Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Менга бахт ваъда қил

ОЙДИННИСО – 1980 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг
журналистика факультетини тамомлаган. Шоиранинг “Менсизлик”, “Номсиз”,
“Қайтиш”, “Ҳовур”, “Қоралама”, “Серенада” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.


* * *

Бир суйдирги ичимда…
Мансур Жумаев


Ичимда битта жон бор,
Минг ўлим бор ичимда.
Мингта хазон, мингта хор,
Бир гулим бор ичимда.


Ўз-ўзимга ноаён
бир сирим бор ичимда.
Минг сўқир,
бир кўргувчи
кўз қирим бор ичимда.


Сен билмайсан, билмайсан,
Кўнгил деган уйим бор.
Сен ҳақингда бир билим,
Сендан айро куйим бор,


Куй ярмида узилган
мингта тор бор ичимда.
Ўз-ўзимга тузилган
битта дор бор ичимда.


Ичимда мингта ёлғон,
бир ҳақиқат ичимда.
Бир ишончу, минг гумон,
фақат, фақат ичимда.

Сендан тортиб олинган
Минг қўлим бор ичимда.
Фақат сенга боғланган
Бир йўлим бор ичимда.


Ичимда минг инкор бор,
Битта хумор ичимда.
Мингта ғурур, мингта ор,
Бир хокисор ичимда.


Минг ташналик, минг очлик,
Бир тўқлик бор ичимда.
Мингта борлиқ, минг очун,
Бир йўқлик бор ичимда.


Бир йўқлик бор ичимда.


* * *
“Майли, ёлғон бўлсин, майли, рост бўлсин,
Менга бахт ваъда қил!” титрайди кўксим.
Жисмимда кўнгилнинг асоратлари,
Мен не кутадирман сендан, азизим?


Ахир, тонглар каби отдим кўксингда,
Ботсам, қуёш каби кўксингга ботдим.
Дунё дунёлигин қилди, қўл силтаб,
Берган истакларин мен юлиб отдим.


Ахир, ҳаётимда бир қайноқ муз бор,
Қучсам, юрагимни куйдиргувчи муз.
Ахир, ҳаётимда бир аччиқ сўз бор,
Мени ўз-ўзимга суйдиргувчи сўз.


Ҳатто энг бедоднинг бедодлигида,
Шафқат уйғотгувчи нимадир бордай.
Ҳатто энг озоднинг озодлигида,
унинг ўзи таққан бир занжир бордай.


Ҳатто энг бахтлининг бахтлилигида
Борми ачинмоққа нойил кўргилик?
“Кўнгил!” сўзи шоҳми кўнгил йўлида,
Кўнгуликми бари, фақат кўнгулик?


Жисмимда кўнгилнинг асоратлари,
Мен не кутадирман сендан, азизим?
“Майли, ёлғон бўлсин, майли, рост бўлсин,
Менга бахт ваъда қил!” титрайди кўксим.



* * *
Бир қадам бор бахтга етишга, аммо,
Кўксинг ичра ўксиб турар нимадир.
Ҳислар ҳалал бермас кетишга, аммо,
Йўлларингни тўсиб турар нимадир.


Оқ йўлга чиқмайсан қаро юз билан,
Ҳис этмайсан ҳаёт, қазо нимадир.
Жазо бергинг келар, аммо билмайсан,
Кетишдан баттарроқ жазо нимадир.


* * *
Жуда оғир қолди сендан хотира,
Қулаб, қафас ичра учган юрагим.
Жуда оғир синди бунда занжирлар,
Синган каби менинг ҳар бир сўнгагим.


Жуда оғир келди ёт ҳислар –
эссиз,
ер билан яксондир ёв босган кўнгил.
Жуда оғир ботди сўнгги ширин сўз
қайғумга, қабримга тутилган бир гул.


Умидлар… умидлар узилди оғир,
Жуда оғир синди ўртада ишонч.
Ҳаёт – ҳаёт эмас, биз қазган қабр,
Жуда оғир чиқди жисмимдан бу жон.


Жуда оғир қолди мендан хотира…


* * *
Мен қорахат олдим,
сиёҳи қондан,
Ишқнинг қони эди,
ифори таниш.
Минг йиллик жангларда
ўқ овозидай
Янграган сас таниш:
“Мен бошқа одам!”


Мен қорахат олдим,
ёзуви таниш,
Ҳарфлар титраб
нажот сўраган кўп бор.
Қўйиб юбормаган мени
зиндоним,
Гарчи ўзим маҳбус,
ўзим зиндонбон.


Мен қорахат олдим:
“Ишқимиз ўлди!”
Бир куни янграши муқаррар
калом.
Юрагимга –
унинг қабрига боқдим,
Худди бегонадай,
руҳсиз ва сокин.


Мен қорахат олдим
андуҳи таниш,
Менга дахли йўқдай
турибман кулиб.
Бироқ… нечун титрар
бу ишқсиз юрак?
Нечун исён қилар
тийиқсиз вужуд?


* * *
Юракда санчиқми ё тош кўчкиси?
Кўчаётган тошсўз ва ё тошсукут?
Кимга отилмоққа шайланган тошлар,
Қайга кўчаётир, манзили унут?


Ёвузликми энди энг оқил чора,
Дунёга қаршими танланган йўллар?
Сўзингга, ўзингга, узлатгоҳингга,
Худога қаршими ёлланган йўллар?


Азоб чекаётиб кулмоқ не учун
Ўзинг чекаётган қайғу устидан?
Кулаётиб кўзёш тўкмоқ не учун
Ўзинг кулаётган кулгу устидан?


Нечун кирган эдинг беқарор дилга,
Тутиб ўз кўнглингнинг қарори, аҳдин?
Тирик қолармисан суғуриб отсанг,
Юракка ханжардай санчилган бахтни?


Қайга оғиб борар бу тош кўчкиси,
Сенга кўчмоқчими у сендан ўтиб?
Дил оёқ остида, бошинг осмонда,
Қайга борадирсан ўзингдан кетиб?


* * *
Мана, кўр, мен эмас, ер-осмон қалқир,
Қимир этганим йўқ, тўрт томон қалқир.
Жиммиз, увлаб ўзин ҳар ён урган не,
Балки ичда уммон ё гумон қалқир.

Йўқ, маломат тошин отмас бу жимлик,
Сирни яширмас ё сотмас бу жимлик.
Ё ҳамдард бўлолмас, ўзлиги унут,
Ё ўз қаърига жим ботмас бу жимлик.


Сўзсиз, тиғсиз жангда бунча холислик,
Холис жимлик ичра бунча ғализлик.
Ҳамнафас оламим, ҳамнафас умрим,
Ҳамнафаслик ичра бунча олислик.


Юраги бўм-бўш-ку ахир ҳамманинг,
Калтакланган итдай оғир тананинг.
Бунча юки оғир, овози баланд,
Ҳеч нима, ҳеч нима, бу ҳеч ниманинг…


Адашган туш


Бир туш кўрадирман, ҳар ёнда нола.
Еру кўкда яйраб этармиш парвоз,
Еру кўкдан тинмай берармиш овоз
қумри қиёфасин кийган қузғунлар,
булбул овозини ўғирлаган зоғ.


Дард ғижимлар эмиш хаста оламни,
дардки, жисм ичра, руҳга ёр эмас,
баҳайбат ва лекин улуғвор эмас.


Шиқирлатиб тилда кишанларини,
кўз-кўз этиб дилда кишанларини.
Қуёшга тоблармиш, товланса ял-ял,
кўзлари қувониб, айтмишлар раҳмат.
Овозини сотиб, тўйган буллар,
Ўзини йўқотиб қўйган муҳаббат.


Гуллар ёт юртларда ифор сотмишлар,
меҳрибон уйларнинг ўпқони ичра,
она нафси, чирик виждони ичра,
ҳирслар, яна ҳирслар уммони ичра,
ғунчалар узилиб, қонаб ётмишлар.
Умрбод бўридан титраган қўйлар,
қалбида чўпоннинг қўллари ила
чўпонга ишониб кавшаган қўйлар
чўпон қўлларида ўлим топмишлар.


Ер титрамиш ютмоқ бўлиб одамни,
кўк пастламиш тортмоқ бўлиб одамни,
лек одам йўқ эмиш, фақат бор овоз.
Одамдан суғуриб олиб одамни,
унинг кўкси ичра ўзин санчганмиш,
оламга ҳукмрон бир парча қоғоз.

Якранг қўғирчоқлар созлашиб созни,
қўғирчоқ ўйнатиб қўғирчоқбозни,
ҳар ерда томоша қўяр эмишлар,
ҳамда ўз-ўзига қарсаклар чалиб,
афишалар илиб, яловлар илиб,
ғолиблик гаштини сурар эмишлар.


Уйғот, бу даҳшатдан халос эт, дейман,
олиб кет, олиб кет, олиб кет дейман,
бироқ кетгим келмас, кечиргил, Тангрим,
уйғона олмайман, уйғотолмайман.
Бул адашган тушни ўшал туш ичра,
айтиб йиғлайдирман, йиғлатолмайман.


* * *
Хотирга айлангач, маъно касб этган,
гўзаллашиб кетган кўп ҳодисотлар
денгиз тубидаги гавҳар мисоли
ётгайдир ўтмишнинг тубида чўкиб.


Гоҳи қармоқ ташлаб олис ўтмишга,
балиқ овлагандай овлайсан ўша
хотирда товланган ҳодисотларни.


Дейлик, илк бор ёзган шеърингнинг завқи,
ёшлик, талабалик гашти илинар,
сўнгра севги бахти, изтироблари,
висол, айрилиқнинг хуш азоблари,
гўдагинг хуш бўйи, айтган илк сўзи,
дўстнинг сени кўрса қувонган кўзи
ва ёки ўқиган китобларингдан
олганинг мислсиз лаззат сурури.


Барини қирғоққа териб ташлайсан,
кўздан кечирасан олиб бирма-бир.


Ёш қизнинг кўйлаги кекса аёлга
ярашмаган каби айни кунингга
ярашмайди сира уларнинг кўпи,
йиғлаб ирғитасан ўтмишга қайта.


Қирғоқда қолмоғи муқаррар фақат
ўтмишинг, бугунинг, истиқболингга,
кулгингга, йиғингга, йўғинг, борингга,
ўнгингга, тушингга, ҳар не ҳолингга,
ярашиб тушгувчи онанг борлиги
ва унинг дуога очилган қўли.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 5-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil