Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ШЕЪРИЯТ – ХАЛҚ РУҲИЯТИНИНГ АКС САДОСИ


Азиз САИД – 1961 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ)
журналистика факультетини битирган. “Чилтор”, “Дили қани Бедилнинг”, “Ғойибдан
дўст билан суҳбатлар”, “Вақт манзили”, “Фурсат дарвозаси” каби шеърий китоблари
чоп этилган.

Абдулла Ориповнинг худди бугун ёзилгандай “Сароб” шеъридаги ушбу сатрлари
қоғозга тушганига қарийб олтмиш йил бўлибди.


Шеър излайман бу кун Тошкент кўчаларида,
Секингина зирқирайди беором қалбим.
Мен умримнинг бу суронли кечаларида
На бир таскин топа олдим, на шеър тополдим.


Юрагимга бир маҳаллар кирган туйғулар
Энди сендан кетгаймиз деб сўрайди жавоб.
Мени бир зум ҳол-жонимга қўймайди улар,
Қўймайдилар, ваъдаларинг чиқди деб сароб.


Болалигимда дунёни оқ ва қора рангда кўрардим, ҳатто ўсмирлигимда ҳам.
Дунёда фақат дўст ва душман, яхши ва ёмон, қаҳрамон ва хоин бор деб ўйлардим,
фақат йиғи ва кулги, муҳаббат ва нафрат бор деб тасаввур қилардим. Шунчалик
тоза эдим. Шунчалик ташна эдим. Бошқа туйғулар билан муроса қилмас, тан
олмасдим. Ва шеърдан ҳам шундан бошқа нарсани кутмасдим. Кейин ҳаёт, йиллар
кўп рангларни қориштириб юборди. Яхшию – қаҳрамонни озгина доғи бўлишига,
ёмону – хоиннинг ҳам озгина фазилати бўлишига, йиғи ва кулгида озгина сохталик
бўлишига, муҳаббатда озгина ёлғону хиёнат, нафратда озгина шавқат бўлишига
кўникдим. Ва шеър ҳам илҳом билан, ақл ё ҳунар билан, ҳавасга ё эрмакка ёзилиши
мумкинлигини қабул қилишга ўргандим.
Аммо ичимда бир овоз – кўнма, ҳақиқий шеър бу руҳнинг овози, у илҳом ва
тасаввурлар мўъжизаси, у дард ва шавқ, у санъат, у ибодат, у дод ва ҳайрат, унда
ўзингни кўрсанг, бошқа оламга парвоз қилсанг – у шеър дейди.
Аммо ҳаёт ва шеър ранглари қоришиғига кўниккан яна бир овоз – адабиёт
шу, Худо берган истеъдодлар бор, фақат ақл кучи билан шеър ёзадиганлар ва
ҳавасмандлар бор, уларнинг ҳам бу дунёдан таскини шеър, кимдир тинглашини,
эътироф этишини истайдилар, аммо юксак ва ўртамиёна шеърлар борлигини
биладилар, ич-ичларидан ундай юксакликка кўтарилолмасликларини биладилар,
бу уларнинг айби эмас, дейди.
Яна ичимдаги биринчи овоз – йўқ, сен шеърлардан ўзингни изла, руҳингни
суратини, қалбингда портламоққа шай дарду нолалар, изҳорлар овозини, гўзал
ташбеҳларнинг тасаввурингни рақсга чорлайдиган мўъжизаларини изла, дейди.
Ичимдан иккинчи одам яна овоз беради – шеър нафақат шоирнинг балки
миллатнинг, халқнинг руҳиятидир, ўтган бир йил ичида ёзилган шеърлар халқимиз
дилидаги, руҳиятидаги ўзгаришларнинг акс садоси бўлдими, ҳамманинг тилига
тушган шоир ёки шеърдан дарак бер, қайси мавзу, услуб ва йўналишлар устуворлик
қилди, шеърият ривожланишдами, ярқ этган истеъдод кириб келдими, шеър
тарғиботи кучайдими пасайдими, шулардан гапир, шеър аҳлининг кўнглини кўтар
дейди.
Ичимдаги ана шу икки ўт, икки овоз орасидаман.
Варақлайман, варақлайман, варақлайман.
“Тафаккур”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Маънавий ҳаёт”, “Жаҳон адабиёти”,
“Ватан”, “Саодат” журналлари, “Жадид”, “Адабиёт зиёси”, “Ҳуррият” газеталари.
Яна Абдулла Орифнинг 25 ёшида ҳайқирган дардли овози қулоғимга келади:
Ниманидир ахтараман – шеърдан ҳам улуғ,
Ниманидир ахтараман – нондан азизроқ.
Дунё ўзи бепоён-ку, рангларга тўлуғ,
Бироқ менинг кўзларимдан ранглар ҳам йироқ….
Кўз олдимда собит турар фақат шу Ватан,
Кулбаси ҳам кенглик қадар чулғайди мени.
Туйғуларим фақатгина унга берар тан,
Юртим, мен ҳам умрим қадар севгайман сени.
Ватан! Ўрхун-Энасой тошларига тош билан илк шеърларини ўйган шоирдан
бугунги шоиргача қайғунг нима, дардинг нима десангиз, онаданда аввал,
муҳаббатданда аввал Ватан дейди. Шу боис ҳам ўтган йили дунёга келган, ҳар
бир сатри Ватан дардига йўғрилган “Ватан” журналининг илк саҳифалари Акиф
Багирнинг “Ўзбек келаётир”, Фитратнинг “Юрт қайғуси” сочмалари, Абдулла
Орифнинг “Имтиҳон”, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Муҳаммад Юсуфнинг
“Улуғимсан Ватаним”, Сирожиддин Саййиднинг “Ватан абадий” шеърлари билан
бошланган. Ёд бўлиб кетган бу шеърларнинг зимнида руҳни уйғотувчи, элни
бирлаштирувчи тарихимиз ҳам, дарду аламимиз ҳам, аждодлардан фахр ҳам,
даъват ҳам бор. Фитрат бобомиз айтадики:
Қайғурма! Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски
арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдир.
Ёлғиз… Оҳ, ёлғиз… тарқалмишдир.
Бугун ёзилгандайми?! Бир аср олдин битилган “тарқалмишдир” деган надоматда
Фитрат ўша пайтдаги 80 миллион туркий қавмнинг ер узра сочилиб кетганини
назарда тутган бўлсада, бугун юрт ҳурлигига эришган халқимизни ва унинг
шоирларини янги бир дарддан огоҳлантираётгандай. Ватан нафақат қозиқ қоқиб
чегараланган еримиз, ватан бу – қалбимиздаги ният, онгимиздаги ақл, ор-номус,
миллийлигимиз, тилимиз ва энг асосийси бир-биримизга меҳримиз, муносабатимиз
ҳам. Бу ватан хавотири, ҳимояси ҳамма вақт адабиёт, шеърият зиммасида бўлиб
келган.
Тарқалмаяпмизми – меҳрли ва шавқатсизга, шўропараст ва ғарбпарастга, илмли
ва илмсизга, Худога ва пулга сажда қилувчига, китоб ўқийдиган ва ўқимайдиганга
бўлиниб-бўлиниб тарқалмаяпмизми!? Фақат адабиётгина жамиятдаги одамларни
тенглаштиради, албатта шеър билан инсон ҳалол бўлиб қолмайди, яраларимиз
битта қолмайди, аммо одамларни бир хил нарсаларни қадрлашга, миллатга, ватанга,
кўнгил мулкимизга, инсоний қадриятларга бир хил қарашга ўргатади. Абдулла
Қодирий “Ўткан кунлар” билан, Ҳамза руҳсиз тан бўлмасликка чорлаган “Йиғла,
Туркистон”, “Дардига дармон истамас” шеърлари билан, Ойбек “Навоий”, Одил
Ёқубов “Диёнат” романлари билан, Абдулла Орипов “Ўзбекистон”, Эркин Воҳидов
“Ўзбегим”, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон Туркистон қайғусидаги шеърлари билан
халқни руҳан, маънан бирлаштирмаган эдими, қалблардаги ўлик туйғуларни
уйғотмаган эдиларми? Бу шеърнинг кучи, адабиётнинг қудрати эди.
Бугун ҳам бир томонда – кўзга кўринмай эркимизга, еримизга, қалбимизга
кўз тикканлар, бир томонда – биз – майда худбин мақсадчалар билан юрагию
дийдаси тобора қотиб бораётганлар, ўзи билан ўзи оворалар, чора излаётганлар ва
изламаётганлар.
Ичимда бир овоз айтадики – шеър ҳаёт ва замон ғавғоларига дош беролмаяпти,
қалб кўзлари ёпилмоқда, соя нурдан устунлик қилмоқда, шеър ўқилмаяпти, ҳатто
шоир шоирни ўқимаяпти.
Яна бир овоз айтадики – шеър тирик, у миллатни уйғотиш, юракка, кўнгилларга
пок туйғуларни нақшлаш вазифасини адо этмоқда, у ҳам изтироб чекмоқда.
Қўлингдаги журналу газетларга нигоҳ ташла.
Яна шу икки ўт, икки овоз орасидаман.
Варақлайман, варақлайман, варақлайман.
Сирожиддин Саййид, “Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан” туркумида
айтадики:


Хатарнок айланур олам,
бу нолам сенга, жон болам,
Сен огоҳ бўлу ҳам ҳушёр,
Ватан ҳеч қайга кетган йўқ.


“Жадид”да (32-сон)

Маҳмуд Тоир айтадики:

Ўзбек ўзлигидан ифтихор қилса,
Юз ўттиз эл-элат бир қарор қилса,
Тенгликда бирликни барқарор қилса,
Тарқоқни бир зарба тут каби тўккан,
Бирлашсак – ватанмиз, бирлашсак – ватан!


“Адабиёт зиёси” (14-сон)

Носиржон Жўраев айтадики:


Шеърият – халқ руҳиятининг акс садоси
Мен – бир халқман, майдаламанг руҳимни,
Мен – миллатман, юраги бор, лоши бор.
Билинг, вазмин туриб кечирсам кимни,
Жуфт елкамда Эр Тўнганинг тоши бор.


“Шарқ юлдузи” (9-сон)


Ботир Эргаш айтадики:


Наслимиз чумчуқмас, асл бургутлар,
Бўри зотиданмиз эй қиз, йигитлар,
Эл бўлсак, сел каби тошқин бўлайлик,
Ёмғир бўла олмас тарқоқ булутлар.
Ич-ичи куюгим, кўкси захларим,
Келинг, бирлашайлик, туркий халқларим!


“Шарқ юлдузи” (6-сон)


Бу безовталиклар ва орзулар сабаби Фитрат бобо “тарқалмишдир” деб куйинган,
гарчи замона зайли билан бўлса-да онгимиздаги, руҳимиздаги, мақсадимиздаги,
бир-биримизга муносабатимиздаги парокандалик хавфидан бирлашишга
даъватдир. Бирлашмоқ – 2024 йилги шеъриятимизнинг бош мавзуларидан бўлди,
шеър халқ руҳининг акс садоси эканлиги шубҳасиз.
Ичимдаги овозларга “Ҳа, замон ва ҳаёт ғавғолари бор, аммо шеър тирик” дейман
ва “Саодат” эшигини тақиллатаман. Ичкаридан, “Қўшқалам” рукнидан “Ёшлик
ҳали ўтмаган, кексалик узоқ” дея Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова “Қўймайман
ёнимга келмагунингча”, деб суҳбатлашиб чиқиб келадилар, ортларидан
шеъриятимизнинг чироқларидан бири Рауф Парфи “Чироқни тинглангиз, одамлар”
дея, ҳамроҳи Сулҳида Ёлғиз “Жон қушимни учирдим сизсиз” дея чиқиб келадилар,
сўнг Муҳаммад Юсуф ва Назира Ассаломни кўраман, бири “Уюридан ажраб қолган
қулунман” деб хитоб қилса, бири “Хотиримнинг кўкидаги оққушимга айландинг”
дея жавоб қилади, сўнг “Висол ҳаким дардима, Ишқдин малҳам яралган” деб
куйлаётган Нурали Қобулни ва “Кўнглингга бўлдим сайёд, Ишқингга тузоқ қўйдим”
деб жавоб қилаётган Шаҳодат Исахон мушоирасини тинглайман. Халқимизга ёд
бўлиб кетган бу машҳур шеърларни таърифу тавсиф қилиб ўтиришнинг ҳожати
йўқ.
Ўзбек китобхонини дунё шоиру ёзувчиларининг юксак асарлари билан меҳмон
қилаётган “Жаҳон адабиёти” журнали дастурхонига қўйилган бухоролик шоирамиз
Ибодат Ражабованинг “Бу бешикни тебратган момом” гулдастасидан ҳайратга
тушмай иложингиз йўқ. Бетакрор шоиранинг бетакрор ташбеҳлари, нигоҳи тушган
нарсага хаёлингизга келмайдиган жонлантиришлар бахш этиши, сўз бойлиги, кўз
олдингизга фавқулодда суратларни пайдо қилиши, оҳангларнинг шаддодлиги ва
дарвешоналиги руҳингизни эгаллаб олади. Бу дунёни “Бухоронинг кўзлари билан”
сиз ҳам кузатасиз:


Бухорони айланиб чиқдим,
Дарахтлари елкамда юрди.
Қушлар менга шамшод шохида
Майсалардан шабпаноҳ қурди.


(Синглимга хат)

* * *
Қумриларнинг қафаси синди,
Ҳаққушларнинг қаноти менда.
Ҳафта ўн кун ой шимиб ётдим,
Тўмариснинг жанггоҳларида.


(Қумриларнинг қафаси синди)


Кейинги манзил эртанги шеъриятимизнинг бўлғуси дарғалари – “Зомин”у
“Дўрмон” семинарлари қатнашчилари, ижод мактаблари ўқувчилари кўригу
синовдан ўтаётган, гуллаётган, пишаётган боғ – “Ёшлик” журнали. Кўнгил
ҳайратларини сўзга эврилтиришни машқ қилаётган ёш истеъдодларнинг “Ёшлар
овози” рукнида мунтазам бериб борилаётган шеърлари кишини умидлантиради.
Айниқса, Дилшода Тошматова, Дилрабо Турсунқулова, Гулноза Юсупова,
Нозима Турсунқуловаларнинг ҳолат ва кайфиятни бера олишлари, зўрма-зўраки
тақлидларга йўл қўймасликлари эътиборни тортади. Уларга сўз заҳираларини
бойитишни, кўпроқ образли фикрлашга ҳаракат қилишни тилагинг келади. “Назм”
рукнидаги Баҳодир Баҳромнинг “Ошиқлик кўнглига метин бир қўрғон” (1-сон),
Воҳид Луқмоннинг “Юракка бир исм қўйдим ёздириб”, Насрулло Эргашнинг
“Кўзларингдан жой бер, севгилим” (2-сон), Фарида Афрузнинг “Бебаҳор гулладим,
барг ёздим самар”, (3-сон), Шаҳриёр Шавкатнинг “Бодраб чиқаверар эринмаган
сўз”, Нозима Ҳабибуллаеванинг “Сендай соф қўшиқни қандай айтаман” (7-8-сон),
Гули Нигорнинг “Яшиллик ичра тўлғонса бу қалб”, Турсун Алининг “Қуёшга тик
боқаётган одам” (9-10-сон), Наврўз Ҳасановнинг “Дарахт бўлиб яшайман”, Гулҳаё
Анорованинг “Юракни чайқатар самовий лаззат”, Алишер Сабрийнинг “Кўзлари
чўлпон”, Хосият Бобомуродованинг “Гуллаб қўймасмикан сиримни дарахт” (11
12-сон), туркумлари ҳам берилганки бу шаклланиб бўлган шоирларнинг шеърлари
бутун фазилату қусурлари билан, бугунги ўзбек шеъриятининг даражасини акс
эттириб турибди дейиш мумкин. Барча туркумларнинг хос хусусияти ўз қалбини,
хотираларини тафтиш қилиш, муҳаббат изҳори, армони, соғинчини, руҳидаги исён
манзараларини чизиб ўқувчиларини ўз туйғулари қаърига торта олади. Қоғозга
нақадар санъаткорона тўкилганларини, ўз рамзлари, ташбеҳларини сатрма-сатр
таҳлил қилиш адабиётшуносларнинг вазифаси бўлса-да, тасаввур ҳосил бўлиши
учун айрим мисраларни келтирмаса бўлмас.
Гўзал шоирамиз Фарида Афрўздан:


Топдим, деразамга какликлар қўнди,
Сўради, сайрадим жон чиқар қадар.
Дўл ёққан қаҳратон ёлғиз кечалар
Бебаҳор гулладим, барг ёздим самар,
Мен сизни топдим…


* * *
ичингга
ин қурса айрилиқ қуши,
Баҳорлар оғирдир, чаманлар оғир…
Ҳижрондан ҳар чечак қовжираб турса,
Водийлар оғирдир, воҳалар оғир…


Таниқли шоирамиз Хосият Бобомуродовадан:


Куйсам ҳам, суйсам ҳам сенга барибир,
Нада шодланаман на тўкаман ёш.
Ўзимнинг юрагим ўзимга ҳам сир,
Қайдан кўзим тушиб қолди сенга тош?


Воҳид Луқмон, Шаҳриёр Шавкат ва Нозима Ҳабибуллаева туркумларида дунё
билан келишолмаётган руҳ исёнларини кўрамиз. Воҳид Луқмондан:


Дорбозмиз – кўзимиз танғиб қўйилган,
Яшаймиз оқ-қора арзон устида.
Осмонга умидвор боқамиз – мубҳам,
Вақт илон ўйнатар дорнинг остида.


“Шарқ юлдузи”ни ҳеч муболағасиз бугунги ўзбек шеъриятининг бадиий
мезонларини белгилаб бераётган минбар десак, ўйлайманки, шоирларимизнинг
ҳеч бирида эътироз туғдирмайди. Журнал саҳифаларини варақларкансиз
шеъриятимизда из қолдирган улуғ шоирларимиздан тортиб истеъдоди ярқ этган
ёшларимизгача тасаввурга эга бўлишимиз мумкин. Журналда шеъриятимиздаги
йўналишлар, турли услублар билан танишиш, содда халқона шеърлардан тортиб,
воқеабандликка қурилган драматик шеърларни, ҳиссиёт уфуриб турган лирик
шеърларни, тасаввур суратларига қурилган манзара шеърларни, фалсафага
қурилган ҳикматона шеърларни ҳамда ўқилиши интеллектуал тайёргарликни,
тафаккур ва тасаввур қобилиятини талаб қиладиган модерн ва символик шеърият
намуналарини кўриш мумкин.
Шундай қилиб 2024 йилда “Шарқ юлдузи” “Назм” рукнида Одил Икромнинг
“Хаёллар кезади пойи-пиёда”, Шоира Жаҳоннинг “Юрагимга тўкилган ҳижрон”,
(1-сон) Миразиз Аъзамнинг “Ҳақиқатнинг суврати-ла хаёлни ёрит”, Дилбар
Ҳайдарованинг “Қиличнинг дамида ўтмоқда умрим”, Мунаввара Усмонованинг
“Икки инсон яшар руҳимда”, Зилола Хўжаниёзованинг “Азалдан бу чархнинг эртаги
мунгли”, Талант Толерантнинг “Яна сойлар аксимга чўмар”, Муҳаммад Исмоилнинг
“Чархпалакдай айланади рўйи жаҳон” (2-сон), Баҳром Рўзимуҳаммаднинг
“Булбул чаҳ-чаҳидан қизғондим фақат”, Ашурали Боймуроднинг “Тол шохида
яшил жамалак”, Қаҳҳор Йўлчиевнинг “Сукунат сувратин чизиб бер менга”, Зебо
Раҳимованинг “Гуллайди юрак – атиргул”, Бобоқул Тошевнинг “Сен менинг
руҳимда бирга яшайсан”, Гулжаҳон Мардон қизининг “Тирилмоқни истайди юрак”,
Фармон Тошевнинг “Хуш фазилат яхшидур” (3-сон), Абдул Жалил Асирийнинг
“Кўргин, бу оламда қанчалар оҳанг”, Мухтасар Тожимаматованинг “Девони луғатит
турк” деб йиғларман”, Нодир Жонузоқнинг “Тўлқинлар товушида жон сақлаган
исмим бор”, Дилрабо Мингбоеванинг “Ёсин каби шеър ўқигил, Шоирим” (4-сон)
Ғулом Мирзонинг. “Сенсиз дунёларда фусун кўрмадим”, Муҳайё Рустам қизининг
“Қутли эна, мени енголмади ғам”, Бибисора Туробованинг “Чўмилиб яшадим
кўзим ёшига”, Ҳайитбой Абдусодиқнинг “Ирқ битиги” оҳангларида”, Интизор
Раҳимованинг “Энди айрилиққа етмас бардошим” (5-сон), Ботиржон Эргашевнинг
“Сен умрим китобин ўзгача боби”, Рислиғой Ҳотамованинг “Юрагим оқланар
оппоқ қордайин”, Гулжамол Асқарованинг “Кошки эди кўксимнинг зангларини
юволсам”, Шодмонқул Саломнинг “Шоирлар шамолнинг авлодларидир” (6-сон),
Ўткир Раҳматнинг “Замонни замонга боғлаган кўприк”, Абдухалил Сатторовнинг
“Сафоланар кўнглим ғоятда”, Озода Бекмуродованинг “Оламга ўт кетса мендан
ранжиманг”, Шуҳрат Азизовнинг “Ниначи қаноти довул қўзғотур”, Фозил
Фарҳоднинг “Нега биз улардай бўлмадик”, Мансур Жумаевнинг “Кел, яшайлик
битта дард билан” (7-сон), Исмоил Маҳмуд Марғилонийнинг “Менгамас ағёрга,
эй ёр, эътиборинг бошқача”, Ахтамқулининг “Дунё тугамас имтиҳон”, Ғайрат
Мажиднинг “Мен шоирмас, ошиқман, жоним”, Ширин Сабурованинг “Диллар
сўзлашаётир, бизлар эса жим”, Нодира Офоқнинг “Ё борурга изн бергил, ё ўзинг
кел”, Шоира Шамснинг “Ёноғинг рангидин ранг олди раъно” (8-сон), Абдунаби
Бойқўзиевнинг “Бу ерда ҳар бир гул лайли нигоҳи”, Носиржон Жўраевнинг “Биз
нечун кўкламни кутдик, азизим”, Яҳё Тоғанинг “Қуш тилида хонишлар этдим”,
Очил Тоҳирнинг “Озод юрак мудраб турмайди” (9-сон), Ўктам Мирзаёрнинг
“Шаҳарга ошиқиб яшар шоирлар”, Даврон Ражабнинг “Ой оҳиста борар
ёришиб” (10-сон), Наргиза Одинаеванинг “То сенгача соғинч бўламан”, Насрулло
Эргашнинг “Юрагимни байроқ қилиб кўтардим!” (11-сон), Зиёвиддин Мансурнинг
“Инсонни инсонга боғловчи ўзинг”, Ўроз Ҳайдарнинг “Сен менинг созимсан
кўҳна сукунат”, Зайниддин Нўъмонхоннинг “Ширин тушларига ишонар боғлар”,
Карим Баҳриевнинг “Булбулни англадим, боғни тушундим”, Одилжон Умаровнинг
“Сени нигоҳимга олганман жойлаб”, Нурхон Элмирзаеванинг “Лабимдан сўз эмас
тўкиларди зар”, Абдували Қутбиддиннинг “Саватчада сўз ингалайди” (12-сон)
шеърий туркумлари чоп этилди.
Булардан ташқари Ёшлар ижоди рукнида Шаҳриёр Шавкатнинг “Ҳайрат
босиб келар баландроқ”, Дилноза Камолнинг “Йилларни кафтида ғижимлар аёл”,
Хуршид Абдурашиднинг “Хатни олиб учди тонгда кабутар”, Ҳумоюн Фаттоҳнинг
“Кимларга ўзимни бой бердим”, Рашид Хўжамовнинг “Англаганинг сари сирман,
сир”, Шаҳризод Шодиевнинг “Ассалом, юраги улкан одамлар”, Баҳодир Баҳромнинг
“Шамоллар хаёлчан ўсмирдай вазмин”, Нурмуҳаммад Абдузоирнинг “Япроқлар
бу – қанотсиз қушлар”, Шоҳрух Усмоновнинг “Жунжикар ташқарида куз”, Ислом
Алининг “Суратингни чизиб боряпман”, Маҳлиё Хуррамованинг “Мен интизор
эдим йўлингга”, Ситора Наимжонованинг “Ахтариб келасан ҳали вақт”, Ирода
Раҳмоналиеванинг “Яна чорлар юлдузлар рақси” туркумлари эълон қилинди.
Мана, шеърият бухгалтерияси билан шуғулланиб ўтган йили чоп этилган
шоирларни юқорида эътироф этиб ўтдим, ҳар бирининг шеърига тўхталиб
ўтишнинг имкони ҳам эҳтиёжи ҳам йўқ. Чунки шеърни айтиб бериб бўлмайди,
сезгини, ҳисни ақлнинг тилига айлантириб бўлмайди. Зўр бир расм ёки мусиқани
ҳар қанча тушунтириб берманг, у сизга етиб бормайди. Қолаверса, улардаги ранг,
товушларни ҳис қилишингиз учун эшитишингиз, кўришингиз лозим. Шеърни
эса ўқиш ё эшитишингиз лозим. Яна бир томони сизнинг ҳозирги лаҳзадаги
руҳиятингиз, кайфиятингизга ҳам боғлиқ.
Олдинги “Адабиёт ва санъат” билан уйғунлашиб кетган “Жадид” газетида
чоп этилган Ҳалима Худойбердиеванинг “Дориламон кунлар келди”, Муҳаммад
Юсуфнинг “Менинг кўрким кўнгил”, Ҳалима Аҳмедова “Кузги олмаларнинг
нафаси ўткир”, Санобар Меҳмоннинг, “Сен берган умрни ошуфта кезиб”, Шаҳриёр
Шавкатнинг “Ҳайрат босиб келар баландроқ” шеърий туркумларини йилнинг
энг яхши туркумларидан деб баҳолаш, у шеърлардаги шукуҳ, гўзаллик ва руҳият
товланишларини соатлаб шарҳлаш, завқланиш мумкин.
Ўтган йил мобайнида энг кўп шеър чоп этган “Адабиёт зиёси” ва “Ҳуррият”
газеталари бўлди десак, хато қилмаймиз.
“Адабиёт зиёси”да Ҳалима Худойбердиеванинг “Бобо Темур босган издан
сўрайман”, Сирожиддин Саййиднинг “Осмон варақларинг бунчалар мовий”
(10-сон) “Ватан севганга толе ёр” (20-сон), Неъмат Душаевнинг “Гул ҳам тикан
ҳам безак” (21-сон), Омон Матжоннинг “Ўз дардинг бўлмаса қалам талашма”
(3-сон), Минҳожиддин Мирзонинг “Кўксимга яширдим бир дил суратин”,
Вафо Файзуллоҳнинг “Орзуларим ўша – дордаги ғозий” (14-сон), Гулбаҳор
Ортиқхўжаеванинг “Хотиринг кўммоққа тупроқ йўқ”, Усмон Бекнинг “Истиғфор
айтаман дарду дилим чўғ” (12-сон), Нуриддин Аминжоновнинг “Яхши инсон номли
унвонла сийлан”, Ойгул Суюндиқованинг “Кўнглим сезаётир тонгги фараҳни”,
Ботиржон Эргашевнинг “Ҳар кунинг бир иморат”, Ашурали Боймуродниг “Сочлари
оқ гулли онамсан баҳор”, (7-сон), Ахтамқулининг “Қуёшнинг қасрига гулхона
бўлган Ўзбекистоним”, (6-сон), Муроджон Жўраевнинг “Бизнинг севгимасми
сочлардаги оқ” (5-сон), Барот Исроилнинг “Содда деҳқон ўғлиман, насабим
яширмадим”, Икромжон Аслийнинг “Сайр этарман дил аро” (2-сон), Шарифа
Салимованинг “Сўз нуридан улғайган дарахт” (24-сон), Асрор Мўминнинг “Сизга
тилакларим шундай тоза, пок”, Нормурод Нарзуллаевнинг “Дилдан дилга йўл бор”,
Карим Баҳриевнинг “Қалбимга етмади васлимга етган”, Зулфия Мўминованинг
“Аёлга гул беринг шундай гулларки” (13-сон), Шукруллонинг “Кузги япроқларда
бир дунё оҳанг”, Йўлдош Эшбекнинг “Ишкомда узумлар жилмаяди жим”, Ҳаётхон
Ортиқбоеванинг “Яшаймиз ҳар тонгдан муждалар кутиб” (19-сон), Зебо Мирзонинг
“Чақмоқдай чақнади ўша дақиқа”, Маъмура Зоҳидованинг “Шамоллар йўл бўлсин
сизга саҳарлаб”, Оллоёр Хўжандийнинг “Кўзёшлари секин қорга айланар”,
Гулчеҳра Умированинг “Оймомога томир эдим” (23-сон), Наргиза Асаднинг “Бу
тоғларни суянч деганман”, Нурали Жалилнинг “Мен сенга кўнглим очдим-ку охир”
(9-сон) деб номланган туркумлари чоп этилган.
“Ҳуррият”нинг 1-сонида чоп этилган Ўткир Раҳматнинг “Нажот кўнглингдадир”
шеърида халқимизнинг бугуни ва эртаси ҳақида изтироб билан ўйлаётган,
одамларнинг нафсига қул, руҳи қашшоққа айланиб бораётганидан ташвишда
бўлган бугунги кун шоирини кўрасиз.


Бу дунё аталмиш ўйноқ қайиқда
Ким таловчи, кимдир эзгуликка кўрк.
Сени алқагувчи ётдан ҳайиқма,
Асли ичингдаги душманингдан қўрқ.


Икром Отамуроднинг “Истайман руҳ озодлигини” (29-сон) туркумида эса ана
шу изтироблар фалсафий рамзларга кўчади. Шоир дунё ва инсон норасолигидан
руҳнинг озодлигини танлайди.
Санобар Меҳмоннинг “Мени деб очилмиш бахтнинг чиройи”, (18-сон), Муҳайё
Рустам қизининг “Денгиз нафасига чайқа дилимни” (6-сон), Мансур Жумаевнинг
“Ватан – халқ юракка чизган харита” (36-сон), Ғайрат Мажиднинг “Фақат сўз
ўлмайди, мангу қолар сўз” (30-сон), Эркатош Шукурованинг “Юртим чашми
қароғим ўзинг” (34-сон), Яҳёхон Фаёзнинг “Олис бўлди мен кўзлаган манзиллар”
(5-сон) туркумларида ҳам замон ва руҳ изтироблари юракдаги денгиздай қалқиб
турибди.
Сайёра Самандарованинг “Ўзингни уйғотгил ўғлон” (35-сон) туркуми шундай
умид ва даъват билан тугайди:


Шуур уйғонмоқда, бунга шоҳидман,
Бўлсам, маърифатга қурбон, шаҳидман!
Бобом жадид эди, мен ҳам жадидман!
Жадидлар келяпти, жадидлар!


Мана сўзимиз бошидаги миллат руҳини юксалтира оладиган, бирлаштирадиган
фақат адабиёт, фақат шеърият деган манзилга қайтиб келдик.
Ичимдаги бир овоз ҳамон дунёнинг ранглари қоришиб кетишига, муроса
қилишга кўнмай савол беряпти. Саналган газета-журналлардаги ҳамма
шеърлар ҳам назмнинг юксак талабларига жавоб бермайди-ку? Шеър миллатни
бирлаштиришдек, инсонни поклашдек олий вазифани бажариши учун уни ким
ўқияпти, бир ҳовуч шоирлару шеъриятга ҳавасмандларми? Бу юрак зору оҳлари,
даъвату изтироблари, етиб бориши керак бўлганларга қандай етади? Ишонаманки
ичимдаги бу саволлар сизни ҳам кўнглингизда чарх уриб юрибди.
Шу боис биргаликда жавоб топишимиз учун айрим мулоҳазаларим бор.
Ҳа, саналган шеърий туркумлар ва шеърларнинг ҳаммаси ҳам мукаммал
эмас, бу табиий. Лекин шеърий дидимиз пасайгани ҳам бор гап. Мумтоз ва дунё
адабиётини ўқимай қўйганимиз, ёзганларимизни буюк сўз санъаткорлариники
билан чоғиштирмаслигимиз, уларнинг нигоҳини ҳис қилмаслигимиз, қофияланган
гапларни шеър деб ўйлашимиз, ҳамманики чиқяпти-ку деб ўзимизни-ўзимиз
юпатишга ўрганиб қолганимиз, ҳамма-ҳаммаси. Чоп этишда эса кимнидир
қўлламоқчи бўламиз, ёшини рағбатлантирмоқчи, кексасини юзидан ўтолмаймиз,
кейин навбатдагиси келади уники чиқди, нега маники чиқмади деб. Кўпчилигимиз
шеър ёзиш учун ёзамиз, ҳар йил ҳамма журналда, газетада чиқишим керак деб
ўйлаймииз, гўё орқада қолиб кетадигандай, бизни унутиб қўйишадигандай.
Тўхтамаслик учун нима қиламиз, бизда бир фикр бўлади, ё бир нарсани ўқиб, ё
ҳаётда кўриб фикр туғилади, гўё ўзимизникидай, гўё янгидай туйилади, аммо жони
йўқ ёки жўн фикр бўлади, уни жозибали қилиш учун, даъаватлар, насиҳатлар, ўзимиз
ҳам том маъносини билмайдиган сўзлар ёки сийқаси чиқиб кетган ўхшатишларни
зира қилиб сепиб хом-хатала таомимизни тақдим қиламиз. Баъзан ўйламаймиз
ва ҳатто билмаймизки бу фикр минг бора айтилган. Ҳурматли муҳаррирлар, биз
гўё яхшилик қиляпмиз деб бу таомни еймиз, яъни чоп этамиз. Савия ана шу ерда
кетади.
Иккинчи масала, ҳа ким ўқияпти, шоир шоирникиними, ҳатто туркумини,
китобини тўла ўқимасак ҳам ўқидик табриклайман деб қўйиш учунми? Бу муаммо
афсуски, мактаб ва университетларда адабиёт ўқитилишидан тортиб газета
журналларимизнинг тиражигача, шеърларни тарғиботигача боғлиқ. Лекин бу
муаммолар шеърни қадри, савияси, моҳиятини туширмаслигига ҳаракат қилайлик.
Одил Ҳотам деган гўзал шоиримиз бор эдилар, Зулфия аяни эслаганларида,
албатта Степан Шчипачёвнинг шу шеърини ёддан ўқирканлар:


Океан тўлқинидай гумбурлаб бирдан,
Зўр зални ларзага солишга қодир
Минглаб кучли қўлдан тошган қарсакдан
Ўзини бахтиёр ҳис қилар шоир.


Бизнинг бундай шаддод замонда, аммо,
Бу қувончнинг ўзи, зинҳор қилмас кор.
Агар кимдир, кейин, хилватда танҳо
Ўзи мисраларинг этмаса такрор.


«Шарқ юлдузи»журнали 2025-йил 5-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil