Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

МЕНИНГ МУНАВВАРА СИНГЛИМ

Қутлибека РАҲИМБОЕВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
1952 йилда туғилган. Фарғона педагогика институтининг (Ҳозирги ФДУ) филология
факультетини тамомлаган. Шоиранинг “Юрагимда кўрганларим”, “Узун кундузлар”,
“Уйғониш фасли” номли шеърий, “Муҳаббат, сен чиройлисан” номли ҳикоялар тўпламлари
нашр этилган.


Нега мен уни шу пайтгача кўрмаган, танимаган эканман? Ахир, уни илк
кўрганимда чорак асрдан кўпроқ “Саодат” журналида ишлаб қўйган эдим. Хизмат
вазифам юзасидан юртимизнинг деярли барча шаҳру қишлоқларига борганман.
Республикада довруғли аёлларнинг кўпини таниб, суҳбатида бўлганман. Наҳот, шу
ёшида фақат ўзи туғилган Марҳаматдагина эмас, Ўзбекистонда анчагина машҳур
бўлган бу аёлнинг исмини бирор марта эшитмаган бўлсам? Ҳолбуки, Мунаввархон
ҳали турмушга чиқиб, Усмонова фамилиясини олмасидан аввал ўша пайтларда
“Ёш Ленинчи” деб аталадиган ёшлар газетасида чоп этилган долзарб мавзудаги
мақоласи туфайли катта давраларнинг назарига тушган эди…
Унинг “Диёнат қани?” деб аталган мақоласида самолётлар пахтазорлар устидан
ғўза баргларини тўкиш учун заҳарли дориларни сепиб ўтишаётгани, бу оғулар
шийпондаги тол беланчакларда улғаяётган гўдаклар ва далада пахта тераётган
аёлларнинг жигархасталикка чалинишига сабаб бўлаётгани, ҳатто бир сафар
самолётнинг йўли адашиб, заҳарли дори тўппа-тўғри болакайларнинг юзига
сочилгани ва чалқанча ётган гўдаккиналар нобуд бўлгани ҳақида сўз борар экан.
Бу ўз вақтида айтилган фикр, ўртага ташланган саволгина эмас, ўша замон учун
катта жасорат ҳам эди. Шоиранинг бу жасорати (албатта, бошқа жасоратлари ҳам
инобатга олинган бўлса керак) ўз даврининг нуфузли мукофоти бўлган ёшлар
мукофотига ҳам сазовор бўлибди. Аслида, ўша пайтда, яъни, шўронинг қиличи
қайралиб турган замонда халқ учун ҳимояга отланган одамнинг боши балога
қолиши тайин эди. Балки, шоирани шу балолардан муҳофаза қилиш учун ҳам
зудлик билан Ёшлар мукофотини бериб юборишгандир…
Матбуотда чоп этилган мақола республика танловида ғолиб деб топилгач,
салмоқлигина пул мукофоти берилган экан. Мунаввархон бу пулнинг бир сўмини
ҳам ишлатмай, Марҳамат туманидаги Меҳрибонлик уйига ўтказиб беради. Ўтказиб
берибгина қолмай, ўша ташкилотнинг ходимлари билан бирга дўконларга бориб,
болаларнинг ҳаммаларига кийим-кечак, хоналарига керакли буюмлар олиб беради.
Аслида, бу гапларни анча кейин эшитдим. Бу воқеани гапириб берган аёл ўша
пайтда вилоятда масъул вазифаларда ишлаган.
Менинг Мунаввара синглим– У вақтларда давлат қарамоғидаги етим болаларга ҳозиргидай эътибор йўқ
эди, – деган эди у. – Меҳрибонлик уйи ходимлари кўпинча ўз болаларининг эскирган
кийимларини олиб келиб, тарбияланувчиларга кийдирар эди. Мунаввархон олиб
келган либослар шундай кўз олдимда турибди: оппоқ, юмшоқ… Болалар кийишга
кўзлари қиймай, бағрига босиб ўтиришган. Тарбиячилар, ҳеч ким олиб қўймайди,
энди сизларники бу либослар, кийинглар, дегачгина бир-бирларига қараб,
ҳадиксирабгина кийишган…
Илк танишувда мен бу воқеалардан бехабар эдим. Ҳолбуки, у айнан мен фаолият
олиб борган, бораётган соҳада ишлаган, Марҳамат туманида оналик ва болаликни
муҳофаза қилиш йўналишига раҳбарлик қилган. Ҳатто “Эй, қалдирғоч” деб
номланган шеъри халқ оғзига тушган, Озодбек Назарбеков уни қўшиқ қилиб
куйлаган ҳам экан. Мен эса “Саодат” журналининг адабиёт бўлимида ишлаб
туриб ҳам, шугина ёшида шунча ҳайратомуз ишлар қилган аёл “Соғинч манзили”
деб номланган шеърий тўплами билан олдимга келса, танимабман. Унга, “Сизни
эшитмаган эканман”, дебман. Кейинчалик, у билан яқинлашиб кетганимиздан
сўнг, бу тарзда қарши олганимдан роса уялдим. Начора, поезд кетиб бўлган, унинг
назарида одамларга бепарво бир киши сувратида чизилиб қолган эдим.
Эртасидан Мунаввархон бизга ишга келди. Дастлаб бошқа хонада ўтириб иш
бошлади. Мен янги ходимимизнинг хонани тартибга солиб, гултуваклардаги
гулларнинг тупроғини янгилаб, қайта ўтқазиб юрганига кўзим тушди. Аммо
айтганимдай, ўз хаёлларим оламида яшаётганим учун, ортиқча эътибор қилмадим.
Ўша пайтлар ўғлим Нажот Сингапур менежментни ривожлантириш институтида
ўқиётган эди. Контрактини тўлаш учун бир неча газеталарга ҳафтада биттадан
ҳикоя тайёрлаб берардим. Улгуриш учун журнал, газета ишидан беш дақиқа вақтим
ортсаям, қоғозга энгашардим. Кимнингдир бир оғиз ортиқча гапи ҳам менга малол
келарди. Кунлар ўтиб, нима учундир Ойдин опам Мунаввархонни менинг хонамга
ўтказдилар. Бир-икки кун орасида бўлса керак, у столга чиройли дастурхон ёзиб, оқ
сочиқлар қўйиб, чой дамлаб, мени тушликка таклиф қилди. Аввалига, “Сиз бемалол
таомланаверинг, мен жуда тез овқатланиб, ишимга ўтираман”, деб таклифини
рад қилдим. Аммо сал ўтмай ўзимга ўзим одамгарчиликдан чиқиб кетаётгандай
бўлиб туюлдим ва ёнига ўтирдим. Суҳбатлаша бошладик. Мунаввархон дилбар
суҳбатдош эди. У ўзининг, бошқаларнинг бошидан кечирганларни шунақанги
қойиллатиб ҳикоя қилардики, мен – ҳар дақиқасини тиллога тенг биладиган она
унинг ҳикоялари дунёсига шўнғиб кетдим. Кўп ўтмай бу ҳикояларни эшитишга
“касал” бўлиб қолдим. Тушлик пайти келишини онамнинг қўнғироғини кутгандай
кутардим. Ўтиришимиз билан ҳангома бошланарди. Бу ҳикоялар бир тарафдан
мени Мунаввархонга боғлаб борарди, унинг, ўсган муҳити, ота-онаси, яқинлари
билан таништирарди; иккинчи тарафдан, айтганлари янги ҳикоялар ёзишим учун
туртки берарди. Ахир ҳар ҳафта тўрт-беш газетага ҳикоя ёзиш учун сюжетни
қаердан топади одам?..
Фурсати келганда, Мунаввархоннинг гурунгларидан сюжет олишим унга бир
неча бор муаммо туғдирганлигини ҳам айтиб ўтай. Бу воқеалар аслида, анча кейин
рўй берган, лекин бошқа ўрни бўладими, йўқми, билмайман.
Мунаввархон “Саодат”нинг руҳига тушиб, ишга астойдил киришиб кетган
пайтлар эди. Навбатдаги қаҳрамони билан суҳбатдан сўнг, унинг ҳаётидаги
фожиали бир нуқтани ичи ачишиб гапириб берди. Чунки кимнингдир ҳаётидаги
оғриқли воқеаларни Мунаввархон эшитиб, ёнидан ўтказиб юборолмасди. Анча
пайтгача таъсирида юрарди. Шу сабабли ўша қаҳрамонининг ҳаётидаги оғриқли
воқеаларга суҳбатларимиз давомида бир-икки бор қайтилган бўлса керак,
ҳамхонамдан эшитганларим яхши бир ҳикояга айланиб, қўлимга қалам тутқазди.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, сариқ матбуотга тегишли газеталарнинг бирида асар
бўлиб чоп этилди. Эртасига Мунаввархон ранжиганнамо овозда:– Опа, фалончининг оиласи билан боғлиқ воқеани ҳикоянгизга киритиб
юборганмидингиз? – деб сўради.
Табиийки, тонмадим. Бунинг иложи ҳам йўқ эди.– Менга ўша санъаткорнинг яқин бир дўсти қўнғироқ қилди. “Дўстим бу оилавий
сирини ўзидан ҳам яшириб юрарди. Нима бўлибди-ю, сиз билан суҳбатда тили
ечилиб, айтиб юборибди. Мен бу ҳикояни ёзган аёлни танийман, сиз билан бир
хонада ўтиради, демак, унга сиз айтгансиз. Ҳали-ку, дўстим ўқимади, ўқиса, роса
эзилади…” деб менга таъна қилди. Эшитганингизни дарров ёзмасангиз бўларкан, –
деди Мунаввархон.
Мен айбимни ювиш учун, “Айтиб бермадим, ўша дўстингиз билан
суҳбатлашаётганимизда (у санъаткор таҳририятимизга келган, улар суҳбатлаш
ганда мен ёнларидаги хонада ишлаб ўтиргандим) гапларини эшитиб олиб, ҳикоя
қилиб юборибди, дея қолинг”, дедим.– Йўқ, ҳеч қачон айтган гапимдан тонмайман. Фақат бундан сўнг маслаҳатлашиб
ёзсак бўларкан, – деди у. Шундан сўнг ҳамхонам менга ҳикояга сюжет бўладиган
воқеаларни гапираётиб, баъзиларига келганда, “Опа, фақат ёзиб юборманг”, дея
кулиб қўярди.
Хуллас, “Саодат” журналида битта хонада ўтириб ишлаб эту тирноқ бўлиб
кетдик. Мунаввархон ҳақида гап кетганда ўша дамлари битта таърифни кўп айтар
эдим: “Бировга бекордан бекор тегмайди, ўзига ҳам тегдирмайди”. Дарҳақиқат, у
ҳамманинг ҳурматини жойига қўярди. Ўзаро суҳбатларда қувноқ, суҳбати жонон
аёл сифатида таассурот қолдирарди. Таҳририятимизга танишми, нотанишми
меҳмон келса, қанақа зарур иши бўлмасин, келган жойида тўхтатиб, чой дамлар,
келгувчига бир пиёла чой тутарди. Аммо унинг одамгарчилиги маълум чегарагача.
Ўзигами, бошқагами қилинган ноҳақликни сезган заҳоти ҳавоси ўзгарарди…
Бир-икки воқеалар сабаб, “Саодат”дан кетди. Шунча қол, деб йўлига кўндаланг
бўлдим, кўнмади. Аммо гина сақламади. Ўзи айтганидек, унинг арази уч кун. Кейин
ўзини тафтиш қилишга тушиб, Худойимнинг кечиримлиларни хуш кўриши эсига
келади-да, дилини ранжитган инсон билан борди-келдини давом эттираверади. Бир
шеърида шундай сатрлар ҳам бор:
Энди илий бошлади кўнглим,
Биллур тусга кирди қалб гўё.
Мендан минг йил нарида ўлим,
Борлиги чин, бошқаси рўё.
Бўлмасайди дарду ғам, бало,
Мискину шод яшасам қани.
Кўрсатмасдим ҳеч кимга, асло,
Қалб тубига чўккан лойқани.

У Ёзувчилар уюшмасида иш бошлаган пайтларида ҳам, “Саодат” билан қалбан
бирга эканини ҳис этдик. Айниқса, Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиеванинг
етмиш йиллик юбилейларини нишонлаш пайтида уюшма вакили сифатида
Мунаввархон роса жонбозлик кўрсатди. Айниқса, Навоий вилоятида ўтадиган
асосий тантаналарнинг баланд даражада ўтиши учун астойдил ҳаракат қилди.
Бу тантаналар вилоятда “Умид ниҳоллари” фестивали ўтадиган кунларига тўғри
келиб қолгани учун, раҳбарларнинг кўпи ҳукумат назарида турган шу фестиваль
ишига жалб қилинган, меҳмонхоналар, санъаткорлар ҳам банд пайти экан. Аммо
Мунаввархон ўз имкониятларини ишга солиб, тантаналарни опанинг кўнгли
тўладиган даражада ўтказишга эришди.
Ойдин Хожиева билан шоиранинг ўзи туғилиб ўсган Қизилтепа туманидаги
санъат саройида бўлиб ўтадиган анжуман олдидан жараённи назорат қилиш учун
тонгда йўлга тушдик. Биз саройга етиб борганимизда ҳамма нарса тахт, саҳнага
қўйилган атиргуллар ифори кўнгилларни яшнатиб юборарди. Мунаввархон ёнимга
келганда қўлининг бир-икки жойи тилиниб, қон сизиб турганини кўрдим. – Боғлаб олай десам, ҳамманинг кўзи тушади, бошқалар билмасин, опа.
Майдон тўла турли атиргуллар очилиб ётибди, лекин саҳнага беш-олтита шар илиб
қўйишибди, холос. Нега гул қўймадингиз десам, ҳокимлик гулга пул ажратгани
йўқ, дейди бир ходим. Қайчи топиб, турли гуллардан кесиб, саҳнадаги сунъий
гуллар ўрнига қадаб чиқдим. Чиройли бўлибдими? – деди жилмайиб.
Ижодий учрашувлар якунланган куни вилоят ҳокими Ойдин опамни
табриклагани келди. Вақти ниҳоятда тиғизлиги сезилиб турарди. Аммо ўша тиғиз
вақт оралиғида Мунаввархон ҳокимга Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилояти бўлими
раҳбари вилоят марказига жуда узоқдан қийналиб қатнаши, шаҳардан уй олай деса
молиявий имкони йўқлигини айтиб, унинг уй олишига ёрдам беришини сўради.
Нафосат исмли ногирон ижодкор қизнинг юраги хаста экани, даво топиши учун
операция зарурлигини ҳам айтишга улгурди. Баъзилар қилган яхшиликларини
қаерга борса айтиб, мақтаниб юради. Мунаввархон эса, “Яхшилик қилу дарёга
ташла, балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар” тарзида яшайдиганлардан. Ўша
куни ҳокимдан сўраганлари ижобий ҳал бўлганини ҳам мен кейинроқ, тасодифан
билдим.
Йиллар баробарида “Саодат” журналида анча ўзгаришлар бўлди. Ойдин
опам 2014 йил ниҳоясида ўн саккиз йиллик иш фаолиятидан сўнг нафақага
чиқдилар. Кейинги бир йил давомида журнални Бош муҳарриримизга кўп
йиллар ўринбосарлик қилган Маҳмуда Саъдуллаева бошқарди. 2015 йилда эса
журналимизга болалар нашри бўлган “Тонг юлдузи”да Бош муҳаррирлик қилган
Ферузахон Жалилова раҳбар бўлди. Боладай беғубор қалб эгаси Ферузахон
“Саодат”га 2018 йил май ойигача бош бўлдилар. Тақдир, насиба экан, шу йили
май ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул лавозимда фаолият олиб
бораётган Мунаввара Усмонова журналга Бош муҳаррир лавозимига тайинланди.
Деярли барча босма нашрлар каби ўша пайтлари “Саодат” ҳам қийин кунларни
бошидан кечираётган эди. Чунки жамиятда обуна борасида “Эркинлик”,
“Ихтиёрийлик” деган гаплар айланиб қолган, шунга монанд газета, журналларнинг
обунаси ниҳоятда пасайиб кетганди. Бир нарса десанг, “Обуна мажбурий эмас”,
деб оғзингга уришарди. Яратган Эгам бу дунёсида ҳар бандага кўтара оладиган
даражада юк беради, деган гап бор-ку. Мунаввархон иш бошлаганда май сони
нашрга тайёрланаётган эди. “Шарқ” нашриёт матбаа уйи билан кўп йиллардан
буён ҳамкорлик қилиб келаётганимиз учун, ўшанда журналнинг тўртта сонини
қарзга босиб берган экан. Босмахона қарзларидан ташқари, хоналар ижараси,
солиқ, яна нималардандир анча қарзимиз бор экан. Мен ҳамиша ижодий ишлар
билан шуғулланганим учун ҳисоб-китоб масалалари билан ҳеч қачон ишим
бўлмаган. Мунаввархон бунча қарздорликни эшитиб сиқилган бўлса керак, албатта.
Лекин жамоага билдирмади. Биринчи йиғилишдаёқ қарз, қийинчиликлар ҳақида
ортиқча гапириб ўтирмади, шунчаки гап орасида қисқагина маълумот бериб,
“Қарздорлик масаласи раҳбариятнинг муаммоси, буни ўзимиз ҳал қиламиз, –
деди. – Сизларнинг вазифангиз журнални сифатли, бугунги талабларга мос ҳолда
тайёрлаш, кўнглингизни бўлмай ишлайверинглар”.
Мунаввархон иш бошлаган дастлабки кунларданоқ “Журнални опичлаб
бугунгача олиб келган икки халқ шоираси бетоб эмиш”, деб қолдилар. Бу пайтда
Ойдин опамнинг саломатлигида муаммо бўлиб, уйларида хасталаниб ётган
эдилар. Жамоа билан бордик. Ойдин опам гулни яхши кўрардилар. Учрашувларга
борганимизда бошқа ҳадяларга беэътибор бўлсалар-да, берилган гулларни жуда
авайлардилар. Кетишимизда бирор гулдаста кўринмай қолса, “Ҳалиги гулим
қани?” деб сўрардилар. Воажаб, Мунаввархон ҳам гулпараст. Шунинг учун устоз
ҳузурига катта гулдаста билан борди. Бошлаётган фаолияти учун дуо олди. Кейинги
кунларда ҳам биз Ойдин опамни тез-тез йўқлаб турдик.
Ўшанда Ойдин опамнинг уйидан чиқиб, Мунаввархон бизни Ҳалима опамнинг
ҳузурига бошладилар. Ҳалима опам ҳам шифохонада экан. Кирганимизда бироз
ҳолсиздай туюлган эди, суҳбат давомида очилиб кетдилар. Роса узоқ ўтирдик. Ихлос
билан дуо қилдилар. Бир қучоқ оқ атиргулларни бағрига босиб, “Бу гулларда ўзгача
ифор бор эканми”, дея қувониб ўтирганлари ҳамон кўз олдимда. Мунаввархоннинг
икки устозга атаб марғилондан хонатлас келтиргани, бир хил гулдаста билан
кириб борганида устоз-шогирдликка қаттиқ эътиқод қилган ўзбекларга хос ибрат
кўрганман.
Шундан сўнг рукнларни янгилаш, дизайнини ўзгартириш ишларига боши билан
шўнғиб кетди. Тўғриси, қирқ йилга яқин шу нашрда ишлаганим учун бир маромда
меҳнат қиладиган бўлиб қолгандим. Ёш пайтларимдагидек ўзимни ўтга, чўғга
уравермасдим. Раҳбарга нима маъқул бўлса, муаллифларга буюртма қилардим,
келган мақолаларни таҳрир қилардим. Маошимни ҳалоллаб олардиму, лекин
ўзимни “новатор” ходимлардан деб, ҳисобламасдим. Боз устига ўша пайтлари
ўғлимнинг дарди билан паришон эдим. Шунда ҳам ишимга хиёнат қилмасликка,
юкимни бировга ташлаб қўймасликка ҳаракат қилардим.
Юқорида айтганимдай, бешинчи сонга ҳозирлик кўраётган эдик. Муқовалар
дизайни Бош муҳарриримизга маъқул келмади. Муқовага янги расмлар қилдирди,
дизайнернинг ёнида ўтириб ишлади. Лекин барибир кўнгли тўлмади. Бошқа бир
нашрнинг тажрибали дизайнерига ёнидан пул бериб, муқовани дизайн қилдирди.
Эҳтимол, бу битикларни ўқиётган ўқувчи, “Нима бўпти, янги келган бошлиқ ўзини
кўрсатишга ҳаракат қилади-да”, дейиши мумкин. Лекин аксарият раҳбарлар бундай
пайтларда бошқалар ҳисобидан ўзини кўрсатади. Беришга эмас, олишга кўпроқ куч
беради. Мунаввархон эса таҳририятга келган куниданоқ журнал камини ўз ёнидан
тўлдириб келаётганди.
Журнални чоп этишдаги мураккабликлар бир тараф бўлса, таҳририят учун
жой муаммоси бир тараф бўлди. У келганида эски хоналарда ўтирардик. Ижара
пули арзонроқ бўлгани учун кўримсизгина хоналар танланган эди. Бош муҳаррир
келиши билан хоналаримиздаги жиҳозларни янгилади, оқлаб, кўклатди. Табиийки,
бу ишларнинг харажатига таҳририят ҳисобида маблағ йўқ эди. Мунаввархоннинг
турмуш ўртоғининг қурилиш фирмаси борлиги учун, уларнинг ёрдами билан
амалга оширилди бу ўзгаришлар. Сал ўтмай, бинонинг янги хўжайинлари бизни
бир амаллаб ўтирган жойимиздан ҳам бадарға қилишди.
Бизга ажратилган навбатдаги хоналар аввал омборхона бўлган экан, баъзи
хоналарнинг эшик, деразаларини аввалги эгалари кўчириб кетибди. Эшик, дераза
ўринлари бойўғлининг кўзларидек ўшшайиб турарди. Бош муҳаррир яна бел
боғлади. Ҳеч кимимиздан бир сўм пул олмади. Уста туширди. Икки ҳафтада уч хона
келинчакнинг уйидай ясатилди. Ёлғон бўлмасин, усталарга бир-икки марта ош
овқат қилдик. Ундаям, “Иложларинг борми, рўзғорларингга малол келмайдими?”
деб қайта-қайта сўраган эди. Таъмирлаш яна турмуш ўртоғи Тўлқинжон ҳисобидан
бўлди, эшикларни ўғиллари Элёрбек жўнатди. Орадан йил ўтмай, бу ердан ҳам
кўчишга тўғри келди. Таҳририятда асосан аёллар ишлаймиз, мардикор бозоридан
мардикор ёллаш, машина ташкил қилиш – буларнинг ҳаммасига Бош муҳаррир
ва эри балогардон бўлган ўшанда. Ҳозирги жойимизга келгач, жой масаласидан
хотиржам тортдик. Чиройли хоналарда яйраб ишлаяпмиз. Аммо булар ҳам
осмондан тушмаган. Бош муҳаррирнинг мутасадди ташкилотлар олдида обрўси
борлиги, қолаверса, журнални тиклаб қўйгани учун эришиб ўтирибмиз ҳозирги
қулайликларга.
У ўзи учун ҳеч қачон бировнинг эшигини тақиллатмайди. Аммо жамоа учун,
ҳатто, жамоанинг ҳар бир аъзоси учун ёрдам керак пайтда эшик қоқади. Унинг учун
журнал ва ходимларнинг шаъни, яшаш, иш шароитини яхшилаш ҳамиша катта
аҳамиятга эга бўлган. Ва ҳозир ҳам шундай. Минг битта каналлардан одамларга
ахборот оқимлари оқиб келиб ётган замонларда журнални асраб қолиш, яшаб
қолишини таъминлашни шунчаки иш эмас, бурч билди ва ҳануз шундай давом
этяпти. Дарвоқе, бу лавозимга тайинланмасидан аввал Мунаввархон бир ғаройиб
туш кўрган. Авваллари ҳам у бундай ҳикматли тушлар кўриб турарди. Эмишки,
“Саодат” га қарийб ўттиз йилдан зиёд Бош муҳаррирлик қилган устоз Зулфияхоним
билан дала жойда бирга кезиб юрганмиш. Кейин бир катта тол тагига қўйилган
сўрига ўтиришибди. Пойабзали, оёқларига билинар-билинмас лой илашганини
кўрган Мунаввархон, “Устоз шоира бундай ўтирса бўлмас”, деб идишда иссиқ сув
қилиб, опанинг олдиларига бориб, чўкка тушибди. Опанинг нозик оёқларига лойни
муносиб кўрмагани учун, авайлаб ювибди. Устознинг нигоҳларида миннатдорлик
ифодаси бор эмиш. Кейин у атлас кўйлаги ёқасига қадалган тилла тўғноғични
Мунаввархоннинг ёқасига қадаб қўйибди…
“Саодат”даги кейинги фаолияти билан у бу тушини ўнгга айлантирди, десам
заррача муболаға бўлмайди. Ахир йиллар давомида Зулфияхонимнинг исми
“Саодат” билан бирга тилга олинган-ку. Кейинги йиллардаги журналда учраётган
мураккабликлар опа руҳини безовта қилган ва бу ҳолат тушда шундай аксланган
бўлиши мумкин.
Мунаввархон сабр, шукроналик билан олтмиш ёшга кирди. “Саодат” журнали
юз ёшга кирганида, Бош муҳаррир олтмиш ёшга кирди.– Мен юбилей қилмайман, битта одам тўрда ўтириб олиб, атрофидагилар тинмай
мақтайди… Менга бу ҳолат унчалик ёқмайди, – деди Мунаввархон йил бошиданоқ.
Ўтган йиллари катта маош бериладиган нуфузли лавозимларга таклиф қилишди.
Ҳаммасини рад қилди. Нега? Журналимизнинг юз йиллиги деб. “Бир нашрнинг юз
йил яшаши осонми?” дерди у…
…Хотираму бугунимда Мунаввархон билан боғлиқ воқеалар шу қадар
кўп эканки, бирини ёзсам, бири қолиб кетадигандек. Йўқ, қолиб кетмайди.
Айниқса, одамзотнинг одамларга қилган яхшиликлари унутилмайди. Ахир,
ҳазрат Навоийнинг олти аср наридаги ўз хазинаси ҳисобидан фақирларнинг
фарзандларини мадрасаларда ўқитгани ҳақидаги маълумотлар бизгача етиб келган
ку. Нодирабегимнинг саройга истеъдодли қизларни жамлагани, яқин ўтмишда
устоз Зулфияхонимнинг иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаб, катта майдонларга
йўллагани… Демак, шоира синглимнинг ибратли ишлари ҳам яна кўп битиклар
учун мавзу беради.
Шу ишонч билан ҳозирча ёзмишларимни тўхтатар эканман, Мунаввархон, сизга
умр вафо қилсин, дейман. Умр вафо қилса, бас, сиз ўткир қаламингиз билан ҳам,
муҳаббат тўла қалбингиз, ноҳалоллик, сохталик, қўрқоқлик аталмиш иллатлардан
йироқ фитратингиз билан шу яхшилардан ёдгор юртимизга, меҳнаткаш, соддадил
халқимизга яна кўп ва хўп хизмат қиласиз…

«Шарқ юлдузи» журнали 2025-й 4-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil