Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ковушим қумқайиқ, сочларим кумуш

Ибодат РАЖАБОВА – 1956 йилда туғилган. Самарқанд давлат педагогика
институтининг (ҳозирги СамДУ) филология ҳамда Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Осмондаги
фаришта”, “Бухорода ғужумлар гуллади”, “Бухорнур ёки етти пир”, “Қуш киприги”
номли китоблари нашр этилган.


* * *
Ёсуманга ёй отдим,
Қорайди қора Ботир.
Бу дунёда ёмонни
Бор, сен Худога топшир.


Сулаймоннинг узугин
Тубига тушдим ҳаққо.
Яна ҳамма сўфи-ю,
Мансурдан ўтмиш хато.


Соҳилларга урилдим,
Дарё суви бўлди шўр.
Дардимни билмоқ эрсанг,
Девдарадан ўтиб кўр.


Сен кетдингу мен кетдим,
Осмонга соқчи гадо!
Ортимга қайтай десам,
Кўприклар қилмиш хато.


Ёсуманга ёй отдим…


Наршаҳ қалъа деворига битик


Оёғингни ерга маҳкам бос,
Кўзларингни очгин каттароқ.
Сен бўлмасанг Наршаҳ қалъада
Эртагаёқ сўнади чароғ.

Қоматингни қуёшга кўрсат,
Дема: “Эртам моли ёсуман”.
Кечалари қалъага келиб,
Мен Сен билан тикка тураман.


Вобкентдарё, айтдим, сув берар,
Эрта чопон келтиргум, белбоғ.
Тиззаларинг йиртилган бўлса,
Қўл кафтимдан қиламан ямоқ.


Сен тан олма, мен ҳам билмайман,
У ким ўзи қумурсқа ўлим.
Бухорога девору дарё
Шоир керак, албатта, дўстим.
Сен тан олма…


* * *
Куйлаб-куйлаб кўнглимни топдим,
Руҳим базми қадим Зарафшон.
Тонг, лолалар қондоши бўлиб,
Гўрўғлига изладим макон.


Ватанимнинг сутлари серёғ
Қалъаларин девори қалин.
Болариси она бўлади,
Гулчангларга эргашган сайин.


Алпомишни зафар кўтарди,
Далатандир пиширди патир.
Майсаларин тинчитиб келдим:
“Энди қишдан олма хавотир!”


Танобимни қўшиқлар тортди,
Ва ўзимга келтирди чорлов.
Мақом айтсам, икки елкамда,
Куни билан гуллади олов!


Дунё кезиб, Сизгача келдим,
Хизр билан талашдик дийдор.
Киприкларим чилтор бўлгунча
Ўймоғимга зар солди ҳилол,
Кўйлаб, кўйлаб…


* * *
Мен ўзимга ўнгдан қарадим,
Ва такрорки, қарадим чапдан.
Менга саҳро сотиб олмоқ чун,
Балдоғини сотди Ойтуман.

Қулфлар қўлин кесдим қиличда,
Тўсиқларга “пуф” дедим, “Кет, Кет”.
Қўл кафтимда бош қўйиб ётсам,
Кунгабоқар бисоти – бир бет…


Харсангтошлар ёзди дастурхон,
Ниначилар қаноти сочиқ.
Тилла калит тилин ўргансам,
Пастдарғомнинг тўғони очиқ…


Сурат чиздим, тўрида ўзим,
Хатлар битдим, жавоб – замбарак…
Қоқишга қош йўқ, десам, кулиб,
Қарқарага айланди варрак.


Ёмғирларни сўрамай ютди,
Симоб бўлдим, мучалим чилтор.
Худо билан ҳисоблаб кўрсак,
Мен ўзимдан минг карра қарздор…


Отам қишлоғида…


Кузги буғдой илдизи узун,
Ғарамлардан туғилади ёғ.
Вассажуфтлар Доро бўлади,
Қалдирғочлар ота бўлган чоғ.


Тўрваларни тўлдирар уруғ,
Чорчаманни қитиқлар шамол.
Шоҳ бешикка номзод бўлади,
Афросиёб сийлаб кетган тол.


Ертандирни висолга чорлар,
Бисбирийнинг сеп-семиз дони.
Чимилдиққа хутба ўқийди,
Бобом қўйиб кетган чопони.


Отам тулпор миниб қуш бўлар,
Тарс ёрилар томчилар ичи.
Онам қўлин кафтига тушар,
От ёлидан тўкилган томчи.


Синглим сочи эртакдай узун,
Акамга кўз қисади қизлар.
Ҳар бир ҳовли файзин оширган,
Боғсўрилар дийдори гўзал.

Бурғулар нафаси фаришта


Кўнглимнинг чокини ямадим,
Сув билан сув ичдим тўлғониб.
Ёсуман шамолин михладим
Тарози ўнгида мен – ғолиб.


Қамишлар райҳонга эгачи,
Майсалар қўшинга қоровул.
Жўжалар каптарга айланиб,
Мен билан шоҳ бўлди мингта қул.


Тожимнинг чаппаси чиннигул,
Ўнгида ҳумонинг суврати.
Юртдевор пойидан ўпгандим,
Белида мингта от қуввати…


Сарахбор ишқимнинг жарчиси,
Бурғулар онаси фаришта.
Қанотли туялар туғилиб,
Қуёшни асради тишида.


Келажак кунларнинг тенгиман,
Китобим деворлар девори.
Шўх ҳутни уйғотиб қўймасам,
Тўкилар тоқ ойнинг оҳори..


* * *
Оқ тераклар йўл пойлар хомуш,
Чорминорнинг кўзларида нам.
Катта минор тумшуғи осиғ,
Уларни бир бориб кўрмасам.


Заргароннинг зари тўкилар,
Азонғалат Хожам Аъзам…
Долонларга кирмайди ҳаво,
Уларни бир бориб кўрмасам.


Пули ошиқон ошиқдан жудо,
Майса кўрмас саҳарлар шабнам.
Тимчаларга кирмас тиллақош,
Уларни бир бориб кўрмасам.


Хожа Ислом ҳаммоми хаста,
Гулбозорда нималардир кам.
Аркдан чиқмас ноғорахабар
Уларни бир бориб кўрмасам.

Тоғдаги ташландиқ қишлоқ манзаралари


Симёғочлар эрта қариган,
Юлғунзорни кесиб кетган қиш.
Хароб бўлган токзор оралаб,
Совуқ шамол бошлайди “юриш”.


Шоли ери ёрилган тарс-тарс,
Чаққон ариқ бошидан ботил.
Ертандирлар тушида энди,
Ёнбош бичак пишади ҳил-ҳил…


Отохурлар хаёли дайди…
Сувохурда дам олар шабнам.
Қовоқари солган инларни,
Аравага юклаган ғарам…


Жундан бўлган кигизлар парча,
Нонсаватлар кетилган ташлаб.
Эски масжид ғариб саҳнида,
Гўё дастхат қолдирган Машраб.


Қўй кўрадан фақат девор из,
Чаппа ётар тешилган челак.
Мазахўрак бўлган бўрилар,
Энди бунда келмаса керак!


Хутнинг биринчи ҳафтаси


Булутларнинг қовоғи осиғ,
Гулдуракни туғдирди шамол.
Ёмғир ёғиб майдурда бўлгач,
Майса уруғ бўлмади увол.


Шохаларда тизилди томчи,
Деразалар нафаси намчил.
Мўлиённинг тошган сувига,
Соч-соқолин хўб ювди Хизр.


Гулчорвоқни топди болари,
Хонқизининг холлари йирик.
Бойчиборлар ёл ёйган қирда,
Афросиёб ҳали ҳам тирик.


Чопиб кетди тоққа ҳавасим,
Минорага куёв чорминор.
Аҳмад Дониш салласин ечиб,
Ҳут рангида суради хаёл.

Гулчанглардан зувала қордим,
Оқ қандакка ошиқ камзулим.
Тўмариснинг қирқ бир сочига,
Минг шеъримни “Уч” деб боғладим.


Метанработ тушига кирмай,
Энди қишлоқ қайтсам ҳам бўлар.
Ҳандалакмас учар нақ ҳатда
Омбор мисол хуржуним тўлар.


Ковушим қумқайиқ


Бу дунё йилдан йил кўп қарир,
Камалак бўлмади дўл, ёмғир.
Кўнглимда бир дунё хавотир,
Мен Сизни кўришга бораман.


Эртаклар хуржуни ямоқий,
Машрабнинг кул бўлди тишининг оқи.
Қудуққа айланди бу кўнглим чоки,
Мен Сизни кўришга бораман.


Кафтимда чўғ тутиб исиндим,
Жийдазор хаёли – мунажжим.
Бу фалак калитин топмоқ-ку қийин,
Мен Сизни кўришга бораман.


Ёрилтош тош эмас бўлар мум,
Дарёга айланар Ҳавзи қулдурум.
Ғуссалар дурдаси – табассум,
Мен Сизни кўришга бораман.


Мансурким тушида кўрар туш,
Кипригин шам қилар мингта қуш.
Ковушим қумқайиқ, сочларим кумуш,
Мен Сизни кўришга бораман.


* * *
Саъдий мисол камзулим худранг,
Машрабдайин ковушим қайиқ.
Бобом уйин шифтида ухлар,
Урушларда чарчаган милтиқ.


Широқ шамшод бўлиб кечаси,
Шовуллади томим устида.
Туриб осмон йиртиғин тикдим,
Набирамнинг каму кўстига.

Сўқмоқ йўллар сочимга туташ,
Икки енгим илоҳий кўприк.
Олтин балиқ кўклардан тушиб,
Менга қараб сузаверди тик.

– Дўстим, деди бир куни дарвиш,
Пулинг борми, мен нурдан қарздор.
Хижолатнинг шаробин тортдим,

– Юрагимдан бўлак нимам бор!


Юсуф Ҳамадоний мактаби


Эшиклари учиб кетган қуш,
Томларида ўтлар ғизола.
Тарновига лабини қўйиб,
Шабнам йиғар сопол пиёла.


Деразаси шамол йўлаги,
Равоғида бўй чўзар райҳон.
Меҳробининг ҳавзакларидан,
Арш борлиғи бўлар намоён.


Китоблари ўзин ўқийди,
Жойнамози Тангри этаги.
Тасбиҳининг юлдуз санаши,
Сувохурмас кўнглимнинг таги…


Руҳлар олов ёқиб исинар,
Осмонқават яктагда мақом.
Бухоронинг ҳар бир гузари,
Ошиқликдан келтирар пайғом.


Дарсхонаси Зарафшонмижоз,
Остонаси илоҳий хилқат.
Қаламларин пўст ташлашидан,
Куйиб кетди минг битта иллат.


Ботир билан камоним битта


Шамол йиғлаб топган болангман,
Сархуш мезон оппоқ толангман.
Бурғу жангда чалган нолангман,
Исо билан хумдоним битта.


Йиллар мендан чиқиб чопган аҳд,
Ҳаққуш мени топиб олиб бахт.
Қишлоқ кўприк мен беҳушга тахт,
Лайли билан гулдоним битта.

“Ватан” десам гавҳар терлайди,
Гул гардини кулга бермайди.
Душман ҳақи ўлимхат, дайди
Ботир билан камоним битта.


Юрт борлиғи борлиғимда жо,
Чирмовиқи чирмашган маъво,
Серпушт бағри атои Худо,
Пирлар билан осмоним битта.


Нафас олсам боғлар семирар,
Зарафшонда сувлар ташир зар.
Оддий туғи Авлиё Ахтар,
Ҳурлар билан ризвоним битта.


Учиб кетсам қайтишим шарор,
Қуш тўқ юрса, мен ҳам бахтиёр.
Жуфт елкамда битта Ватан, бор
Султон билан туздоним битта.


Ота


Маҳсингизда шамол ухлайди,
Саллангизнинг қатида ялпиз.
Жойнамознинг уйқуси оғир
Қишлоқ борсам, ота, сиз йўқсиз.


Ҳовлитомим аҳволи оғир,
Ёққан ёмғир тушиб кетар, тиз…
“Бир чораси топиларми”, деб
Қишлоқ борсам, ота, сиз йўқсиз.


Кузак хазон чорловсиз, чаққон,
Ғарамларга қўшилди анғиз.
Ток кўмишга ёрдам берай, деб
Қишлоқ борсам, ота, сиз йўқсиз.


Уруғликка қолмабди буғдой,
Сопол кўза қайнатмас қимиз.
Яктагингиз укамга кетди,
Қишлоқ борсам, ота, сиз йўқсиз.


Оқ, қора ранг ўртасидаман,
Ғам, ташвишлар туғилар эгиз.
“Бир маслаҳат олай”, деб энди,
Қишлоқ борсам, ота, сиз йўқсиз.

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-йил 5-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil