телевидениега ташлаб кетди.
Учраша бошладилар. Ўша қаҳвахонада, айнан ўша илк бор ўтиришган
бўлмаларида. Лекин на бир маънодор қараш бор, на бир шаъма, на изҳори дилу қўл
пўлни ушлаш дегандек гаплар. Бу ҳол Ойравшанни ҳар қанча таажжублантирмасин,
кўнглида тасаллиси ҳам бор эди: демак, анови чўқибқочарлардан эмас бу; демак,
буники жиддий, астойдил.
У Бенуқсонга иккинчигина эмас, учинчи хотин бўлмоққа ҳам тайёр эди! Ул
меҳрибону олижаноб Бободан энди умид йўқ – ўзи ҳам айтган, яъни “рухсат
берган”. Айтмаган, рухсат бермаган тақдирда ҳам, энди…
Янги йил арафаси эди. – Байрамни қаерда кутмоқчисиз? – деб қолди Бенуқсон.
78
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр– Қаерда кутардим – уйда, – деди Ойравшан негадир юраги ҳаприқиб. – Оилавий
байрам дейдилар-ку буни. – Тўғри, кўпинча ҳамма ўз уйида бўлади ўша кун. Ким билан демоқчиман-да?– Битта-ярим дугонам келиб қолмаса, ўзим билан ўзим, ёлғиз. Айтувдим
шекилли, ўғилчам қишлоқда, бобосиникида.– Эсимда, эсимда… Биларсиз, яқин-яқин дўстлар баъзан байрамдан бир кун
икки кун олдин у ер-бу ерда давра қилишади. Масалан, бизнинг улфатлар бу йил
тоғдаги дачада кутишмоқчи. Бирга чиқсакми девдим…– Ўйлаб кўрай-чи, – деди Ойравшан ичида чапак чалиб, хаёлида ирғишлаб.
Келганларига икки соатдан ошди. Икки соатдан бери аллақандай тараддуд,
жонсараклик, ҳаммасининг оғзида: “Лазиз Қодирович, Лазиз Қодирович…”
Саккиз бурчакли мусамман шамойилидаги, ҳаммаёғи ойнаванд кўшк деймизми,
қишки шийпон деймизми, ишқилиб, ажабтовур бир кошонада ўтиришибди.
Кошонанинг шифти гумбазсимон, доиранусха саккиз деразасидан ҳам нур тушиб
туради. Хуллас, хона ёп-ёруғ, чароғон, ташқарида гупиллатиб қор уриб ётган бўлса
да, бу ер маза, оромбахш – кошонанинг этаклари бўйлаб йўғон-йўғон иссиқлик
қувурлари тортилган.
Дўнгликнинг тепасида жойлашган бу манзилга мошина учми-тўрт айланиб
чиқиб келади. Атроф қирқма қизил тош билан ўралган кенг саҳн. Бир томонда –
ўртасига лолаваш фаввора ўрнатилган ёзги бассейн ва теннису бильярд-пильярд
ўйналадиган майдон, иккинчи томонда – шаклан бош кошонани такрорлайдиган,
лекин атрофи очиқ учтами-тўртта шийпонча. Икки чети кўм-кўк арчазор йўлканинг
адоғидаги пастак бино – ёзлик-қишлик ошхона ҳам шу тарафда. Қор гирдибоди
ичида ҳозир бошқа нарсалар, ҳатто этакдаги қишлоқ манзараси ҳам элас-элас кўзга
чалинади.
Узун зиёфат дастурхони теварагида Ойравшан билан Бенуқсондан бошқа яна
уч эркагу тўрт қиз. Ҳамкасб-ҳамтовоқларини Бенуқсон ҳали келганларидаёқ
таништириб чиққан: бу киши фалон департаментимизнинг бошлиғи, бу киши
эса фалон департаментнинг муовини, бу киши… Афтидан, улар орасида ўзининг
бевосита раҳбари йўқ эди. Бироқ на кимнинг кимлиги, на департаменти
Ойравшаннинг эсида қолди. Бари деярли бир хил қиёфали, нимаси биландир
Бенуқсонимизга ўхшаш. Улар, аксинча, Ойравшанни эски танишлардек илиқ
иссиқ кутиб олишди, тўрт томонидан ўтиб манзирату илтифотлар кўрсатмоққа
уринишди.
Манови тўрт қиз пайдо бўлдию бояги манзара, муомала ўзгарди. Қизлар
бир соатча бурун микроавтобусда келишди. Улар сумка-тўрваларини елкалаб
эшикдан кирар-кирмас, департаментчилар сапчиб ўринларидан туриб ачом-ачом
қилакетишди – чамаси, эски қадрдонлар. Янги меҳмонлардан биттасими-иккитаси
Ойравшанга ҳам танишдек туюлди; телеклипларда қаҳрамоннинг севгилиси бўлиб
чиқадиган ширин қизалоқлардан шекилли. Улар эса Ойравшанни кўриб бир лаҳза
нечукдир таажжубланган, ҳатто хижолат чеккандек бўлишди-ю, кейин шу заҳоти
ҳаммасини унутиб, узоқ йўлда, совуқда очиқиб келишганми, ўзларини дастурхонга
уришди. Департаментчилардан бирови шоша-пиша арақ ҳам қуйиб берди,
тўртовидан бирортаси ҳам бош бурмай кўтарди-юборди. Анови учаласи галма-гал
газак тутиб, буларга гирдикапалак.
Ниҳоят, нафслари бирмунча ором топди шекилли, қизлар сумка-тўрваларини
олиб хонанинг кўзга ташланмас бир чеккасидаги зинапоядан пастга – ертўлага
тушиб кетишди. Хиёл ўтмай сувнинг шалоп-шулупи, қизларнинг шўх қийқириқлари
№ 6 2025 79
Эркин АЪЗАМ
эшитила бошлади у ёқдан. Бенуқсоннинг айтишича, ертўла алоҳида бир олам:
сауна ҳам, иситиладиган бассейн ҳам, турли ҳордиқхоналар ҳам ўша ерда эмиш.
Бу манзара, бу кўринишлар эриш туюлиб, Ойравшан хийла ториққан, диққати
ошиб карахтроқ ўтирар эди. Сўнг ўзини ўзи яниб қўйди: ўпишса ўпишавермайдими,
чўмилса чўмилавермайдими, сенга нима! Муҳими – Бенуқсон ёнингда-ку!
Департаментчилар бир маҳал типирчилагандек бўлиб қолишди. Бири қўйиб
бири телефонини қўлга олади. “Шеф! Шеф! Шеф!” Кейин бир-бирига ахборот
беради: “Ғазалкентдан чиқибдилар”, “Букри кўприкдан ўтибдилар”, “Оқтошга
кирибдилар”…
Қора “жип” мошинаси майдончага келиб тўхтар-тўхтамас, улар бирин-кетин
югуриб чиқишди. Хонада ёлғиз Ойравшан.
Нечундир бир муддат ҳаяллагач, тобеинлари қуршовида калта пўстин кийган,
ўзи ҳам калтароқ бир киши кириб келди. Бароққош, оқ юзли, иягида пичоқ билан
кесилгандек кемтикчаси бор. Шерикларидан бири унинг пўстинига ёпишди, бири
бошидаги телпакка. Шунда бу одамнинг яна бир “фазилат”и намоён бўлди –
тепакал экан. Тепакал-у, ён-веридаги қўнғир соч толалари маҳорат билан олдинга
тараб қўйилган.
Пахмоқ халатларига ўраниб, бошларига сочиқдан минора ясаган қизлар шу
заҳоти зинадан чопқиллаб чиқиб, “Лазиз Қодирович! Лазиз Қодирович!” дея
бирин-бирин унинг бўйнига осилишди. Қизиғи шуки, элликларни қоралаб қолган
Лазиз Қодирович кенжа қизидан ҳам ёш бу қақажонларни бирма-бир лабидан ўпиб,
“оҳ-оҳ!” деб қўярди.
Навбат Ойравшанга келганда Лазиз Қодирович Бенуқсонга бир назар ташлаб
қўйиб: – Ой… равшанимиз-да?– дея биққа бармоқларини узатди; хайрият, у ёғига ўтмади.
Ундан аломат атир ҳиди анқирди. – Бу киши билан ҳали алоҳида танишамиз!
Кўришув-ачомлашув маросими тугагач, Лазиз Қодирович дастурхоннинг тўрига
чиқиб, костюмини курси суянчиғига кийдириб қўйди-да, кафтларини завқ билан
бир-бирига ишқаб:– Қани, бошладикми? – деб сўради жамоатдан ва ўзи жавоб қилди: – Бошладик!
Эркакларга оқидан, қизларга қизилидан!..
Бу таклифга дурагайлиги кўриниб турган кўкиш кўзли дуркун қиз кескин қарши
чиқди:– А где равноправие, Лазиз Кадирович?! Может – наоборот, а?
Ҳамма кулиб юборди. – Шампандан бошлайқолайлик, Лазиз Қодирович, ҳар ҳолда Янги йил… – деди
департаментчилардан бири.
Ойравшаннинг фаҳмича, шуниси каттароқ эди – ёши ҳам, мансаби ҳам.
Хўжайинга муовинмиди-ей?– Оқсоқолнинг фикрларига қўшиламиз, аввалига шампань! – дея эълон қилди
Лазиз Қодирович хушвақтлик билан.
Ошхона тарафда жонланиш юз бериб, ҳануз қорасини кўрсатмаган уч-тўрт
дастёр оёғи ерга тегмай таом ташимоққа тушди. Сомса, қайнатма шўрва, қовурдоқ,
кабоб…
Бу ёқда байрам алёри бошланган эди. Косагулликни ўзи қўлга олган Лазиз
Қодирович, кутилмаганда, биринчи бўлиб сўзни Ойравшанга берди.
Шампань тўла бокални қўлига олиб Ойравшан истар-истамас ўрнидан турди.
На сих, на кабобга алоқадор илимилиқ бир гап айтиши керак. – Ташқарида қор уриб турган паллада шундоқ ажиб бир кошонада танишу
нотаниш дўстлар йиғилиб, қизғин давра қургани қандай яхши, қанчалар гаштли!
80
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Мен бундай серзавқ даврада биринчи марта бўлишим, – дея у ёнидаги Бенуқсонга
гўёки миннатдорона назар ташлаб олди. – Хурсандман. Янги йил муборак бўлсин
ҳаммаларингга!
Ойравшан қўлидаги қадаҳдан бир ҳўплаб қўйиб жойига ўтирганини кўрган
Лазиз Қодирович: – Шуми? Шугинами? – деди ҳафсаласи пир бўлгандек, аразлагандек. – Биз
сиздан, сиздек сўзга бой ажойиб шоирамиздан… – Ҳа-ҳа, майли, Лазиз Қодирович, жиндак қизишиб олсинлар, кейин… – дея
жонга ора кирди бояги “оқсоқол”. – Давай, асал, ўзинг! Бир кўрсатиб қўй!..
Лўппи юзли, мунчоқ кўзли қиз дик этиб ўрнидан турди: – Ватанимни севаман! Халқимни севаман! – деди у чийиллаб. “Кимгадир
тақлидми бу ё шунчаки ҳазилмикан?” деб ўйлади ўзича Ойравшан. Йўқ, тақлид
ҳам, ҳазил ҳам эмас экан: – Одамларни севаман! Сизларни! Сизни, Лазиз
Қодирович! – Қиз қадаҳини баланд кўтариб, биллур шиша ортидан мунчоқ кўзини
қисганча: – Янги йилда ҳам! – дедию қўлидаги арақни бир қултум қилди-юборди.
Даврада олқишу чапак янгради.
Талтайиб кетганидан бояги қиз қадаҳига тағин арақ тўлдирди-да, эркалик билан
бориб Лазиз Қодировичнинг тиззасига ўтириб олди. “Ошиқ-маъшуқ” ўзаро қўл
боғлашиб қадаҳларини бўшатгач, газагига чўлп-чўлп ўпишиб қўйишди.
Бу ҳолга негадир даврадаги бирон одам ажабланмади. Янги меҳмон –
Ойравшандан бошқа.
Алёр базми тугаб, ҳамма қизишиб, алжираб қолганда Лазиз Қодирович амр
қилди:– Кетдик энди пастга, саунага!
Давра бараварига қўзғалиб, тапир-тупур қила зинапоядан туша бошлади. Анови
дуркун-дурагай қиз қайтиб чиқиб, егулигу ичкиликлардан тера-тера бир баркашга
жойлади-да, ўша ёққа кўтариб кетди. Демак, базм давом этади, чамаси, у ерда ҳам
маишат қурадиган жой бор.
Ойравшан ўрнидан қимирламай ўтирарди. Тепасида Бенуқсон, тараддудланиброқ
турибди. – Сиз… тушмайсизми? – деб сўради у журъатсизгина. Бу ерга келганларидан
бери алланечук ўзгариб қолган: Ойравшанга тик қарамайди, илгаригидан ҳам
камгап, тортинчоқ. – Бошим оғрияпти негадир, – деди Ойравшан. Бундаги кор-ҳоллар ғашини
келтиргани учунгина баҳона қилаётгани йўқ у – ҳали қистаб-қўймай ичирилган
шампань виноси ёқмадими, чиндан ҳам мияси лўқиллаб турар эди. – Майли, мен бир хабар олиб чиқай-чи, – деб Бенуқсон зинапоя томон юрди.
Пастда шалоп-шулуп, қийқириқ, гур-гур! Сўз айтиб ичиш урфининг янги давраси
бошландимикан, анови мунчоқкўз “ватанпарвар”нинг чийиллаши эшитилди: – Халқимни севама-ан! Юртимни севама-ан! Сизларни!..
Бошини орқага ташлаб сал мудраганга ўхшабди, кимдир келиб пешонасига
кафтини қўйди: – Андак босилдими?
Ойравшан малол билан кўзини очди: Бенуқсон, қути ўчган, қандайдир
паришоннамо!– Шеф сизни сўраяптилар, – дейди базўр ютиниб. – Кутиб ўтирибдилар. Саунада.
Кўнгиллари кетганмишми…
Ойравшаннинг оғриб турган бошига гурзи тушгандек бўлди. Сапчиб жойидан
турди:
№ 6 2025 81
Эркин АЪЗАМ– Нима-а?! Бу нима деганингиз? Ўйлаб гапиряпсизми ўзи? Мен сиз билан…
сиз учун келдим-ку бу ерга! – Бенуқсоннинг четга қараганча ночорона мунғайиб
қолганини кўргач, баттар авж қилди: – Бундан чиқди, агарда хотинингиз билан
келганингизда ҳам…
Бенуқсон ялт этиб қаради, қалтираб кетди:– Ойравшанхон!..– Ҳе, Ойинг ҳам, Равшанинг ҳам ўлиб кетсин! – У шиддат билан сумкачасини
қўлтиқлаб эшик сари юрди. Кираверишдаги илгакдан пальтосини юлқиб олди
да, билагига ташлаб эшикдан чиқаркан, ўқдек орқасига қаради: – Шарманда!
Шармандалар!
Кошонани айланиб ўтаётиб беихтиёр ичкарига кўз ташлади у. Бенуқсон турган
жойида қотиб қолган эди гўё. Мана, энди департамент бошлиғи бўлиб бўпсан!
Даллол, қўшмачи, даюс, сўтак!
Ойравшаннинг назарида унинг бу қилмишидан Бенуқсон унчалик ҳам норози
эмасдек туюлди. Бирдан унга раҳми келиб кетди. Ночор, нотавон, шўрлик!
Ой нури ва қор ёғдусидан чор атроф сутдек ёруғ эди. Лекин қай тарафга қараб
юрсин? Бу совуқ изғиринда тоғу тошлар орасида адашиб-нетиб, оч чиябўриларга
ем бўлиб кетмайдими?
Бўлсин! Шундай бўлсин-да! Қилмишига, қилмишларига яраша!
Ойравшан бахташ – таваккал дея, қорда сирпана-сирпана пастлай кетди.
Неча бор кети билан йиқилиб тушди, тойинди, суринди, аммо оғриқ ва азоблар
ичида ўрнидан туриб олға босарди. Бенуқсонни эслаб, Бенуқсонни ўйлаб (бенуқсон
эмиш-а!), мана, бугун ундан айрилгани, айрилганда ҳам бениҳоя шармандали бир
ҳолда жудо бўлганидан алами тошиб, аччиқдан-аччиқ хўрлик томоғини бўғиб
келар, лекин йиғлаб-йиғлаёлмас, юпаниб-юпанолмас эди. Бу ожизона ҳисларга
берилса, тийғаниб-тайрилиб жар-парга учиб кетмоғи ҳам ҳеч гап эмас!
Шу тариқа тентирай-тентирай, буни қарангки, мошина йўлига тушиб олибди
у! Демак, таваккалчининг ишини худо ўнглаган. Мошина изини қоралаб тўғрига
жилаверди.
Бу орада орқадан келган бир “нексия” тўхтаб, таклиф қилган каби эшигини
ҳам очиб турди. Ойравшан ўгирилиб-да қарамай, йўлига кетаверди. Яна биттаси
шундай қилди. Буниси энди ҳафсаласи пир бўлгандек талай масофа олға юриб
борди-ю, кейин яна орқасига суриб-тисланиб келди…
Ойравшан шу тобда дуч келган эркакнинг юз-кўзини тимдалаб ташламоққа
тайёр эди. Қирил ҳамманг! Бенуқсонлар!
Қаёқлардан келяпсан, ҳей қиз? Бу йўлнинг боши-бошланиши қайда эди,
эсингдами?..
Сен тортган йўл бир кампирнинг бехос ўлимидан бошланган деса бўлар.
Ғайратнинг момоси, гўрингга ўт тушгур момонинг! Фотиҳа тўйларига бош
бўлиб тетик-бардам юрган кампир бир кечада қазо қилди-қўйди-ю, августнинг
охирларига мўлжалланган тўй марҳуманинг йиллик маросимидан кейинга – баҳорга
қолдирилди. Тўққиз ой кутиш керак. Қарийб бир йил! Бу мобайнда кишининг
бошидан нималар кечмайди дейсиз! Айниқса – шеъру шеърхонлик билан, ҳусну
малоҳат билан воҳанинг тўрт томонига донг таратган, кўнгил дарёсида эркин сузиб,
ҳар соҳада биринчиликка интилиб юрган сердаъво, шон-шуҳратга ўч қиз боланинг!
Агар ўшанда кампир яна бир ойгина сабр қилиб турганида, Ойравшан ҳозир ё
Тошкентда, ё Жийдалида тўнғичини мактабга кузатиб, кенжасининг бешигини
тебратиб тинчгина уйда ўтирган бўларми эди…
82
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Учинчи курсни битирар-битирмас, пединститутдаги донғи сабаб, вилоят
телевидениесига ишга таклиф этилди у. Аввал унча-мунча кўрсатувларга
бошловчилик қилиб юрди, кейин тез орада муқим дикторликка ўтказилди. Энди
воҳа миқёсидаги катта-кичик бирон маданий тадбир Ойравшансиз ўтмасди. Бирида
саҳнанинг ўртасига чиқиб олиб, қадди-қоматини кўз-кўзлагандек бошловчилик
қилса, бирида минбардан туриб оҳанжамалар билан шеър ўқийди.
Булар бари майли, ёшликнинг шўх ўйинқароқликлари, қолаверса, худо бергани –
ахир, ҳаммага ҳам шундай кўрку жамол, шундай истеъдод насиб этавермайди-ку!
Энди ўйласа, бу савдоларнинг ҳал қилувчи нуқтаси янги бино этилган муҳташам
“Барчиной” саройидаги “Гўзаллар танлови” бўлган экан. Ойравшан, табиийки,
асосий даъвогарлардан эди. Унинг ғолиб чиқишига на танлов ҳайъати аъзоларида,
на томошабинларда бирон шубҳа қолмай турганида қаёқдандир заранглик бир
қиз орага суқилдию иш барбод бўлаёзди. Ҳайъатда ҳам, томошабинлар ўртасида
ҳам иккиланиш бошланди. Ўлгур рақиби уй-рўзғор ишларию пазандаликда ҳам,
каштадўзликда ҳам илғорлик кўрсатиб, тўплаган “хол”лари ошиб кетди. Ҳатто
аламу ҳасадда қоврилиб турган Ойравшаннинг ўзи ҳам ичида унга тан бермоққа
мажбур қолди.
Лекин… лекин гўзалларнинг гўзали деб Ойравшанимиз ғолиб топилди!
Тантана маросимидан кейин у ер-бу ерда шивир-шивир гап юриб қолди:
“Искандар ака илтимос қилганмиш, Искандар ака!”
Искандар ака деганлари томошада қатнашмаган бўлса, гўзалликка
даъвогарлардан кимнинг нимага қодирлигини ўз кўзи билан кўрмаган, умуман,
маросим ўтган саройга қадам қўймаган бўлса, нимага бу ишга аралашади, нега
илтимос қилади, нима ҳаққи бор, ким ўзи у?
Вилоят прокуратурасида ишлагандан кейин бирор ҳаққи ё ваколати бордир-да?!
Йўқ, у Ойравшаннинг ҳамқишлоғи экан; йўқ, акаси эмиш; йўқ, аммасининг ўғли
дейишяпти; йўқ, бор-йўғи қўшниси, бир кўчада ўсиб катта бўлишган, холос; йўқ
йўқ, бунда бошқа гап бор…
Шуҳрат чўққисини эгаллаб сархуш юрган Ойравшаннинг ўзи ҳам бу ҳолдан
камоли таажжубда эди.
Тўғри, у Искандар акани танийди, билади, ростдан ҳам Жийдалида қўшни
улар, бироқ Ойравшанларнинг ҳовлиси тахминан беш-олти юз қадам келадиган
боғкўчанинг бошроғида бўлса, уларники ҳув адоқда, Ғайратларнинг уйидан ҳам
нари. Ишқилиб, бир кўчанинг болалари…
Умуман олганда-ку, Ойравшан уни Жийдалида жуда кам учратган. Искандар ака
ундан етти-саккиз ёш катта, у Тошкентга ўқишга кетганида Ойравшан тўртинчими
бешинчими синфда ўқир, жамалак тақиб юрган оддий қизча эди. Шундай бўлса-да,
тасодифан радиодан эшитиб қолгани бир ахборот ҳамон ёдида: “Ҳуқуқшунослик
факультетига муваффақият билан имтиҳон топшириб талабаликка қабул
қилинганлар орасида барча фанлардан аъло баҳоларда ўтган Искандар Орипов
номини алоҳида таъкидламоқ керак. Олис Жийдали туманидаги оддий бир оилада
ўсиб вояга етган бу йигит…”
Шу хушхабар кейин кўп замон Жийдалида овоза бўлиб юрган. Ота-оналар буни
болаларига ибрат намунаси сифатида мақтаб гапиришарди: “Қара, ўзимизнинг
туманимиздан етишиб чиққан-а! Сен ҳам энди ғайрат қил!” Азалдан бунақа
мақтовларга ўч қизимиз Ойравшаннинг ҳам ўшанда у аълочи йигитга ҳаваси
келгани рост: “Мен ҳам ўқишларга бориб, ана шундай зўр баҳолар билан ўтсам!..”
Сираси, ўқиб кетган мактабида ҳам Искандарнинг довруғи сўнмаган, муаллимлар
ҳар гапга унинг номини мисол келтириб, “ундоқ ўқиган, бундоқ ўқиган, тартиб
№ 6 2025 83
Эркин АЪЗАМ
интизом бобида ҳам ундоқ эди, бундоқ эди”, дея кўпиртириб таърифлашарди. Ёзги
таътилга келган чоғлари асли зуваласи кўркам, бўй-басти келишган Искандар
башанг кийиниб олиб, бир тўда жўраси қуршовида кўчада у ёқдан-бу ёққа
намойишкорона кезиб юрганида бўй етган қизлар пана-панадан не бир илинжлар
билан боқиб қолишарди. Ойравшаннинг эса асло парвоси йўқ, фикри-зикри Ғайрат
билан банд, Ғайрат бўлсагина бас эди унга. Чунки Ғайратнинг-да бозори чаққон,
қизлар орасида у ҳам талаш, айниқса, ҳув анови икки безбет опа-сингил ўзаро
юмдалашиб, ич-этини еб юрар эди.
Шундан кейин талай йил Ойравшан Искандарни кўргани ҳам, учратгани ҳам
йўқ.
Кечаги кузакда вилоят марказидаги янги қурилган улкан стадионда йиллик
ҳосил байрами ўтказилди. Туманлардан келган меҳнат илғорларию барча казо
казолар жам, тантана зўр! Тошкентдан ҳам меҳмонлар бор – машҳур “Булбул”
концерт дастасию ўзимизнинг “Чағониён”!
Ойравшан ўша куни ҳокиму ҳукамо жой олган ҳайъат минбаридан туриб ҳам,
майдонда томоша кўрсатаётган санъаткорлар орасига тушиб ҳам, қўлида қўш
микрофон, бор маҳоратини намойиш этди. Бир кўрсатиб қўйсин буларга!
Тантанали маросимдан сўнг узундан-узун ҳашаматли шийпонда катта зиёфат
берилди. Ойравшан бунисида ҳам хизматда бўлди – санъаткорлар билан галма-гал
меҳнат илғорларига-да сўз бериб турди.
Бир вақт кимдир ёнига келиб, “Сизни Искандар ака сўраяптилар”, дея казо
казолар ўтирган томонга ишора қилди.
Искандар ака деганимиз илгаригидан ҳам кўркам тортиб, тўлишиб, арбобларга
хос бир тус олибди. У Ойравшанга биқинидан жой бўшатиб: – Қойил қилдинг-ку, синглим, маладес! – дея эътирофини изҳор этди ва
даврадагиларга изоҳ бериб қўйди: – Кўрдиларинг-а! Бизнинг сингил! Жийдалидан!
Бир кўчалик қўшни эдик. – Кейин унинг қўлига қадаҳ тутқазди: – Мана шу
муваффақиятларинг учун битта оласан энди!
Газагига бир бўлак тандиркабоб ҳам тутиб турибди. Шундай катта, баобрў
одам! Ойравшан ҳозир айни осмонда эди. Осмонда эди-ю, чопа-чоп билан бўлиб
эрталабдан бери туз тотмаган, қорни оч! Бундай пайтда бировнинг қўлини қайтариб
бўладими?!
Санъаткорлар навбатини тугатгач, микрофон эгасиз қолганини кўриб Ойравшан
бу меҳрибон акахонига миннатдорлик билдириб, ҳадаҳа ўрнидан тураётганида у
қўлига ташрифномасини қистирди:– Бирор илтимос ёки муаммо чиқса, тортинмай қўнғироқ қилаверасан, хўпми?
Илтимос ҳам чиқмади, азза-базза бу одамнинг ҳузурига боргулик муаммоси
ҳам йўқ эди Ойравшаннинг. Бўлганида ҳам у кишининг олдига қандай боради?
Бориб нима дейди? Ноқулай-ку! Ҳай, бир вақтлар қўшни бўлганлар, ҳув ановинда
жамоатнинг кўзи олдида ёнига чорлаб меҳрибонлик кўрсатди, лутф қилиб қўйди,
раҳмат. Ҳарқалай, ҳамқишлоғи-да, бегона эмас…
Мана бугун эса, худди осмондан тушгандек, Искандар аканинг илтимосига кўра
(талабига кўрадир – бунақа ишлар оддий илтимос билан битмас!), Ойравшанимиз
гўзаллар гўзали бўлиб турибди! Буни қандай тушуниш керак? Сенинг гўзаллигинг
у кишига чикора?..
Ана шуни ўйлаб, “гўзаллиги” ҳам унча татимай боши қотиб юрган кунларининг
бирида телевидение раҳбари чақириб, “Искандар акангизга бир қўнғироқ қилиб
қўяркансиз, гаплари бор экан”, деб қолди.
84
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Еган оғиз уялмасинми! Берган ташрифномасидаги рақамларни териб, чор
ночор қўнғироқ қилди. Искандар ака “қўлга киритган зўр муваффақияти билан”
уни қизғин табриклади, Ойравшан эса “Сизнинг хизматингиз” дея тортинибгина
миннатдорлик изҳор этган бўлди. – Ювиб бермайсанми энди, қачон? – деб қолди Искандар ака. Ойравшан оғиз
очишга улгурмай, таклифини айтди: – Майли, бу галча ювиш мендан бўлсин…
Кечки соат олтиларда ишхонангнинг олдида тур, бораман. Бир жойда ўтиришамиз,
ювамиз. Келишдикми?
Бу гапга нима деб бўлади? Аммо рад этиб кўринг-чи!
Йўғ-э, балки анчайин мурувват юзасидан, тоза кўнгил билан самимий таклиф
қилаётгандир? Айтиб бўладими, эҳтимол, бирор тадбирга олиб борар – хизматга?
Ўша ерда ўтиришамиз демоқчидир балки…
Кечга қадар қоврилиб, икки ўт орасида юрди Ойравшан: борсинми ё бирон
баҳона топсинми? Ҳали ҳеч жойда ҳеч гап йўқ, бунинг шовури Ғайратнинг қулоғига
етса-чи! Фотиҳа қилинган қиз, ҳатто келин ҳисоби; майли, қўшниси бўлсин,
қадрдони бўлсин, лекин барибир бегона эркак билан бир жойларда юрса – айб
эмасми, шармандалик эмасми?! Ия, Ғайратнинг ўзи-чи? Қачондан бери на йўқлаб
бир қўнғироқ қилади, на хат-хабари бор! Ҳатто шунчаки бир табриклаб қўймоққа
ҳам ярамади. Тўғри, эшитиб ғаши келгандир – у кишим шунақа оркаш, жиззаки,
аммо барибир-да, ўзингники-ку, кўнгил деган гаплар бор ахир!..
Ўзи, кейинги вақтларда совиганроқми-ей? Гап сўрасанг, нуқул иши кўплигини,
диплом иши билан бандлигини пеш қилади. Кўз кўзга тушиб турмаса, ҳар қандай
меҳр ҳам сусайиб борармикан ё? Неча йиллик аҳду паймонлар-чи? Қайлиғингман
ку, ахир! Баҳорга бориб тўйимиз бўлиши керак…
Ёки у кишим ҳам Тошкентларда бекор юрмаганмикан? Йироқдаги қуйруқдан
яқиндаги ўпка яхши дегандек. Ҳар хил гаплар қулоғига чалиниб турибди ўзи…
Табиатан ўжар қизнинг бирдан шайтони қўзиди. Қизиқиш устун келди. Боради!
Қани, қаерга элтаркан, кўрайлик-чи! Нима, мен қўзичоқманми, еб қўярмиди?!
Қолаверса, эс-ҳушли, шундоқ мартабадор, акам қатори одам! Ўлдимики!..
Искандар уни “ласетти”сига солиб, шаҳардан хийла олис Учорол деган манзилга
олиб борди. Уч оролнинг ўртасида жойлашган хилватгина маишатхона, ҳамма
нарса муҳайё, бир дастёр йигитдан бошқа кимса йўқ…
Хуллас, нимаики кор-ҳол бўлса, ўша куни, ўша ерда содир бўлди. Ўзига келгач,
Ойравшан “Энди нима бўлади, энди нима қилама-ан!” дея зориллаб ётаркан, ҳушини
йиғиб олган айбдор ҳам зўр бериб тавалло айларди: “Итлик қилдим, Ойравшан,
мени кечир, итлик қилиб қўйдим… – Сўнгра юпатмоққа тушди: – Бунинг йўли бор,
менга ишон, ҳаммасини тўғрилаймиз!”
Аёнки, итнинг касби – вовулламоқ, акилламоқ, ирилламоқ. Ит бўлганидан кейин
шусиз куни ўтармиди – ҳуронғич, қопонғичлигига боради-да!
Буни эшитаверган қулоқ-чи, у ҳам кўникиб кетади денг! Бора-бора ўрганиб,
ҳаттоки ана шу вовуллаш, акиллашу ириллашларсиз туролмайдиган, уни
тусайверадиган, қўмсайверадиган бўлиб қолади.
Иттифоқо, бир кун қулоқ қоматга келиб, ичкаридан ҳам бир садо эшитилиши
мумкинки, ана шуниси чато-оқ!
Худди шундай бўлди. Гап-сўздан қўрққан Искандар Ойравшанни эргаштириб,
кўздан нари Тошкентга жўнади. Бир кунда, лекин кетма-кет, алоҳида-алоҳида
самолётларда учишди, албатта.
Искандар роса уддабурон, пойтахтда ҳам таниш-билишлари бисёр экан; ҳам
анови хавфни бартараф қилдирди, ҳам ҳув берган ваъдасининг устидан чиқди.
№ 6 2025 85
Эркин АЪЗАМ
Икки кун азоб чекиб, шу икки кун ичида хийла сўлинқираб қолган Ойравшанни мўл
совға-саломлар билан сийлаб, кўнглини овлаган бўлди. Мана, энди эрга тегасанми,
бошқа қиласанми, ўзингга ҳавола, Ойравшан, бемалол иш кўравер!
Бироқ бари беҳуда эди – тан бузилиб бўлган, кўнгил эса абгор…
Вилоятга қайтиб келишгач, Ойравшан бир жаҳду жасорат кўрсатди – ўтириб
олиб йиғлай-йиғлай, шўрпешона қайлиғига мактуб йўллади: “Ғайрат ака! Энди
менинг умидимда бўлманг, ҳаммаси барбод! Мен сизга муносиб эмасман! Бир умр
лаънатлаб ўтсангиз ҳам ҳаққингиз кетади. Худодан сизга бахту иқбол тилагувчи
бевафо Ойравшанингизман”.
Жийдалидаги қуда-қудағайлар ўртасида бўлди жанжал, бўлди тўполон! Фотиҳа
бузилиб, берилган қалину сарпо-сурпо эгасига қайтарилди – ора очиқ. Аммо
Ғайратдан бирон садо йўқ эди – на ҳақоратлаб хат ёзди, на қўнғироқ қилди. Унинг
марду мағрур феълини Ойравшан билмай ким билсин!
Дарвоқе, орада у бир бостириб келган…
Эшитишига қараганда, Ғайрат икки ойлардан кейин келиб, ишқу муҳаббатсиз,
индамайгина аммасининг қизига уйланиб кетибди. Боплабди! Ёпиғлиқ қозон –
ёпиқ! Кўр бўл, Ойравшан, кўр бўл!
Кейинчалик маълум бўлдики, эл оғзида юрган бу гаплар аслида амма-холанинг
орзуси экан, холос…
Унинг ўзи эса, ҳар ҳафта тиржайиб телевизорда чиқса-да, икки-уч йиллар
мобайнида Жийдалида қорасини кўрсатолмай юрди. Ахийри, онаси ўлган куни
Тошкентдан юзларини тимдалаб, сонларига шапатиб кириб борди. Аза устида
анови савдолар унутилгандек эди.
У ёғини айтганда, ўша хиёнат кезларидаёқ Ғайратнинг сиймоси кўз олдида
нечукдир хиралашиб, Ойравшан Искандарни яхши кўриб қолганга ўхшарди.
Искандар ҳар жиҳатдан Ғайратга нисбатан устун, тўкис, “итлик” қилганини
демаса, ҳатто бенуқсондек туюларди. Бенуқсон! Биргина кечирилмас нуқсони –
у аллақачон уйланган, уйланганда ҳам вилоятни оғзига қаратиб юрган ниҳоятда
бадавлат бир калонпонинг эркатой қизини хотин қилган, икки-учта боласи бор эди.
Начора, ҳар тўкисда бир қусур!
Искандар ҳар қанча уддабурону хуфякор бўлмасин, ойни этак билан ёпгулик
қудратга эга эмасди. Вилоят маркази ҳисобланса-да, шаҳар кичкина, бир-бирини
танимайдиган, билмайдиган одамни топиш қийин. Айниқса – Искандардек кўзга
кўринган арбобни! Айниқса – гўзаллар гўзали бўлмиш оловдек Ойравшанни!
Бир куни уни тўсатдан вилоят телевидениесининг раҳбари ҳузурига чорлаб
қолди. У оғир-вазмин, бамаъни, ходимларга ғоят меҳрибон кекса бир киши эди.– Қизим, сизга бир маслаҳат бор, – деди хийла сукутдан сўнг негадир кўзини
олиб қочиб. – Талантингиз зўр, тажрибангиз ҳам етарли, қачонгача бу ерларда хор
бўлиб юрасиз? Мен сизнинг ўрнингизда бўлсам, аллақачон Тошкентларга бориб,
бутун Ўзбекистонга танилиб кетардим…– Нега? – деди Ойравшан кутилмаган бу таклифдан таажжубга тушиб. –
Тошкентда биров мени кутиб ўтирган эканми? У ерда уйим бўлмаса, жойим
бўлмаса, иш ҳам тайин турмагандир?..– Сиздек қиз, сиздек истеъдод кўчада қолмас! Ишни десангиз, у ёқдаги катталар
билан ўзим гаплашиб кўрарман.– Кечирасиз-у, домла, бу ерда бировга ортиқчалик қилиб қолдимми, нима?
Агар сир бўлмаса – кимга экан? Ёки вазифамни уддалаёлмаяпманми? Тўғрисини
айтаверинг, хафачилик йўқ!
86
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр– Ундай эмас-у, жоним қизим… – Боядан бери чайналиб-қийналиб кетган бечора
раҳбар ниҳоят бошини кўтариб Ойравшанга тик қаради. – Нима қилай, бўшатасан,
деяпти-да! Қўймаяпти! Ўзимга қолса-ку, сизни ҳеч қачон… – Ким, нега? Ё Искандар аками?..– Йўғ-э, бошқаси. Ундан ҳам каттароғи!– Каттароғи… ким экан?– Қўйинг, мени қийнаманг, қизим. Айтмайман… айтолмайман-да!– Қизиқ… – Ойравшан оғир ўйда қолган эди. – Майли, мен бир ўйлаб кўрай-чи…– Ўйлайдиган жойи йўқ, масала ҳал бўлган энди…
Ойравшан хонасига чиқди-да, эшикни ичкаридан маҳкамлаб олиб, йиғлагудек
аҳволда Искандарга қўнғироқ қилди.
Искандар аввал ўзини билмасликка солди, кейин бир оз тайсаллаганга ўхшади,
ахийри, чайнала-чайнала тусмолларини айтди. Ойравшаннинг англагани шу
бўлдики, бор гап уйдаги бойвуччанинг қулоғига етган, у эрига хархаша қилавериб
бир иш чиқаролмагач, отасини аралаштирган – ҳар ерга қўли етадиган қудратли
ҳожи бобони!– Бўпти, кетсам – кетаман! – деди Ойравшан аччиқ-аламга тўлиб. – Лекин сиз
номард экансиз, Искандар ака! Бошдаёқ билувдим-а! Ўшандаёқ номардлик билан
бошлагансиз ҳаммасини! Майли, худога солдим, худо бир кун кўрсатар!..
Ойравшанимизнинг Тошкентга “сургун” қилиниш тарихи ана шундай.
Орадан икки йиллар ўтгач, Ойравшаннинг қулоғига чалиндики, қандайдир
қалтис вазиятга тушиб, Искандар ҳам Тошкентга қочишга мажбур бўлибди.
Қайнотаси ҳар ён чопиб, эски танишларинию синалган усулларни ишга солиб
базўр қутқариб қолмаганида қамалиб кетиши тайин экан.
Тошкентга кўчиб келганидан сўнг у тезда қаддини тиклаб олди. Вилоятда
ишлаганида ҳар йўл билан йиққан-терган бор мол-мулкини сотиб, пойтахтнинг
обод манзилларидан каттакон данғиллама ҳовлига эга бўлди. Азалдан кордону
корчалон эмасми, аллақандай қўшма корхонага ишга жойлашиб, янада йирикроқ,
кенг тармоқли бизнесга киришди. Ўғилларини чет элларга жўнатган, қизини
узатиб, йўғон бир банкир билан қуда бўлган. Хуллас, ишлари ванг эмиш!
Тошкентга келган дастлабки кезларимиди, узоқлардан туриб у Ойравшанга
тағин бир неча бор қармоқ ташлаб кўрди, кўз-кўзга тушган пайтлар ҳам бўлди…
Бир иш чиқаролмай юра-юра, охири раис бобонинг дарагини билди шекилли,
биратўла қораси ўчиб кетди. Эҳтимолки, янги овунчоқлар топгандир – “итлик”
қилмасдан туролмасди у…
Искандар кўчиб келишидан сал бурун Ойравшан нохуш бир хабар эшитган эди:
вилоят электр тармоқлари идорасига бошчилик қилаётган Ғайрат тўсатдан қамоққа
олинганмиш! Ақл бовар этмас ҳол! Ишига пухта, таёқдек тўғри, сувни ҳам пуфлаб
ичадиган ҳалол-покиза одам нима жин уриб қамалар экан?! Кейин яна эшитдики,
йўқ, қамоқда эмас, лекин қамалиши муқаррарлигини билгач, қаёққадир қочиб
кетган – Россиягами, Қозоғистон тарафларгами… Шўрлик, омадсиз бечора!
Гарчанд Ғайрат аллақачон олис бир хотирага ўхшаб қолган бўлса-да, бу
гаплардан Ойравшан неча-неча кун гангиб, дилсиёҳ юрди.
Дейлик, ўшанда анови шармандаликка учрамай, тинчгина Ғайратга тегиб
кетганида, ҳозир ё олис йўлга қараб ўтирган, ёинки егулик нарса-қора кўтариб
қамоқхона эшигида сарсон бўлиб юрар экан-да, а?
Майли эди, майли! Ҳазорон рози эди шундай тақдирга!
Ахир, бу нима юриш, бу қандай расво қисмат!..
№ 6 2025 87
Эркин АЪЗАМ
Энди ўйласа – Ғайратники алоҳида достон, албатта – Искандар билан ўтказган
қўрқув ва лаззат қоришиқ оний дамларини айтмаганда, энг хушбахт, энг беармон
кунлари барибир Раис бобо қаноти остида кечган экан.
Айниқса, унутилмас Иссиқкўл сафари! Узун кун кўл бўйида яйраб, кечки
мудроқ соатларда дераза оша тоққа тикилганча беадад ором қўйнида ётаркан,
қайда-қаердалиги тамом эсидан чиқиб кетарди. Жийдалида у, Жийдалида!
Ана, болалигидан таниш жонажон тоғлари! Шафақ яллиғида ярқираб-порлаб
кўринадиган ўша-ўша ёнбағирлар, ўша-ўша қиличдек чўққилар, устини нур сели
босган хира арчазорлар! Аммо… йўқ, бундаги уфқни энлаган мовий маъво йўқ у
ерда! Жийдалининг этаги сап-сариқ дашт, яланг лалми тақиронлар…
Ўзиям, “Дилором” аталмиш бу жаннатда Ойравшан икки ҳафта ҳув беғам
болаликдаги эркатой қизалоққа айланди десак лоф бўлмайди. Соҳил бўйлаб
қатор тикилган бўз ўтовлар ора ирғишлаб бекинмачоқ ўйнамагандир, оқшомлари
оқчорлоқларга қўшилиб тўлқинлар ила қувлашмагандир ёхуд тантиқ қизалоқ бўлиб
отасининг (ёнидаги одамнинг) елкасига тирмашмагандир – бошқасини қилди!
Бироқ унинг на бир гапи, на бирор қилиғи ҳамсафарига малол келарди. Аксинча,
раис бари-барига табиий бир завқ, мароқ билан боқарди. Гирд-атрофда эса гўёки
кимса зоти йўқ. Бўлса, сиртдан ота-болага ўхшаш бу икковига улар қандай қарайди,
нима хаёлга боради, раисни-ку билмаймиз, Ойравшанга мутлақо барибир эди. У
тамомила масту сархуш! Эрталаб бир либосда чиқади, тушдан кейин бир либосда.
Ошхонага кирганларида ҳамманинг кўзи шуларда, ҳавас ва ҳайрат: бойбува билан
унинг ясанчоқ қизи, қаранглар! Ёш-ёш йигитлар Ойравшанга қаттиқ тикилиб,
зимдан таъқиб этиб ҳам қолишади. Раис эса буни кўрмаганга, билмаганга олади –
ўзига ишончи зўр!
Бундай айёмда болаликка қайтмоқнинг, бахтиёр бўлмоқнинг шундан бошқа
қандай чораси бор? Тоғу тошдан иборат лалми жойларда ўсиб, катта сувни
кўрмаган, демак, сузишни билмайдиган, бу ерларга келиб ҳам ўрганолмаган қиз,
айтиш мумкинки, ўша кунлар ўзини баайни тўлқинлар изми-ихтиёрига топширди,
қайга элтса элтсин – хоҳласа, қайтмас олис манзилларга олиб кетсин, хоҳласа, ҳув
учи чиқиб турган қиррадор харсангларга отиб урсин; унинг дунёда ҳеч ким билан
иши йўқ, ҳеч кимдан қўрқмайди, ҳеч нимани андиша қилмайди – умр сеники,
увол-савоби ҳам ўзингга; кўзи кўм-кўк осмондаги, юракни орзиқтирувчи ёрқин
булутларда, тўлқинлар беланчагида эркин қалқиб боради, дарғаси ёнида: олижаноб,
назари баланд, бағри… э-э-э!
Ойравшан шунча жойдан пою пиёда, ҳориб-ҳарсиллаб Ғазалкент шоҳбекатига
етиб келганида Тошкентга борадиган охирги автобус энди йўлга тушай деб турган
экан, зўрға илиниб олди.
У бутун йўл бўйи салондаги бирор кимсага бурилиб қарамай, айниқса, эркак
йўловчиларга кўзи тушишидан безиллагандек қоронғи деразага тикилиб кетди.
Нигоҳи ҳеч нимани илғамас, хаёли бир-бирига зид оғир ўйлар билан банд эди.
Ҳа! Бу тийиқсиз вужуду жунунваш кўнгилни жиловлашнинг шундан бошқа
чораси йўқ, қолмаган. Ягона йўли – шу!
Уйининг эшигига етганида дилидаги аҳд батамом қатъийлашиб улгурди…
Эртаси якшанба эди, саҳарлаб туриб Эскижўва бозорига тушди, мўлжалидаги
расталарни айланди. Билмас экан, бунча тури кўп бунинг! Ёзлик дейсизми, қишлик
дейсизми, хонакию тўй-ҳашамда кийиладиганларигача – бари қалашиб ётибди.
Номланишлари ҳам ажаб-ажаб: “бурқа”, “абаи”, “дилбоп”… Замонавий русумга
мослаб тикилган ажабтовур оҳанжамалиларини айтинг! Ўзига маъқул тушган тоза
тозаларидан териб харид қилди.
88
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
Кейин китоб растасига ўтиб, Бобо туҳфа этмиш муқаддас каломни шарҳлайдиган,
изоҳлайдиган юпқа-юпқа, дафтарсимон рисолалардан ҳам бир нечасини танлаб
олди.
Бозордан қайтаркан, хаёлига яна бир мулоҳаза келди: “Шу, “матиз”ни сотиб
юборсам-чи? Энди менга нима керак? Уят бўлар…”
Уйига келгач, олган сарполарини бир-бир эгнига илиб кўрди, ўзини даҳлиздаги
баланд тошойнага солиб қаради. Қарадию лол қолди: бутунлай ўзга одам! Тамоман
ўзгача Ойравшан! Йўқ-йўқ, Ойравшан эмас – бошқа, бошқа…
Одмироқ биттасини кийиб, ажабо, сира эгнидан қўйгиси келмасди; уйда ҳам шу
либосда юрди.
Душанба куни уни ишхонада кўрган-кўрмаганларнинг гап-сўзи, орқа-олдида
қилган муҳокамалари:– Ростдан ҳам шу ўзингизми, Равшаной?! Вой, мунча ярашган! Янада очилиб
кетибсиз-а, ўртоқ! – Ойравшанни кўрдингларми? Сира ишонгиси келмайди-я одамнинг! Шундоқ
очиқ-сочиқ юрадиган замонавий қиз бирданига…– Олифтагарчиликкадир-да? Эркакларнинг кўзини ўйнатиш учун, билами-из!
Шунақа қилиқлари бор-ку унинг. – Ҳозир ўзи кўпчилик ҳавасга шундай юрибди. Мода эмиш! – Буникиям шу-да! Мана кўрасиз, эрта-индин ечиб ташлайди, жонига тегиб!
Уч кунми ўтиб, раиснинг қалтис ишлар бўйича ўринбосари ҳузурига чақирилди.
Бадқовоқ бу одам бултур Малайзияга биргаликда сафарга таклиф қилиб осилиб
кўрган, Ойравшан кўнмагач, саломига алик ҳам олмай қўйган эди. – Табриклаймиз! – дея одатдагидек хўмрайиб қарши олди ўринбосар. – Модами
бу, ёки?.. Парламент мухбири бўлгансиз, қонунлардан хабарингиз бор, расмий
идора, умуман, жамоат жойларида бу аҳволда юриш… – Менинг улар билан ишим йўқ, Рамзиддин Пўлатович, мутлақо шахсий майлга
боғлиқ масала бу. Балки, сиз ўйлаётганчалик, фақат исломий эътиқод юзасидангина
эмасдир… – Хўш, гапиринг, қачон ечамиз?
Ойравшаннинг бирдан жини қўзиди, энди уни тўхтатиш қийин эди. – Нима, ярашмабдими? – деди у ошкора мазахга ўтиб. – Бир кийилдими,
ечилмайди энди бу! – Демак, қарорингиз қатъий – ечмайсиз, шундайми?– Кийиб кўрмагансиз-да, билмайсиз. Буни ечса… қипяланғоч бўлиб қолганга
ўхшайди одам. Уят-да, ахир! Дарвоқе, сиз мени Малайзияга олиб бориб, отелда
худди шундай ҳолатда кўрмоқчи бўлгансиз-а, эсингиздами?
Ўринбосар тахтадек қотиб қолди; қизарди, бўзарди. – Чиқинг! – деди ўшқириб. – Эси жойидами ўзи бу қизнинг? Странно!
Эртаси куни ишга келганида эшикдан кираётиб Ойравшаннинг қўлидаги
рухсатнома олиб қўйилди. Демак, энди қайтиб бу даргоҳга қадам босолмайсан!
Хайр, ажойибу ғаройиб “тегирмон”, алвидо!– Вой, Ойравша-ан! Нима бўлди сизга? – дея ҳайрат билан ўрнидан туриб кетди
Муфлиҳа. Илгаригидек “опа-опажон”лашлар йўқ энди, тагидаги курси ёшларини
тенглаштириб қўйган гўё. – Лекин роса ярашибди! Бир куни пенсияга чиқсам мен
ҳам шунақасидан оламан, ярашар экан одамга… Нима, мажбурладими? – Ким, ким мажбурлайди?– Ким бўларди, эрингиз-да!– Қанақа эр?
№ 6 2025 89
Эркин АЪЗАМ– Ўзингизнинг эрингиз-чи, ҳув тўйларингдаги? Ўзи роса ичар экан-ку, сизни
қўймадими?..– Ҳа-а, – деди Ойравшан хаёлчан кулимсираб. – Йўқ, ўзим, ўз ихтиёрим билан
шунисини маъқул кўрдим. – Ўтиринг, ўтиринг… Бирон бир гап ўтдими ё? – Ҳеч нарса бўлгани йўқ, ўзим деяпман-ку… Муфлиҳахон, мен иш сўраб келдим
сиздан. Бўш ўринларингиз йўқми мабодо? Иложи бўлса, журналга қайтсам девдим… – Бўш ўрин-ку бор, – деди Муфлиҳа қайтиб жойига ўтираркан. Бўйи бир қарич-у,
курсисига ўрнашгач, одам қатори бўлиб қолди. Чамаси, тагидаги мурватини бураб,
баландлатиб олган. – Ўрин-ку бор… Ҳув Замира опамиз пенсияга чиқиб кетганлар,
жойлари ҳозирча бўш турибди. Аммо-лекин сизни ололмайман-да, Ойравшан.
Ўзингиз тушунасиз-ку, бу аҳволда қандай… Туркумингизни тайёрлаётувдиг-а, энди
қандоқ бўларкан деб бошим қотиб қолди. Ҳай, эски расмларингиздан берворармиз… – Берасизми, бермайсизми, у ёғини ўзингиз биласиз, синглим! Сочингиз доим
қазғоқлаб юрарди-я, ҳозир ҳам шундайми?
Бош муҳаррир беихтиёр бошини чангаллади:– Нима? Сочим…– Ҳа. Саримсоқпиёзнинг қайнатмасига ювиб турсангиз – кетади. Устидан атир
матир сепиб юборарсиз кейин. Синаб кўринг-а бир. “Зебо”чиларга ярашмайди-да…
Айниқса – бошлиғига!
Муфлиҳа “Саримсоқпиёз дедингизми?” деганича қолди, Ойравшан бурилиб
хонадан чиқиб кетди. Журналинг ҳам, туркум-пуркуминг ҳам ўша қазғоқ босган
бошингдан қолсин! Битлиқи!
Қайси куни бозорга тушганида яхши бир танишини учратиб қолди. Телевизорда
бирга ишлаган бу йигит Ойравшанга беғараз эҳтиром ва ҳавас билан қарар,
иккаласи жуда иноқ, баъзи кўрсатувларда ҳамкорлик ҳам қилишган эди. Кейин
у кимнингдир оёғини босиб олибми, ишдан бўшатилди. Бўшашга бўшади-ю, шу
кунларда болалаб кетган хусусий радиолардан бирига бош муҳаррир бўлиб олди.
Азбаройи эски қадрдонлик, Ойравшан унга дардини айтди. – Бўлди, гап йўқ, Равшаной, – деди йигит осонгина кўниб. – Мен бош
директоримиз билан гаплашиб кўрай-чи, ўзим сизга қўнғироқ қиламан. Кутинг.
Ойравшан ҳали кутади, ваъда берган йигит ҳали қўнғироқ қилади…
Ана шундай бекору сарсон юрган кунларининг бирида Жийдалидан қўнғироқ
бўлиб қолди. Заҳро келин, укасининг хотини. – Тез етиб келинг, опажон, – дейди ўпкасини ололмай, – отамиз… отамиз дунёдан
ўтдилар!
Бечора отам! Шўрлик отам! Юзиқора қизини оқ қилмоққа кўнгли бўлмай, унинг
шармандали қилмишларидан бошини кўтариб юролмай ўтган отагинам! Наҳотки,
мен жувонмаргдан-да рози бўлиб кетдингиз, наҳотки! Қандай қилиб?..
Кун бўйи таъзиячининг кети узилмайди. Бу юртда азадор хонадонга кўнгил
сўраб борган киши марҳумнинг ҳурмати учун бир-икки соат ўтириб кетмаса ҳисоб
эмас – ахир, мусибатдор ранжиши, одамгарчилиги йўқ экан, тошмеҳр экан, деб
ўйлаши мумкин! Айниқса, тўда-тўда бўлиб кириб келадиган хотин-халаж уйни
бошига кўтаргудек чуввос солиб, ҳар ким ўз дарди билан бирпас ув-увлаб олади-ю,
кейин туйқусдан жимиб, мутлақо беғам, одатдаги тетик овозда у ёқ-бу ёқдан гурунг
қилмоққа тушиб кетади. Рўзғор ташвишидан холи, ўзини бу хонадонга яқин тутган
айрим кексароқ аёллар бир кеча-икки кеча ётиб ҳам қолади. Аммалар-ку Ойравшан
келгандан буён шу ерда, бир қадам жилишгани йўқ. Ўртада шўрлик Заҳро келинга
қийин – обу ош ташигани ташиган. Ҳар тўда таъзиячини кўрган заҳоти ошхонага
қараб зинғиллайди.
90
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
У ёқда Россиясидан майиб-мубтало бўлиб қайтган эри осмонга қараганча вой
войлаб ётибди. Белини кўтаролмайди, жойидан туролмайди. Янги қурилаётган
бино зинапоясидан оғир алланимани кўтариб чиқаётганида орқага оғиб кетиб,
умуртқаси заҳа еган. Ўша ёқдаёқ анча-мунча дўхтирга қаратган, аммо тузалишига
маълум фурсат даркор эмиш, унга довур қимирламай тўшакда ётиши керак.
Отасининг жанозасига ҳам зўрға замбилда кўтариб келдилар. Ўлган падарига
йиғладими ёки белоғриғига чидаёлмай дод солдими, ёлғиз ўзи билади. Ишқилиб,
азоб-азоб Заҳро келинники!
Дастлабки кунлари отадан жудолик дардию хеш-таборининг тафти билан кўнгли
бир қадар ийиброқ қолган Ойравшан, ёлғиз юриб, ёлғиз туриб ўрганмаганми,
бора-бора бу узлуксиз издиҳом, хотин-халажнинг кун-узуккун чувир-чувиридан
чарчаб, сиқила бошлади. Айниқса, ёшроқ жувонларни кўрса безиллайди. Келиб
олиб, кўзларини лўқ қилганча афт-башаранггаю бу ерларда ҳали расм бўлиб
улгурмаган кийим-бошларингга тикилиб ўтиришаверади. Ҳавасми бу, ҳасадми,
ёхуд таъзияхонадан чиққач, йўл-йўлакай пичир-пичир муҳокамага солиб кетишга
ҳозирлик учунми – билиш қийин. Йўқ, бу – сипогарчиликнинг қаҳатлиги, борингки,
оддий фаросатсизликдан бошқа нарса эмас. Шаҳарда ҳар қандай ҳавасманд ё
ҳасадгўйи ҳам афт-ангорингга сездирмайгина, ўғринча бир разм солиб қўйиш
билан чекланади, бундай лўққайиб қараш йўқ.
Лекин, ҳарна бўлганда ҳам, амма-холалари энди ундан рози, ҳатто мамнун.
Кечаги оркашликлару араз-дуразлари тарқаб улгурган, эҳтимол, эсларидан-да
чиқиб кетгандир. Тўрдаги бурчакка биқинибгина, ҳалим-ҳазим ўтириб майин,
ёқимли овозда ажаб бир қироат билан тиловатлар қилганида териларига сиғмай,
атрофга марсиниб қараб, фахрланиб қўйишади: бизнинг жиянимиз мана шундай
доно, оқила, керак бўлса – тап-тайёр отинойи!
Бир куни ўтирганларни саросимага солиб, ўзгача бир кўрку салобат билан
хонага мадам Хосият кириб келса денг! Ҳамма гувва жойидан турди, кимсан –
вилоят хотин-қизларининг сардори, ҳоким ўринбосари, танимайдиган одам йўқ!
Ёнида – Жийдали тумани бўйича ноиби, шогирдчалиши Мастура чаққон деганлари
ва тағин шундай чаққон аёллардан бири.
Мадам даврани тикка кесиб келиб Ойравшанни бағрига олди, кифтма-кифт
турганча иримига ҳиқиллаб қўйган ҳам бўлди. Сўнг билагига осиғлиқ чандозасидан
хушбўй дастрўмолини чиқариб ёшсиз кўзларини артаркан, узр-маъзур қилди:– Таъзиямни қабул этинг, дугон! Эшитганимга неча кун бўлди, келолмадим.
Ўзингиз биласиз, югур-югур, комиссия устига комиссия!
Бу ёқда денг, амма-холаларимизнинг боши булутларга етган: мана, мана!..
Ойравшан оҳиста жойига чўкиб, тиловат бошлади. Унинг эгнидаги
либосларданоқ ҳайратга тушиб ўтирган мадам Хосиятнинг баттар таажжуби ортди:
ўша ўзим билган Ойравшанми бу?!
Ойравшан назари билан қараганда, мадамнинг ўзини ҳам унча-мунчага таниб
бўлмасди – бўйнида ҳарир шарф, сочларини бошига сипо, силлиқ турмаклаб,
ярашиқли плашлар кийиб, ростакам арбобона қиёфага кирган!
Узоқдан азза-базза келган эътиборли арбобни кузатишга чиқиб, ишком остида
Ойравшан у билан бирпасгина сўзлашиб турди. – Қайтага ўшанда ўзингизни сайласак бўларкан, дугон, эшитгандирсиз,
депутатимизни чақириб олишди, – деб қолди мадам гап орасида.– Анови шишакўзингизними? Ким чақириб олади?– Сайловчилар-да.
№ 6 2025 91
Эркин АЪЗАМ– Сайловчилар денг… Ўзлари сайлаб қўйиб, кейин ўзлари чақириб оладими,
қизиқ-ку?! – деди Ойравшан ўзини атай гўлликка уриб. – Нимага экан? Бирор
сабаб…– Э-э, ўзингиз биласиз-ку, юқоридан… – деди мадам овозини пастлатиб. – Катта
идорадан кетдингизми, тамом, бу ёғи ҳам бекор қилинар экан.– У ердан бўшаганмиди? Қаерда ҳозир?– Кўчада бўлса керак-да, ким билади… Сўзида турмади ўлгур, баттар бўлсин! –
деди Хосият нимагадир аччиқ қилган каби.
Шу чоқ йўлакда бир гала таъзиячи хотин кўринди.– Ҳай, хафа бўлманг, ўрнига бошқасини сайлаб оларсизлар, – деб қўйди
Ойравшан тараддудга тушиб.
Ҳадаҳага олиб хайрлашишаркан, мадам Хосият гўё энди кўргандек унинг усти
бошига қизиқиш билан кўз югуртириб:– Бошқача бўлиб кетибсиз, дугон, бутунлай бошқача! – деди.– Ўзлари ҳам худди шундай!
Меҳмон кўчада қора “опель” мошинаси ёнида кутиб турган шериклари томон
кетди, Ойравшан эса таъзиячиларга пешвоз юрди.
Марҳумнинг қирқи куни пешиндан кейин, одатдагидек, таъзиячилар билан
ўтирганида даҳлиздан Заҳро келин Ойравшанни ташқарига имлаб қолди.– Бир киши… Сизни чақириб кепти. Чиқармишсиз. Танимадим…
Ишком поясига суяниб Мансур турарди. Уни кўриб беихтиёр суюниб кетди
Ойравшан.– Бандачилик экан-да, опажон. Худо раҳмат қилсин, – дея юзига фотиҳа тортиб
қўйди Мансур. – Бобой сўраяптилар сизни…– Вой, келдиларми?! Қани, қаердалар? – деди Ойравшан таҳлика аралаш
ҳаяжонга тушиб.– Ҳалигина шу ерда эдилар, – деди ҳовлининг бир четидаги эркаклар давра қурган
сўри тарафга ишора қилиб Мансур. – Бир соатча ўтирдик. Ҳозир ҳув нарироқда,
бир жойда… Сизни опкетгани келдим. Абакирни ҳам оларкансиз, тайинладилар.
Абубакирни у доим негадир шундай – Абакир деб атарди.– Ҳозир, ҳозир… – дея баттар тараддудда қолди Ойравшан. – Майли, ҳозир,
бирпасда орқангиздан чиқаман…
Боғ этагида бўлалари билан ўйнаб юрган Абубакрни улардан ажратиш қийин
бўлганини айтинг!
Амма-холаларига алай-балай деб важ қилдию Ойравшан ўғлини қўлидан судраб
жўнади.
Мошина тумандан чиққач, сал юриб сойликка энди-да, ўртасида бир дона
каттакон гужум ўсган яссироқ тепалик этагига етиб тўхтади.
Мансур мошинага қараш баҳонасида қолди; Ойравшан болани етаклаб тепаликка
чиқиб борди.
Раис бобо гужум тагида, шимининг бўш пойчаларини осилтириб ногиронлар
аравачасида ўтирарди. Бошида кизаги бир қарич келадиган андижонча янги дўппи,
эгнида қариялар киядиган юпқагина авра тўн, калласини бир ён солинтирганча
мунгли жилмайиб қараб турибди.
Гарчи уни аравачада илгари ҳам кўрган бўлса-да, Ойравшан берироқда таққа
тўхтаб, бетини кафтлари билан чангаллаб олди. Сўнг югурабориб, бир бурдагина
бўлиб қолган чолнинг бағрига отди ўзини. Бир вақтлар унинг кенг, қудратли
туюлган кўкрагига юзини босганча суйкалиб, қоқ-қуруқ елкаларини, ажин тўр
солган бўйин-бошини силаб-сийпаларкан, юраги дарду ҳасратларга тўлиб кетган
92
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
экан-да, бор овозини қўйиб ҳўнграб юборди. Худди кечагина ўлган отаси тирилиб
келгандек маҳкам ёпишиб олган, сира ўзини тўхтатолмас эди.
Онасининг бу аҳволини кўргач, ҳеч гапдан бехабар бола ҳам келиб, унга
тармашиб ҳўнгилламоққа тушди. Гоҳ унисининг, гоҳ бунисининг бет-бошини
силаётган ситамкаш, аммо дийдаси қаттиқ чолнинг-да кўзлари ёшга тўлди…
Бошидаги яп-янги чорқирра дўппи қошигача босиб тушган бу абгору афтода
чол ким ўзи? Унга талпиниб-топиниб, тақдир аламини юрак қонига қўшиб дув-дув
тўкаётган ғамбода аёлгина ким? Бола-чи, ўртада ҳайрону гирён жаланглаб ўтирган
норасида бола? Уларни нима бир-бирига боғлайди? Қачон, қай йўсин боғлаган?.. Бу
овлоқ сою адирлик, дўнг бошида танҳо ўсган туғдонадан сас-садо йўқ. Томошабин
улар. Мангу томошабин. Теварак тоғу тош каби, чексиз-поёнсиз арзи фалак каби.
Замин усти – осмон остидаги чигал савдоларни улар мудом мана шундай бепарво,
безабон кузатган…
Одам боласи кўпинча ҳасратли дамларида нажот кутибми, боши узра олисларга
кўз тикади: кўкда чарх уриб учаётган паррандаларга – эркин, беармон парвоз қилиб
юрган қанотли жониворларга ҳавас билан боқади. Ҳойнаҳой, шу қушгиналарнинг
ҳам ўзига яраша, сизу бизга номаълум ғам-ташвишлари бордир? Осмонларда
омонат қанот қоқиб кезаркан, эҳтимол, уларнинг-да ер юзини муқим макон тутган
одамзодга ҳаваси келар? Англанмаган бир ҳавас. Балки ҳавас атаб ҳам бўлмас,
лекин моҳиятан шу. Биз уни билолмаймиз, холос.
Дунёси ҳам мана шу сою адирликдан иборат атроф-жавониб мисол нотекис,
нотўкис экан-да, ажаб…
Бир вақтга бориб Ойравшан ҳалпиллаган енглари билан кўзларини арта-арта,
аравачанинг ёнбошига суянган кўйи ерга чўккалаб олди. Раис бобо эса болани
чалажон оёқларига ўтқазиб, ҳаммаёғини ялаб-искаб чиқди. Ажаб, бир жойда бир
зум тек туролмайдиган шўх Абубакр ҳам, раҳматли бобосининг ҳидини туйгандек
бўлдими, жимгина, ювош тортиб ўтирарди.
Кейин бирмунча ўзларига келиб, дарди ҳол сўрамоққа, ҳасратлашмоққа
киришдилар.
Чол Ойравшаннинг эгнига кўз ташлаб, гапни муборакбоддан бошлади:– Ҳў-ў телефонда айтганингда, рости, унча ишонмаган эдим. Ярашибди,
ярашибди, муборак бўлсин! – Ўзингиз нечуксиз? Оғримайдими?..– Ўзим… мана, кўриб турганингдек! Бу дардга менинг оёқларим керак экан-да,
Равшаной. Мана, оладиганини олдию, худога шукр, тинчиб қолдим чамаси. Бу ёғи
энди қаричилик, биласан. Бирдан-бир ниятим мановгинани тикка қилиб кетиш эди.
Насиб этадими-йўқми, у ёғи худойимнинг иши. Ҳай, мен бўлмасам, ўзинг борсан
ку! Эсингда бўлсин, бунга аталганини алоҳида қилиб қўйганман. Мансур билади
ҳаммасини, тайинланган. Нариёғига – менинг қоним бўлса хор бўлмас… Каттагина
бўпқопти-я, қара!– Ҳа, иккинчи синфга ўтди. Ишларингизни нима қилдингиз, хўжаликни?– Хўжалик – ўша хўжалик. Ўтирган жойимиздан биз айтиб турамиз – Мансурбой
бажаради, шу. Анови оқпадардан бўлса дарак йўқ, начора…– Зарангингизга бориб-бориб турсак бўлар экан унда, – деди Ойравшан чиройли
ёришиброқ. – Мен қишлоққа кўчиб келмоқчиман. Бутунлай! – Ие-ие, бу ерда нима иш қиласан? – деди чол кутилмаган қарордан ҳайрон
қолиб. – У ёқда уй-жойинг…– Мактабда муаллим бўларман. Директори қариндошимиз, олар. Олмагудек
бўлса – отинойичилик-да, – деб кулди Ойравшан. – Мошинани берворганимни
№ 6 2025 93
Эркин АЪЗАМ
телефонда айтувдим. Рухсат берсангиз, уйни ҳам сотсам… Тўйдим шаҳридан,
тўйиблар кетдим, бўлди, бас!– Шунисига шошмай турганинг маъқулмиди дейман? Мана, Абубакрбой катта
бўляпти, эртан-мертан ўқишларга борганида…– Эҳ-ҳэ, унгача худо пошшо! Отагинаси бор-ку! – шундай деб Ойравшан чолнинг
қуруқшаган билагига эркалик билан чаккасини қўйди.– Қанийди, ўша кунларга етказса!.. – деди Бобо оғир уҳ тортиб. – Қачон
сотмоқчисан?– Дадамнинг йил-пиллари ўтсин-чи, бориб биратўла тинчитиб келарман. Уйда
одам бор. Калитини бир дугонамга қолдирганман, ўша яшаб турибди.– Ҳай, у ёғини ўзинг кўрарсан. Бу ерда қийналмаяпсанми ўзи? Бирор камчилик
туғилса, дарров билдир менга, Мансур келиб кетади. Дурустми?– Дуруст, дуруст, – деб қўйди Ойравшан жилмайиб. Бобонинг кўп ишлатадиган
шу иборасини яхши кўрарди у. – Ҳозирча ҳаммаси жойида, раҳмат.
Ўтирганларига бир соатдан ошиб қолган эди.– Сен энди борақол, – деди чолнинг ўзи. – Азали уй, кутиб ўтиришмасин.
Хайрлашув отанинг мотами устига яна бир мотамдек бўлди.– Менга қара, Ойравшан, бир гап, – деди чол туйқусдан мунгланиб. – Айтиб
қўйган яхши-да. Аҳволни кўриб турибсан, билиб бўлмайди… Қайтиб яна қачон
кўришамиз! Кўришамизми ҳали, йўқми… Рози бўласан-да… Хўп деб тур, хўп деб
тур… Шуни билиб қўй, эй қиз, агар дунёга яна келганимда, сени учратмагунча,
қариб-чириб кетсам ҳам уйланмас, аёл зотига бурилиб қарамас эдим… Бор энди,
бошқа сўзим қолмади сенга…
Ўзи айтгандек қариб-чириган, майиб-мажруҳ, мана, бугунгина очилиб-ёзилиб
сўз айтаётган, асли камгап, тундфеъл одамнинг илк бора дил изҳори эди бу!
Тағин йиғи-сиғи, тағин аламли бағирлашувлар…
Сойликка энгач, машинага кираётиб Ойравшан орқасига ўгирилиб қаради. Ясси
тепалик. Якка гужум. Аравачада мунғайиб ўтирган ғариб бир одам қўл силкиб
турибди…
Бир кун сенинг-да паймонанг тўлиб дунёдан ўтаркансан, мана шу манзара кўз
олдингдан кетмас…
Ойравшан тамоми ғуссага ботиб йўлда бораркан, биқинида ўтирган Абубакр
киссасидан бир сиқим пул чиқариб, ўзича санай бошлади. Оддий пул эмас, униси –
каттароғи, эскирмайдигани… Раис бобо ҳеч қачон майдалашмаган! Аммо қайвақт
бунинг чўнтагига тиқиб улгурди экан – Ойравшан пайқамай ҳам қолибди, қаранг.
У кишининг ҳамишаги одати!– Ая, ая, ҳалиги бобо яхши бобо экан-а? – деб қолди Абубакр, чамаси, қўлидаги
пулнинг саноғини чиқаролмай, қайтиб киссасига солиб қўяркан. – Ўлган бобомдан
ҳам яхши, менга кўп пул берди. Велосипед оламан энди! Лекин нега оёқлари йўқ,
нима бўлган?– Бола вақтида сенга ўхшаб ширинликни кўп еган-да! Ана шундан оёқлари
оғриб, кейин туши-иб қолган. Билдинг? – деди Ойравшан бошқа гап тополмай.– Оёқлари тушиб қолган бўлсаям яхши бобо экан, – дея сўзида туриб олди бола.– У киши бобонг эмас, – деди Мансур шунда орқага ўгирилиб. – Даданг бўлади,
Абакир, билиб қўй, даданг!– Йўқ, менинг дадам – раис! Аям айтган. Тўғрими, ая?
Ўғлининг саволи қулоғига кирмади – Ойравшан оғир ўйлар гирдобида, боши
ғувиллаб бормоқда эди.
Мана, қирққа қараб кетяпсан! Мана, айлана-айлана, ҳар ён улоқа-улоқа, охири
94
Шарқ юлдузи
Момақалдироқ остида сайр
туғилган жойингга қайтиб ҳам келдинг. Бу ёғи нима бўлиши эса худога аён. Ўзи
нима мақсадда, қандай орзуларни кўзлаб отланган эдинг? Сени у ёқларга чорлаган,
етаклаб борган нарса асли нима эди? Шеър завқи, шоирлик жунуними? Ёки шон
шуҳрату бошқалардан ажралиб туриш иштиёқими? Балки Ғайрат, унга муносиб
бўлмоқ истаги сабабдир?.. Қўй, қўй, бундан сўз очмаганинг маъқул – аҳду паймон
қилишган суюкли одамингни манфурларча, хиёнаткорона бой берганинг эл-улусга
аён. Бир умрлик доғ бу, бир умрлик! Хўш, қолган нималарга эришдинг? Тўғри, шеър
битдинг, китоблар чиқардинг, алдамчи экран орқали ўзингни кўз-кўз қилиб озмунча
ном ҳам таратдинг, дейлик. Лекин ниманинг эвазига? Нималарни қурбон бериб?
Қандай йўл-усуллар билан? Эслама, эслама, Ойравшан, буни битта ўзинг биласан!
Ёлғиз сену тепангдаги Биру Бор! Ўйлаб қарасанг, шунча қилмиш-қидирмишларинг
бадалига топганинг, орттирганинг мана шу – ёнингда туққан отасини “бобо” атаб
ўтирган якка-ягона норасида экан, вассалом!
Бир вақтлар, недандир маҳзун юрган кунларимиди, машҳур рус шоирининг
ихчамгина шеъри маъқул келиб, Ойравшан уни таржима қилмоққа кўп уринган,
аммо кўнгилдагидек чиқаролмагани ёдида. Бир қарашда соддагина шеър эди,
мазмунини ифодалаб бериш ҳеч гап эмас. Ҳеч гап эмас-у…
Тихо летят паутинные нити,
Солнце горит на оконном стекле…
Что-то я сделал не так;
Извините:
Жил я впервые на этой земле.
Я её только теперь ощушаю…
К ней припадаю
И ею клянусь.
И по-другому прожить обещаю,
Если вернусь…
Но ведь я не вернусь.
Худди шундай! Ўтмиш кунларни-да на таҳрир қилиб бўлади, на таржима…
Сокин учар мезон иплари,
Деразамда офтоб чақини…
Кўп адашдим, хатолар қилдим –
Илк бор яшаб, кечиринг мени.
Ҳаёт тотин англадим пича
Ва топиниб ичурман қасам:
Яшар эдим тамом бошқача,
Бу дунёга қайтадан келсам!
Агар келсам, агарда келсам…
Қайтмаслигим аёндир лекин.
2012 йил
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон