
Аброр ҒУЛОМОВ – 1962 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги
ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Унинг “Ўзбекистонда”, “Истанбул
дафтари”, “Маънавият”да “Эътиқод”ни афзал билиб” каби китоблари чоп этилган.
Дадахон Нурий фаолиятига назар ташласак, унинг умри давомида тинмагани,
муаммо тиғизлашган, ғуж жойларга ўзини уриб, ёмонга ҳам яхшиликни раво
кўриб келгани, бошини кундалик ҳаётнинг энг серғалва “эпицентр”ларига суқиб,
ҳар ташвишу таҳликага ечим излаб, чора-тадбир қозонида қоврилгани гувоҳи
бўламиз. Ҳа, у шундай яшади. Бир умр!
Дадахон Нурийни билган кўплаб инсонлар у ҳақида ўз фикрларини билдираркан,
булар орасидан атоқли мунаққид Озод Шарафиддиновнинг адибга “Худонинг
қўшқўллаб берган бандаси” дея берган таърифи чин маънода бу инсон ҳаётини
ифодалай олган, десак муболаға бўлмайди.
Негаки, бир пайтлар Намангандан Тошкентга ёзувчи бўлиш орзусида келган
Дадахон Нурий дастлаб мусиқа билим юртига ўқишга кириб, ўзи таъкидлагани
каби, бадиий ижод сирларини Абдулла Қаҳҳор, рассомлик сирларини буюк
мўйқалам соҳиби Чингиз Аҳмаровдан ўрганди. Кейинчалик эса шарқ тилларини
астойдил ўрганишга киришди. Бунга эса ўтган асрнинг 50-йилларидан буён тақдир
тақозоси билан Тошкентда яшаб келган ҳинд муҳожири Мадан Мохан Хардат ва
Деҳли университети профессори Қамар Раис сабаб бўлган эди.
Шу тариқа мусиқа билим юртини тамомлаб, Тошкент давлат университетининг
шарқшунослик бўлимида таҳсил олган Дадахон Нурий ўқиш билан бирга Ҳамза
номидаги академик драма театрида рассом бўлиб ишлади. Ҳали ўн тўққиз ёшли
талабалик пайтидаёқ “Оқшом қўшиқлари” лирик қиссаси ёшлар орасида довруқ
қозонди. Кўп ўтмай унинг ихчамгина “Бегона” қиссаси Абдулла Қаҳҳордек
талабчан ва меҳрибон устознинг сўзбошиси билан чоп этилди.
Кейинчалик адибнинг “Осмон устуни”, “Шаҳар тегирмони”, “Рам соҳибдан
ҳаммага салом” номли роман ва қиссалари кетма-кет эълон қилинди, янги асарлари
кенг китобхонлар оммаси қалбига бамисоли ёқимли кўклам шабадасини олиб
кирди. Дастлабки машқлариданоқ Учқун Назаров, Шукур Холмирзаев, Ўткир
Ҳошимов сингари адиблар авлоди вакиллари сафидан ўрин олишга эришди.
Ажойиб саргузаштлар иштирокчиси, кўрган-кечирганларини оқизмай-томизмай
элга етказувчи, хокисор ёзувчи, куюнчак журналист, камсуқум, камтарин, ўта
ҳалол, йўл-йўлакай инсонларнинг ҳожатини чиқариб кетаверадиган савобталаб,
дўстни қадрлайдиган, фавқулодда инсон бўлган Дадахон Нурий журналистик
фаолияти давомида чет тиллари билимдони эмасми – Покистону Ҳиндистон
кезди, Американинг шимолидан кириб, жанубидан чиқди. Ўзбек ижодкорларидан
биринчи бўлиб Аляскага пойқадами етди.
Шунингдек у ўзбек публицистикасида сафарнома жанрини янги босқичга
кўтарди, бу мавзуда йирик асарлар ёзди. Унинг “Ҳиндистон минг йилдан сўнг”,
“Даричам рўпарасидаги Покистон”, “Хатарли жаннат сафари” (Шри Ланка
ҳақида), “Ниқобсиз Америка ва бошқа манзилгоҳлар” асарлари китобхонлар
томонидан қизғин кутиб олинди.
Ҳиндий-урду тиллари мутахассиси бўлган адиб нафақат ҳинду покистонликлар
билан тиллашиб, ўзига ўхшаш дўстлар орттирган, балки узилмас қардошлик
ришталарини боғлаган ўзбекнинг илк кўнгилли дипломати эди.
Дадахон Нурий ҳали кўпчилик аланг-салангланиб, теварак атрофидаги воқеа
ҳодисаларни англолмай ёки бефарқ юрган бир пайтда биринчилардан бўлиб
юртимиз табиати муҳофазасига ошиқди. 1980 йилларданоқ эълон қилинган ўткир
публицистик мақолалари билан ошкоралик даври ўзбек матбуотининг энг таниқли
номларидан бирига айланди.
Унинг атроф-муҳит муаммоларига бағишланган “Бўстонлиқда нима гап?” ва
бошқа қатор мақолалари кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган. Айнан
шу мақоладан кейин СССР Мудофаа вазирлиги Бўстонлиқда ҳарбий завод қуриш
режасини бекор қилади.
Ўша пайтда Тошкент шаҳрини тоза нафас, оби ҳаёт билан таъминлайдиган,
унинг “ўпкаси” саналадиган Бўстонлиққа қасддан қилингандек москвалик
ҳарбийлар ҳаво ва сувни булғаловчи энг зарарли капролактам корхонасини қуришга
киришишган эди. Бу ҳақда Дадахон Нурий Бўстонлиқ билан Чирчиқ шаҳрига
чегарадош Майдонтол тоғлари этагида жойлашган Ҳайдарали қишлоғидан
икки чақирим наридаги “Ёвчиққан” қишлоғи аҳлидан олган қарийб олти
саҳифалик мактубдан билади. Дарҳол суриштирув ишларини бошлаб, “Ёвчиққан”
полигонидаги бу иншоот бир пайтлар Чирчиқ ҳарбий горнизони учун “Озиқ
овқат ва сабзавот маҳсулотлари сақланадиган ерости омбори” деб қурилгани,
кейин эса “ёпиқ ҳарбий ҳудуд” деб эълон қилиниб, у ерга кечалари Чирчиқдаги
поезд станцияси томонидан кўриниши нотабиийроқ машиналар келиб-кетиб тура
бошлагани ростлигини аниқлайди.
Ўша “ёпиқ ҳарбий ҳудуд”ни излаб топган ёзувчи-журналист бу идора тўғрисида
раҳбарият изнисиз маълумот олиб бўлмаслигига кўзи етгач, Ёвчиққан қишлоғида
уч кун пойлоқчилик қилиб, ўша идора бошлиғи қаршисидан чиқади.
“Мен газетанинг топшириғи билан шу масалани ўргангани келганимни обдан
тушунтирдим. Бу ерда кўпчиликнинг ҳаёт-мамоти, эртанги кунги тақдири билан
боғлиқ жиддий муаммо ётганини, энди уни яшириб бўлмаслигини айтдим”, дея
хотираларида ёзиб қолдирган адиб.
Ўшанда мезбон ўйланиб туриб, нима бўлганда ҳам шу замин фарзанди
эканлигидан ҳушёр тортадими:– Майли, бу горнизон ҳақида гапириб бераман, фақат дафтар-қаламни бир
четга йиғиштириб қўясиз. Гап орамизда қолиши керак! – дейди.
Унинг лўнда тушунтиришига қараганда, мазкур “объект” етмишинчи
йиллардан бери фаолият кўрсатиб келади. Расмий номи “Радиацион чиқиндилар
мозористони” бўлиб, бу чиқиндилар Россиянинг Челябинск, Тожикистоннинг
Чкаловск ёпиқ корхоналаридан ўта мустаҳкам, бир неча юз йилларга чидамли
пўлат капсула баллонларига зирҳланган ҳолда келтирилиб, ер ости шахталарига
жойлаштирилар экан. – 1985 йилдан бошлаб юқори идораларнинг кўрсатмаси билан Электрон саноат
вазирлигининг чиқиндиси Москва вилояти ва унинг атрофларидаги шаҳарлардан
келтириб кўмилган… Буйруқни бажаришга мажбур бўлганмиз, – дея сўзини
тугатади суҳбатдош.
Хайрлашув чоғида:– Гап орамизда қолади-я, йўқса – бош кетади-я, – дейишни ҳам унутмайди
раҳбар.
“Орамиз”даги гапнинг кичкина магнитофоннинг оҳанрабо тасмасига ёзиб
олинганидан эса директор бехабар эди.
Ёзувчи-журналистнинг дўсти, “Литературная газета”нинг Ўзбекистондаги
мухбири Владимир Соколов “бу ишдан яна бир Чернобилнинг ҳиди анқиётгани,
зудликда шу соҳага даҳлдор олимлар билан бамаслаҳат тарзда бу муаммонинг
ёпти-ёпти бўлиб кетмаслиги чорасини излаш” таклифини беради. Шу боис
мақола “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилингач, олий
раҳбарият саросимага тушиб қолади. Собиқ Иттифоқ ва республика газеталари
“Ёвчиққан”га танда қўйишни бошлашади. Бу орада Дадахон Нурийнинг ўша
мақоласида нимаики ёзилган бўлса, ҳаммаси ёлғон, уйдирма қабилида адибга
нисбатан ҳақорат кампанияси уюштирилади.
Ҳатто ўша даврда Бўстонлиқ район партия қўмитаси биринчи котиби бўлган
Акбарали Йўлчиев “халқнинг кўзи очиқ, ҳамма нарсадан хабардор, кўриб-билиб,
барчасини англаб турибди-ку, уни яшириб, ёлғон хабар тарқатишнинг нима ҳожати
бор”, деб муносабат ҳам билдиради. Дадахон Нурий бир гуруҳ экологлар билан
“Ёвчиққан”га, пештоқига “Республика радиоактив чиқиндилар кўмиш пункти”,
деб ёзиб қўйилган жойга боради. Гуруҳни қаршилаган мутассадилардан Морозов:
“17 йилдан бери шу ерда ишлайман, четдан ҳеч қандай чиқинди олиб келинмаган”,
деб гувоҳлик беради. Ёзувчи-журналистнинг қўлидаги микрофонга тасодифан
кўзи тушгач эса шашти пасайиб, мавзуни бошқа томонга бурмоқчи бўлади.
“Микрофонни унга яқинроқ тутганимдан кейин Морозов ўнғайсиз вазиятга
тушиб, эсанкираб, очиқ гапиришга мажбур бўлди”, дея эслайди адиб.
Шундан сўнг Морозов: “Тўғрисини айтсам, Семипалатинск, Челябинск
томонлардан ҳам радиоактив баллонлар келтирилган”, деб ростини айтишга
мажбур бўлди…”
Бу орада “Огонёк” журналида Александр Минкиннинг “Ёвчиққан”га келиб,
кўрган-кечирганлари асосида ёзилган салмоқли мақоласи чоп этилади.
Министрлар Советининг раиси Ғайрат Қодиров ҳузурига чақиртирилган
Дадахон Нурий билан жиддий суҳбат бўлиб ўтади. Унга мазкур ҳодисани ўрганиш
учун “Фавқулодда экологик ҳайъат” тузилиши ҳақида айтилади. – Энди, шу “Ёвчиққан”ни тўхтатиб турайлик. Ҳозир ўзинг тушунадиган
одамсан, Чернобилники етиб ортяпти, – деб хонасидан қувиб ҳайдагандан ҳам
баттар қилишади…
Бир неча кундан кейин ҳайъат йиғилиши бўлади. Унда “Ёвчиққан” чиқиндилар
омбори” мудири:– Радиоактив чиқиндилар кўмиладиган “ўра”ларимиз ўта мустаҳкам. Қарийб
йигирма йилдан бери ҳали бирор марта авария бўлмаган. Биз фақат республикамиз
чиқиндиларини кўмамиз, улар жуда кучсиз радиацион чиқиндилар, – деб аравани
қуриқ олиб қочади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги радиацион хавфсизлик бўйича бош
мутахассис Вайнтейн ҳам ҳукумат ўргатган гапларни қайтаради: “Бу объектда
бирор марта ҳам радиацион нурланиш нормадан юқори бўлмаган”.
Юрак ютганлар орасида “Ёвчиққан”даги контейнерлар қаердан келган бўлса
ўша томонларга қайтариб юбориш чоралари кўрилиши керак, деган гапларни ҳам
кўтариб чиққанлар бор эди.
Фавқулодда йиғилишнинг эртаси куни Иттифоқ “Правда” газетаси ғирт
ёлғондан иборат “Ўзбекистонда тарқатилаётган миш-мишлар”га қарши “Ваҳимага
ўрин йўқ” номли раддия ўрнида мақола эълон қилади:
“Биз маҳаллий бир ёзувчининг Ўзбекистон матбуотида босилиб, ҳали-ҳануз
кўпчиликни чалғитиб юрган мақоласи бўйича Бўстонлиқ туман ҳудудини айландик.
Бирон жойда атроф-муҳит учун хатарли радиацион чиқиндилар кўмилган
“полигон”ни учратмадик, демак, ваҳимага ўрин йўқ”, деб ёзғирилганди мазкур
мақолада. Бироз вақтдан кейин эса Совет иттифоқининг “Ёвчиққан” тўғрисидаги
қарори эълон қилинади. Лекин Дадахон Нурий барибир Бўстонлиқ мавзусини
ташлаб қўймайди ва охир-оқибат зарарли чиқиндилар омбори фаолиятига чек қўя
олади.
Дадахон Нурий республиканинг экологик аҳволи ҳақида кейин ҳам тинмай ёзиб
чизди. Унинг “Ҳуррият” газетасида эълон қилинган “Яйдоқлик чорраҳасидаги
ўйлар” мақолалар туркумида хусусий оромгоҳларнинг экология ва санитарияга
мутлақ қарши тарзда шундоқ сув бўйларига қадар қурилаётгани, бундай
дала-ҳовлилардан сувга турли зарарли оқавалар келиб тушишидан ташвиши
билдирилади.
Шунингдек, у дендрологик ўзгаришларга қарши “Шаҳар ўртасидаги бир
туп ўрик” номли мақоласини эълон қилиб, 1986 йилда ҳукумат қарори билан
Тошкентда Россиядан келтирилган дарахтларни ўтқазиш кампанияси тўхтатилиб,
мевали дарахтлар экишга рухсат берилишига эришади.
Дадахон Нурий на шўро зулмидан, на айрим амалдорлар қувғину ҳибсларидан
чўчимади. Ўша замоннинг буюк адибларидан Чингиз Айтматов айтганидек,
“социалистик жаннат” деб аталмиш улкан жиннихона” даврида ўз ҳузру
ҳаловатидан кечиб, довюраклик, фидойилик кўрсатиб, гўзал маскан Бўстонлиқ
табитини асраб қолишда жонфидолик қила билди.
Унинг эколог журналист сифатида Бўстонлиқдаги ҳарбий полигон устидан
қозонган ғалабаси кутилмаганда обрўйини кўтариб юборди. Эндиликда Дадахон
Нурий вилоят, республика миқёсида ўтказиладиган, нафақат экологик, балки
ташвиқий, сиёсий тадбирларга ҳам таклиф этила бошланганди.
Аммо Тошкент шаҳри саноатини ривожлантириш масаласига бағишланган
навбатдаги катта йиғилишда қатнашган ёзувчи унга сўз берилганда барчани
ларзага келтирадиган нутқ сўзлайди.
У пойтахтнинг Сергели туманида ҳавонинг саноат чиқиндилари билан
ифлосланиш даражаси икки баробар юқорилигига қарамай, Россиядаги Воронеж
шаҳри аҳолисининг қаттиқ қаршилигига учраган йирик кимё мажмуасининг зимдан
шу ҳудудга келтириб қуриш ҳаракати бошлангани, бундай объектнинг пойтахт
шаҳар ёнбошида бўлиши шаҳарни катта ҳалокатга олиб келиши мумкинлиги
ҳақида инкор қилиб бўлмас жонли мисоллари билан узоқ гапиради. Унинг бу
нутқи эса Ўзбекистонда қаттиқ тартиб-интизом ўрнатиш учун ҳокиму мутлақлик
мартабаси билан Москвадан юборилган жанобнинг ғазабини жунбушга келтиради.
Ёзувчининг дадил, рост сўзлари тарқаб кетмаслиги учун чоралар кўрилади.
Дадахон Нурийнинг қўшниси, сафдоши таниқли журналист Ирисмат
Абдуҳолиқовнинг гувоҳлик беришича, шу орада гавжум “Салар” темирйўл
станциясига яқин Дархон мавзесида пароход шаклида тўққиз қаватли улкан
кўпқаватли уй – “дом” қурила бошланади. Бу уй шу қадар шиддат билан қад
кўтарадики, ҳеч қанча вақт ўтмай унинг қарийб икки юздан иборат хонадонлари
воронежлик оилалар билан тўлади. Дадахон Нурий бу меҳмон-қурувчилар
изидан тушиб, Сергелидаги Кимё шаҳарчасидаги қурилиши бўлаётган жойга
бориб, бу “объект”ни ўрганиб қайтади.
Кейинги сафар бунёдкорлик ишлари билан пойтахт аҳолисини таништириш
учун қурилиш бош директори Арнольд Пугачёвни интервью беришга кўндиради.
Журналистларга ихлоси баланд Арнольд Николаевич вагонеткадан иборат
маъмурий бинода девор юзини қоплаган заводнинг улкан қурилиш лойиҳаси ҳақида
тушунтириш беради. Унинг англатишича, бу завод даставвал Янгийўл, Чиноз
районлари оралиғига қурилиши режаланган. Аммо Министрлар совети томонидан
ўртоқ Огарокнинг завод Тошкент ҳудудида бўлиши керак деган кўрсатмаси билан
мана шу жой танланган. Завод 250 минг квадрат метр майдонда жойлашиши, бу
ерда 35 минг киши яшайдиган шаҳарча бунёд этилиши кўзда тутилган. Бунинг
учун “Ўзбекистон ССР 60 йиллиги” хўжалиги ва “Ўзгариш” массивидан 270 минг
гектар ер ажратилади. Бу каби умумий маълумотлардан хабардор бўлган “изқувар”
журналист директорга бир неча савол билан мурожаат қилади:– Бу заводнинг атроф-муҳитга таъсири ҳақидаги ҳисоб-китоб баённомасида
шаҳар ҳавосига чиқарадиган бир йиллик зарарли кимёвий қурумлар ҳажми 2490
тоннани ташкил этиши тўғрими? Сергелида бир неча километрга чўзилган жуда
катта ҳажмдаги сув захираси борлиги туфайли аслида бу завод қурилишига ҳатто
рухсат берилмаганлиги тўғрисидаги хабар-чи?
Табиийки, бу саволларга мужмал жавоблар олинади. Икки соатга чўзилган
интервью-мулоқот япон магнитофон оҳанрабосига тушириб олинади. Журналист
Сергелининг серҳосил дала-боғлари пайҳонланиб олиб борилаётган қурилиш
кўламининг катталигини кўриб, уни тўхтатиш ҳақида чоралар излашга тушади.
Бу “Кимё шаҳарчаси” ҳақидаги аниқ далил-ашёлар асосида “Аждаҳонинг боши
қаерда ёки Сергелида нима гап?” номли салмоқли мақоласини адади қарийб бир
миллион бўлган яна ўша балогардон “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида
эълон қилади.
Дадахон Нурий ўтган асрнинг 60-йиллари ўрталарида рўй берган Тошкент
зилзиласи ҳақида ҳам рост гапларни айтиб кетганлардан биридир. У мазкур
офатнинг мутлақо ғаразли мақсадларда уюштирилганини бонг уриб чиқади.
Маълумки, ўша зилзиладан кейин минтақанинг қадимий шаҳарларидан
ҳисобланувчи Тошкент қисқа фурсат мобайнида мисли кўрилмаган “демократик
ғалаба”га эришади. Совет даврида ҳеч қачон ошкор айтилмаган, лекин фақат
тор доиралардагина хуфя йўллар билан амал қилинадиган “Государственно
образуюшие населения” (“Давлат бошқарувининг асосини ташкил этувчи аҳоли”)
деган тушунча ҳукмрон эди. У пайтлар, шубҳасиз, “аҳоли” деганда “буюк оға”
деб улуғланувчи рус миллатига мансуб кишилар тушуниларди… Ўрта Осиё
республикаларининг пойтахтлари учун ёзилмаган қонунга кўра эса у ерларда
истиқомат қилувчи “маҳаллийлар” қанча озчиликни ташкил қилса, шунча яхши,
деб қаралган. Аммо Шарқ машъали ҳисобланган Ўзбекистонда руслар пойтахт
аҳолисининг атиги етти фоизини ташкил этиши Кремлга ёқмай, бу масала
сиёсий бюронинг ёпиқ мажлисида кўриб чиқилади. “Ўзбекистонда Болтиқбўйи
республикалари, Украинадагидек ёшларни интернационал руҳда тарбиялаш
ишлари ўлда-жўлда” экани танқид қилинади ва шу муносабат билан Тошкентни
“интернациялашуви” бўйича чоралар белгиланиб, қарор тасдиқланади.
Тошкент шундоқ Чотқол тоғлари этагида жойлашгани сабаб, кучли бўлмаса ҳам,
бот-бот қайтарилиб турувчи зилзила зонаси ҳисобланар, у ерда баланд бинолар
қуриш одат тусига кирмаган эди. Топшириққа кўра, юқори балли зилзилага бардош
бера оладиган кўп қаватли биноларни синовдан ўтказиш учун махсус полигон
барпо этиш керак бўлиб, бу иш учун Паркентдаги Гулистон колхозига қарашли
чекка тоғ этакларидан синов учун жой ажратилади. Қисқа пайтда дераза ойнаси
йўқ, усти темир бетондан иборат япалоқ гумбаз шаклида ёпилган катта иншоот
қад кўтаради…
Борлиқни кўм-кўк ўт-ўланлар, лолақизғалдоқлар қоплаган айни баҳор эрта
тонгида полигонда ўтказилган синовдан атроф ларзага келиб, бутун Паркент бир
қалқиб тушади. Ўша бинонинг бетон устун ва плиталари ер билан бир бўлади.
“Жони қаттиқлари” қасир-қусур овоз чиқариб анча вақт тебраниб туради.
“Айни шу дақиқаларда пойтахтда қиёмат қойим бошланади. Бир бало
бўлишини кутгандек, олдиндан шай туришга буйруқ бериб қўйилган эканми, ўт
ўчириш, “Тез ёрдам” машиналари шовқин-сурон солиб ишга киришиб кетадилар”,
дея эсдаликларида ёзади Дадахон Нурий.
1966 йил 26 апрель куни тонгги соат 5:23да Тошкентда содир бўлган зилзила
ўчоғидаги силкиниш магнитудаси 5,2 эпицентрдаги ер юзасида сейсмик таъсир
эса 8 баллдан ортиқ, чекка жойларда 6 баллни ташкил этган эди.
Аммо расмий хабарларда “Зилзиланинг ўчоғи шаҳарнинг марказий қисмида
нисбатан кичик чуқурлик – ер тагида 3 км.дан 8 км.гача бўлганлиги сабабли зилзила
шаҳарни тўлиқ вайрон қилиб юбормади. Сейсмик тебранишлар кўпроқ вертикал
бўлганлиги учун ҳаттоки эски пахсали уйлар тўлиқ бузилмай қолди. Кучли зарбадан
уйлар қийшайиб ва ёрилиб кетди. Ўнлаб, асосан жамоат бинолари қулаб тушди. 78
минг оила ёки ўшанда пойтахтда истиқомат қилган 1,5 миллионлик аҳолининг 300
мингдан ортиғи уйсиз қолди. Зилзила оқибатида 8 киши ҳалок бўлди ва тахминан
200 киши жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди”, дейилади.
Шу кундан бошлаб Совет иттифоқининг ҳар томонидан тинимсиз ёғилиб
келаётган қурувчи отрядларини карнай-сурнайлар билан кутиб олиш тантаналари
еру осмонга ўрлайди.
Паркент синовидан мақсад – Тошкентда “ўртамиёна тектоник ер қимирлаш”
тажрибасини ўтказиш, янги пойтахтда тикланажак кўп қаватли биноларнинг
зилзилага бардош бера олишини аниқлаш ва… ўша асосий масала – аҳоли
қатламини руслаштиришдан иборат эди.
Маҳаллий телевидениеда эса олинган репортажларда байналмилаллик руҳини
бериш билан баробар, “Мен Тошкентни севиб қолдим, оиламни ҳам шу ерга кўчириб
олиб келаман”, деган мазмундаги қардош миллатларнинг суҳбатлари берилиши
шарт ва буларнинг барчаси мудҳиш демографик урчитишнинг бошланиши эди…
Дадахон Нурий бу мавзуда кўплаб мутахассис ва олимлар билан “махфий”
суҳбатларини матбуотда ошкор қилишга улгурмайди, бу воқеаларга доир фикр
мулоҳазаларини қўлёзма шаклида қолдирган, холос.
Адибнинг 700 бетдан зиёд “Ниқобсиз Америка…” асари эса унинг океанорти
юртига қилган олти ойлик сафари маҳсулидир. У тўфонлар, туб ерли америкаликлар,
Чикагодаги осмонўпар бинолар, фермерлар, Американинг таълим ва тиббиёт
тизими, кутубхоналари ва Президент Барак Обама маъмурияти сиёсати ҳақида
ёзади. 2001 йил 11 сентябрь ҳужумларигача бўлган мавзуларни қамраб олади.
“Америкада ярим йилча сафарда бўлиб, уни ҳар томонлама, ўзим билганча
ўрганиб, “Ниқобсиз Америка…” китобини ёздим. Бизга шу пайтгача Американи
ниқоб остида кўрсатиб келишган. Албатта, Американинг ҳам ўзига яраша
камчиликлари бор. Дунёда муаммосиз мамлакат йўқ. Мен ҳам сафарномамда
Американинг яхши ва муаммоли томонларини кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бу
камчиликлар бизда ҳам бор. Агар биз фақат муаммоларга ёпишиб олсак, бу ердаги
қилинаётган яхшиликлардан кўз юмган бўламиз”, деб ёзади у.
Бир сўз билан айтганда, курашчи ёзувчи бўлган Дадахон Нурий ўз умри
давомида бир эзгуликка қўл урдими, уни охиригача етказмасдан қўймади.
Қийналса ҳам, таъқибга учраса ҳам “майдон”ни ташлаб чиқиб кетмади. Замонасоз,
ўзини ҳар қандай мақомга солиб юрадиганлардан бўлмади. Ўзбек адабиёти ва
журналистикаси Дадахон Нурийдек кенг қамровли, серқирра ижодкор, эътиқоди
пок, маънавий юксак, кучли ва забардаст шахс билан ҳар қанча фахрланса арзийди.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 5-сон