Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ХИЗРНИ ЙЎҚОТГАН ОДАМ

Холиёр САФАРОВ – 1983 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетининг
ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Ой ботмаган кечалар”,
“Қанотсиз қушлар”, “Номус ва ҳаёт” номли китоблари чоп этилган.


Ҳикоя
Қуёш чиқиши билан бозорлар қайнайди. Тумонат одам. Қўлида нарса-қора
кўтариб, ғимирлаб юрган зот борки, “негадир нархлар ошган” деб тезроқ олишга
шошган, терга пишган, кўйлаклар баданга ёпишган, ёқалар кирланиб, ранги
сурланиб, юзи ғуборланиб ўзи орланиб кетади. Сотувчиларнинг қўли-қўлига
тегмайди, савдоси бўлмаса, олдида туриб қолганларни ёқтирмайди, “Олмасанг
нарироқ тур. Савдони тўсма”, деб жеркиб ҳам юбораверади. Бу кимгадир оғир
ботади. “Эй, пулга сиғинма бунча! Аввал кўради, ёқса олади, ёқмаса кетади-да!”
дейди бир оркаш орадан чиқиб. Савдогарнинг бўғриққан юзига совуқ тер қуйилади.
Намчил рўмолчаси билан пешанасини артади-да, яна сурбетлик қилади. – Қани, кеп қолинглар, арзон бўлди!
Ҳамма молини мақтайди. Қаторма-қатор кетган расталардан ортиб, йўлаклару,
кўча бўйларига чиқиб кетган, устма-уст қалашиб ётган кийим-кечак, мева-чева,
буюмлар бошни айлантириб юборади. Атрофни кабобпазлар елпиётган чўғ тутуни
қоплайди. Олатасир, тўполон тинмайди. Сал шамол эсса, урди Худо – қиёмат
қўпади. Чанг-тўзон кўтарилиб, қоғозу елимхалталар учиб, нарсалар бир-бири билан
уйқашиб, ҳатто одамларнинг юзи олапес бўлиб кетади. Бу пайтда мол бозорини
асти қўяверасиз! Чанг, тер, шиптир ҳиди аралашиб кетади. Юрак сиқилади,
лоҳаслик бошланади, томоқ қақрайди. Сув ичгинг келади. Аммо сув ҳам пул. Бозор
дарвозаларида, ичкарисида газланган сув сотувчилари бор. Қадоқланганининг эса
адади йўқ. Ҳатто аравачаларга идиш ортиб, қудуқ сувини сотиб юрганлар бор.– Сув, муздай сув!– Болам, пулим қолмади, жуда чанқаб кетдим. Бир кружка сув бер.– Буям пулга келяпти-да, бува…– Воҳ-воҳ… Майли, жонинг соғ бўлсин…
Айни саратонда, шундай қиёмат қўпган бозорда бир куни “Оби худойи, оби
худойи, мен бир яхшиликнинг гадойи” деб идиш ўрнатилган икки оёқли кичик
аравачада истаганга текинга сув бераётган қария пайдо бўлди. Озғин, чувак юзли,
бошига дўппи, эгнига яктак кийган, оёғида маҳси-калиш, жуда ҳаракатчан. Фақат
икки гапни такрорлайди:
– Оби худойи, оби худойи, мен бир яхшиликнинг гадойи.
Берганнинг бетига қарамайдилар. Одамлар аввалига “Менга бир кружка беринг”,
“Менгаям беринг”, “Ҳа, кўп яшанг, раҳмат!” деб сувни ичиб кетаверди. Бировлари
“Сувдай сероб бўлинг!” деди. Қария бўлса, “Сувнинг савобини ўтганларга, Ҳурбиби
онага бағишланг. Хизрни танимаганларни дуо қилинг”, деб олдинга кетади. Сув
тугаса, яна олиб келади. Йўл-йўлакай хиргойи қилади.
Сувни сулув кўрсатган тоши бўлар ёр-ёр.
Қизни сулув кўрсатган қоши бўлар ёр-ёр.

Тез орада бозорда “эси оғган бир қария” пайдо бўлиб, текинга сув тарқатиб
юргани ҳақидаги хабар тарқалди. Буни эшитганлар, ўз кўзи билан кўриб, гувоҳи
бўлганлар “Худодан бир сўрови бор экан” дейишди, бировлар эса “Унга нима
зарил экан” деди кўзлари қисилиб, пешанаси тиришиб. Аммо сув сотувчиларнинг
пайтавасига қурт тушди. Бир қони қайнагани қарияни излаб топиб, ёқасидан тутди.– Бува, бизам шу бозорда тирикчилик деб ўтирибмиз. Бу нима қилганингиз?– Карвон кўп, ризқи бўлак, – деди қария оғриниб.– Савдони ўлдиряпсиз! Ёшингизни ҳурмат қилиб турибман, бўлмаса жойингизни
солардим!
Қария аввалига жим қолди, кейин ўсиқ қошларини чимириб:– Сув кўрмай этик ечма, – деди. – Сен савдонинг барорини ўйласанг,
мен охиратимнинг ташвишини қиляпман. Тирикчилик деб икки дунёмизни
куйдирмайлик. Ерни сув, одамни пул бузади, болам.
Сув сотувчи нима дейишни билмай бир лаҳза жим қолди, аммо барибир нафсига
енгилди.– Бўлмаса, сал нарироққа бориб сотинг!
Қария шундоқ ҳам бир жойда турмайди, аравачасини судраганча “Оби худойи,
оби худойи, мен бир яхшиликнинг гадойи” деб бозор оралайди. Сал юрмасдан икки
савдогарнинг бир қарич жой устидан тортишиб ётгани устидан чиқди.– Жой талашма, болам. Ма, сув ич, ҳовринг босилади, – деди.
Товарини ёйишга жой етмаётган савдогар баттар бўғриқиб кетди.– Ие, нари ёққа боринг-е! Сиздан сув сўрадимми?– Бурунгилар айтган. Доимо сув каби оқиб тозалан, ҳар кун янгилан.– Боринг дедим сизга!
Қариянинг дили оғриди. “Сув билан ўт келишмас. Илонга сув берсанг ҳам, сут
берсанг ҳам тилидан заҳар томар” деб нари кетди. Сал юргач, озода кийинган бир
киши аёли билан боласи учун сув сўради. Қариянинг кўзлари қувнади.– Мана, олинг. Ош каттадан, сув кичикдан, – деб аввал болага юзланди.
Балдоқпиёлани узатаётиб, табассум билан сўради:– Ўйиб олдим изи йўқ, қилич урдим, ўрни йўқ. У нима?
Бола боши қийшайиб, кўзлари олайиб, урти осилиб, онасига боқди. Волида ерга
қаради.– Майли, уялма. Бисмиллоҳ деб ўтириб ич, болам.
Болакай тик турганча идишни бўшатгач, қария “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”,
дея эр-хотинга сув берди. – Раҳмат, сувдай сероб бўлинг. Бизники қанча бўлди?
– Яратганнинг неъмати сотилмас. Икки оқликка – сув билан сутга пул сўраш
гуноҳ. Мени дуо қилинг. Сувнинг савобини ўтганларга, ҳеч бўлмаса, Ҳурбиби
онага бағишланг.– Шошманг, – деди ҳалиги одам. – Ҳурбиби она ким?– Тутинган онам.– Ота-онангиз йўқми?– Бор. Отам Ато, онам Ҳаво!
Ҳалиги киши ҳайрон қолди.– Сиз қаерликсиз?– Тилим бир, дилим бир, маконимни сўраб нима қиласиз?– Бу бозорда сиздай одамни биринчи кўришимиз. Эсимни таниганимдан бери
ҳали ҳеч ким бозорда текинга сув тарқатмаган. – Аллоҳ қиёмат куни уч тоифа бандасини мағфират қилмайди. Улардан бири
ўзининг йўл бўйидаги лиммо-лим ариғи, ҳовузи, қудуғидан йўловчиларга сув
бермаган киши. Мен шу тоифага кириб қолишдан қўрқаман. Кейин, мен тиланчига
сув бермай Хизрни йўқотган одамман.– Қанақасига? – эр-хотиннинг баттар ҳайрати ошди. Қариянинг ёнидан кетгиси
ҳам келмасди. – Тиланчи билан Хизрнинг қандай алоқаси бор?– Бу оламда бир-бирига боғлиқ бўлмаган бирор нима борми? – қария беихтиёр
хўрсиниб, бошини чайқаганича оломон оралаб кетди. – Оби худойи…– Ҳей, тўхтанг!
Қариянинг орқасида бозор хўжайини билан милиционер турарди.– Нега одамларнинг тинчини бузяпсиз? – деди бозорқўм пишиллаб.– Болам, ма, аввал сув ич. Ҳовуринг босилади. – Ие, менга ақл ўргатманг. – У пешанасида кўпчиб кетган терни рўмолчаси билан
артди. – Устингиздан шикоят тушяпти. Сувчиларимизнинг савдосини ўлдиряпсиз!
Кекса одам, Худо деб уйингизда ўтирмайсизми?– Бахилнинг кўзасидаги сувдан не фойда? Мен ҳам Аллоҳ дейман, лекин сендай
Худойимнинг ишоратларини англамай, Хизрни йўқотган одамман.– Нималар деяпсиз? Боринг, уйингизга кетинг. Ё, булар бир текширсинми? –
деди милиционерга ишора қилиб.– Улар нимани текширади. Меними, ё сувними? Оқар сувнинг ҳароми йўқ.
Лекин сен сўзингни юксалтир! Майли, мен кетаман, аммо эслаб юрасан.
Қария шарт ортига бурилди ва хиргойи қилганича бозор дарвозасига қараб
юрди.
Сув келди-ю, сув келди,
Сув устида гул келди.
Гулни тутиб ҳидласам
Онамнинг бўйи келди…

Офтоб қиздирар, бозор ичидан чанг, ғубор қоришиқ ҳовур кўтарилар эди.– Сув беринг, – деди бир болакай.
Қария шарт тўхтади. Бурнидан тер оқиб турган болага қараб, қалби қайнади.– Битта топишмоқ айтаман.
Бола “хўп” дегандай бош ирғади.– Кетар, кетар изи йўқ, таянмоққа тизи йўқ. У нима?
Бола ўйланиб қолди. Бурнидан баттар тер қуйилди. Қария сув олиб узатди.– Ма, ич. Чанқоғинг қонсин, қалбинг қувонсин.
Яна бир йигит сув сўради. Балдоқпиёла бўшагунча қария унга ҳам топишмоқ
айтди.– Узун-узун из келар, узун бўйли қиз келар. Қошгинаси қалтираб, кўзгинаси
ялтираб. У нима?
Йигит илжайди. Кўзларини олиб қочди. Баттар терга тушиб, ўзини оломон ичига
уриб кетди. Қария қўлидаги сувни бошқа сўровчига берди. Сўнгра ташқарига йўл
олди. Бозор дарвозасида “Худо йўлига садақа қилинг”, деб тиланчи аёл ўтирди.
Қария аввал унга пул узатди, сўнгра сув берди. – Аллоҳ икки дунёнгизни обод қилсин, – деди тиланчи. – Сувдай сероб бўлинг!– Омин. Савобини Ҳурбиби онага бағишланг.
Тиланчи бу номни эшитмаган экан, сергак тортди.– Ҳурбиби она ким?
Қария айтсамми, айтмасамми дегандек тек қотди. – Йўл беринглар! Пўшт, арава!
Уларнинг суҳбати узилди. Қария бозор талотўпидан чиқиб, аравачасини
судраганича йўлга тушди. Яна Ҳурбиби она ҳақида ўйлади.
…Янтоқдан бошқа гиёҳ қолмаган, шамол қақроқ тортган ерларни супуриб,
атрофга чанг сочаётган, одамлар меҳнат қилишдан умид қолмаганидан уй
уйларига кириб, ўтмиш хотиралари-ю, келажак умидлари билан қоришиб, ғамбода
ҳаёт кечираётган бепоён даштда қирқ кокил ўрилган узун, тундай қоп-қора сочлари
ерга тегиб турган, қошлари камон, юзи ўн тўрт кунлик ойдай гўзал, баланд бўйли,
сарвқомат қиз уйидан бир чақирим нарида, бутун қишлоқ кафтдек кўриниб
турадиган қир этагида, кичик бир тош устида Тангрига ёлвориб ўтирарди. Унинг
момиқ қўллари кўкка чўзилган, ақиқ лаблари қимтилган, шаҳло кўзлари хиёл
юмилган. Офтоб баданини қиздиради. У эса илтижо қилишдан тўхтамайди.
“Ё, Тангрим, Ўзинг меҳрибонсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ, сендан ўзга нажот йўқ,
сендан ўзга паноҳ йўқ! Ўзинг Раҳмонсан, Маликсан, Раззоқсан! Бизга раҳм қилгин.
Ўзингдан ёлвориб сўрайман. Гуноҳларимизни мағфират этгин. Сенинг йўлингда
қурбон бўлишга розиман. Фақат элимизга сув бергин. Еримиз чўллаб кетди, чорвага
қирон етди, ўт-ўланлар, дарахтлар қуриб битди. Янтоқдан бошқа гиёҳ қолмади.
Ғайбингдан сув бергин, Тангрим! Ўзинг меҳрибонсан! Ҳар ишга қодирсан…”
Дашт шамоли қизнинг юз-кўзини, рўмолдан чиқиб турган сочларини силар,
узун этакларини ўйнар, қиз эса тинмай ёлворарди.
Айни қиём вақтида юзи тиришган, қошлари ўсиқ, аммо кўзлари тийрак боққан,
бир замонлар алпқомат бўлганига ишорат берувчи киши қадди эгилиб, ҳассасига
суяниб, секин юриб, унинг олдига келди. – Болам, тур. Уйга кетамиз…– Худо кўнглимга солди. То сувни кўрмагунимча, ё бир ишорат сезмагунимча
ўрнимдан турмайман!– Қизим, ёлғизим, кўзимнинг оқу қораси! Нима қилаётганингни яхши биламан,
аммо эркакларни бундай иснодга қўйма! Етти нафар алп оғанг бор!– Ота, мен аҳд қилдим! Майли, бу йўлда қурбони бўлай!
Фарзандларига сўз – қасамдир, деб ўргатган, унинг муқаддаслигини англатган
ота дилбандининг бу шижоатидан титраб кетди.
– Ундай дема, болам. Сенга нимадир бўлса, мен чидолмайман! Ахир мен сени
номаҳрамлардан, назарлардан яшириб, кўзлари кўр, қулоқлари кар, тили соқов,
оёқлари шол рутбасида вояга етказдим. Сен сувдай тиниқ, нурдай пок, гўдакдай
бегуноҳсан!– Сиз эл оғасисиз, ота! Сиз бизга энг азиз нарсани бахшида қилмасдан туриб,
энг азиз нарсаларга эришиб бўлмайди, деб ўргатгансиз! Шунинг учун мен ўзимни
Тангрига бахшида этдим!
Отанинг қалби ўртанди. Оҳ тортди. Ҳасса тутган қўлларини кўкка узатиб,
илтижо қилди. – Ё, Тангрим! Ўзинг мушкулимизни осон қил! Ўзинг ҳар ишга қодирсан!
У шундай дея бир-бир қадам босиб изига қайтди. Шу кунгача остона ҳатлаб
кўчага чиқмаган сулув қизи энди тош устида тонгни тунга уларди. Хуфтон киргач
уйга қайтиб, хонасига кирар, яна илтижо қиларди… Тонг отиши билан тош устига
бориб ўтирарди…
Шу зайлда кунлар ўтди. Қиш келди. Аммо на қор, на ёмғир ёғди. Фақат қора
совуқ, изғирин эсар, кўз очирмасди. Қиз шунда ҳам тош устига бориб ўтирар,
ёлворишдан тўхтамас, фақат тунда файзи йўқолиб бораётган уйга қайтарди. Барча
умид баҳордан эди. Кутилган баҳор ёғингарчиликсиз ўтиб, қурғоқчилик халқнинг
тинкасини баттар қуритди. Қизнинг кўз ўнгида одамлар бирин-кетин уйларини
тарк эта бошлади. Қишлоқ ҳувуллаб, фақат тош устида илтижо қилиб ўтирган қиз
ҳамда уларнинг оиласи қолди…– Ота, пичоқ бориб суякка қадалди, – деди катта ўғил. – Ҳеч бир умид йўқ.
Чорвамиз битди, еримиз чўлга айланди. Хотирамиздан бошқа ҳеч нимамиз қолмади.
Энди биз ҳам кетайлик…– Йўқ… – деди ота бошини чайқаб. – Синглинг аҳд қилган! Аллоҳга сўз берган!
Энди у синовда! Уни ташлаб кетолмаймиз!– Сингил – номус! Буни биламан, – деди ўғил. – Унинг ҳам бир ранг-рўйига
қаранг. Гулдай сўлиб, баргдай қовжираб боряпти.
Ота бошини эгди, лабларини тишлади ва чуқур хўрсинди. Унинг қароқлари
қорайиб борарди.
Қиш яна бола ташлади, баҳор бебаҳра келди. Қурғоқчилик одамларнинг
тинкасини тамоман қуритди. Етти ўғил ризқ излаб етти томонга кетди. Уйда фақат
кекса чол-кампир қолди. Офтоб тиғида ўтиравериб, ранги сўлиган, юзида доғлар
пайдо бўлган, кундан-кунга озиб, эти қочиб, ҳолсизланиб бораётган қиз эса ҳамон
тош устида ўтирар, илтижо қилишдан тўхтамасди. Қишлоқда улардан бошқа зот
қолмади. Ҳатто кўкда қушлар учмай қўйди. Гўё бу оила унутилган, ҳаётдан узилган
эди.
Айни саратон чилласида, кун қиёмга келганида мўъжиза юз берди. Аввалига чўлда
кучли тўфон бошланди. Қизни қурқув чўлғаб олди. “Ё, Аллоҳим! – деди у. – Ўзинг
меҳрибонсан! Ўзинг барчасига қодирсан! Ўзинг бизларни ҳидоят қил!” У пичирлаб
дуо қилар, шамол эса забтига олар, қизни баттар ҳолсизлантирарди. Ўшанда ҳатто
унинг ичишга томчи суви йўқ эди. Бирдан қуюн кўтарилиб, қизни ўраб олди. Қиз
эса кўзларини юмди, қўллари билан юзини ёпди. Қанча вақт ўтди билмайди. Бир
маҳал товонига совуқ сув келиб урилди.– Ё, Аллоҳ! – кўзларини очди у. Не кўз билан кўрсинки, тош тагидан булоқ
отилиб чиққан эди. У қувончдан чинқириб юборди. Аввалига ҳовучини тўлдириб
сув ичди! Яна ичди, яна ичди! Сўнг беҳуш йиқилди.
Шомга яқин қизидан хабар олишга келган ота пастликка қараб жилға ҳосил
қилаётган сувни кўриб, жойида туриб қолди. Иккала қўлини кўтариб, «Ё, Аллоҳ!
Ё, қудратингдан!” деди. Энгашиб кафтида зилол сувдан олиб ичди. Тани яйради.
Қизини излади. Ҳув нарида, тош ёнида қизи чўзилиб ётарди. “Ухлаб қолибдида”
деди ва ёнига борди.– Қизим?!
Қиз юмилган кўзларини очмади.– Қизим, қара, Аллоҳ илтижоларимизни эшитди! Тош тагидан булоқ чиқарди!
Қиздан жавоб йўқ эди.– Қизим, эшитяпсанми? – ота эгилиб, жигарбандининг юзига боқди. Унинг юзи
нурсиз эди… – Болам, уйғон! – деб елкасидан тутган эди қизнинг боши ёнга оғиб
кетди. – Болам! – отани титроқ тутди. Кўзларига дувва ёш қуйилди. Бу йўқотишу топиш,
бой беришу эришиш орасидаги шундай бир буюк изтироб эдики, отанинг вужудини
тилка-тилка қилар эди. – Сув келди, сен кетдингми, болам! Сен кетдингми!
Ота қизининг бошини тиззасига олиб, қанча ўтирди, қанча нола чекди, билмайди.
Йиғлай-йиғлай кўзёшлари тиниб, бошини кўтарса, кўкда юлдузлар чарақлаб, етти
ўғли атрофини ўраб турган эди…
Шу-шу қишлоққа ҳаёт қайтди. Чашма номи ҳур кетган қиз исмига айланди.
Халқ орасида Ҳурбиби она деб атала бошлади. Одамлар энди сувнинг савобини
унга бағишлашни ҳам одат қилди…
…Хаёлга чўмган қария бозор кўчасидан анча юриб, дашт йўлига тушган эди,
кетидан биров “Бува, тўхтанг!” деди. Ўгирилиб қараса, ҳалиги озода кийинган
эркак.– Нима гап, иним?– Сув беринг.
Қария унга синовчан боқди.– Сенинг дардинг сув эмас.
Эркак жойида қотди. – Бир нарса сўрамоқчи эдим.
Қария унга синовчан боқди.– Сиз боя бозорқўмга Худойимнинг ишораларини англамай, Хизрни йўқотган
одамман, дедингиз? Бунинг сири, маъноси нима?– Ҳар кимнинг ўз қайғуси, ғами бор, – деди қария маъюсланиб. – Ма, аввал сув
ич.
Эркак бир кўтаришда балдоқпиёлани бўшатиб, қариянинг ҳорғин, аммо тийрак
кўзларига боқди.– Энди айтчи, бу нега сени қизиқтириб қўйди?– Ҳаводан бошқа ҳамма нарса пуллик бўлиб кетган замонда сиз бозорда текинга
сув тарқатиб юрибсиз. Тўғри, буни савоб деб қиласиз, дуо оласиз. Аммо “Хизрни
йўқотган одамман” деганингиз мен учун жумбоқ. Уни ечишга ёрдам беринг.
Қария чуқур хўрсинди. Аравачасига суянди. Ўйланиб қолди. – Мен жуда омадсиз одамман, – деди ниҳоят. – Келинг, сояга ўтайлик. Бемалол ўтириб гаплашамиз, – деди ҳалиги эркак.– Кўрдингми, ҳамма ҳаловатини деб мақсаддан оғишади. Мен ҳам сен каби
ўзимни ўйлаб, уч бора адашдим…
Эркакнинг бутун вужуди қулоққа айланди.
– Бир куни саратонда, мана шундай жазирамада жума намозидан чиқиб, уйга
келаётсам эшигим олдида бир кир-чир, жулдур кийимли одамни учратдим… У
мастга ҳам ўхшарди. Жиркандим. У эса мендан сув сўради. Уни ҳақоратлаб, сўкиб
ҳайдаб солдим…
Эркак елкасидан нафас олди.– Энди бунисини эшит. Яна бирда айни кун қиёмга келганида йўлимдан бир аёл
чиқди. У менга дардини достон қилди. Эри вафот этиб, етим қолган фарзандлари
сабаб енгил йўлга кирганини, кейин тавба қилиб, Ҳақ йўлига қайтганини айтди.
Жуда чанқадим, нон олишга пулим йўқ. Ёрдам беринг деди. Мен унинг Ҳақ йўлига
кирганига ишонмай, индамай ўтиб кетдим.
Қария ўкинч билан ҳикоя қилар, эркак бўлса унинг юзидаги надоматни янада
чуқурроқ илғамоқ учун ҳатто нафас олишни унутгандай қотиб турарди.– Ҳаётимда яна бир воқелик юз берди. Аммо уни айтиб беролмайман… – деди
қария хўрсиниб. – Ўша кеча туш кўрдим. Тушимда оппоқ либосда, енглари осилиб
турган мўйсафид қаршимга келиб, “Бекорга нолинма, уч бора кўриниш бердим,
танимадинг! Белгиларни сезмадинг. Ундан кўра, кибрдан халос бўл! Сув каби оқиб
тозалан, ҳар кун янгилан” деди. Кейин англасам, уч бора Хизрга дуч келибману,
уни танимабман. Шундан бери кўча-кўйда, чўл-биёбонларда, баъзан бозорларда
сув тарқатаман. Туғилганимиздаям, ўлганимиздаям поклагувчи шу… Икки эшик
орасида сувсиз нажот йўқ.
Эркак ҳанг-манг бўлиб қолди. – Илтимос, учинчи воқеани ҳам сўзлаб беринг… – деди охири.
Қария бошқа гапиришни истамай аравачасини судраганча ҳирқироқ товушда
хиргойи қилиб, олдинга юриб кетди.
Оби худойи, оби худойи,
Мен бир яхшиликнинг гадойи.
Қақроқ ерда ўтирган Балё,
Ўт-ўланни тебратган Балё,
Сен имонда, оҳ, мен гумонда,
Ҳолим бу кун шундай ёмонда.
Ҳикматинг кўп, эй, кўҳна дунё,
Йўлдан адаштирма, Худоё!
Йўлдан адаштирма, Худоё!

Қария узоқлашган сари овози ҳам сўниб борарди. Охири кўздан ғойиб бўлди.
Қуёш тик келган, замин бағри тандирдай қизир, чумчуқлар чирқиллаб ўзларини
дарахтдан дарахтга урар, одамлар терга пишганча нарса кўтариб, юк орқалаб
бозордан қайтар, тинмай нарх-навони муҳокама қилишар, қариянинг ҳикоясини
тинглаган эркак эса поёнсиз ҳислар, азалий жумбоқлар ичра боши гангиб йўл
четида мулзам ўтирарди…
Одамлар энди ҳар бозорда текинга сув тарқатиб юрган қарияни излашар, аммо
ундан дарак йўқ эди…

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 5-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil