
Раҳшона АҲМЕДОВА – 1987 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари
университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. “Орзу ва денгиз”,
“Соябон остида”, «Тушунарсиз севги изҳори» номли китоблар муаллифи.
Ўтган 2024 йилда “Шарқ юлдузи”да қирққа яқин ҳикоялар эълон қилинган.
Шулардан ўнга яқини ёшлар ижоди бўлиб, уларда анъанавийлик, шунинг
баробарида ўзгачаликка интилиш, мавзу доирасининг турфалиги кўзга ташланади.
Кузатувларим жараёнида аввалги йилларга қараганда, ўтган 2024 йил ёшлар
ижодига камроқ ўрин берилгандек туюлди менга.
Аслида, Назар Эшонқулнинг “Занжирбанд” ҳикояси (8-сон), Неъмат
Арслоннинг “Ғайритабиий ҳолат” новелласи (4-сон), Қамчибек Кенжанинг “Туш”,
Чоршанби Деҳнавийнинг “Соясини эркалатган аёл” ва “Бека” (5-сон), Нормурод
Норқобиловнинг “Ёнғин” (6-сон) ҳикояларига алоҳида муносабат жоиз. Бироқ
бу муаллифлар аллақачон эътироф топган ёзарманлардан саналгани боис, ушбу
ҳикояларга тўхталиб ўтирмадим, лекин улардаги сўз қўллаш маҳорати, мавзуни
ёритишдаги кўламдорлик ва пишиқ-пухта ёзиш услубини ёшларга ўрнак қилиб
кўрсатса арзийди.
“Шарқ юлдузи” журналининг 2-сонида Умид Алининг “Дарвоза” ҳикояси
ўрин олган. Унда талабанинг тилидан ётоқхона дарвозасини алмаштирганларидан
кейинги воқеалар сўзлаб берилади. Сюрреализм анъаналарига асосланиб ёзилган
ушбу ҳикояда ўқувчи ажабтовур воқеалардан ҳайратга тушади. Дарвоза вақти
бемаҳал очилмайди, ичкари кирдингми, ташқарига чиқиш йўқ ёки аксинча. Энг
ёмони, яшилранг дарвоза гоҳи сариқ, гоҳи эса қон каби қип-қизил тусга кириб,
талабаларни қўрқитади, яъни воқеалар реалликдан ишониб бўлмас ҳолатга кўчади.
Қаҳрамонимиз бу диққинафас қафасдан кетишни истайди. Ва у бунга эришади,
бироқ у кўчиб ўтган квартира дарвозаси негадир очилмайди. Бу асар сюжетнинг
жозибаси билан ўқувчини ўзига боғлаб олади.
Бу ҳикоя орқали ёзувчи нима демоқчи? Инсон табиатан шундай яратилган,
қанча чекласанг, руҳида шунча исён туғилади. Инсоннинг эркинликка ҳамиша
эҳтиёжи бўлган ва у ҳар доим озод яшашни истайди. Бироқ бунга эришиш осон
эмас. Таассуфки, киши бунга ҳеч қачон эришолмаслиги мумкин. Ёхуд озодлик
етиб бўлмас манзил. Анъанавий услубга ўрганиб қолган ўқувчида бу ҳикоя ўзига
хос таассурот уйғотади ва дунёга бошқа нуқтаи назардан қарашга ундайди. Буни
ёзувчининг муваффақияти сифатида баҳоласак бўлади.
Журналнинг 3-сонида Байрам Алининг “Илинж” ҳамда “Топишмоқ” ҳикоялари
ўрин олган. “Илинж” ҳикоясида кекса чавандознинг ўлим олди сўнгги дақиқалари
таъсирли тарзда сўзлаб берилади. Унда ор талашган, эл-юртининг ори бўлиб келган
чавандоз ҳаётининг сўнгги дамларида нега бунча жон чиқиши қийин кечаётгани
ўқувчига тугун сифатида тақдим этилади. Бироқ бу тугун ечилганда ўқувчи яна
бир жумбоқ билан юзма-юз келади: чавандоз ўлими олдидан нима учун айнан ўз
отини кўргиси, у билан рози-ризолик қилгиси келди, ахир у инсон-ку?! Мантиқан,
одамнинг энг яқин дўсти одам бўлиши керак эмасми?
“Топишмоқ” ҳикоясида ёш келинчакнинг келинлик уйидаги илк кунлари, илк
қувончу ташвишлари содда-самимий тасвирланган. Анъанавий услубда ёзилган
ушбу ҳикояда келинчакнинг туши билан боғлиқ рамз берилган. Бунда муаллиф
ҳикоя сўнггига келиб “тушларида беркитган сири” деган жумлани ишлатади. Яъни,
келинчак ҳар қанча пардаламасин, яширишга уринмасин, анҳор унинг истакларини,
қайсидир маънода армонини ўзига юз кўрсатганди. Байрам Али теран фикрлаши,
сўзни ҳис қилиши билан ўз тенгдошларига нисбатан яхши ижодкор сифатида
етилиб келаётгани қувонтиради. Муаллифнинг образ яратишдаги интилишларини
алоҳида таъкидлаш жоиз.
Журналнинг ушбу сонида Ойдинисонинг “Чап қовурға” ҳикояси эълон
қилинган. Унда аёлнинг кечмиши, аёлнинг дардли дунёси, аёлнинг қисмати савол
тарзида берилади. Буни “Саволли ҳикоя” деб атаса бўлади. Чунки асар бошдан
оёқ саволдан иборат. Ва айни шу жиҳати билан муаллиф ҳикоячилигимиздаги
янги анъаналарни шаклланишида ўз ҳиссасини қўшмоқда десак муболаға бўлмас.
Аёл шундай бир хилқатки, унда метин ирода, кечирувчан қалб, дарёга қиёс меҳр
муҳаббат бор. У ҳаммасига чидаши мумкин, ҳаммасини кечириб яна меҳрибон
она, меҳрибон рафиқа ролига қайтиши мумкин. “Лекин ундан воз кечсалар, қандай
кечиради? Кечирмаса, қандай яшайди”, мана шу саволни далиллайди муаллиф ва
бунда аёл характерини очиб беради.
Ойдинисонинг ютуғи ўз дардини ўқувчига юқтира олганида деб ўйладим. Чунки
ўқувчи ҳикоя сўнггига қадар кўз юммайди, “Чап қовурға”нинг то охирги жумласига
қадар хаёллар аро саросар кезинади.
Журналнинг 5-сонида ёш ижодкор Роҳилабону Ғўччиеванинг “Она бўри” ҳикояси
ўрин олган. Унда ҳайвонот ва одам боласи тақдири бир-бирига эш тарзда берилади,
яъни, қачонлардир қилинган ёмонлик бир кунмас бир кун, ҳеч қурса авлодингда
юз кўрсатади, деган яхши ибрат бор. Ҳикоя тугун билан, яъни, Шери полвоннинг
қўрасига бўри оралаган кундан бошланади. Ва давомида уч қиз тақдири ўқувчига
ўзгача услубда англатилади. Ҳикоянинг тили шевага уйқаш тарзда берилганини
алоҳида таъкидлаш жоиз. Эҳтимолки, шу сабаб ўқувчида ҳикояни қайта-қайта
ўқиш эҳтиёжи туғилади. Чунки тушунилиши қийин. Ўқувчи тушунмаса агар,
ўқимасдан ташлаб қўймасмикан, деган гумон ҳам ўтади хаёлингдан.
Муаллиф эса парво қилмайди, шу йўсинда давом этади. Ва ўқувчи эътиборини
бутунлай бошқа ракурсга қаратади. Ўз севганига етолмай, катталар розилиги ила
қилинаётган тўйдан норози қизнинг ўша катталарнинг қачонлардир хатоси эвазига
умри завол топишини бугунги кунимизда ҳам айни шу хулосанинг фақат бошқа
шаклда акс этишига ишора ўлароқ тушунса бўлади. Қисқача айтганда ҳикоя
структурал жиҳатдан пишиқ-пухта ёзилган.
Журналнинг 6-сонида ёш ёзувчи Фарҳод Эшоннинг “Қўрғон” ҳикояси ўрин
олган. Ноанъанавий услубда ёзилган ушбу ҳикояда воқеа хаёлот ва реаллик
ўртасида уйқаш келтирилади. Муаллиф ифодаламоқчи бўлган маъно-мазмун
ҳадеганда кўзга ташланмайди. Рамзлар сўзламайди. Фақатгина айрим деталлардан
боланинг етим экани, уни асраб олишгани, қачонлардир шу уйда яшагани, кучуги
бўлгани ва нимадир сабаб бу уйга бегона бўлгани англашилади, холос. Назаримда,
ҳикояда чалкаш ипларнинггина тақдим этилиши ўзини у қадар оқламайди. Ҳикоя
тугун билан кифояланмаслиги керак, муаллиф ўқувчини хулосага етаклаши лозим.
Ечим бермаган тақдирда ҳам ўқувчига калаванинг учини тутқазмоқ керак.
Журналнинг 8-сонида шоира Гулноз Мўминованинг “Чалахотин” ҳикояси эълон
қилинган. Ҳикояда саратонга чалинган аёлнинг қалб изтироблари, ички оғриқлари
жуда таъсирли битилган ва унда аёллик аъзоси – кўкраклар муҳим образга айланган.
Муаллиф образли тафаккур тарзи билан бошқалардан ажралиб туради. Характер
тўла очиб берилади. Гулноз Мўминова айни шу жиҳати ва шунинг баробарида,
сўзни ҳис этибгина қолмай, жой-жойида фойдалангани билан ўқувчининг
эътирофига муносиб. Чунки ҳикоя ичидан бирорта ортиқча жумла топмайсиз. Бу
каби уринишларни чин маънода адабиётнинг ютуғи сифатида эътироф этса бўлади.
Журналнинг 10-сонида ёш ёзувчи Миродил Жўраевнинг “Кўзгу суратлари”
ва “Келгинди” номли икки ҳикояси ўрин олган. “Кўзгу суратлари”да қаҳрамон
(рассом)нинг ўй-кечинмалари, тасаввур изланишлари, ҳаёт хулосалари баён
усулида акс эттирилган ва айни жиҳати билан бу битиклар ҳикоядан кўра кўпроқ
эссега тортиб кетган. “Келгинди” ҳикоясида ҳам шу ҳолат такрорланади.
Миродил ижоди билан таниш бўлган тадқиқотчи сифатида айтишим мумкинки,
у ўз услубини қидираётган, изланувчан ижодкорлар сирасига киради. Шунинг
баробарида сўзни яхши ҳис қилади, равон ёзади.
Журналнинг 11-сонида ёш ижодкор Жуманазар Йўлдошнинг “Ажнабий”
ҳикояси берилган. Сюжет жиҳатидан қизиқ бу ҳикояда қаердан келгани номаълум
нотаниш (ажнабий)нинг сирли ҳаёти қишлоқ аҳлида қизиқиш уйғотгани ва
кейинги воқеалар бола тилидан сўзлаб берилади. Ҳикояда айрим жузъий ва
эътиборли камчиликлар кўзга ташланган. Баъзи ўринлар тўла ишланмаган.
Мисол учун, боланинг ёши аниқ эмас, эҳтимол у ўспириндир. Шунингдек, унинг
ажнабий яшаётган ижара уйига яширинча кирган саҳнаси батафсилроқ ёзилганида
ҳикоянинг таъсирчанлиги ошарди, назаримда.
“Шарқ юлдузи”да эълон қилинган ҳикоялар бўйича қисқача ўрганишларим
шундан иборат. “Ёшлик” журналига тўхталадиган бўлсак, ўтган 2024 йилда журнал
саҳифаларида йигирмата ҳикоя босилиб чиқди. Муаллифларнинг тўрт нафари
тажрибали, катта ёзувчилар, қолгани ёшларнинг ижод маҳсули.
Журналнинг 1-сонидан Абдулла Чимирзаевнинг “Бегона” ҳикояси ўрин олган.
Анъанавий услубда ёзилган ушбу ҳикояда отасининг васияти билан чўлга келиб,
экин-тикин қилмоқчи бўлган Роббимқулни ерлик аҳоли негадир суймайди. Унинг
хатти-ҳаракатларига, қилаётган ўзгаришларига ёмон кўз билан қарашади. Ҳаётда
ҳам шундай, агар сен янгилик қилмоқчи бўлсанг, ўзгача бўлсанг, отилажак тана
тошларига, қаршиликларга тайёр турмоғинг керак. Муаллиф, назаримда, ана шу
нарсани айтмоқчи бўлади.
Журналнинг 3-сонида Абдулҳамид Мухторовнинг “Тўйчиқул” ҳикояси ўрин
олган. Биографик услуб асосида ёзилган ушбу ҳикояда аравакаш чолнинг ҳаёти ўз
тилидан сўзлаб берилади. Ва шу аснода халқимизга хос иллатлар тилга олинади.
Ҳикоя ҳаётий, равон ва батафсил ёзилган, тасвирлар тиниқ, сўз танлашда зукколик
билан ёндашилган. Ҳикоя сўнггида ўқувчи “барибир ўзгармас эканмиз” деган
хулосага келади. Бироқ бу хулоса жуда жўн эса-да, ҳикоядан ўқувчини совутмайди,
аксинча яхши таассурот қолдиради.
Лекин шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, реализм анъаналари билан
суғорилган шу каби аксар ҳикояларда қуруқ баёнчилик кўзга ташланади. Буни
ўқувчи пайқамаслиги мумкин, бироқ тадқиқотчи бундан кўз юмолмайди.
Журналнинг 4-сонида ёш ёзувчи Чарос Авазованинг “Дафина” ҳикояси ўрин
олган. Биографик методдан фойдаланиб ёзилган ушбу ҳикояда Мунавваранинг
сочлари рамз сифатида олинади. Қувонса яшил, ҳаяжонланса, оловранг, қўрқса,
оқ, ғамгин тортса, қора, ўйга ботса, кулранг, чарчаса, сомондек сариқ тусга
киради. Яхши топилма. Мунавварани ҳамиша ёрдамга тайёр, кўнгли бўш қиз
сифатида тасвирлайди муаллиф. Характери тўла очиб берилади. Шунингдек,
у билан боғлиқ воқеаларни ипга тизгандек тизиб чиқади. Самимий ёзилган,
ўқувчини зериктирмайди. Дафина ерга кўмилган хазина дегани. Муаллиф ҳикоя
якунида ушбу “хазина”ни ерга кўмади, ва айни якун, менинг назаримда, ҳикояга
мос тушган.
Журналнинг 6-сонида Алишер Файзуллаевнинг “Капалаклар қандай яшайди”
ҳикояси ўрин олган. Инсон боласи одатларга тез кўникади. Очил ҳам кунда
шунда ҳаётидан кечиб, ақлдан озган ҳисоби хотинига ғамхўрлик қила бошлагач,
ана шу ҳисни туяди. Ҳатто бу одатидан ўзига таскин топади. Ёзувчининг ҳикояни
якунлашга шошилганини ҳисобга олмаганда, ҳикоя сюжети ва ўзгача ёндашув
тадқиқотчи сифатида мени қувонтирди.
Журналнинг 7-сонида ёш носир Ирода Зокир қизининг икки ҳикояси жой
олган. “Суст хотин” ҳикоясида муаллиф фольклор мотивидан фойдаланади.
Реалистик услубда битилган ушбу ҳикояда аёлнинг бор дарду дунёси юз очади.
Муаллиф “Қирқ қиз” қадим ривоятини моҳирона қўллагани, фольклорни ҳикоя
руҳига сингдира олгани асар қийматини оширган. Ва биз ҳикояларимизда ўрганиб
қолганимиз – қаҳрамон ўлими билан якунланмагани ёзувчининг ютуғи бўлган.
“Дудуқ” ҳикоясида аксинча, ўқувчи Иродага хос йўсин тополмай қийналади.
Журналнинг 8-сонида ёш адиба Маҳбуба Абдураҳмонованинг “Қафас” ҳикояси
эълон қилинган. Ҳикояда эркка интилаётган аёл, ўзини уйида парваришлаётгани
қафасдаги қушлар мисол тасаввур этади. Уларни озод қилгиси, ўзи ҳам озод бўлгиси
келади. Ижод қилишига халақит қилаётган оила ташвишларидан нолийди. Якунда
эса ўзи озод қилган қушларнинг заволига гувоҳ бўлади ва бу билан биз – аёллар
орзу қилаётган озодлик, аслида, биз истаган нарса бўлиб чиқмаслиги мумкин, аёл,
аксинча, қафасни боққа айлантириши керак, деган фикрни ўқувчига тақдим этади.
Ижод, хусусан адабиёт ҳеч вақт бир ерда тўхтаб қолмайди. Бу жараёнда ҳамиша
изланишда бўлган ижодкоргина ютади. “Ёшлик” журналининг ёш ижодкорларга
кенг майдон яратиб бераётгани эътирофга лойиқ.
Ўтган 2024 йилда бир қатор ёш ижодкорларнинг тўпламлари нашрдан чиқди.
Ушбу савобли ишга бош-қош бўлган Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим”
лойиҳасини алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, ўтган йил икки ёш ижодкор Чарос
Авазованинг “Сиёҳдон”, Фарҳод Эшоннинг “Кўлдаги акс ва гул” ҳикоялар тўплами
босилиб чиқди. Бугун ушбу лойиҳа давомчиси сифатида тилга олинаётган “Излам”
ва “Акс” ҳақида айтиб ўтсам.
“Академнашр” нашриётининг “Излам” туркумида бу йил бешта – шулар
жумласидан, Фурқат Алимардоннинг “Қоракуя”, Муҳаммадхон Юсуповнинг
“Дераза ортида”, Жуманазар Йўлдошнинг “Сир” ва МоҳиРанинг “Қирқ биринчи
кун” ҳикоялар тўплами ҳамда Байрам Алининг “Босириқ” ҳикоя ва қиссалар китоби
нашрдан чиқди. “Янги аср авлоди” нашриётининг “Акс” туркуми эса Алишер
Файзуллаевнинг “Аждар сайёраси” ва Шаҳзод Шомансуровнинг “Кунгабоқар”
ҳикоялар тўпламини кенг оммага тақдим этди. Ушбу лойиҳа доирасида чоп этилган
китобларнинг эътиборли жиҳати, бу тўпламларда ўзбек насрининг навқирон авлоди
бўй кўрсатиб тургани бўлса, қувонарли жиҳати, ёшларга қисинмай-қимтинмай сўз
айтиш имконини яратиб берганидир.
Шунингдек, ўтган йили катта авлод вакилларининг алоҳида ҳикоялар
тўпламлари нашрдан чиқди. Шу жумладан, Назар Эшонқулнинг “Момоқўшиқ”,
Қўчқор Норқобилнинг “Самолётда мен ҳам бор эдим”, Абдуқаюм Йўлдошевнинг
“Касофат рақамлар” ҳамда Холиёр Сафаровнинг “Онамнинг ёлғонлари” ҳикоялар
тўпламларини айтиб ўтиш лозим.
Хулоса қиладиган бўлсак, ўтган 2024 йилда ёшлар кўпроқ изланган, катта
ёзувчиларимиз томонидан ҳам мақтанса арзигулик ҳикоялар ёзилган. Мавзулар
доираси кенгайган. Шуларга асосланиб, айтиш мумкинки, насримиз бот
бот мақталаётган шеъриятимиздан қолишаётгани йўқ. Фақат бохабарлик ва
ўқирманлик даражаси ўлароқ, ижоднинг ушбу соҳасига эътибор камроқ. Чунки
яширишга ҳожат йўқ, бугун узун-узун ҳикоялар ўқишга гоҳида вақт топамиз,
гоҳида топилмайди. Шу учун насримиз ҳақида фикрлар кам. Ўйлайманки, зийрак
тадқиқотчиларимиз бу жиҳатни назардан қочирмайдилар ва носирларимизнинг
янгича ҳикоялари келажакда тадқиқот нуқтасига айланади.
Бугун қаторда мен номларини санамаган яна талай ёш ёзувчилар бор, уларни
икки сабабдан, эҳтимолки, баъзиларини вақтли нашрларда эълон қилаётган
ҳикояларига кўзим тушмагани, баъзиларини эса қаттиқ танқид қилишдан қочганим
учун тилга олмадим. Чунки шу кичик тадқиқот жараёнида дуч келганим шундай
ҳикоялар борки, тушуниш ва тушунтиришга эҳтиёж сезасан, киши. Ва бу ишни
мамнуният билан бажарасан. Аммо яна шундай ҳикоялар борки, тушуниб бўлмайди
ва тушунтиришга ҳожат ҳам йўқ.
«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 5-сон