Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ДАСТУРИЙ ШЕЪР БОРМИ?

Абдулла УЛУҒОВ – филология фанлар номзоди, профессор. 1960 йилда туғилган.
Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини
тамомлаган. “Қиссачилигимиз қирралари”, “Инсон ибратга интилади”, “Асл асарлар
сеҳри”, “Қалб қандили” китоблари, “Адабиётшуносликка кириш”, “Туркий халқлар
адабиёти” ўқув қўлланмалари, “Адабиётшунослик назарияси” дарслиги нашр этилган.



Аввалги асрлардагидек замонавий ўзбек адабиёти ўзанини ҳам тўлдириб
келаётган шеърият 2024 йилда ўқувчиларга бир неча “Танланган асарлар”, қатор
тўпламларни тақдим қилди. Жумладан, Ўзбекистон халқ шоирлари: Рамз Бобожон ва
Иқбол Мирзонинг “Танланган асарлари” шеърхонларга тортиқ этилди. Интилувчан,
изланувчан ижодкор Сафар Оллоёр “Танланган асарлар”ининг “Мангулик гули”
деб номланган учинчи жилдини, шоир Турсун Али эса “Танланган асарлар”ининг
иккинчи китобини ўқувчилари қўлига тутқазди. Теша Сайдалиевнинг “Мангу уйғоқ
қалб”и, Шафоат Раҳматулло Термизийнинг “Сайланма”си, Ўткир Раҳматнинг
“Мангу овоз”и, Ҳумоюн Акбарнинг “Ёмғир”и, Ҳуршида Ваҳобжон қизининг “Ватан
меҳри”, Нодир Жонузоқнинг “Муборак кунлар”и ҳам мазмун-мундарижасига кўра
“Танланган асарлар” сирасига киради.
“Мангу уйғоқ қалб”, “Мангу овоз”даги шеърларни мутолаа қилаётганда
беихтиёр кўнгилдан “Танланган асарлар”, “Сайланма”лар шоир ижодига хос
хусусиятларни тўлароқ аниқлаш, улар яшаган давр одамлари дунёқарашини,
уларнинг орзу-интилишини билиб олиш имконини беради, деган фикр кечади.
Шунинг баробарида “Танланган асарлар” ва “Сайланма”лар тез суръатлар билан
янгиланиб бораётган давр тўлқинлари адабиётга қанақа янгиликларни олиб кирди,
одамларнинг шеъриятга муносабатини қандай аҳволга солди? деган муаммони ҳам
кўндаланг қилиб қўяди. Ўз-ўзидан аниқки, адабиёт муҳиблари айни саволларга
бериладиган жавобларни катта қизиқиш билан муштоқ бўлиб кутади. Умуман,
“Танланган асарлар”, “Сайланма”лар адабиёт ва санъат мажозий эмас, балки
чин маънода ижтимоий-маънавий турмушнинг ойнаси эканини тасдиқлайдиган
ҳақиқий ҳужжат бўла олади.
Маълумки, Муҳаммад Юсуф, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Иқбол
Мирзо, Фарида Афрўз, Ботиржон Эргашев, Муҳаммад Исмоил, Ахтамқули
каби шоирларнинг турли мавзудаги кўп шеърлари қўшиқ қилиб айтилади.
Шеъриятимизнинг ушбу намуналари, шубҳасизки, замондошларимизнинг
Абдулла УЛУҒОВ – филология фанлар номзоди, профессор. 1960 йилда туғилган.
Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини
тамомлаган. “Қиссачилигимиз қирралари”, “Инсон ибратга интилади”, “Асл асарлар
сеҳри”, “Қалб қандили” китоблари, “Адабиётшуносликка кириш”, “Туркий халқлар
адабиёти” ўқув қўлланмалари, “Адабиётшунослик назарияси” дарслиги нашр этилган.
дунёқараши, ўзлигини англаши, ватансеварлиги, диди, савияси ўсиб-ўзгаришига
ўз таъсирини ўтказади.
Тўпламлардаги айрим шеърларда Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим
сингари шоирларнинг шеърларига тақлид қилиш кўзга ташланади. Тақлид қилиш
эса маданий усулда хушомад қилиш, ялтоқланиб эргашиш, тилёғламаликнинг
ўзига хос бир тури саналади. Албатта, ўтган даврда кузатилганидек, 2024 йилдаги
тўпламлардаги шеърларда ҳам ичида шуҳратпарастлик олови ёнганидан бўлар
бўлмасга қоғоз қоралаб, ўзини кўз-кўз қилишга ишқибозлик ҳолатлари яққол кўзга
ташланади. Аммо бу хусусда аниқ мисоллар билан мулоҳаза билдиришни замон
кўтармайди. Аниқроғи, ҳозирги замон одамларининг ота-боболарига нисбатан кўп
такаббур, иззатталаб экани бунга йўл қўймайди. Ўз-ўзидан аниқки, маърузачи ёки
мақола муаллифи шеърий тўпламлар тўғрисидаги танқидий фикрларини эҳтиросга
тўлиб маълум қилса, бу тингловчилар, ўқувчиларга кўп ёқади. Улар завқланиб,
қарсак чалади, танқидий фикрлар зарбаси шиддатлироқ тарзда яна давом этса
қани эди, деб ич-ичидан истаб туради. Чунки одам табиатан томошаталаб,
томошасевар этиб яратилган-да! Томонлар баҳс-мунозара, тортишув, талашишдан
қанча азият чекиши, қанча азобланиши эса томошабинни заррача қизиқтирмайди.
Томошабинлар тортишув, айтишув, олишув қанча узоқ, қанча шиддатли кечса,
шунча маза қилади.
2024 йил тўпламларидаги шеърларнинг умумий хусусияти шундаки, улар билан
танишаётганда кўнгил ёришади. Улардаги айрим фикрлар беихтиёр хотирага
муҳрланиб, мисраларни безаб турган тиниқ ташбеҳлар, жарангдор қофиялар
кишининг руҳига жуда хуш ёқади. Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид
ва Иқбол Мирзо ҳам, замонавий шеъриятимизнинг навқирон вакиллари Гуландом
Тоғаева, Мухтасар Тожимаматова, Азиз Саид, Одил Икром, Гулжамол Асқарова,
Зуҳро Шамшия, Нодира Афоқова, Ғайрат Мажид, Муҳаммад Исмоил, Мансур
Жумаев ҳам ўз шеърларида инсон умрининг ибтидоси ва интиҳоси тўғрисида, ана
шу оралиқда кечадиган мураккаб ва чигал жараён ҳақида сўз юритади. Улар худди
аввалги замонлар шоирлари сингари қувончу шодлик, аламу армонлар қоришиқ ўй
кечинмалари, ҳис-туйғуларини образли тарзда таъсирчан ифодалашга интилишади.
Ўз-ўзидан аниқки, бундай шеърлар ҳар қандай анжуман, тадбир, даврага ўзига хос
файз киритади.
Ижодида Ватан мавзусини дардли оҳангларда куйлаган шоир Иқбол Мирзонинг
“Танланган асарлари”да унинг энг сара шеърлари жамланган. Шунингдек, унга
шоирнинг “Бону” романи киритилган. Иқбол Мирзо “Танланган асарлар”идаги
шеърларида турли кайфият, ҳолатдаги кечинма, ўйларини қаламга олиб, уларга
ўзининг ҳақиқий сийратини сингдиргани шундоқ билиниб туради. Шоирнинг техник
жиҳатдан пухта-пишиқ ишланган шеърларида унинг синчковлиги, ўз элига беғараз
муҳаббати, юртининг равнақи учун чин дилдан қайғуриши аниқ акс этади. Айни
шеърлар ўқувчиларни тезкор замондаги ижтимоий ўзгаришлар, мамлакатимиздаги
мавжуд ҳаёт тўғрисида мулоҳаза юритишга ундайди. Ижодкорнинг “Танланган
асарлар”и “Ватан соғ бўлсин!” шеъри билан бошланади. Ушбу шеър Иқбол Мирзо
ижодининг умумий мундарижасини белгилайдиган салмоққа эга дастурий шеър
саналади. Иқбол Мирзонинг шеърлари фикрни содда ифода қилиши, кутилмаган
нозик қочиримларга асосланиши ва нозик лиризмга йўғрилгани билан эътиборни
тортади. “Танланган асарлар”даги ҳар бир шеър Иқбол Мирзо ўз ижодида
замонавий ўзбек шеъриятига хос энг муҳим хусусиятларни акс эттирган шоир
эканини тасдиқлайди.
Жуда кўп ижодкорлар шоир сифатида майдонга чиқиб, элга сўз айтиш жуда
масъулиятли иш эканини эътироф этишади, шоир эришадиган ҳурмат-эътибор,
олқиш ортида беҳад оғир меҳнат, машаққат, заҳмат туришини таъкидлашади.
Жумладан, Сирожиддин Саййид ҳам “Замон қасри” китобида бу хусусда: “Бир
сатр, ярим сатр, // Шому саҳарим сатр. // Менинг зор кечаларим, // Шамсу қамарим,
сатр. // Жону жигарим, сатр…// Бир сатр айтмоқ учун, // Сўнг ортга қайтмоқ учун – // Шу ғариб мозоридай // Мен йилларни емирдим, // Не дилларни емирдим.
// Шамсу қамарим, сатр, // Қонли жигарим – сатр. // Ўз онамнинг умрини, //
Кўзларининг нурини // Мен ўмариб яшадим, // Сўз кемириб яшадим… // Бу дунёга
сафарим – // Хабарим, хуш хабарим. // Менинг шому саҳарим, // Менинг жону
жигарим. // Қолса мендан гард қолар, // Тўрт-беш сатр дард қолар… // Бу йўқлик
оламида, // Қиличларнинг дамида // Сўзмас, жонлар терганим, // Қурбонликлар
берганим. // Шамсу қамарим, сатр – // Топсин, деб бандам қадр // Ҳар кун солсин
дилимга, // Дилимга, ҳам тилимга // Худойи Карим сатр, // Бир сатр, ярим сатр”
деган (Саййид, Сирожиддин. Замон қасри: Шеърлар. – Тошкент: “ADABIYOT”
нашриёти, 2024. – 160 б. – 129 – 131-бетлар). “Бир сатр, ярим сатр”ни шоирнинг
нафақат ижодий фаолияти, балки унинг ҳаёт тарзини ифодалайдиган дастурий
шеър, деса бўлади. Афсуски, аввалги даврларда бўлганидек, 2024 йилда босилиб
чиққан кўпгина тўпламларда ана шундай салмоққа эга дастурий шеър кўринмайди.
Ушбу камчиликнинг ярми муаллифнинг китоб нашр этишдаги тажрибасизлиги,
шошилганлиги ёки эътиборсизлиги билан боғлиқ бўлса, қолган эллик фоизи
эса тўплам муҳаррирининг зиммасида қолади. Ҳозирги пайтда адабиётимизда
асарларни меъёрига келтириб таҳрир қиладиган, уларни рисоладагидай тартибга
солиб, китобга айлантирадиган муҳаррирлар етишмаяпти. Шу кунларда босилиб
чиқаётган китобларни бундан эллик-олтмиш, етмиш-саксон йил аввал чоп
қилинган тўпламлар билан таққослаб чиққанимизда, ушбу ҳақиқат янада равшан,
ойдин кўринади. Алишер Навоий ижоди бу борада ҳам замонамиз учун ҳавас
қилишга арзигулик чин ибрат намунаси бўла олади. Биринчи китобини чиқарган
кўпгина ёш шоирларнинг илк тўпламида дастурий шеърнинг йўқлиги уларнинг
ақл-тафаккури, ҳис-туйғуларини қўл телефони ва компьютер экранидан чиққан
тўлқинлар, интернет тармоғидаги турли ўйинлар, алдамчи фейк хабарлар анча
абгор, мажруҳ қилиб қўйганидан дарак беради. Алишер Навоийнинг тўрт девондан
иборат муҳташам “Хазойин-ул маоний” шеърлар тўплами “Ашрақат мин акси
шамсил-каъси анворул-худо, // “Ёр аксин майда кўр”, деб жомдан чиқди садо”
матълали ғазал билан бошланишини кўпчилик яхши билади. Улуғ адабиётшунос
Нажмиддин Комилов бу шеърни шарҳлаб: “Мазкур ғазал девондаги ғазаллар учун,
маълум маънода, дастурий хусусиятга эга. Яъни унда улуғ шоир дунёқарашининг
асосий йўналиши акс этган ва у кейинги ғазалларда давом эттирилган. Шу маънода,
мазкур ғазал маъноларини тўғри тушунган одам Навоий девонларидаги бошқа
ғазалларни ҳам англаб етишга калит топади ва шоир орзу-умидлари оламига кириб
боради” деб таъкидлаган (Манба: Олимжон Давлатов. Маънолар хазинаси. Ж.1. –
Тошкент: “Tamaddun”, 2021. – 332 б. – 13-бет).
Табиийки, худди авваллари бўлганидек, 2024 йил шеърияти манзарасида ҳам
ўртамиёна тўпламлар ва уларда жамланган ўртамиёна шеърлар кўзга ташланади.
Тўпламларнинг ушбу аҳволи уларнинг номланишидан, улардаги шеърларнинг
дастлабки мисраси, туроқ ва қофияларидаги ноқисликдан аниқ билиниб туради.
Айни шеърларда муаллифлар шеъриятни, Ватанни, халқни жон-дилидан яхши
кўришига ҳаммани ишонтиришга уринади. Албатта, севги-муҳаббат мавзусидаги
ўртамиёна шеърларда ҳам, улардан баланд ва паст даражадаги шеърларда ҳам
лирик қаҳрамон қалбида туғилган севги-муҳаббат ҳисси туфайли вужудида
бошланган жисмоний ҳолат, маънавий-руҳий ўзгаришлар, тортаётган азоб-уқубат,
ташвишлари тўғрисида сўз очади. Худди мумтоз шеърият намуналарида алоҳида
бўртиб кўринганидек, замонавий шеъриятнинг севги-муҳаббат мавзусидаги сара,
ўртамиёна ва ундан қуйи даражадаги шеърларида ҳам лирик қаҳрамон ўзининг
толесизлиги, орзу-истаклари ушалмагани, дунёда якка-ёлғиз экани, ҳеч кимга
ишониб бўлмаслиги, ҳаёт фитна-фасод, ғалвага тўлалигидан изтироб чекади.
2024 йилда Тўлқин Эшбек китобларининг сони жиҳатидан пешқадам бўлди.
Чунки у бу йилда битта эмас, иккита шеър китобни нашр қилди. Серғайрат
ижодкор қалин муқовали ҳар иккала китобини ҳам сўзбоши, ҳам сўнгсўз билан
тақдим этди. Бу йилда ҳеч бир шеърий китоб бу тарзда, яъни ҳам сўзбоши, ҳам
сўнгсўз билан таъминланмагани эътиборга олинса, Тўлқин Эшбек нафақат
серқирра, балки чинакам фаол ва қаловини топадиган уддабурон ижодкор экани
яққол аён бўлади. Унинг “Бобурнинг гавҳарлари” китоби 304 бетдан иборат бўлиб,
ундан муаллифнинг достонлари, қасидалари ва шеърлари жой олган. Китобга
филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов “Сўз гавҳарининг
қадри” сарлавҳали салмоқли сўзбоши ёзган.
Оллоёр Бегалиевнинг “Бобурнинг гавҳари”, “Бухорои шариф зиёси” китоблари
муаллифи ижоди тўғрисидаги мулоҳазалари Султонмурод Олим ҳамда Нурбой
Жабборовнинг фикрларига маъно-мазмуни жиҳатидан мос, мувофиқ келади.
Масалан, Нурбой Жабборов “Бобурнинг гавҳарлари” тўплами “Таниқли ижодкор
Тўлқин Эшбекнинг қизғин ижодий фаолияти самарасидир” деб таъкидласа (Эшбек
Тўлқин. Бобурнинг гавҳарлари: достонлар, қасидалар, шеърлар. – Тошкент: “Янги
аср авлоди”, 2024. – 304 б. – 11-бет), Оллоёр Бегалиев ушбу тўплам муаллифини
“доим изланишда бўлган шоир” дея эътироф этади (Ўша манба. – 280-бет).
Тўпламларнинг сўзбоши, сўнгсўз билан таъминлангани 2024 йилдаги шеърий
китобларнинг алоҳида ўзига хос бир хусусияти саналади. Мазкур йилда чоп
қилинган барча шеърий тўпламларда сўзбоши ёки сўнгсўзнинг мавжудлиги айни
ҳолат адабиётимизда мустаҳкам анъанага айланаётганидан далолат беради. Сўзбоши
ва сўнгсўз эса қаламкашнинг ҳаёт йўли, ижодий фаолияти билан таништириш
баробарида, кишиларни китоб ўқишга даъват этиши жиҳатидан ҳам аҳамиятлидир.
Сўзбоши ва сўнгсўз маъно-мазмуни, салмоғи қандай эканлигидан қатъи назар,
китоб учун ўзига хос калит, очқич вазифасини бажаради. Сўзбоши ва сўнгсўз китоб
“харита”си сифатида ўқувчиларни мазкур “мамлакат”даги макон-манзиллар билан
таништиради. Сўзбоши ва сўнгсўз мазмун-мундарижаси, салмоғига кўра адабий
портрет, оқ йўл, таржимаи ҳол, тақриз каби кўринишларда тақдим қилинади.
Уларнинг савияси эса муаллифнинг истеъдоди, дунёқараши, билими даражаси
ва албатта, ижодкор билан ўзаро алоқаси, шахсий муносабатига бевосита боғлиқ
бўлади. Китоб муаллифи ҳаёт бўлса, табиийки, у китобига киритиладиган сўзбоши
ва сўнгсўзни ўқиб, танишиб чиқади. Ўзига маъқул келса, китобига киритади ва
аксинча. Сўзбоши ва сўнгсўздаги айрим фикрлар кўпинча китобнинг билдиргисида
ҳам берилади. Аннотация эса ўз-ўзидан аниқки, ўқувчи эътиборини тортадиган
китобдаги илк нуқтадир. Чунки китобни ўқувчига тақдим қилиш аннотациядан
бошланади. Аннотация асар тўғрисидаги шунчаки маълумотнома ёки муаллифни
“машҳур”, “таниқли”, “атоқли”, “ардоқли”, “серқирра” ижодкор деб таъриф-тавсиф
қилган далолатнома тарзида бўлиши мумкин. Буни, табиийки, асар муаллифи ҳамда
китоб муҳаррирининг ақл-тафаккури, дид, савияси даражаси белгилайди. 2024 йил
шеърий тўпламларида берилган сўзбоши, сўнгсўз ва аннотацияларда ҳам мақташ
бобида беқиёс сахийлик кўрсатилади. Бундай саховат эса нафақат бизнинг, балки
дунё адабиётида ҳам қадимий ва ҳамиша навқирон анъана сифатида яшаб келади.
“Танланган асарлар”ини пешма-пеш тақдим этаётган Сафар Оллоёрнинг
шеърлари у ҳаётда кўрган, билган ва англаб етган ҳақиқатларини, ўз тажрибасига
асосланиб чиқарган хулосаларини бошқаларга етказишга интилаётгани,
“зарбулдостон”, “қўшсатр”, “учшода”, “эшсонет” аслида унинг шу истаги
“мева”си эканини намоён этади. Биз эса унинг ижоди хусусида адабиётшунослар
ёзган мақолаларга муносабат билдиришни зиммамизга олмаймиз. Чунки биз ҳеч
қачон бундай ваколатга даъвогарлик қилмаймиз. Негаки асрлар мобайнида ишқ
мавзусини ўзининг монополияси, асосий майдони қилиб келган, маъно-мазмуни
маъшуқанинг юз-кўзи, қадди-басти, сочини, маккорлиги-ю, жабру жафосини,
етказган озор, ситамларини таъриф-тавсифлашдан иборат мумтоз шеърият
намуналаридан ҳам, замонавий ижодкорларнинг изланишларидан ҳам, Турсун
Али, Шарифа Салимова, Баҳром Рўзимуҳаммад, Абдували Қутбиддин, Муҳаммад
Сиддиқ, Жонтемир, Абдунаби Ҳамро, Минҳожиддин Мирзо, Расул Раҳмон, Хосият
Рустамова, Тўлқин Эшбек, Ўзбектош Тўрахонлининг китобларидан ҳам ҳар бир
киши ўзича таъсирланади.
Шоир, журналист, таржимон Ҳумоюн Акбарнинг “Ёмғир” шеърлар тўпламида
ғамхўр устозлар сабоқларидан баҳра олиб улғайган ижодкор қиёфаси кўринади.
“Ёмғир” китоби аслида “Танланган асарлар” бўлиб, унда муаллифнинг “Юракдаги
рангин камалак” (1997), “Унутилган гул” (1998), “Дилхирож” (1999), “Кўнглим
гули” (2005), “Ёшлик бекати” (2008), “Туйғулар рақси” (2010), “Интиҳосиз наволар”
(2012), “Гулбонг” (2022) тўпламларидаги энг сара ҳамда ҳали чоп қилинмаган
янги шеърлари жамланган. Аммо муаллиф ушбу китобини “Танланган асарлар”
деб номлашга истиҳола қилган. Ҳумоюн Акбарнинг табиати, феъл-атворида
истиҳола, андиша ҳисси жуда кучли эканлигини эса уни яқиндан таниган, билган
кишилар ҳамиша таъкидлашади. Ундаги айни фазилат аслида, у ўсиб-улғайган
хонадондаги муҳит ва тарбиянинг сархил “мева”си сифатида юзага келган.
“Ёмғир”даги шеърларнинг маъно-мазмуни ҳам, муаллифнинг бошқа китобларидаги
мақолаларнинг мундарижаси ҳам, таржималарининг тарҳи, ифода услуби ҳам,
одамлар билан муомала-муносабати ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди. “Ёмғир”даги
шеърлар, таржималар Чўлпон, Фитрат шеърларида бўй кўрсатган, Ғафур Ғулом,
Ойбек, Ҳамид Олимжон ва кейинги авлод шоирлари ижодида мукаммаллашиб
борган бадиий ифода услуби мустаҳкам асосга эга эканлиги ва у келгусида янада
кўркамлашиб боришига ишонч уйғотади.
Сирожиддин Саййиднинг “Замон қасидаси”, Ўткир Раҳматнинг “Мангу овоз”,
Нодир Жонузоқнинг “Муборак кунлар”и ҳам, Ҳумоюн Акбарнинг “Ёмғир”и ҳам,
Мансур Жумаевнинг “Ҳазрати ишқ”и ҳам, Хуршида Ваҳобжон қизининг “Ватан
меҳри” ҳам, Гуландом, Санобар, Мухтасарнинг шеърлари ҳам, 2024 йилда чоп
қилинган “Танланган асарлар”, “Сайланма”лар ҳам ҳар бир киши ўзининг орзу
умидларини, ғам-ҳасратларини аниқ ифодалашга интилиши, аммо шу пайтгача
ҳеч ким бу истагига тўла-тўкис эришмагани, чунки тўлиб-тошган юрак ҳисларини
турли ташбеҳ, истиоралар билан изҳор этиб бўлмаслиги, одамлар олис ўтмишда
ҳам, ҳозирги ХХI асрнинг бугунги кунида ҳам севги-муҳаббатни, мансаб
мартабани, атрофдагиларнинг иззат-эътиборини ўзининг ҳузур-ҳаловати манбаи
деб билишидан сўзлайди. Умуман, аввалги замонларда бўлганидек, 2024 йилдаги
шеърий тўпламлар ҳам ғоявий-бадиийлик даражаси, саҳифаларида дастурий
салмоққа эга шеър мавжуд-мавжуд эмаслигидан қатъи назар, муаллифларнинг инсон
ва ижодкор сифатидаги оламига хос кўп жиҳатларни очиқлайди. Масалан, “Мангу
овоз” китобидаги шеърлар қаламкаш ижодкор эканига шукрона қилиб яшаётган
Ўткир Раҳмат шавқ-шавқи, ҳис-ҳаяжони энг авжига чиққан кезларда ҳам доим
босиқлик, вазминлик билан иш тутиши, ҳодисаларга ҳамиша танқидий кўз билан
қарашидан далолат беради. “Замон қасидаси”даги шеърларда Сирожиддин Саййид
ҳаётдаги яхши нарсаларни, мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришларни инкор этиш
беҳад беҳуда ишдир. Бундай қилиш жоҳилликнинг бир кўриниши бўлиб, ундан
нопок истакларнинг, чиркин ҳасаднинг иси келади. Инсоннинг маънавий олами ўз
орзуларини ардоқлаш, уларга интилиш асосида нурланиб, мукаммаллашиб боради,
деб туради. Ўтган йилдаги бошқа тўпламлардаги шеърлардан жуда кўп кишилар
теварак-атрофидаги муаммоларга юзаки қарайди, уларнинг сабаблари, туб
асосларини кўролмайди. Чунки буни таҳлил қилиб, аниқлаштиришга уларнинг ақл
тафаккури ялқовлик қилади. Одамлар бир-бири билан муносабатларида, давлатлар
ўртасидаги алоқаларда доим ҳамма нарса очиқ-равшан бўлишини исташади.
Аммо бунга ҳеч қачон эришиб бўлмайди. Чунки “Ҳақиқатни айтаман, ҳамиша
рост гапираман. Негаки мен ҳаётда ҳамиша адолат тантана қилишини истайман”,
деб аюҳаннос соладиган шоир, ёзувчи, адабиётшунослар ҳам, сиёсатчилар ҳам
эҳтиросларини турфа хил бўёқларга бўяйди. Уларнинг минбарларда туриб айтган
сўзи, мажлис-машваратлардаги оташин даъвоси, даъвати, чақириғи ўзининг қилган
иши, амали, хатти-ҳаракатига кўпинча мос, мувофиқ келмайди, деган маъно
мазмун англашилади.
Эшқобил Шукур, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзо, Озода Бекмуродова, Шарифа
Салимова, Шодмонқул Салом, Нажмиддин Эрматов, Чоршаъм Рўзиев, Адиба
Умирова, Гўзал Бегимнинг китоблари замонавий ўзбек шеъриятига алоҳида
жозиба бағишлаб туради. “Ишқ” деган сўз Гуландом ва Мухтасарнинг шеърларини,
Мансур Жумаев ва Санобар Меҳмоннинг бутун ижодини ич-ичидан нурлантириб,
уларнинг китоблари номини алоҳида мақомга кўтаради. “Ҳазрати ишқ” ва
“Сўзнинг ватани”, “Ишқ ҳандасаси” ва “Ишқ рўмоли”даги шеърлар шоирона
туйғулар ҳосиласи, таъсирчан қалб кечинмалари ифодаси сифатида кишини
турмушнинг ғам-ғуссаларидан ҳаётнинг нурли манзилларига олиб ўтади. Шеърми,
ҳикоями ёки деворда осиғлиқ турган табиат манзараси тасвирими, кишининг
онг-шуури, тафаккурига ўз таъсирини ўтказиб, уни озгина бўлса-да, ҳаяжонга
солса, билингки, у санъат асаридир. Яқин ўтган йилларгача китоб одамларнинг
бирдан-бир кўнгил очадиган ягона манбаси эди, шеър мутолаа қилиш кўпчиликка
жуда хуш ёқар эди. Афсуски, глобаллашган замон одамзод узоқ асрлар давомида
ардоқлаб келган бу қадриятга кескин зарба берди. Глобаллашган замон одамлари
қўлидан китобни тортиб олиб, унинг ўрнига Ер шарини ўргимчак тўри каби ўраб
олган Интернетга улаб қўйилган телефонни тутқазиб қўйди. Телефон энди кечаю
кундуз каттаю кичикнинг ажралмас ҳамроҳи, хаёлию вужудининг доимий эгаси,
чин соҳиби, бирдан-бир хўжайинига айланди. Ижтимоий тармоқлар одамларни
ўз монополияси қилиб олди. “Сўзнинг ватани”, “Ҳазрати ишқ”, “Ишқ ҳандасаси”,
“Ишқ рўмоли”дан эса тасаввуф таълимотидан озиқланган мумтоз ва замонавий
шеъриятнинг акс садоси эшитилади. Улардаги шеърларнинг маъно-мазмунида
шундай марказ борки, у шоир ва шеърхонни бир-бирига ҳамфикр, ҳамнафас қилиб
қўяди.
Тўпламлардаги шеърларда шоирларнинг ширин орзу-истаклари, дардли
армонлари, қувонч ва қайғу, қалб оғиқлари, ғам ва ҳасратга тўла туйғулари, оғриқ
ва хавотирга қоришган кечинмалари ифодаланади. Чин шоир борлиқдаги ҳар бир
заррада Аллоҳ борлигини кўради, кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган ҳар бир
нарса-ҳодисада Унинг яратувчанлик қудрати мужассамлигини ҳис қилади. Сувнинг
шилдирашида, япроқнинг шитирлашида сўз билан ифодалаб бўлмайдиган,
инсоннинг хаёл-тасаввурига сиғмайдиган сир-синоат, ҳикмат борлигини идрок
этиб, ҳайратга тушади. Шунинг учун шоир одамлар бир-бирини азоблаётгани, озор
етказаётганини кўрганида ич-ичидан изтироб чекади. Дунёда кўп нарса норасо
экани, ҳаёт ҳамиша ғалва, можароларга тўла эканидан куйиниб ўртанади. “Нима
учун ўтмишда одамлар шеърга кўп қизиққан, шеър уларга хуш ёққан? Кишилар
нега шеърга интилган?” деган савол кўнгилда ғалаён кўтаради. Шу пайтгача ҳеч
ким: “Нега ҳукмдорлар шеър битиш, девон тузишни ўзи учун шарафли иш деб
билган?” деган саволга барчани бирдай қаноатлантирадиган жавоб тополмаган.
Айни саволга аниқ жавоб беролган инсонга бир эмас, ўн марта Нобель мукофоти
берса арзийди. Эҳтимол, шеър ўтмишда одамларнинг бир хил тарзда кечган
диққинафас турмушига мазмун, маънавий озуқасизликдан толиққан руҳига малҳам
бўлиб, уларга қандайдир қувват берган, уларни зерикиш азобидан қутқарган бирдан
бир халоскор, ҳеч кимни ташвишга қўймайдиган беминнат нажоткор, чин юпанч
бўлгандир. Чунки шеър, қўшиқ тинглаганида, кишининг қалбига жарангдор оҳанг
қуйилиб кирганидан унга ҳамма нарса хуш ёқади, бутун борлиқ нурга тўлгандай,
олам одамларга ҳузур бахш этадиган ойдинликка чулғангандай туюлади.
Тўпламлардаги бадиий баркамол, теран мазмундор шеърларда сўзлар қалб
ҳодисасига айланади ва улардан тараладиган оҳанглар жозибаси кишини аста
секин сеҳрлаб олади. Айни шеърлар сўз шеърнинг бағрида, мусиқанинг оҳанглари
қучоғида ўз сирини очади, деган фикр айни ҳақиқат экани, аждодларимиз шу
боис шеърга, мусиқага маҳлиё бўлиб яшагани, шеър таъсирида кишининг кўнгли
юмшаши, қўшиқ тинглаётиб, одамларнинг завқланиши, йиғлашининг сабаби,
сири ойдинлашади. Тўпламлардан шеър бу дунёнинг ва мангуликнинг барча
даъватларига акс садо берувчи муборак илоҳий ҳодиса экани маълум бўлади.
Ўқувчи 2024 йил тўпламларидаги кўп шеърларни мириқиб мутолаа қилади,
эшитувчи завқ-шавқ билан тинглаб, маънан-руҳан ором олади. Улардаги табиат
манзаралари тасвири, унинг сирли, сеҳрли ҳодисалари таъриф-тавсифи, ижтимоий
ҳаёт мураккабликлари, инсон қисмати чигалликлари тўғрисидаги ўй-фикрлар
таъсирида кишини борлиқдан, ундаги ҳаётдан завқланиш, у ҳақда ўйлаш, хаёл
суриш ҳисси қамраб олади. Чунки шеър борлиқ бағрида яшириниб яшайдиган
ана шу ажойиб ва ғаройиб ширин ҳисни олиб, одамларга инъом қилади. Ўқувчини
шеърдаги табиат тасвиридан, севги-муҳаббат мадҳидан ҳам кўра шоирнинг ўз ҳис
туйғуларини изҳор этиши кўпроқ ҳаяжонлантиради. Бундай шеърлар кишилардаги
ҳаётга қизиқиш ҳиссини, улардаги яшашга интилиш истагини кучайтиради. Лекин
афсуски айни ҳодисани ҳеч бир ускуна, асбоб воситасида кўриб, ўлчаб, рақамларда
ифода этиб бўлмайди.
Шеърларда турмушнинг тутуриқсиз, бемаъни нарсалари орасида азобланаётган
замондошларимиз қалбининг ғайриоддий манзаралари кўринади. Шеърхон ана шу
манзарадан мутаассир бўлиб, ўзи сезиб-сезмаган ҳолда, бутун вужуди титраганча
теварак-атрофига завққа тўлиб, ҳайратланиб, ўйга чўмиб қарайди.
Ҳаётнинг азоб-изтиробларидан нолишлар билан тўлиб-тошган шеърлардан
ҳам ҳар ким ўзича маъно топиб, таскин олади. Шоир юрагининг бир парчаси акс
этган ушбу шеърларида турмушнинг барча қувонч ва ташвишларини кўра олишдек
қобилиятини кўз-кўз қилганча қараб туради.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга хумори бўлиб қолгани таъсиридами,
интернет саҳифалари янгиликларига ташналиги тобора ортиб бораётгани
важиданми ёки кундалик турмуш ташвишлари, одамлар орасида меҳр-оқибат
кўтарилаётганини ўйлаб, асабийлашиши оқибатидами ёки илоҳий ҳукм туфайлими,
замондошларимиз аждодларимиз авайлаб-ардоқлаган, ҳамма замонда оғишмасдан
амал қилиб келган жуда кўп қадриятларга бепарво, лоқайд қарайдиган бўлиб
қолмоқда. Жумладан, ажойибу ғаройиб ҳис-туйғулар ифодаланадиган шеъриятга
беписанд қараш кайфияти ҳам бутун дунё бўйлаб тобора кенг қулоч ёзмоқда.
Тўпламлардаги кўпгина шеърларда шоирлар ўзининг руҳий кечинмаларини
кимгадир айтишга, қоғозга битиб, кўпчиликка етказишга кучли эҳтиёж сезгани,
лекин ўзининг баҳор осмонидек тез ўзгарувчан ҳолат, кайфиятини барчага
тушунарли тарзда ифодалаб, изҳор этиш учун сўз тополмасдан кўп қийналгандек
кўринади. Шоирлар ўзини ўйлантириб, азобга қўяётган муаммолар теварак
атрофидаги одамларни унчалик ташвишлантирмаётгани, шеъриятнинг акс садоси
тобора кучсизланиб, адабиётнинг кишиларга таъсири сўниб бораётгани, каттаю
кичик ижтимоий тармоқларга уланган қўлидаги телефон, компьютер экранига
банди бўлиб қолаётгани, натижада, жамжиҳатлик, дийдорлашиш, соғиниш ҳисси
қаҳатлашиб бораёганидан азобланади.
Тўпламларни умумлаштириб турувчи муҳим хусусият шундаки, улардаги
шеърларда гоҳ турмушнинг туганмас ташвишларидан қийналиб, гоҳ қисмат
зарбаларига дуч келиб, гоҳ шубҳа, гумонлар гирдобида қолиб, гоҳ барча
машаққатлар, муаммолар бартараф бўлишига умид боғлаб турган замондошимиз
қиёфаси кўринади.
2024 йил тўпламларида ҳам шеърият танасига азалдан зулукдай ёпишиб келган
вазн бузилишлари, сохта, ясама қофия тиқиштириш “касал”лиги кузатилади.
Муаллифлар кўп шеърларида ҳис-туйғу, кечинмаларини ифодалаш учун зўриқиб
бўғилади, мисраларни қофиялашга уриниб, кўп қийналади, сўзларни уриб,
калтаклаб, бўйнига занжир боғлагандай қилиб судраб, мажбурлаб матнга киритади.
Бундай зўриқиш, бўғилиш, чираниш, ҳатто, “халқ шоири” унвонини олган
муаллифларнинг ёзганларида ҳам кўп кўзга ташланади. Айни ҳолат мисоллар
орқали кўрсатилса, табиийки, тингловчилар обдон мамнун бўлиб, қарсак чалади,
шеърни битганлар эса бу камчилик, қусурларни барчадан кўра ўзлари яхши
билганлари ҳолда, кўп хафа бўлади. Чунки одам табиатан шундай этиб яратилгани
боис шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунослар ҳам асаридаги камчиликлар, феъл
атворидаги нобоп, норасо жиҳатлар, таржимаи ҳолидаги қора нуқталар бошқаларга
ошкора қилинишини ҳеч истамайди. Лекин 2024 йил тўпламларидаги шеърлар
худди аввалгидаги каби ўзининг ёрқин жиҳатлари, мавжуд камчилик, қусурлари,
дастурий аҳамиятга эга эканлиги ёки бошқа хусусиятларидан қатъи назар, ўтмиш
ҳодисалари, бугунги кун воқеалари, келажак ҳақидаги орзу-истаклар, дилдаги
азоб-армонлар, барча-барчаси инсон учун аста-секинлик билан қувонч туйғусига
айланишига ишонтиради.
Тўпламлардаги шеърларнинг моҳиятини, уларнинг қатларидаги ҳақиқатни оча
олдик, деган даъводан йироқмиз. Билганимиз, англаганимиз шуки, уларда биз баён
қилган сифатлар, хусусиятлардан кўра, яна айтилиши, таъриф-тавсиф қилиниши
мумкин бўлган жиҳатлар кўп.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 6-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil