Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Менинг жоним қаттиқ, менинг кўнглим гул


Хосият БОБОМУРОДОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
1950 йилда туғилган. Тошкент давлат педагогика университетининг математика
факультетини тамомлаган. Шоиранинг “Дарёдан қатра”, “Турналарим”, “Олтин
беланчак”, “Қалб титроғи”, “Самарқандга мактублар”, “Мен узган гуллар”, “Бормисан, ўзбек”, “Мурод қасри”, “Жонимнинг эгаси”, “Ватан ягонадир”, “Тўйлар муборак”, “Қизилқум маликалари”, “Қирқ ўғлон қиссаси”, “Самарқанд санамлари”, “Саккизинчи мўъжиза”, “Гул ёмғири”, “Келин салом”, “Ватан десам”, ”Ватан дарси”, “Ҳисобли дунё”, “Онамни асранг”, “Гуноҳ ўтди”, “Оҳуни қувлаётган шер”, “Далаларни куйлатган аёл”, “Тоғлари қуёшга салом берган юрт”, “Сайланма”, “Тақиқли кунлар”, “Чўл маликаси”, “Савти сегоҳ”, “Бахт майдони” каби китоблари нашр этилган.


Бир тун ҳасратлари


Боку. Ҳазар соҳилидаги хиёбонга ўрнатилган катта,
илма-тешик, оппоқ тошни кўриб, ҳайратланган эдим.


Тошга


Ғайрати ичига сиғмас шамоллар,
Оппоқ вужудингни тилкаладими?
Кўҳна дунё бериб аччиқ саволлар,
Ерга урдими, ё елкаладими?


Сен қачон дунёга келгансан ўзи,
Севгидан аввалми ёки кейинми?
Сени яратганнинг қайдайди кўзи,
Шу тош ҳолингга ҳам яшаш қийинми?


Ким кирди очилган эшикларингдан,
О, метин бағрингга кимлар чўзди қўл?
Сен ҳам қочганмидинг ошиқларингдан,
Ё ҳеч ким қалбингга топмадими йўл?

Тош бўлсанг ҳам сени йиллар енгдими,
Қайси зўр айлади сени чил пора?
Сувлар оқиздими, йўллар енгдими,
Ҳайкалдай турибсан, эй дили яра.


Не учун бунчалар турарсан ғариб,
Енгилган ошиқми, ё нафратмисан?
Жавобсиз меҳрни бошдан ўткариб,
Изҳор қилинмаган муҳаббатмисан?


Яна тошга


Сенга мафтун боқиб келар йиғлагим,
Нетиб йўлларимга чиқдинг, тақдирдош?
Севги юрагимни янчди, тиғлади,
Нега сен қалбимга ўхшайсан, эй тош?


Бағринг поралари неларнинг расми,
Балки лабларингга қўйилмаган лаб?
Ё оппоқ танингни қучмаган кимса,
Тополмаган сўзми, сени эркалаб?


Ёки ёнгинангда юриб ҳам ўша,
“Сен менинг жоним”, деб айтмаганидир?
Ёки тош бўлсанг ҳам жўша ва жўша,
Муҳаббат йўлидан қайтмаганингдир.


Бағримни бағрингга боссам бир бора,
Рост сўзимни айтиб йиғласайдим қон.
Ёки айтолмасам, айтмасам, зора,
Мен ҳам тош бўлмоққа топсайдим имкон…


Яна тошга


Эҳ, мен ҳам сен каби тош бўлсам эди,
Кўзларим ўтини яшириб қўйсам.
Сабру матонатга бош бўлсам эди,
Бир тирик қалбнимас, тошларни суйсам.


Айтмасам, дилимдан кечганларини,
Сўзларим қон бўлиб тўкилмасайди.
Сирларим қоғозга кўчганларини,
Ҳеч ким билмасайди, ўқилмасайди.


Минг бора айланиб келса ҳам умр,
Ичимда борини билмаса ҳеч ким.
Туйғуларим мангу қолиб кетса сир,
Шу оппоқ тош каби тураверсам жим…

* * *


Сочнимас, сабримни тарайди тароқ,
Меҳримдир – қўлдаги ягона яроқ,
Кўрсин, кўзларини очсин каттароқ,
Оллоҳ, ҳузуримга бир жўнат уни…


Қўлим тегизмасман ҳатто барига,
Бошим кетиб бўлган ишқнинг дорига,
Ошино этмасман кўнглим зорига,
Оллоҳ, ҳузуримга бир жўнат уни…


Бедиллар кулдилар, бу дилни кўриб,
Ҳайкалдай турибман ёдини қўриб,
Бўлса бир келсин-да, мен кетмай туриб
Оллоҳ, ҳузуримга бир жўнат уни…


* * *
Менинг жоним қаттиқ, менинг жоним қирқ,
Хазонрез фаслнинг ҳукми ўтмайди.
Қон ичиб ётса ҳам юрак этмас чурқ,
Ғуруримга рақиб қўли етмайди.


Менинг жоним қаттиқ, менинг кўнглим гул,
Бир оғиз сўз кутиб бунча йиғлайман.
Кўзларим кун бўйи пойлайверар йўл,
Ғамнинг қафасида дилни тиғлайман.


Жоним қирқ, жоним қирқ, биттадир бошим,
Уни-да кундага келтирди бу ишқ.
Барги хазонлардай тўкилган ёшим,
Кетар чоғда титраб айтади қўшиқ.


Менинг жоним қирқта, биттадир кўнглим,
Уям бир парвосиз қўлига тушди.
Соғинчлар азоби этди минг тилим,
Аҳволим рақиблар тилига тушди.


Менда жон қаттиқдир, оҳ, сенда кўнглим,
Зулм қилган сари узаяди йўл.
Азобларинг ҳузур, ғамларинг енгил,
Ғийбатларнинг менга етмайди қўли.


Қачон ишонасан, олисдаги чўғ,
Бу умрим, бу кўнглим ўтдалигига.
Қачон ишонасан, эй, шафқати йўқ,
Менинг ҳам умримнинг битталигига?!

* * *

Ёш гўдакка берсам отиб ўйнарди,
Душманимга берсам сотиб ўйнарди,
Ғамларга гирифтор этиб ўйнарди,
Нега, нега сенга бердим қалбимни?


Ёмғирларга берсам севарди балки,
Кўз ёшлари билан юварди балки,
Майсалар қатига қуварди балки,
Нега, нега сенга бердим қалбимни?


Тупроқларга берсам қадр топардим,
Оёқлар остида сабр топардим,
Йўқса, бағрида бир қабр топардим,
Нега, нега сенга бердим қалбимни?


Оловга берсайдим бирга ёнардим,
Музларни эритиб ўтга дўнардим,
Кул бўласан деса, жон деб кўнардим,
Нега, нега сенга бердим қалбимни?


Берсам бўлмасмиди бир харсангтошга,
Тўкилай деб турган бир томчи ёшга,
Ишқда бир ўлим бор иккита бошга,
Нега, нега сенга бердим қалбимни?


Сен меҳримдан мудом ўкинч туясан,
На музлайсан буткул, на-да куясан,
На рад этиб, на-да нуқта қўясан,
Нега, нега сенга бердим қалбимни?


* * *
Ҳижронга чидаса чинор чидарди,
Япроқларин тўкмай тураверарди.
Мангу яшилликнинг салтанатида
Шоҳона айшини сураверарди.


Ҳижронга кўникса тоғлар кўнарди,
Бағрида лолалар йиғламасди қон.
Кўкка етган бошин қопламасди оқ,
Оҳ урса, отилиб кетмасди вулқон.


Ҳижронга чидаса чидар эди ой,
Юлдузларни йиғиб садр солмасди.
Ярим тунлик соғинчлар учун,
Ярим кунга кетиб қолмасди.

Не қилай, чинордай кучли эмасман,
Тоғдай улкан, ойдай кўкда бўлмасам.
Не қилай, меҳрингни жойлаб кўксимга,
Асирангни йўқлаб бир бор келмасанг.


Не қилайки, соғинч йиқса чинорни,
Ойда ҳам, тоғда ҳам бўлмаса тоқат.
Шу заиф ҳолимга ҳижронларингда,
Қандай жон сақлайман ахир, муҳаббат!


* * *
Қўй, елкамга бошингни қўйма,
Сени қандай асрайман, шамол?
Тиниб турсанг, шамол бўлмасдинг,
Сен жимликда топмайсан камол.


Қўй, бағрингга босмагин баҳор,
Бир менгамас, тутган гулларинг.
Ширин эртакларинг тугамоғи бор,
Ҳам бошқа томонга кетар йўлларинг…


* * *
Сенга гапирмаган ичи қора тун,
Юлдузлар номимни олмаган тилга.
Бошидан ҳеч нарса ўтмаган каби,
Хазонлар жимгина тўшалган йўлга.


Ғами йўқ дарахтлар тураверган тик,
Мажнунтолни четга суриб қўйишган.
Булутлардан парда тутиб олиб кўк,
Чақмоқлар оҳ урмай ўзни тийишган.


Қушлар осмонингга бормаган учиб,
Билса ҳам ҳажрингда чекканимни ғам.
Эсини йўқотиб, жонидан кечиб,
Ким ҳолим айтарди, сенга, бепарвом…


* * *
Билмадинг-а, эшигингдан зор ўтдим,
Соянг кўринар деб, интизор ўтдим.


Тафтингга дуч келсам, кетардим эриб,
Кўнглимни муз қилиб, гўё қор ўтдим.


Билдирмадим сенга чеккан оҳларим,
Ҳасрат карвонида мисли нор ўтдим.


Мен борсам чаманлар очар эди гул,
Жоним, сенинг йўлларингдан хор ўтдим.


Ҳамиша ғам бўлган кўнгил қисмати,
Билатуриб, бошим узра дор ўтдим.


Ҳамма кирган эшигингдан кирмадим,
Эҳ, бу дунё Хосиятга тор ўтдим.


* * *
Босимингни бунча оширасан, қон,
Юрагимни отиб, титиб ўйнайсан.
Ўзинг қиролича, ўзингсан хоқон,
Етмиш икки томиримни қийнайсан.


О, сени ҳаддингдан туширмоқ мушкул,
Ўжарсан, асовсан ўзимга ўхшаб.
Қаерга чопасан, ҳаддингдан тушгил,
Нолалар қиласан, титрайсан қақшаб.


Қон ютиб изтироб чекканларимни,
Айтар дунёмисан, бугун юзимга.
Ҳар қатрангга азоб экканларимни,
Қайтар дунёмисан, ортга, изимга?


Кечир, қалб амри деб, сени унутдим,
Бевафо ёшликнинг сўзига кирдим.
Қанча ўтиб бўлмас йўллардан ўтдим,
Борса келмас йўллардан юрдим.


Кечир, ҳаддан ошиб ўтказдим босим,
Феълимни ўзимга айлама, тортиқ.
Ҳар жонимни бир жуфт томирга осиб,
Ўтган кунлар учун ўч олма, ортиқ…
Кечир…

Жоним


(Сангзор тоғи этагидаги тошга кимдир шу сўзни ўйиб ёзиб
кетган. Ё тавба, севги тошни ҳам гапиртираркан!)


Қай бир ошиқ, суйган ёзди бу сўзни,
Қай бир шоир, куйган ёзди бу сўзни,
Бир кун бу харсанглар келар-ку босиб,
Қай жонидан тўйган ёзди бу сўзни?


Хоҳ ўтинг, хоҳ ўтманг, қонлар бир қошиқ,
Дунёки, бахтлидан бахтсизи ошиқ.
Куйганлар розини ким ҳам тингларди,
Тошга ёзасанми, “жоним” деб ошиқ?!


Тош дилга ёздингми, тошга ёздингми,
Кўзингдан тўкилган ёшга ёздингми,
Ёки бир бепарво остонасига
Минг бора урилган бошга ёздингми?


Бу ҳаёт йиқади, қураверади,
Ҳар ким тақдиридан кўраверади.
Суйган ҳам, суймас ҳам кетар-ку ўтиб,
Оҳ, бу тош “жоним” деб тураверади!


Ошиққа жўр бўлиб куйлайди бу тош,
Тош дилдан зўр бўлиб куйлайди бу тош.
Ўтганни кетганни бир бор қаратиб,
Бир тутам нур бўлиб куйлайди бу тош!


Яхшиям, ёзмабсан юраги музга,
Яхшиям, айтмабсан хазонли кузга,
Сўзингни қадрлар жойни топибсан.
Эй, ошиқ! Ўлим йўқ, энди бу сўзга!


* * *
Бирма-бир ўтади бу бошдан бари,
Умр ҳам ўтади, шудир синоат.
Беш кунлик меҳрингни тутмагил дариғ,
Мен ҳам омонатман, сен ҳам омонат.

Ғурур икки дорга айлади тутқун,
Аразингни умри яна неча кун?
Бас энди, бир қошиқ қонимдан ўтгин,
Мен ҳам омонатман, сен ҳам омонат.


Озгина шафқат қил, озгинга ая,
Мени суяб тургин, қуламас қоя.
Ишққа икки дунё йўқдир ниҳоя,
Мен ҳам омонатман, сен ҳам омонат.


Бир оғиз ширин сўз шунча қийинми,
Сен деб ёнганларим, айт, бир тийинми,
Чарчадим сукутдан, қўйгин ўйинни,
Мен ҳам омонатман, сен ҳам омонат.


* * *
“Сўз шоирни уйғотади, шоир халқини уйғотади”, дейди улуғлар.
Туркий халқларнинг “Мумтоз шеърият” фестивалида ёзиб,
ўқиб берилган шеър:


Мен шеър ёзсам, деразамдан ой кирди,
Юрагимни нишон олиб ёй кирди,
Ўнг, тушда ҳам ВАТАНИМ деб ҳайқирдим,
Томиримга дарё кирди, сой кирди!


Сўз изласам тунлар тонгга уланди,
Уйғоқ дилим бир нурларга беланди,
Ҳамма ором оғушида ухласа,
Тизлар чўкиб, олов сўзлар тиландим.


Энди билдим, азобларга эшикман,
Қонларида сўз ухлаган бешикман,
Ҳамма каби бўлолмайин ҳайронман,
Одаммасман, қўшиқман мен қўшиқман!


Кўндим ҳар тун ўжар сўзлар тўлғоғига,
Тилларимни қайта-қайта тилмоғига,
Нима қилиб қўйдинг мени шеърият,
Денгиз дилим сиғмай борар қирғоғига!

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil