Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ҳурлик томоғида қайралар пичоқ

ЖОНТЕМИР – 1994 йилда туғилган. Ижодкорнинг “Дарвеш қўшиқлари”, “Жазба”,
“Қўрқинчли одам” номли китоблари нашр этилган.


Мағрур


Мағрур кетаяпсан, теварак мулзам,
Кўнгилга айни дам сакинат марғуб.
(Инграб юбораман шарақлаб кулсанг)
Ортингдан эргашган соянг-да мағрур.

Сочларинг – қашқирни ҳуркитар чангак,
Киприк дорларида титрамас қўрқув.
Кетяпсан жафокор ёнидан дангал,
Ғолиб саркардадек чалганча бурғу…


Бир телба оқимнинг наҳрига тушдик,
Чирпираб жунуннинг бағрига тушдик.
Тўлғаниб тўрдаги балиқлар мисол,
Қафасдан қутулган телбавор қушдек.


Ҳавода ёнма-ён йўлаклар чизиб,
Жазбадан қоришиб лаззатли терга.
Бир зумда етти қат самони кезиб,
Шу заҳот қуладик етти қат ерга.


Оғир хўрсиниқлар, ҳансираш аро,
Базўр олиб қочдик кўзларни кўздан.
Сал бурун кўнгилда яшнарди баҳор
Ва мана, қовжираб турибмиз куздай.

Силтаниб чиқдингу қучоғим – тўрдан,
Эшикка йўналдинг, ташқари – соҳил.
Мен – ҳайрат ханжари санчилган мурда,
Ортингдан кузатиб қолди нигоҳим.


Ахир кир оқимнинг наҳрига тушдинг,
Чирпираб жунуннинг бағрига тушдинг.
Наҳот нафратни ҳам қизғансанг, сачра!
Наҳот тугилмаса бежирим муштинг?


Мағрур кетаяпсан, о руҳинг тетик,
На узр кутарсан тубан золимдан.
Илк бора муҳаббат бошини эгиб,
Мағлубман ё Тангрим, ғолиб ҳолимда.


Ортингдан эргашган соянг-да мағрур…


* * *
…Келмадинг. Ўртада ўртанди баҳор,
Чўзилиб-чўзилиб узилди умид.
Бўзладим қалб деган баҳайбат саҳро
Бағрига ваъдани тириклай кўмиб.


Юз йилга қаридим, ажин тушмаган
Тирноқларим қолди – ўнта тош юрак.
Висол жазбасига садр тушмаган
Ҳисларни ямладим мисоли хўрак.


Ёндим, деворларга чарсиллаб, чатнаб,
Гоҳ бошим, гоҳ муштим бошимга тегди.
Менда тамакисин чўғлатиб нафрат
Чекаркан, сабримни ҳиринглаб енгди.


Келмадинг. Сандиқда жон берди Тоҳир,
Сукунат қўйнида олгани лаззат.
Эшик қўнғироғин тилини охир
Суғуриб ташладим – нақадар мазза!


Сўндим. Музлаткичда турган бўзадай
Совиди ҳаяжон ғазаб тоқида…
Қасамки, мен яна ёнарман фақат
Ўзга қон лабларнинг иштиёқида!


Мактуб


Қаршининг гавжум
боғлари кимсасиз,
дарахтлари гунг.
Дўстим, мен дайди қалб қўлида қамчи,
Сен девор ортига қилиндинг сургун.
Боргим келмас ўшал шаҳарга, боргим,
Тилинган, эзилган, қийилган чора.
Чол каби кўринар кўчалар ҳорғин,
Қадрини йўқотган Қарлуқ, Муборак.
Қиш келди. Совуқдир панжара орти?
Тушларим жаннатдир, яша бемалол.
Шароб илитганда ёқамдан тортиб,
Ёнингга судрайди ажина шамол.
Қўлим калта ахир, тилим ҳам қисир,
Қўшишдан қўрқаман ғуссанга ғусса.
Хаёлан ҳавода бир денгиз чизиб,
Ташлайман соғинчдан ясалган кўза.
Биламан, у сенга етиб бормайди,
Биламан, ўртада девор, панжара.
Токай ҳақиқатни дунё хўрлайди,
Токай бўйнимизда малъун панжалар?!
Дўстим, кўзларимнинг оқидаги оҳ
Тилимдан алжираб тўкилар – мастман.
Сен эмас, мен озод ҳолимда гумроҳ,
“Пивонинг тубига чўкади ҳасрат”.
Ёлғизман, елкамда нигоҳинг изи,
Сўзлар қуршаб олган: сиртмоқ, қийноқ, ўқ.
Қиш келди, дўстгинам илвирсдай писиб,
Тушларим – жаҳаннам, яқинлашма, йўқ!


Қарғалар қариди, Қаршининг гавжум
боғлари кимсасиз,
дарахтлари гунг…


Ўжар


Йўқ, ҳеч кимни соғинганим йўқ,
Соғинмаган мени ҳам ҳеч ким.
Титраяпман – қиш. Ҳаво совуқ
Ва шунчаки келяпди ичгим.


Йўқ, ҳеч кимдан оғринмадим, рост,
Олчоқ дўстдан Худойим қисган.
Телбаланиб қолганман бироз
Тоғда банги девона искаб.


Тутун пуркаб туннинг бурнига
Қўзғатаман ғашин ҳавонинг.
Ой изғийди Исо ўрнига
Атрофида миллион ҳаворий.

Этим чимчир шўх аямажуз,
Қор ташлади боғлар тулламай.
Овозимни ванг қўяману
Қўшиқ айтиб қаҳ-қаҳ куламан.


Кетаяпман ўзимдан қочиб,
Худди Сизиф думалатган тош.
Бағрим чўккан қабрдай очиқ,
Қароғимда ҳаром қотган ёш…


Йўқ, ҳеч кимни соғинганим йўқ.


Фитрат
1
Ёлғоннинг чеҳраси Юсуфдан гўзал,
Нигоҳлар маҳлиё, жодуланган қалб.
Ҳақиқат тарихда ётибди ўсал,
Ваъдабоз калхатнинг чангалида халқ.


Оқбилак қонунлар саройнинг мулки,
Қўрғондан нарига қайрилиб боқмас.
Бозорлар, масжидлар бошида тулки,
Бичилган арслонлар судралар оқсаб.


Ҳурлик томоғида қайралар пичоқ,
Биқирлаб қайнайди хўрлик қозони.
Виждон соҳибларин эзғилар қачов,
Давр сурар қизталоқ ҳурмат қозониб.


Бир қашқир Миррихга қараб улигай,
Тилини пешларкан алам, босқинлар:
“Борми сенда қорин-қурсоқ йўлида
Элин, юртин, борин-йўғин сотқонлар?”1


“Бор каззоб, олчоқ, суллоҳ, ғаламис,
Шундадир Худосиз пешвонинг бари.
Суяк ташласалар қарсак чаламиз,
Мақтовни хуш кўрар хон ҳазратлари.


Йилларки ўзгармас ҳукумат – ғирром,
Тўтилар – мешқорин, бургутлар – мирриқ.
Усти ялтироғу ичи қалтироқ
Оми камбағаллар ватани Миррих”.


1 Қўштирноқдаги сатрлар буюк адиб Фитратга тегишли.


Қашқир жим. Миррихнинг аҳволи ҳам танг.
Пана-пастқамларда пойлайди сопқон.
Бемалол яшолмас юртидан, аттанг,
Ҳар қадамда – чоҳ, ҳар қадам – қопқон.


Асло рўшнолик йўқ дарди дарёга,
Азал паҳлавонлар фожийга ошиқ.
Киндигин ғар кесган қуллар Қашқирнинг
Нишонга олдилар муборак бошин.


Мукофот бердилар жаллодни алқаб,
Сўқир оломоннинг лўнжи тўла қанд.
Фаришта сийратли еб тўймас калхат
Жўшиб ёлғон-яшиқ сайраш билан банд…


Энди овоз янграр Миррихдан туриб,
Қуёшга ёприлиб борар тўфондай:
“Борми сенда бир ўлкани ёндириб,
Ўз қозонин қайнатгувчи хоқонлар?!”


2
Қон ичиб ўсган оғоч,
Қон тўкар ҳар шаббаси.
Қуёшни тўсган оғоч,
Йўқ тазарру, тавбаси.


Ялтираб порлар ёвуз,
Гўштдор қурбон ахтариб.
Танлар сўхтаси совуқ,
Эътиқоди ахтани.


Булғайди суяк, наслин,
Сўнг ғажир мисли калхат.
Бошига чиққан каснинг,
Бошига етар, албат.


Ёприлади пашшадай
Соясига оломон.
Билмайди ул нашадай
Карахт қилувчи шайтон.


Илдизи жаҳаннамнинг
Балғамидан тўйинар.
Очофат наҳангларнинг
Яллосидан суюнар.


Оҳанрабо довуши,
Кўрсатади йўл-йўриқ.
Залолат-ла қовушиб,
Зулматга қўяр уруғ.


Қон ичиб ўсган оғоч,
Дунёни бузган оғоч.
Соясиман дея ул,
Тангрини тўсган оғоч.


Тош чайнайди не ориф,
Ёндирасан ҳўл-қуруқ.
Таг-тугидан қўпориб,
Ташлайдиган қудрат йўқ.


Янчиб-ямлайсан, суллоҳ,
Ер юзи ғам, мотамзор.
Худодан қўрқмас, илло,
Сенга муте одамзод.


Қон ичиб ўсган оғоч,
Қонимда сузган оғоч.
Соясиман дея ул,
Тангрини тўсган оғоч.
Тангрини тўсган оғоч.


3
Чилдўхтарон2 қудуғида,
Чириб ётган каллалар.
Афтин босиб қусуғига,
Ириб ётган каллалар.


Жинлар ўйнар то қиёмат,
Тўп ясаб бош чаноқдан.
Борсиз, қилса халқ зиёфат,
На қатор, на саноқда.


Кўкдан тушиб ерга кирган,
Тағин кўкка учолмай.
Бўкирасиз ҳаста шердай
Қўйвормас ер ўч олмай.


Жаҳолат сарбонлари,
Жаҳаннам дарбонлари.
О лаънат карвонлари,
О фитна қурбонлари…


2 Чилдўхтарон – Фитратнинг “Абулфайзхон” драмасидаги қудуқ.

Чилдўхтарон, чилдўхтарон,
Тубингда нола кўрдим.
Оқ тушган тола кўрдим,
Ўспирин бола кўрдим.
Заҳар юқли неча минг
Тилло пиёла кўрдим.
Ётар кесилган бошлар,
Янчиб, эзилган бошлар.
Чайнар тилу кўзларин,
Қурт-қумурсқа – фаррошлар.


Чилдўхтарон, Чилдўхтарон,
Ҳамон оғзинг ланг очиқ.
Қутулмас хон тўкса қон,
Сенинг қаҳрингдан қочиб.


Тўйма… поклансин замон,
Мин разиллар бўйнига.
Чилдўхтарон, Чилдўхтарон,
Эй жаҳаннам туйнуги!


Сархуш


Чал, лўли қиз, гитарангни чал!
Уфқ – юрагим ёнмоқда ял-ял.


Ўлтирибман хонлар қошида
тик бошимни қадаҳга эгиб.
Юз ўгирдим миннат ошидан
Қайғу текин, уқубат текин.
Умр қисқа, қалб эса ярим,
Ёлғиз Тангри ва ишқ мукаммал,
Чал, лўли қиз, гитарангни чал!


Кутмай қўйдим бахтни йил санаб,
Махмурману
мажнунман,
маҳзун.
Омон бўлгур шодон кимсалар,
Томоғимга томизманг дамсув.
Жаннат қиммат, одам камбағал,
Чал, лўли қиз, гитарангни чал!


Кўзларингдек қорайди осмон,
Бир каломдан яралган борлиқ.
Лорка, Есенин, Парфию Усмон…
Бари фано шохига боғлиқ.
Англамасдим о, буни аввал,
Чал, лўли қиз, гитарангни чал!

Юлдузларнинг кулгусин ичиб,
Мен шеър ўқий оҳангга пайваст.
Одамсифат ниқобим ечиб,
Мен шеър ўқий девона, сармаст
Тополмадим ўлимга ечим.
Алмисоқдан кўргулигим ҳал,
Чал, лўли қиз, гитарангни чал!


Гижинг сочлар жодулар тунни,
Ва беҳаё рақс тушар олов.
Мумкин эмасми, мумкинми,
Қоматингда кўзим қилар ов.


Жилмаясан, қошлари ханжар,
Тўлғонади сийналаринг шўх.
Куйдирмаса, тамуғдан сачраб
Лабларингга илашганми чўғ?


Тошга урдим мана, қадаҳни,
Чайқаладир ичимда ужмоҳ.
Жиноятдир шундай талъатнинг
Ҳусни қолиб, ачитқи ичмоқ!


Сен тўхтама,
Мен шеър ўқийман,
Яйраб тушин кўролмас дунё.
Ой нуридан чодир тўқийман,
Иккимизга,
Қани, марҳабо!


Жаннат қиммат, одам камбағал,
Дўзах арзон, тортмас иштаҳам.
Янги маъво сўраш ҳақорат
Яшайвергум аросатда ҳам.
Туйғуларим бошлади ғорат,
Унутмагин, унутма асло:
Олам – чала битган иморат,
Ёлғиз Тангри ва ишқ мустасно.
Ёлғиз Тангри ва ишқ мустасно.
Жон халқумга келгунча дангал,
Чал, лўли қиз, гитарангни чал!


Тополмадим ўлимга ечим…

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 5-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil